Машҳура Шералиева. “Мўминлик ҳам қадрият…”

Чингиз Айтматов ўзининг ҳикоя, қисса ва романлари билан аллақачон ўзбек китобхонларининг қалбини забт этган. Унинг кўплаб асарлари қатори “Оқ кема” қиссаси (1970) ҳам ўз вақтида жуда катта баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган эди. Чунки қиссанинг бола, Мўмин чол, Ўрозқул каби қаҳрамонлари, уларнинг ўзаро муносабатлари кишида қарама-қарши ўй-фикрлар, ҳислар уйғотади. Зотан, ёзувчининг мақсади ҳам шу эди аслида. Қиссага “Эртакдан сўнг” деб иккинчи сарлавҳа қўйилиши унинг улғайиш ҳақида, улғайиш машаққатлари ҳақида эканига ишора қилади.

Қисса бундай бошланади: “Унинг икки эртаги бўларди. Бири ўзиники бўлиб, уни ҳеч ким билмасди. Иккинчисини эса бобоси сўзлаб берганди. Кейин биронтаси қолмади. Гап шу хусусда”. Дарҳақиқат, қисса давомида рўй берган воқеалар боланинг эртакларини парча-парча қилиб юборади, унинг дунёси остин-устин бўлиб кетади. Албатта, инсон умрбод эртак билан яшай олмайди, барча-барча одамлар эртами-кеч ҳақиқий ҳаётга рўпара бўлади. Қиссада буни кўтаролмаган бола балиққа айланиб, отаси хизмат қиладиган оқ кема томон сузиб кетади. Демак, қисса ўрозқуллар мўминчолларни камситадиган, хўрлайдиган оламда бола яшашни истамагани ҳақида. Бироқ қисса фақат шу хусусдагина эмас.

Қиссада бола балиққа айланиб узоқларга сузиб кетишни орзу қилади. Айниқса, ўзининг бобосидан бошқа ҳеч кимга керак эмаслигини ҳис қилганида, Ўрозқул Бекей холани тутиб олиб урганларида, кампирнинг норозиликлари учун ўзини айбдор сезганида бу истак кучайиб бораверади. Зотан, бола ўзи яшаётган оламда ўзини ожиз ҳис қилади. Қизиғи шундаки, барча муаммоларнинг сабабчиси бўлган Ўрозқул ҳам ўзи яшаётган ҳаётни жинидан баттар ёмон кўради, қаерларгадир бош олиб кетгиси келади (“Ўрозқулнинг шаъни ва амалига ярашмайдиган, унинг кўнглидагидек бўлмаган бу дунёга ўт тушсин”). Унинг бефарзанд эканлиги аламзадалигини изоҳлайдиган юзадаги сабаб, холос. Чунки у бефарзандликдан ташқари, каттароқ амалга эришолмаганлигини ҳам тақдирнинг адолатсизлиги деб ҳисоблайди. Ўрозқул ич-ичидан ўзига ниҳоятда паст баҳо беради, бу ҳисдан азоб чекади. Буни ҳатто ўзидан ҳам яшириш учун бошқаларни камситиш эвазига ўзига бўлган баҳони тиклаб олишга ўрганган. Шу боис ҳам амал ва пул унинг учун шахсиятидаги етишмаётган нарсаларнинг ўрнини тўлдириб олиш воситасига айланган. Ич-ичидан ўзини ҳурмат қилолмагани учун катта амалда ўтириб катта ҳурмат кўришни, бу орқали ичидаги бўшлиқни тўлдириб олишни хоҳлайди: “Қани энди ўша ёққа етишсанг, бирон жойга ўрнашиб олсанг экан. У ерда одамларни амалига қараб ҳурмат қилишни билишади… Катта амалга – катта ҳурмат”. Ўрозқулнинг ўзини Мўмин чолга қиёслашлари ҳам ўз-ўзига баҳосини кўтариб олиш истагидан: “Умрида эса бирон инсон унга (Мўмин чолга – М.Ш.) қарам бўлган эмас, у эса ҳаммага қарам бўлиб келган, ҳатто ўзининг кампирига ҳам – чол унга бир сўз қайтаролмайди”. Мўмин чол эмаслигининг ўзиёқ Ўрозқулга таскин беради, Мўмин чол эмаслигига ўзини ишонтириш, ўзининг ундан қанчалик баланд эканини таъкидлаш учун ҳам чолни камситаверади, камситаверади.

Кўрамизки, Ўрозқулнинг ўзидан норозилиги ўзини, ҳаётини ўзгартириш томон йўналтирилмайди, аксинча, ташқаридаги кимгадир, нимагадир қаратилади. Биргина мисол. Ўрозқул чўпонларнинг зиёфатларида ўтириб, ёғоч борасида қоп-қоп ваъдалар берган, ваъдасини бажариш вақти келганида эса ёғоч судраб юриш алами, қўлга тушиб қолиш хавотири уни қуюшқондан чиқариб юборади: “Лекин Сейдаҳмад узоқда. Зағчаларга ҳам қўл етмайди. Ҳаммасининг аламини хотинидан олиши мумкин – лекин уйга етиш амримаҳол. Биргина Мўмин чол бор”. Мўмин чол – кекса одам, Ўрозқулнинг хотини – эрга тобе аёл. Ўрозқул эса қўл остидагиларни, ожизларни камситиб, бундан ҳузурланишининг тагида ўз ожизлигини тан олмаслик истаги яширинганидан бехабар. Ана шундай – кўз олдимизда иккита Ўрозқул намоён бўлади: биринчиси – бераҳм ва зўравон иккинчиси – ожиз ва нотавон.

Шунга ўхшаш ҳолат Мўмин чолда ҳам кузатилади. Бироқ фарқ шундаки, битта Ўрозқулда иккита Ўрозқул яшаяпти, Мўмин чол эса битта бўлгани ҳолда унда иккита Мўмин чолни кўришга ўрганиб қолганмиз. Яъни Мўмин чолда кимни кўриш унга ким қандай муносабатда бўлишини белгилайди. Унинг таърифига эътибор беринг-а: “У очиқкўнгиллиги, ҳатто сал-пал биладиган одамига ҳам бирон яхшилик қилишга тайёрлиги, ҳар кимнинг хизматига ҳозиру нозирлиги, ҳаммага садоқати ва хушмуомалалиги туфайли шундай лақаб (Мўмин чаққон – М.Ш.) олганди. Аммо тиллани текин тарқатишганда ҳеч ким учун қад­ри қолмаганидек, унинг жонбозлигининг қадрига ҳам ҳеч ким етмасди. Унинг ёшидаги кишиларга қандай ҳурмат ва иззатда бўлишмасин, Мўминга ҳеч ким бундай муносабатда бўлмасди”. Кейинроқ яна ўқиймиз: “Ўз ҳурматини талаб қилишнинг уддасидан чиқмаган кишини одамлар оёқости қилаверади, деб бекорга айтишмаган-да. У шунинг уддасидан чиқмасди”. Ёзувчи яна таъкидлайди: “Мўминнинг бутун умри эрта тонгдан қора кечгача ишда, ташвишда ўтди, лекин ҳурмат талаб қилишни ўрганолмади”. Бу ерда ғалати парадоксга дуч келамиз. Ёзувчи Ўрозқулнинг катта амал ва катта ҳурмат ҳақидаги ўйларини маъқулламайди, Мўмин чолнинг ҳурмат талаб қилишни билмаслигини ҳам мақбул ҳолат деб билмайди. Ўрозқулнинг ҳурматталаблиги сабабини биламиз – Ўрозқул амал ва унинг ортидан келадиган “ҳурмат” воситасида ўз шахсиятидаги етишмовчиликни, руҳиятидаги бўшлиқни тўлдирмоқчи. У ҳолда нима учун ёзувчи Мўмин чолнинг ҳурмат талаб қилмаслигини фазилат ҳисобламайди?

Одам баъзан ўзига етишмаётган нарсаларни бошқаларга бериш орқали ана шу эҳтиёжини намоён қилади. Мўмин чол аслида бошқалардан кутгани – ҳурматни уларга кўрсатади, бошқаларнинг меҳр-эътиборига муҳтож бўлгани учун ҳам уларга яхшилик қилаверади, ўрозқулларнинг айбини кечираверади. Бу жиҳатдан қаралса, Мўмин чол руҳиятидаги эҳтиёж ҳам бўшлиқ, лекин Мўмин чол Ўрозқул каби йўл тутмагани учун ҳам руҳан хотиржам. Қисқаси, Мўмин чол бош­қалардан кутгани муносабатни уларга, аввало, ўзи кўрсатади. Қолгани энди Мўмин чол билан муносабатдаги кишиларга боғлиқ: тиллани бекорга олгандек уни қадрламасдан, Мўмин чолга баланддан келиб муомала қиладими ёки унинг муносабатига муносиб жавоб қайтарадими – буниси ҳар кимнинг виждонига ҳавола.

Бироқ ҳар доим ҳам ҳамманинг кўнглини бирдек олишнинг имкони йўқ. Ёзувчи Мўмин чолни Ўрозқулнинг бадхоҳлигига нисбатан исёнга олиб келиш учун ҳам чолни бола ва Ўрозқулнинг ўртасидаги танловга рўпара қилади. Кейинроқ эса Мўмин чолнинг қизи ва Шохдор она буғу ўртасидаги танлов ўртага тушади. Биринчи вазиятдаги Мўмин чол ва иккинчи вазиятдаги иложсиз Мўмин чол орасида нақадар катта фарқ бор-а… Моҳиятда-чи? Яқинлари учун исён қилган Мўмин чол яқинлари учун ўзлигини қурбон қилади – ўзи истамаса ҳам Шохдор она буғуни ўлдиради.

Ўрозқулнинг тантанаси ва Мўмин чол ўзлигини қурбон қилган вазият қиссанинг бош қаҳрамони – боланинг ҳаётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтада бола иккига ажралади. Унинг ҳамма нарсага адолатли ва тўғри баҳо бера оладиган бола қалби балиққа айланиб оқ кема томон сузиб кетади. Соҳилда қолган бола учун эса икки йўл бор: ё Мўмин чол, ё Ўрозқул бўлиб яшаш. Бундай танловни кўтаролмаган, қабул қилолмаган қисми оқ кема томон кетди. Соҳилда қолган бола эса мана шу икки йўлдан бошқасини кўра олмайди. Ҳар қандай кўнгилсизлик, муаммолар учун айбсиз айбдор мақомида қоладиган Мўмин чол бўлиб яшайдими ёки бошқаларга зулм қилиш эвазига ўз ожизлигини ўзидан ҳам яшириб яшайдими – буни биз билолмаймиз.

* * *

“Оқ кема” қиссасида авлодлар ўртасиги муносабат бола ва катталар дунёси тарзида берилгандек кўринади. Аслида эса қиссада уч авлод вакили тасвирланган – Мўмин чол, ўрта ёшли Ўрозқул ва бола. Бу жиҳатдан Исажон Султоннинг “Қисмат” ҳикоясида қўйилган муаммо билан айрим умумийликларни кўриш мумкин. “Қисмат”нинг қаҳрамонлари уч ўғил ва ота. Шунингдек, ҳикояда отанинг отаси ҳақида ҳам гап боради. “Қисмат”даги ота “Оқ кема”даги Ўрозқул каби бефарзанд эмас, лекин Ўрозқул каби ниҳоятда аламзада. У ҳам муттасил ичади, ичиб олиб хотинини уради. У ҳатто ўз отасига қўл кўтаришгача борган, Ўрозқул эса қайнотаси Мўмин чолга қўл кўтарган. Шунга ўхшаш муштарак жиҳатларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин муҳими бунда эмас. Муҳими, “Оқ кема”даги бола ва “Қисмат”даги катта ўғил образлари орқали қў­йилган муаммода.

“Қисмат”да катта ўғилнинг хотираларидан: “Умр бўйи ота деб ёнингга яқинлашолмадим, бир бола бўлиб бағрингда эркалангим келса-да, ҳайбатингдану ўшқиришингдан чўчидим, токи ўн икки ёшимга етгунча мени кўтариб томга отиб юборишингдан қўрқардим”; “Бола бўлиб ота нималигини билмаганим етмади…” “Оқ кема”нинг қаҳрамони ўзи умрида кўрмаган отасини қанчалар соғинади, унинг ҳаётида отанинг ўрни билинади, унга шу қадар эҳтиёж сезадики, И.Султон қаҳрамонининг қисмати уникидан кам эмас: отаси тирик ва ёнида бўлатуриб, катта ўғил ҳам отага шу қадар эҳтиёж сезади.

Ўрозқул ичиб олиб хотинини дўппослаётганида бола бобосининг аҳволини кўриб жуда ачинади. Охир-оқибат бола уйқу ва иситма аралаш орзу қила бошлайди, хаёлан Шохдор она буғуга мурожаат қилади: “Сен шохингда бешик олиб кел. Шундай қилгинки, бобомиз йиғламасин, шундай қилгинки, Ўрозқул амаки Бекей холани урмасин, шундай қилгинки, уларда фарзанд туғилсин”.

Бир қарашда болада ҳамдардлик туйғуси кучли бўлгани маъқулдек кўринади. Лекин бу эмпатия туйғуси эмас. Эътибор беринг-а, бола энди ўз орзуси билан эмас, ўзганинг орзуси билан яшай бошлади. Ўзининг тинчлигию хотиржамлиги ўзганинг истаги амалга ошишига боғлиқ эканини ич-ичидан ҳис қилгани учун ҳам энди ўз ҳаётини қўйиб, бошқанинг ҳаётини яшай бошлади ҳисоб (Бу фикрга эътироз билдирувчиларга савол: Ким ўзининг фарзанди гўдак ёшидаёқ катталарнинг ташвиши билан яшашини истайди?) Мўмин чолнинг кўзлари ҳар доим: “Нима истайсан? Бирор оғирингни енгил қилайми? Мен тайёрман, фақат айтсанг бас, нимага муҳтожсан?” дегандек мўлтираб туришини назарда тутсак, боладаги иложсизлик туйғуси уни Мўмин чол каби қадр-қимматсиз бўлиш томон етаклаши мумкинлиги ойдинлашади.

“Қисмат”даги отанинг катта ўғлига ўзининг ҳаётини яшаш насиб этмайди. У гўдаклигиданоқ онасининг ташвиши билан яшай бошлаган: “Энамни урганларингда қўлингга ёпишганларим эсингдами?” “Эсимни танибманки меҳнат қилдим, ҳайбатингдан қўрқиб уйдан кўчага чиқолмадим”. “Оқ кема”даги балиққа айланиш билан “Қисмат”даги отанинг руҳи балиққа ўтиши ўртасида қанчалик алоқа борлигини билмаймиз, лекин балиққа айланиш ҳар икки асарда бошқа-бош­қа вазифаларни бажаргани аниқ. Ҳикояда балиқни айнан катта ўғил тутиб келиб онага пишириб беради ва унинг ўзи ҳам ейди: “Катта акам балиқ гўштини узоқ вақтлардан бери емаганини айтиб, тилда эриб кетадиган бундай мазанинг қайдан келганига ҳайратланар ва мазани узоқроқ ҳис қилиш учун кўпроқ чайнашга уринар эди”. Ота руҳи яшаётган балиқни ейиш она ва катта ўғилнинг ҳаётида ота яшашда давом этаётганининг рамзи бўлиб, фақат фарқ шундаки, ёшини яшаб бўлган она кечириш, эрини ўзича тушуниш, ундан рози бўлиш орқали “кўзлари равшанлашаётган”ини ҳис қилади. Катта ўғилнинг эса қисмати бўлак: ичкилик ва алам қалб кўзини кўр қилиб қўйган отанинг ҳаёти ундан энг кўп азият чеккан катта ўғил – аламзада ва бераҳмроқ бўлиб қолган ўғилнинг ҳаётида давом этади, буни унинг хотирасидан ўчмаётган жароҳатлар ҳам айтиб турибди: “Ичиб келиб, ҳаммани тумтарақай қилганларингда-чи? Менга кетмон отганингда елкамни ўпириб юборувдинг, изи ҳалиям бор, ҳалиям қони силқиб турипти, елкамда эмас, ичкарида, юрагимда!” Нақадар аянчли манзара.

* * *

Агар Ўрозқул, Мўмин чол ва бола образларига “таъқибчи – қурбон – халоскор (ҳакам)” архетипи нуқтаи назаридан қарасак, муаллиф учун бола аввалига воқеалар ва одамларга баҳо берадиган ҳакам вазифасини бажаради. Бироқ кейинроқ вазият боладан халоскор бўлишни талаб қила бошлайди. Бола Мўмин чолни ва Бекей холани Ўрозқулдан қутқара олмай, хаёлан Қулибекни ёрдамга чақиради. Бу эса – “Қисмат”даги ўғил онани ураётган отанинг қўлига ёпишганидек заиф ҳаракат. Ёш бола учун хаёлот дунёсига чекиниш табиий ҳол. Лекин худди шу ўринда у қадар табиий бўлмаган яна бир ҳол рўй беради.

Мўмин чол ва Бекей холанинг Ўрозқулга муносабатини ҳазм қилолмаган бола дастлаб шундай ўйлайди: “Нега кечиришади? Бунақа одамларни кечирмаслик керак. У ярамас, саёқ одам. Бизга унинг кераги йўқ. Усиз ҳам кунимиз ўтади”. Бу болалик ақли билан англанган ҳақиқатда мантиқ бор. Лекин қисса охирида иситма ичида бола Шохдор она буғуга шундай илтижо қилади: “Ўрозқул амаки Бекей холани урмасин, шундай қилгинки, уларда фарзанд туғилсин. Мен ҳаммаларини севаман, Ўрозқул амакини ҳам севаман, сен унга фақат фарзанд бер. Уларга шохингда бешик олиб кел…” Ёш бола ҳаммани бирдек яхши кўришини тушуниш мумкин, лекин Бекей холани ураётган, Мўмин бобога азоб бераётган Ўрозқул амакини ҳам яхши кўришни қандай тушунса бўлади?

Исажон Султоннинг “Кичкина пуштиранг махлуқча” ҳикояси айнан мана шу ҳодисани “тушунтиради”. Албатта, ҳикоянинг мазмуни сизга таниш: оёғи ипга боғланган қуён боласига қасд қилган бўғма илон, хавф бироз ўтганини сезган қуёнболанинг қочиб қолиш ўрнига илон думига бориб суйкалиши, бу манзарани кузатиб турган кичкина махлуқчанинг ноласи… Илон пайдо бўлгунига қадар ҳаёт сурури ҳақида тўлиб-тошиб куйлаган пуштиранг махлуқча ўзи кўриб турган манзарага дош беролмай қўлларини еб битиради.

“Оқ кема”даги бола ҳам ўзи кузатиб турган манзарага тоқат қилолмай қолган пуштиранг махлуқчага ўхшаб кетади. Бироқ у пуштиранг махлуқчадан фарқли, бошқалар қатори қурбон мақомига ўтишдан, Ўрозқулни “яхши кўриш”дан бошқа чора топа олмайди. Шу ўринда Ўрозқулнинг ўйларини эслашга тўғри келади: “Замон бўлган-ку, ахир, бошлар учиб кетган, ҳеч ким чурқ этмаган. Аксинча, кўпроқ яхши кўришган, кўпроқ куйлашган. Мана бу хўп замон бўлган-да! Энди-чи? Ярамасларнинг энг ярамаси ҳисобланган мана бу чол ҳам дабдурустдан гап қайтаришни ўйлаб топди”.

* * *

Ўзбек адабиётида Мўмин чол каби қаҳрамонлар Ч.Айтматовнинг “Оқ кема”сидан аввал ҳам, кейин ҳам кўп яратилган. Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғри” ҳикоясидаги (1936) Қобил бобо, Шукур Холмирзаевнинг “Подачи” ҳикоясидаги (1975) Остонақул чол, Ғафур Шермуҳаммаднинг “Қудуқ” қиссасидаги (2013) Лаллай ва ҳоказо. Уларнинг гапирувчи исмлариёқ қаҳрамонларнинг асосий сифатига ишора қилади, ҳатто Остонақул исми ҳам (остона – ҳамма босиб ўтадиган жой). Бунақа образлар одатда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Жумладан, “Қудуқ” қиссасидаги Лаллай образи ҳақида ҳамкасблар билан ўзаро баҳсимизда кимдир ҳозирги замонда Лаллайга ўхшаган одам умуман кун кўролмаслигини, бошқа биров Лаллай кишида қанақадир ғашлик пайдо қилишини айтди, ёшлардан бири эса уни танишларидан бирига ўхшатиб устидан кулишгача борди. Шунда ёши улуғ устозларимиздан бирининг ҳикматнамо гапи баҳсни қизиқ жойида таққа тўхтатиб қўйди: “Мўминлик ҳам қадрият…”

Мўмин чол ҳақидаги гапларимизни унга қандай муносабатда бўлиш унинг атрофидаги кишиларнинг виждонига боғлиқ эканидан бошлаган эдик. Тасаввур қилинг-а, Қобил бобо, Мўмин чол, Остонақул чол ва Лаллайнинг уларга қарама-қарши қўйилган персонажларга боғлиқ бўлмаган ҳаёти ҳам бор-ку. “Оқ кема”даги боланинг Ўрозқул ҳақида “Бизга унинг кераги йўқ” деб ўйлаши бежиз эмас. Амин ва амалдорларсиз Қобил бобо, Ўрозқулсиз Мўмин чол, бўлим идорасидаги расмиятчи кишиларсиз Остонақул чол ва Эрат, Турдиқулларсиз Лаллайнинг ҳаёти рисоладагидек давом этаверади. Мўминчоллар ҳатто ўрозқулларда ҳам инсонни кўра олади, аммо ўрозқуллар мўминчолларда инсонни кўришга, улардаги инсонийликни ҳурмат қилишга қодир эмас. Тупроқ каби хокисор Лаллай ҳатто номаълум кишининг устихонларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлади. Эрат ва Турдиқул эса тирик одам – Лаллайни тупроқчалик қадрлашмайди.

Масаланинг айни жиҳатини таъкидлаш учун ҳам “Оқ кема” ва “Қудуқ” қиссаларидаги ўхшаш бир эпизодга тўхташ керак бўлади. “Қудуқ”нинг охирида Лаллай ниҳоят ўз оиласи учун қудуқ қазий бошлайди. Буни кўрган одамлар чақирилмаган бўлсалар ҳам ҳашарга келишади, Лаллайнинг қўлидан ишини олиб, ўзлари унга қудуқ қазиб беришади. Бу ишни барча биргаликда, ҳамжиҳатликда қилади (албатта, бу саҳнада Эрат ва Турдиқулнинг йўқлиги диққатимиздан четда қолмайди). Лаллай қачонки ўзи учун қудуқ қазий бошлаганида кутган нарсасига эришади – одамлар қалбидаги яхшилик булоғининг кўзи очилганини кўради. Шу маънода, қиссадаги қудуқ ва сув образи шунчаки яхшиликнинг эмас, балки яхшиликка жавобан қайтарилган яхшиликнинг рамзига айланган.

“Оқ кема”да пичан ортишга келиб қор бўронида қолган юк машиналарини юргизиш саҳнаси бор. Мўмин чолникида тунаб қолган йигитлар Мўмин чолда ҳеч қандай ғайритабиий, камситишга арзийдиган жиҳатни кўрмайди. Буни фақат меҳмонлик одобигагина йўйиб бўлмайди, чунки ҳали Мўмин чолникига келмасидан аввалроқ Қулибекнинг бола билан суҳбатидаёқ қарияни жуда ҳурмат қилишини сезган эдик. Ёзувчи ушбу эпизодни қуйидагича якунлайди: “Ҳамма юк машиналари юргизилгач, қўшалоқ шатакка олинганча кечаси хандаққа тушиб кетган машинани тортиб чиқаришди. Бор одамларнинг ҳаммаси уни йўлга чиқариб олиш учун кўмаклашди. Бола ҳам ёрдамлашди. У кимнидир: “Сен нега оёқ остида ивирсиб юрибсан, қани қочиб қол-чи, бу ердан”, дейишини кутиб, хавфсираб турди. Лекин ҳеч ким бундай демади, уни ҳеч ким қувламади”. Ушбу саҳнадаги ўзаро тенглик, ҳамжиҳатлик, ҳурмат, ҳатто бола шахсига нисбатан ҳам меҳр ва эътибор билан муносабатда бўлиш мўминлик ҳақидаги ҳозирги тасаввурларимизга таҳрир киритса ажабмас. Зотан, “Оқ кема” қиссасидаги бола, Мўмин чол образлари орқали муаллиф ана шундай ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатни қарор топтириш ҳақидаги истагини кўрсатган эди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 9-сон

___________________
Машҳура Шералиева, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
1976 йили туғилган. Андижон давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Адабиётшунослик луғати” (ҳаммуаллифликда), “Бобурнинг андишаси” номли китоблари, “Ҳозирги ўзбек насрида киноя” номли монографияси чоп қилинган.