XX аср халқимиз тарихида ўзликни англаш, миллий уйғониш даври билан бошланди. Жадидчилик ҳаракати номи билан тарихга кирган бу жараён халқимиз маънавий ҳаётининг ҳамма жабҳаларини қамраб олди, бадиий адабиётда ҳам том маънода янгила-ниш жараёни кечди. Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романига ёзган кичик муқаддимасида ўша давр ижодкорларининг адабиётга қўйган талабларини тўла ифодалаган эди: «Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир-Зуҳро»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳодширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз».
Ўтган асрнинг 10-йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Па-даркуш» драмаси, Абдурауф Фитратнинг «Мунозара», «Баёноти сайёҳи ҳинди» асарлари бадиий адабиётда буюк ўзгариш ясаган эди. А. Қодирий мана шундай бадиий ижодда туб сифат ўзгаришлар кечаётган бир даврда адабиётга кириб келди.
Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкентда боғбон оиласида туғилди. Унинг отаси Қодирмуҳаммад (1821-1924) узоқ вақт савдогарчилик билан, 1870 йиллардан умрининг охиригача Са-марқанд дарвозада анчагина катта – 1300 саржин (ярим гектар -500 м2 дан кўпроқ – У. Д.) боғда боғдорчилик билан оила тебратар эди. Унинг онаси Жосият биби уй бекаси бўлган. Абдулла ёшлигидан ўткир зеҳни, серфикрлиги билан ажралиб турган. Дастлаб у «усули қадим» мактабида, Абулқосим мадрасасида, кейин рус-тузем мактабида ўқишни анча муваффақият билан давом эттирди. 1912 йилда у каттагина савдогар Расулмуҳаммадбой қўлида при-казчик (иш юритувчи) бўлиб хизмат қила бошлайди. Расулмуҳаммад анча эътиборли, очиқкўнгил, диёнатли бойлардан бўлиб, ўз даври зиёлилари билан яқин алоқада бўлган. Шунинг учун ҳам Абдулланинг ёшлиги асосан бойлар, зиёлилар даврасида кечди, бу ҳол унинг жадид мутафаккирлари, уларнинг «Садойи Туркистон», «Ойна», «Самарқанд», «Турон» каби газета ва журналлари билан алоқани мустаҳкамлашига олиб келди. 1914 йилда Абдулла Расулмуҳаммадбойнинг катта қизи Раҳбаройга уйланади. Улар На-фиса, Ҳабибулло, Адиба, Масъуд исмли икки қиз ва икки ўғил кўрадилар.
Абдулла Қодирийнинг илк адабий фаолияти мана шу даврдан бошланди, бу ҳақда у кейинчалик таржимаи ҳолида шундай ёзади: «Шу миёналарда бозор воситаси билан татарларда чиқадурғон газеталарни ўқуб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим. 1913 йилда ўзбекча «Садойи Туркистон», «Самарқанд», «Ойна» газеталари чиқа бошлағач, менда шуларга гап ёзиб юбориш фикри уйғонди». Дарҳақиқат, унинг «Янги масжид ва мактаб» номли илк мақоласи «Садойи Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида «Абдулла Қодирий» имзоси билан эълон қилинди.
А. Қодирий ижодкор сифатида ўз адабий фаолиятини шеъриятдан бошлади, унинг «Миллатимга», «Аҳволимиз» каби шеърлари шу давр маҳсулидир. Қодирий шеърларида Миллат ва Ва-танга хизмат қилиш, уни ғафлат, жаҳолат уйқусидан уйғотишга даъват яққол кўзга ташланади. Уларда Авлоний, Тавалло, Ҳамза каби жадид шоирларига хос хусусиятлар ўз ифодасини топган:
Кўр биз(н)инг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламоқ,
На Худони буйруғи бўлган улум ўрготамиз.
Коримиз шундан иборат бўлди ушбу чоғда,
Ўнтадан бедона боқиб, ёзу қиш сайротамиз.
Ҳамда ҳар кун такяларда наша, кўкнори чакиб,
Баччага кокил солиб, оҳ-воҳ билан ўйнотамиз.
Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни агар Қодир эсак уйғотамиз.
Орадан кўп ўтмай, А Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз», «Улоқда» ҳикоялари китобхонлар қўлига бориб тегди. Ёзувчининг «Жувонбоз» ҳикояси ва «Бахтсиз куёв» драмаси Маҳ-мудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасининг бевосита таъсирида яратилган. «Бахтсиз куёв» мазмунан Беҳбудий драмасидан фарқ қилса-да, жадидчилик ғояси етакчилик қилади. Аммо «Жувонбоз» ҳикояси сюжети «Падарқуш»га жуда яқин туради. Ҳикоянинг бош қаҳрамони – катта савдогар Рауфбойнинг ўғли Саъдулла. У ўқиш, илм олиш ўрнига ифлос, фаҳш йўлларга кириб, отасининг бутун мол-дунёсини совуради, охир-оқибатда одам ўлдириб, ўз умрини ҳам барбод қилади. Ёзувчи Ойбекнинг 1936 йилда ёзган «Абдулла Қодирийнинг ижод йўли» асарида ҳар иккала асарга хос камчиликлар: воқеа-ҳодисаларнинг ижтимоий илдизи тўлароқ очиб бе-рилмаганлиги, тимсоллар тилининг сунъийлиги, халқ жонли ти-лидан узоқлиги кўрсатиб ўтилган. Шу билан бирга, Ойбек таъкидлаганидек, «Жадид адабиёти учун характерли аломат, яъни санъаткорнинг ўрнини воиз эгаллаши, насиҳатгўйлик, «оқартирувчилик» ва бошқалар «Бахтсиз куёв»да яққол кўринади».
Худди шу даврда яратилган «Улокда» ҳикоясида ҳам аввалги асарларидаги каби жадид адабиётига хос мавзу – тараққиётга тўға-ноқ бўлаётган эски урф-одатлар ва уларнинг қобиғида қолган оло-мон руҳияти қаламга олинган. Миллионлаб, ўн миллионлаб халқлар жаҳон уруши гирдобига тортилган, уларнинг тақдири ҳал қили-наётган бир пайтда қора халқ улоқ, кўпкари каби одатлар билан овора, шулардангина завқ олади. Шу даражада «содда», тараққи-ётдан йироқ халқнинг қисмати кишини ташвишга солади. Ёзувчи олдинги асарларига нисбатан анча илгарилаб кетган: у воқеаларни шунчаки баён қилмайди, ҳар бир тимсолнинг ўзига хос сурати ва сийратини китобхон кўзи ўнгида намоён қилади. «Улоқда» асари нафақат Абдулла Қодирийнинг, балки ўзбек ҳикоячилигининг 1910 йиллардаги катта ютуғи деб баҳолайди Ойбек. Бу ёзувчининг ҳикоячиликда реализм томон ишонч билан катта қадам ташлаганини кўрсатади.
1914 йил ўрталарида Русиянинг Биринчи Жаҳон уруши гирдобига тортилиши мустамлака Туркистон ўлкаси халқлари бошига турли-туман фожиаларни олиб келди. Айниқса, мустамлака ўлкадан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 250 минг ишчи-мардикор олиш ҳақидаги Николай II нинг фармони халқнинг норозилик ҳаракатларига туртки бўлди. «Мардикорлик қўзғолони» номи билан тарихга кирган халқ озодлик ҳаракати бутун Туркистон ўлкасини қамраб олди. Бутун Русия империясини ларзага солган 1917 йил Февраль инқилоби 300 йиллик Романовлар тахтини барбод қилди. Бу тарихий воқеалар Абдулла Қодирий дунёқараши такомилида муҳим омил бўлди. Бу ҳақда у кейинроқ: «Николайнинг тахтдан йиқилиб, ҳуррият бўлғонига хурсандлигим, албатта, дунёга сиғмас эди. Айниқса, 1916 йил рабочий олиш масаласидан кейин умуман Туркистон ишчиларида уйғонган истибдодга наф-рат менда ҳам кучлик эди», – деб ёзади.
А. Қодирий 1917 йил Февраль инқилобидан кейин халқ милидиясида, 1918 йилдан Султонхўжа Қосимхўжаев раҳбарлик қилган Озиқ қўмитасида саркотиб ҳамда 1919 йилдан шу қўмита органи «Озиқ ишлари» газетасида муҳаррир бўлиб ишлайди. Бу даврда у «Инқилоб» ва «Коммунист йўлдоши» журналларида масъул котиб, журналист-публицист сифатида катта фаолият кўрсатади. 1923 йилда «Муштум» журналининг ташкил этилиши ҳам бевосита Абдулла Қодирий ва Ғози Юнус (Юнусов Ғози Олим – 1893-1939) фаолияти билан узвий боғланди. Бу ҳақда Қодирий қуйидагиларни ёзади: «23-йилнинг феврал ойида, шекилли, «Туркистон» газетасига ўртоқ Абдулҳай Тожи муҳаррир белгиланди ва шу ўртоқ бир кулки журнали чиқарингиз, деб мен билан Ғозини чақирди. (Бу вақтда Ғози газетанинг муҳаррири эди.) Биз икковимиз ишга киришдик-да, натижада саккиз сонча «Муштум» чиқди».
Абдулла Қодирий 1924 йилнинг ёзида Москвага кетади ва Валерий Брюсов номидаги Журналистлар институтида ўқийди, аммо республика матбуоти, хусусан, «Муштум» журнали билан алоқани узмайди. 1920-1925 йилларда унинг матбуотда уч юздан ортиқ турли мавзуларда ҳажвиялари, мақолалари, фельетонлари Қодирий, Жулқунбой, Овсар, Думбул, Шиғой, Калвак Махзум каби имзоларда босилиб чиқади. Ёзувчининг бундай фаолияти ҳақида Ҳабибулло Қодирий (ёзувчининг катта ўғли — У. Д.) қуйидагиларни ёзади: «Муштум» журналининг 1924 йил сонларидан бирида дадамнинг суратини ўртоқлик ҳазили тариқасида масхаралаб босишган ва тагига шу сўзларни ёзиб қўйишган эди: «Фельетонлар қироли Жулқунбой: йиғлатиб кулдиради, кулдириб йиғлатади». «Фарғона» газетасининг муҳаррири Лутфулла Олимий А. Қоди-рийнинг «Муштум» журналидаги фаолияти ҳақида ёзади: «Муштум»нинг топган эътибори ва кўп тарқалиши Жулқунбойнинг ўткир қалами билан».
Абдулла Қодирийнинг «Москвадан» туркуми остида бир қанча ҳажвий мақолалари эълон қилинди. 1925 йилда ёзувчининг «Муш-тум» номли анча жилдий танқидий мақоласи «Қизил Ўзбекистон» газетасида босилди. Мақолада журналнинг ўша кезлардаги фаолияти, истиқболи анча чуқур таҳлил қилинган. Бу мақола атрофида кучли мунозара кечди. Давр тараққиётига тўғаноқ бўлаётган кучларга қарши курашда «Муштум»ни янада фаолроқ бўлишга даъват этувчи, ҳажвий журналнинг қиёфасини белгиловчи ушбу мақолани ғаразгўйлик деб қабул қилувчилар ҳам бўлди. Бу ҳол журналнинг муҳаррири Ғози Олимнинг «Танқидми, тош отиш?!» жавоб мақоласида кўзга ташланади.
1920 йилларнинг ўрталаридан шўролар сиёсатида туб ўзгариш, носоғлом муҳит,«нон орасидан кир излаш» (А. Фитрат) авжга чиқа бошлади. «Ўтган кунлар» қўлдан-қўлга ўтиб ўқилаётган, Абдулла Қодирий янги ижодий режалар оғушида яшаётган вақтда унинг бошига кулфат тошлари ёғила бошлади. 1926 йилда «Муштум» журналида босилган «Йиғинди гаплар» ҳажвий-мутойи-ба мақоласи бунга баҳона бўлди. Мазкур мақолада республикадаги айрим тадбирлар, ҳукумат ва компартия раҳбарлари «Овсар» тилидан енгил ҳазил-мутойиба қилинган эди. Қодирийдан аламзада бўлиб юрганлар учун бу мақола ёзувчига бўҳтон тошларини ёғдириш учун бир дастак бўлди. Улар мақолани республикада олиб борилаётган муҳим тадбирлар устидан кулиш, масхара қилиш, шўро ҳукумати ва партия раҳбарларини обрўсизлантириш, ҳатто аксилинқилобий мақсадларни амалга ошириш нияти билан ёзилган дейишгача бордилар ва муаллифга сиёсий айб қўйдилар. Ёзувчи 1926 йил 8 мартда аксилинқилобчи деган айблов билан қамоққа олинади, аммо узоқ давом этган қамоқ азобларидан сўнг унга тақалган айбларнинг, гувоҳлар берган кўрсатмаларнинг сохталиги аён бўлади.
А. Қодирий ўзини тубан одамлардан мардонавор ҳимоя қилди, маслагига хиёнат қилмади. У озодликка чиқди, аммо бундай ноҳақликларга имкон яратиб берган тоталитар шўролар тузумига нисбатан ишончлари саробга айланди. Агар чуқурроқ эътибор берилса, ёзувчининг кейинги асарларида бу ҳол ўз ифодасини топганлигини кўриш мумкин.
1923—1926 йиллар давомида «Муштум» журналининг қиёфасини белгиловчи, ҳажвий қисса жанрининг етук намуналари бўлмиш «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» каби асарлари босилди. «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан» қиссасида ҳақиқий ҳаётдан бутунлай узилган, хурофотдан бошқа нарсани кўра олмайдиган маҳалла масжиди имоми Калвакнинг кулгили саргузаштлари, туғилишидан бошлаб бошдан кечирган воқеа-ҳодисалар ҳикоя қилинади. Калвак махзум — тараққиёт душмани. Ҳар қандай ижобий ўзгаришларга қарши бир одам. Уни жамият аллақачон чиқинди сифатида улоқтириб ташлаган. У шу даражада мутаассибки, руҳоний билимларни ҳам ёлчитиб ўрганган эмас. У шу даражада тараққиётдан орқада қолиб кетганки, шўролар мактабида ўқиётган ёш қизчаларнинг мактабга очиқ бориши-ю уларнинг кийиниши унга бузуқлик, ғайри шаръий кўринади. У ўз сўзлари, саволлари билан ўз руҳий оламини ҳам намойиш қилади. Бу олам ғоят кир ва қоп-қора зимистондан иборат. Бу унинг қироатхонада ўзини тутишида, 12—13 ёшли ўқувчи қизчага берган саволларида, умуман фикрлашида кўзга яққол ташланади.
А. Қодирий Калвак махзум образини яратишда унинг бутун дунёга бузуқ ният билан боқувчи қораюрак бир киши эканлигидан келиб чиққан ҳолда сўзлар, иборалар танлайди, яъни харак-терини нутқи воситасида гавдалантиради. Унинг қироатхонадаги ҳолатини ёзувчи шундай ифодалайди:
« — Мулло Маҳкам қори шу ердамилар?
Йигит борлиқ ишорасини бериб, фақирни илгарига бошлади. Бордим, нима кўрай, бурчакда ажаб бир нозанин қиз. Курси берди, ўлтириб фотиҳа ўқудим, билдимки, бу нозанин бойбаччанинг ўйнаши эркан. Икки ошиқ хилват қилғон фурсатда камина кириб қолғон эрканман. Баъдазон Мулло Маҳкам қорини сўрадим… Бойбачча табассум қилиб: «Фақир Маҳкам қори бўламан», — деди. Бу йигитнинг боадаб бўлғонидан ҳам дуруст одам, деб ўйлағон эдим. Аммо ўйнаш қилиши бўлса ўзига, чунки эчки ҳам ўз оёғидан, қўй ҳам ўз оёғидан осилодир. Баъдазон Мусҳафи Усмонийни сўрадим. Бизда йўқ, деб жавоб берди. Мусҳафи Усмоний маҳкамаи шаръия деганнинг қўлида эркан, пўлод сандиққа солуб сақлар эканлар».
Ёзувчининг улкан маҳорати шундаки, у шўролар даврида халқни диний қадриятлардан бутунлай маҳрум этиш жараёни кечаётганлигини рўйирост қаламга олади. Махзумнинг қироатхонадаги савол-жавобларига эътибор беринг: у «Мусҳафи Усмоний»ни сўрайди — «йўқ». «Шарҳи виқоя», «Шарҳи Мулло Жомий», «Маслаки муттақийн», «Далойили хайрот», «Кимёйи саодат» каби китобларни сўрайди. Фақат «йўқ» жавобини олади. Бундай диний қадриятларга оид китоблар халқкўзидан анча узоқлаштирилган, халқдинсизлик, имонсизлик балосига мубтало бўлмоқда эди. Ҳатто, вафот этган «улуғлар»га жаноза ўрнига марҳумни ичкиликбозлик билан кўмишдек ўта хунук ҳоллар юз бермоқда эди. Муаллиф бунга, табиийки, таассуф билдиради (албатта, Махзум қарашлари орқали). Мансабдорлардан бири вафот этади. Шўролар таомилига биноан мансабдорга жаноза ўқиш мумкин эмас. Аммо: «…ул одам арз қилди, марҳум ўзи ўшал (наузанбиллоҳ) ҳақдин тонғанлардан эрди, аммо ботинда дини исломни дўст тутуб, кабзи руҳ асносинда васият қилибдурларким, «агарчандки махфий бўлса ҳам фақирни жаноза бирлан дафн қилингиз», деб… Азбаройи адовати важҳидин ўшал маҳалланинг имоми ҳам хабар берилмағон экан, токим ўзга улуғларнинг қулоғига бу маънидин чизи хабар етмасин, деб… Марҳумнинг ака-укаларининг жабҳасидин улуғлик ва яна истаршин десатнайлик ҳувайдо эрди. Эрта бирлан ўшал мансабдор партийнайлар тушуб, мунзакон бирлан закунска қилиб, марҳумни кўмар эканлар».
Бу уринда танқид тиғи Калвакка эмас, шўролар давлати томонидан миллатнинг ўзлигини йўқотишга олиб келувчи «улуғ оғалар» урф-одатларининг (ҳозирча норасмий, албатта) жорий қилинишига қаратилганини сезиш қийин эмас. Эътибор беринг, бундай машъум воқеалар узоқ вақт — шўролар салтанати барҳам топгунча давом этди.
Абдулла Қодирий Октябрь тўнтаришининг дастлабки йиллариданоқ «Ўтган кунлар» тарихий романи устида ишлай бошлайди. Романдан парчалар дастлаб 1922 йилда «Инқилоб» жур-налида босилди, 1925 йилда алоҳида-алоҳида бўлимлар ва 1926 йилда бутун бир китоб ҳолида босмадан чиқди. Бундай улкан, шу билан бирга, «Европа адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам баркамол асар» (Абдулла Қаҳҳор) яратишга Абдулла Қодирий қай даражада тайёр эди? Авваламбор, ёзувчи мадрасада ўқиб юрган вақтларида ўзбек мумтоз адабиётини, араб, форс, турк, татар тиллари билан бир қаторда Шарқ тарихини, маънавиятини чуқур ўрганган. Туркия, Қрим, Уфада чиқиб турган газета ва журналлар билан мунтазам танишиб борган, турк ёзувчиларининг тарихий мавзудаги драма ва романларини мутолаа қилган. Ҳусайн Жовид асарларидан қаттиқ таъсирланган. Дарвоқе, Ҳусайн Жовиднинг бир тўплами «Ўтган кунлар» деб номланган. Араб носири, 22 тарихий роман муаллифи Жиржи Зайдон (1861-1914)ни Қодирийнинг ўзи уни роман ёзишга рағбатлантирган устоз сифатида таърифлайди. Аввало ёзувчи ижодига ўзбек мумтоз адабиёти, кейин Жиржи Зайдон асарлари ва у орқали буюк инглиз ёзувчиси Вальтер Скотт ижоди кучли таъсир кўрсатди. Бу ҳақда немис адабиётшунос-олимаси П. Кирхнернинг қуйидаги сўзлари эътиборга лойиқ: «Қодирий тарихий материални беришда ҳикоя қилишнинг шарқона усули билан Вальтер Скотт мактаби услубини санъаткорона омухта қилган. Роман бу тахлит асарлардан турмушни ҳаққоний тасвирлаш билан, бўёқлар ранг-баранглиги, психологик характеристиканинг нозиклиги, тил оҳангдорлиги, ифодавий-тасвирий воситаларнинг хилма-хиллиги билан фарқланади».
Яна шуни таъкидлаш керак: Абдулла Қодирий ижодига XIX аср охири ва XX аср бошларида Жазоирда яшаб ижод этган, араблар ҳаётидан ўнга яқин роман яратган француз адиби Фердинанд Дюшен асарларининг таъсири сезиларли бўлган. Ф. Дюшеннинг «Тамилла», «Қамар» каби сентиментал романлари 1920 йилларда Зариф Баширий, А. Қодирий, Чўлпонларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўзбек тилига таржима қилинди ва бу асарлар халқ ўртасида катта шуҳрат қозонди.
Абдулла Қодирийнинг ёзувчи сифатидаги камолотида рус тилини анча мукаммал билиши ҳам муҳим омил бўлди. У 1910 йилларда рус-тузем мактабида, сўнг Расулмуҳаммадбой қўлида иш юритувчи бўлиб ишлаб юрган вақтларида рус тилини яхшигина ўрганган, рус адабиётини мунтазам мутолаа қилган. Рус тилини яхши билувчи «Тараққий», «Садойи Туркистон» газеталарининг ташкилотчи ва муҳаррирлари Исмоил Обидий ва Убайдулла Хўжа-евлар билан ёшлигидан яхши алоқада бўлган. Ёзувчининг ўғли Ҳабибулло Қодирийнинг таърифлашича: «Қодирий рус асарларини ўз она тилидаги каби тез ўқир, катта-катта китобларни икки-уч кунда ўқиб тушираверар, имло-иншолари ҳам яхши эди»1.
А. Қодирий Л. Толстой, Чехов, Тургенев каби машҳур ёзувчиларнинг асарлари билан нафақат таниш, балки улар ҳақида те-ран мушоҳадага эга бўлган. Бемалол айтиш мумкинки, Қодирий 1910 йилларнинг охирида улкан асар яратиш учун маънавий тайёр эди.
А. Қодирий «Ўтган кунлар» романини миллий уйғониш ҳаракати сиёсий курашлар босқичига кўтарилган даврда ёзишга киришди. Бу ҳол романдаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга муносабатда ҳам кўзга ташланади. Дарҳакиқат, у 1910 йилларда жадидчиликнинг фаолларидан, бир қатор сафдошлари сингари истибдод, жаҳолат илдизларини топиш, халқни тараққий этган миллатлар қаторига олиб чиқиш ҳақида ўйларди. Февраль ва Октябрь ўзгаришлари унга қувонч бағишлади. Чунки Романовлар тахтининг қулаши истиқлол фидойилари учун 50 йиллик мустамлака исканжасидан қутулиш ҳақидаги орзуларига қанот боғлагандай бўлди. Аммо Октябрь тўнтаришининг дастлабки ойларидаёқ «имонларига ўраб сақлаган» (А. Фитрат) биринчи ўзбек миллий ҳукумати — Туркистон Мухториятининг большевиклар томонидан янчиб ташланиши, мустамлака занжирларининг янада қаттиқроқ тортилиши натижасида Қодирий ишончларига дарз кетди. Фарғона водийсидаги ўнлаб қишлоқлар кулининг кўкка совурилиши, ўн минглаб бегуноҳ кишиларнинг қириб ташланиши, бунинг устига очарчиликнинг авжга чиқиши А. Қодирийни ҳам қаттиқ изтиробга солди. Янги тузилган шўролар ҳукумати отани ўғилга, акани укага душман қилга-нини, биродаркушлик уруши авжга чиқаётганини кўрди. Бу тарихий шароит асар пафосини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. «Ўтган кунлар» романи хотимасидаги муаллифнинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: «Ёзғучидан. Кейинги Марғилон боришимда якин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисини суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққуз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдур. Ўғулларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз, ўлуктириги маълум эмас, дейдилар».
Мана, Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидор авлодининг тақдири, Отабекдек зукко ва Кумушбибидек назокатли инсонларнинг фарзанди ва набираларининг шўролар давридаги қис-мати.
Бир сўз билан айтганда, 1917—1918 йиллар ёзувчи учун қувонч, шу билан бирга, алам-изтиробларга тўла йиллар бўлди. Бу ҳол романда акс садо бермаслиги мумкин эмас эди.
Ёзувчи асарига сўнгги «хон замонлари»ни — XIX аср ўрталарини, янада аниқроғи 14 ёшли Худоёрнинг биринчи бор тахтга ўтириши даврини мавзу қилиб белгилади (Худоёр ибн Шералихон 1845 йилда биринчи бор тахтга ўтириб, 1875 йилга қадар хонлик мартабасига уч марта келиб кетган – У. Д.). Бу воқеа билан боғлиқ Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасидаги қонли тўқнашувлар, ички низолар, уруғлар ўртасидаги қирғин-барот урушлар ва буларга Юсуфбек ҳожи, Отабек каби бадиий тимсолларнинг, Худоёрхон, Мусулмонқул, Азизбек, Нормуҳаммад каби тарихий шахсларнинг муносабатлари асарда ўз ифодасини топган. Иккинчи томондан, янада даҳшатлироқ, янада маккорроқ куч — рус истибдоди ўлкани аждаҳодай ўз комига тортмоқда эди. Роман «1264-нчи ҳижрия, далв ойининг 17-нчиси, қишқи кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир…» деган жумла билан бошланади. Эътибор беринг, ёзувчи «шом азони»дан кейин халқимиз бошига тушадиган энг узун, энг совуқ, энг қоронғи тунлар ҳақида огоҳлантираётгандек. Ёзувчи романдаги воқеалар билан асар ёзилаётган даврдаги сиёсий во-қеаларда ҳамоҳангликни кўради.
XIX аср ўрталаридаги парокандалик, XVI асрдан бошлаб ўлканинг жаҳон тараққиётидан бутунлай узилиб қолганлиги натижаси ўлароқ Туркистон халқи миллат сифатида шаклланмади, давлат тепасида ўтириб олган ношуд, нодон, жоҳил «раҳбарлар» қўлида қўғирчоққа айланиб қолди, бундай оломонни хоҳлаган кўйга солиш мумкин. Кеча, Тошкент қамали арафасида Азизбек (Азиз бачча) учун Қўқон хонлиги лашкарларига қарши сўнгги томчи қони қолгунча курашишга онт ичган тошкентлик оломон бугун Азизбекни «орадан кўтариш»га бел боғлайди. Охир-оқибат бундай парокандалик, уруғчилик ва кейин бунга қўшилган маҳаллийчилик «Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Ибн Сино каби олимларнинг» ватани Туркистонни истибдод, асорат ва қуллик ботқоғига олиб келди. Юсуфбек ҳожининг катта машваратда Муҳам-мад Ражаббек қўрбоши, Муҳаммадниёз қушбеги, Қосим мингбоши, Қамбар шарбатдор, Каримқул понсад каби Тошкентнинг ашраф ва аъёнларига қарата айтган сўзларига эътибор беринг: «Биродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни ку-тиб, дарвозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон деб қирилишсак, ҳолимиз нима бўладир. Бу тўғрисида ҳам фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрасиз, мен бошқа ёвни ҳар за-мон ўз яқинимға еткан кўраман!.. Бу фикрингиздан қайтинг, биродарлар!»
Асарнинг бош қаҳрамони Юсуфбек ҳожи Ватан, халқ манфа-ати, унинг истиқболи учун қайғуради, ҳатто ўз жонини таҳликага қўйиб бўлса ҳам ўзаро низолар, мансаб, шахсий манфаатлар учун бўлаётган қонли тўқнашувларнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатади. Романда у келажакни чуқур идрок қилувчи, халқни буюк мақсадлар сари етакловчи сиёсий арбоб сифатида намо-ён бўлади. Муаллиф асарни яратиш жараёнида Муҳаммад Солиҳ Қорининг «Тарихи жадиди Тошканд», Мирза Олим Мушрифнинг «Ансобус-салотин ва таворихул-хавоқин» («Қўқон хонлиги тарихи»), Исҳоқхон Ибратнинг «Тарихи Фарғона», Мулла Олим Маҳдум Ҳожининг «Туркистон тарихи» асарларини чуқур ўрганганлиги ва улардан истифода қилганлиги кўзга ташланади. Бу солномалар А. Қодирийнинг ҳар икки романи учун тарихий манба вазифасини ўтаган.
Юсуфбек ҳожининг юқоридаги сўзларига қулоқ тутарканмиз, романдаги воқеалардан олдинроқ халқимиз тарихида юз берган машъум воқеа — Бухоро амири Насруллонинг 1842 йилда Қўқон хонлигини босиб олиши ва қатлиом вужудга келтириши, Ноди-радек улуғ шоира, мутафаккирларни қатл қилиши воқеалари кўз олдимизда намоён бўлади. Ушбу воқеанинг олдини олиш учун Амир Насруллонинг Абдусамад ноиб деган бир донишманд вазири амирга мурожаат қилади: «Жаноби олийлариға малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам», деганида, амир: «Нима сўздур?» – деган экан. Айтубдурки: «Ҳоло Хўқанд забт ўлди, Фарғона кат-та мамлакатдур, қанча аскар ва сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди. Бул ҳолда Русияни(нг) келмаги маҳаллий хавфдур, агарда хонни онт ақд беруб (онт ичдириб — У. Д.), тавба қилдуруб, Хўқандга қўйуб, Бухороға тобеъ қилуб, бир мулк бизларға келган душманларға бир қалқон бўлур эрди», — деганида, сўзи амирға маъқул бўлмай, оғзига кафш билан урдургон экан».
Демак, халқимиз тарихида рус истилоси хавфини анча олдиндан кўра олган ва ҳукмдорларни бундай хавфдан огоҳ қилишни ўзларининг муқаддас бурчи деб билган Юсуфбек ҳожи, Абду-самад ноиб каби сиймолар бўлган. Аммо, афсус билан айтиш ке-ракки, амир Насрулло каби беш кунлик нашъу намоси учун юртни пароканда, халкни хонавайрон қилишдан тоймайдиган под-шохларимиз ҳам бўлган. «Амир Умархон канизи» номли роман ёзишга тараддудланган ёзувчи Абдулла Қодирий, албатта, Қўқон тарихига оид кўплаб қўлёзма ва босма манбалар қатори юқорида тилга олинган мўътабар асарлардан хабардор бўлганига шубҳаланмаса ҳам бўлади.
Халқ «Ўтган кунлар»ни катта мамнуният ва самимият билан кутиб олди, қисқа муддатда бутун Ўрта Осиё халқларининг се-вимли асарига айланиб кетди. Ҳатто ўша кезларда бутун романни ёд билганлар бўлган. Афсуски, мавжуд шўролар ҳукумати, ком-мунистик мафкура уни нохуш қабул қилди. Асар яратила бошлаган давр билан унинг дунё юзини кўриши, яъни 1926 йил орасида шўро мафкурасида катта ўзгаришлар содир бўлган эди. Юрт истиқлоли ғояси янги мустабид ҳокимият андазаларига бутунлай зид келиб, чор Русиясининг мустамлакачилик сиёсати ҳақида фикр айтиш хавфли бўлиб қолди.
«Ўтган кунлар» романи ҳақида биринчи танқидий мақолани рус ёзувчиси Михаил Шевердин ёзиб, «Биринчи ўзбек романи» номи билан «За партию» журналининг 1928 йил 3-сонида чиқарган ва романни «зарарли» асар сифатида баҳолаган эди. Ушбу мақола роман ва муаллифига кўплаб асоссиз айблар қўйишга за-мин яратган. Албатта, Ильминский, Остроумов каби миссионерларнинг вориси бўлмиш М. Шевердинга рус боскинига қарши Юсуфбек ҳожи тилидан ёниб айтилган сўзлар ёқиб тушмаган бўлиши табиий.
Абдулла Қодирий роман бошида таъкидлаганидек, асарнинг марказида ўтмишда яратилган «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Тоҳир ва Зуҳра» достонларида куйлангани каби Отабек ва Кумушбиби ўртасидаги абадий ёниқ муҳаббат туради. Шунинг учун ҳам муаллиф асар бошидаёқ ўктам йигит Отабекнинг характерини, ички ва ташқи дунёсини очишга алоҳида эътибор беради. Ёзувчи дастлаб Отабек билан китобхонни Марғилонда ёш савдогар Раҳмат ва унинг тоғаси Ҳомид билан бўлган карвонса-ройда, кейин Зиё шоҳичи ҳамда Мирзакарим қутидор каби Марғилоннинг донгдор бойлари уйида бўлган суҳбатларда таништиради. Уларда Отабек сажиясига хос чизгилар берилади. Дастлаб Раҳмат ва Ҳомид билан бўлган суҳбатда унинг асосан оила, муҳаббат, уйланиш масалаларига бўлган муносабати анча асосли очилган бўлса, Марғилоннинг катта бойлари, савдогарлари билан суҳбатда эса хонлик тузумининг яроқсизлиги, уни тубдан ислоҳ қилиш кераклиги, хон ва бекларнинг давлат бошқаришга қодир эмасликлари ҳақидаги сиёсий қарашлари ифодаланади. Отабеқда бундай фикрлар бирдан пайдо бўлган эмас. У ўз замондошларига нисбатан анча дунё кўрган, хусусан русларнинг давлат тизимини, маданиятини бирмунча кўрган ва ўзимиздаги аҳвол билан солиштирган, ҳатто улардан ўрнак оладиган жиҳатлари ҳақида маълум фикрга ҳам келган: «Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукуматдорлиғимизни кўриб, бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, лекин Шамай маним бу фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанли-ғини иқрор этишга мажбур бўлдим. Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса, ҳолимизнинг нима бўлишига ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанимга учсам, тўгша-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирмабир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастурул-амал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам… Аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлагонларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: «Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?» — деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам ҳам сўнғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда «ҳаййя алал-фалаҳ» хи-тобини ким эшитар эди».
Отабек — севги борасида ҳам олижаноб инсон. Отабек билан Кумуш фавқулодда бир-бирларини кўриб қоладилар, бу кўриш бир неча сония давом этади, улар бир-бирларини билмайдилар ҳам. Бу кўриш бир умрли муҳаббатга дебоча бўлади. Отабек ҳақиқий бахтга эришди, ўзини энг бахтиёр кишилардан ҳисоблади, ҳатто шу бахт туфайли уч марта ўлимга тик қаради, ўлимдан ғолиб келди. Ҳомиднинг қабиҳ иғволари-ю Мусулмонқулнинг мудҳиш чангали ҳам Отабек ва Кумушлар муҳаббатини маҳв қила олмади. Мана шу вазиятда романга янги тугун, янги зиддият келиб қўшилади. Бу зиддият бахтли бир оилани таг-туги билан барбод этади. Бу — ота-она орзуси. Бу зиддият асосан Ўзбек ойим харак-тери билан боғланади. Ёзувчи, айниқса, шу тимсолни яратишда улкан маҳорат намунасини кўрсатди. Ойбек ҳам «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» асарида Ўзбек ойим образини «энг жонли ва реалистик чизикдар билан кўрсатилган шахс» деб баҳолаган эди.
Бадиий адабиётда ишонтириш санъати деган катга муаммо бор. Асар қаҳрамонлари шундай ҳаракат қилсинларки, бошқача ҳара-кат қилмаслигига китобхон тўла ишонсин. Бу – жуда мураккаб муаммо. Ўзбек ойим ниҳоятда зукко, шу билан бирга, катта сиёсий ишларнинг тепасида турган Юсуфбек ҳожини ҳам, ўз даврининг илғор фикрли йигитларидан, ақл-идрокли, оилада қўш хотинликка кескин қарши турган Отабек (Раҳмат, Ҳомид ва Отабеклар ўртасидаги суҳбатни эсланг)ни ҳам ўз измига солади. Бунга ишонтириш ёзувчидан катта маҳоратни талаб қилади. Бунинг асосий боисини ижодкорнинг халқ руҳиятини, урф-одатларини -менталитетини ниҳоятда юксак даражада билиши ва қадрлашидан қидириш керак. Ўзбек ойим – ўзбек аёли, аёл бўлганда ҳам Тошкентнинг ман-ман деган аёллари унинг соясига кўрпача ёзади. Отабек ота-онасининг розилигисиз уйланади, яна кимга, «бир анди»га (Ўзбек ойим сўзи). Бу уларнинг, айниқса, онасининг орзу-ҳавасини чилпарчин қилди, таъбир жоиз бўлса, бу уларнинг юзини ерга қаратиш билан баробар эди. Ўзбек ойим ўғлига нисбатан «тўнини тескари кийиб олди», ҳатто Марғилондан келган ўғли билан кўришмайди, бир неча бор келиб-кетишига эътибор ҳам бермайди, эри Юсуфбек ҳожига дашном сўзларини ёғдиради: «Ўғул ўсди-ришни, ўғул тийишни билмадингиз… энди ихтиёр менда: ул кел-гунча, бир яхши жойга унашайин-да, келгандан сўнг тўйни ҳам жўнатиб юборайлиқ!» Шундай қилди ҳам. Юсуфбек ҳожи икки ўт орасида қолди. Ўғли ҳар жиҳатдан ҳақ. Юсуфбеқдек одам қўшхо-тинлик одатининг салбий оқибатларини жуда яхши билади. Ҳар ота-она ўз фарзандининг бир суюкли хотин билан бахтли-саодатли қўша қаришини орзу қилади. Ҳожи хотинининг раъйига қарши боролмайди, на қилсинки, она ҳам орзу-ҳавасларининг ушалишини истайди. Аммо Юсуфбек ҳожи хотинининг бу ишларига бу-тунлай қарши, Олим понсад билан унашиб келганда, Ҳожи «лабини тишлаб қолади» ва «Санга сира ақл битмай кетар экан-да», дейди. Энди фақат бир йўл қолди: Отабекни кўндириш, бундан ҳам нозик масала – бу қарорни қудаларга етказиш.
Ота ва ўғил муносабатлари ҳамма вақт, ҳамма халқлар адаби-ётида асосий масалалардан ҳисобланиб келган. Юсуфбек ҳожи кенг кўламли сиёсий арбоб, оддий оилавий муносабатларда, ота ва ўғил муомалаларида ҳам теран фикр юритувчи доно оила бош-лиғи сифатида гавдаланади. Шу маънода ёзувчи Юсуфбек ҳожига Отабеқдан кўра кўпроқ масъулиятни юклайди, тўғрироғи, у асарнинг бош қаҳрамони мақомида туради. Бу ҳол отанинг ўғил билан бўлган мулоқотларида кўзга яққол ташланади.
Асарда ота ва ўғил муносабатлари, муомалалари шу даражада назокатлики, ҳозирда ҳам ота ва вояга етган ўғил ҳавас қилса, ибрат олса арзийди. Ҳатто Юсуфбек ҳожидай теран фикрли, ўта мулоҳазали ота ҳам ўғлининг чуқур мантиқли, шу билан бирга, ниҳоятда беозор айтилган жавобидан ўйланиб қолади, бирмунча вақт гап тополмай ерга қарайди, на қилсинки, Отабек ҳақ эди. Отабек жавобларида енгилтаклик, лов этиб ёниш, бирор ўринда ахлоқ доирасидан чиқишлар йўқ:
« – Ўғлим, ҳали сен эшитдингми, йўқми, ҳайтовур биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдиқ…
Отабек, маълумки, уларнинг «қилиб қўйған ёки қилмоқчи бўлған ишларини» албатта билар эди. Шундоғ бўлса ҳам, билмаганга солинди:
– Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилғон ишлари ал-батта номаъқул бўлмас, – деди.
Ҳожи ўғлининг бу жавобидан ерга қаради ва нима деб давом қилишни билмай қолди. Истеҳзо аралаш хотинига қараб олди…»
Юсуфбек ҳожи ҳаётнинг паст-баландини яхши биладиган донишманд, ўз ўғлига таъсир кўрсата оладиган меҳрибон ота сифа-тида ҳам гавдаланади.
Шу ўринда Юсуфбек ҳожининг яна бир улуғ фазилати намоён бўлади, унинг Отабекка насиҳат юзасидан айтган сўзлари шунчалар кучли мантиққа асосланганки, Отабек ўйга толади: «Ўғлим, сан онангнинг гагшга аччиғланма. У ҳар нарса деса, фақат Мар-ғилондан уйланганингга қаршилиғидан айтадир. Аммо мендан сўрасанг, Марғилондағи на қудамиз ва на келинимизни ҳеч бир важҳ билан камсита олмайман, балки бизга қуда бўлмоққа энг мувофиқ кишилар эди, балли ўғлим, дейман. Санинг тиниб-тинчишинг, ўсиб-унишинг учун қувонмаған ота-она соғқа ҳисобланмайдир. Сан бунга яхши ишон. Аммо бизнинг ҳозирги баъзи бир раъйларимиз санга ётишиб келмас экан, бунга ҳаққинг ҳам бор, лекин иккинчи тарафдан бизни ҳам ҳақсиз ташлаб қўйма. Ўғлим, бизнинг сандан бошқа умид нишонимиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўруб ўтатурған барча орзумиз, ҳавасимиз фақат сангагина қараб қолғон. Биз Худойи таолоға минглаб шукур айтамизким, сан бошқаларнинг фарзандидек эслик-ҳушлик бўлдинг; кишилардек сан билан ифтихор қилолмасак-да, сан орқалик хижолат чекмасимизга ишондик. Айниқса, онангнинг санинг туфайли кечиратурган умидлари тобора ортиб борди. Бу кун онанг санинг олдингға тиз чўкиб ва онанг кўнгли учун мен ҳам ораға тушиб сандан сўраймиз: сан ўз хоҳишинг йўлида уйланган экансан, рафиқанг санга муборак бўлсин. Эслилик даъвосида юрган ота-онанг тилаги албатта шундан бошқа бўлмас. Шу билан бирга, санинг сабаби вужудинг бўлған бир киши ўз ҳаёти ичида боласи орқали бир орзу-ҳавас кечирмакчи… Унинг бу орзусига ҳақ берасанми, йўқми яна ихтиёр ўзингда…»
«Ўтган кунлар» романининг китобхонлар эътиборини ром қилган яна бир фазилати шундаки, асарнинг ҳар саҳифасида, қаҳрамонлар ҳаракатида, нутқида миллий руҳ уфуриб туради, унда зўра-килик, ясамалик умуман йўқ. «Қудаларни кутиб олиш» фаслини кўринг. Ўзбек ойимнинг Марғилондаги келини келиши муноса-бати билан қўни-қўшни, қариндош-уруғ аёллар йиғилган, ҳаммаёқ ёғ томса ялагудек тозаланган, қудаларнинг зиёфати учун керак бўлган ҳамма нарсалар муҳайё, уларнинг оёғига сўйиш учун кат-та ғўнон қўй ҳам тайёр, ўзбекнинг «Қудачилик — минг йилчилик» таомилича ҳамма гина-кудурат ўрнини меҳр-оқибат эгаллаган. Ўзбек ойимнинг яқинлари ўн чоғлик хотин «совутмачоқ дастурхон» атрофида ўтиришибди. Қудалар билан таништиришда ҳам бирор сунъийлик кўринмайди. Қайинота Юсуфбек ҳожининг ке-лини Кумушбиби билан биринчи бор кўришишига эътибор беринг: «Кумуш уялиб зўрғагина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқинига келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға текизиб олган ўз қўлини ўпди». Асосий меҳмонлар келгунча яқин аёлларнинг одатда кичикроқ муваққат дастурхон – «совутмачоқ дастурхон» атрофида ўтириши, оталарнинг бўйи етган қизлари ёки келинлари пешонасига текизган ўз қўлларини ўпиши – бу ҳаммаси ўзбеклар ҳаётигагина хос ниҳоятда нафис одатлардир.
Мана шу ўринда ёзувчи Зайнаб портретини чизишга, Кумуш билан Зайнаб муносабатларига, уларнинг бир-бирларини зимдан таъқиб қилишларига, ҳатто майда деталларигача эътибор беради: «Зайнаб зимдан Кумушни чақиб олди. Кумуш лой каби бўшашиб, Офтоб ойим ҳам оғир тортди. Зайнабнинг қариндошлари кулгансимон бир-бирларига қарашиб олдилар. Ўзбек ойим орадан ўтган сирни пайқади». Ёзувчи бу билан китобхонни кундошлар ўртасида бўлажак катта зиддиятларга тайёрлаётгандек бўлади.
Ўзбек ойим ҳам Юсуфбек ҳожи ва Отабеклардай заки инсонларни етиштирган муҳитнинг вакили. У эри ва фарзанди қалбини ларзага солаётган андишаларни, ўта хатарли натижаларни вужудга келтириши мумкин бўлган бу хатти-ҳаракатларни ид-рок қилишдан ўта йироқ. Кеча Зайнаб атрофида гирдикапалак бўлган Ўзбек ойим бугун унинг бутунлай акси, худди Кумуш уни сеҳрлаб қўйгандай. Шу ўринда ҳам Зайнаб руҳиятини чуқур ҳис қилувчи Юсуфбек ҳожи Ўзбек ойимни аччиқ киноялар билан тўғри йўлга солади: «Сиз икки келин ушлашни билмабсиз, Зайнабка жабр қилған кўринасиз, айниқса Зайнабнинг кўнглига қарашингиз керак, Отабекка ҳам насиҳатингиз лозим!.. Қайин-она деганнинг адл туриши лозим. Зайнаб сиз билан маним орзу-ҳавасимиз эмасмиди?» Бу сўзлар – эр томонидан хўрланган ке-лин дардларини теран ҳис қилувчи инсон сўзлари. Дарҳақиқат, Зайнаб — ўта фожеий образ. Эҳтимол, ўзбек адабиёти тарихида бунчалар оғир қисматли образ бўлмаса керак. Кумуш севди, се-вилди, севиклисига эришди, ҳижрон дардларию висол нашидасини сурди, ҳатто севгилисидан фарзанд ҳам кўрди. Зайнаб дунёга келиб нима кўрди? У севди, аммо севилмади. Халқимизда бир доно ҳикмат бор: «Эр хўрлади – эл хўрлади». У эридан хўрлик кўрди, қайнона орзу-ҳаваси бўла туриб, ундан ҳам хўрлик кўрди. Ахир, Зайнаб ҳам бахтли бўлишга ҳаққи бор эди-ку! Ёзувчи ҳамма вақт қаҳрамонларга нисбатан ўз муносабатини сир сақлайди, аммо Зайнабнинг охирги дард сўзларини ёзганда, чидай олмайди, фарёд чекади, унинг дардларига ҳамдардлигини яшира олмайди: «Менга сизнинг мизожингиз керак эмас… Ўзингиз!.. — деди ва йиғлаб ёлборған ҳолда Отабекнинг қучоғига ўзини ташлади. Отабек Зайнабнинг шу қадар юрак дарди борлигини биринчи мартаба билар эди. Бечора Зайнаб жонсиз ҳайкални ўпиб қучоқлар ва ёлборар эди».
Бечора Зайнаб бу фоний дунёнинг сўнгги неъмати ўлимдан ҳам маҳрум эди: фожианинг даҳшатидан жинни бўлиб қолди. Аммо шунда ҳам Отабекка бўлган муҳаббат уни тарк этмади. У йиллар давомида мажнуна ҳолда Худо берган кечаси Отабекни қабристонда илҳақ бўлиб кутади. Ахир, Отабек бир кунмас бир кун Кумуш қабрини зиёрат қилиш учун келади-ку! Мана, улар яна учрашдилар:
«Кеча ойдин, қабристон тиб-тинч, узоғроқдан Қуръон товуши эшитилар эди… Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёниға тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилиб оқар эди. Бирор соатдан кейин тило-ват тўхталди. Отабек ҳолсизланиб оёғ узра турди ва орқасидағи ярим яланғоч кўлагани кўриб бир неча қадам қабр томонга тисланди… Кўлага ялинғансимон унга яқин юриб келди…
— Ким бу?
— Мен Кумуш!..
Отабек товуш эгасини таниди. Бу мажнуна Зайнаб эди.
— Кет мундан!
— Мен Кумуш! — деди яна Зайнаб, аммо кетмай иложи қолмади. Зероки, дунёдағи энг яқин кишиси унга «кет!» амрини берган эди. Зайнаб орқасиға қарай-қарай Отабекдан узоқлашди. Отабек қайтиб унга қарамади, қабр ёнига тиз чўкди…»
Бу сўнгги учрашув эди… Дарҳақиқат, Абдулла Қодирий Зай-наб тимсолини яратишда буюк маҳорат кўрсатди. Ахир, Зайнаб муаллиф ва китобхоннинг муҳаббатини бирдай қозонган гўзал Кумушни ўлдирди, шундай бўлса-да, ёзувчи Зайнабга нисбатан қалбан ҳамдардлигини яшира олмайди.
«Ўтган кунлар» романининг пафоси кўпроқ Юсуфбек ҳожи ҳаракатларида, сўзларида намоён бўлади. Юрт бирлиги, миллат тақдири ва озодлиги «Ўтган кунлар» романини ҳаракатга келтирувчи пафосидир. Инқилоб деб аталмиш Октябрь тўнтариши миллатнинг истиқлол ҳақидаги интилишларини янчиб ташлашга ки-ришди. Туркистон Мухториятининг қонга ботирилиши жадид му-тафаккирларини, шу жумладан, Абдулла Қодирийни сиёсий воқеаларга ҳушёр кўз билан қарашга яна бир бор мажбур этди. Романда XIX аср ўрталари рус босқини арафасидаги парокандаликни қаламга олиш билан ёзувчи совет ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ олиб борилаётган янада даҳшатлироқ мустамлакачилик сиёсати ҳақида огоҳлантираётгандек бўлади. Бу ҳолни Юсуфбек ҳожининг юрт мустақиллиги учун ёниб айтган сўзларини амадда Отабек давом эттириб, Ватанни рус босқинчиларидан ҳимоя қшшб, жангларда қаҳрамонларча шаҳид бўлишида янада яққолроқ кўриш мумкин.
«Ўтган кунлар» романи 1956 йил ёзувчи Абдулла Қодирий оқлангандан кейин ҳам бир неча бор нашр қилинди. Аммо ро-маннинг асл моҳиятини белгиловчи баъзи боблар олиб ташланди ёки «қайчиланди». Чунки Русиянинг босқинчилик сиёсати буюк миллат шовинизми тазйиқи остида оқ ва қизил империя даврида бирдай «буюк прогрессив», «маданийлаштирувчи» воқеа сифатида талқин қилиб келинди. Шунинг учун ҳам Русия босқинига ба-ғишланган боблар шўролар мафкурасига бутунлай зид эди. Фақат мустақилликдан кейингина «Ўтган кунлар» романи ёзувчи назоратида чиққан асл нусха асосида нашр қилинди. «Меҳробдан чаён» Ёзувчи Абдулла Қодирийнинг иккинчи, «Меҳробдан чаён» романи 1928 йилда ёзиб тугатилди ва 1929 йилда босмадан чиқди. Бу икки буюк романнинг яратилишидаги оралиқ у даражада узоқ эмас, бор-йўғи 6 йил. Аммо бу оралиқ бир-биридан кескин фарқ қилар, «Меҳробдан чаён» яратилаётган даврда коммунистик партиявий яккаҳокимлик ҳамма соҳага, шу жумладан, бадиий адабиётга ҳам ўз тазйиқини ўтказишга астойдил киришган эди. Бунинг устига 1926 йилда ёзувчи бошига тушган ташвишлар, жадидчилик ҳаракати кескин қораланиб, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли каби унинг раҳбарлари ва фаоллари таъқиб остига олиниши, «Ўтган кунлар» романи устидаги машмашалар «Меҳробдан чаён» романига ўз таъсирини кўрсатмаслиги мумкин эмас эди. Бу ҳол унинг образлар тизимида ҳам кўзга ташланади.
Муаллиф бу роман учун ҳам Қўқон хонлигининг Худоёрхон ҳукмронлиги даврини асос қилиб олди. Аммо Худоёрхон ҳукмонлигининг бу даври — унинг учинчи марта тахтга келиши даври олдинги ҳукмронлик давридан анча фарқ қилар эди. Худоёрхон икки марта тахтдан олиниб, учинчи марта тахтга келиши билан анча малака орттирган, «Ўттан кунлар»даги ёш бола Худоёрхон эмас эди. Аммо хонликнинг катта ҳудуди қўддан кетган, ниҳоятда маккор ва даҳшатли Русия империяси ҳукми — фармонида сўнгги йилларини бошдан кечирмоқда эди. Худоёрхон бундай даҳшатли душманга қарши боролмас, борганда ҳам жангарилик билан иш битмас эди. Шунинг учун ҳам тадбиркорлик билан тахтни бошқариш керак эди. Шу муносабат билан «золим бўлса ҳам маъмуриятпарвар экан» деган ном олиш учун ариқлар қазиш, мадрасалар, боғлар, саройлар, раста ва даҳмалар барпо қилишга алоҳида эътибор берди: «Хон икки марта тахтдан ҳайдалиб, анчагина тажриба ортдирған, учунчи мартаба тахтка ўлтуриши маданиятлик ўрус истибдодининг Тошкандни олиб, Хўжандга ҳам кўл узатқан саналарга тўғри келган эди. Бу кунги шароит тажрибалик хонни бошқача сиёсат ушлашка мажбур этар эди. Ниҳоятда қаттиғ қўллиқ бўлиши, юқори табақа ҳисобланған уламони, ашрофни ўзига қаратиш лозим ва тахтига аждаҳо каби оғиз очиб келмакда бўлған ўрусларга қарши ўз маданиятини қуруб, жавоб бериши керак эди… Янги ўрда бино қилиши ўз кайфиға қараганда ҳам ўрусларға жонлилиқ кўрсатиш, ялтирасин шаъну шавкат билан Фарғонани ўз қўлида сақлаб қолиш учун эди».
«Меҳробдан чаён» романининг қаҳрамонлари аввалги роман қаҳрамонларидан анча фарқ қилади. Иккинчи романда ёзувчи халқ ҳаётининг қуйи ва ўрта табақа вакилларининг турмуш тарзини, умид ва орзуларини тасвирлайди. Улар турмушининг роҳатидан кўра машаққатини, адолатидан кўра маломатини, чучугидан кўра аччиғини кўпроқ тотиб кўришган. Анвар туғилган оилани олинг. Бахмалбоп маҳалласида ғариб Салим бўёқчи оиласида олтинчи фарзанд «чақирилмаган меҳмон» бўлиб дунёга келади. Очлик-яланғочлик – бу оиланинг доимий ҳамроҳи. Баъзи оилаларда фарзандни сабрсизлик билан, катта тантана сифатида кутиб олинса бу оилада у катта ташвиш келтиради. Оиладаги доимий йўқчилик, Салим бўёқчининг «ҳамиша ярим белидан нил сувига чўмилиб ётган»и уни хасталикка гирифтор қилади ва ёш ўлиб кетади, Анорбиби ҳам рўзғор тошининг оғирлигидан қирқ ёшларда ҳаётдан кўз юмади. Оила тутдай тўкилади: баъзи фарзандлар ўлиб ке-тадилар. Анварнинг икки катта оғаси Темир ва Қобил Самарқанд ва Бухорода дарбадарликда кун кечиришади, Анвар Солиҳ мах-дум уйида асранди фарзанд сифатида қўним топади ва унинг таъ-лим-тарбиясидан, мурувватидан баҳраманд бўлади, бир оз бўлса-да, ҳаёт унга кулиб боқади. Анвар шу оиланинг тўнғич фарзанди Раъно билан бирга вояга етади. У зийрак, илмга чанқоқ, қобилиятли, шу билан бирга ўта камтар йигит. У севгида вафодор, дўстларга садоқатли бўлиб ўсади. Унинг Раънога бўлган самимий муҳаббатини, ёшлигидаги дўсти Насимга ва кейинчалик Султон-алига бўлган муносабатини эсланг.
Солиҳ махдум оиласи Қўқоннинг зиёли табақасига мансуб. У анча хасис одам, шу билан бирга, ёшликдан қолган ғайирлик, тамагирлик хусусиятлари бўртиб кўринади, оилани ейиш-ичишдан, кийим-кечакдан анча тергайди. Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ўзини ўнглаб олгандан кейин ҳам бу ярамас одатлари уни тарк этмади. У бошқа мактабдорларни камситиш йўли билан эътиборли оилалардан чиққан болаларни ўз мактабига тортишга ҳаракат қилади. Муаллиф Солиҳ махдум характеридаги хасислик, тамагирлик, ичиқоралик каби хусусиятларни тўлароқ намойиш қилишда ҳазил-мутойиба, киноя, пичинг каби бадиий воситалардан кенг фойдаланади. Унинг бу пасткашлиги, хасислиги ҳақида қизи Раъно ҳазил-мутойиба шеър ҳам битади:
Ёғлар тўкилса ерга ётиб ялар тақсирим,
Бўлса бозорда пастлик сотиб олар тақсирим.
Меним учун бир зирак, Раънобонуга жевак,
Деса ойим – «Не керак?!» юмма талар тақсирим.
«Қулоқ тешиш фазл эмас, пулни топиш ҳазл эмас,
Жевак тақиш фарз эмас!» ғавғо солар тақсирим.
Ёзувчи Солиҳ маҳдумнинг нуқсонларини асосли тасвирлаш билан унинг фазилат деса арзигўйлик жиҳатларини ҳам кўрсатиб ўтишни унутмайди. У Қўқоннинг пешқадам домлаларидан, юқори лавозимларда ишлайдиган собиқ шогирдлари ҳам анчагина, уму-ман, қўқонликларни саводхон қилишдаги хизматлари катта. Ан-вар ва Раънога форс ва араб тилларини, араб тили грамматикаси – сарф ва наҳв (морфология ва синтаксис)ни анча мукаммал ўргатган. Форс адабиётидан Ҳофиз Шерозий, Шайх Саъдий, Мирзо Бедил; чиғатой-ўзбек адабиётидан Навоий, Фузулий, Амирий, Фазлий асарларини ўқувчиларига ҳам ўргатади.
Ёзувчи феодал хонлик истибдоди ва унинг хотин-қизларга муносабатини очишга катта эътиборни қаратади. Шу муносабат билан Гулшанбону тимсоли воситасида китобхонни хон саройи ва ҳарами билан таништиради. Бу тимсолнинг ҳам ўзига яраша таржимаи ҳоли бор. Гулшанбону орқали хоннинг энг ишонган, эътиборли аёли Оғоча ойим билан, эркак зотининг кўз қири тушиши мумкин бўлмаган ҳарамнинг ички хоналарию сир-асрорлари билан таништиради. У ердаги хоналарда хоннинг фақат бир-икки «илтифотига» сазовор бўлган ёш-ёш қиз-жувонлар, улар ҳаётдан, эркаклар дунёсидан бутунлай узилганлар, кичик бир оилага бош, фарзандларга она бўлишдек бахтдан маҳрум этилганлар. Аслйда хонга тақдим этилган ёки зўрлаб хон ҳарамига олиб келинган бу қизлар хонликнинг энг гўзал, бокира қизлари, ҳатто улар ҳарамга ташлангач, хоннинг кўнглини олиш учун хонликнинг энг машҳур хонандалари, созандалари, раққосаларидан санъат сирлари бўйича таълим олган санъаткор ҳамдирлар. Қирқ қизлар Гулшанбону билан шўхлик қиладилар, аския айтадилар, уни ҳазил-мутойиба, кесатиқ сўзлар билан қарши оладилар. Аммо уларнинг шўхликлари, Гулшан айтганидек: «тўқлиққа шўхлик»дан эмас, аксинча, у «шўхликлар» замирида қанчадан-қанча мунг, ғам-алам, андуҳ яширинган?! Ўз севгилисидан юлиб олинган Назми қиссасини олинг: бечора Назми ўзининг, «қирқ қизлар»нинг дардини куйлай-куйлай чарчаган, ҳозир тупроқ остида абадий уйқуда. Нозикнинг ҳам севги тарихи ўзига хос: у Анварни бир кўришда севиб қолган, аммо у севган йигит мирзабоши Анвар эканлигини билмайди. Ёзувчи роман давомида фақат бир ўринда Анвар портретини чизади, шунда ҳам Нозик тилидан: «… сурма қўйгандек оҳу кўзи бор, қизил олмадек таранг юзи бор, энди чиқиб келган майса мўйлаби, Розия хонимникидан ҳам нафисроқ қалам қоши… Устига кийган беқасам тўни ўзига шундай ярашқанки, биз қизлар ихтиёрсиз унга қарашдиқ…»
У севиб қолган йигит мирзо Анвар эканлигини билгач:
« — … ўзи уйланганмикин?
— Мен қаёқдан билай, уйланганми, эмасми?.. Уйланмаган бўлғанда ҳам сени олмас.
Нозик бир неча вақт жим қолди…
— Албатта мени олмас, — деди Нозик, унинг товушида шу чоққача эшитилмаган бир синиқлик оҳанги бор эди. — Албатта, сен айтканча, мени олмас. Менга ит теккан, мен…
Гулшан жавоб бермади. Бир оздан сўнг қатордан пишиллаган товушлар эшитилади ва бу пишиллашни ора-чора пиқ-пиқ йиғлаган товуш бузар эди».
Инсон қалбини ларзага солувчи фожеий дард-андуҳ…
Моҳият эътиборига кўра, асар «Меҳробдан чаён» деб бежиз номланмаган. Мусулмон одами учун меҳроб муқаддас жой, яъни масжидда ярим ой шаклида Каъба томонга қарата ишланган, имом намоз ўқийдиган жой. Бадиий адабиётда диний-тасаввуфий шеърларни меҳробга қараб ёқимли овоз билан куйга солиб ўқийдиган ҳофизларни «меҳробхон» дейишган. Романнинг бош салбий образи Абдураҳмон домла – муқаддас жойдан чиққан одам шаклидаги чаён. У ўта ҳасадгўй, ўз манфаати йўлида ҳар қандай гўзал инсоний фазилатларни янчиб ўтади. Мадраса кўрмаган Анварнинг хон саройида мирзо, кейин бош мирзо бўлишига, ҳатто унга яхшилик қилиб саройга ишга олганда ҳам асло чидай олмайди. Ёзувчи ундаги бундай битмас-туганмас ҳасаднинг пайдо бўлиш илдизларини ишонарли далиллайди: «Бу жавобдан кейин Абдураҳмоннинг дами ичига тушиб, ўз тақдирига лаънат ўқуди. Аммо кўнглида Раънони оладирған Анвар исмлик йигитка қарши бир кек туғилди. Бу жавоб чиндан тўғрими, найрангми йўқми, деб ўрдада хизмат қиладирғон Анвар отлиқ мирзони сўраштирди. Тўғрилиғини билиш устига ҳатто бу Анварни кимлигини ҳам хотирлади: ўзи Бухороға кетар олдида Солиҳ махдумнинг мактабида ўқиб юргон ўша ятим бола эмиш. Уч-тўрт йиллардан бери ўрдада мирзолиқ қилиб, неча тилло моҳона олар эмиш… Бу сўраштириб билишдан кейин Абдураҳмоннинг ичи яна ёниб кетди; Бухорода хатми кутуб қилиб келган бир «олим», ақалли бир маҳалла имоматига хархашасиз ўталмасин-да, унинг ҳаром тукига арзимаган бир бесавод ятим ва баднажот исқирт ўрдадан фалон тилло вазифадор бўлсин ва шу туфайлида Раъно каби бир қизни ҳам ўзиники қилсин: бу айниқса, киши чидарлик гап эмас эди…»
«Кўр кўр билан қоронғида танишар» деганларидек, Абдураҳмон домла ўзига ўхшаган Калоншоҳ, Шаҳодат муфти каби ҳасадгўй, аламзада ҳамтовоқлар билан Анвар ва Султонали мирзоларни турли балоларга гирифтор қилади. Ахир, бундай разилликни шариат, дин ҳам қаттиқ қоралайди. Бу ўринда ёзувчи сатира тиғини динга эмас, дин номидан иш кўрувчи, унинг аҳкомларини оёқости қилувчи Абдураҳмон домла каби мунофиқ, ҳасадгўй дин пешволарига қаратади.
Ёзувчи Ойбек «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» асарида А.Қодирийнинг дин пешволарига бундай қарашини романнинг камчилиги сифатида танқид қилган эди. Аслида бундай қараш Қодирийнинг мусулмон динига бўлган муносабатининг негизини ташкил қилар эди. Зоҳиран, Анвар ва Раъно севги-муҳаббатда ўзбек достонларидаги қаҳрамонларга ҳамоҳанг. Улар ўртасидаги муҳаббат мушоирасини эсланг: Анвар:
Агар Фарҳоднинг Ширин, бўлса Мажнунларнинг Лайлоси,
Насиб ўлмиш менга гулшан аро гулларнинг Раъноси.
Раъно:
Агар ор этса Лайли ҳақлидир Қайснинг жунунидин,
Не бахт, Раъно харидоринг талаб аҳлининг «Мирзо»си…
Улар ишқий мулоқотда, садоқатда, ақлзаковатда афсонавий қаҳрамонларга ўхшаб кетадилар. Чунки улар нафақат Шарқ мумтоз шеъриятидан, буюк «Хамса» достонларидан ҳам хабардорлар. Аммо улар шу замин ва замон кишилари. Бу ҳол уларнинг ҳар бйр хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Улар бир хонадон фарзандлари каби ўсиб-улғаядилар, шундай экан, улар бир-бирлари билан ҳатто севги мунозарасида ҳам эркин. Айниқса, Раъно харак-тери китобхонни ўзига ром этади. Унинг жасурлиги, иродали қиёфаси романдаги «Очиқ хат», «Маъшуқа маҳбаси», «Жасур қиз» бобларида чуқур очиб берилган. Ўрни келганда, шуни ҳам қайд этиш керакки, эркак либосини кийиб, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун ку-рашган, ҳатто Ватан ва халқ манфаати йўлида от миниб, қилич чопган ва қаҳрамонлик кўрсатган аёллар Ўзбекистон тарихида кўп учрайди.
Раъно ва Анварлар муҳаббати, демак, уларнинг тақдири ҳал қилинаётган бир пайтда Анвар қатъият кўрсата олмайди. Иккиланиб қолади. Муҳаббатнинг фалсафий моҳияти ҳақида гапиради. Аммо Раъно хонга қарши исён кўтаради: «Хоннинг ифлос тўшагида ётмайман», деб кескин жавоб беради, Анварни йўлга солади, уни кураш майдонига қайтаради.
А. Қодирий бу романда ҳам ўз маслагига содиқ қолди: ҳаёт ҳақиқати, миллий руҳ асар қатларига шунчалар сингдириб юбо-рилганки, ҳоким шўролар мафкурасининг тазйиқи китобхон эъти-боридан четда қолади. Бу ёзувчининг улкан маҳорати натижасидир.
Абдулла Қодирий 1934 йилда замонавий мавзуда — қишлоқ аҳли, деҳқонлар ҳаёти ҳақида ўзига хос «Обид кетмон» қиссасини яратди. Ёзувчи бу асарида ўзигача рус адабиётида (масалан, М. Шолоховнинг «Очилган қўриқ» романи) коллектив хўжалик ҳаётини, қулоклар ва батраклар ўртасидаги кескин курашларни акс эттирувчи асарлардан андаза олмади. Аксинча, ўзбек деҳқони, айниқса, ўртаҳол деҳқонлар руҳиятини тўлақонли тасвирловчи образлар яратди. Бу асарни 1930 йиллар вулгар социологизми билан қуролланган адабий танқидчилик мафкуравий бузуқ асар сифатида баҳолади.
Ҳозирги ўзбек насри мазмун ва жанрлар жиҳатидан ниҳоятда юксакликка эришган. Айниқса, тарихий мавзуда Ойбеқдан кейин ҳам қатор кенг қамровли романлар яратилди ва яратилмоқда. Буларнинг ҳаммасида А. Қодирий мактабининг таъсирини кўриш мумкин.
Абдулла Қодирий 1937 йилнинг сўнгги куни 31 декабрида иккинчи бор қамоққа олинди. Бу гал қамоққа олинганда Сталин қатағони машинаси бутун куч билан тинимсиз ишлар, янги-янги қурбонлар талаб қилар эди. Буюк ёзувчига ҳам «халқ душмани», «миллатчи», «аксил инқилобчи» деган айблар қўйилди ва 1938 йил 4 октябрда отиб ўлдирилди. Бу билан шўролар ҳукумати кифояланмади: А. Қодирийни авлодлар хотирасидан бутунлай сидириб ташлаш учун унинг асарларини ҳам қатағон қилди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Истиқлол туфайлигина унинг мўътабар номи, завол билмас асарлари тўлалигича халқ маънавий мулкига айланди.