Мавлоно Отойи ўзбек классик шоирларининг мўътабар ва машҳурларидандир. У XIV аср охири ва XV асрда яшаб ижод қилди. Бу даврда ўзбек адабий тили ҳали шаклланиб улгурмаган эди. Алишер Навоийнинг кўрсатишича, бу пайтда Мавлоно Аҳмадий, Мавлоно Муҳаммад Саккокий, Мавлоно Муқимий, Мавлоно Юсуф Амирий, Мавлоно Сайид Аҳмад Хўжандий, Мавлоно Лутфуллоҳ Лутфий, Мавлоно Гадоий, Мавлоно Яқинийлар билан бир қаторда ўзбек тилида ажойиб ва хўб маъноли ижод қилган Мавлоно Отойи бўлади.
Бизнингча, шоир Отойининг ҳақиқий номи Ҳусайн бўлиб, кейинчалик Ҳусайн Шайх деб аталган бўлса керак. Филология фанлари доктори, марҳум Э. Р. Рустамов тузган, 1958 йилда ЎзССР Давлат адабиёт нашриёти томонидан чоп этилган Отойининг «Танланган асарлари»да «Менго» радифли ғазали бор. Шу ғазалнинг охиридаги икки мисра қуйидагича:
Мен Отойимен Ҳусайний ҳусн ичинда сен Ҳасан,
Карбалодур равзаи боғи жинон сизсиз менго.
Биз «Мен Отойимен Ҳусайний…» деган сўзларни шоирнинг тахаллуси ва ўз номи деган қарорга келдик. Бу мулоҳазамизни тарихий маълумотлар ҳам тасдиқламоқда.
Алишер Навоий «Насоимул муҳаббат» асарида Ҳусайн Шайх ҳақида шундай ёзади:
«Ҳусайн Шайх — Исмоил ота фарзандларидандир. Мустаҳсан (гўзал) муомилалиқ киши эмиш. Халқ анинг атвориға (хулқига, феълига) фирифта (гирифтор) бўлибтурлар. Дунё асбоби сори майл қилмайдур (дунё бойликларига эътибор қилмайдур) ва бовужуди фақир ўзини ул нав ғаний (камбағал бўлишига қарамасдан ўзини шундай бой) кўргузур эрмишки, халқ риоят (эҳсон) йўлин топмаслар эрмиш. Оламдин ўтган замонда манқулдурким (ривоятким, нақлким), элдин ғойиб (йўқолган, йўқ) бўлгандир. (Ҳозир бўлғач (қайтиб келгач) боши устида бир қуш қўнғон (қабр устида бўлса керак) эрмишки, ҳеч ким ул нав 3 нусха нақшу ранг қуш кўрмагандур. Элни кўргач учубтур». (Алишер Навоий, 15-том, 156-бет).
Мавлоно Отойи ҳақида Алишер Навоий «Мажолисун-нафоис»нинг иккинчи мажлисида шундай ёзади:
«Мавлоно Атойи (Отойи бўлиши керак, А. Навоийнинг 12-томини нашрга тайёрловчи Отойи сўзини хато ўқиб, Атойи ёзган бўлиши мумкин. — М. А.) Балхда бўлур эрди. Исмоил ота фарзандларидандир, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит (очиқ кўнгилли, нуроний) киши эрди. Туркигўй эрди. Ўз замонида шеъри атрок (турклар, турк қабилалари, қадимги ўзбеклар) орасида шуҳрат тутди. Бу матлаъ анингдур:
Ул санамким сув қироғинда паридек ўлтурур,
Ғояти нозуклугидин сув билан ютса бўлур.
Қофиясида айибғинаси бор. Аммо Мавлоно кўп туркона айтур эрди. Қофия эҳтиёжига муайяд (боғлашга моҳир) эмас эрди. Қабри Балх навоҳисидадур». (Алишер Навоий. 12-том, 62— 63-бетлар).
Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарининг Ҳусайн Бойқаро даврида яшаган шахслар, шоирлар ва олимларга багишланган бўлимида Мавлоно Шайх Ҳусайнни «Ҳукамиёт ва ақлиёт ва калом илмини хўб билур эди. Оз алфозда (оз гапда) кўп сўз топиб, диқкат била гуфтугу қилмоқ (гапу сўз қилмоқ) онинг ихтиросидур», деб таърифлаб, Султон Абусаид Мирзонинг замонида жуда катта ҳурматга эга бўлиб, унинг ҳар ишида у билан маслаҳатчи ва улфат бўлганлигини ва Мирзо Ҳусайн Бойқаро даврида негадир унга ёқмай қолиб, қандайдир бир «иҳонатлар» (туҳматлар)га йўлиқтирилиб хор килинганлигини ёзган.
Демак, Мавлоно Отойининг номи Ҳусайн Шайх эканлигини аниқладик, десак бўлади.
Энди шоир яшаган даврни, жуда аниқ бўлмаса-да, ҳар ҳолда бир оз ёритишга ҳаракат қиламиз.
Академик Ғафур Ғулом 1959 йил 21 январда «Ўзбекистон маданияти» газетасида «Атойи эмас, Отойи» мақоласида қуйидагиларни ёзган:
«Шоир Отойининг таржимаи ҳолидан шу нарса аниқки, шоирнинг ота-боболари насаб жиҳатидан бир-икки бўғин орқали Аҳмад Яссавийга бориб туташади. Шоирнинг отаси Исмоил ота, амакиси Иброҳим оталарнинг мозори Тошкентнинг шимолидадир. Бу мозорлар ҳали ҳам бор. Революциягача катта зиёратгоҳ бўлган ерлар, Шоир Отойи шимолий Туркистоннинг (Чимкент, Сайрам, Туркистон, Ийқон, Ўтрор) қайси бир еридадир туғилиб, кейин маърифат қидириб қадим пойтахтимиз Ҳиротга (Ҳирийга) бориб, шу ерда тургун бўлиб қолган бўлса керак. У Шоҳруҳ ва Улуғбеклар даврида яшаган, ижод қилган».
Алишер Навоий, Ғиёсиддин Муҳаммад Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Отоуллоҳ Ҳусайний ва 1950 йилда Москвада босилган «Антология узбекской поэзии» китобининг 107-бетида берилган маълумотлар бўйича шоир Мавлоно Ҳусайн, Шайх Отойи Шоҳрух Мирзо, Рукнуддин Мирзо Алоуддавла, Жўги Мирзо, Мирзо Улуғбек, Абдулатиф Мирзо, Абусаид Мирзо ва Султон Ҳусайн Бойқаро даврларида яшаб ижод қилганлиги аниқланди.
Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг «Бадойиъу-с-санойиъ» (китоб 1981 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилган) асарида Шайх Ҳусайн вафотига доир қуйидаги тарих ёзилган:
«Устод-и афзал-и жаҳон шайх Ҳусайн
Дар рафтан-и дор-и хулд кард истеъжол.
Таърих-и вафот мешудам «ном тамом»,
Рафтий кас ва ин агар саду панжоҳ сол».
Китобда қитъанинг таржимаси берилган: «Жаҳон фозилларининг устоди Шайх Ҳусайн абадийлик юртига кетишга шошилди. Вафоти тарихи бутун номи бўлар эди, агар бундан юз эллик йил ўтса эди».
Тарих: бутун ном — Шайх Ҳусайн 1083 бўлади, бундан 150 кетса, ҳижрий 883-йил ҳосил бўлади. Бу — мелодий 1478 йилга тўғри келади.
Шундай қилиб, Мавлоно Отойининг номи Ҳусайн Шайх Отойи бўлиб, Исмоил ота ўғли эканлиги ва вафоти Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро ҳукм юргизган даврга тўғри келиши аниқланади.
Савол туғилади: нима сабабдан Мавлоно Ҳусайн Шайх Султон Ҳусайн Бойқаро томонидан ҳақорат қилиниб, қораланди. Шу сабабданки, Бобур ўз асари «Бобурнома»да гувоҳлик берганидек, Султон Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтини эгаллагач, айш-ишратга берилади, саккизта хотинга уйланади, шуларнинг иккитаси Ҳусайн Бойқаро билан тахт талашиб, енгилиб ҳалок бўлган Абусаидхоннинг Поянда Султон бегим ва Шаҳрубону бегим деган қизлари эди. Бу ҳам етмагандек, Султон Ҳусайн илгари Абусаидхон ҳарамида бўлган «ғунчачи» («канизак») Хадичабегимга ҳам уйланиб олган эди.
Бизнинг аниқлашимизча, Ҳусайн Шайх Султон Абусаидхондан кейин бир оз вақт Султон Ҳусайн Бойқаро саройида Шайхул ислом (дин назорати бошлиғи) вазифасида ишлайди. Ана шу даврда подшоҳ Ҳусайн Бойқарони покликка, тартиб-интизомга чақирган бўлса, албатта, бундай тергашлар подшоҳга ёқмаган бўлиши мумкин. Шу сабабдан у Ҳусайн Шайх Отойини ноҳақ ҳақоратлаб, бирор туҳмат уюштириб, уни саройдан бадарға қилган бўлиши мумкин.
Демак, шоир Мавлоно Ҳусайн Шайх Султон Ҳусайн Бойқаро давлати томонидан сиёсий таъқибга учраган. Шундай бўлгач, у умрининг охирги кунларида ҳақиқатан ҳам хор-зор бўлиб, Балх шаҳрида вафот этганлигига шубҳа қолмайди.
Бу ҳолни шоир Ҳусайн Шайх Отойининг ўзи ҳам шеърларида тасдиқлаган:
Чун сифлалар насиби бўлибтур Ҳироту тўн чун
Кел, хирқа кий Отойи, равон бўл Ҳироттин.
Яна:
Эшикингдаким, шаҳаншоҳларга анда бор-йўқ,
Бу Отойидек гадойи беватандин ким десун?
Энди севимли шоиримиз Ҳусайн Шайхнинг отаси, акаси ва бошқа яқин авлодлари ҳақида сўз юритамиз.
Алишер Навоий «Насоимул-муҳаббат» асарида шоир Мавлоно Ҳусайн Шайх Отойининг отаси Исмоил ота ҳақида қуйидагича ёзади:
«Исмоил ота — Хожа Аҳмад Яссавийнинг Иброҳим ота отлиг инисининг ўғлидур ва Хожанинг муриди ва назар қилғонидур ва анга мурид ва асҳоб (суҳбатдош) бўлибтур. Ва каромат ва мақомат ва хавориқи одат бениҳоят ва ёши юзга яқин ва авлоди ўн етти ё ўн саккиз бор эди ва оламдин ўтарда авлоди орасидан Исҳоқ отани ўз қоим мақоми (ўринбосари) қилиб оламдин ўтубтур».
Мавлоно Отойининг отаси Исмоил ота ҳақида тарихий маълумотлардан бирида қуйидагича хабар берилади:
Камолуддин Ҳусайн ибн Али Воиз ал-Кошифий — ҳиротлик машҳур ваъзхон ва илоҳиёт олими, Абдураҳмон Жомийнинг қайниси (ҳижрий 818—848, мелодий 1440—1450 йилларда туғилган ва вафоти ҳижрий 910 йил, мелодий 1504 йил) ўзининг «Рашоҳати айнул-ҳаёт» асарида Исмоил отанинг Хузиёнда (Тошкент билан Сайрам ўртасидаги қадимги бир вилоят) туғилгани ва Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф оқимини давом эттирувчиларидан бўлганини айтади.
Шоир Отойининг акаси Исҳоқ ота ҳақида Алишер Навоий «Насоимул-муҳаббат» асарида ёзган:
«Исҳоқ ота чун отасиға халаф ва халифа ва қоиммақом эрди. Мурид ва асҳобқа пешволиқ қилиб, отаси зикр ва авродига қиём кўргузубтур ва ўз замонасида муқтадо эрмиш».
Бизнингча, Қозоғистоннинг Чимкент областига қарашли Ленин районидаги ҳозирги Турбат қишлоғи XV асрда номи «Хузиён» деб аталиб, у вилоят (область) бўлган бўлиши мумкин. Чунки «Турбат» қишлоғи ҳақиқатан ҳам Сайрам билан Тошкент шаҳарлари оралиғида пасту баланд қир, унинг ёнбағирларига жойлашган табиати майин ва гўзал қишлоқ.
Отойининг отаси Исмоил ота қабри Турбат мозори бошланишида — катта мақбара ичида. Унинг номи ва яшаган даври темир тахтага ўйиб ёзилган. Исмоил ота мақбараси пишиқ ғиштдан айлана шаклида томи гумбаз қилиб қурилган.
Шоир Отойининг, рафиқасининг, акаси Исҳоқ отанинг қабрлари ҳам Турбат қишлоғининг «Қизил деҳқон» участкасидаги мозорда жойлашган. Мақбара эшигидан ичкарига кириш олдида сомон сувоқли бир қабр бор. Бу қабр — камтарин шоиримиз Отойининг қабри. Шимол тарафдаги даҳмада шоирнинг акаси Исҳоқ ота, ғарбдаги даҳмада — қабрда шоир Отойининг рафиқаси ётибди.
Биз Алишер Навоийнинг шоир Мавлоно Отойининг қабри Балхда, деган сўзларини рад этмаган ҳолда, унинг жасадини сўнгроқ ўзи туғилиб ўсган ота ва она юрти Турбат (эски номи «Хузиён») қишлоғига қариндошлари олиб келиб, уларга аталган мақбара ичига кўмишган бўлиши ҳам мумкин, деган тахминдамиз.
Бизнингча, Ҳусайн Шайх вақтинча Балх шаҳрига дафн этилиб турган. Ўша даврларда Султон Ҳусайн Бойқаро давлати қарам ҳамма вилоятларга Шайхулис лом бўлган Убайдулло ҳожа Аҳрор ҳам Аҳмад Яссавий авлодларидан бўлиб, шоир Отойига қариндош эди. Шу сабаб ҳам Мавлоно Ҳусайн Шайх вафот этгач, орадан бир оз вақт ўтгач, унинг жасади Балх шаҳридан Турбат қишлоғига — шоирнинг акаси Исҳоқ ота дафн этилган мақбарага олиб келинишида катта роль ўйнаган бўлиши мумкин.
Бизнинг бу мулоҳазаларимиз келажакда синчков шарқшуносларимиз томонидан ўрганилиб аниқланадиган жумбоқлардан бири бўлиши керак.
Ўзбек халқининг буюк алломаси ва гениал шоири Алишер Навоийнинг устози ва энг яқин дўсти Абдураҳмон Жомийни тожик халқи ўзларининг ардоқли фарзанди ва машҳур шоири, олими деб шу кунларгача фахрланиб келадилар. Баъзи олимларнинг маълумотларига кўра, Абдураҳмон Жомийнинг келиб чиқиши, насл насаби ўзбек халқининг севимли шоири Ҳусайн Шайх Отойи ва унинг ота-боболари наслига бориб уланар экан. Мана бунинг исботи:
Ленинобод шаҳридаги Тожикистон ССР С. М. Киров номидаги Давлат педагогика институтининг катта ўқитувчиси, филология фанлари доктори, профессор Эргашали Шодиев 1971 йилда «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 2-сонига ёзган «Ҳозиқ куллиёти» илмий мақоласида шундай ёзган:
«Ҳозиқ куллиёти» асосан тўрт бўлимдан иборат бўлиб, қўлёзманинг дастлабки икки бўлимида Ҳозиқнинг шу кунга қадар фанимизга маълум бўлмаган икки рисоласи мавжуд.
Биринчи рисола автор томонидан номланмаган бўлиб, унда Ҳозиқ ўзининг энг қадимий авлодларидан бошлаб то бобоси Шайхуллоҳи Хиравийгача санаб ўтади. Шуниси характерлики, Ҳозиқ санаган авлодлари қаторида Хўжа Аҳмад Яссавий, Саъдудин Кошғарий, Абдураҳмон Жомий, Хўжа Аҳрор кабиларнинг номлари ҳам тилга олинади».
Энди биз қўлимиздаги мавжуд маълумотларга таяниб, Ҳусайн Шайх Отойи авлодларидан баъзиларининг номлари билан таништириб ўтамиз:
1. Ифтихор.
2. Маҳмуд.
3. Шайх Иброҳим (Сайрамда шайхлик қилиб ўтган. Маълумки, Тошкент область, Калинин районидаги Калинин қишлоқ Советида Охунбобоев номли колхоз территориясида Иброҳим ота номида қишлоқ ва шу қишлоқда Иброҳим ота қабри бор).
4. Қорасоч момо (Шайх Иброҳимнинг онаси.)
5. Латиф ота (Қорасоч момонинг акаси, қабри Сайрамда).
6. Мустафоқул (Қорасоч момонинг укаси, қабри Сайрамда).
7. Аҳмад Яссавий Шайх Иброҳим ўғли (вафоти 1166 йил. Мавлоно Хисомиддин Сиғноқийнинг рисоласида айтилишича, Аҳмад Яссавий 130 йил умр кўрган экан. Аҳмад Яссавий қабри Туркистоннинг Ясси деган жойида).
8. Жамолхоним (Аҳмад Яссавийнинг қизи. Унинг қабри отаси қабри жойлашган мақбара яқинида 1896 йилга қадар сақланиб турган).
9. Гавҳар-Хуштари (Аҳмад Яссавий кизи, унинг номига нисбат берилган қабр ҳозир ҳам бор).
10. Аҳмад Яссавий ўғилларидан бирининг қабри Тошкентда — ҳозирги Госпиталь бозори атрофида бўлган.
11. Ҳаким ота — Сулаймон Боқирғоний (Хоразмда яшаб, 1192 йилда вафот этган. У шеърий йўл билан «Охир замон» ва «Боқирғоний» деган икки диний китоб ёзган).
12. Қусам Шайх —Ул турк машойихидиндур. Хўжа Аҳмад Яссавий хонадонидиндур. (Алишер Навоий. «Насоимул-нафоис»да).
13. Халил ота.
14. Қўрқут ота (12 бобли «Қўрқут ота китоби» деган насиҳатнома достон ёзган. «Ёшлик» журналининг 1988 йил 5-6-7-сонларида эълон қилинди).
15. Занги ота (вафоти 1258 йил). Унинг номида Калинин районида «Зангиота» қишлоғи бор. Шу қишлоқдаги қабристонда Занги ота қабри жойлашган мақбара ҳам бор.
16. Анбар она Буғроқхон қизи (Занги отанинг рафиқаси. Қабри Занги ота мақбарасининг ёнидаги алоҳида мақбара ичида).
17. Иброҳим ота (Аҳмад Яссавий иниси).
18. Исмоил ота Иброҳим ота ўғли (қабри Қозоғистоннинг Турбат қишлоғидаги мозорда, мақбара ичида).
19. Исҳоқ ота Исмоил ота ўғли (қабри Турбатнинг «Қизил деҳқон» участкасидаги мозорда, мақбара ичида).
20. Шоир Ҳусайн Шайх Отойи Исмоил ота ўғли (қабри Турбатнинг «Қизил деҳқон» участкасидаги мозорда — мақбара ичида. Вафоти 1478 йил).
21. Мансур ота.
22. Хожа Баҳоуддин (Исмоил отага набира).
23. Хожа Боязид.
24. Хожа Халил ота.
25. Мавлоно Саъдиддин Муҳаммад Кошгарий (вафоти 1456 йил. Алишер Навоийнинг устозларидан бири).
26. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1399 — 1489 йиллар). «Волидия» («Она») деган достон ёзган.
27. Абдураҳмон Жомий Аҳмад Жомий ўғли (1414—1493 йиллар).
28. Мавлоно Муҳаммад Жомий Аҳмад Жомий ўғли (Абдураҳмон Жомийнинг иниси).
29. Амир Бурҳониддин Отоуллоҳ Отойи (вафоти 1497 йил). («Жавоҳирул асмо» деган асар ёзган ва мадрасаларда талабаларга дарс берган).
30. Амир Бурҳониддин Отоуллоҳ Маҳмуд Ҳусайний Отойи (тахминан 1430 — 1440 — 1513 йил). Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоийнинг севимли шогирди бўлган. Уч илмий асар ёзган: «Рисолаи қофия» («Қофия ҳақида рисола»). «Бадойиъу-с-санойиъ» (Ғиёсиддин Муҳаммад Хондамирнинг айтишича, «Рисолаи дар саноеъ ва бадое шеърий». Китоб ўзбекчага Алибек Рустамов томонидан таржима қилиниб, 1981 йилда Тошкентда босилиб чиққан: «Такмилу-с-синоъа» («Мукаммал шеър фани»).
31. Амир Жамолиддин Отоуллоҳ Фазлуллоҳ Асилий ўғли ал-Ҳусайний Отойи — вафоти 1520 йил. Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоийнинг ардоқли шогирди бўлган, «Равзат ул-аҳбоб фи сияр ан-набий вал-асҳоб» («Пайғамбарлар ва саҳобалар ҳаётида жаннат боғи») деган икки жилдли асар ёзган.
32. Камолуддин Ҳусайн Воиз Али ал-Кошифий ўғли (туғилган йили тахминан 1440-50 йиллар ораси, вафоти — 1504 —1505 йиллар. Отаси Али Эроннинг Кошон номли шаҳаридан бўлгани учун ал-Кошифий деб аталган. Абдураҳмон Жомий Камолуддин Ҳусайн Воизнинг туғишган опасига уйланган эди. Шунинг учун унга устозлик қилган. (У қомусий билимдон ва уста нотиқ бўлганлиги учун «Воиз» («Нотиқ») тахаллусини олган. Камолуддин Ҳусайн Воиз 1470 йилдан бошлаб Алишер Навоий билан дўстлашиб, унга атаб «Мавоҳиби олия» («Олий туҳфалар») асарини ёзган. Ўзбек ва форс-тожик тилларида иккита шеър ва ғазаллар девонини тузган. 8 та илмий китоб муаллифи).
33. Фахриддин Али Сафий Камолуддин Ҳусайн Воиз ал-Кошифий ўғли (вафоти 1533 йил. У «Латоиф ут тавоиф» («Турли тоифалар латифалари») деган асар ёзган).
34. Сулаймон Хожа.
35. Абдулваҳҳоб Хожа Ориф — шоир (Ориф — тахаллуси, 80 ёшда вафот этган).
36. Шайх Али Хожа Шавқий Абдулваҳҳоб Хожа Ориф ўғли — шоир (63 ёшда вафот этган).
37. Бобожон Хожа — Важдий ва Жиддий тахаллуслари билан шеърлар ёзган Абдулваҳҳоб Хожа Ориф ўғли.
38. Ибодулло Сайид Пошшо Хожа (Пошшохожа ва Хожа тахаллуслари билан ижод қилган, Абдулваҳҳоб Хожа Ориф ўғли (1478 —1566-68 йиллар). «Гулзор», «Мифтоҳ уладл» ва «Максад ул-атвор» деган таълим-тарбияга оид асарлар муаллифи.
39. Хожа Баҳоуддин Ҳасан Хожа Нисорий Ибодулло Сайид Пошшо Хожа ўғли (1515 — 1595 йиллар. «Музаккир ул-аҳбоб» деган асар ёзган).
40. Абдусалом.
41. Бобохожа.
42. Шайхимхожа.
43. Жунайдулло Ҳозиқ Ҳаким (1843 иилда) Амир Насрулло томонидан қатл этилган. «Юсуф ва Зулайҳо» достонини ёзган, таржима ишлари билан машғул бўлган, шеър ва газаллар ёзган.
44. Муҳаммад Азим Нодим — шоир (Ҳозиқнинг жияни).
Юқорида номлари зикр этил ган кишиларнинг ҳаммаси ўз даврининг машҳур кишилари ва давлат арбоблари бўлганлар. Адабиётшунос ва шарқшунос олимларимиз маданиятимиз тарихига оид маълумотларни яна тўлдириб борадилар, деган умиддамиз.
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 1-сон