ХХ аср ўзбек адабиёти бугун Истиқлол майдонга келтирган ижтимоий адолат ва ҳақиқат мезонлари асосида қайта идрок этилмоқда. Жумладан, ўтган аср ўзбек адабиётининг улкан намояндаларидан бўлган Ойбекнинг адабий мероси ҳам янгича талқин этилаётир. Албатта, Ойбек — ўз даврининг фарзанди эди ва унинг ижодида шўро даврининг дунёқараши муайян даражада акс этган. Бироқ, шу билан бирга, бу адабий меросда фақат устоз Ойбекка хос мафтункор, ёрқин истеъдод дунёга келтирган бадиият мўъжизалари ҳам борки, улар ҳам адабиётимизнинг фахри, ҳам бугунги маънавий тараққиётимизнинг бебаҳо бойликларидан бўлиб қолаверади.
“Наъматак” шеъри шундай адабий мўъжизалардан биридир. Унинг ўзига хос тарихи бор. 1936 йили Ўзбекистонда Пушкин юбилейига тайёргарлик бошланди. Шу муносабат билан Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Уй- ғун, Усмон Носир, Темур Фаттоҳ каби адиблар Чимёнда бир неча ой мобайнида Пушкин асарларини таржима қилиш билан шуғулландилар. Ойбекка “Евгений Онегин” шеърий романининг таржимаси топширилганди. Худди шу кунлари Ойбек Чимённинг кўркам табиатидан илҳомланиб “Чимён дафтари” деб ном олган бир туркум шеърлар яратди. “Наъматак” ана шу туркумдаги асарлардан биридир. Шеър биринчи марта “Гулистон” журналида 1936 йили босилади.
Шўро даври адабиётшунослиги ҳам бу фалсафий шеърни Ойбек ижодининг ютуқларидан бири сифатида баҳолаган. Уни ҳаётсевар шоирнинг ҳис-туйғуларини ёрқин акс эттирувчи асар, деб тал- қин этдилар.
Шу билан бирга, “Наъматак” шеърининг бадиий дунёсига чуқурроқ назар ташлаган, унинг моҳиятини, замиридаги ҳақиқат ва жозибани анча теран очган адабиётшуносларимиз хизматини ҳам унутмаслигимиз керак.
Адабиётшунос Ҳомил Ёқубов Ойбекка бағишланган китобларида “Наъматак” шеъридаги “Нафис чайқалаётган наъматак” ва “ўшшайган қоя”, наъматакнинг “сўнмас табассум”и ҳамда “ваҳший тош” каби қарама-қарши тимсоллар унга драматик руҳ бағишлаганлигини таъкидлайди. Аммо ана шу “драматик руҳ” талқинини чуқурлаштармайди. Бунга адабиётшуноснинг имконияти ҳам йўқ эди.
Яна бир олимимиз Озод Шарафиддинов “Йиллар ва йўллар” номли мақоласида “Наъматак”ни ҳозирги шеъриятда фалсафийликни кучайтирган асар сифатида баҳолаб, шундай дейди: “ Тоғда ўсган бир туп ёввойи гул шоир қалбида бир дунё поэтик ассоциациялар, образлар уйғотади. Натижада, ўзбек лирикасининг мумтоз намуналаридан бирига айланган лирик шеър туғилади. Шеърнинг гўзаллиги шундаки, шоир тоғ ён бағрида ўсган, изғиринларга, совуқ шамолларга, бўронларга бардош бериб, уларнинг ҳамлаларидан омон қолган, бир сават оқ гулни қуёшга тутиб, булутларга бош кўтарган наъматак образи орқали нурни, ҳаётни улуғлайди. Наъматак — ҳамиша навқиронликка, ҳамиша нурга, мукаммалликка интилишнинг, ҳаёт қудратининг поэтик рамзига айланган.”
Хуллас, Ҳ.Ёқубов ва О.Шарафиддиновнинг талқинларида “Наъматак“ шеърини мумтоз бир бадиий асарга айлантирган энг муҳим хусусиятлар анча аниқ кўрсатилган.
Шу билан бирга, Ойбекнинг “Наъматак” шеъри табиатида, мустақиллик даври дунёқарашидан келиб чиқиб қаралса, янада чуқурроқ ижтимоий-эстетик маънолар мавжуддек.
“Наъматак” дунёга келган ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари шароитида ижтимоий-сиёсий вазият анча мураккаблашган, миллий республикалар, халқлар бошида қатағон сиёсатининг қора булутлари қуюқлашиб келаётган бир давр эди. Миллатларнинг энг илғор фарзандларига “халқ душмани”,”янги тузумни ичдан қўпорувчи шахслар” каби қабилидаги мудҳиш айблар қўйилмоқда эди. Ҳаётда қўрқув, таҳлика кучли эди. Одамлар ҳар бир янги кунни ҳадиксираб кутиб оларди. Бундай ғайриинсоний вазият Ўзбекистонни ҳам қамраб олган эди. 1927 йилнинг 14 февралида Айн (Олим Шарафиддинов)нинг “Қизил Ўзбекистон” газетасида “Ўзбек шоирлари. Чўлпон” деган мақоласи босилди. У Чўлпонни “миллатчи, хаёлпараст, бадбин зиёлилар шоири”, деб айблади. Шу газетанинг 1929 йилдаги 22 ва 28 январ сонларида босилган Сотти Ҳусайннинг “Ўзбек адабиётининг ҳозирги муҳим масалалари” номли мақоласида эса, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон “ўнг бурилишдаги йўловчи” адиблар, деб мафкуравий қоралаб чиқилди. Худди шу мақолада мафкуравий танқид тиғи Ойбекка ҳам қарши қаратилиб, унга “оғмачи йўлчи”деган тамға босилади. Айниқса, 1936 йилларга келиб, даҳанаки сиёсий айбловлардан амалдаги қама-қамаларга ўтилди.
Озодлик топдим, деб адашган ва шўро режимида янада шафқатсизроқ синовларга дучор бўлаётган она миллатнинг қисмати, унинг атоқли намояндалари бошига тушаётган кулфатлар Ойбекнинг қалбини қийнамоқда эди. Бизнингча, “Наъматак” ана шундай ўйлар, кечинмалар натижасида туғилган ва уларни ўзига хос рамзли бир йўсинда акс эттирган.
Бу нималарда кўринади? Бир қарашда, “Наъматак” бетакрор гўзал табиат манзарасидан шоир қалбида туғилган чексиз завқ-шавқи таассуротларинигина ўзида ифода этган бир шеърга ўхшаб кетади.
Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида…
Бу кўтаринки, романтик оҳанглар, дарҳақиқат, она табиат гўзаллигига шукуҳли қасидадир. Бироқ шундан кейин шеърнинг кейинги сатрларида “виқор-ла ўшшайган қоя”га, “ваҳший тошлар”га, “ваҳший қоялар”га — қуёшга бир сават оқ гул тутиб турган наъматак тимсоли қарама-қарши қўйилади. Бундай муқояса шеърга ички драматик бир шиддатни олиб киради. Унга ўзига хос фалсафий мазмун бағишлайди. Бу драматик муқояса замирида нималар бор? Бу қарама-қарши тимсоллар тўқнашувидан чақнаган фикр, фалсафа нимани англатади?
Назаримизда, Ойбек шеъридаги Наъматак гули — она халқ, Ватан рамзидир. Наъматак ўшшайган қоялар, ваҳший тошлар бағрида, уларнинг ўшша- йиши, ваҳшийлиги муҳитида мавжуд эса-да, барибир, ўз ҳаётий қудратини намойиш этиб, барқ уриб, гуллаб-яшнаб қуёшга, нурга, бахту саодатга талпиниб яшашдан қайтмайди. Уни ҳеч бир куч бундай интилишлардан қайтара олмайди. Наъматак — халқ тимсолидир. Уни ўраб турган ўшшайган, ваҳший қоялар ва тошлар, бизнингча, Ойбекнинг наъматакдай гўзал ва ёруғликка талпинувчи она халқини зимдан таъ – қиб этиб келаётган, унга сиёсий зўравонликлар кўрсатган қизил салтанатнинг тимсолларидир.
“Наъматак” шеърида яна бир муқояса кўзга ташланади. Шоирга севимли бўлган наъматак ўшшайган, ваҳший қоялардан устун! Юксакда, осмонлар беланчагида! Шоир назарида, гўзал наъматакнинг ваҳшийлик ва ўшшайишлардан юксакликда, қуёшга талпиниб туриши унинг ўз она халқи келажагининг пайти келиб барибир порлоқ ва бахтли бўлишига қатъий ишончини рамзий тасдиқлайди.
Шеърда яна бир нозик муқояса борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди: бу — наъматакка хос бўлган нафислик ва унинг пойидаги тошлар ҳамда қояларнинг ўшшайган совуқлиги ўртасидаги зиддиятдир. Шундайки, “Наъматак” ўзининг майин товланишлари ва рақси билан ҳатто ваҳший тошларга ҳам фусун беради. Худди шу муқояса, фикримизча, ваҳший, кучли салтанат ва унинг бағрида яшашга мажбур бўлган майин, мулойим табиатли халқимизни кўз ўнгимизда ўзига хос бир тарзда жонлантиради.
“Наъматак” шеърида яна бир сатр бор, дафъатан қараганда, у бизнинг нуқтаи назаримизни шубҳа остига қўядигандек туюлади. Бу: “Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди” мисрасидир. Демак, хулоса қилиш мумкинки, наъматак гули ваҳший қояларга гўё бегона эмас, балки унинг фарзанди, унинг “ ижоди”. Бироқ, андак сабр: хулосада шошилмайлик ва шоирнинг ушбу мисрадаги “ажиб” сўзининг тутган ўрни ва у англатаётган маънога эътиборни қаратайлик. Яъни наъматак — ўшшайган, ваҳший қояларнинг табиий эмас, балки, “Ажиб”, ғалати, ҳатто кутилмаган дейишимиз мумкин бўлган фарзандидир.
Хуллас, Ойбекнинг “Наъматак” шеъри, бизнингча, шунчаки она табиат гўзаллигига ошуфта кўнгилдан туғилган бир қўшиққина эмас, балки бу кўнгилда, Ойбекнинг ўз ибораси билан айтсак, “миллий туйғулар маҳкам ўрнашган”. Унинг дунёсидан туғилган “Наъматак” шеъридаги рамзий тимсоллар эса чуқур ватанпарварлик, миллатпарварлик туй- ғулари билан ёниб туради.
Энди “Наъматак” шеърининг бадиий воситаларидаги ўзига хослик устида қисқача тўхталайлик. Гарчи, шеър ўзида бетакрор бир табиий манзарани сувратлаган бўлса-да, аммо юқорида кўрдикки, бу манзаранинг ҳар бир бўёғи ёрқин ва ўткир маъноли рамзларга айланган. Ҳаётда қатағон хуружлари кучайган, адабиётга мафкуравий зўравонлик кўрсатилаётган бир даврда эса, сўз санъаткорлари беихтиёр рамзлар, тимсоллар тили билан сўзлашга ўтиши табиий бир ҳолдир. Бу жаҳон адабиёти тажрибаларидан аён. Ойбек ҳам ўша жасоратли ватанпарварлик ўй-кечинмаларини муд- ҳиш шароитда бундан бошқача тарзда ифода эта олмас эди.
Одатда, Ойбекнинг бу йўналишдаги ижодий изланишларига Блок, Балмонт каби рус символист шоирларининг кўрсатган таъсири тадқиқотларда алоҳида таъкидланади. Бизнингча эса, Ойбекнинг табиат лирикасида кўпроқ Чўлпон ижодининг таъсири кўзга аниқроқ ташланади. Ойбекнинг ўзи Чўлпон шеъриятини чуқур севган, унинг содда тили, “тотли услуби” ҳақида мақолаларида муҳаббат билан гапирган. Рамзлар тили билан Ватан, халқ қисмати ҳақида сўзлаш эса Чўлпон шеъриятининг бош хусусиятларидан бири эди. Дадил айтишимиз мумкинки, Ойбекнинг “Наъматак” шеърида Чўлпон анъаналари кўзга ташланади.
Ойбек она табиатнинг ҳассос нафасли, теран ўй-фикрли, ёрқин ва бой бўёқлар дунёсини нозик илғаган куйчиларидан бири эди. Аммо “Наъматак” шоирнинг табиат ҳақидаги шеърлари орасида ўзининг теран дардли мазмуни билан беқиёс бир гавҳар каби порлаб туради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 32-сонидан олинди.