Сулаймон ўғли Муҳаммад Фузулий жаҳон адабиётида юксак мавқега эга бўлган ҳассос шоир, озарбайжон адабиётининг беназир сиймоси, девони барча туркий халқлар орасида таржимасиз севиб ўқиладиган аҳли ҳол, аҳли тариқат, зарофат, фасоҳат ва ҳикмат соҳиби бўлган ошиқи содиқ, дунёда дарвиш, маънода султон, валий зотдир. Унинг қалби ҳикмат булоғидир.
Фузулий XV аср охирида Ироқ мамлакатининг Карбало шаҳрида зиёли хонадонда дунёга келган, исломий маърифат руҳида камол топган, XVI асрда ижод қилиб, шеър рутбасига эришган соҳиби девондир. У маъно оламининг дарғаларидан биридир. Чунончи, бир ғазалида адиб: “Сулуки фақр – атворим, мазоқи ишқ ҳолимдур”, дейди. Бундан фарқу фано оламида нақди қаноат билан даража топган, ишқ завқу лаззатидан ҳол топган гўзал хулқ соҳиби эканлиги маълум бўлади.
Алишер Навоий шеъриятни “Тенгри эҳсони” деб таърифлаган бўлса, Фузулий уни “Рутбаи шеър” (“Шеър мартабаси”) деб тавсифлайди.
Ушбу муқаддима маълумотдан сўнг, Аллоҳдан мадад тилаб, Фузулийнинг ўтли, ошиқона ғазалларидан бирининг шарҳига киришамиз.
1. Манда Мажнундан фузун ошиқлиқ истеъдоди вор,
Ошиқи содиқ манам, Мажнуннинг анжақ оди вор.
“Менда Мажнуннинг ишқидан ортиқ ошиқлик истеъдоди – қобилияти бор. Ҳақиқий ошиқ менман, Мажнун фақат ошиқ деб ном чиқарган, холос”, дейди шоир.
2. Н-ўла, қон тўкмакда моҳир ўлса чашмим мардуми,
Нутфайи Қобилдурур, ғамзанг киби устоди вор.
“Кўзум қорачиғи йиғлаб қон тўкмакликда моҳир бўлса, нима бўлибди? Ахир, бу Қобилнинг насли – авлодидур, яна сенинг кўзу киприкларингдек қотил устоди бор!”
Бу байтда кўп маънолар жамланган. “Чашмаи мардуми” деган ибора кўз қорачиғи деган маънодан ташқари, кўзимнинг одами, кўзимдан қон тўкувчи, мени ўлдирувчи маъшуқам деган маънода ҳам келаётир. “Нутфаи Қобилдурур” ибораси эса, “Қабул қилувчи, қобилиятли, итоатли” деган маънолар билан бирга Одам алайҳиссаломнинг фарзанди бўлмиш Қобилнинг зурриёти маъносида ҳам келган.
3. Қил тафохурки, санинг ҳам вор мандак ошқинг,
Лайлининг Мажнуни, Шириннинг агар Фарҳоди вор.
“Сен ифтихор қилгинки, агар лайлининг Мажнуни, Шириннинг Фарҳоди бўлса, сенинг ҳам мендек ошиғинг бор!”
Бу байт матлаъни, яъни илк байтни янада ривожлантиради ва ишқ қиёси яна Мажнуни Фарҳодга боғланади. Яна мазкур байт ҳассос адиб Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” асарига шоҳбайт қилиб олинган:
“Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб ўлмиш менга гуллар аро гулларнинг Раъноси”
Деган мисраларни ҳам эсга солади.
4. Аҳли тамкинам, мени бенгзатма, эй гул, булбула,
Дарда йўқ сабри анинг, ҳар лаҳза минг фарёди вор.
“Эй гул! Мен тамкин аҳлиман, сабру қаноат, чидам ва сабот соҳибиман. Сен мени булбулга ўхшатма! Булбулнинг дардга сабри йўқ, у ҳар лаҳза минг фарёд қилади!”
Булбулнинг фарёду фиғони ҳамиша ишқ дарди сифатида ижобий таърифланган. Фузулий фавқулодда ҳол ва истеъдод билан ишқ олами талаб қиладиган хислатлар – тамкин: сабру-қаноат, бардош ва сабот фазилатларини дил аҳлига эслатаётир! Ўзининг булбулдан зиёд чидам ва бардоши борлигини исбот этаётир.
5. Ўйла бадҳоламки, аҳволим кўранда шод ўлур,
Ҳар кимингким давр жавриндан дили ношоди вор.
“Мен дард билан шундай қайғули, шундай ёмон аҳволдаманки, кимнингки давр жабридан ғамгин кўнгли бўлса, менинг аҳволимни кўрганда, шодланади, менинг аҳволим уникидек аянчли эмас, деб шукр қилади”.
Бундай муболағадорлик, дарду ғамнинг оғирлигини зиёда таъриф билан билдириш Фузулийнинг бошқа ғазалларида ҳам кўп учрайди. Қуйидаги байтда шоир мисли кўрилмаган маърифий муболағани қўллайди:
Бу ғамларким маним вордир, байиринг устина қўйсанг,
Чиқар кофир жаҳаннамдан, кулар, аҳли азоб ўйнар!..
“Агар менда мавжуд бўлган дардларни туянинг устига қўйсанг, кофир дўзахдан чиқади, аҳли азоб кулиб ўйнайди”. Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарган ва кибру ҳаво билан улардан бош тортган кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игнанинг тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар. Жинояткор осийларни ана шундай жазолаймиз”, (“Аъроф” сураси 40-оят).
Ҳақ таоло аҳли куфр дўзахда абадий қолишини кўпгина оятларда билдирган ва мазкур оятда ҳам улар ҳеч қачон жаннатга кира олмасликларини игна ва туя ифодалари билан баён этган. Фузулий айтади: “Агар менинг ғамларимни туянинг устига ортсанг, туя бу оғир юкларга чидай олмай ипдек озиб кетади ва игнанниг тешигидан ўтадиган аҳволга келади. Туя игнанинг тешигидан ўтадиган бўлса, бас, куфр аҳли дўзахдан чиқиб, кулиб ўйнайди!”
Бу муболағадан мурод ишқ дардининг нечоғ оғирлигини билдириш ва шеърият муҳибларини маърифатдан, Қуръондаги илоҳий ҳақиқатдан огоҳ этишдир. Юқоридаги байтда эса: менинг ғамим бошқаларнинг шодлигига сабаб бўлади, дейилмоқдаки, бу байтлар орасида муайян маъно ўхшашлиги бор.
6. Кезма, эй кўнглим қуши, ғофил фазои ишқда –
Ким, бу саҳронинг гузаргоҳларда чўх сайёди вор.
“Эй кўнглим қуши, ишқ фазосида ғофил ҳолда кезма, чунки бу бепоён саҳронинг ўтар жойларида кўп овчилар, йўлдан урувчилар, кўп қароқчилар бор”.
Мазкур байтда Нақшбандия тариқатидаги икки рашҳа – икки қоидага ишора қилинган: 1. “Ҳуш дар дам”, яъни ҳар нафасда, ҳамиша Аллоҳдан огоҳ бўлиш, ғофил қолмаслик қоидаси. 2. “Назар бар қадам”, яъни зоҳиран: оёқ учига қараб юриш, атрофга олазарак боқмаслик, ҳаёли-иболи бўлиш, маънан эса эришган мартабага диққат-эътиборли бўлиш, кутилмаган гуноҳлар билан, ғафлат билан маънавий даражани қўлдан бериб қўймаслик қоидаси. Зеро ишқ водийси сулукдаги мақомлардан биридир. Сўфи Аллоҳёр ҳам тариқат йўлини таърифлаб:
Ўшал ганжи ниҳон ётқон заминда
Муҳайёдур қароқчилар каминда,
дейди, яъни: “Ўша яширин хазиналар ётган ерда қароқчилар пистирмада пой лаб туришади, дея соликни ҳушёрликка чорлайди”. Шунингдек, Фузулий ўзининг қол илмлари билан бирга ҳол илмларида ҳам нуктадон эканлигини мазкур байтда билдирган.
7. Эй Фузулий, ишқ манъин қилма носиҳдан қабул,
Ақл тадбиридур ул, сонмаки, бир бунёди вор.
“Эй Фузулий, носиҳдан – насиҳат қилувчидан ишқни манъ этиш ҳақидаги ўгитни қабул қилма, чунки бу ақл тадбирибир, бошқа бир асоси, далил – ҳужжати бор деб ўйлама!”.
Фиқҳда ақлий далиллар ва нақлий далиллар ифодаси бор. Нақлий далиллар – Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар. Ақлий далиллар – буларни қувватлайдиган ҳаётий мисоллар. Ишқ-муҳаббат, Аллоҳни севиш ва Унга севилиш Қуръони каримда баён қилинган нақлий далилдир. Носиҳнинг ишқни тарк этиш ҳақидаги ҳукми эса ақл тадбиридир, ишончи, пойдевори, асосли далил-ҳужжати йўқ. Шу боис бу фикрни қабул қилма, дейди Фузулий.
Ишқ – ақл ўлчовларига сиғмайдиган улуғ бир қуёш. Ақл эса онг ва қалбни ёритувчи бир чироқ. Қуёш бор жойда чироққа эҳтиёж борми? – дейди Фузулий. Бошқа машҳур ғазалида ҳам: “Ақл ёр ўлсайди, тарки ишқи ёр этмазмидим!..” дея ишқи илоҳий боис гўзал тавозуъ кўрсатади.
Бу кун ва ҳамиша мумтоз шеъриятга янгича ёндашиш, унинг замиридаги мажоз санъати билан пардаланган ҳақиқатларни тўғри, самимий, илм-маърифат руҳи билан шарҳлаш зарурияти бор. Навоий, Фузулий, Машраб девонларига эҳтиёж бор. Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” достони ҳам бу тур достонлар орасида энг гўзал, энг фасоҳатли, энг севимлиларидан биридир.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 6-сон.