Муҳаммадали Қўшмоқов. Катта шоир йўли (1989)

Катта шоирларнинг йўли — достоним,
Байтларини мен ўзимдан бойладим.
Жуманбулбул ўғли

Эргаш Жуманбулбул ўғли: «Яхши шоир элни йиғар, тарқатмас», деган эътиқод билан ижод қилган халқ шоири эди. У «Ойсулув», «Якка Аҳмад», «Кунтуғмиш», «Далли», «Равшан», «Хушкелди», «Қундуз билан Юлдуз», «Холдорхон», «Алибек билан Болибек», «Қиз Жипек» каби анъанавий достонларни юксак маҳорат билан айтган, «Ўртоқ Ленин», «Таржимаи ҳол» сингари индивидуал достонларни яратган. Унинг достон ва термалари «Булбул тароналари» беш жилдлигида, «Песни Бульбуля» уч жилдлигида (рус тилида) нашр этилган. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Эргаш шоир наинки ўзбек достончилиги осмонидаги юксак ва ёруғ юлдузлардан биридир. Унинг ижодий сиймосини қардош халқларнинг энг истеъдодли халқ достончилари билан қиёсий ўрганиш фольклоршунослигимиз кун тартибидан ўрин олиши зарур бўлган илмий масалалардан биридир, деб ўйлаймиз.

Муайян фольклор асари тақдирида маълум халқ шоири тутган мавқени теран ўрганиш, унинг ижодий истеъдоди, ижодий қиёфасини илмий кўрсатиб бериш жуда қийин: достончининг бадиҳаси, ижодий талқини анъанавий асарга тамомила сингиб кетади.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг бадиий маҳорати ҳам ўзи мансуб Қўрғон достончилик мактаби барқарор анъаналари ижодий талаби таъсирида, ўз табиий истеъдодининг муайян эстетик мақсад асосида тараққий топиши натижасида рўёбга чиққан. Бу ижодий салоҳият сарчашмалари — фольклор ва классик шеъриятдир.

Эргаш Жуманбулбул ўғли достон қориси эмас, балки асл халқ шоиридир. У анъанавий достонлар қаҳрамонларини ҳамиша эпик ғоявий мақсадга мувофиқ тарзда тасвирлайди: анъанавий қаҳрамонларга онгли муносабатда бўлади. Унинг достончилар, достон айтиш санъати ҳақидаги фикрлари ҳам шу онгли  муносабатнинг зуҳуридир.

Қўрғон мактаби анъаналарининг мустаҳкам ва барқарорлиги достончилар истеъдоди, маҳорати ёрқин мужассам топишига имкон яратарди. Шоир анъанани қанчалик яхши эгалласа, анъанавий достонни шунчалик маҳорат билан куйлаш ва асарни мукаммаллаштирадиган, яъни мантиқий ва табиий бадиҳа этиш имкониятига эга бўлар эди. Достончилар оғзаки асар фабуласини ҳам анъана сифатида қабул қилар эдилар. Фабула анъанавийлиги характерлар мантиқи, воқеалар оқими, қаҳрамонлар хатти-ҳаракатлари етарли даражада уйғунлашиб улгурганининг самараси сифатида юзага келади. Бу ҳолда Эргаш Жуманбулбул ўғли даражасидаги юксак маҳоратга эришиш, куйлаётган достони бадииятини янада ошириш эвазига ҳам асар ғояси тингловчи онгига ўнғайроқ ва теранроқ етиб боришини таъминлайди, ҳам ўзига хос бадиҳа қобилиятини намоён қилади.

Эргаш Жуманбулбул ўғли фольклор ва классик шеърият чегараларини бир-бирига яқинлаштиради, тўғрироғи, фольклор анъанавий асарларини пироварди бадиий адабиёт намуналарига айланиб кетадиган тараққиёт йўлига солади. Ваҳоланки, биз бундай тенденцияни Қўрғон мактабининг яна бир улуғ вакили —Пўлкан шоир ижодида кўрмаймиз. Анъанавий ўринларнинг янгича — бадиҳавий талқинини бериш, эпик қаҳрамонларни, жумладан, Равшан образини индивидуаллаштиришга интилиш бутун ўзбек достончнлиги микёсида Эргаш Жуманбулбул ўғлигагина хосдир.

Бежиз эмаски, Эргаш шоир ўз умрини достончилик йўлида тиккан киши эди. Унинг шахси ҳам буни тасдиқлаб турар эди. Буюк достончини кўрган-билган кишиларнинг ҳикоя қилишларича, достонлар ва бадиҳалар Эргаш шоир умрининг файзи эди: у ҳамиша шеър билан сўйлар, болаларни кўрса, жуммоқ қуяр (топишмоқ тўқир), ҳаёт ҳодисаларига ҳамиша шеърий муносабат билдирар эди. Унинг ранг-баранг мавзулардаги гўзал термалари ва туюқлари бу фикрни тасдиқлаб туради. Ҳофизасидаги анъанавий достонларнинг кўпини ва ўз достонлари, термаларининг аксариятини ўз қўли билан ёзиб топширгани ҳам Эргаш Жуманбулбул ўғли фольклор ва бадиий адабиёт халқ тақдирида тутган мавқени тўғри тушуниб етганини билдиради.

Эргаш шоирнинг яшашдан мақсади шеъриятга хизмат қилиш эди. У умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам Қўрғон достончилик мактаби тақдири ҳақида ўйлади, бошида ўтирган невараси Абдуғанига қараб: «Сен шоир бўлмадинг. Лекин шоирлик бахт қушига ўхшайди. Муносиб одам топилгунча, қўнмай учиб юраверади. У сенинг авлодларингдан бировининг бошига қўнса, ажаб эмас», — дейди ва жони узилади…

Шоирнинг ижтимоий онглилиги, дунёқараши, бадиий сўзнинг чинакам аҳамиятини тушуниши ва бутун истеъдодини ўз гоявийбадиий эътиқодини амалга оширишга сафарбао этиши — унинг ижодий ўзига хослиги, бадиҳа кучи рўёбини таъминлайдиган омиллар сирасига киради.

Қўрғон мактабига мансуб шоирлар асрлар давомида анъанавий достонларга замона руҳини сингдириб келдилар. Бу тингловчилар меҳри ва ҳусни таважжуҳини қозонишнинг шартларидан бири эди. Шу тариқа, — анъанавий достонлар фабуласи, характерлари мантиқи нисбатан турғун бўлса-да, — уларнинг руҳи янгиланар эди.

Халқ шоирлари бадиий тафаккурининг эпик воқеликка муносабатида фарқлар бор, албатта. Чунончи, анъанавий эпизодларни ишлашда Эргаш шоир билан Пўлкан шоирнинг бадиий тафаккури ўзига хос тарзда намоён бўлади. Бир мактабга мансуб бу икки улуғ халқ шоирининг асосий фарқи фақат уларнинг бадиҳагўйлиги даражасидами? Йўқ, мазкур бадиҳагўйликни йўлга солган омилларни хаёлдан соқит этмаслик зарур. Ана шулардан бири шоир тасаввуридир. «Инсон фикри, — деб ёзган эди К. Федин, — худди тасаввур воқеликсиз бесамар бўлгани каби, тасаввурсиз бесамардир». Дарҳақиқат, бой тасаввурли шоир бадиҳаси муайян асар, муайян образни теранлаштиради, унга жозиба бағишлайди. Табиийки, бадиҳани ҳам анъанадан ажратиб олган ҳолда ўрганиб бўлмайди. Чунончи, фарғоналик Усмон бахши Мамат ўғлининг «Бўтакўз» достони, — қаҳрамонларининг анъанавий монологларини истисно этганда, — ҳикояга яқинлашиб келади. Гўрўғли, Аваз образлари талқини ҳам суст паришон; Эргаш шоир, Пўлкан шоир тасвиридаги каби шавкати, жозибаси йўқ. Бунинг сабаби, бахши қобилиятидан ташқари, достончилик муҳитининг кучли эмаслигида ҳам дейиш мумкин. Шунинг учун достончи бадиҳагўйлиги анъанавий талқин интизомига бўйсунмайди. Тўй, улоқ манзаралари, Авазхоннинг бу ерда ўзини тутиши эпик турмушдан кўра достончи ўзи яшаб турган турмушга яқин. Авазхон бир ўринда: «Сени бу қилган базми жамшид, ўйин-кулгинг мен учун бўлса ҳам, кўзимга кўринмади. Мен икки кўзимни юмсам, икки боламни кўриб турибман», дейди Хунхорга. Достончи қалин ҳақидаги гапларни ҳам қўшади. Асарга Фарғонага хос ҳазил-мутойиба, аския сингдирилган. «Бўтакўз» охиридаги Холдонанинг қилиғи ва қўшиғи юморга тўла, ажойиб. Лекин булар бахшининг ўз эпик фокусини йўқотган назари тушган манзаралардир, улар достон демократик рангини қуюқлаштирмайди. Эргаш шоир, Пўлкан шоирчинг шеърий қудратининг сири — яна шу анъанада, Антей каби анъана заминидан қудрат олиб турганларидадир.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг совет даври ижоди ҳар қандай санъаткор орзу қиладиган даражада шарафлидир. У халқ достончилигининг улуғ намояндаси эди, революциядан кейин Ленин ва Улуғ Октябрни куйлаган совет шоирларининг пешталқинларидан бирига айланди. Анъанавий достонлар поэтикасига хос бадиий воситалар таъсирига тушиб қолмай, ўз йўли, ўз поэтикасини ярата олди. Халқ достончилиги анъаналарига суянганда эса, ўз ижодий индивидуаллигининг бутун жозибасини намоён қила олди. Унинг бадиий тафаккури замонавий фазилатлар касб этди.

Бинобарин, социалистик воқеликнинг бевосита ижобий таъсири билан халқ ижодкорлари, жумладан, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг дунёқарашида, воқеликка бадиий муносабатида, бадиий образлар оламида, истеъдодининг моҳиятида мутлақ янги сифат ўзгаришлари рўй берди. Дарҳақиқат, анъанавий достон материали устидан халқ шоирининг бадиий ҳукмронлиги ўса борган сари бадиҳа — импровизация моҳиятан мураккаблашади ва теранлашади, энди кутилмаган бадиҳавий ҳодисадан фольклорнинг бадиий қонуниятларидан бирига айланади, фольклорнинг ижтимоий табиати, унинг халқчиллиги проблемаси, фольклорни халқ маданияти тури сифатида ўрганиш масаласи, фольклорнинг бадиий методи, фольклорга хос коллектив ижодий жараён, анъанавий-типик ва ижобий индивидуаллик каби масалаларни импровизациядан айрим ҳолда ўрганиш мумкин эмаслигини кўрсатади. Импровизация — жонли, бой эпик традициялар муҳитида — халқ достонлари учун фольклорнинг ижтимоий табиатини намоён қилувчи, унга хос коллективлик ва индивидуал бошланғич диалектик узвийлигини таъминловчи бадиий қонуниятдир.

Импровизация анъанавий достоннинг фабуласи, сюжетига хос бадиий имкониятларнинг ижродан-ижрога тўла очилишига, социал ҳаёт талаблари асосида фабула ва сюжет тадрижий тарзда ривожланишига хизмат қилади; таъкидлаш мумкинки, эпик анъана шароитида генеалогик туркумлилик шу тариқа шаклланди ва «Гўрўғли» туркум достонлари мисолида ўзининг камолот боскичига кўтарилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли сирасидаги талантли халқ шоирлари ҳофизасидаги анъанавий достонларда «Гўрўғли»га хос генеалогик туркумлиликнинг ана шу камолот босқичи мужассамлашган; бежиз эмаски, биз уларнинг таҳлилларида импровизацияни бадиий ва адабий аҳамиятга молик» (М. К. Азадовский) фольклор намуналари яратилиши учун имконият ҳосил қилган бадиий қонуниятлардан бири сифатида учратамиз.

Улуғ Октябрь социалистик революцияси фольклорнинг ҳам ғоявий-бадиий, ижтимоий таъсир миқёсини мисли кўрилмаган даражада кенгайтириб юборди. Чунончи, асрлар давомида халқ хаёлида, кўнглида яшаб, тобора бойиб келаётган достонлар, эртаклар, куйлар, сюжетлар, мотивлар ўзбек миллий маданияти учун мутлақ янги бўлган жанрлар воситасида бадиий оламнинг юксак бир босқичига кўтарилди; дастлабки опера ва балет, музикали драма асарларининг адабий, мусиқавий ва рақс асослари фольклор материаллари заминида яратилгани улар мазкур миллий маданият заминига табиий равишда томир ёйишига сабаб бўлди. Шу тариқа асрлар мероси ва социалистик жамият маънавий-бадиий синтези ҳосил бўлди, бу синтез ўзбек совет миллий маданияти Бутуниттифоқ ва жаҳон маданияти даражасида тараққий этишига хизмат қилди.

Фольклор адабиётни, санъатни озиқлантириши мумкин, лекин унинг ўрнини босолмайди. Адабиёт ва санъат фольклорга нисбатан тамомила янги, мустақил сифат босқичидирки, буни ҳамиша ёдда тутган маъқул.

Шу билан бирга социалистик ҳаёт фольклор намояндаси гражданлик салоҳиятини янгича, актив ижтимоий мазмун билан бойитди. Бу ҳаётий омил натижасида Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Ислом Назар ўғли, Абдулла Нурали ўғли каби халқ шоирлари индивидуал ижоди барқ уриб яшнади. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг «Ўртоқ Ленин» достони инқилобий муҳит ижтимоий буюртмаси самараси ўлароқ юзага келди ва фольклор — адабиёт синтезини ҳосил қилган ғоявий-бадиий омилларни ўзида тўла-тўкис мужассам этди. Биз ҳамиша В. И. Лениннинг ўтмишдаги ҳар бир миллий маданиятдан фақат унинг демократик ва социалистик элементларини олиш кераклиги ҳақидаги васиятини эсда тутамиз. Эргаш Жуманбулбул ўғлининг «Ўртоқ Ленин» достонида ёрқин намоён бўлган новаторлиги шундан иборатки, у асрлар мобайнида анъанавий достонлар муҳитида шаклланиб, ривожланиб келган демократик ва социалистик элементларни ўз достонида камбағал, бахши образлари воситасида бир бадиий фокусга йиғди, улар ҳаёти, курашининг синфий моҳиятини бадиий гавдалантириб бера олди, социалистик жамият ижтимоий-бадиий тафаккури даражасида туриб, инқилоб доҳийси Владимир Ильич Ленин образини яратди. «Ўртоқ Ленин» достони ўзбек совет фольклори муҳитидагина эмас, балки ўзбек совет адабиёти муҳитида ҳам муҳим ғоявийбадиий янгилик бўлди. «Ўртоқ Ленин» достони ўзининг сиёсий йўналишининг ўткирлиги, бадиий жиҳатдан давр талаби даражасида эканлиги, яъни мукаммаллиги, чинакам санъатга хос мафкуравий моҳияти, сиёсат билан узвий боғлиқлиги билан асл санъат намунаси бўлиб хизмат қилиши, бадиий маданият тажрибаси, ижтимоий аҳамияти ҳақида сўз борганда уни тўғри баҳолаш учун зарур, ёрқин мисоллардан бири бўлиши мумкин.

Республикамизда мураккаб жанр ва йирик шаклдаги асарларнинг кўпроқ пайдо бўлаётгани, бинобарин, адабий жараённинг тадрижий тарзда тараққий эта бораётгани замонавий бадиий тажрибани маданий меросга хос энг яхши фазилатлар ҳисобига янада бойитишни тақозо этади. Зеро, Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари фольклор хазинасидан: мураккаб жанр, йирик шакл намуналари — «Алпомиш» эпоси, «Гўрўғли» туркум достонлари бадиий сабоқларидан ҳали кўп йиллар ижодий баҳраманд бўлишлари мумкин. Чунки улар ўзбек халқи бадиий даҳосини ўзида намоён қилган ва ҳар бир янги авлод руҳида яшариш-янгиланиш фазилатига эга бўлган анъанавий асарлардир. Ҳар бир миллий маданиятнинг энг инсоний мурод-мақсадларни, халқ лар ўртасида дўстликни, ватанпарварликни, тинчликни, адолат ва муҳаббатни тараннум этган баркамол намуналаридан замондошларимиз маънавий эҳтиёжини қондириш мақсадида ижодий, оқилона фойдаланиш эса совет турмуш тарзига хос хусусиятдир.

* * *

Тун.

Ойдин.

Шаббода.

Ёвшанлар ҳидини таратади шаббода. Ёвшан ҳиди оламни тутиб — дашт бўйлаб кетиб боради. Зулхумор қизлари билан ўтиб бораётганда, олам шундай анқиган бўлса, не ажаб!?..

Қундуз Авазхонни кўргани кетаётганда, олам шундай кўркка тўлган бўлса, не ажаб!?.

Зулхумор билан канизларини, Қундуз билан канизларини эслатади ёвшаннинг муаттар ҳидлари, ёшлик ҳиди, шеър ҳиди… Халқ руҳида туғилиб, Эргаш Жуманбулбул ўғли каби шоирлар қалбида балққан шеър нури кўнгилга ёйилади. Эргаш шоир қалби орқали ўтган халқнинг шеърий дарёсини хаёлан бўйлаб, дашт бўйлаб кетиб борамиз. Осмон шу қадар кенг. Кўнгилдан ҳам кенг. Хаёлдан ҳам кенг. Юлдузлар хил-хил пишган балх тутлари каби: йўқ, шоир айтмоқчи, очилган пахтадек осмонга сиғмайди.

Бу юлдузлар Ёдгор шоирни, Қассоб бахшини, Тилла кампирни, Султон кампирни, Жуманбулбул, Жоссоқ шоирни, Эргаш шоирни, Пўлкан шоирни кўрган; бу юлдузларда шу улуғ бахшилар кўз нури қолган.

«Ёруғ дунёни айланиб кўрдим, лекин Олтин қозиқ тепамга келмади», дегувчи эди Эргаш шоир. Еруғ олам шундай кенг.

Шеърнинг ёруғ олами ёруғ оламдан ҳам кенг.

Лекин шеъриятда Олтин қозиқ юлдузи Эргаш шоирнинг бошига тож бўлиб қўнган эди.

Эргаш шоирнинг машҳур сурати бор: улуғ достончи олисларга, балки абадиятга қараб турибди. Нигоҳи шу қадар ўткир… Одамнинг ичидагини якқол кўраётганга ўхшайди. Сизга, сиз оркали бутун дунёга олов ташлаётган қарашлари кишининг кўз ўнгидан кетмайди, тушларига киради.

Бу кўзлар — кундай ёруғ кўзлар…

Қўрғон қишлогига борганда, кечалари уйқу келмайди. Ҳаволарни тўлдириб, фазоларни тўлдириб, шарқираб дарё оқиб ўтаётганга ўхшайди. Бу дарё қалбингизга Эргаш шоир кўзлари билан тикилаётгандек бўлади. Дарё каби оғир, теран хаёл босади. Дарё шабадасига уйқу шам каби ўчади. Ташқарига чиқасиз. Эргаш шоир пойқадами теккан тупроқ бўйлаб кезасиз. Ўзингиз сезмаган ҳолда, узоқларга кетиб қоласиз. Шаҳарлик кўзларингиз кўрмаган ва номини шаҳарлик қулоқларингиз эшитмаган гиёҳларни илғайсиз. Юрагингиз шув этади… Чунки улар баргидан анвойи нурлар таралаётган бўлади… Кексаларнинг ҳикоялари хаёлингизга келади: Эргаш шоир кўклам кечалари даштни кезар, чиқараётган нурларига қараб гиёҳларни ажратар ва уларга белги кўйиб кетар, кейин, пишиқчиликда уларни йигиб олар эди. Гиёҳлар нур тили билан шоирга ўзини танитар эди. Шоир ва гиёҳ. Она тупроқнинг икки фарзанди. Дили бир, тили бир икки туғишган, икки эмукдош. Улар бир-бирининг дилини билади, гиёҳлар шоир билан Абу Али ибн Сино билан сўзлашгандек кўнглини очиб сўзлашади… Нурланаётган гиёҳларга қарайсиз, улар нури Эргаш шоир кўзларидан таралаётганга ўхшайди. Сергак тортасиз.

Бу юлдузлар, бу тупроқ, бу гиёҳлар Эргаш шоир кўзлари билан қарайди сизга.

Эргаш Жуманбулбул ўғлининг кўзлари… Улар халқнинг шеърий дарёси тўлиб-тошиб оқаётган қалбнинг, туб-тубларида инқилобий шеър дарёси тугилаётган қалбнинг кўрар кўзлари эди.

Бу кўзлар келажак кўзларига тик боқади.

Бу кўзлар халқнинг юрар йўлини ёритиб туради.

Бу кўзлар — халқу ҳақнинг кўзлари…

Ҳаётнинг кўзлари…

М. Қўшмоқов, филология фанлари кандидати

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 1-сон