Шарль Перро 1628 йил 12 январда Париж парламенти адвокати оиласида дунёга келади. Перролар оиласи дворянларга мансуб бўлмаса-да, отаси 4 нафар ўғлининг муносиб таълим олишига ҳаракат қилади. Онаси ҳам ўқимишли аёл бўлгани учун ўзи фарзандларини ўқишга ва ёзишга ўргатади. Француз тарихчиси Филипп Арьес таъкидига кўра, Шарль таржимаи ҳоли намунавий аълочининг таржимаи ҳоли эди. Коллежда ўқиш давомида на Шарль, на унинг учта акаси қамчи билан жазоланмаган, бу эса ўша давр учун ғайриоддий ҳодиса бўлган. Ака-ука Перроларнинг намунавий хулқи ва ўқишга бўлган иштиёқлари ўз мевасини беради. Улардан иккитаси кейинчалик машҳур бўлиб кетади. Катта акаси Клод архитектор сифатида донг таратади, шунингдек, механик, археолог, физик сифатида хам кўпгина ишларни амалга оширади. (У Луврнинг шарқий фасади – олд томонини лойиҳалаштиради). Фарзандлар ичида энг кичиги бўлган Шарлнинг адабий истеъдоди жуда эрта намоён бўлади.
Коллежни тугатгач, Шарль уч йил давомида ҳуқуқ бўйича сабоқ олади, ҳуқуқшунослик дипломини қўлга киритиб, адвокатлик ишини бошлайди. Аммо адибнинг бу фаолияти оила анъаналарига содиқлик белгиси эди холос. Кейинроқ у ўз хотираларида шундай ёзади: “Менинг фикримча, суд ишларининг барча китобларини ёқиб ташлаш фойдадан холи бўлмас эди… дунёда суд жараёнларининг сони камайишидан яхшироқ иш бўлмаса керак”. Перронинг ўзи атиги иккитагина суд жараёнида қатнашган. Шу вақтнинг ўзида у шоир Жан Шапленнинг эътиборини тортувчи шеърлар ёзади. Шаплен ёш йигитни молия вазири Кольберга тавсия этади, у эса ўз навбатида Перрони яқинда ташкил топган Кичик академия қошидаги адабий ижод кенгашининг котиби этиб тайинлайди.
Перро тезда Кольбернинг ишончини қозонади ва унинг атрофидаги энг муҳим шахслардан бирига айланади. Унга Ёзувчилар Академиясида нишон ва ёдгорликларнинг матнини тузишга ишонч билдиришади. У хорижий давлатларга юбориладиган элчиларга йўл-йўриқлар беради. Аммо унинг асосий лавозими – қиролликда бош котиблик эди. У Лувр, Тюильри ва Версалда бошланган қурилишларни назорат қилади, молиявий текширишлар ўтказади. Унинг ҳаракатлари туфайли Тюильри боғи томошабинлар сайилгоҳига айланади.
1671 йилда Шарль Перро аввалига Француз академиясининг аъзоси, сўнг эса котиби лавозимини эгаллайди. Фавқулодда ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган Шарль академия ишига кўпгина янгиликлар киритади: мажлисларда ҳисобот учун иштирокчини қайд қилувчи жетонлар, овоз бериш учун шахсий ускуналар, жорий қилади, академияга аъзоликка қабул қилиш жараёнининг кенг жамоатчилик учун қулайлигини таъминлайди.
1683 йил Кольбернинг вафотидан сўнг Перронинг ҳам лавозимда ўсиш жараёни тўхтайди. У истеъфога чиқади ва ўзини буткул адабий фаолиятга бағишлайди. Бу даврга келиб у сарой доирасида анча танилган. Унга “Буюк Людовик асри” номли достони машҳурлик олиб келади.
Ўз достонида Перро замонавий адабиётни Август асри адабиёти билан солиштиради. Бу қиёс туфайли кейингиси анча ноқулай аҳволга тушиб қолади. Перронинг энг дарғазаб қораловчиси (оппоненти) сифатида француз классицизмининг таниқли назариётчиси Никола Буало майдонга чиқади. У достон ўқилаётган пайтда мажлислар хонасини намойишкорона тарк этади. Кейинчалик ҳам адабий рақибини аччиқ эпиграммалар билан “сийлаш” дан чарчамайди. Перро эса достондан бошланган мунозаранинг давоми сифатида 9 йил мобайнида фалсафий диалог сифатида шакллантирилган “Илм ва санъат масалаларида қадимги ва янгиларини қиёслаш” номли 4 жилддан иборат илмий асар ёзади. Ушбу асарда замонавий ёзувчиларнинг мумтоз анъаналар руҳида ижод қилувчи ёзувчилардан устунлигини маданият тараққиётининг умум ғоясидан келтириб чиқаради. Перро фикрига кўра, инсоният тараққиёти жараёнида шахсий кашфиётлар билан ўтган даврлар тажрибасини бирлаштира олса, шу маданиятнинг энг юксак намунаси ҳисобланади. Мазкур мунозаранинг мантиқий якуни ўлароқ “Замонавий Франциянинг машҳур кишилари” (1697-1700) номли асари юзага келади. Аммо унга ҳақиқий машҳурликни илмий асарлар эмас, у эълон қилишдан истиҳола қилган эртаклари олиб келади.
1694 йили Перро 3 та шеърий эртагини нашрдан чиқаради. Улар “Гризельда”, “Кулгили истаклар” ва “Эшак териси” деб номланади. Кейинги 2 та эртакни Перро насрда ҳам ёзади. Перронинг таъкидига кўра, эртаклар қандайдир панд-насиҳат сабоғи билан боғлиқ бўлишлари керак. Эртакларда яхшилик, эзгулик рағбатлантирилади, ёмонлик эса жазоланади. Эртаклар инсонларга меҳнатсевар, тўғрисўз, ақлли бўлиш қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади.
Ўз даврининг эстетик қарашларига мос равишда Перро насрий эртаклардан кўра шеърий эртакларни устун қўяр эди. Аммо унинг шеърий эртаклари насрийда ёзилганларичалик машҳурлик олиб келмайди. Шарль Перрога ҳақиқий машҳурлик келтирган тўплам бу “Ғоз онамнинг эртаклари ёки бурунги замондаги одоб-ахлоққа оид насиҳатомуз воқеа ва эртаклар” бўлди. Уларга аввал 8 эртак кирган бўлса, кейинчалик Перро яна 3 та шеърий эртакни қўшади. Булар – “Уйқудаги малика”, “Қизил шапкача”, “Кўк соқол”, “Этик кийган мушукча”, “Парилар”, “Кулойим”, “Тождор Рике”, “Бармоқвой”.
Перро ҳам ака-ука Гриммлар каби халқ эртакларини қайта ишлаган. Унинг “Бармоқвой”и “Куртийон куртийет” халқ эртаги билан ўхшаш бўлиб, “Эшак териси” асари эса “Испан қироли қизи” эртаги билан умумийликка эга.
Аммо Перрогача “Қизил қалпоқча” эртагининг на фольклор, на адабий сюжети борлиги аниқланмаган.
Перро эртаклари француз адабиёти учун катта янгилик бўлган эмас. Унгача ҳам кўплаб эртаклар тўплами чоп этилган, аммо уларнинг ҳаммаси “қуйи мутолаа”га кирган ва гўзаллик, юксаклик ҳукм сурган дунёга асло алоқаси бўлмаган. Перро биринчи бўлиб эртакни савияси баланд, дидли, дунёқараши кенг, тажрибали ўқувчига тақдим этади ва китобхон хурсандчилик билан совғани қабул қилади. Бундан ташқари, Перро ака-ука Гриммлар каби фольклор – халқ оғзаки ижоди намуналарини тўпламаган. Бунда у ёшлигидан яхши таниш бўлган эртаклардан фойдаланган. Ўз эртакларида тил оддийлигини сақлаб қолган, бошқа жиҳатларга эса эркин тарзда ёндошган. Перро эртаклари ҳақида уларни рус тилига таржима қилган И.С.Тургенев жуда чиройли гап айтади: “Бироз нозик қадимфаранг латофатидан қатъий назар, Перро эртаклари жаҳон болалар адабиётида ўзининг шарафли ўрнига эга. Улар қувноқ, мароқли, самимий, ортиқча панд-насиҳат ва муаллиф талаблари билан мураккаблаштирилмаган. Уларда яратувчи халқ назмининг майин саболари сезилиб туради; уларда ҳақиқий эртак тўқимасининг фарқли белгисини ташкил қилган англаб бўлмас даражада ғаройиблик ва соддаликнинг қоришмаси мавжуд”.
Перро эртакларининг асосий қисми сеҳрли эртаклар. Уларда парилар, сеҳргарлар учрайди. Парилар доим яхшилик қилишади. Масалан, “Кулойим” эртагида пари қизчанинг зиёфатга бориши учун қовоқни извошга, олти сичқонни чипор отларга, каламушни эса извошчига айлантиради. Шунингдек, у чиройли кўйлак ва туфлича ҳадя этади.
Ш.Перро эртаклари тасвирида тантанаворлик руҳи мавжуд. Масалан, “Кулойим”, “Уйқудаги малика” эртакларида бу ҳолат яққол кўзга ташланади.
Перро эртаклари қаҳрамонлари орқали халқ ардоқлаган фазилатлар: меҳнатсеварлик, топқирлик, бағрикенглик, сахийлик каби ахлоқий-маънавий фазилатлар улуғланади. Мақтанчоқлик, манманлик ва зулмга камтарлик, меҳрибонликни қарама-қарши қўяди. Масалан, “Кулойим” ни олиб кўрайлик. У шундай меҳнатсеварки, эртакни ўқиган ҳар бир китобхон уни яхши кўриб қолади ва ёрдам бергиси келади.
Ёзувчи ижодидан баҳраманд бўлган инсон эртакларнинг сеҳрли дунёсига киради. Унда чин дўстлик ва меҳр-оқибат ҳақиқий мўъжизалар яратишга қодир эканлигига шубҳа қолдирмайди. Ана шу гўзал фазилатлар ҳамиша ёмонни яхшига, мақтанчоқни камтарга, бахилни сахийга, ёлғончини эса ростгўйга айлантиришга ёрдам беради.
Мазкур эртаклар асосида кўплаб кино ва мультфильм сценарийлари, опера ва балетлар яратилган.
Адиб ҳаётининг сўнггида Буало билан дўстона муносабатда бўлади. Қадимги ёзувчилар тарафдори ўз рақибининг ҳақлигини тан олади. Ушбу баҳсда Перро ва унинг хайрихоҳлари ғалабага эришди. Шарль Перро 1703 йилда 16 майда Парижда вафот этади.
Кавсар Турдиева
филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон