Тоҳир Малик. Ибрат мактаби

Қалам аҳлининг пирларидан саналмиш Абдулла Қодирийнинг маҳорати ҳақида гап айтишга камина томонидан уриниш бўлиб эди, энди янгироқ фикр баён қилиш масъулиятини зиммамизга юклаб, қўлга қалам олмоққа журъат этдик.
Абдулла Қодирийнинг адабий тил борасидаги маҳоратларини дурлар хазинасига қиёслашимиз мумкин. Адибнинг ҳикоялари, фелетонлари, ҳажвияларини ўқисангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Тошпўлат тажанг билан Калвак махзумнинг сўзлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ёзувчи “Овсар” тахаллуси билан бир фелетон ёзса, “Думбул” тахаллусида ёзилган ҳангомадан фарқланиб туради. Билмаган одам бу икки асарни икки одам ёзган, деб ўйлаши ҳам мумкин.
“Қара-қара, Маҳкам! Дўндиқ экан-ку, анавинг. Суяги борми, а? Бир пиёла чойимиз бор, ҳов! Итдан туққанинг қарамади-ку… Ҳай ким, Салим қаварнинг боласи эмасми, тўлишибди ўзиям. Сартарош ҳожи кўриб қолса, “ўлди”, дегин. Бодом қовоқ, юпқа томоқ, додимга етсанг-чи… Ҳой-ҳой…” Агар бу сўзларни мадраса кўрган Калвак махзум айтяпти, дейилса, ишонмайсиз. Тўғри, Калвак махзум ҳам аёлларга қарайди, кўнгли суст кетади, аммо у “Бир пиёла чойимиз бор”, демайди, шундай эмасми? Буни фақат чапани Тошпўлат айтиши мумкин. Калвак махзум эса ўн икки яшар қизчани кўрган маҳалида сўрайди: “Отин ойинг борми?” “Бор.” “Отин ойингнинг эри нечта?” Мазмуни отин ойиси оғзини пишиғлаб қўйған шекиллик, жавоб бермай, ерга қаради. Мен ҳам сўзимни айлантирмай, ичимдан “етти-саккизта бордир”, деб ўйладим. Қизи тушкур жажмондеккина экан, ҳайфки, бузилған-да… “Ўруснинг “Инжил”ини ўқиябсанми?” — деб сўраған эдим, бунга ҳам жавоб бергуси келмади. Энди ўзига яраша гапдан гапурай, деб сўрадим: “Эмчагинг олмадек бўлуб қолубдур, ўйнашинг ҳам борму?” Қизи тушкурнинг ҳали қитиқ пати ўлмаган экан, юзини чирт ўгуриб: “Ҳу, соқолинг кўксингга тўкулсин!” — деб қарғади ва йўлига югуриб кетди…” Кўриниб турибдики, икки одам — икки олам. Ҳар бири ўзига хос сўзлар билан ўз қиёфасини чизади. Ёзувчи фалончи ундай одам, пистончи бундай, деб таърифу тавсифлар бермайди.
“Жулқунбой” имзосида берилган “Қимматчилик ҳасрати” ёки “Думбаси тушиб қолган эмиш” ҳажвиялари эса бошқаларидан тамоман фарқ қилади. Ундаги заҳарли кулгуни, кинояни “Овсар” ёки “Мазлум” бу тарзда айта олмайди. Жулқунбой қимматчиликдан қийналаётган ўз оиласини бундай тасвирлайди: “…ош-нон емоқдан бошқага ярамаган бир чол отам ила бир кампир онам, ёлғиз сўз сўйлаш ила ош пиширишга яратилган бир хотуним бор. Кўчага юз карра чиқиб, ҳар уйга кирганида “Ойи, нон бер!”ни ўзиники қилиб олган бир қизим, топганини кўчада чиқим қилиб, эрта-кеч маним овқатимга шерик бўладирган бир иним бор. Булардан ташқари тағи бир яшар ўғлим бўлса ҳам, Худога шукур, ҳали тиши чиқғанича йўқ…” Бир неча жумлада оила аъзоларининг феъл-атворлари моҳирона чизилди. Бир яшар ўғилнинг ҳали тиши чиқмаганига шукур қилиниши эса аҳволнинг нақадар оғир эканини кўрсатиб турибди.
Шу ўринда ёзувчининг “Ўқиш — ўрганиш” сарлавҳали мақоласига диққатни тортишни истардим. Адиб унда рус ёзувчиси Антон Чехов маҳоратини таҳлил қилади. Айни таҳлилни биз Абдулла Қодирий ҳажвига нисбатан ҳам ишлатишимиз мумкин. Демоқчимизки, маҳорат бобида Абдулла Қодирий ўзлари шарафлаган зотлардан ҳеч бир кам эмаслар. Адиб Чеховни устоз ўрнида кўрган эканлар. Бу “ёзишни Чеховдан ўрганган”, деган гап эмас. Жуда кўп одам Чеховни ўқиган, жуда кўп одам уни устоз деб билиб, интилган. Бироқ Абдулла Қодирий даражасига етиш барчага ҳам насиб этавермаган. Бу ўринда гап Чеховни устоз деб билишда эмас, гап — Худо берган истеъдодда! Ундан ташқари, ўзбек адабиёти равнақини Европага боғлайвериш фикридан сал узоқлашиш керак. Худога шукур, йигирманчи аср ўзбек адабиёти қасри, бошқа жойларга ўхшаб, қуруқ саҳрода бунёд этилмади. Бу қаср бир бўстон бағрида қарор топди. Ўтмиш замонларни лол қолдирган, бугунга қадар ўз маҳобатини йўқотмаган мумтоз адабиётимиздан Европа ўрганган эди. Совет даврида Шарқни Ғарбдан паст кўриш анъанаси бизнинг барча ютуқларимиз омилини Европага боғлади. Тўғри, Европа маданиятининг, хусусан, адабиётининг ижобий таъсирлари бўлди, буни инкор этиш дуруст эмас. Аммо, айтайлик, ҳажвни ёзувчиларимиз Чеховдан ўрганган, дейиш ақлга сиғадиган гап эмас. Чунки мумтоз адабиётимиз тарихидан ҳажвни ўрганишга лойиқ ажойиб асарларни истаганча топишимиз мумкин. Афсус билан айтишимиз мумкин, ҳозирги авлод мумтоз адабиётимизни яхши билмайди. Абдулла Қодирий ва унинг замондошлари эса бу соҳада ҳам беқиёс бўлганлар.

Абдулла Қодирий ёзган ҳар бир жумла қалам аҳли учун бир мактаб. Афзал томонлари ҳам, заиф кўринган жиҳатлари ҳам зеҳн билан таҳлил қилиниб ўрганилади. Ҳар қандай асарда сиз билан бизнинг кўзимизга камчилик бўлиб кўринган бирон воқеа баёни ёки жумла, ҳатто биргина сўз аслида шу асарнинг ҳуснидир. Шеъриятда мажоз санъати мавжуд бўлганидек, насрда ҳам рамзий маъноларни ўзига яширган сатрлар, саҳифалар бўлади. Билган одам денгиз тубидаги чиғаноқни кўриб: “Ҳа, энди бу арзон-гаров садаф-да”, деб ўтиб кетавермайди. Чиғаноқ паллалари ажратилса, гавҳар кўринади. Устоз адибларнинг асарларидаги сўз гавҳарлари ҳам шундай.
Русларнинг улуғ адиби Лев Толстойнинг ҳикматли гапи бор: “Ҳамма нарсани ўқийвериш ярамайди, — дейди у. — Дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина ўқиш керак”. Яна бир донишманднинг фикри ибратлидир: “Модомики, ҳаёт жуда қисқа, бўш вақт эса жуда оз экан, биз уни саёз китобларни ўқишга исроф этмаслигимиз керак”, дейди у. У ёки бу асарнинг саёз эмаслигини аниқлаш осонмас. Бунинг учун қизиқарли воқеа баёнигагина қизиқмай, шошилмасдан, ҳар бир жумланинг маъносига тушуниб ўқиган маъқул. Бирон савол туғилса, асарнинг бирон ери хато туюлса ҳам жавобни бировдан эмас, айнан шу китобнинг ўзидан топишга интилган афзал. Садафдан кўз қамашмай, гавҳарни излаш жоиз. Устозларнинг чуқур мазмунли асарлари алдамайди: сизга маъно гавҳарларини тортиқ этади. Шарқ мумтоз шеъриятида бундай гавҳарларни кўп учратамиз.
Аввал айтганимиздек, назмдаги гавҳарнинг насри ҳам мавжудлиги, асосан, Шарққа хосдир. Муҳаммад Авфий саккиз аср муқаддам тартиб берган ибратли ҳикояларни ўқиган бўлсангиз, бу жумлаларга эътибор бергандирсиз:
“…Сендан илгари ҳам кўп кишилар ушбу жомдан айрилиқ майини ичиб, охирида сабр либосини кийганлар”;
“…Қўлим ва қалбим дилдор оғзи каби тор, чўнтак эса худди ёрнинг хипча белидек нозик ва ингичка эди”;
“…Ваҳм ва қўрқув мендан устунлик қилиб, уйқу кўз зиёратига келмасди”;
“…Подшоҳларнинг отган ўқлари ҳамма вақт ҳам нишонга тегавермайди, иқбол ариғи ҳамма вақт ҳам тўла оқавермайди”;
“…Ишқ ўти сабр вилоятини хароб қилибди”.
Европа ёки Лотин Америкаси адабиётида бу каби латифлик йўқ, десам, балки фикримга қўшиларсиз. Балки бу латифликни чучмаллик фаҳмлаб, ҳозир адабиёт бошқа, ҳозир лўнда ифодалар замони, деб инкор қиларсиз. У ҳолда сиз билан ҳамфикр бўлолмаймиз, маъзур тутгайсиз.
Юқорида келтирилган мисоллардан мурод шуки, Абдулла Қодирий асарларини синчиклаб ўқисак, шу каби латиф тасвирлардан беҳисоб даражада баҳраманд бўламиз:
“Кумушбиби хомуш эди. Бир нарса тўғрисида ўйлармиди ёки бош оғриғиси кучликмиди, ҳар ҳолда намозшомгул каби ёпиқ эди”;
“Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаган Лайли отидан — сизга бошимдағи сочларимнинг тукларигача беҳад салом. Мендан — ҳадду ҳисобсиз гуноҳ, сиздан — кечириш”;
“— Ажаб қиламан, — деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди.
— Бу ёққа ҳам…
— У ёққа Зайнаб урсин.
— Зайнабнинг… уришка ҳаққи йўқ…”
Бу сатрларга кўп маънолар яширинган. Шулардан бири — Кумушнинг дилида қоронғулик йўқ. Рашк бўлса-да, уни жиловлай олган. Кундоши билан иттифоқликда умр кечириш мақсади бор. Дастлаб Зайнабда ҳам шу тилак мавжуд эди. Хўш, у ҳолда Зайнабни заҳар солишга нима мажбур этди? Рашкми? Ёки бошқаларнинг гиж-гижлашими? Бизнингча, асосий сабаблардан бири баён этилган сатрда: “Зайнабнинг… уришка ҳаққи йўқ”. Отабекнинг шу аҳди оқибатда Зайнаб қўлига заҳар тутқазмадими?
Яна бир баёнда Кумуш “сочларимнинг тукларигача беҳад салом”, деб ёзади. Бир қарашда “туклар” сўзи ноўрин, қўполроқ туюлар. “Сочларим толалари”, дейилса, балки латифроқ бўлармиди? Йўқ, бўлмасди. Ёзувчи “тола” сўзини эсдан чиқаргандир, деб ўйлаш ҳам ноўрин. Бунда “беҳад” сўзига эътибор бермоқ жоиз. Беҳад, яъни чексиз-чегарасиз. Соч толалари кўзга кўриниб туради. Аммо бошдаги майда тукларни кўз илғамайди — толалардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Юборилаётган соғинч саломи ана шундай ақл бовар қилмас даражада дейилмоқчи.
Ёки: “…шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилган қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди”, деган жумладаги “қашиди” сўзи латиф баёндаги доғ каби кўриниши мумкин. Балки “силаб қўйди” ёки “сийпади”, дейилгани кимгадир маъқул кўринар. Йўқ, азизлар, яна бир ўйлайлик: силаш, сийпаш, қашиш — бутунлай бошқа-бошқа ҳолатларни англатади. “Ишшайди”, “жилмайди”, “кулимсиради”, “тиржайди” сўзлари киши ҳолатини баён этишда бир-бирининг ўрнини боса олмагани каби юқоридагилардан ҳам маънодош сўз сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Диққат қилайлик: адиб “қашлади” эмас, “қашиди” деб ёзяпти. Чунки “қашлади” янада ўзгачароқ ҳолатни, сиз билан биз ўйлаётгандек қўполроқ маънони англатган бўларди. Ёзувчи тасвиридаги гўзал қиз шунчаки юзини, қулоғи ёки бошини эмас, холини қашиди. Яна қандай хол денг, “латиф бурнининг ўнг томонида, табиатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилган қора хол”. Энди холдор одамлардан сўраб кўринг, хол қичишган чоқда шунчаки силаб қўйиш билан кифоя қилинармикин? Айни тасвирда эса ёзувчи хаста Кумушнинг табиатига хос ҳолатни беряпти.
Биз бугун жаҳон адабиёти билан яхши танишмиз: Жек Лондон, Кафка, Платонов, Маркес, Кортасар, Камю… асарларини севиб ўқийдиганлар, улардан ҳам маъно дурлари терадиганлар кўп. Бу одат фақат таҳсинга лойиқ. Балки китобхон ўқиганларини бир-бирларига таққослаб кўрар? Бу одатни кўп одамларда учратамиз. Биз бундай таққослашни тўғри одат деб ҳисоблай олмаймиз. Айниқса, Шарқ ва Ғарб адабиётини бир-бирига солиштириб, тарози палласига қўйиш тўғри иш эмас. Ҳар бир одам ўзига яраша ақлли, ўзича чиройли бўлгани каби ҳар бир асар ўзича теран ёки аксинча, саёз бўлиши мумкин. Ахир, биз олма дарахти билан теракни бир-бирига қиёсламаймиз-ку, тўғрими? “Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига”, деб бежиз айтишмаган.
Бугунги адабиётимизда Ғарб, айниқса, Лотин Америкаси адабиётига маҳлиё бўлишлик, улар каби ёзишга интилишлик бор. Бунга бизнинг эътирозимиз ҳам, ғайирлигимиз ҳам йўқ. Ҳар ким ўзига ёққан чўққини кўзлайди. Каминани бироз ўйлантирган нарса — чет адабиётдан нусха кўчирилмоқчи. Ўзимизнинг бебаҳо мактабимиз эса четлаб ўтиляпти. Маркесларнинг мактаби — Лев Толстой, Достоевский асарлари бўлган экан. Улар рус ва бошқа романчилик мактабларидан фойдаланиб, ўз халқларига оид мактаб анъаналарига суянган ҳолда дунёни лол қолдирувчи янгилик яратдилар.
Сиз айтишингиз мумкинки, “Уларни дунё танийди, бизники фақат ўзимизда машҳур, даража шунга ярашами?” Бирон бир асарни дунё танимоғи фақат даражага боғлиқ эмас. Бу ўринда қойилмақом таржима муҳим. Абдулла Қодирий асарлари тақдирини эслайлик: неча йил тутқунликда бўлди? Сталин ўлимидан сўнг гўё озодлик берилгандай бўлди, аммо бу асарлардаги энг кучли тасвирлар, гаплар олиб ташланди. Бу асарлар мана энди асл ҳолича нашр этиляпти. Грузин ёки арманиларда она тилларидан рус ёки инглиз тилига тўғридан-тўғри бадиий таржима қила олувчи ўз таржимонлари бор. Бизда-чи? Абдулла Қодирийнинг асарлари олтмишинчи йилларда қисқартирилган ҳолида аввал сўзма-сўз тарзда русчага “ағдарилиб”, сўнг ўзбек тилини, тарихини, ҳаётини мутлақо билмайдиган одам томонидан “бадиий таржима” қилинган. Шарбати сиқиб ташланган анорнинг қадри бўлмагани каби, бундай таржимада чиқарилган асарга ким ҳам қарарди? Эсимдан чиқмайди, москвалик бир шоир “мошгуруч соқоллик қария” деган сатрни “старик с бородой маша и риса”, яъни “соқоли мош ва гурунчдан иборат қария” деб таржима қилган экан. Бир неча йил аввал Абдулла Қодирий асарлари туркчага таржима қилинди. Турк адибларининг бизга айтишларича, шошма-шошарлик билан қилинган бу таржима анча саёз экан. Таъбир жоиз бўлса, зикр этганимиз “соқоли мош ва гурунчдан иборат қария”ни эслатаркан. Демак, улуғ адибнинг дунё миқёсида ўз мавқеига эга бўлишига тўсқинлик қилаётган омилларни ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Сиз, балки “Кино-чи, кино ҳам машҳур бўлмади-ку?” дерсиз? Саволингизга савол билан жавоб берайин: “Сценарийси рус тилида ёзилиб, сўнг ўзбекчага таржима қилинган кинодан яна нимани кутиш мумкин? Романни охиригача ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиб чиқмаган актёр қандай қилиб қаҳрамонлар ҳолатини томошабинга етказиб бера олади?”
Агар кўзингиз тушган бўлса, туркманларнинг улуғ адиби Хидир Деряевнинг “Қисмат” деган романи бор. Бизда “Ўтган кунлар” қандай қадрланса, туркманларда бу асар шундай эъзозланади. Бунинг сабаби — “Қисмат”ни ёзишга айнан “Ўтган кунлар”дан олинган таассурот туртки бўлган. Хидир Деряев Абдулла Қодирийни ўзига устоз деб билган, таъбир жоиз бўлса, Абдулла Қодирий мактабида сиртдан таълим олган. Шунга ўхшаш, қўшни халқларнинг атоқли адиблари ўзларини шу мактаб ўқувчилари ҳисоблаганлар. Уларнинг аксарлари Тошкентдаги олий ўқув юртларида таълим олганлар ва Абдулла Қодирий асарларини нўноқ таржимада эмас, аслиятда ўқиб-ўрганганлар. Ёзувчининг маҳоратидан лол қолганлар.
Қани, бир ўйлаб кўрайлик-чи, уларни қандай сатрлар ҳайратга солди экан?
“…унинг кўзлари мулойимғина сув устиға оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ювошгина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисига етганда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳибанинг сеҳрига мусаҳҳар бўлган каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бир ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтургач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди. Гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди… Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишида бу фитна тағи ҳам кучайди.”
Мавлоно Лутфий ҳазрат Алишер Навоийнинг биргина байтларидан ҳайратланиб, барча ёзганларини шу байтга алмашишга тайёр эканликларини изҳор этган эканлар. Қондош халқларнинг адиблари қалбида ҳам муҳаббат уйғонишига, балки айнан шу сатрлар сабаб бўлгандир? Аввал айтганларимизга қайтадиган бўлсак, Кумушнинг бу тасвири шунчаки гўзал баён эмас, балки асар юрагининг зарблари эди. Яъни “сув ичида бир фитна юз берганининг” қандай оқибатларга олиб келгани ишора қилинган эди.
Навбатдаги фикрни баён этишдан аввал яна бир асардан кичик лавҳани эсласак:
“Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсалар-да, бўшалган қул сингари эркинлик нашидасини кемира-кемира илгари босадилар… Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди… Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан, бу кўкат!”
Бу сатрлар яна бир улуғимиз — Чўлпон ҳазратларининг асаридан олинди.
Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Юнус ота исмли табаррук отахон яшардилар. Муаллимликни касб қилган бу киши ёшлик кезлари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон билан суҳбатлашиш бахтига эришган эканлар. Юнус ота Москвада ўқиб юрган пайтларида Чўлпон билан учрашиб, “Кеча ва кундуз” романи қодириёна ёзилибди”, деб лутф қилибдилар. Шунда Чўлпон бош чайқаб: “Ундай эмас, Қодирийга етишга йўл бўлсин”, деган эканлар.
Барчамиз ҳам устоз Чўлпон каби бўлолсак эди…
Энг юксак чўққи шу, бошқа йўл йўқ, дейилгувчи даъводан йироқмиз. Эҳтимол, келгусида янада юқорироқ чўққига эришилар. Балки келажак авлод адабиётимизга биз кутмаган тарзда баҳо берар, валлоҳи аълам…
Абдулла Қодирий йигирманчи асрдаги янги романчилик мактабларидан бирининг асосчиси, деб тан олингани маълум. Шу ўринда бир нарсани фарқлаш зарур: баъзан “Ўзбек прозасининг асосчиси” деган иборани ҳам учратиб қоламиз. Шундай десак, ёзувчини улуғлаганимиз ҳолда, ўзбек адабиётини, ўзбек насрини қашшоқлаштириб қўйган бўламиз. Ўрни келганда айтайлик, ҳазрат Алишер Навоийни улуғлаганимизда “Ўзбек адабий тили мавқеини олий поғоналарга кўтарди”, дейиш ўрнига, ўйлаб ўтирмай “Ўзбек тилининг (ёки “адабий тилининг”) асосчиси”, деб юборамиз. У ҳолда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Ҳос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Лутфий ҳазратлари қайси тилда ижод қилишган? Улуғларимиз бизнинг ёлғон мақтовларимизга муҳтож эмаслар. Тўғри гапни ёзиш, айтиш жоиз.

Ҳамонки романчилик мактаби ҳақида сўз очдик, аввал “роман” атамасининг луғавий маъносини билиб олайлик: “роман” атамасини бировлар немис, бошқалар французларники деб ҳисоблашади. Бу атама истеъмолда бир неча маъноларга эга. Адабиётга хос маъноси: «роман» бирор воқеанинг эркин тарздаги муфассал баёнини англатади. Ўтган асрларда “роман” тарзи Европада “ишқий қисса” маъносини англатган. Икки севишганнинг арзи-ҳоли “роман” деб белгиланган. Маълумингизким, бу каби ишқий қиссалар ўзбек адабиёти тарихида кўп бўлган. Адабиётнинг жамиятга муносабати, жамият тараққиётига таъсири, аралашуви фаоллашиши оқибатида роман, яъни ишқий қисса зиммасидаги вазифа ўзгарди — ишқ баёни ижтимоий масалалар билан бойитилди. Ишқий фожиалар сафига ижтимоий фожиалар, жамият, замонга доир фожиалар қўшилди. Ана шундай янги кўринишдаги романни ўзбек адабиётида биринчи бўлиб Абдулла Қодирий яратдилар. Яратганда ҳам мактаб даражасида, яъни бошқалардан қуруқ нусха кўчирмай, тақлид қилмай яратдилар. Шундай асарлар борки, агар қайси тилдан таржима қилингани ёзилмаса, қайси халқ ҳаёти ҳикоя қилинаётгани билинмайди. Бу асарларда миллий қиёфа бўлмайди. Асар ўзбек тилида ёзилгани билан миллий роман бўла олмайди. Асар фақат чиройли сўзлардан, жимжима баёнлардан иборат нарса эмас. Асарнинг ҳам вужуди, қалби бўлади. Унинг миллийлик даражасини айнан шу қалб белгилайди.
Мисол учун, Кумушбиби билан Анна Каренина тақдирини олайлик. Икковлари ҳам гўзал, икковларида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам бу лобарларнинг ўлимлари баёни билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари бир хилми? Анна — оилали аёл, бегона эркакни севади. Оқибатда ўзини ҳалок қилади. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби — маъсума аёл. У эрига содиқ. Ҳатто уни кундошидан қизғанди. Балки қизғаниши, ишқнинг чегарасидан чиққани туфайли ўлим топгандир? Аннанинг севгилиси (эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши — Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай. Кумуш, Зайнаблар тақдирини Европа халқлари ҳаётидан излаб топиш мумкин эмас. Келинг, ўлимга доир икки баённи эслайлик:
“…яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди: соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган: гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди: бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга “Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз”, деган ўша даҳшатли сўзини айтиб турганга ўхшарди…”
Бу тасвирни, Анна Каренинанинг топгани — фожиали ўлимнинг баёнини русларнинг дунё тан олган улуғ ёзувчиси Лев Толстой ёзган. Энди бу лавҳага эътибор берайлик-чи:
“…Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб, Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди…
— Ойим… Ойим! — деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб… қўзғалмоқчи бўлди.
— Қўзғалманг, ойим… қўзғалманг!
Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди… Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:
— Худо шифо берар, болам!
Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди… Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди… Қусуб ётғач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:
— Ойи… дада… — сўнгра, — бегим, — деб ингранди… Эрининг юзини юзига қўйди, уялғансумон кўзини юмди…”
Бу эса улуғимиз Абдулла Қодирийнинг тасвирлари. Ўлаётган икки жоннинг бу дунёдаги икки хил кўриниши. Ана энди бу икки баёндаги номларни ўзгартириб кўринг-чи, ўхшармикин? Ҳа, мутлақо ўхшамайди. Нафис адабиётда миллийлик дегани ҳам айнан шу нуқтада кўринади.
Абдулла Қодирийнинг ўғиллари Ҳабибуллоҳ ака бир суҳбатларида диққатга лойиқ фикрни айтган эдилар: улуғ адиб “Ўтган кунлар”ни ёзгунга қадар Шарқнинг нодир адабиёти билан биргаликда Европа насрининг юксак намуналарини ўрганган эканлар. Бу айни тўғри гап. Улуғ адибнинг асарларида Шарққа хос латифлик мавжуд. Ижтимоий масалаларни дадиллик билан асарга сингдириш эса, Ғарб адабиётига хос услуб.
Гарчи “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” севги қиссасига ўхшаса-да, унинг замирида Ватан тақдири, Ватан қайғуси ётади. Адиб “Бир вақтлар қудратли бўлган ота юрт нима сабабдан ночор ва ғариб ҳолга тушди?” деган саволга жавоб топмоқ учун тарихни таҳлил этади. Адабиётда янги романчилик мактабини яратган адиб дастлабки йирик асарини нашр эттирганида ҳали ўттиз ёшга етмаган эди. Шунга қарамасдан, саволга жавоб топди, юртни бўғиб турган хасталикларни аниқлаб, бу ташхисни қаҳрамонлари тилига кўчирди:
“Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаборса, ҳолимизнинг нима бўлишига ақлим етмай қолади”, дейди Отабек. Мирзакарим қутидор эса: “Амири Умархондек одил подшо бўлса биз ҳам ўрусдан ошиб кетар эдик”, деган хомхаёлда юради. Ҳомид аҳволни ўз қаричи билан ўлчайди: “Худо кофирнинг дунёсини берган”, дейди у. Зиё шоҳичининг фикри ҳақиқатга бироз яқинлашади: “Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли ҳуйимиздан”, дейди у. Айни тўғри хулоса Отабек тилидан баён қилинади: “Менимча ўруснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқида бўлса керак. Аммо бизнинг кундан кунга орқаға кетишимизга ўзаро низоимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман… Орамизда бу қўрқинч ҳолатқа баҳаққи тушунадирғон яхши одамлар йўқ, билъакс, бузғувчи ва низочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадилар… Модомики, истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғувчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни, улар ким бўлсалар ҳам, иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқузиш — нажотимизнинг ягона йўлидир…”
Афсус шуки, нажотнинг ана шу ягона йўлидан юрилмади. Яқин ўтмишдаги бу ғофилликни адиб мозористон ҳолатига қиёслади ва Отабек тилидан “мозористонда “ҳаййа алал фалаҳ” хитобини ким ҳам эшитар эди”, деган тўхтамга келди. Дарвоқе, қабристонда “нажотга келинглар!” деб хитоб қилинса, ким ҳам келарди… Тобелари бир-бирлари билан аҳил яшай олмаган жамият мозористон кабидир. Бу жамият аҳли гарчи тирик бўлиб кўринсалар-да, улар руҳан ўликдирлар. Ўтмиш воқеаларини таҳлил этган адибнинг хулосаси мана шу. Подшо зулмидан болшевик зиндонига ўтиш даврида миллат гўё бир уйғонгандек бўлди-ю, сўнг яна ғафлат уйқусини давом эттирди. Отабекни қайғуга солган ноиттифоқлик миллатни яна зиндонбанд қилди. Ёзувчи бу жараённи ўз кўзлари билан кўрди, кўра туриб руҳи фарёд этди ва бу фарёд ёзилмиш асарларига кўчди. Отабек асар бошланишида тилга олган ўзаро низо балоси роман давомида ўз аксини топа борди. Ҳомиднинг қилиғидан тортиб, Азизбекнинг фитнасига қадар, барчаси миллатни, Ватанни хорлик ботқоғига ботирувчи омил экани ўз аксини топди. Абдулла Қодирий Отабек тилидан гапириб, ғаразчиларни иш бошидан қувлаш, улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқазишни орзу қилган эди. Ўтмишдан то йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларига қадар етиб келган ғараз оқими оқибатда миллат фахрларининг жонига қасд қилди.

Ёзувчининг буюклиги шундаки, йигирманчи йилларда бу ғараз, бу зулм оқимининг йўналишини кўра билди. Адибнинг асарларида миллатни уйғотишга, бу қора оқимни тўхтатишга чақириқ бор эди. Афсуски, бу хитоб ҳам Отабек айтмоқчи, мозористондаги “ҳаййа алал фалаҳ” сингари бўлди.

Абдулла Қодирий яратган мактабнинг синфлари — бўлимлари кўп. Биз бир-икки бўлимига озгинагина назар ташладик. Адабий тилга доир маҳорат, ҳикматлар баёни, табиат тасвири… буларни ўрганиб, охирига етиш учун умр қисқалик қилар… Гапимиз бироз чўзилиб кетганидан билингки, устознинг фикрни мухтасар тарзда, гўзал равишда баён этиш маҳоратларини етарли даражада эгалламабмиз.

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида, Самарқанд дарвоза деб аталмиш ерда 37-уй бор. Эътибор берилса, уйларнинг тартиб рақамига кўра бу хонадон ўттиз еттинчи эмас. Дарвоза қошидаги “37” рақами 1937 йилдан, аниқроғи, йил адоғи — 31 декабрдан дарак бериб туради. Айнан шу куни ёзувчини оиласи бағридан юлиб олганлар. Уларнинг мақсади адибни фақат оила бағридан эмас, халқ қалбидан юлиб олиш эди. Улар бунга жисман эришдилар, холос. Руҳга, халқ қалбига таъсир ўтказишга ожиз эдилар.
Одатда одам вафот этгач, уни ювиб, кафанлаб, тобутга солиб, елкада кўтариб сўнгги манзил — қабрга элтадилар. Абдулла Қодирий ва у табаррук зотнинг биродарларига бу эҳтиром насиб этмади. Уларга бундан-да улуғроқ саодат берилди — улар халқ қалбига мангуга кўчдилар.
Адабиёт ўткинчилик қонуниятларидан холидир. Фақат адабиётгина ўлимни тан олмайди.
Самарқанд дарвозадаги 37-хонадонда Абдулла Қодирий олиб чиқиб кетилган уй ҳали ҳам бор. Ўша даврнинг нуктадонлари суҳбат қурган шийпон ҳам сақланган. Шийпон атрофида, боғ ўрнидаги уйларда адибнинг авлодлари яшашади.
Самарқанд дарвозадаги 37-уйда ҳаёт давом этяпти.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 38-сонидан олинди.