Шўро мафкурачилари 80-йиллар ўрталаригача номини эшитса чўчиб тушадиган, ҳатто ўлимидан қарийб 40 йилдан ошиқ вақт ўтгач ҳам асарлари чоп этилишига рухсат берилмаган Жорж Оруэлл ўзи ким?
Жорж Оруэлл инглиз ёзувчиси, публицисти, жамоат арбоби. Машҳур асарлари: «Молхона» қиссаси, «1984» романи, эссе ва адабий мақолалар. Ўз асарида коммунистик дунёқараш ва коммунистик тузумни масхара қилгани учун барча коммунистик давлатларда асарлари тақиқланган.
Тақиқланган! Ғалати қиёс. Бутун бошли давлат, унинг улкан идеология машинаси битта ёзувчидан қўрққан. Ёлғон шу даражада мўртки, бир оғиз ҳақиқатга қулаб тушади. Ваҳоланки, бу ёлғон йиллар давомида қад кўтарган бўлади. Шўро тузуми ярим аср Оруэлдан қўрқиб яшади.
Дунёга Жорж Оруэлл тахаллуси билан танилган англиялик журналист Эрим Блэйр то 1936 йилгача жўшқин социалист, ўз тили билан айтганда, демократик социалист эди. Ҳатто шу эътиқоди учун мустамлака Бирмадаги келажаги порлоқ амалдорлик мансабидан ҳам воз кечди ва бутун дунёга демократик социализмни ёйиш ҳақидаги ғоялар билан яшади.
У бу пайтда социализмнинг энг яқин дўсти, тарафдори ва курашчиси эди. Хўш, 1936 йили Испанияга социалистлар тарафдори бўлиб борган Блэйрнинг дунёқарашида қандай ўзгариш юз берди? У Испанияда нимани кўрди? Нимага дуч келди? Нега у Испаниядан сўнг социализмнинг ёрқин душманига айланди? Умрининг охиригача бу тузум бошида турганларни ҳам, тузумни ҳам масхара қилиб ўтди?
Молхона ёки ҳайвонлар салтанатини очлик, касаллик, ўлим қамраб олади. Бироқ энг фожиалиси қўрқув даҳшати эди. Наполеон ва унинг жазо отряди бу салтанат фуқароларини руҳан синдирди, маънан йўқ қилди, расман озод, маънан қуллик бошланди. Ўзбошимчалик, диктатура ҳаётни издан чиқарди. Наполеон қўрқув ва ўлим рамзига айланди. Ҳайвонлар эртаю кеч ишлар, лекин бири икки бўлмасди, қашшоқликдан бошлари чиқмасди. Эртанги кунга умид сўнди. Махсус колонияларда Наполеон тарбиясини олган ҳайвонларнинг болалари ўз ота-оналарини ўлдиришдан тап тортмайдиган жаллодларга айландилар.
Албатта, ўқувчи бу образ ва рамзларда ким ёки қайси тузум тимсоллашганини дарров сезади. Шу сабабли шўро мафкурачилари бу ёзувчи асарларини 80-йиллар охиригача тақиқладилар. Оруэлл асарлари 80-йиллар охирларидагина таржима қилина бошланди, шўро тузумини фош қилишда ўсиб келаётган озодликни англаш жараёнига хизмат қилди.
Оруэлнинг ушбу асари фақат Гитлер ва Сталин яратган тузум ва унинг фожиаси ҳақида деб бўлмайди, асар, умуман, тоталитаризм ва қуллик психологияси ҳақида. 1945 йили мазкур асар эълон қилиниши билан адабиётшунос Артур Кестлер: «Янги Свифт» пайдо бўлди», – деб ёзганди. Айнан шу Кестлер 1950 йили Оруэлл қабри устида шундай деган: «Келажакдаги адабиётшунослар Оруэлл ўз ижодида Свифт ва Кафкани бирлаштирганини тан оладилар».
Шўро мафкурачиларини чўчитиб юборган «Молхона» ёки юмшоқроқ таржима қилганда «Ҳайвонлар салтанати» қиссасида нима бор эдики, коммунистларни талвасага солди? Асарда очиқчасига шўролар раҳбарияти ва мафкураси устидан кулинганди.
Эгаси ароқхўр бўлиб қолган фермадаги ҳайвонлар тенглик, адолат талаб этиб инқилоб қилишади. Инқилобнинг бош илҳомчиси «Майор» лақабли исқирт чўчқа.
Майорнинг шогирдлари ва издошлари бўлган чўчқалар бошчилигида фермада инқилоб содир этилади. Инқилобчилар шиорлари жуда оҳанрабо ва мафтункор. Саводсиз ҳайвонлар дастлабки ҳарфларни «тенглик, биродарлик, адолат» сўзини ёзиш билан ўрганишади ва бу ишоралар уларнинг ҳаёт мазмунига айланади. Оми ва содда ҳайвонлар ҳақиқатан ҳам тенглик келганига, энди ҳайвонларга ҳеч ким хўжайинлик қилмаслигига, оламшумул озодликка эришганликларига ишонадилар. Ҳайвонлар ўз давлат тизимини, байроғини, герби ва китобларини яратишади. Бу улуғ ишда уларга қўнғир чўчқа – Наполеон бошчилик қилади. Наполеон тезда атрофига махфий хизмат, жазолаш гуруҳини тўплайди.
Ҳайвонлар ўзларини эзиб келган одамлар устидан дастлабки ғалабага эришадилар.
Доҳий ва йўлбошчилари Майорнинг мавзолейи, ҳайкали очилади.
Ўз атрофида жазо гуруҳини ташкил этиб олган Наполеон тезда ўзини ферманинг доҳийси деб танитади. Доҳий Наполеон ўз хўжалари яшайдиган уйни қароргоҳ қилади, ҳайвонлари эса ўша эски молхонада яшашда давом этади. Наполеон ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач сўз эркинлиги, фикр эркинлигини тақиқлайди ва барча ҳайвонлар учун фақат ўзи фикрлайди, ўзи сўрайди, ўзи жавоб беради. Фермада тўлиқ Наполеон диктатураси ўрнатилиб, барча ҳайвонлар унга ҳамду сано ўқий бошлашади.
Фермада ҳар куни идеологик машина – Наполеоннинг буюклигини таъкидлаб, тасдиқлаб турувчи кинолавҳалар – ўзига хос матбуот ишлаб туради. Наполеон билан келишмаган барча ҳайвонлар таъқиб ва қатл қилинади. Ферма қатли ом ва қўрқув салтанатига айланади.
Оруэлдан 2 та катта насрий асар, тоталитаризмни фош этувчи жўшқин публицистика ва эсселар мерос бўлиб қолди.
Назар Эшонқул