Ҳинд форсийзабон шеъриятининг чароғон юлдузи Амир Хусрав Деҳлавий бўлиб, бўлғуси шоирнинг отаси Сайфуддин Маҳмуд ХIII аср бошларида Ўрта Осиёга ёпирилган Чингизхон қўшинларининг балосидан ўз элатини сақлаб қолиш мақсадида ватани Шаҳрисабзни тарк этиб, Ҳиндистон сари юзланган эди. Маълумки, ХII аср бошларида Ҳиндистонда туркий сулолалар ҳукмронлик қилар эди. Амир Сайфуддин Маҳмуд ушбу Деҳли султонларидан Шамсуддин Элтутмиш қўшинига хизматга кирди, унинг ҳарбий аёнларидан бирининг қизига уйланди ва қатор фарзандлар кўрди. Ўғилларининг кенжаси 1253 йилда Деҳли яқинидаги Мўминпур (Патьёли) қалъасида дунё юзини кўрган Яминуддин Хусрав эди.
Мўғул истилочилари Ҳиндистонни ҳам тинч қўйганлари йўқ. Бўлғуси шоир 8 ёшга кириб-кирмай, отаси босқинчиларнинг навбатдаги ҳамласини даф этар чоғида жангда ҳалок бўлди. Ёш Хусрав бобоси Имодулмулк ва онаси Давлатноз қўлида тарбия топди. У ўша давр илм-фанининг турли соҳалари бўйича кенг ва чуқур билим олди, гўдаклик чоғидан шеъриятга астойдил ихлос қўйди. Амир Хусрав ёшлигидан турк, ҳинд, араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштирган эди. У анъанага биноан, асосан, форс тилида ижод қилган бўлса-да, ҳинд, араб тилларида ҳам шеърлар ёзганлиги маълум.
Амир Хусрав Деҳлавий умри давомида 5 девон, 9 йирик достон, бир қатор йирик тарихий ва назарий асарлар яратди. 5 девонга унинг 2 мингдан зиёд ғазали, 273 қасида, йигирмага яқин маснавий, 1200 дан ортиқ рубоий, 500 га яқин қитъа ва бошқа жанрлардаги бир қанча асарлари жамланган. Шоир ўзини ғазалда Саъдий, қасидада Саноий, Анварий, Ҳоқонийга шогирд деб билса, воқеабанд достонлар яратишда асосан Низомийга эргашади.
Амир Хусрав ижодий такомилини шартли равишда икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи давр унинг ғазалнавис ва қасиданавис шоир сифатида Деҳли султонлари тасарруфидаги ҳинд ўлкасида шуҳрат топиши билан боғлиқ бўлиб, бу даврда “Туҳфат ус-сиғар” (“Ёшлик туҳфаси”) ва “Васат ул-ҳаёт” (“Ҳаёт ўртаси”) лирик девонлари яратилди, учинчи девони “Ғуррат ул-камол” (“Камолот нишони”) га асос солина бошланди. Бу даврда, баъзи кичик маснавийларни ҳисобга олмаганда, ҳали шоир ижодига эпик кўлам хос эмас эди. Иккинчи давр шоирнинг ижодий баркамол ёшида, турмушнинг аччиқ-чучугини роса татиб, шеърият шайдоси шаҳзода Муҳаммадқоон саройида дўсти Ҳасан Деҳлавий билан шеърхонликда кечирган фараҳли кунларни ҳам, мўғул босқинида тортган асирлик азобларини ҳам босиб ўтиб, етарли ижтимоий тажрибага эришган ўттиз олти ёшлик чоғидан бошланади.
1289 йилда Амир Хусрав ўзининг илк йирик эпик асари, 3900 байтдан ошиқроқ ҳажмдаги “Қирон ус-саъдайн” достонини яратди. Замона ҳукмдори Муизиддин Кайқубод топшириғи билан ёзилган ушбу достон мавзуи ўша давр тарихий ҳодисаларидан ҳикоя қилади. Унда бобоси вафотидан кейин Деҳли султонлигини эгаллаган Кайқубод билан унинг отаси Бангола ҳукмдори Носириддин Буғрохон орасида бўлиб ўтган тахт талашув можаролари батафсил тасвир этилади. Воқеалар ниҳоясида “Қирон ус-саъдайн” (“Икки саодатли юлдузнинг учрашуви”) юз беради, яъни икки ҳукмдор – ота ва ўғил орасида бошланган низо сулҳ билан тугалланади. Шоирнинг асарига романтик руҳ бағишлаган ғоя бу нотинч дунёда душманликнинг дўстликка, ғайирликнинг меҳрга айлануви орзуси эди.
Шоирнинг эпик йўналишда қўйилган бу биринчи жиддий қадамида ҳали рубобий (лирик) кайфият кучли, шаклий ранг-барангликка ўчлик сезилади. Достондаги сарлавҳалар – шеърий, фасллар ўз руҳига мос лирик ғазал билан якунланган.
Амир Хусравнинг эпик қаҳрамон яратишдаги бу дастлабки уринишлари кейинги босқич – “Хамса” достонларига ўтишда яхши тажриба мактаби бўлди.
Орадан йиллар ўтди. Хилжийлар сулоласининг биринчи вакили Жалолиддин Фирузшоҳ шоирни эъзозлаб, амирлик унвони берди. Амир Хусрав ҳам унинг шон-шавкатини, мўғуллар билан жангларини 750 байтли “Мифтоҳ ул-футуҳ” (“Ғалабалар калити”) маснавийсида васф этди. Лекин бу тарихий эпик йўналишдаги асар йирик достонлар қаторидан ўрин олмади, балки шоирнинг бошқа кичик маснавийлари қаторида 1294-96 йилларда тартиб берилган учинчи девони таркибига киритилди.
Ниҳоят, камолот ёшида, султон Алоуддин Хилжий замонасига келиб, шоирнинг эпик ижоди янги босқичга кўтарилди — у 1298 йилдан “Низомий панжасига панжа урмоқ”қа журъат этиб, “Маҳзан ул-асрор”га жавоб тариқасида “Матла ул-анвор” ижтимоий-дидактик достонини ёзишга киришди.
Достон йигирма мақолатдан иборат бўлиб, биринчи мақолат инсон мартабасининг улуғлиги ҳақидадир. Амир Хусрав инсоннинг буюклигига сабаб унинг бутун жаҳонни ўзига сиғдира олувчи қалб бойлигида, деб билади: “Одам танаси, — дейди у, — шу сабабдин бир жаҳонга тенг кўриладики, у кўнгил майдонига эгадур. Бўлмаса бир қисм тупроқнинг қўлидин нима келади, у фалакларни этаги остига қамраб ола билармиди?!”
“Хамса”нинг иккинчи достони “Ширин ва Хусрав”да Деҳлавий яратган Шоҳ тимсоли Низомий достони қаҳрамонидан буткул фарқ қилади. Агар буюк озарбойжон шоири ўз қаҳрамонини кўнгли соф инсоний туйғулардан холи бўлмаган шаҳзода йигит сифатида тасвир этган бўлса, Деҳлавий достонида ҳукмдор тоифасининг индивидуаллашган қиёфаси гавдалантирилган. Ундаги Хусрав — шоҳ, ҳукмдор. Унинг бутун хатти-ҳаракати ижтимоий мавқеи билан белгиланади. Унинг инсоний хусусиятлари ҳукмдорлик мавқеи, имкониятларига кўра ўзгаришга учрайди. Унинг ёндашувида инсоний ишқ шаҳватпарастликка айланиб кетади, ёрига фидокорлик, туйғулар собитлиги эса тожу тахтни хор қилиш эҳтимолини пайдо қилади. Шундай қилиб, ишқ ва тож зиддияти асарнинг бош мавзуи даражасига кўтарилади. Амир Хусрав Чин шаҳзодаси Фарҳод тимсолини ибрат қилиб кўрсатади.
“Мажнун ва Лайли” достонига мавзу бўлган ғуссали фожиа, саҳройи араб йигити – шоир ва девона Қайснинг ўз Лайлосига муҳаббати ва садоқати неча марта куйланмасин, барибир ҳар сафар киши қалбини ларзага солади. Деҳлавий қаламига мансуб асар ҳам кўзда ёш ва дилда нур билан ўқиладиган чин меҳр тараннумидир.
Амир Хусрав достонидаги ошиқ ва маъшуқа учрашуви тасвирланган эпизод, айниқса, таъсирлидир. Достон қаҳрамонларининг ишқи муайян, ҳаётий, инсоний муҳаббат эди. Аммо бу муҳаббат ниҳоятда поклик билан йўғрилган бўлиб, асар охирида мўйсафидлар “Худонинг мўъжизаси” деб талқин қилган бу муҳаббатда асло шаҳват ғалаба қила олмасди. Мажнун ва Лайли ўғринча, муваққат, ғайриқонуний висолга интила олмасдилар, улар бунга қобил эмасдилар, зеро, бу пок инсонлар наздида муносиб туйғу эмас. Шунинг учун ошиқлар қалби нақадар оловли эҳтиросларга лиммо-лим бўлмасин, улар орасидаги иффату одоб чегаралари ҳам шунчалик юксак эди. Улуғ устозлар меросига боқийлик бахш этувчи юксак ҳақиқатлар, “илоҳий мўъжизалар” айни шундай тасвирларда намоён бўлади. Шоирнинг ўзи бу ҳақда “Оллоҳ хазинасидан бир сир”, дейиш билан кифояланиб қўя қолган.
Низомий “Хамса”сининг тўртинчи достони шоҳ Баҳромнинг саргузаштларидан ҳикоя қилувчи “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал”) бўлса, Амир Хусрав салафи тартибини бузиб, Искандар ҳақидаги достонни тўртинчи ўринга кўчирди. Бу жангнома йўналишидаги асарда Амир Хусрав ўз салафи Низомий айтганларини қайтармоқчи эмас, балки унинг тасвиридан тушиб қолган ёки нотўғри талқин қилинган ўринларни, “ятим” дурларни (“дурри ятим” – шаҳвор, йирик марварид маъносини ҳам билдиради) бир жойга йиғиб, китобхонга тақдим қилмоқчи бўлади.
“Ойинаи Искандарий” (“Искандар кўзгуси”) деб номланган ушбу достоннинг асосий қисми “давлат” тушунчасини шарҳловчи кичик дидактик боб билан бошланади. Ўрта аср кишиларининг дунёқарашида “давлат” тушунчаси катта моҳият касб этган. У ҳам “омад”, “тақдир инояти”, ҳам “мол-дунё”, ҳам “ҳокимият” маъноларини ўзида жамлаб келган. Илғор фикр намояндалари эса уни инсоннинг ички маънавий бойлиги маъносида ҳам талқин қилганлар. Асарнинг асосий ғояси шуки, “Ўзгаларга ситам етказувчи бахтли ва шодон ҳаёт эгаси бўла олмайди, чунки бахт ва давлат қарзга олинмайди”.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Амир Хусрав “Хамса”сининг бешинчи достони “Ҳашт биҳишт” (“Жаннатнинг саккиз боғи”)да унинг ижоди сув ичган сарчашмалар – Марказий Осиё, форс ва ҳинд унсурлари ўзаро ажойиб бир уйғунлик ҳосил қилган. Бокаччонинг “Декамерон”идан 50 йил бурун ёзилган ушбу асар қаҳрамонларининг ғаройиб ва ранг-баранг саргузаштлари, эртакнамо сеҳрли мужассамалар, гапирувчи тўтилар, кишилар жонининг танадан танага кўчиб юришлари, ҳазиломуз “шумликлар”, уддабуронликлар, бир томондан, Туркистон халқ ижоди учун ниҳоятда хос бўлган киноя, кўпмаъноли ва тагдор жумла қуриш услубини, халқ китобларидаги машҳур айёрларнинг қилмишларини эслатса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳинд халқининг урф-одатлари, хурофий ва асотирлик тушунчалари, беқиёс гўзал санъатини эсга солади. Амир Хусрав қиссаларида оддий фуқаронинг уддабуронлиги ва яратувчилик қудрати, ҳунар аҳлининг ақли ва идроки шоҳ саройи ва унинг хўжаларига хос маънавий тубанлик, иродасизлик ва тутуруқсизликларга қарама-қарши қўйилади.
Алишер Навоий ўз достонлари ҳақида “зоҳир юзидан афсона” деган эди. Минг афсуски, дарҳақиқат, ўтган аср авлодига буюк устозларнинг назм дурдоналари ушбу “афсона” даражасида, юзаки талқин этилиб, тушунтириб келинди. Бугунги мустақиллик, ҳурлик замонида энди маънавиятимизнинг асл моҳияти ҳақида очиқ-ойдин гапириш, фикр юритиш имконияти мавжуд экан, ўтмиш устозлар ижодига жиддийроқ назар ташлаш, улар моҳиятининг теранроқ таҳлилига ўтиш ўзимиз учун ҳам, ёш авлод маънавий тарбияси учун ҳам айни фарздир.
Амир Хусрав “Хамса”нинг сўнгги достони “Ҳашт биҳишт”ни 1302 йилда тугатди. Орадан 14 йил ўтиб, 1315-1316 йилларда шоирнинг яна бир шоҳ асари — “Дўвалрони ва Хизрхон” достони яратилди. Унда тарихий шахслар – Деҳли султони Алоуддин Хилжийнинг катта ўғли Хизрхон ва Гужарот рожаси Карннинг қизи Девалдининг бир-бирига муҳаббати эҳтиросли мисраларда тасвир этилади. Хизрхон – турк-мусулмон шаҳзодаси, Девалди – асира ҳинд маликасидир. Улар болаликдан бирга ўсиб, бир-бирига меҳр қўйганлар, аммо бўйи етгач, уларни ажратишади. Кўп қийинчиликларни енгиб ўтиб, севишганлар бир-бирларининг висолига етади, бироқ яна сарой фитналари, тошбағир султон ва унинг фирибгар аъёнлари ошиқ Хизрхон бошига кулфатлар келтирадилар.
Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, Амир Хусрав ўз достонига тахтдан маҳрум этилган шаҳзодани қаҳрамон қилиб олади, ўзи сарой шоири бўлган давр ҳукмдорлари – султон Алоуддин ва Қутбиддин Муборакшоҳ хатти-ҳаракатини эса очиқдан-очиқ қоралайди.
“Нуҳ сипеҳр” (“Тўққиз осмон қабатлари”) достонини Амир Хусрав 1318 йилда Қутбиддин Муборакшоҳга бағишлаб ёзди. 4509 байтли бу асар ягона сюжет асосига қурилган эмас. Унинг тўққиз фасли арузнинг тўққиз баҳрида ёзилган бўлиб, мундарижаси ҳам хилма-хилдир.
Улардан “учинчи сипеҳр” алоҳида диққатга сазовор бўлиб, уни маълум маънода “Ҳиндистон қомуси”, деб аташ мумкин. Бу фасл бошдан-оёқ шоирнинг туғилиб ўсган ватани мадҳига бағишланган. Унда ўлканинг табиати, обу ҳавоси, наботот ва ҳайвонот дунёси, одамлари васф этилади, турли ташбеҳ ва мажозлар асосида бу юртнинг ўзга иқлимлардан афзаллиги муболаға этилади. Ушбу фаслда Амир Хусрав арабий, форсий, туркий тилларни жаҳон тиллари сифатида турли ўлкаларда кенг тарқалганлигини қайд этиб ўтади, арабий ва туркий тилларнинг барча сарфу наҳв қонун-қоидалари, улардаги луғавий қонуниятлар билимдонлар томонидан пухта ишлаб чиқилганлигини эсга олади. Туркий, румий ва дарий тилларини яхши эгаллаган киши икки жаҳонни эгаллади, деса бўлаверади, деб хулоса қилади шоир.
Амир Хусравнинг тарихий достонларини ўқир экан, одам беихтиёр Европа Уйғониш даврининг буюк даҳоси Вильям Шекспирнинг драматик хроникаларини эслайди. Бу жиҳатдан, айниқса, шоирнинг охирги достони “Тўғлуқнома” ёрқин намунадир. Ундаги воқеалар ҳам навбатдаги сарой фитнасининг тасвиридан бошланади. Амир Хусрав ҳаёти давомида Деҳли салтанатида тўққиз ҳукмдорнинг тахт алмашувини кузатди. Саройдаги хиёнат ва разолатни, шафқатсиз хунрезликларни ўз кўзи билан кўрди ва достонларида рўйи рост акс эттирди.
Деҳлавий умри охирида “Бақия ун-нақия” (“Сараларнинг сараси”) ва “Ниҳоят ул-камол” (“Камолот чўққиси”) девонларини тузиб, лирик меросини 5 девонга бирлаштирди.
Деҳлавий учинчи девони “Ғуррат ул-камол” дебочасида устод шоирлар “сўзининг маъно ва айтилиш тарзида” суфий ва музаккар (яъни тарбиячи, муаллим)лар йўналишидан фарқ қилиши зарурлигини уқтирган эди. Ўзи ушбу қоидага қатъий риоя қилиб, Низомий анъаналарига қайта руҳ бағишлаган ҳолда, инсон маънавий камолотини таъминлашга қаратилган мутлақо янги бир йўналишга асос солди.
Амир Хусрав ижоди XV аср Ҳирот адабий мактаби доираларида жуда машҳур бўлди. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-Шуаро” асарида шоир ҳаётига оид муҳим маълумотлар учрайди. Абдураҳмон Жомий девонларига тартиб беришда Деҳлавий изидан борди. Алишер Навоийнинг ижодига унинг баракали таъсири ҳақида юзлаб саҳифалар битса бўлади. Навоий Хусравни “Хамса”чиликда устозлардан ҳисобласа, девон дебочаларида рубобий истеъдодига тасанно айтади. Фоний сифатида ғазаллари ва фалсафий қасидаларига татаббулар битади.
Умуман, Шарқ шеъриятининг кейинги ривожини Амир Хусрав таъсирисиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли ҳам кейинги асрларда Ҳиндистонда, Эрон ва Афғонистонда, собиқ Совет Иттифоқида шоир ижодий меросини ўрганиш ва асарларини нашр қилиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, жаҳон миқёсида ўтказилган шоир таваллудининг 700 йиллик тантанаси муносабати билан Москвада “Хамса” достонлари, Душанбеда “Дўвалрони ва Хизрхон” асарининг илмий-танқидий матнлари форс алифбосида нашр этилди. Шоир ҳаёти ва ижоди, айрим асарлари ҳақида А.А.Стариков, Ғ.Ю.Алиев, М.Бақоев, Т.Муҳаррамов ва бошқа қатор олимларнинг тадқиқотлари юзага келди. Ўзбек тилида И.Низомиддинов, Ш.Шомуҳамедов ва Б.Мусаев, Ж.Мирсаидовнинг рисолалари, шоир асарларидан баъзи намуналар босилиб чиқди. 1989 йилда ушбу сатрлар муаллифининг шоир достонлари тавсифига бағишланган “Тўққиз осмон юлдузлари” рисоласи Ғафур Ғулом номидаги нашриётда босиб чиқарилди.
Муҳаммаджон Имомназаров, филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 41-42-сонидан олинди.