Бегали Қосимов, Шариф Юсупов. Комил Хоразмий (1825-1897)

Комил — шоир, хаттот, бастакор, мусиқашунос, таржимон, давлат арбоби. Унинг ибратли фаолияти замондошлари ва кейинги давр илм аҳлининг эътирофига сазовор бўлган. Кўплаб тадкиқотчилар бу улкан ижодкор ва сиёсатдон фаолиятига қизиқиш билан қараганлар.

 

Ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши

Хива хонлиги Русия империясининг вассалига айлантирилган 1873 йилдан бошлаб рус олимлари тадқиқотларида Комил хусусида фикр юритилганлиги кузатилади. Санкт-Петербургда чоп этилган «1873 йилги Хива юриши» сарлавҳали русча расмий манбада, Ф.И. Лобосевичнинг ўша йил воқеаларига тааллуқли «1873 йилги Хива юришининг баёни» («Описание Хивинского похода 1873 г.») номли китобида у ҳақда маълумотлар бор. Макгаханнинг инглиз тилидан таржима қилиниб, 1875 йилда Москвада чоп этилган «Военные действия на Оксусе и падение Хивы» («Оксусдаги ҳарбий ҳаракатлар ва Хиванинг таслим бўлиши») китобида ҳам Комил фаолиятига махсус тўхталинган. «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири Н.Остроумовнинг у ҳақдаги қайдлари XIX асрнинг 80-90-йилларида битилган.

Ўзбек халқи маданий меросига нигилистик қарашлар тўла ҳукмрон бўлган шўро тузумининг дастлабки ўн йилликларидаёқ Москвада нашр этилган икки китобда Комилнинг мусиқа соҳасидаги ишлари хусусида қизиқарли мулоҳазалар баён этилган эди.

XIX аср манбаларининг аксариятида, жумладан, Огаҳийнинг «Гулшани давлат», Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг «Шажарайи Хоразмшоҳий», Аҳмад Табибийнинг «Мажмуатуш-шуаро» каби асарларида Комилнинг оташзабон шоир ва тадбиркор давлат арбоби сифатидаги фаолияти юқори баҳоланган.

Шўро даврида Комил шеърий мероси дастлаб 1945 йили О. Шарафиддиновнинг «Ўзбек адабиёти тарихи» хрестоматияси, орадан икки йил ўтгач «Ўзбек поэзияси антологияси» орқали кенг ўқувчилар оммасига етказилди. Адабиётшунос Маҳмудали Юнусовнинг Комил ижодига бағишланган номзодлик диссертацияси ҳам шу йили ёкланди, 1958 йили китоб ҳолида нашр этилди. 50-йиллардан бошлаб Комил ҳаёти ва ижоди мактаб ва олий ўқув юртлари дастур, дарслик ва қўлланмаларига киритилди. Жумладан, Ғ.Каримовнинг олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун тузган дарсликларида Комил ҳаёти ва ижодига алоҳида ўрин ажратилди. 1980 йили босилиб чиққан «Ўзбек адабиёти тарихи. Беш томлик»нинг 5-томида ҳам «Муҳаммадниёз Комил» деб аталувчи махсус қисм бўлиб, у А. Ҳайитметов қаламига мансуб. Бундан ташқари, олимнинг Комил ҳаёти ва ижодининг турли жиҳатларига бағишланган бир неча мақолалари эълон қилинган.

XIX асрнинг 80-йиллари бошида Хивада литография ишга туширилган чоғданоқ Комил асарлари чоп этила бошлади. Шоир девонлари тўлдирилган, қайта кўрилган ҳодда беш марта, Тошкентда эса 1909 йилга келиб «Девони Мавлоно Комил маа таворихи шоҳони Хоразм» номи билан нашр қилинди. Шўролар даврида бу иш анча кечикиб амалга оширилди, яъни 1961 йили унинг «Танланган асарлар»и, 1975 йили «Девон»и нашрдан чиқди.

 

Ҳаёт йўли

Муҳаммадниёз Комил 1825 йили Хивада туғилди. Отаси Абдулла охунд мадрасада мударрислик қилган. Муҳаммадниёзга паҳлавон лақаби болалик чоғида эркалатиб эмас, балки навқирон йигит ёшларида жанг майдонларида кўрсатган ажойиб жасоратлари эътирофи сифатида берилган. Комилнинг чиндан ҳам намуна бўларли жасоратлар кўрсатган, ўта тадбиркор сарбозбоши бўлганлиги ҳақидаги Муҳаммад Юсуф Баёний маълумотлари буни тасдикдайди. «Шажарайи Хоразмшоҳий»да ёзилишича, Хива хонининг душмани бўлмиш ёвмитларнинг забардаст паҳлавони ва уста мергани Қораболоқ номли саркардага ҳеч ким бас кела олмай турган танг бир вазиятда Комил ўз қудрати, жасорати ва тадбиркорлиги билан уни енгиб, орқага қайтишга мажбур қилади ва Матмурод девонбегининг марҳаматига сазовор бўлади.

Комил дастлаб эски мактабда, сўнгра Хива мадрасаларидан бирида таълим олади. Отаси вафотидан сўнг иктисодий танглик важидан ўкишни бирмунча вақтга кечиктириб, савдогар бобоси Хўжаш маҳрам хизматида қойим туради ва кейинроқ унинг моддий ёрдами билан таҳсилни ниҳоясига етказади.

Талабалик давридаёқ шеърлари эл назарига тушади. Натижада уни Хива хони Сайид Муҳаммадхон саройга, мирзалик лаво-зимига таклиф этади. Муҳаммад Раҳимхони Соний ҳукмфармолиги даврида эса Комил тез орада мирзабошилик лавозимига тайинланади. Русия империяси Хива хонлигини босиб олиш учун уруш бошлаган 1873 йили Комил худди шу мансабда эди. Давлат арбоби сифатида Комилга аввало тасалли берган, кейинчалик эса бошига кўпдан-кўп кулфатлар ёғилишига сабаб бўлган воқеалар ўша даврларда рўй беради. Гап шундаки, чор Русияси Хивага юриш бошлагунга қадар бутун Дашти Қипчоқ (жумладан, Туркистон, Авлиёота, Чимкент)ни, Тошкент, Хўжанд, Ўратепа, Жиззахни ва ниҳоят Самарқандни ғоят шафқатсизлик билан қонга ботириб, босиб олган, минглаб бегуноҳ кишиларнинг ёстиғини қуритган эди. Хива хонлигидаги сарой аъёнлари босқинчи рус армиясининг қурол-яроғи ҳам, профессионал тайёргарлик даражаси ҳам ўзлариникидан анча юқори эканини, унга тенг келишнинг амалда иложи йўқлгини яхши билишарди. Душман қўшинига қарши очиқчасига урушишнинг фажеъ интиҳоси маълум эди.

Хива хонлиги саройидаги амалдорлар юрт устига ёгшрилиб келаётган босқинчиларга муносабат масаласида бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки гуруҳга бўлиниб қолади. Девонбеги Матмурод бошлиқ биринчи гуруҳ кучлар нисбатини ҳисобга олмай, эл-юртни қонга ботириши муқаррар бўлган жиҳод тарафдори эдилар. Мирзабоши Комил, хоннинг маслаҳатчиси Саид Амирқул Умар (илгариги хон Саид Муҳаммад Раҳимхоннинг амакиси) ва унинг ҳамфикрлари эса юрт имкониятларини тўла ҳисобга олган ҳодда иш кўриш, босқинчи томон билан муросаю мадора йўлини тутиш, шу тариқа ҳуқуқлари чекланган ҳолда бўлса ҳам хонликни сакдаб қолиш фикрида эдилар. Кейинги воқеалар Комил ва унинг ҳамфикрлари ҳақ эканлигини кўрсатди. Туркистон генерал губернатори фон Кауфман бошчилигидаги рус қўшини охиригача жанг қилмоқчи бўлган хонлик қўшинларини улар умрида кўрмаган баҳайбат тўплардан ўққа тутиб, қириб ташлади, қанчадан-қанча инсон қони беҳуда тўкилди.

Шароит оғир эди. Ўша йили баҳорда руслар Хивани эгаллаган, хон пойтахтни ташлаб чиқишга мажбур бўлган эди. Эркинликни бутунлай беришдан кўра ярим-ёрти сақлаб туриш маъқул топилди. Натижада, 1873 йилнинг 12 августида Хива яқинидаги Гандимиён қишлоғида Русия билан Хива хонлиги ўртасида шартнома тузилди. Бу шартнома тарихга «Гандимиён шартномаси» номи билан кирди. Унга кўра, Хива хонлиги ўша санадан эътиборан вассал бўлиб қолар ва хонлик ҳудудида русияликларга қатор имтиёзлар берилар эди. Шу йўл билан Хиванинг тўпга тутилиб, вайрон этилиши, бўлажак ҳарбий-маъмурий тартиблар олди олинди. Озроқ муддатга бўлса-да, маҳаллий идора сақланди. Шунинг асосий ташкилотчиси Муҳаммадниёз (Комил Хоразмий) эди.

Комил фаолиятининг бу жиҳати ўз юртидаги ва хориждаги сиёсатдонлар эътиборини тортди ва улар томонидан аксар ҳолларда юксак баҳоланди. Чунончи, Хива хонлигидаги 1873 йил воқеалари ҳақида инглиз тилида махсус китоб чоп эттирган Макгахан Комилнинг сулҳпарвар ва тадбиркор киши эканини таъкидласа, Хива хонлигига қарши жангларда бевосита иштирок этган Ф.Лобосевич унинг тўғрисида бундай ёзган эди: «Матниёз хонликнинг оғир, кулфатли пайтларида, Хива аҳолиси ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётган бир вақтда бутун куч-қувватини сарфлаб, бекорчи ғазаб ва жаҳлни босишга, англашилмовчиликлар сабабини аниқлашга ва юзага келган ихтилоф яхши натижалар билан тугашига ҳаракат килди. Матниёзнинг бу вақтда ўз Ватанига кўрсатган хизмати беқиёс катта бўлди».

Шуниси ҳам борки, 1873 йил қирғинбаротини ўз кўзлари билан кўрган баъзи маҳаллий муаррихлар анча кейин битилган асарларида Комилнинг бу даврдаги фаолиятига бирмунча салбий му-носабатда бўлганлар. Бу ҳол Баёний ва Лаффасий асарларида кўпроқ сезилади. Аммо ўша даврдаги ўта оғир аҳвол чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрилса, Комил тутган йўл эл-юрт манфаатига мувофиқ келганлиги маълум бўлади. Чиндан ҳам Хива хонлиги вассал сифатида бўлсада сақланиб қолганлиги, юртга Муҳаммад Раҳимхони Сонийдек тиниқ фикрли, мудаббир, маърифат ҳомийси етакчилик қилгани туфайли воҳада илм-фан, маърифат, адабиёт ва санъат, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш, асрлар бўйи сақланиб қоладиган ноёб қурилишларни амалга ошириш учун муайян имкониятлар вужудга келди. Авваллари хонликда умуман бўлмаган янгича мактаблар, шифохоналар, суратхона, босмахона сингари маънавият ўчоқлари пайдо бўлди. Ана шуларнинг ҳаммасида ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида хон саройининг нуфузли кишиларидан бўлмиш Комилнинг ҳам ўзига яраша улуши бор, албатта.

1873 йил воқеаларидан сўнг сургунга жўнатилган Матмурод девонбеги ўрнига тайинланган Комил хонликнинг Русия империяси билан муносабатларини созлаш, пойтахт корчалонларининг бебошликларини жиловлаш соҳасида муҳим ишларни амалга оширди. Бироқ орадан етти йил чамаси вақт ўтиб, Муҳаммад Ра-ҳимхон ўз собиқ девонбегиси Матмуродни Калуга сургунидан озод қилдириб, яна аввалги мансабига қўйгач, Комил мирзабошилик лавозимига туширилади. Бу ҳол унга қаттиқ таъсир қилади. Матмурод бошлиқ эски мухолифларигина эмас, мустамлака маъмурияти ҳам унга нисбатан ёмон муносабатда бўлди. Ҳатто Комилнинг Хива хонлиги ва Русия империяси муносабатларини созлаш йўлидаги фидойилиги ҳам қадрланмади. У камситилди, таҳқирланди. Комилга мустамлака амалдорларининг бундай муносабати рус қўшинлари Хивани босиб олган дастлабки кунларданоқ бошланган эди.

Хива хонлигидаги 1873 йил воқеаларидан ўн саккиз йил кейин Комил Тошкентга келганида у билан учрашиб, уйида меҳмон қилган Н.Остроумов кундаликларида шундай қайдни ўқиймиз: «Суҳбат Хива хусусида борди, — дея қайд қилади кундалик соҳиби, — собиқ бош инспектор Кунни эсладик. Кунни мирзабоши ўз буйруқларига салгина қаршилик кўрсатгудек бўлса, Хиванинг қозикалони кетидан Сибирга жўнатаман, деб қутқу солувчи амаддор сифатида таърифлади». Баъзи манбаларда гўё Комил билан ижодий ҳамкорлик қилган қадрдон киши сифатида кўрсатилган А.Кун унга шундай кўнгилсиз муносабатда бўлгач, генерал губернаторликдаги бошка амаддорларнинг муносабати ўз-ўзидан аён. Чиндан ҳам умрининг охирларида қаттиқ кўз касалига йўлиқиб, дардига даво истаб келган Комилга мустамлака маъмурлари қанчалар лоқайд муносабатда бўлганликлари, йиғлай-йиғлай ўз юртига қайтиб бориб, тез орада ҳаёт билан видолашганлиги ўша давр тарихий манбаларида қайд этилган. Комил 72 ёшида, 1897 йили вафот этади. Бу хусусда замондоши муаррих Лаффасий ўз тазкирасида қуйидагича ёзади:

«Комил паришонҳол бўлганидин ғаму ҳасратлар тортиб, на-тижада икки кўзига қора сув келиб, ожиз бўлиб қоладур. Комил паришон аҳвол, кўзидан айрилиб бетоблиғ бистариға бош қўюб, Хива табиблариға бир неча муолажа қилдирса-да, ҳеч фойда бермай, балки аввалгидан ямонлашди. Шул сабабли, Комил хондин рухсат олиб, Тошкандға бориб кўзини дўхтурларға муолажа қилдирадур. Аммо кўзнинг оғриғи кундан-кун шиддатлиғ бўлған ҳолида, ҳеч бир натижа ҳосил қилмай, Комил Хивага қайтиб келадур. Доғи кўзининг дарди аввалгидан шиддатлиғ бўлғонин баён қилиб, хонға арза берадур. Хон доғи анга тасаллийи хотир бўлғудек ҳеч бир марҳамат-илтифотлар қилмайдур. Аммо мирзабошилиғ мансабин ўғли Муҳаммад Расулбойға марҳамат қиладур. Комил жуда ҳам дард чекиб, шикаста хотирликда асҳоли хасталикға дучор бўлуб, уч кун муддат ёстуққа бош қўюб, 1315 йил, ит йилида 72 ёшида юз минг надоматлар билан охиратға сафар қиладур». Синхрон жадвалга кўра 1315 ҳижрий йили милодий 1897 йил 2 июнидан 1898 йил 21 майгача бўлган муддатни ўз ичига олади. Мучал ҳисобича ит йили 1897 йил 21 мартдан бошланган. Лаффасий Комил вафот этганида 72 ёшда бўлганини айтишига қараганда, у 1897 йили дунёдан ўтган.

Комил хаттотлик билан ҳам мунтазам шуғулланди. Қўлёзмаларни кўчириш, китоб тайёрлаш ишларида фаол қатнашди. Устоз Муҳаммад Паноҳ, Худойберган Муҳркон девон, Муҳаммад Шариф арро девон, Матёқуб Харрот девон каби шогирдлар етказди. Унинг ўғли Муҳаммад Расул ҳам яхшигина хаттот эди. «Мирзо» тахаллуси билан шеърлар ёзган, девон тузган шоир эди.

Маълумотларга қараганда, Комил Хоразмий уч марта Москва, Петербург шаҳарларида бўлган. Биринчиси 1873 йилга тўғри келади. Иккинчи маротаба 1883 йили Муҳаммад Раҳимхон Соний – Феруз бошчилигидаги 17 кишилик ҳайъат таркибида, учинчи марта эса 1891 йили Асфандиёрхонга ҳамроҳ бўлиб борган. Дастлаб 1891 йилда, сўнгроқ 1896-1897 йилда Тошкентга саёҳат қилган. Шунингдек, унинг шеърларида Афғонистон сафари, жумладан, Бухоро орқали Мозори Шарифга, ундан Ғазнага боргани ҳақида маълумотлар учрайди.

 

Поэтик мероси

Комил замонасидаёқ шоир сифатида катта эътибор ва эътирофга сазовор бўлди. Масалан, таниқли шоир Рожий уни ўзига устоз билади, номини Огаҳий билан ёнма-ён қўяди:

Сўз камолидин Рожий огоҳ эрса тонг йўқким,
Бор аниси дамсози Огаҳий била Комил.

Шунга яқин сатрларни XX аср шоирларидан Партавда ҳам учратиш мумкин. У 30 ёшларида Огаҳийдек шоирнинг эътиборига тушди ва номи «Гулшани давлат» асарига киритилди. «Наврас фикр ва тоза табъ шуародин фазл ва ҳунар аҳли аросинда мумтоз Паҳлавонниёзким, фозиллар гуруҳи ичра тахаллуси Комилдур»,— деб таништиради ўқувчига уни Огаҳий. 1880-1881 йилларда эса Шайх Сулаймон Бухорий «Луғати чиғатойи ва турки усмоний» («Чиғатойча ва усмоний туркча луғат») да айрим сўзларга изоҳ бериш учун Комил шеърларидан ҳам фойдаланади.

Комил Хоразмий ўз шеърларини тўплаб, девон қилган. XIX асрнинг охири XX аср бошида тузилган бир қатор баёз (тўплам, антология)ларда ҳам шеърлари учрайди. Девони шоир ҳаётлигидаёқ нашр қилинган. Биринчи нашри 1880—1881 йилларга тўғри келади. Хивада тошбосмада (литография) босилган эди. Иккинчи маротаба яна Хивада 1895 йили босилди. Бу нашр олдингига нисбатан тўлиқроқ. Китоб учинчи маротаба 1909 йилда Тошкентда нашр этилган. Айрим шеърлари «Туркистон вилоятининг газети»да босилган. Учала нашр ҳам Комил шеърларини тўла қамраб олмайди.

 

Маърифатпарварлик лирикаси

Хива хонлиги ҳаётида Русия босқини муносабати билан рўй берган воқеалар бадиий ижодда, жумладан, Комил ижодида ҳам ўз ифодасини топди. Русия Қўқон хонлиги ҳудудларини босиб олиб, Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини ўз вассалига айлантирганидан бошлаб ўлка ижтимоий-маданий ҳаётида баъзи янгиликлар ҳам рўй берган эди. Шулардан бири бутун Марказий Осиёда Комил, Сатторхон, Фурқат, Сайидрасул Азизий, Рожий Марғилоний каби илғор зиёлилар томонидан асос солинган янгича маърифатпарварлик йўналиши ва адабиёти эди.

Бу зиёлилар рус илм-фани, тили ва маданиятини эгаллаш, шу орқали, биринчидан, ўзликни англашга ва тиклашга уриниш, иккинчидан, замона талабларига жавоб берадиган миллат авлодини етказиш йўлини тутдилар. Бу соҳада буюк омил мактаб, матбуот, адабиёт эди. Матбуот йўқ эди. Мактаб ва адабиёт эса тамом эскирган эди. Мана шундай нозик шароит ва буюк орзу Комил ва унинг бир қатор маслақдошларини машҳур миссионер Н. Остроумовнинг чор ҳукумати сиёсатини ўрнига қўйиб келаётган ўзбекча «Туркистон вилоятининг газети» билан ҳамкорлик қилишга мажбур этди.

Шу тариқа Комилнинг янгича маърифатпарварлик йўналишидаги бир неча асарлари яратилди ва 1891 йилдан бошлаб мазкур газетада эълон қилинди. Шоирнинг «Ики шўх» радифли ғазали ушбу йўналишдаги асарларидан бўлиб, у мавзу, ғоя, новаторона руҳ ва маҳорат жиҳатидан ҳам ижодкорнинг бунгача яратган асарларидан кескин фарқ қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида «Ики шўх» радифли шеърнинг дастхат нусхаси, унинг газета саҳифасига киритиш учун тайёрланган корректураси, корректура ус-тига муҳаррир томонидан битилган қайдлар ҳамда шеър қаерда, қандай муносабат билан дунёга келгани хусусидаги Н.П.Остроумов кундалигидаги ёзувлар ҳам сақланиб қолган. Маълум бўлишича, Комил 1891 йилнинг 28 августидан 13 сентябригача вали-аҳд шаҳзода Асфандиёрга ҳамроҳ сифатида Тошкентда бўлган вақтида 9 сентябрь куни шаҳарнинг эски шаҳар қисми бошлиғи, кейинчалик 1892 йилги вабо қўзғолонининг асосий айбдорларидан саналиб, ҳибсга олинган ва Қўқон турмасида ҳалок бўлган Инъомхўжа Умриёхўжа ўғлининг Эгарчи маҳалладаги ҳовлисида меҳмон бўлиб, йирик маърифатпарварлардан Муҳиддинхўжа ҳамда Шарифхўжа билан даврнинг долзарб масалалари хусусида суҳбатлашган. Ундан сал илгарироқ, яъни 5 сентябрда Комилни Н.П.Остроумов ўз уйига меҳмонга таклиф қилган. Бу ерда Сат-торхон Абдуғаффор ўғли билан ҳам суҳбатда бўлган. Остроумов Комилни Тошкент эрлар гимназиясига ҳам олиб бориб, у ердаги дарсхоналар, ўқув қуроллари, бой кутубхона ва бошқалар билан, типо-литографияда эса пойтахт матбаачилиги усуллари билан батафсил таништирган.

«Ики шўх» радифли ғазали шоирнинг Остроумов хонадонидаги меҳмондорчилиқдан олган таассуротлари асосида дунёга келган. Зотан Остроумовнинг ўзи шеърнинг газетада чоп этиш учун тайёрланган корректураси ҳошиясида «Хива хонининг мирзабошиси Паҳлавон Мирзабошининг 5 сентябрда менинг уйимда ўтказган кечасидан хотира тарзида ёзган шеъри» деган қайдни қолдирган.

Газета муҳаррири ўз уйида Комилнинг меҳмон бўлгани хусусида кундаликка анча қайдлар битган. Бу қайдлар «Ики шўх» радифли ғазал қайси куй ва хонишлар билан, қайси мусиқа асбобида, ким томонидан ижро этилганлиги, улардан шоир қанчалар таъсирланганлиги хусусида маълумот бериши жиҳатидан, айниқса, қимматли: «Чойдан кейин биз меҳмонхонага ўтдик, – деб ёзади Н.Остроумов, Паҳлавон Мирзабоши диванда ўтириб, катта қизимнинг рояль чалишини тинглади. У хивача ҳамда форсча куйларни, «Қиз муножоти» ва бошқа баъзи пьесаларни чалиб берди. Қария мусиқани ва рус халқининг баъзи қўшикларини диққат билан тинглади».

Европа ва шарқ мусиқа меросидан баъзи намуналарни, рус халқ қўшиқларини фортепьяно жўрлигида тинглаш, чамаси, Остроумовнинг икки қизи ижро этган бал рақсларини томоша қилиш натижасида яратилган «Ики шўх» радифли ғазалнинг шоир асарлари нашрига кирмаган муаллиф дастхати асосидаги матни қуйидагича:

Солурди ғамза хадангин камона ул ики шўх,
Мани ул ўқға қилурлар нишона ул ики шўх.

Ҳам ики гул киби бир шохдин очилмишлар,
Қилур навосини ҳам булбулона ул ики шўх.

Эшитса бандаси бўлғуси Зуҳроу яна Баҳром,
Рубобу чанг ила тузса тарона ул ики шўх.

Боқиб жамолиға юз тил била фиғон айлар,
Етурса илкини фартапиёна ул ики шўх.

Қилурда нола арақдин ики юз бўлуб гулфом,
Кўзумдин айлади қон ёш равона ул ики шўх.

Қучоқлашиб бўладур бир-бирига жуфт андоқ,
Ки тоқупўсти Ирамға дугона ул ики шўх.

Агарчи ҳуснда маъшуқи аҳли оламдур,
Валек нола қилур ошиқона ул ики шўх.

Парилар эрдимукин, учтилар кўзумдин ё,
Фаришта эрдиму чархи ошёна ул ики шўх.

Бириси Комил бедилғадур басе матлуб,
Агарчи хўблар ичра ягона ул ики шўх.

Н.Остроумов шахсий фондидаги нусха билан Комилнинг қўлёзма ва тошбосма девонларидаги матнларни қиёслаш шуни кўрсатадики, муаллиф ғазалнинг дастхат нусхасини «Туркистон вилоятининг газети» муҳарририда қолдириб, Хивага боргандан сўнг асар матни устида қайта-қайта ишлаган, деярли ҳар бир байтга ўзгартиришлар киритган. Айни вақтда, Комилнинг янгича маърифатпарварлик қарашлари алоҳида маҳорат билан намойиш этилган қуйидаги икки муҳим байтни ундан тушириб қолдирган:

Боқиб жамолиға юз тил била фиғон айлар,
Етурса илкини фартапиёна ул ики шўх…

Қучоқлашиб бўладур бир-бирига жуфт андоқ,
Ки тоқупўсти Ирамға дугона ул ики шўх.

Бу икки байтнинг алохдда аҳамияти шундаки, Комил бадиий санъатлардан зўр маҳорат билан фойдаланиб, маҳбубанинг нозик бармоқлари сеҳри билан дардли куйлар таратаётган фортепьянони маъшуқа жамолига боқиб фиғон чекаётган бағри қон ошиқ ша-мойилида гавдалантиради. Мислсиз новаторона манзара ва ҳолат яратади. Иккинчи байтдаги бир-бирининг бағрига жо бўлиб, ҳаро-ратли рақс ижро этаётган икки гўзални Эрам боганинг чирмашиқ гулларига ўхшатиб, ўта кўркам ва ўзига хос ташбиҳ қўллайди. Юқоридаги икки байтда фортепьяно иборасининг ишлатилиши, Европа турмуш тарзига хос рақснинг бунчалар маҳорат билан тас-вирланиши Комил шеърияти учунгина эмас, балки бутун кўп асрлик шарқ шеърияти учун янгилик эди. Байтларнинг кейинчалик Комил девонларига киритилмай қолишига келсак, шеърда ифодаланган фортепьяно ва европача рақс тушунчаси ҳали у вақтларда Хива хонлигида умуман бўлмаганлиги сабабли улар ўқувчи тасав-вурига сингмай қолиши назарда тутилган бўлса керак.

 

Анъана ва маҳорат

Шарқда девон тузиш маълум анъанага эга эди. Жумладан, шеърлар дастлаб жанрлар бўйича (ғазал, рубоий, туюқ каби), сўнг эса уларнинг ҳар бири ички алифбо тартиби (қайси ҳарф билан тугашига қараб) билан жойлаштирилган. Шеърларнинг, чунончи ғазалларнинг ғоя ва йўналиши, мавзу-мазмуни ҳам белгилаб қўйилган эди. Ғазал аксарият ишқ ҳақида ёзилади. Ишқ эса икки мазмунни: «ишқи илоҳий», «ишқи мажозий»ни англатади. Биринчиси Оллоҳ ишқи, Худони севиш, иккинчиси ердаги гўзалга ошиқлик эди. Ҳар иккисининг ифода воситалари, образ тимсолларида ўхшашлик бор. Қолаверса, тасаввуф таълимоти бўйича, борлиқ, инсон ёки гўзал ёр ҳам Ҳақ жамолининг жилваси. Демак, унга муҳаббат Оллоҳга бўлган ишқ даражасига етиши керак.

Шоирлар ўз салоҳиятларини кўпроқ мана шу доирада намойиш этар эдилар. Комил ғазалларида ҳам бу мавзу кенг ўрин эгаллайди.

«Айн»у «шин»у «қоф»инга то бўлди кўнглум мубтало
«Дол»у «ро»у «дол»у ҳажрингдин даме эрман жудо,-

деб бошланади шоирнинг бир ғазали. Яъни «айн», «шин», «қоф»— «ишқ»инга кўнглум мубтало бўлганидан буён «дол», «ро», «дол»— «дард»у ҳижронингдин бир нафас (даме) ҳам холи эмасмен, демоқда шоир. Шеър бошдан охиригача шу тарзда ҳарфлар ўйини билан давом этади. Бундай усулни шарқ шеър илмида китобат санъати деганлар. Мана, яна бир байт:

Юзунг мусҳафи шарҳи ўлғай неча –
Китобу китобу китобу китоб.

Мусҳаф Қуръондир. Шоир ёр юзини муқаддас Қуръон саҳифасига ташбиҳ этяпти. У шарҳ этилгудек бўлса, неча-неча китоб бўлади, демоқчи. Мазмунда илоҳий ишқ жилва қиляпти. Муайян сўзнинг муайян ўриндаги такрори ҳам санъат. Бундай усулни му-каррар санъати дейдилар. У керакли фикрни кучайтиришга хизмат қилади.

Шоир ёр таърифида анъана изидан бориб, чиройли ташбиҳлар, манзаралар яратди:

Жонбахш лаълинг устида ул холи ҳиндулармудур,
Ё чашмаи ҳайвон уза зоғи сияҳмўлармудур.

Лаъл — қизил қимматбаҳо тош, ёқут. Уни шоирлар ёрнинг лабига қиёс қилганлар. Бу лаъл ошиққа жон бағишлайди. Шунинг учун у жонбахш. Қора холни «холи ҳинду» деганлар. Шоир ёрнинг лаби устидаги қора холини таъриф этмоқда. Ҳинду қўриқчи маъносида ҳам келади. Лаълни (қимматбаҳо нарсани) қўриқлаш учун қўйилган посбон маъноси ҳам бор.

«Чашмаи ҳайвон» — ҳаёт суви. Бир ичган киши асло ўлмайдиган обиҳаёт. Зоғи сияҳмў — қора қарға. Лаб ва унинг устидаги хол обиҳаёт ва унинг бўйидаги қора қарғага ташбиҳ этиляпти.

Шоир ёр сиймоси—тимсолини беряпти. Жумладан, лаб ва холини таъриф этяпти. Таъриф бошдан охиригача ташбиҳ (ўхшатиш) асосига қурилган, «мудур» қўшимчаси эса унга сўроқ маъносини беради, «ё» айирув боғловчиси сўроққа янги маъно юклайди. Шоир гўё галга солади: ундаймикин, бундаймикин, — деяётгандек бўлади. Яъни: жон бағишловчи лабинг устидаги қора холмидир ёки обиҳаёт бўйидаги қора қарғами? Бундай усулни тажоҳули ориф (билиб билмасликка олиш) дейдилар. Шоир икки фикрни ўртага қўйиб, биттасини аниқлаштирмоқчидек туюлади. Лекин аслида иккала фикрни ҳам тасдиқлатиб олади. Тажоҳули ориф шеъриятда кенг тарқалган поэтик санъатлардан.

«Аҳбоб» («Дўстлар») радифли ғазалида умрнинг ғаниматлиги, дўсту ёрнинг қадрига етмоқ кераклиги ҳақида гап кетади. Шеър шундай бошланади:

Тугунглар бир-бировнинг суҳбатини муғтанам, аҳбоб,
Ки барча бўлғумиз навбат билан бир-бир адам, аҳбоб.

Шеърни ўқир эканмиз, буюк Навоийнинг:

Ки бир кун бўлурмиз адам, эй рафиқ,
Ғанимат тутоли бу дам, эй рафиқ, –

деган сатрлари ёдга тушади. Шеърни ўқий бошлаймиз. Хўш, нима қилмоқ керак, деган хаёл бизни безовта қила бошлайди. Комил «Офтоб» радифли шеърида бу фикрни давом эттириб, тўғридан-тўғри шоҳга мурожаат қилади:

Эй шоҳ, ғарра бўлма жаҳон тахту жоҳига,
Гар бўлса афсаринг қамару гавҳарофтоб.

(Эй шоҳ, бошдаги тожинг ойу, унинг гавҳари — офтоб бўлганида ҳам бу дунёда тахту бойлигишта бино қўйма, мағрурланма.) Хўш, нима қилмоқ керак? Йўл битта. Ҳар бир нарсадан ибрат олмоқ зарур. Умрни қадрламоқ, яхшилик йўлида сарф этмоқ керак. Дўстликнинг қадрига етмоқ лозим.

Қани буни эшитадиган одам? Қани аждодлар тарихидан хулоса чиқарадиган авлодлар?

Ҳубби дунё баски, Комил, кар қилибдур халқни,
Ҳеч ким олмас қулоқға дурри шаҳвори ҳадис.

(Эй Комил, мол-дунё ҳирси халқни шу қадар кар килибдурки, ҳеч киши ҳадис аталган шаҳвор дурни қулоғига олмайди.) Кўрин-яптики, Комил тасаввуф билан бир кдторда ахлоқ, панд-насиҳат масалаларига ҳам алоҳида диққат қилади.

Комил лирикасида муҳаббат мавзуи айрича ўрин тутади. Комил бу мавзуда ғазал, мураббаъ, мухаммас, мустазод, маснавий, мусаббаъ ва бошқа шаклларда кўплаб асарлар яратган. Шоирнинг «Туркистон вилоятининг газети»да 1891 йил 6 сентябрда эълон қилинган дастлабки уч шеъри шу мавзудаги асарлардан иборат экани характерлидир. Шарқ мумтоз шеъриятининг энг яхши анъаналари руҳида камол топган бу улкан қалам соҳибининг муҳаббат лирикасида, бир томондан Навоий, Фузулий, Мунис, Огаҳий каби азамат шоирлар яратган шеърий тимсоллардан маҳорат билан фойдаланилса, иккинчи томондан, уларда Комил қаламигагина хос бўлган ноёб тимсолларни, хилма-хил бадиий кашфиётларни кўрамиз.

Шеърий асар соҳибининг маҳорати, одатда, ўзидан олдинги йирик санъаткорлар кашф этган тимсолларнинг улар нигоҳидан пинҳон қолган янги жиҳатларини очишдан иборат бўлса, бало-ғат чўққисига кўтарилган чоғларида улар ўша олдинги йирик санъаткорлардан мерос қолган тимсолларни инкор этиш, уларга акс тарафдан ёндошиш орқали ҳам ўқувчи қалбини ром этадилар. Навоийнинг «Бўлмангиз» радифли машҳур ғазалига тах-мис боғлаган Комил ҳар бандда улуғ шоир ғазалига шундай мис-раларни заргарона пайванд қиладики, натижада улар битта қалам соҳиби ижодининг маҳсулидек янграйди. Бу ҳол тахмис боғлаган шоирнинг улкан маҳоратидан, ўз салафи эгаллаган юксак чўққига кўтарила олганидан далолатдир. Мана ўша бандлар:

Олам аҳлидин вафо осорини қилманг гумон,
Нақд умрим сарф этиб қилдим аларни имтиҳон,
Узлат истаб аҳли оламдин қочинг борича жон,
Ошнолиғ айлабон ўз жонингизға ҳар замон,
Боиси юз минг балоу меҳнату ғам бўлмангиз.

Гарчи Комил бўлди фурқатдин алил, эй, аҳди васл,
Ҳажр ўтиға тушти андоғким Халил, эй, аҳли васл,
Лек топти ёр васлиға далил, эй, аҳли васл,
Гар Навоий ҳажр аро бўлди залил, эй, аҳли васл,
Энди навбат сизгадур, мунча муаззам бўлмангиз.

Комилнинг:

Оҳким ҳар кимға молу жоними қилдим фидо,
Қилдилар яхшилиғимға минг ямонлиғ борҳо, —

матлаъи билан бошланадиган бир ғазали буюк Навоийнинг:

Кимга жонимни фидо қилдимки, жоним қасдиға
Ҳар тарафдин юз туман тийғи жафосин кўрмадим, –

байтидаги инсон қалби қаърига яширинган аламли туйғуларни чексиз изтироб билан ифодалашда буюк устозга муносиб шогирд эканлигини кўрсатади.

Фузулийга татаббу тарзида битилган бир ғазалида Комил:

Сунбул эрурму сарвға чирмашиб ўсган боғ аро,
Ёхуд чирмашган қадингга шабранг гисулармудур?

Ҳайрони дийдоринг бўлуб турмиш қошингда хўблар,
Йўқ эрса кўйғон ўтру машшота кўзгулармудур? –

мисраларини битаркан, маҳбуба қаддини қуршаб турган ўрим сочларни боғда сарвга чирмашиб ўсган сунбулга, ёр ҳуснига ҳайрон бўлиб турган гўзалларни унинг ҳуснини янада жилолантириш учун жам бўлган машшоталарга ўхшатади ва Фузулийга муносиб ўзига хос ноёб ташбиҳлар яратади.

Комилнинг бетакрор санъаткорлик маҳорати унинг куйлар басталаниб, юз йилдан ортиқ муддат ичида энг машҳур хонандалар томонидан хониш этилиб келинаётган ғазал ва мухаммасларида яна ҳам яққол намоён бўлади. «Қўқон ушшоқи»га солиниб, тингловчилар орасида, айниқса, кенг шуҳрат қозонган:

Юзунг фироқидин, эй рашки меҳри рахшоним,
Қоронғудир кеча-кундуз бу байтул аҳзоним, –

матлаъли ғазали ҳам гўзал шеърий кашфиётлар яратилганлиги билан ажралиб туради.

Бўлур кўзимға гул – ўт, сарв – ўқ чаман ичра,
Нединким қадду юзингдур мени гулистоним.

Юзунг қуёшидин айру гар ўлса юз хуршид,
Мунаввар ўлмоқи мумкин эмас шабистоним, –

байтларининг биринчисида мумтоз шеъриятдаги анъанавий тим-соллар: яъни маҳбуба рухсорининг гулга, қаддининг шамшодга ташбиҳ этилганлиги Комилни асло қаноатлантирмайди. Ошиқ -муаллифнинг идрокича, чаманда гулу сарв бўлсаю маҳбуба бўлма-са, бу чаман чаман эмас: у гулни ўт-ўлан, сарв оғочини эса ўқ сифатида қабул этади, чунки маҳбубанинг рухсорию қадди бўлсагина чаман чаман бўла олади. Иккинчи байт ҳам мумтоз шеъриятдаги кўркам тимсоллардан бирини, яъни маҳбуба чеҳрасининг оламни мунаввар этувчи қуёшга ташбиҳ этилишини кескин рад қилиши билан эътиборга лойиқ. Шоир фикрича, қоронғу кечани ёритишга қодир ягона қуёш – ёр юзининг қуёши бўлмаса, оламни нурга тўлдирувчи юзта қуёш баравар осмонга чиқса ҳам ошиқнинг зулмат кечасини ёритишга қодир эмас. Бу Комил шеърияти учунгина эмас, балки бутун мумтоз шеъриятимиз учун ҳам янгича талқиндир.

Хоразмлик буюк хонанда Комилжон Отаниёзовдан бошлаб юзларча ҳофизларнинг энг севимли хонишларидан бири Комил қаламига мансуб «Кимни севар ёрисан» номли шўхшанг қўшиқдир. Ундаги:

Қайси фалак буржини меҳри пур анворисан,
Қайси садаф дуржини гавҳари шаҳворисан,
Қайси Хўтан оҳуси, нофаи тоторисан,
Қайси чаманзорни лолаву гулнорисан,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан?

Қоматинга бандадур боғ аро сарви равон,
Лаъл лабинг рашкидин ғунча эрур бағри қон,
Чунки чаман саҳнида бўлса юзунг гулфишон,
Ноласин айлар фузун булбули бехонумон,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан?

Айшу нашот истабон ғамга дучор ўлмағон,
Меҳринга дил бастаю зору низор ўлмағон,
Лаъли лабинг шаҳвдға борму хумор ўлмағон,
Даҳр аро йўқтур санға ошиқи зор ўлмағон,
Сўйла манға, эй санам, кимни севар ёрисан? –

бандларида, бир томондан, мумтоз шеърият анъаналарини рад этиш орқали янги тимсоллар яратилса, иккинчи томондан, унда: «Даҳр аро йўқтур санға ошиқи зор ўлмағон» сингари ўта эҳтиросли ва оригинал мисралар учрайди.

Хуллас, Комил ўз маҳоратининг юксаклиги жиҳатидан ҳам кўп асрлик мумтоз шеъриятимизда салмоқли ўрин тутади.

Комил девонидан рубоий, мустазод, мураббаъ, мухаммас, мусаббаъ, муаммо каби поэтик жанрлар ҳам ўрин олган. Мухаммаслари Навоий, Мунис, Огаҳий, Феруз, Рожий ғазалларига битилган. Шоир аруз вазнининг имкониятларидан кенг фойдаланди. Чунончи, унда бошқа шоирларда учрамайдиган узун вазн— баҳри тавилни ҳам кўрамиз.

 

Ижтимоий лирика

Комил ижтимоий лирикасида жамиятдаги, айниқса, шоир фаолият юритишга мажбур бўлган сарой муҳитидаги илм-ҳунар аҳлига, соф қалбли инсонларга ноҳақ муносабат, уларни таъқиб ва таҳқир этиш ҳоллари зўр изтироб билан тасвирланади. Зотан, Комилнинг ўзи ҳам эл-юрт тинчлиги, адолат тантанаси учун олиб борган фидокорона ишлари учун хон атрофидаги қора кучлар, баъзи ҳолларда эса хоннинг ўзи томонидан ҳам руҳий азобларга солинган эди. Комил ўзига нисбатан бундай ноҳақ муносабатдан изтиробга тушиб, хонга ҳақиқий аҳволни баён этувчи «Айлама» радифли ғазал билан мурожаат этади. Хон Комилга ғайирлик қилувчи сарой аъёнлари ҳийласига учиб, Комил шеърини Матмурод девонбегининг югурдакларидан бўлмиш Иброҳим Султон исмли шоирга етказади. У ўз навба-тида худди Комил шеърининг вазни, қофияси, радифи, ҳатто беш байтдан иборат ҳажмини ҳам сақлаган ҳодда шеърий жавоб ёзади ва жавобни Матмурод Комилга етказади. Бу софдил шоир учун дард устига чипқон бўлади. Зотан Иброҳим Султоннинг жа-воб шеърида Комил одобсизлик, ҳасадгўйлик, юртга зарар келтирганлик ва бошқаларда айбланган эди. «Мирзабоши (Комил демоқчи) ул абётни мутолаасидин бир қад учуб, ул абётни хон ҳазратлариға берганидин кўб нодиму пушаймон бўлди», деб ёзади Баёний.

Шундан сўнг Комил саройдаги софдил одамларнинг ҳалол ишларини хонга қинғир қўзгуда кўрсатувчиларни ҳажв қилишнинг бошқача, умумлашма тимсоллар яратиш йўлини танлайди. Шоирнинг «Фузало» ва «Жуҳало» радифли кескин ғазаллари шу тариқа дунёга келди. Биринчи шеърда Комил:

Ютубон бу замонда қон фузало,
Кулфат ўқиғадур нишон фузало.

Жуҳалоға қилиб мулозимлиғ,
Топмадилар емакка нон фузало, —

иккинчи шеърда эса:

Нўш этиб ришва майин, етмай улус додиға,
Билмадилар даме ойини адолат жуҳало,-

дер экан, бу унинг аҳли илм, аҳли ҳунар, поқдомон кишиларга кун бермай, уларга тавқи лаънат урмоқчи бўлган саройдаги қора кучларга очиқдан-очиқ жавоби эди. У ўзи мансуб бўлган фузало билан Матмурод, Иброҳим Султонлар мансуб бўлган жу-ҳало ўртасидаги ер билан осмонча тафовутни баралла кўрсатиб берди. Комилнинг ана шу йўналишда Нодирабегимнинг «Эҳти-ёж» радифли ғазали таъсирида битилган «Тамаъ» ва «Рўза» радифли шеърлари ҳам ижтимоий лириканинг нодир намуналари жумласига киради.

 

Тошкент таърифи

Комилнинг янгича маърифатпарварлик йўналишидаги энг яхши асарларидан бўлмиш «Дар баёни таърифи ва тавсифи Тошканд» муаллифнинг 1891 йил август—сентябрь ойларида мазкур шаҳарга сафари вақтида олган таассуротлари маҳсули. Асар битилган сана хусусида адабиётшуносликда турлича мулоҳазалар билдирилган. Баъзилар Тошкент ҳақидаги бу қасидани Комил 1896—1897 йилларда қоғозга туширганини тахмин қилсалар, айримлар уни ҳатто 1898—1899 йилларда ёзган, деган тўхтамга келганлар. Асарнинг «Туркистон вилоятининг газети»да 1894 йил 8 октябрда чоп этилганлиги юқоридаги ҳар икки фикрни ҳам рад этади. Бундан ташқари, газетанинг ўша сонида асар матни сўнгида берилган муаллиф изоҳи «Дар баёни таърифи ва тавсифи Тошканд» қачон ёзилгани ма-саласини ойдинлаштиради: «Махфий қолмасунким, «чашми сори Тошканд» бир таъриҳдур. Лекин ҳисоби ҳамалда минг уч юз саксон тўрт бўлур. Аммо таъмия қоидаси бирла етмиш тўрт исқот бўлур. Бу тариқадиким, «байъад» иборати шунга ишоратдур, 1316 бўладур, яна олти йилдин сўнг мувофиқ бўлур. Нединким, муни машқ айлаганда таърихи минг уч юз ўнда эрди». Синхрон жад-валга кўра, 1310 ҳижрий йил милодий ҳисобда 1892 йил 26 июлдан 1893 йил 14 июлгача бўлган муддатни ўз ичига олади. Демак, Комилнинг бу асари 1892-1893 йиллар оралиғида ёзилган.

Асарнинг ҳажми салмоқли, юз сатрни ташкил этади. Жанрига кўра – қасида. Шеърда анъанавий «насиб» (лирик бошланма)дан сўнг саёҳат хабари маълум қилиниб, тўғридан-тўғри таъриф ва таснифга ўтилади. Шоир икки марта Тошкентга келган эди. Чамаси, ҳар икки сафари ҳам кузга тўғри келган. Шеърда «айёми хазон» манзаралари тасвир этилган. Шунга қарамай, шаҳардаги яшиллик, сўлим, фаровон боғлар, ариқлардаги тиниқ, зилол сувлар хасталаниб қолган кекса шоир қалбида турфа туйғулар қўзғайди.

Шаҳарнинг хазонрез пайти шундай гўзал, хушҳаво бўлса, баҳори қандай экан-а, завқиёб бўлиб ёзади шоир:

Хуш ҳаволуқ мунча бўлса, онда айёми хазон,
Ё раб, эркандур нечук фасли баҳори Тошканд?!

Тошкент ҳақида кейинги беш юз йил давомида Бобурдан бугунги Абдулла Ориповгача кўп айтилган. Устоз Шайхзода махсус достон битгани маълум. Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Биз икки мисол билангина чекланамиз. Буюк Навоийнинг кичик замондоши ва ватандоши Зайнилдин Восифий умрининг катта қисми шу ерда кечади. У Тошкент билан илк учрашувинй шундай тасвирлаган эди:

«Бир шаҳар кўрдимки, …атрофида Кайковус биноларидан чорбоғлар бўлиб, ундан Эрам боғининг дилида доғи бордур…» Унингча, Тошкент шундай бир шаҳарки, ўзга юртлардаги под-шоҳликдан бундаги гадолик улуғроқ. Негаки, унинг тупроғи туп-роқ эмас, тўтиё, суви эса обиҳаётдир. Йўқ-йўқ, обиҳаёт эмас, ундан ҳам мўътабарроқ, обиҳаёт унинг қиёсида хижолатдан зул-матга чекинади. Ҳа, унинг ҳавоси ўликка жон бағишловчи Исо нафасидек, йўқ, аксинча, ўша Исонинг ўзи Тошкент ҳавосини орзу қилади…

Адиб шиғил мевасини кўтаролмай қомати кекса чолдек букилган серҳосил дарахтларни, дилбарлар ёноғини эсга солувчи қирмизи олмалар, серсув латиф шафтолилар, чиний ноклару жаннат меваларидан ҳам беҳроқ беҳиларни завқ-шавқ билан таъриф этган эди.

Восифийдан тўрт юз, Комилдан 20 йил кейин Тошкентга келган «Вақт» (Оренбург) газетасининг мухбири Ш. Муҳаммадёров 1916 йили шундай ёзади: «Мен Тошкентдагидай беадад соя-салқин дарахтларни, кўчаларининг ҳар икки ёнида шарқираб оқиб турувчи муздай ариқларни дунёнинг бирор ерида учратиш мумкин эмас, деб ўйлайман. Мен Парижнинг булварларини кўрдим. Тошкентникига ўхшата олмадим».

Комилнинг Тошкент таърифида айтган сўзлари ўзидан олдинги ва кейинги қаламкашларники билан ғоят ҳамоҳанг!

Республика Марказий Давлат архивидаги манбаларга қараганда, Комил 1891 йилги Тошкент сафари вақтида Инъомхўжа ва Остроумов хонадонида бўлган чоғида ўша даврнинг таниқли маърифатпарварлари Сатторхон, Шарифхўжа, Муҳиддинхўжа ва бошқалар билан суҳбатда бўлиб, улардан шаҳарнинг жуғрофий бўлиниши, унинг идора қилиниши борасида баъзи маълумотларни ҳам олган эди. Бу маълумотлар «Дар баёни таърифи ва тавсифи Тошканд»га киритилган бўлса ҳам, юқорида номлари келтирилган уч маърифатпарвар номи асардан ўрин олмай қолган. Сабаби, Комил Тошкентдан 1891 йил 13 сен-тябрда жўнаб кетган бўлса, орадан тўққиз ой чамаси вақт ўтиб бу ерда «Вабо қўзғолони» бўлиб ўтган, қўзғолон айбдорлари сифатида Шарифхўжа Астрахан губернясига уч йил муддатга сургунга ҳукм қилинган, Муҳиддинхўжа қозилик лавозимидан бекор қилиниб, таъқиб ва қийноқлар остида қолган, шунингдек, Сатторхон ҳам Тошкентдан чиқиб кетишга мажбур этилган эди. Шу важдан Тошкент маърифатпарварлик муҳитида ўзига хос из қолдирган Мирзо Абдулло ўғлининг номигина шоирни истироҳат боғига таклиф этиб, унга ўша даврдаги эътиборга лойиқ ўзгаришлардан завқланиш имконини берган кишилар қаторида тилга олинади:

Ёна бир боғики, Масковда нечукким Йўрматож,
Ундади бир неча онда ҳукмдори Тошканд.

Ҳар киши гар қилса истифсор онинг номини,
Мирзо Абдулло эрур хизмат гузори Тошканд.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкент Туркистоннинг сиёсий, иқгисодий, маданий маркази сифатида йил сайин янгиланиб, йириклашиб бормоқда эди. Жумладан, кўчалар кенгайтирилиб, чироклар билан ёритила бошлаган эди. Комил шеърида мана шу янгиликлар ҳам акс этди:

Равшан этгандек сипеҳр айвонини шамъи нужум,
Шабни рўз айлар чароғони фанори Тошканд…

Сайр этарлар анда юз, минг эркагу қизу жувон,
Барчаси илму хирадда номдори Тошканд.

Юқоридаги парчада алоҳида эътибор берилган илму хирад масаласи шоирнинг «Камол» радифли ғазалида ҳам муаллиф бош мақсадини ташкил этади. Комил унда, жумладан, шундай ёзади:

Эмас кишига бу дуняда мулк-мол камол,
Ҳусули илм-ҳунар келди безавол камол.

Шоирнинг таъриф этишича, Тошкент шундай шаҳарки, ғубори (чанги) «куҳлул жавоҳир» (қимматбаҳо тошдан ишланган сур-ма) сингари «тийра» (хира) кўзларни равшан қилади:

Тийра кўзларни қилур равшан тамошоси анинг,
Гўйиё куҳлул жавоҳирдур ғубори Тошканд.

Хуллас, уни ҳеч бир шаҳарга қиёс қилиб бўлмайди:

Лойиқ эрмас они ташбиҳ айламак ҳеч шаҳрга,
Айласа ҳар ерга ташбиҳ ўлғай ори Тошканд.

Шеър фақат таърифдангина иборат эмас. Унда шаҳар аҳли, тўрт даҳадан иборатлиги, боғлар, иморатлар ва уларнинг қури-лиши, айрим воқеалар таассуроти ҳам берилган. Шунингдек, Русия ва у орқали Европадан кириб келаётган юриш-туриш ва ахлоққа, маданиятга оид янгиликлар ҳам асарда ўз ифодасини топган.

Қасида ғазал шаклида (а—а, б—а, в—а) қофияланиб, рамали мусаммани маҳфузда (фоилотун фоилотун фоилотун фоилун —V— —/ —V— —/ —V— —/ —V—) ёзилган.

Комил Хоразмийнинг ушбу шеъри эски анъанавий қасида жанри воситасида Ватан манзараларини васф этиш, янги давр воқеаларини ўқувчиларга етказиш ва бу борада девон адабиёти имкониятларини намойиш этишда маълум аҳамиятга эга.

 

Комил ва мусиқа

Комил Хоразмий мусиқа санъатидан яхши хабардор бўлган. Яхши соз чалган. Марказий Русияга, Тошкентга сафарлари давомида рус ва Европа мусиқасини ҳам кузатган. Бу кузатишлар давомида қадим анъанавий куйларимизни, шу жумладан, Хоразм мусиқасини ёзиб олиш, яъни нотага кўчириш иштиёқи пайдо бўлган. Бунинг учун энг машҳур соз (асбоб)лардан танбурни танлаган. Шу сабабли у халқ орасида «Танбур нотаси» номи билан шуҳрат топди. Афсуски, Комил Хоразмий бу ишни охирига етказа олмади. Биргина «Рост» мақомининг бошланиш қисмини ёзиб улгурди. Унинг бу борадаги ишларини «Мирзо» тахаллуси билан шеърлар ёзган ўғли Муҳаммад Расул давом эттирди. Хоразм «Шашмақом»ининг ҳаммасини нотага кўчирди. Комил яратган «Танбур нотаси» икки катта китобдан иборат бўлиб, ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Комил Хоразмий бир қатор куйлар ижод қилиб, бастакор сифатида ҳам шуҳрат топди. «Мураббаи Комил», «Пешрави Комил» каби куйлар унинг ижодига мансуб. Бу куйлар «Рост» мақомига боғлаб яратилган ва нотага кўчирилган.

Комилнинг мусиқий мероси адабиётимиз ва мусиқамиз орасидаги қадимдан келаётган ўзаро боғланишларнинг янги даврда ҳам самарали давом этганини кўрсатади.

Комил-таржимон Комил Хоразм таржима мактабининг истеъдодли вакилларидан эди. У таржимон сифатида ҳам талай ишлар қилди. XVIII аср форс адабиёти намуналаридан «Маҳбубул-қулуб» («Кўнгулларнинг севгани») ва «Латойифут-таво-йиф» («Турли тоифаларнинг латифалари») (XVI аср) асарларини ўзбекчалаштирди.

«Маҳбубул-қулуб» халқ орасида «Маҳфил оро» («Мажлисга зийнат берувчи») номи билан шуҳрат топган бўлиб, ихчам ҳикоя ва латифалар тўпламидан иборат эди. Муаллифи Бархурдор бин Маҳмуд туркман Фароҳий (адабий тахаллуси Мумтоз)дир.

«Латойифут-тавойиф» Фахриддин Али Сафий қаламига ман-суб. «Рашаҳот» («Қатралар»), «Маҳмуд ва Аёз» асарларини ҳам у ёзган. Сафийнинг отаси Ҳусайн Воиз Кошифий Навоийнинг за-мондоши эди. У китобдаги латифаларнинг бир қисмини қайта ишлади, янгилади. Эскирганларини тушириб қоддирди (452 ҳикоядан 345 таси келтирилган). Номини ҳам ўзгартириб, «Латойифуззаройиф» («Зариф, маънодор латифалар») деб атади. Китобнинг бутун бир боби (IX) шоирлар ҳақида эди. Жумладан, Алишер Навоий ва унинг бошқа замондошлари ҳам қаламга олинган.

Хоразмда таржимачиликнинг кенг йўлга қўйилишида Хива хони Ферузнинг хизмати катта, албатта. Бу таржималарнинг кўпчилиги хоннинг таклиф ва ташвиқоти билан ёзилган.

Комилнинг ҳаёти нотекис кечганидек, таржимачилик фаолиятида ҳам эсда қоладиган лавҳалар кўп бўлган. Шундайлардан бири унинг «Ҳасби ҳол» шеърида ифодаланган. Шеърнинг насрий дебочасидан маълум бўлишича, хон Комилга бир форсий асарни таржима қилишга топширади. Бироқ белгиланган муддатда шоир топшириқни бажара олмайди. Хон китобнинг бир қисмини таржима этишни шоир Рожийга буюради. Натижа шу билан тугайдики, таржима Рожий номига ўтади. Хон унга бир ҳужра ва бошқа инъом-эҳсонлар беради. «Ҳасби ҳол» маснавийси шу муносабат билан ёзилган.

Комил ўз даврининг йирик давлат арбоби, шоири, адабиётшуноси, мусиқашуноси ва моҳир таржимони бўлиш баробарида XIX асрнинг 80—90-йилларида Хива хонлигида матбаа ишлари ривожига салмоқли ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида 1891 йили сафари чоғида Комил Хивада махсус типография ташкил этиш мақсадида Тошкентдаги босмахона мутахассислари, ҳарф терувчилари билан шартномалар тузганлиги хусусида маълумотлар сақланиб қолган. Хивада тошбосма ва ҳарф териш йўли билан чоп этилган китоблар орасида унинг беш девони бўлганлиги ҳам ман-балардан маълум. Бундан ташқари, Комил Хивада ўша йилларда чоп этилган энг мўътабар асарларга, жумладан, Алишер Навоий «Чор девон»ининг мукаммал нашрига, «Девони Холис» ва бошқа китобларга пухта сўзбошилар ёзган.

Комил ижоди ва фаолияти, кўриб ўтганимиздек, XIX аср ўзбек адабиёти ва маданиятининг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил қилади. У, бир томондан, ўтмишдан келаётган энг яхши анъ-аналаримизни янги замонга олиб келиб боғлаган бўлса, иккинчи томондан, янги давр масалаларига жавоб беришга ҳаракат қилди. Адабиётимизни янги асарлар билан бойитди. Ўзбек ўқувчиларини форс адабиётининг бир қатор намуналари билан таништирди. Ўзбек мусиқасига Европа нотасини олиб кирди. «Хоразм нотаси»ни яратди.