Саидвафо Бобоев. Тақдир ўйини (ҳикоя)

Ўшанда 1980 йилнинг рутубатли кузи эди. Бу кунларни машҳур ёзувчининг таъбири билан тавсифласак:”…Куз шу қадар ғамгин эдики, беихтиёр кишининг йиғлагиси келарди”. Лекин бу ғамгинликни ҳар қандай кас ҳам ҳис қилавермасди. Улуғ меъмор беш қўлни баравар қилиб яратмаганидек, кўнгиллар ҳам турлича-да. Шунинг учун ҳам дунёни англаш, тирикликдаги муддаони идрок қилиш, ҳар кимда ўз қаричига муносиб кечади.
…Эрталаб кўча эшигимиздан кимдир овоз берди. Қарасам, қўшнимиз Абди ошпаз экан.
– Отанг қани? – деди Абди амаким.
Унинг юз-кўзларида аллақандай саросима бор эди.
– Отам бозорга кетганлар…
Ростдан ҳам ўша куни эрталаб отам онам билан опамнинг тўйига у-бу харид қилиш учун бозорга тушиб кетган эди.
– Отангга айт, бозордан келиши билан Бўрибой аканикига борсин, бечора бандалик қилибди, – деди Абди амаки. Сўнгра ортига бурилди-да, тез-тез юриб кетди.
Дарвозада ҳангу-манг бўлиб қолдим. Абди ошпазнинг гапига ишониш қийин эди. Ахир, Бўрибой ака қандай қилиб ўлади, куни кеча эл-юртга донғини чиқариб тўй қилиб берган эди-я… Ўзиям тўймисан тўй бўлди-да. Пойтахтдан энг таниқли артистлар ташриф этдилар. Туманимиздаги не-не казо-казолар тўй соҳибига, унинг меҳру саховатига ҳамду санолар ўқидилар. Ушбу кечанинг асосий “айбдорлари” келин билан куёвга кейинги ҳаётларида бахт-саодат тиладилар. Хуллас… ана шундай тўй қилиб берган Бўрибой ака ҳали тўй тарқамаси… бўлиши мумкин эмас. Наҳотки ўлиш шунча осон бўлса? Балки бўлиши мумкиндир, лекин Бўрибой аканинг ўлиши мумкин эмас. Нима учундир менга шундай туюларди. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор.
Биз Акмал билан бир синфда ўқиганмиз. Акмал Бўрибой аканинг тўнғич ўғли. У ҳеч қаерда ишламайди. Лекин ҳар доим чўнтагида пули кўп бўлади. Тагидаги машинасини ҳар олти ойда янгисига алмаштириб туради. Лекин, тўғрисини айтиш керак, у қанчалик бойвачча бўлмасин, манманлик қилмайди. Мен уни шунинг учун ҳам бошқа жўраларимдан кўпроқ яхши кўраман.
Мен бу хонадонга ёшлигимдан тез-тез бориб турардим. Уларнинг уйида ҳар доим меҳмон бўларди. Чунки Бурибой ака туман марказида жойлашган Ароқ заводининг директори эди.
Куни кеча Акмалнинг тўйи бўлди. У ўзи хоҳлаганидек шаҳарлик қизга уйланди. Дарвоқе, Акмалнинг уйланиши қизиқ бўлди. Атиги бир ойнинг ичида қиз ҳам топилди, фотиҳа ҳам бўлди, тўй ҳам. Доно халқ бекорга: “Пул бўлса чангалда шўрва” демаган экан.
Хуллас, мен ҳам шаҳарга куёв жўра бўлиб бордим. Келиннинг исми жисмига монанд Сурайё экан. Буни қарангки, ана шундай бахтли кунда Бўрибой ака…
Мен Акмалларнинг ҳовлисига кириб борганимда қиёмат қоим бўлиб ётарди. Супанинг бир четида Акмалнинг онаси, чорпояда эса бувиси ҳушидан кетиб ётарди. Акмал эса юзларини чангаллаганича, бир чеккада ўтирарди. У мени кўриши билан ҳўнграб йиғлаб юборди. Бундай кунни яратган ҳеч кимнинг бошига солмасин. Лекин начора, такдирга тадбир қилиб бўлмайди. Бўрибой ака юрак хуружидан вафот этибди. Уни ўша куни кўмиб келишди. Қўша-қўша машиналар, данғиллама уйлар бари сабил қолди. Куни кеча бу хонадонга ўйин-кулги билан кириб келган дўсту ёронлар бутун боши эгилган кўйи кўзларида ёш билан чиқиб кетдилар. Бир кунда барчаси бир уюм тупроққа айланди.
Орадан икки кун ўтди. Эрталаб онам хунук хабар топиб келди. Раҳматли Бўрибой аканинг янги келини йўқолиб қолибди. Қулоқларимга ишонмадим. Апил-тапил кийиндим-у, Акмалларникига чопдим. Борсам, уйда Акмалнинг онаси йиғлаб ўтирибди. Айтишларича, кечаси келини қаергадир кетиб қолибди. Акмал эрталаб шаҳарга қайнонасиникига кетибди.
Менга бу кўргиликлар ҳам бормиди. Энди эл-юрт орасида қандай бош кўтариб юраман. Отасининг ўрнига мен ўлиб кетаверсам бўлмасмиди, – бечора она ўртаниб йиғларди.
Мен онаизорга тасалли беришга ҳам журъат қилолмадим. Бундай вазиятда ортиқча насиҳатгўйлик қилиш инсофсизликдек туюлди. Аслида, ростдан ҳам бу воқеа… айниқса бизнинг ўзбекчилигимизда шармандали эди.
… Сурайёни уч кун деганда топишди. У узокроқ бир қариндошининг уйида экан. Энг қизиғи, янги келин нима учун уйидан кетиб қолганини ҳеч кимга изоҳлаб бериб ўтирмади. “Мен эрим билан яшамайман, тамом вассалом” деди. Табиийки, бу жавоб куёвтўранинг ҳамиятига тегди. Қолгани ўзингизга маълум. Шундай қилиб, не-не орзу-умидлар билан тикланган оиланинг умри атиги тўрт кунгина бўлди. Бу мудҳиш воқеани эшитганлар турлича тахминларга боришди. Биров келиннинг ўйнаши бор экан деса, яна кимдир куёв… анақа экан дейишди. Яна кимдир асли келиннинг куёвда кўнгли йўқ деса, бошқа бири… Хуллас, шу тўрт кунлик оиланинг қисмати оғзига кучи етмаганлар учун зўр ҳангома бўлиб қолди. Аслида, воқелар ривожи ҳам ҳангома қилишга арзирди-да. Тасаввур қилинг, севишиб турмуш қурган келин дабдурустдан “мен бу одам билан яшамайман” деб туриб олса. Бирор сабабсиз шундай бўлиши мумкинми? Агар мумкин бўлмаса, Акмал билан Сурайё нима сабабдан ажрашиб кетишди? Мен бу саволларнинг жавобини орадан роппа-роса ўн йил ўтиб билиб олдим. Бу жавоблар шу қадар муд­ҳиш ва шармандали эдики, бунга инсон боласи чидай олмасди.
Бир куни қандайдир иш билан шаҳарга тушдим. Қайтишда бозордан ул-бул харид қилиб энди чиқаётсам… қаршимда бўйнига чиройли рўмол ташлаб олган бир жувон табассум қилиб турарди.
– Сиз мени танимадингиз-а, – деди у синиқ овоз билан. – Мен… Сурайёман.
– Тушунмадим, қайси Сурайё?
– Акмал акам яхши юрибдиларми?
Тепамдан бир челак совуқ сув қуйгандек бўлди. Мен уни танидим. Наҳотки шу Сурайё бўлса?
– Менда нима ишингиз бор эди? – дедим беихтиёр.
– Шунақа дейишингизни билган эдим. Лекин сиз озгина ҳақиқатдан хабардор бўлганингизда ҳозир менга бундай муомала қилмаган бўлардингиз.
Унинг гапларидан ҳайрон қолдим. Тавба, у қандай ҳақиқат ҳақида гапираяпти ўзи?
– Сиз Акмал аканинг яқин дўс­тисиз, шунинг учун барча сирлардан огоҳ бўлишга ҳаққингиз бор. Ушанда мен бекорга уйдан кетиб қолмаган эдим.
Сурайё мени қўярда-қўймай бозор четидаги ошхонага бошлади. У менга нима учун Акмал билан ажрашганини бафуржа айтиб бермоқчи бўлди. Бу ҳикоя мен учун жуда қизиқ ва айни пайтда жуда муҳим ҳам эди.
– “Банданинг боши, Оллоҳнинг тоши”, дер эди раҳматли бувим. Бир пайтлар бу гапларга унчалик тушунмасдим. Бугун аминманки, “қари билганни пари билмас экан”. Ростдан ҳам одамзоднинг боши тошдан-да қаттиқ бўлар экан. Менинг ёшим энди ўттиздан ошди. Лекин мени бугун ҳеч ким ўттизга кирган жувон демайди.
Сурайё беихтиёр йиғлаб юборди. Унинг йиғиларида жуда оғир ва аламли изтиробларнинг шарпаси бор эди. Мен эса жувоннинг қаршисида ҳайрону лол эдим. Нималар бўляпти ўзи? У сумкасидан рўмолчасини олмоқчи бўлди. Шунда… унинг оппоқ қўлларига кўзим тушди. Во ажаб, унинг қўллари оқариб қолган эди.
– Қўлларимни кўриб ҳайрон бўляпсиз-а? Ҳайрон бўлманг, бу менинг гуноҳларимга берилган жазо. Мен ҳар сафар қўлларимга кўзим тушганида Акмал акамни эслайман. Қилиб қўйган номақбул ишларимни эслайман. Ака, илтимос, сиз менинг гапларимни яхшилаб эшитинг, эҳтимол, бу гап­ларни вақти келиб Акмал акамга ҳам айтиб берарсиз.
Мен Сурайёнинг айтганларини ўзи истаганидек диққат билан тинг­лай бошладим.
– Ўша куни негадир ишдан кечроқ қайтишимга тўғри келган эди. Автобус вақтида келмаганидан йўловчи машинада уйга етиб олмоқчи бўлдим. Шу ният билан ҳаворанг “Волга” автомашинасини тўхтатдим. Ҳайдовчи ниҳоятда хушмуомала киши экан. Айтишига қараганда, у шаҳардаги аллақандай заводнинг директори экан. Манзилга етиб боргач, мен унга йўл ҳақи узатдим. У киши олмади. “Мен сизни пул учун олмадим”, деди. Мен раҳмат айтиб тушиб қолдим.
Тасодифни қарангки, шу воқеа­дан икки кун ўтиб, яна худди шу машинага дуч келдим.
– Ўтиринг, ташлаб қўяман, – деди эски танишим.
Бу сафар у-бу ҳақида анча гап­лашдик. Унинг исми Акром ака экан. Танишим яхши одам чиқиб қолди. Манзилга боргач, ҳар қанча қистасам ҳам яна пул олмади. Рос­тини айтсам, бу хил воқеа шундан кейин ҳам бир неча марта такрорланди. Ўлай агар, ўша пайтлари кўнглимга ҳеч нарса келгани йўқ. Ростда… отам тенги одам бўлса, кўнгилга нима ҳам келиши мумкин.
Бир-бирини кувиб кунлар ўтаверди. Бир куни яна ҳаворанг “Волга»га чиқишга тўғри келди.
– Агар йўқ демасангиз, сизни битта жойга олиб бормоқчиман, – деди Акром ака. – Илтимос, кўнг­лингизга ҳеч нарса келмасин. Биз бормоқчи бўлаётган жой уйғурларнинг ошхонаси. Уйғур таомларини емабсиз, дунёга келмабсиз…
Мен… рози бўлдим. Нега? Нима учун? Билмадим. Билганим шуки, биз ўша куни уйғурларнинг ошхонасига бордик. Қизиқ, у ердагиларнинг ҳаммаси Акром акани танир экан. Бирпасда дастурхон турли-туман ноз-неъматларга тўлиб кетди. Бу дабдабани кўриб, беихтиёр кўнглимга ғулғула тушди. Кетмоқчи бўлдим.
– Сурайёхон, энди сизга тўғрисини айтмасам бўлмайди, шекилли, – деди Акром ака мендаги саросимани кўриб. – Ростини айтсам, бугун менинг туғилган куним. Бугун қирқ еттига тўлдим. Агар мени ҳурмат қилсангиз, бир пиёла вино ичасиз, холос. Чунки бу винони атайин туғилган куним учун Париждан олиб келганман.
Ичдим!!! Еру осмон чирпирак бўлиб кетди. Танамда аллақандай куч уйғонгандек бўлди. Қолганини… билмайман. Кўзимни очсам… ярим яланғоч ҳолда диванда ётибман. Ёнимда Акром ака ишшайиб ўтирибди. Даҳшатдан кўз олдим қоронғулашиб кетди. Дод солиб унга ташландим. Лекин мен кечиккандим. Ҳаммаси тамом бўлган эди. Отам тенги нусха мени алдаган эди. У малъун менга ўзи ҳам билмаган ҳолда шу воқеа содир бўлганини, энди мени никоҳига олишини айтди. Менинг эса қулоғимга ҳеч нарса кирмасди.
Шундан кейин бир неча кун ўзимни ўзим ўлдиришга қасд қилиб юрдим. Лекин жоним ширинлик қилди. Менинг юзимга қараб уйдагилар ҳам, ишхонадагилар ҳам ҳайрон эди. Бу орада Акром ака билан яна учрашдик. Тўғриси, у киши мени ўзига ипсиз боғлаб қўйган эди. Мен фақат бир нарсадан, ҳомиладор бўлиб қолишдан қўрқардим. Шунинг учун ҳам орадан кунлар ўтиб, унга турмушга чиқишга ҳам рози бўлдим. Менинг бу қароримдан Акром ака қувониб кетди. Рости, мен бу кишидан нафратланар эдим, лекин унга ҳозирча бўйин эгишдан бошқа иложим ҳам йўқ эди-да.
Бир-бирини қувиб йилдирим кунлар ўтаверди. Тўсатдан Акром ака йўқолиб қолди. Тасаввур қилаяпсизми, бу мен учун даҳшат эди. Энди уни қидиришга тушдим. Қаранг-а, мен энди ўзим нафратланган одамнинг ортидан сарсон эдим. Бу орада бир неча марта Акром аканинг шаҳар ташқарисидаги ҳовлисига бориб келдим. Бу уй менинг ёдимда ўчмас бўлиб қолган эди. Чунки менинг фожиам айнан мана шу уйдан бошланган эди-да. Сизга ҳозиргина айтган ўша машъум кунда содир бўлган воқеанинг шоҳиди мана шу ўт тушгур уй бўлади. Хуллас, Акром акани йўқотиб қўйдим.
Бир куни ўша ҳовлига яна бордим. Дарвоза қулф экан. Ортимга қайтдим. Йўлда кетаётсам шундоққина ёнимга бир машина келиб тўхтади. Ичида чиройли бир йигит ўтирган экан.
– Шаҳарга кетсангиз олиб кетишим мумкин, – деди чиройли йигит.
Йигитдаги самимиятни кўриб беихтиёр машинага чикдим. Йўлда танишиб олдик. Йигитнинг исми Акмал экан. Отаси тумандаги ароқ заводининг директори экан. У бу ерга дала ҳовлисидан хабар олгани келибди.
Биз шаҳарга етиб келдик.
– Агар йўқ демасангиз овқатланишга таклиф қиламан, – деди Акмал.
Мен йўқ демадим. Чунки, рос­тини айтсам, шу дақиқаларда кўнг­лимда ёмон бир ният туғилган эди. Сезиб турибман сиз ҳозир мени ёмон кўриб кетяпсиз. Лекин начора, мен шундай қилишга мажбур эдим.
Ресторанда хушчақчақ ўтирдик. Акмал акам жуда содда йигит экан. Мен ана шу соддаликдан фойдаланмоқчи бўлдим. Бечора йигит ўйламадики, нега бу қиз биринчи кўришишданоқ бунча мулозамат кўрсатаяпти? Анча-мунча ичдик. Иккаламиз ҳам сархуш бўлиб ресторандан чикдик.
– Энди нима қиламиз? – деди Акмал акам.
– Билмадим, яна икки соат сизнинг ихтиёрингиздаман, – дедим сирли оҳангда. Билдимки, бу оҳанг йигитнинг “иштаҳасини» очиб юборди.
Биз шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида жойлашган тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватига кўтарилдик. Учта хонадан иборат уйга кирдик. Хоналар ниҳоятда дид билан жиҳозланган экан. Мен яна ичишни таклиф қилдим. Ичдик яна ва яна. Бир пайт Акмал акам мени оғушига олди.
– Акмал ака, ўйлаб иш тутинг, мен қиз боламан, – дедим унга. Лекин кўнглимда хурсанд эдим. Қолаверса, аллақачон ғишт қолипдан кўчган, ёнимда талтайиб ётган сархуш йигит энди менинг ихтиёримда эди. Хуллас, гуноҳкор муҳаббатнинг ғаразларга тўла висол онлари бош­ланди. Эҳтирослар жунбушга келди. Муродлар ҳосил бўлди. Ва… фожиалар бошланди. Мен бечора йигитни алдадим. “Сен мени беномус қилдинг, энди менга уйланасан” деб туриб олдим. Кайфи тарқаб, ўзига келган Акмал акам жимгина менинг гап­ларимни тинглаб ўтирарди.
– Сурайё, ҳаммасига розиман. Фақат менга… нишонани кўрсат, – деди Акмал акам.
– Мен уни ювиб ташладим. Ишонмасангиз, ана, ваннахонани кўринг.
Олдиндан тайёрлаб қўйган анжомларим иш берди. Лекин Акмал акам гапларимга унчалик ишонмади. Ундаги бу ҳолатни кўриб қўрқиб кетдим. Халқимизда “Ўлар ҳўкиз болтадан қўрқмас”, деган гaп бор. Менга энди барибир эди.
– Агар мени бадном қилганингизни тан олмас экансиз, унда тегишли жойларга боришимга тўғри келади, – дедим. Акмал ака гапларимни эшитиб қўрқиб кетди.
– Розиман!!!
Менга шуниси керак эди. Мен бахтиёр эдим.
Шундан кейин Акмал акам билан яна бир-икки марта учрашдик. Мен уни яна ишқий ўйинларга рағбатлантирмоқчи бўлдим. Энди уни бутунлай ўзимники қилиб олмоқчи эдим-да. Бироқ негадир у кўнмади. Мен уни тинимсиз тўй қилишга қистар эдим. У эса тўйни пайсалга солиб юраверди. Охири бўлмади. Бир куни унга ёлғондан ҳомиладор эканимни айтдим. Акмал акам қўрқиб кетди.
– Сурайё, – деди ўшанда Акмал акам оғир бир хўрсиниқ билан. – Ростини айтсам, мен сизга уйланмоқчи эмас эдим. Чунки менинг кўнглимда барибир бир ғашлик бор. Лекин сизнинг ҳомиладор бўлиб қолишингиз… мени фикримдан қайтарди. Майли, ҳаммасига розиман! Шу ойнинг ўзида тўйимиз бўлади.
У бу гапларни шу қадар изтироб билан айтдики, кўнглида заррача ғурури бор қиз бу гапларга асло чидай олмасди. Лекин мен чидадим. Менинг ғуруримни номуссизлик адо қилган эди.
Акмал акам айтганидек, бир ойнинг ичида тўй бўлди. Асъаса-ю дабдаба билан келин бўлдим. Куёвникида кечқурунги базм бош­ланди. Бир пайт… даврада бир одам кўринди.
Одам эмас, малъун, олчоқ, ифлос бир нусха кўринди. Биласизми, бу ким эди? Бу ўша мени бадном қилиб, қочиб кетган кимса эди. Бошимдан совуқ сув қуйгандек бўлди. Танам тинимсиз титрай бошлади. Кўнглим алланечук бўлиб кетди. Қарасам… Акром ака биз томонга қараб келаяпти.
– Сурайё, туринг дадамлар келаяптилар!
– КИМ!!!
– Қолганини айтолмайман. Хаёлимга келган биринчи гaп… ўзимни ўлдириш фикри бўлди. У бизнинг қаршимизга келди. Кўзлар тўқнаш­ди! Шу дақиқаларда ҳар не ўтди, ўзимиздан ўтди. Акром ака… тўғрироғи, қайнотам Бўрибой ака индамай ортига бурилиб кетди. Шундан кейин базм тугагунча мен уни даврада кўрмадим. Базм тугади. Мен ҳам тугадим. Эҳ, қандай даҳшат!
… Эрталаб қайнонамнинг бақириғидан уйғониб кетдим. Не фалокатки, қайнотам юрак хуружидан бандалик қилибди. Ўшанда сиз ҳам Бўрибой аканинг ўлимидан ҳайрон бўлган эдингиз, тўғрими? Лекин ҳайрон бўлган ёлғиз сиз эмас эдингиз. Бу ўлимдан ҳамма ҳайрон эди. Бу ўлимнинг сирини биргина мен билардим. Мен энди бу уйда ортиқча қололмасдим. Бунга ҳаққим йўқ эди!
Хуллас, ўша сирли никоҳнинг муд­ҳиш тарихи ана шулардан иборат. Нега рангларингиз оқариб кетди? Акмал акам бола-чақали бўлиб кетгандир-а. Кўрсангиз, мендан салом айтиб қўйинг. Ҳаё­тини заҳарлаганим учун мени кечирсинлар. Ҳозиргина эшитганингиздек, бу ишларга ёлғиз мен айбдор эмасман. Хайр, мен кетдим.
У кетди! Мен у билан хайрлашмадим, хайрлаша олмадим. Миям карахт эди. Унинг ортидан тикилганча қолавердим. Сурайё… шўрлик Сурайё… хиёнаткор Сурайё… бошини эгганича кетиб борарди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон