1926 йилда Ўзбекистон ҳукумати ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматларини алоҳида тақдирлаб, адабиётимизнинг икки забардаст вакилига юксак фахрий унвон берган эди. Буларнинг бири Ҳамза, иккинчиси Сўфизода эди. Ўзбекистон Ижтимоий Шўролар жумҳурияти 1926 йил 27 февраль 35-сон фармони билан Ҳамзага «Ўзбекистон халқ ёзувчиси», Сўфизодага «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонини берди.
Дарҳақиқат, Сўфизода XX аср бошларидаги ижодий фаолияти билан халқимизнинг миллий ва ижтимоий уйғонишига салмоқли ҳисса қўшган, 20-йиллардага шеърлари билан эса янги ўзбек поэзиясини яратишда самарали хизмат қилган шоирларимиздандир. Айни пайтда, у маърифатпарвар, мураббий сифатида ҳам маориф ва маданиятимиз тарихида салмоқли ўринга эга. У ўнинчи йиллардаёқ янги.усулдаги мактаб очиб, болаларга дарс берган, илм-маърифатни кенг халқ орасига ёйишга жонбозлик кўрсатган кишилардан эди. Бинобарин, Сўфизода ҳақида гап кетганда унинг истеъдоди ва фаолиятига хос бўлган мана шу икки жиҳатни — ижодкорлиги ва мураббийлигини таъкидлаш лозим бўлади. У худди мана шу жиҳатлари билан XIX асрнинг охири, XX аср бошидаги ўзбек маданиятининг Исҳоқхон Ибрат, Сиддиқий Ажзий, Абдулла Авлоний ҳамда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби вакиллари билан бир сафда туради.
Тожик маърифатпарварларини ўрганган ҳамкасбларимиз Тожикистондаги бундай ҳаракатчилик ҳақида тўхталганда, уларни фаолиятидан келиб чиққан ҳолда икки авлодга ажратадилар. Ўзлари бевосита мактаб очиб дарс бериш билан шуғулланган қалам эгаларини иккинчи авлодга киритадилар. Агар шу ҳол ўзбек маърифатчиларига нисбатан ҳам қўлланилгудек бўлса, Сўфизодани кўпгина замондошлари сингари иккинчи авлодга – ўз қарашларини бевосита ҳаётга татбиқ этишга бел боғлаган фидойилар даврасига қўшишга тўғри келади.
Унинг асарлари Биринчи Жаҳон уруши арафасида ва 20-йилларда оғиздан-оғизга ўтиб, кенг халқ оммаси қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Унинг номи билан боғлиқ ҳикоялар кекса китобхонлар, адабиёт мухлислари орасида ҳалигача мавзу бўлиб келади.
Сўфизода шеърларидан намуналар 30-йиллардаёқ мактаб дарсликларига киритилган. Масалан, Абдулла Авлоний 1933 йили нашр эттирган ўрта мактабларнинг VII синфи учун тузган «Адабиёт хрестоматияси»да Сўфизодага махсус жой ажратган. Жумладан, шоирнинг «Маданий макиёнлар» шеърини «Пролетар диктатураси даври адабиёти» намунаси сифатида берган эди. Умуман олганда эса, Сўфизода ижоди ҳақида ёзилган мақолалар 20-йилларда ҳам учрайди. Масалан, Лутфулла Олимий 1925 йилда у ҳақда мақола ёзган. 1934 йилда эса Миён Бузрук Солиҳов «Сўфизода ва унинг ижоди» деган китобча чоп эттирди. 1935 йилнинг 29 январида Сўфизоданинг 65 ёшга тўлиши муносабати билан юбилей ўтказилган ва 200 дан ортиқ шеъри нашр этиш учун тўпланган эди… Бироқ насиб қилмади. Шоир қатагон қурбони бўлди.
Унинг иккинчи ижодий умри 60-йиллардан бошланди. 1968 йилда адабиётшунос Тўлқин Расуловнинг ташаббуси билан Сўфизода шеърларининг бир қисми кичик китобча бўлиб босилиб чиқди. Ўша йили «Ўзбек совет адабиёти тарихи»нинг биринчи жилдида шу муаллифнинг шоир ҳақидаги мақоласи нашр этилди ҳамда унда Сўфизоданинг адабиётимиз ва маданиятимиз тарихидаги ўрни ҳақида фикр юритилди.
Муҳаммадшариф Сўфизода 1880 йилда Чустда ҳунарманд оиласида туғилди. Отаси Эгамберди Сўфи пичоқчилик бидан шуғулланган экан. Онаси Зайнаб холанинг саъйи-ғайрати эвазига Муҳаммадшариф ён қўшниси Манзура отин қўлида савод чиқаради, сўнг эса маҳалласидаги эски мактабда таълим олади. Бўлажак шоирнинг адабиётга кўнгил қўйишида ғазални дид билан ўқувчи бу хушовоз аёлнинг таъсири катта бўлган.
Сўфизода адабиёт даргоҳига 90-йилларда, яъни Муқимий ўзининг машҳур сатиралари билан бадиий ижодда демократик йўналишни тайин этган, Фурқат маърифатпарварлик руҳидаги шеърлари билан бу давр адабиётининг муҳим бир хусусиятини белгилаб берган пайтларда кириб келди. Табиийки, унинг дастлабки шеърлари мана шу икки катта санъаткорнинг фусункор мисралари таъсирида вужудга келди. «Ғубори дарду алам», «Ўпай» каби лирик ғазаллари, «Даканинг», «Бедананг» каби ҳажвиялари, маърифат ҳақидаги қатор шеърлари унинг адабиёт остонасига киришида ўзига хос йўлланма бўлди. Шунингдек, 1893-98 йилларда Қўқонда яшаб, Муқимий даврасидан баҳраманд бўлиши шоир дунёқарашининг шаклланишида, бадиий маҳоратининг ўсишида ўзига хос мактаб вазифасини бажарди. Жуда қисқа муддат ичида оддий пичоқчи Эгамберди Сўфининг ўғли Муҳаммадшариф «Ваҳший», «Сўфизода» тахаллуслари билан бутун Фарғона водийсида шуҳрат топди. Лекин унинг мутаассиб диндорларни, мавжуд ижтимоий тузум ҳомийларини шарманда қилувчи заҳарли ҳажвиялари шоир бошига катта ташвиш олиб келди. Уни «даҳрий» деб эълон қилдилар. Унга «беадаб», «бадасл» деган тавқи лаънат босдилар. Бу ҳам етмади. Уни қатл этиш лозимлиги ҳақида гап чиқди. Шоир қочишга ва натижада 1900—1913 йилларда она диёридан узоқда дарбадар ҳаёт кечиришга мажбур бўлди. Ўрта Осиёнинг бутун шаҳарларини кезиб чикди. Тифлис, Боку, Арабистон, Ҳиндистон, Туркияда бўлди. Бироқ шоир қаерда бўлмасин, барибир она диёрига қайтишдан умид узмади. У ўз шеърлари билан Кавказ ва Орен-бург матбуотида, Тошкентда чиқадиган «Туркистон вилоятининг газети», «Садойи Туркистон» газеталарида фаол қатнашиб турди. Ниҳоят, 1913 йилнинг охирларида Чустга қайтиб, янги усулдаги мактаб очди. Табиатан дангал, тиксўз, ҳатто, бир оз чапанифеъл бўлган шоир мактаби тепасига шундай деб ёздириб қўйган экан:
«Мен ул бўеқчиманки, мактаб хумида ранг бериб, қора чаппаларни ўн икки ойда оқ қиламан».
Дарҳақиқат, гувоҳлик берувчилардан олинган маълумотларга қараганда, бу мактаб ўша пайтларда шаҳарда дунёвий билим ўрга-тувчи бирдан-бир илм ўчоғи бўлган. Сўфизода мактабида она тили, жуғрофия, ҳандаса (геометрия) каби фанлар ўқитилган.
Бу мактабдан ташқари Камарсадада ҳам у етим болалар учун «Дорул-айтом» (Етимлар уйи) ва катталар учун кечки курслар очади2. Лекин бу мактаблар тезда ёпиб қўйилади. Бу ҳақда эса, «Туркистон вилоятининг газети» 1914 йил 1 январь сонида такаббурона, нописандлик билан ёзади:
«Чуст шаҳарида бир мулла шоир усули жадид мактаб очган экан. Чуст аҳолилари ани(нг) ахлоқи бузуқ деб мактабини тарқатиб, ўзини Чустдин ҳайдаб юборган эканлар». Ҳолбуки у бу пайтларда эътиборли муаллимгина эмас, таникди ижодкор ҳам эди. Бутун Фарғона водийси истеъдодли шоир сифатида танир эди. Шеърлари мухлислар тилида келар эди. Унинг ўз она диёридан бадарға қилиниши тафсилотлари маълум эмас. Лекин айрим шеърлари воқеага ойдинлик киритади. Масалан, «Чуст боёнларининг бир гапхонада бир-бирларига мақганишлари», «Чуст қозиси Аббосхон Ҳожимуҳаммад ўғлига жавоб» деб номланган шеърлари. Биринчи шеърда чустлик бир тўда улфатлар гапхонада ўтиришиб, ўз қилган ишлари билан мақтанадилар. Тўғрироғи, ўзларини ўзлари фош қиладилар. Қуюқ, ўткир бўёқлар, заҳарханда оҳанг орқасида миллат ва Ватаннинг фажеъ манзаралари намоён бўлади. Ўқувчи «бериб пора приставларни топган» ва «муаллимни қувиб, мак-табни ёпган чустилар» қиёфаси билан танишади. Шеър қуйидаги сатрлар билан бошланар эди:
Муаллимни қувиб, мактабни ёпган чустилар – бизлар,
Бериб пора, приставларни топган чустилар – бизлар.
Бошидан охиригача ўткир киноя ва қочириқларга тўла бўлган бу шеър мактаб ёпилиши воқеасини қуруқ қайд қилибгина қўя қолмас эди. Масалани чуқур ва атрофлича тахдил этиб, унинг баҳонасида, Чуст мисолида, умуман, Туркистон миқёсида фикр юргизиб, у ердаги тоқат қилиб бўлмайдиган турмуш манзараларини чизиб берарди. Шоирнинг фикрича, энг катта иллат – жа-ҳолат. Мутаассиблик, такаббурлик, текинхўрлик, ўзгалар ҳақидан ҳазар қилмаслик, зиқналик, лаганбардорлик – булар ҳаммаси маърифатсизликдан. Фожиа шундаки, бу бечоралар мана шу маъри-фатсизлик билан мақганадилар, уни кўз-кўз қилишдан ҳузур то-падилар. Бундан ортиқ бахтсизлик борми дунёда?! Шеърда шулар ҳақида гап кетарди:
Шаҳарга қўймадик поездни, келсун, халқ кун қўрсун,
Ажаб мўминсифат, эски мусулмон чустилар, бизлар.
Дуо қилсин дедик, қизларни сотдик оқсоқолларга,
Ва лекин қилғучи оламни вайрон чустилар, бизлар.
Кўринг инсофни, пулсиз камбағал, қирқ ёшида бўйдоқ,
Дағи бир чорасиз, ҳар ерда сарсон.чустилар, бизлар.
Калова сотса, тенг ярмин олурмиз бевазанлардан,
Худони эрка абди, ҳар бири хон чустилар, бизлар.
Есин тўқлар, эшик олдида турсин термулиб очлар,
Шу одатни чиқарган, хўб пурдон чустилар, бизлар.
Иккинчи шеър Аббосхон қозига жавоб шаклида ёзилган. Шеърдан шу нарса англашиладики, Сўфизода биргина «усули жадид» муаллими эмас, аввало, тиксўз, ҳақиқатпараст шоир бўлгани учун ҳукмрон доираларга ёқмаган. Иккинчидан, уни илгаригидек «бадасллик»да, «беадаб»ликда айблаш давом этган. Шунчаки эмас, у мусулмонлар ахлоқини бузишда айбланган. Шеър жилдий, маълум маънода трагик оҳангдаги «Менинг ёзганларим, билсанг агар, хуни жигардандур», деган сатр билан бошланади. Иккинчи байтдаёқ муаллиф жавобга ўтади. Чамаси, қози ва унинг атрофидагилар шоирни обрўсизлантириш учун онаси шаънига ҳар хил бўлма-ғур гаплар тарқатганлар, ўзини бузуқликда, камбағаллик, яланг-оёқликда айблаганлар. Шоирнинг сатрларида мана шу масалаларга ойдинлик киритилади:
Тилингни сақла, бадгўйликка одат қилма, эй аблаҳ,
На билдинг, модарим дарвешалардан ёки ғардандур.
Жаҳонда йўқ эди бачча, ани сенлар чиқаргансан,
Суюқлар бошчиси, билсанг, сенингдек «катталар»дандир.
Тишинг то чиқмагунча, волиданг, албатта нон бермас,
Топиб нонимни миннатсиз есам, фазли ҳунардандур.
Кўринганидек, муаллиф ўзи ва онаси ҳақида тарқатилган фисқ-фасодни рад этиш билан кифояланмай, қораюракларнинг афту башарасини очиб кўрсатади, гапни виждон билан яшашга буриб, меҳнат билан топилган миннатсиз нонни улуғ неъмат деб билади.
Жавоб ўз ишини қилди. Шеър ҳукумат вакилларини ларзага солди. Шоирга нисбатан таъқиб ва тазйиқлар бошланди. Уни қамадилар, оёғидан судраб сазойи қилдилар. Уламолар: «Ваҳший» учун боққол мол сотмасун, сартарош сочини олмасун, чойхона ва йи-ғинлар уни тагжойдан маҳрум қилсунлар», – деб фатво бердилар. Оқибатда, шоир яна ўз Ватанидан бош олиб чиқиб кетишга маж-бур бўлди. Лекин у ўзи танлаган йўлдан, ҳақиқатни халққа етка-зишдан иборат бўлган маслак-эътиқодидан қайтмади. Кўнглидагини очиқ айтди. Муаллифнинг иккинчи бир шеъридан олинган қуйидаги сатрларга эътибор қилайлик:
Кўб ёз, қаламим, сийнадаги оқ лабанимдан,
Қўшгил ароға озгина дуди суханимдан,
Кетмас бу алам дарди равону баданимдан,
Ўлсам, дағи қалбимдаги хоку кафанимдан.
Қувди мани жоҳиллар ўшандоғ Ватанимдан,
Лекин қува олмас суханимни даҳанимдан.
Ман тўғри сўзумни деяман халқи Худоға,
Қалқон шу бошим миллат учун тири жафоға.
Қалб ишни қўюнг, деб яна қолдимму балоға,
Ҳеч йўқ тамаъим, ҳозир ўзум чуну чароға,
Қувди мани жоҳиллар ўшандоғ Ватанимдан,
Лекин қува олмас суханимни даҳанимдан.
Шеърдан шоирнинг она Ватанидан қувилиш сабаби аён кўриниб турибди. У янги мактаб очгани учунгина қувилмаган. Ҳақ гапни айтгани учун, ҳақгўйлиги учун уни қувганлар. У атрофидагиларни беҳудагарчиликдан, танбалликдан, риёкорликдан, дардсизликдан қайтармоқчи эди. У жамиятнинг баланд пиллапояларида ўтирган казо-казоларни ҳалол ва пок кишилар шаънига қилиб турганлари ғийбатдан, туҳматдан, шоирнинг ўз сўзи билан айтганда, «қалб иш»лардан қайтармоқчи эди. Миллат манфаатини ўйлайдиган ҳар бир фарзанди буни англамоғи лозим эди. Афсус-ки, бутунлай бунинг акси. Уни миллатдошлари бадном этмоқдалар. Миллий хизмати учун шундай қилмоқдалар. Бу — оғир! Шунга қарамасдан, у ўз йўлида собит. У бу йўлда бошини кундага қўйишдан қўрқмайди. (Қалқон шу бошим миллат учун тири жафоға.)
Шоир мулоҳаза қилишда давом этади:
Ташрифи қадам этса, шу оламға ҳамоно,
Ҳаргиз таниёлмас эди шаръини набино,
Бизларни кўруб, дер эди: умматми шу ҳоло?!
Жонворларинга шукр дағи, шукр Худоё,
Қувди мани жоҳиллар ўшандоғ Ватанимдан,
Лекин қува олмас суханимни даҳанимдан.
Шеърдаги қочириқларга эътибор қилайлик: Пайғамбаримиз бу ерларга келса, ўзи ўрнатиб кетган мусулмончилик қоидаларини ўзи таниёлмай қоларди. Бизларни кўриб, «Наҳотки шулар менинг умматим бўлса?!» дер эди. Эй худо, шундай жонивор(!)ларинг борлигига шукур(!).
Гарчи муаллиф фикрни диндиёнат доирасида қолдираётган бўлса-да, аслида унинг қамрови кенг. Бу ерда миллат – миллиятдан узоқлашилганлигига ҳам ишора бор. Балки унда бу мақсад мақомида турибди. Биргина мусулмонлик эмас, миллат айниган, демоқчидек шоир. Қолаверса, кенг омма ҳали ҳам дин ва миллатни бир тушунар эди. Мусулмонликни миллат деб англарди. У ёғини сўрасангиз, авом у ёқда турсин, миллатга мураббийлик даъво қилувчи олиму шоирларнинг ўзлари ҳам миллий фикрдан бениҳоя узоқда эдилар. Шоир ва мунаққид Иброҳим Даврон 1909 йилда ёзган «Адабиётимиз ва шоирларимиз» номли мақоласида «Шоир надур?» деган савол қўйиб, унга жавоб берар экан, ижодкор ва-тандошларимиз ҳақида жуда кескин фикр билдирган эди:
«Бизнинг Туркистондаги якка жилов ва бебош, саҳройи қулун, шоир номиндаги пивохўр, шарлатан, ўз-ўзини тонимағонлар каби(лар) фаҳш, сафсатачиликдан бошқа бир иш қилолмаслар ва қилмоққа муқтадир ҳам эмаслар… Чунончи, эл, халқ, тоифа, гуруҳ, қабила, хайл, миллат, қавм, уммат, табиат ва ҳоказо шу мисолдаги таъбирларни надан иборат – бир жумла ўлдиғинида рав-шан англаямаз сўқур табиатлар…» Шунинг учун ҳам:
Олам куладур бизға букун, биз ҳама ғофил…
Ибрат қўзимиз кўру ҳақиқат қулоғи — кар,
Сўз тўғриси шул: бизда на бор авра, на астар…
Дарҳақиқат, Сўфизода адабиётга ижтимоий дард билан ёниб кирган шоирлардан эди. У ўзининг биринчи шеърларидаёқ ижтимоий ҳаётдаги тенгсизлик ва ноҳакдикка, жаҳолат ва нодонликка қарши исён кўтарганлардандир.
Сўфизода дастлаб ўз замондошлари, сафдошлари сингари маърифатпарвар шоир сифатида танилди. Унинг озарбойжон адиблари Жалил Мамадқулизода, Алиакбар Собир билан яқиндан танишуви дунёқарашининг шаклланишига катта ёрдам берди. 1905 йилдан кейин шоир ижоди янги босқичга кўтарилди. Унинг бу давр шеъриятида миллий туйғулар пайдо бўлди.
Шоир тутқун ва турғун ўлкада шеъриятнинг ўткир ғоявий курол бўла олишини чуқур ҳис этади ва ўз қаламини мустақиллик, эркинлик йўлида курашга сафарбар қилади. Унинг Чуст қозиси Аббосга ёзган жавоб шеърида шундай сатрлар бор эди:
Қадрдоним қалам, мардона бўлғил, вақти хизматдур,
Агар мендин кейин қолсанг, либосинг сийму зардандур.
Дарҳақиқат, унинг қалами эгасига хиёнат қилмади. Ижоди ҳам фаолияти сингари ҳақиқатгўй ва курашчан кечди. Айни пайтда, бу шеърият ҳам ғоявий, ҳам бадиий юксак эди. Сўфизода шоир сифатида замоннинг энг долзарб масалаларини қаламга олди ва ҳар бири ҳақида эҳтирос билан ёзди. Масалан, шоирнинг 10-йиллардаги шеърияти марказида зулматга чулғанган Ватан ташвишлари туради:
Ватан ҳолиндан ўтру кўзларим сақфинда қон оғлар,
На ёлғиз қўзларим, мажруҳ ўлан жисмимда жон оғлар…
Шоирнинг Фузулий йўлида ёзилган «Ватан» деб номланган шеъри юқоридаги сатрлар билан бошланар эди. Ватан ҳолининг изтироби байтдан-байтга поғонама-поғона ошиб боради. Йўқ, ўксиз Ватан ҳолига биргина у йиғлаётгани йўқ. (Шоир изтиробининг ўзи босқичли: кўзлари соққасида қон, мажруҳ жисмида жон йиғлайди.) Уй-рўзғор ободлиги («Салоҳи хонумон») фикри билан бутун хонадонлар йиғлайди. Фарқ шундаки, шоир «ошкоро», улар «ниҳон» йиғлайдилар. Дунё мамлакатлари мактабу қироатхонага тўлиб, ободлик, фаровонликка кўмилган бир пайтда, Фарғона «беному нишон»ликдан йиғлайди.
Шоир гапни истилочиликка, Туркистон каби табаррук мамлакатларнинг «бир тақим ҳайвонлара чарогоҳ (яйлов)» бўлганлигига буради. Бунга энди нафақат Фарғона, «еру осмон» йиғлайди:
Муборак мамлакатлар бир тақим ҳайвонлара ҳоло,
Чарогоҳ ўлдуғиндан ноши еру осмон оғлар».
Бу кескин фикр кейинги байтда бир қадар конкретлаштирилади:
Эвет, инсон сойилмаз ўлмаянлар исмина мазҳар,
Масал вор бизда: «Виждонсизларинг оғзинда нон оғлар».
Демак, шоир уларни инсон номига муносиб бўлмаганликлари, бошқа миллатларнинг она сутидек ҳалол ҳаққи-насибасини, виждони ҳеч бир оғринмай, ўзиники қилиб олганлиги учун ин-сон ҳисобламаяпти. Виждонсиз ҳақида эса, шундай мақол бор: нон унинг оғзига тушганида, Оллоҳга илтижо қилар экан: эй Худо, гуноҳим нима эди?
Сўфизода бир куни келиб, дунёнинг ўзгаришига, адолатнинг тантана қилишига қатъиян ишонади. Лекин бу иш ҳеч қачон ўз-ўзидан бўлмайди. Уни миллат фарзандлари қиладилар. Аммо ҳозирги кетишда буни қилиб бўлмайди. Миллатнинг бугунги танбал ва лоқайд авлоди билан у кунга етишиш қийин. Ғазалнинг мақтаъида ўқиймиз:
Шариф ўлмас у масканки, шариф ўлмас эса сокин,
У танбалларки, вор устинда яъсиндан макон оғлар.
Ҳеч бир жой («маскан») унда яшовчи эл («сокин») мукаррам («шариф») бўлмагунича, азиз ва қадрли («шариф») бўлмайди. Унинг устида ҳозирча кўриб турганимиз танбаллар бор экан, у макон қайғу ва умидсизлик бағрида йиғлайди.
Ушбу мавзу шеърдан шеърга ўтиб боради. Шоир жафокаш эл аҳволига разм ташлайди. Умри чўрилик билан ўтаётган маъсума қизлар, шўрпешона оналар, эшик олдида термулиб турган очлар шоирни изтиробга солади. Шул боис, уларнинг инсонийлик ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқади. Юқорида тилга олганимиз, «Чуст қозиси Аббосхон Ҳожимуҳаммад ўғлига жавоб» шеърида эса, ўзи ҳақида тарқатилган фитна-фасод гапларга жавоб берар экан, уни сўкишга тушиб кетмайди. Ор-номусини ҳақли равишда ҳимоя қилиб бўлгач, мухолифи даражасида турган миллатдоши қози Аб-босхонни миллатни рўшноликка чиқариш йўлида ҳамкор бўлишга чақиради. Унга қарата:
Қўлингдан келса, ётган камбағални тур, деб уйғотгил,
Қараб кўр: шоху баргу мева асли бир шажардандур, —
деб хитоб қилади.
Сўфизода хотин-қизлар ҳақида ёзди. Уларнинг зулматга бурканган ҳаётидан, маърифатдан узоқ келаётган турмуши, дунё аёлларидан ортда қолиб кетганликларидан сўз очди. Шоирнинг Оренбургда чиқиб турган машҳур «Шўро» журналида чоп этилган «Хоним, суюкли сочинг вор, на суд нишонаси йўқ» (1911 йил, 10-сон), «Хонимлар исминда» (1911 йил, 13-сон) шеърлари бунга далил. Унинг бир шеъри эса, тўғридан-тўғри «Ўқинг, оналар!» деб номланган эди. Мусаддас жанрида ёзилган ушбу шеърнинг биринчи банди қуйидагича эди:
Мунча ёмон шўрлади пешоналар,
Қизларимиз – жорияйи хоналар.
Сиз эдингиз жонлара жононалар,
Қадрингизи билмади дебоналар.
Қумри билан булбулу бедоналар,
Яхши ўқур, сиз ҳам ўқинг оналар.
Мана, шоир фикрини банд этган муаммолар. Унинг ҳузур-ҳаловатини йўқотиб, унга тинчлик бермаган ўйлар.
Сўфизодани кўпроқ бадиҳагўй шоир дейишади. Дарҳақиқат, унинг турли муносабат билан кўча деворларига, дарвозалар тепасига, чойхоналар эшигига дафьатан ёзиб қолдирган шеърлари ҳалигача халқ ўртасида сақланиб келади. Гарчи унинг 1917 йилга қадар ёзган шеърлари жуда кам сақланиб қолган бўлса-да, улардан шоирнинг етук бадиий маҳоратини илғаб олиш қийин эмас. Яна бир томони борки, шоир шеърларининг айримлари конкрет адресга эга. Баъзиларини у, ҳатто, аниқ номини айтиб, сарлавҳага ҳам чиқарган. (Масалан, «Чуст қозиси Аббосхон Ҳожимуҳаммад ўғлига жавоб».)
Иккинчидан, бу шеърлар кескин баҳс асосига қурилган. Мавзуси — адолат ва ҳақиқат.
Учинчидан, бу шеърлар қайноқ, жўшқин, уларни кескин сатирик руҳ бирлаштириб, кўтариб турибди.
Туркистонда Октябрь тўнтариши юз берганида шоир чет элларда қувғинда эди. Масалан, у бир муддат Ҳиндистонда бўлади, ўқитувчилик қилади, бу ерда ҳам инглиз полидияси билан тўқнашади. Натижада у ердан кетиб, Афғонистонга ўтади.
Афғонистонда у каллапазга шогирд тушади, карвонсаройларда яшаб, кун кечиради. Нима бўлади-ю, афғон газети «Сирожул-ахбор» («Хабарлар зиёси»)да илм-ирфон ҳақидаги 3—4 форсий шеъри босилиб, амир Ҳабибуллохоннинг назарига ту-шади. Ҳабибуллохон уни қабул қилиб, мактаб очишга рухсат беради. Унинг ўғли Омонуллохон тахтга ўтиргач, маориф вазирлигига ишга олинади.
1919 йилда Афғонистон делегадияси таркибида ўз юртига келади. Афғон давлат арбоблари қаторида ўлкага келган шоир афғон ҳукуматининг Тошкентдаги вакили ҳузурига кириб: «Ўз юртимизда яшашга имконият бўлмаган чоғларда ва оғир кунларимизда юртингизда ишлашга имкон бердиларингиз. Бунга ташаккур изҳор этаман… Буни арз этмак бирла омонатларингизни топшираман»,- деб мурожаат қилади ва ўз юртида қолади.
Шоир биографиясини махсус ўрганган Т.Расуловнинг берган маълумотига кўра, Сўфизода ўз туғилган шаҳри Чустга бориб, маориф ширкатлари тузган. Идора пештоқига эса: «Жаҳон савдогари -қаллобларга бунда йўл йўқдир, қўли қадоқ, товони ёруқ, эски чопонлар, хуш келибсизлар!..» – деб ёздириб қўйган экан.
Бироқ у, кўп ўтмай, она Туркистоннинг озодлиги хомхаёл эканлигини англаб етди. Ва бундан қаттиқ изтиробга тушди. Афсуски, унинг бу даврда ёзган шеърлари ҳам у қадар кўп эмас. 3-4 шўро мавзусидаги шеърларигина маълум. Лекин шуларга ҳам синчиклаб қаралса, муаллифнинг мураккаб кечинмаларини пайқаш қийин эмас.
Аввало, шуни айтиш керакки, Сўфизода бу даврда ҳам катта истеъдод сифатида замондошлари томонидан эътироф этилди. Ҳатто расмий матбуот, масалан, «Муштум» журнали 1925 йилда унинг бир шеърини эълон қилар экан, муаллифини «халқ шоири» деб таништиради. Ҳолбуки, бундай унвон ҳали Республикада йўқ эди. У бу воқеадан роппа-роса бир йилу бир ой кейин, 1926 йил 27 февралда таъсис этилиб, биринчи нишон эгаси Сўфизода бўлгани маълум. «Фарғона» газетаси эса, 1925 йил 13 август сонида Сўфизодани «Кулдиргувчи хушчақчақ шоирларимизнинг энг ўткири» деб таништиради. Шунчалик эътирофу эъзозга қарамай, Сўфизоданинг шўро даври шеърларини кўздан кечирсангиз, унинг ичига чироқ ёқса ёримайдиган алфозда яшаб ижод қилгани англашилади. Масалан, унинг бир шеъри шундай бошланган эди:
Пайт пойлаб душманим қўйди йўлимга лойтузоқ,
Гулдираб чалқанча тушдим, тойилиб, бўлдим чўлоқ.
Судралиб қолғон кунимда бўлмади қўлтиқтаёқ.
Илтимосимдан зерикдинг, дўстим, бўлдинг йироқ,
Жола янглиғ қўз ёшим ҳар қатраси бир носқовоқ.
Шоирнинг «ҳар қатраси бир носқовоқ» бўлган «жола янглиғ кўз ёш»лари тасвирнинг бирмунча мутойибага мойиллигига қарамасдан, ўқувчида ҳазин кайфият уйғотади. Айниқса, «Муштум» журналининг 1925 йил 2-сонида босилган «Хуржун» шеъри муаллифнинг кайфияти эмас, позидияси ҳам йўқсилпарварлик даъвоси билан чиққан, лекин амалда Туркистон ҳаётида яхшиланиш томон ҳеч бир ўзгариш ясамаган, аксинча, буюкдавлатчилик ақидасидан зарра чекинмаган советлардан узоқ эканлигини далиллайди. Буни шеърнинг «Хуржун» деб сарлавҳаланишининг ўзиёқ кўрсатиб турибди. Халқда «ишлар хуржун» дегани, содда қилиб айтганда, «ишлар — расво!» дегани бўлади. Бу – шўролар ҳукуматининг 7 йиллик фаолиятига, Туркистоннинг 7 йиллик тарихига берилган баҳо.
Шеър, тўғридан-тўғри «ҳақиқат»ни сўроққа тутишдан бошла-нади. Ва шоир ишнинг хуржунлигини бирмабир баён қилиб, исботлаб беради:
Эй ҳақиқат, қани сен, биз яна бўлдиқ хуржун,
Қайда қолди фуқаро раҳбари?! Янги қонун?!
Сўнг эса, далиллар ўртага тушади:
Ўлтуруб хум бошиға, бўлди бўёқчи маймун…
Олди «партийни» бўлуб кўп киши икки хотун…
«Женотдел»даги хом носиҳа – биби отун…
Омининг топқонини олғоли мулло мойил…
Аъламу муфти фақат қарға-у қози – қузғун,
Муҳтасиб – эски кафан ўғриси, абжақ – охун…
Камбағал яктагини ювғали топмас собун,
Ўлди косиб очидан, аҳли тижорат – Қорун…
Сўфизода 1937 йилда 57 ёшида шўролар қатағонига учраб, ҳалок бўлди.