XVIII аср — олмон халқи маданиятининг энг шон-шавкатли бир даври ҳисобланади. Худди шу асрда Олмония дунёга адабиёт, санъат ва илмий тафаккурнинг бир талай буюк намояндаларини берди. Ҳёте, Шиллер, Ҳелдерлин, Гофман, Ҳегел, Шеллингдек даҳо адиблар, шоирлар, файласуфлар — мана шу асрда туғилиб, ижод ва илм чўққиларига кўтарилдилар.
Худди шу даврда олмон адабиётида яна бир ёзувчи яшаб, ижод этди. У — Рудолф Эрих Распе. Ҳа, адашмадингиз! Бу ёзувчи машҳур “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари” китобининг муаллифи. Гарчи Распе биз юқорида санаган буюк адабий ва илмий намояндаларнинг бир қадар соясида қолиб турса-да ва XVIII аср олмон адабиёти тўғрисида сўз очилганида Распе эсланиб-эсланмаса-да, барибир, у ҳам юқорида зикр этилган китоби билан ўз номини абадиятга қолдириб, XVIII аср олмон маданиятининг шон-шуҳратига муносиб ва бетакрор улушини қўшишга муяссар бўлган адибдир. Ҳа, XVIII аср олмон адабиёти “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари”дек барҳаёт қувноқ асар билан ҳам фахрланса арзийди! Бу асар дунёга келишини ана шу давр олмон адабиётининг энг юлдузли онларидан бири, деб бемалол айтишимиз мумкин.
Бежизга Распени “бир китоб муаллифи”, дейишмайди. Бу фикрга қўшилмаслик ҳам, қўшилиш ҳам мумкин. Ушбу фикрнинг баҳслилиги шундаки, Распе — тарихий маълумотларга қараганда, анча сермаҳсул ёзувчи бўлган. У кўпгина насрий, шеърий, драматик асарлар ёзган. Санъат ва бошқа мавзуларда илмий мақолалар битган. Лекин ҳеч бири вақт синовига бардош беролмаган. Энди юқоридаги фикрга шу маънода қўшилиш мумкинки, Распе чиндан ҳам, фақат ва фақат “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари” қиссаси билан дунёга машҳур. Худди шу китоби билан у XVIII асрдан, мана, бизнинг XХI асрга ҳам дадил қадамлар билан етиб келди. Бу китоб дунё болаларининг энг мароқли, энг севимли китобларидан бири сифатида жўшқин бир ҳаёт билан яшаб келаяпти.
Распе тўғрисида яна бир-икки оғиз маълумот. У 1737 йилда Ганновер шаҳрида туғилган. Геттинген, Лейпциг университетларида таълим олган. У санъат, гўзаллик, антик давр ва қадимшуносликка ғоятда қизиққан. Геология — унинг энг севимли фанларидан бири бўлган. Магистрлик дипломини олгач, 1760 йилда Англия Қироллик кутубхонасига ишга келади. Бу ерда етти йил ишлаб, олимлар ва адиблар орасида танилади. Дастлабки асарларини ёзади. 1766 йилда Распе Кассел ландграфлигидаги Буюк Карл коллежида профессор унвонига эришади ва коллежнинг бой кутубхонаси хазиначисига айланади.
Бироқ унинг ёмон бир иллати бор эди. Распе ҳуда-беҳудага бошқалардан пул қарз олаверар, аммо уларни қайтаришга қурби етмас эди. Оқибатда, у қочоқликка юз тутди. 1775 йилда қамоққа олинди. Қамоқдан чиққач, яна геология ва тоғ кончилик ишлари билан шуғулланади. Қашшоқлашган Распе бу соҳаларни бойлик орттириш манбаи, деб билди. Лекин тадбиркор одам бўлмаганлиги оқибатида Распенинг косаси зинҳор оқармади.
Распе Англиянинг тоғ ва водийларини обдон кезиб, кўнгли хушлаган хазиналар конини топа олмади. Топгани эса фақат торф кони бўлди. У Ирландиянинг ғарбий ҳудудларида геологик қидирув ишларини олиб борди. Бу ерда у тепкили терлама касалига йўлиқиб, 1794 йилда, эллик саккиз ёшида вафот этди. Қабри Ирландия ботқоқлари оғушида қолиб кетди.
Ҳа, Распенинг шахсий қисмати ҳавас қилгулик бўлмади. Лекин унинг адабий тақдирига ўзини болалар адабиёти ривожига бағишлаган дунёдаги барча адиблар ҳавас қилсалар арзийди.
Дарвоқе, унинг номини адабий шон-шуҳратга чулғаган “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари” китоби қандай яратилди? Мюнхаузен ким? У адабий тўқима тимослими ёки ҳаётда бор, яшаб ўтган одамми?
Одамзотнинг неча авлоди Мюнхаузенни, бу туғма ёлғончи баронни тўқима адабий тимсол, деб ўйлайди. Шу қадар устамон ёлғончики, Мюнхаузен ўзининг тўқиган саргузаштларига бошқа одамларни ёқа ушлатиб қолдирмай, ўзи ҳам, охир оқибатда, уларга чиппа-чин, деб ишонади.
Аслида барон Мюнхаузен тарихий шахс. Ўзи ҳақида яратилган, ижтимоий ҳаётда уни ёлғончи, бебурд шахс сифатида роса шарманда қилган, шу боисдан ғазаб ва нафратдан ўзини қўярга жой топа олмай китоб муаллифини судга бермоқчи бўлган барон Мюнхаузен Олмониянинг Боденвердер деган тоғлар этагидаги, ўрмонзорлар оғушидаги шаҳарчада яшаган. Бу шаҳарда унинг катта мулки — сув-ери, ўрмони бўлган. Ўрмонда у ов билан шуғулланган. Овдан бўшаган пайтларида, 1763 йилда тоғ ён бағрида катта ихлос билан бунёд этган йирик меҳмонхонаси бўлмасида, нимкатга чўкиб, чекиб, ора-орада пунш қадаҳини бўшатиб, ҳамиша ўзини йўқлаб келиб турадиган қадрдон меҳмонлари даврасининг гулига айланганча, бошидан ўтганларига, жумладан, ов саргузаштларига анча-мунча ёлғон-яшиқларни қўшиб-чатиб, ҳаммани оғзига қаратиб ҳикоя қилиб ўтирган. У оғзаки ҳикоянинг, бадиҳагўйликнинг тенги йўқ устаси бўлган.
Ана шундай гурунглардан бирида 36 ёшли, Гессен-Кассел ландграфлигидаги Фридрих Иккинчи саройи кутубхонаси бошлиғининг ўринбосари, Буюк Карл коллежининг мозий маданияти бўйича профессори, ёзувчи, шоир Рудолф Эрих Распе ҳам иштирок этган. У бароннинг қароргоҳида бир неча кун қолиб кетади. Ҳикояларини мириқиб тинглайди. Кейин ўзи ҳам барон Мюнхаузеннинг услубида бир қатор янги саргузаштларни тўқиб, барондан эшитганларига янада ўткир ҳажвий сайқал бериб, 1875 йилнинг кузида Лондонда, китоб ношири М.Смит ёрдамида “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари” номли китобчасини инглиз тилида нашр эттиради. Китоб бир кундаёқ сотилиб кетади. Қизиғи шундаки, китоб муқовасида муаллифининг исми-шарифи кўрсатилмаган эди. Орадан бироз муддат ўтиб, китобнинг иккинчи, тўлдирилган нашри пайдо бўлади. Унда ҳам муаллиф номаълумлигича қолган. Бироқ ўзини сир тутган муаллиф китобига ёзган “Муқаддима”сида ушбу асарнинг яратилишига сабабчи бўлган Олмониянинг илк дворянлари сулоласига мансуб, ажабтовур ўзига хос тафаккур соҳиби, ҳақиқий барон Мюнхаузендан беҳад миннатдор эканлигини изҳор этган.
Китоб 1786 йилда, ўзини дунёга келтирган замин — Олмонияда демократ-шоир Г.А.Бюргер таржимасида чоп этилади. Бюргер китобга яна ўзи тўқиган бир неча ҳикояларни қўшган. Аммо на Бюргер, на Распе китобнинг олмонча нашрида ўз исм-шарифларини кўрсатмаганлар. Шу боис ҳақиқий барон Мюнхаузен китоб муаллифини излаб, судга бера олмай, ҳоли танг бўлган. Шундай қилиб, Иероним фон Мюнхаузен ўз шармандаи шармисорчилигининг ҳақиқий айбдори ким эканлигини била олмай оламдан ўтди.
Аслида барон Мюнхаузен абадий ишонч шуҳратига эришган бир инсонга айланди. Ўз инон-ихтиёридан ташқари, у нодир адабиёт саҳифаларига тушди, ўлмас адабий қаҳрамон — ёлғончи ва мақтанчоқ Мюнхаузеннинг ҳаётдаги адаши бўлиб қолди.
Мюнхаузеннинг куракда турмайдиган ёлғончиликларини болалар ҳам, катталар ҳам қотиб-қотиб кулиб ўқийдилар. Унинг саргузаштлари асосида яратилган мултфилмларни мириқиб томоша қилишади. Мюнхаузен — ўзбекистонлик болаларнинг ҳам севикли бобосидир. “Барон Мюнхаузеннинг саргузаштлари” ўзбек тилига ўгирилиб, бир неча бор чоп этилган. Шу кунларда бу асар болаларимизнинг севикли журнали — “Гулхан”да қайтадан пешма-пеш эълон қилинаяпти. Қарангки, бу журнал обунаси 2003 йилда 100 мингга яқинлашибди! Бунинг сабабини шарҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Михли Сафаров
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 14-сонидан олинди.