Франц Кафка: “Бундай халқни енгиб бўлмайди”

Чехиялик мусиқачи ва адабиётчи Густав Яноух (1903-1968) машҳур австриялик адиб Франц Кафка билан 20-йилларда танишади. Улар тез-тез учрашиб суҳбатлашиб туришади. Ана шу суҳбатларда ёзувчининг адабиёт, ҳаёт ва бошқа масалаларда айтган фикрларини Г.Яноух кундалигига қайд этиб борган. Кейинчалик бу қайдларни “Кафка билан суҳбатлар” деб номланган китобида чоп этган.
Қуйида Г.Яноухнинг “Кафка билан суҳбатлар”идан танланган айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.

Г.Яноух Кафкага ўзининг дўсти, шоир Эрнст Ледерер шеърларини махсус оч-мовий бўёқда, аллақандай алоҳида қоғозга ёзишини айтди.
— Ҳар қайси афсунгарнинг ўзининг ишқу амали бўлади. Масалан, Гайдн мусиқаларини юзига упа суриб, ясама соч кийиб, худди тантаналарга чоғлангандай ҳолатда яратган. Ёзиш — бу ўзига хос афсунгарлик.

* * *

Кафка “Прагер пресс”нинг якшанба кунлари чиқадиган адабий иловаси учун берилган адабиёт ҳақидаги анкета саволларини кўрсатди. Бармоғи билан “Сиз ўзингизнинг келажакдаги адабий режаларингиз ҳақида нима дея оласиз?” деган саволга ишора қилиб, кулимсиради:
— Аҳмоқона савол. Бунга жавоб бериб бўлмайди. Ахир, яқин орада юрак қандай уришини олдиндан айтиб бўладими? Қалам, ер қимирлашини қайд этиб турадиган махсус асбоб каби, юрак тебранишларини беихтиёр қоғозга туширади, холос. Унинг ёрдамида силкинишларни қайд қилиш мумкин, бироқ уларнинг қачон рўй беришини олдиндан айтиб бўлмайди.

* * *

Эрнст Ватснинг “Таня” драмаси саҳнага қўйилиши муносабати билан:
— Бу асарда энг яхши жойи — Танянинг ўғли тасвирланган фантастик саҳна. Театр нореал нарсаларни реал қилиб кўрсатганда жуда кучли таъсир қилади. Шунда саҳна қалб дурбинига айланиб, воқеликни ичидан туриб кузатиш имконияти пайдо бўлади.

* * *

Г.Яноух Иоганнес Р.Бехар бир шеърида уйқуни ажалнинг дўстона ташрифи, деб атаганини эслади.
— Бу тўғри. Эҳтимол, менинг уйқусизлигим ўша ташриф буюрувчи олдидаги ўзига хос қўрқувдир.

* * *

Бодлер ҳақида:
— Поэзия — дард. Иситмани туширишган билан бемор соғайиб қолмайди. Аксинча! Иситма поклайди ва ҳушга келтиради.

* * *

— Қанақа китоб ўқияпсиз?
— “Тошкент — нон шаҳри”…
— Ажойиб китоб. Яқинда мен уни бир оқшомда ўқиб чиқдим.
— Менимча, бу китоб, санъат асаридан кўра кўпроқ ҳужжатга ўхшайди.
— Ҳар қандай чинакам санъат — ҳужжат, гувоҳнома. Бундай болалари бор халқни, худди бу китобдагидай, енгиб бўлмайди.
— Бироқ гап, ҳарқалай, сонда бўлмаса керак.
—— Аксинча! Материянинг кўриниши атомдаги электронлар сони билан белгиланади. Омманинг савияси саноқли кишиларнинг онглилигига боғлиқ.

* * *

Кафка Г.Яноух келтирган Алфонс Пакенинг “Рус инқилобининг руҳи” китобини варақлади.
— Раҳмат. Ҳозир вақтим йўқ. Афсус. Россияда одамлар чинакам адолатли жамият қуришмоқчи. Бу, аслида, диний юмуш.
— Бироқ болшевизм динга қарши курашаяпти-ку.
— Чунки унинг ўзи — дин. Босқинчилик, исён ва қамаллар — нима ўзи бу? Бу жаҳон узра авж оладиган буюк, қонли диний муҳорабаларнинг дебочаси.

* * *
Қўлларида байроқ ва плакатлар кўтариб митингга йўл олган ишчилар оломонини кўриб Кафка шундай деди:
— Бу одамлар ўзларига жуда ишонишади, улар қатъиятли ва кайфиятлари баланд. Улар кўчани тўлдириб боришаётир ва гўё дунёни эгаллашгандай чоғлашади ўзларини. Бироқ улар хато қилишади. Уларнинг ортида котиблар, амалдорлар, уста сиёсатчилар — жами ҳозирги замон султонлари туришибдики, ишчилар шуларнинг ҳокимиятга келишларига йўл очишаяпти.
— Сиз омманинг кучига ишонмайсизми?
— Мен кўраяпман бу тартибсиз, бир қарашда енгиб бўлмас, бироқ енгишларини ва тартибга солиб қўйишларини хоҳлаётган омманинг кучини. Ҳар қандай ҳақиқий инқилобий жараён сўнгида аллақандай Наполеон Бонапарт пайдо бўлади.
— Сиз рус инқилобининг кенгайиб кетишига ишонмайсизми?
— Сув тошқини қанчалик кенгайса шунчалик саёзлашади ва сув лойқаланади. Инқилоб саёз сувдай буғланиб кўтарилгач, тагида фақат янги бюрократия лойқаси қолади. Тинкаси қуриган инсониятнинг қўлидаги кишани канцеляриянинг қоғозидан ясалган.

* * *

Г.Яноухнинг портфелидаги китоблар орасида детектив романни кўриб:
— Ҳечам уялманг бу китобни ўқиётганингиз учун. Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”си ҳам, моҳиятан, детектив роман. Шекспирнинг “Гамлет”и-чи? Бу ҳам детектив пиеса. Воқеалар сир асосига қурилган, сир тутилган нарса аста-секин очилиб боради. Бироқ ҳақиқатдан кўра каттароқ сир бормикан? Санъат ҳамиша ҳақиқат сари қилинадиган сафардир.
— Ҳақиқатнинг ўзи нима?
— Ҳақиқат — бу ҳаётда ҳар бир киши учун зарур бўлган нарса ва айни пайтда, уни киши сўраб ёки сотиб ололмайди. Ҳар бир одам уни ўзида узлуксиз туғдиради, аксинча эса у ҳалок бўлади. Ҳақиқатсиз ҳаёт йўқ. Эҳтимол, ҳақиқат ҳаётнинг ўзидир.

* * *

Оскар Уапльднинг олмон тилига таржима қилинган “Режалар” номли мақолалар китобини варақлаб:
— Бу жилва қилади ва ҳавасни келтиради, худди оғу жилва қилиб, қизиқтиргандай.
— Сизга бу китоб ёқмайдими?
— Мен бундай демадим. Аксинча, бу китоб жуда осонгина ёқиб қолиши мумкин. Хатарли томонининг бир жиҳати ҳам мана шунда. Зотан, ҳақиқат билан ўйнашадиган китоб хатарли. Ҳақиқат билан ўйнашиш ҳамиша ҳаёт билан ўйнашгандай гап.
— Сиз ҳақиқатдан холи ҳаққоний ҳаёт йўқ, деб ҳисоблайсизми?
— Аксарият ҳолларда ёлғон ҳақиқат юки остида эзилиб кетишдан туғилган қўрқувнинг ифодаси. Бу шахсий ночорлик, гуноҳнинг аксидир.

* * *

— Сиз мендан маслаҳат олишни хоҳлайсиз. Бироқ мен уқувсиз маслаҳатчиман. Маслаҳат — келажак олдидаги машаққатлардан чекиниш, бизни ростакамига синовдан ўтказадиган ҳозирги кундан қочиш. Бироқ бу синовдан виждони тоза бўлмаган одамгина чўчийди. Ўз замони зиммасига юклаган вазифаларни бажармаган одам бу. Бироқ ким ўз зиммасидаги вазифани мукаммал билади? Ҳеч ким. Шунинг учун ҳеч қайсимиз виждоним тоза дея оламизми? Биз бундан қочиб — иложи борича тезроқ уйқуга кетиб қутулмоқчи бўламиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 30-31-сонидан олинди.