Баҳодир Карим. Далойил ўқиётган Юсуфбек ҳожи

Ижод аҳли муайян ғояни, дилини безовта этган ҳис-туйғуни бадиий шаклда ифода қилиш учун турли-туман воситаларни қўллайди. Кимдир бир зарб билан мўъжазгина шеър битиб, кўнглини бўшатади, ором олади. Айнан сунъийлик ва зўрма-зўраки чиранишлардан узоқ бундай асарларнинг умрбоқийлигини муаллифларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Яна кимдир безовта қалбининг ороми учун аллақандай ҳодисани насрий йўсинда тасвирлайди. Бадиияти, композицион бутунлиги, сюжет чизиқларининг параллелизми, воқелик тасвиридаги ички манера, симметрик ҳолатлар ва, энг муҳими, қаҳрамонлар дунёсига, уларнинг руҳий, маиший, умуминсоний қиёфасига жиддий эътибор беради. Табиийки, яққол кўзга ташланган ва муаллифнинг кўнглига яқин бўлган асл қаҳрамонлар бошқалар қалбидан жой олади.
Ҳар доим эсга олинадиган, айниқса, ўзининг оригинал дунёсига эга қаҳрамонлар янги назарий фикр айтиш учун имкон яратади. Бу тоифа қаҳрамонлар ўзбек адабиёти тарихида мавжуд, албатта. Қайсидир ёзувчи ўша қаҳрамон учун ўнлаб саҳифалар қоралаб қаҳрамоннинг мукаммал қиёфасини чизишга эришса, бошқа бири кўпчилик эътиборига тушган қаҳрамонларни майда штрихлар ёрдамида қандайдир бадиий асосда маънавий-руҳий жиҳатдан нисбатан мукаммал ҳолатда саҳнага олиб чиқади.
Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожини айнан ҳожилиги эътибори билан юксак бир мақомга кўтариб қўйгандир. Бу қаҳрамон маиший-ижтимоий жиҳатдан ақл-заковати, фаҳм-фаросати, гўзал одоби, муомала-муносабати, қўйингки, барча-барча фазилатлари билан ажралиб туради. Бу нурюзли сиймо талъатидан таралган ёғду бутун роман борлиғига ойдинлик бағишлайди.
Ҳожилик сифати Юсуфбекнинг дин арконларини тўкис адо этгувчи ҳалол-покиза бир инсон эканлигини англатади. У умрининг баҳори ўтиб, шоми яқинлигини, ҳисоб-китоб фурсати келишини юрак-юракдан ҳис этади. Шу боис Юсуфбек ҳожининг: “Парвардигоро, кексайган кунларимда доғини кўрсатма”, деган муножотлари ўта табиий эшитилади. Шунингдек, солиқ йиғиш масаласида эгнига кимхоб чопон ёпилган ҳожи халққа қилинаётган жабр-зулмни кўриб, қонхўрлик ва зулмга рози эмаслигини: “Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келадиган виждон бор, дин бор, диёнат бор”, деган мулоҳазалар орқали ифодалайди. Комил инсон қиёфасидаги бу қаҳрамон халққа ҳам, ўз эътиқодига ҳам хиёнат этишни истамайди. Зеро, “халқ Юсуфбек ҳожидан бир зарра ёмонлиқ ёки бўлмағур бир кенгаш эшитмаган…” Душманлар ҳам унинг айнан мансаб борасида “ниҳоятда таъмасиз” эканини, “халқ манфаатини кузаткувчи бир одам экан”лигини эътироф этадилар.
Романнинг биринчи бўлимида бу шахс ижтимоий фаолиятдаги инсон қиёфасида берилса, иккинчи бўлимда оилавий муҳит доирасида тасвирланади, учинчи бўлимда эса шу икки муҳит уйғунлигида ҳаракат қилгани кузатилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, романда ҳожи қатнашган саҳналар кўп эмас. Аммо Юсуфбек сиймосининг маънавий қуввати романдаги бошқа қаҳрамонларни ўз аурасига тортади. Ҳожи қатнашмаган саҳналарда ҳам унинг ўткир нигоҳи сезилади; воқеликда ростлик ҳукмронлик қилади. Бу қаҳрамоннинг салобати бор: оз гапиради, кўп эшитади, кам кулади, мусибатдан дарҳол кўзи ёшланади.
“Юсуфбек ҳожининг қизиқ бир табиъати бор: хотини билангина эмас, умуман уй ичиси билан ҳар қандай масала устида бўлса бўлсин узоқ сўзлашиб ўлтурмайдур… ҳожи бир неча вақт сўзлағучини ўз оғзиға тикилтириб ўлтурғандан сўнг, агар маъқул тушса “хўб” дейдир, гапка тушунмаган бўлса “хўш” дейдир, номаъқул бўлса “дуруст эмас” дейдир ва жуда ҳам ўзига номаъқул гап бўлса, бир илжайиб қўйиш билан кифояланиб, мундан бошқа сўз айтмайдир ва айтса ҳам уч-тўрт калимадан нарига ошмайдир”. Иккинчи бўлимнинг “Ота-она орзуси” деган бобида романнавис ҳожи табиатига хос ана шундай индивидуал чизгиларни беради; қаҳрамон салобатини орттиради.
Юсуфбек ҳожи — йирик шахс. У ўзаро маҳаллий зиддиятларнинг зарарини яхши билади, қипчоқни     қириш ишини қоралайди, аксинча, уларни “чин ёвға бериладиган куч” учун иттифоқчи санайди. Ноўрин исёнга отланаётган оломонга қарата:”…Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман!”, деган сўзларни айтади. Бироқ ҳожининг истагига қарши ўлароқ қирғин бўлиб ўтади. Бунинг устига устак Отабек ҳам
отасининг бу ишда қўли борлигидан шубҳаланиб ҳожининг кўнглига озор етказади. Юсуфбек ҳожининг ўзини оқлаб, масаланинг туб моҳиятини тушунтиргандан сўнг айтган қуйидаги гаплари бу шахснинг чиндан ҳам йирик — улуғ эканини яққол кўрсатади.”Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қила олмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирған, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланған биз итлар Яратғувчининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғонлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болаларни ятим, хоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!..”
Ота ва ўғил суҳбати жараёнида айтилган бу гаплар катта ижтимоий моҳиятга эга. ҳожининг бу масалаларда ўз қараши, ўз гапи бор. Шунинг учун унинг гаплари Отабекни “уялғаннамо ерга” қарашга мажбур этади. Ёки бошқа эпизодларда айнан Юсуфбек ҳожининг адл назари баъзан Ўзбек ойимни гангитса, баъзан “нур ичига чўмилгандек бўлиб кўринган сиймоси”, “ойим деб хитоб” қилишлари, “беозор ва муассир сўзи” Кумушнинг “қайин отамни ўз дадамдан ҳам яхши кўраман” деган холис эътирофига сабабчи бўлади.
Ёзувчи уюштирган бир мажлис — зиёфатда Юсуфбек ҳожи Юнус Муҳаммад охунд оғзидан Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллом)нинг: “Изо васадатал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата” (яъни, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил), деган ҳадисини эшитиб: “Вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолиға”, дейди. “Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешка етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби ҳаққа бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу алданишим эрса, ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир киноядир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб гўшаъи охират тадорикини қилмоғим учун ғанимат кўринадир”. Бу тарзда ўзини-ўзи тергаши, руҳий мулоқотлардан қониқмаслик, ўзига маломат қилиш, муайян ҳикматлардан тўғри хулосалар чиқариш — фақат Юсуфбек ҳожи табиатигагина хосдир. Зотан, ичи бутун бу шахс маърифатли шахсдир.
Шу ўринда муҳим бир фикрни айтиб ўтиш ўринлидир. Ёзувчи Юсуфбек ҳожи мақомини муайян бир ишоралар, рамзлар воситасида юксакликка кўтаради. Уни бир ўринда чин дилдан “Қуръон” ва “Далойил” мутолаасига берилган киши сифатида тасвирлайди. Романнинг бошқа бир саҳифаси – ҳожи Кумушнинг кўзи ёриши арафасида ҳам “хурсанд ва хафалиги номаълум бир қиёфада “Далойил” ўқиб ўтиради. Бугунги маърифатли ўқувчи учун Қуръони каримнинг қандай китоблиги ёки мазмун-моҳиятини айтишнинг ҳожати йўқ. Бироқ Абдулла Қодирий асарларида тез-тез тилга олинадиган “Далойил” хусусида эса икки оғиз сўз жоиз.
Асримиз аввалида Қозон матбаахоналарида босилган ва юртимиз зиёлилари орасида машҳур бўлган “Далойил ул-ҳайрот” муаллифи Муҳаммад ибн Сулаймон Жазулий исмли кишидир. Китоб ёзилишининг қизиқ бир тарихи ва уни ўқиш шарти ҳамда одоблари бор. Биринчидан, комил бир машойихдан изн лозим. Иккинчидан, уни ўқувчи киши ейиш-ичиш, савдо-сотиқ каби амалларда ҳаромдан ҳазар этиши керак. Учинчидан, ўзи ҳам, кийим-кечаги ҳам пок бўлиб, уни ўқишда хатога йўл қўймаслиги лозим. Тўртинчидан, тажвид (тўғри талаффуз) қоидаларига амал этиши ҳамда ўқилаётган дуо ва тасбеҳларнинг маъносини имкони борича билиши керак. Бизнингча, умуман, шунга ўхшаш барча талабларни Юсуфбек ҳожи комил бир инсон сифатида тўла-тўкис адо қилган. Акс ҳолда, дуолар, тасбеҳ ва саловотлардан таркиб топган “Далойил”ни ўқишга Юсуфбек ҳожи жазм этмаган бўлар эди.
Абдулла Қодирий бундай мўътабар китоблар қадр-қимматини яхши билган, албатта. Демак, китоб моҳияти ортидаги сир-синоатни, умуммоҳиятни англаб олиш ўқувчи кўзи ўнгида “Далойил” ўқиётган Юсуфбек ҳожи маънавий-руҳий дунёсининг янада бўртиб кўринишига сабаб бўлади. Чунончи, Абдулла Қодирий асарларида машҳур китоблар воситасида қаҳрамонларни етилтириш, ўша рамз ва ишоралар ёрдамида уларни тавсифлаш усули мавжуд эстетик ҳодисадир. Масалан, адибнинг Анвар ва Раънодек жиддий, Калвак Маҳзумга ўхшаш ҳажвий қаҳрамонлари дунёси ҳам китобларга дахлдор ҳолатда намоён қилинади. “Ўткан кунлар”да эса Отабек “Бобурнома” ўқийди, Фузулийни варақлайди; Кумуш “Фузулий яхши китоб”, дейди. Юсуфбек ҳожи “Қуръон ва “Далойил” мутолааси билан машғул бўлади.
Умуман олганда, ижодкорнинг бадиий нияти ижроси учун гоҳида машҳур китобларнинг восита бўлиши жаҳон адабиёти тарихида мавжуд воқеликдир. Масалан, И.В.Гёте “Ёш Вертернинг изтироблари” асарида ўзининг яхлит бир бадиий-ижтимоий ғоясини Г.Э.Лессингнинг “Эмилия Галотти” трагедияси воситасида ифода этади. Асарнинг охирги эпизоди – Вертер ўлган, шу жойда турли ижтимоий-маиший азоб-уқубатлар тасвирини қамраб олган “Эмилия Галотти” китоби очиб қўйилади. Санъат тилини тушунадиган кимса бу рамздан ўзи учун етарли хулоса чиқара олади. Шунингдек, А.С.Пушкин, Л.Толстой, Ф.Достоевский ёзган асарлар ҳам бундай хусусиятдан мустасно эмас.
Хуллас, XX аср ўзбек адабиёти хазинасининг ноёб жавоҳирларидан бири бўлмиш “Ўткан кунлар”дек ҳодисани миллий, умуминсоний, бадиий-эстетик жиҳатдан жаҳон адабиёти мезонлари асосида тадқиқ этиш, қайта ўқиш, қайта баҳолаш, бу — давом этаётган ва давом этадиган жараёндир. “Далойил” ўқиётган Юсуфбек ҳожи” шу йўлдаги кичик бир уриниш, холос.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 15-сонидан олинди.