Жамила Асқарова. Эртакчилик анъаналари

Инсоният азалдан табиат кучларининг моҳиятини англаш, уларни ўзига бўйсундириш, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни тушунишга ҳаракат қилиб келган. Қолаверса, барча халқлар жамиятда доим адолат, бахт-саодат, тўкин-сочинлик бўлишини орзу қилганлар. Бу эзгу ниятлар, айниқса, эртакларда турлича ифодаланган. Уларда миллат одоб-ахлоқи, ишонч-эътиқоди, урф-одати, психологияси, ўзига хос тарихи ва миллий колоритининг бадиий аксини кўриш мумкини.

Эртаклар инсоният тарихий ва ҳаётий тажрибасининг натижасида вужудга келган оғзаки ижод маҳсули бўлиб, маҳоратли ва таъсирчан ижро давомида ўзининг турли товуш товланишларини намойиш этади. Эртак ижрочиларининг бадиҳагўйлик маҳорати ва анъаналарини ўрганиш фольклоршуносликда муҳим аҳамиятга эга.  Халқ оғзаки ижодида ижро маҳоратининг аҳамияти ҳақида кўплаб илмий изланишлар олиб борилган. Шунга қарамай, халқ эртакчиси репертуари ва эртак ижроси анъаналарини ўрганиш борасида ҳали кўп тадқиқотлар олиб борилиши лозим.

Тадқиқотчи олим А.И.Никифоров шундай ёзади: “Византияда “мим”, арабларда “куссас”, Европада жонглёр, Туркияда қиссахон ёки маддоҳ, арманларда “ашуг”, малайларда “тоғдаги тасалли” (penglipur-lara), Ёқутистонда “олонгхосутом”[1], қозоқларда ертекшi, татарларда хикэятчи ва ўзбекларда эртакчи номини олган кишилар қадимдан эртак ижросига жиддий муносабатда бўлишган.

Ўтмишда эртаклар асосан қиш фаслида иш-юмушлар камайган даврда, кечки пайтда салоҳиятли ва маълум иқтидорга эга ижрочилар томонидан айтилган.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида эртакчига қуйидагича таъриф берилган: “Эртакчи – эртак айтувчи, ҳикоячи. Репертуаридаги эртаклар характери ва ҳикоя қилиш услубига кўра эртакчилар бир-биридан фарқ қилади: улар ижрочи ва ижодкор эртакчиларга бўлинади. Биринчиси ўзи эшитган эртакни айнан такрорлайди. Ижодкор эртакчилар эса ўзи эшитган, ўрганган эртакларни орттирма-бўрттирма таъсир воситалари, сифат ва қиёслар билан уларга янгиликлар киритади, эртакка ижодкор сифатида ёндашиб, анъанани бузмаган ҳолда, янги мотив ва эпизодлар қўшади, ўз диди, актёрлик қобилияти билан эртак руҳини тингловчилар савияси ва талабига мослаб ўзгартиради” (Т., 2005. 10-жилд, Б. 261).

Халқ оғзаки ижодининг бошқа жанрларига қараганда эртак миллатнинг миллий колоритини кўпроқ очиб беради. Эртакдаги миллий хусусиятларни очиб берувчи асосий элемент бу – тилдир. Ўзбек халқ эртакларининг тили жонли халқ тилидир. У мақолларга, турли қочирим ва бадиий тасвир воситаларига бой. Бундан ташқари, эртакларда ўша мамлакатнинг ҳайвонот ва наботот олами ҳам ўз аксини топади. Иссиқ мамлакатлар халқларининг эртакларида йўлбарс, маймун, тимсоҳ ва фил каби ҳайвонларни, шимол халқлари эртакларида эса оқ айиқ, буғу сингари ҳайвонларни учратиш таажжубли ҳол эмас. Эртакларда миллий турмуш ашёлари, кийимлари, расм-русмларни ҳам учратамиз. Масалан, Мадагаскар эртаклари орасида қаҳрамонлик ва жанговар мавзудаги эртаклар деярли учрамайди, сабаби улар оролда яшовчи халқ бўлгани учун уларнинг тарихида жанглар бўлмаган.

Ҳар бир эртакда ўзи яратилган  макон ва замоннинг “ҳид”и келиб туради. Эртаклар поэтикасида ҳам ҳудудлардаги ўзига хослик кўзга ташланади. Масалан, Фарғона водийси эртакларининг зачин қисми сўз ўйинига бойлиги, сўзлар ва товушларнинг тақлидга мойиллиги, жарангдорлик, мусиқийлик ва эмоционаллик каби хусусиятлари билан ажралиб турса, Қашқадарё, Сурхондарё воҳаларида кўпинча зачин жуда қисқа жумлалардан тузилади. Эртакчилар репертуарини ҳудудий-географик нуқтаи назардан ўрганишда воҳа ҳамда водийда эртакчилик анъаналари турлича бўлганини ва бу ўз навбатида қадимда эртакчилик мактаблари мавжуд бўлганини билдиради. Буни халқ ижодкорларини жонли жараёнларда кузатган фольклоршунос олим М.Муродовнинг қуйидаги сўзлари ҳам тасдиқлайди: “Ўзбекистоннинг турли жойларида эртакчиларнинг ўзига хос мактаблари бўлган. Уларда устоз-шогирд тайёрлашдан тортиб, эртакка чуқур ҳурмат билан қараш, унга эътиқодда бўлиш, эртакни ўрганиш, айтиш каби эртак, эртакчи шахси ва эртак айтиш санъати билан боғлиқ бир қатор масалалар ишлаб чиқилган. Бу соҳадаги ютуқлар умумлаштирилиб, камчиликлар рўй-рост очиб ташланган”. Шунингдек, Хоразм эртаклари генезисини ўрганган фольклоршунос олим Ж.Юсупов ҳам ижро усули, сюжет таркиби, мотивлар тузилишининг ўзига хослигига кўра эртакларни географик ҳудудий типларга бўлиб ўрганиш кераклигини, чунки ҳар бир эртакчилик мактаби ўзининг ижрочилик анъаналари, эпик билими ва ижтимоий-эстетик принципларга асосланганини таъкидлаб ўтган[2].

Эртакчилик анъанасига мувофиқ, эртак энг қизиқарли нуқтасига келиб қолганига қарамай, тонг отган заҳоти уни айтиш тўхтатилган. Хусусан, сеҳрли-фантастик эртаклар ижрочилигида бунга қатъий амал қилинган. Сабаби, сеҳрли-фантастик эртакларда мавжуд дев, пари, шайтон сингари қоронғулик оламининг мавжудотлари ёруғлик оламига чиқиб, инсонларга, айни пайтда эртак тингловчиларига зиён-заҳмат етказишлари мумкин, деган эътиқод туфайли шундай йўл тутилган. Бу ҳақда фольклоршунос олим Малик Муродов “Ижод дурдоналарини излаб…” номли китобида шундай ёзади: “…Маҳалламизда жуда қартайган бир эртакчи кампир бўларди. Отини Тилла буви дейишарди, эртак айтишга жуда уста эди. Биз кўпчилик бўлиб, унинг уйига бориб, сандалда ўтириб, аллақанча вақтга қадар эртак эшитар эдик. Момо эртак айтаётиб дам кулар, дам хириллар, дам йиғламсирарди. Эртакдаги девлар, парилар, маккораларга муқояса қиларди. Тағин девлар, парилар, жодугарлар, аждарлар кириб келмасин, сизларни қўрқитмасин, зиён-заҳмат етказмасин, деб ўчоққа олов ёқиб қўяр эди. Эртакда номи тилга олинган дев, аждар, парилар тутун чиқиб турмаган мўридан тушар эмиш, тутун бурқсираб турса, ёвуз кучлар уйга кира олмас эмиш”.

Келтирилган иқтибосдан, эртак ижрочилигида сеҳрли куч мавжуд деган фикр англашилади. Хусусан, қоронғулик эртаклар оламига хос сирлиликни кучайтирувчи омил ҳисобланган. Эртакнинг кечқурун айтилиши анъанасига аслида ана шу эътиқод асос бўлган дейиш мумкин. Фақат сеҳрли-фантастик эртаклар ижросига хос бу анъана бора-бора маиший-ҳаётий эртаклар ижрочилигида ҳам қўллана бошланган. Бу фикрни “Минг бир кеча” араб халқ эртакларининг афсонавий ижрочиси Шаҳризода номидан айтилган машҳур эртаклар силсиласи ҳам тасдиқлайди. Зеро, Шаҳризода ўз репертуаридаги ҳам сеҳрли, ҳам мажозий, ҳам маиший-ҳаётий эртак­лар айтишни асосан кун ботгач бошлаб, тонг отгач тўхтатган.

“Шарқ халқларининг муайян турдаги қадимий эртаклари негизида ижтимоий маросим мавжуд бўлган. Бу, ўз навбатида, эртак айтиш вақтидаги табулар ёки эртакдаги сеҳрли кучларга ишорадир. Цейлон оролидаги сингаллар ҳозирги вақтда ҳам Весак байрамида ибодатхонада Будданинг туғилиши ҳақидаги ҳикояларни тинглашади. Африкаликлар эртакдаги магик кучга қаттиқ ишонишган. Эртак фақат тунда, уйнинг ичида эркаклардан иборат жамоага айтилган. Аёллар ташқарига чиқариб юборилган. Эртак айтиб бўлингач, ундаги сеҳрли кучлар шарафига махсус жонлиқ – қўй ёки эчки сўйилган. Агар ушбу маросим ўтказилмаса, эртакчининг ҳамма оила аъзолари ўлади, деган эътиқодий қараш мавжуд бўлган. Европа халқлари, хусусан русларда, эртак айтишда ҳеч қандай ижтимоий маросим анъаналари ёки магик кучлар таъсири сезилмайди. Аммо уларнинг баъзи бир турлари, айниқса мифларда, нафақат эстетик, балки ибратомуз мақсад кўзланган. Кексалар диний маросимлар пайтида дунёнинг яратилиши ҳақидаги миф ва афсоналарни сўзлаб берганлар. XVII асрда жанубий Россия черковларида динни тарғиб қилиш мақсадида кўплаб миф-эртаклардан фойдаланилган”[3].

Фольклоршунос Н.Рошиянунинг таъкидлашича, эртакчилик анъаналарига кўра, профессионал ижрочи ўзидан аввалгилар яратиб кетган услубий фондан четга чиқмаслиги, миллат тилидаги ўзгармас формулалар ва стереотипли ибораларни бутунлигича олиши, уларга “адабий ишлов” бермаслиги зарур. Олим шу билан бирга, ака-ука Гриммлар халқдан йиғилган материалларга “кўйлак” кийдирган бўлсалар-да, уларнинг тили халққа жуда яқинлигини, рус фольклоршуноси Афанасьевнинг эртаклар тилига “аралашуви” унинг “об-ҳаво”сига кам таъсир қилганини қайд этиб ўтади. Уларнинг эртак услубига “қалам уриши” дунёдаги бошқа эртак йиғувчиларга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Бизнингча, эртакчилик анъаналарини ўрганиш, эртакларни йиғиш ва уларни нашр этишда адабий тилнинг таъсирини ошириб юбормаслик керак.

Профессионал эртакчиларнинг аксарият қисмини, худди достон ижрочилари каби, эркаклар ташкил этган. Сабаби улар шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб репертуарларини бойитиб борганлар ва ўзларига муносиб шогирдлар тайёрлашган. “Эртакчилар бозорларда, чойхоналарда, карвонсаройларда хуржунини кўтариб, бирор эски китобни рўмолига тугиб олиб, одамларни тўплаб, кишилар бироз бўлса ҳам гапга қулоқ солган пайтларда дарҳол ўртага тушганлар. Кишиларни гоҳ диний ҳикоялар, гоҳ ўтмиш воқеаларидан бўлган-бўлмаган сўзлар айтиб ўзларига қаратганлар” (Ғ.Жаҳонгиров, “Ўзбек болалар фольклори”, Б. 36).

Уста эртакчилар эртак бошлашдан аввал тингловчиларни ўзига ром қилиб, “созлаб” оладилар. Сўнгра эртакдаги воқеалар жонланиб, персонажлар ҳаракатга киради, маҳорат билан қўлланилган ўхшатиш, истиора, муболаға ва савол-жавоблар таъсирчан оҳанг сабаб янада кучли жозиба касб этган. Эртакчи ишлатган қофияли жумлалар, кичик шеърий парчалар эртакнинг таъсир кучини оширган. Зеро, эртакчи воқеликни худди ўзи кўргандай, гувоҳ бўлгандай айтсагина, тингловчини ишонтира олади. Эртакчи ижро давомида ижодкор – импровизаторга айланади. Ундаги ҳолатни бир актёр театрига қиёслаш мумкин. Тингловчиларга таъсир этишда овоз, мимика, сўз, интонация ва драматик ҳаракатлар жуда муҳим ҳисобланади.

Эртакчиликда эртак воқеаси билан оҳанг, ижрочининг ҳаракатлари ажралмас бирликни ташкил қилади[4]. Бир эртакчи томонидан айтилган эртак, бошқа бир эртакчи томонидан тўлдирилади ёки қисқартирилади, баъзан янги эпизодлар билан бойитилади. Эртакчи ўзи яшаб ижод этган шароит ва ўзи мансуб бўлган ижтимоий табақанинг дунёқарашини ифодалайди. “Эртакларнинг сюжет ва композициясини кенг ва қисқа бўлиши кўпроқ эртакчининг моҳирлигига ва ҳофизасига ҳам боғлиқ. Агарда эртакчи эртакни бир неча йил давомида айтиб, пишитиб келган бўлса, у эртакнинг сюжети ва композицион қурилиши пухта бўлади. Баъзи эртакларнинг композицияси бўш, чунки эртакчи ҳали у эртакни пишиқ ва тўла равишда ўрганиб, ўзлаштириб олмаган бўлади. Яхши ишланган эртакларда бутун майда-чуйда деталлар ва тасвир этилган воқеалар тўлалигича сақланган бўлади”[5].

Юқоридаги иқтибосга мисол тариқасида “Сусамбил” эртагидаги жой тасвирини олишимиз мумкин. Эртакда “Сусамбил жуда ҳам кенг, бепоён бир жой экан. Ҳавоси жуда тиниқ, нариги ёқда улкан тоғ бўлиб, унинг шабадаси доим ғириллаб келиб турар экан. Ерда кўм-кўк чаман кўкатлар, бедалар яшнаб ётибди. Бир ёқда буғдой арпалар; бир ёқда қовун-тарвузлар пишиб ётибди, бир тарафда кетганча боғ. Унда узум, анжир, ўрик, шафтоли ва турли-туман мевалар пишиб, тагларига тўкилиб ётибди. Ариқлар тўла, оппоқ сутдай сувлар шарқираб оқиб ётибди” каби табиат тасвири батафсил баён этилган.

Фольклоршунос олим М.Афзалов “Ўзбек халқ эртаклари ҳақида” номли монографиясида: “Ўзбек эртакларининг тили ниҳоятда бой, содда ва ширали эканлиги билан тингловчини ўзига жалб этади. Эртакларда арабча, форсча сўзлар кам учрайди. Бунинг сабаби эртакчиларнинг кўпчилиги эртакни ўз устозларидан оғзаки йўл билан ўрганганликларидандир. Бироқ эртакчилар орасида саводлилари ҳам борки, улар оғзаки йўл билан ўрганишдан ташқари, турли қисса, эртак тўпламларини ўқиб ўрганиш асосида ўз репертуарларини бойитганлар. Шунинг учун бу типдаги эртакчилар айтган эртакларда арабча, форсча ва китобий иборалар кўпроқ учрайди”, дея таъкидлаб ўтган.

Юқоридаги фикрлардан, эртакчилик фақат эркаклар орасида кенг тарқалган, аёл эртакчилар бўлмаган, деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Аёллар эртакчилиги мавжудлигини рус фольклористи ва этнографи Н.Е.Ончуков таъкидлаб ўтган[6].

Дарҳақиқат, аёллар эртак, ёр-ёр, чистон ва бошқа айтимларнинг ижодчилари, ижрочилари бўлишган. “Улар шаҳарга иш, нон қидириб ёки узоқ жойларга ўроқчиликка кетган эрларининг уйда йўқлигини билдирмай, бир парча нон билан болаларига бўлса ёвғон гўжа, бўлмаса жийда, туршак едириб, узоқ қоронғу кечаларда, совуқ қиш кунлари танчалар, ўчоқ-гулхан четида ажойиб ва ғаройиб эртакларни айтиб овутганлар” (Ғ.Жаҳонгиров, “Болалар эртаклари”, Т.: 1972).

Тўғри, уларнинг репертуари унчалик ҳам бой эмас, аммо ҳажман кичик эртакларни бола онгига етказишда аёллар  эртакчилиги сертаъсир ва самарали бўлган. Бундай эртакчиларининг репертуарида дидактик характердаги эртаклар кўп учрайди. Оила эртакчилари болалар психологиясини яхши билганлиги учун уларга индивидуал ёндашишган. Шунинг учун ҳам улар болаларнинг ёш хусусиятлари, эртак айтилаётган пайтдаги шароит ва эшитувчилар талабига қараб бир эртакни чўзиб – каттароқ, ёки камайтириб – кичикроқ қилиб айтишган. Таъкидлаш лозимки, профессионал эртакчиларнинг етишиб чиқишида айнан уйдаги аёл эртакчиларнинг ўрни беқиёс бўлган. Халқ эртакчиси Абдуғофур Шукуровнинг она томондан момоси икки кўзи ожиз бўлиб, жуда кўп эртаклар, афсона, ривоят ва халқ қўшиқларини билган. Унинг онаси Саодат Иброҳим қизи ҳам ўз даврининг уста эртакчиси бўлган. А.Шукуровнинг эътирофича, у ўзи яхши билган 50 дан ортиқ эртакни онаси ва момосидан ўрганган. Чунки бу икки аёлнинг билган эртаклари кўп бўлиб, у бу хазинаннинг бир қисминигина ёдида сақлаган, холос[7].

Шунингдек, яна бир профессионал эртакчи Нурали Нурматнинг онаси ғайратли, ишчан, уддабурон хотин эди. Ҳаттоки рўзғори ичида бир чақага арзийдиган асбоблари бўлмаса ҳам, ўз меҳнати, ғайрати, уддабуронлиги орқасидан болаларини вояга етказган. Бундан ташқари у хушчақчақ, хуштабиат қувноқ бир аёл эди. Туннинг узоқ кечаларида ўз етимларини ёнига олиб, турли йўллар билан уларни овутиб, кўнгилларини очиш ния­ти билан ота-боболаридан эшитган ўтмиш воқеалардан ҳикоя қилиб берар, чўпчак айтиб  бериб, уларни кўнглини олар эди. Болаларнинг орасида тўнғичи зийрак зеҳнли ўғли Нурали онаси айтган ҳикоя чўпчакларни қизиқиб тинглар ва уларни уқиб олиб чалакам-чатти бўлса ҳам ўз тенги болаларни йиғиб уларга айтиб берар эди[8]. Аёллар эртакчилиги анъаналарини бугунги кунда ҳам оилаларда кузатиш мумкин.

“Эртакларнинг бадиий асар даражасига етиши ва авлоддан авлодга ўтиб келишида номлари бизга номаълум бўлган юзлаб халқ эртакчиларининг хизматлари катта бўлган. Ўзбек халқ эртакчиларидан қўқонлик Ҳамробиби Умарали қизи кўпроқ қаҳрамонлик, наманганлик Ҳасан Худойберди ўғли сеҳрли, янгиқўрғонлик Ҳайдар Бойча ўғли ҳайвонлар ҳақидаги, қўқонлик Нурали Нурмат ўғли маиший, марғилонлик Расулов Ҳусанбой сеҳрли саргузашт, қашқадарёлик Шукуров Абдуғофир мардлик ва қаҳрамонлик мазмунидаги эртакларни ижро этишган” (Ўзб.мил.энц., 2005, 10-жилд. Б.261). Улар репертуаридаги эртаклар халқ орасида кенг тарқалган.

Ҳар бир эртак матни унинг жонли оғзаки анъаналарда яшаган “ҳаёти”нинг бир қисмидир, холос. Зеро, фольклоршунос олим М.Муродов таъкидлаганидек: “Эртак ёзиб олинаётганда унинг ижроси жараёнидаги эртакчининг ҳолати, бадиҳагўйлиги, хатти-ҳаракатлари, аудиториянинг эртак ва эртакчига муносабати, эртакдаги товушлар товланиши, традицион ранглар, мусиқийлик, тақлидий ҳолатлар ва бошқа бир қатор поэтик воситалар ўз-ўзидан тушиб қолиши табиийдир. Ҳар қандай фольклор асарида бўлгани каби эртакларнинг ўзига хос қирралари ва фазилатлари аксарият ҳолларда жонли анъаналарда яшашида, яъни ижрода намоён бўлади, бамисоли жилоланади. Ёзиб олинаётган ёҳуд нашр этилаётган текстларда бундай хусусиятларга путур етади”. Чунки қоғозга тушган матн қанчалик зўр бўлмасин, жонли жараён эмас. Демак, унда эртакнинг ижодий ижро этилаётгандаги нафосати, жозибаси, латофати, таъсир кучи деярли йўқолиб, фақат қуруқ матннинг ўзигина сақланиб қолади. Ваҳоланки, эртак ўз ижроси билангина тўлақонли санъатдир. Шундай экан, “эртакларни ўқиш билан уларнинг анатомиясини ўрганиш мумкин, бироқ эртаклар оламидаги жонли ҳаётни ўрганиб бўлмайди”[9].

Кейинги йилларда мутахассис эртакчилар билан муомала қилиш имкони бўлмагани сабабли бу жанрнинг оғзаки ижроси ва матнни ўқиш ўртасидаги кескин фарқ ҳақида бирор асосли фикр билдиришга ожизмиз. Аммо оғзаки ижродаги товуш товланиши, айрим сўзларга бериладиган мантиқий урғу, ижрочининг хатти-ҳаракатлари назарда тутилса, эртакнинг оғзаки ижродаги афзаллиги яққолроқ намоён бўлаверади. Оғзаки ижро айни пайтда эртакнинг оммалашувида ҳам ижобий аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир эртак ижро этилгани заҳоти тингловчилар орасидаги маълум иқтидорга эга шахс томонидан қайта ҳикоя қилиниши мумкин. Қайта ҳикоя қилаётган ижрочи эса эртакни оғзаки ижро этаётгани учун ҳар бир сўз, жумлани ўзгаришсиз такрорлаш лозимлигидан ўзини холи ҳисоблайди. Натижада, асарнинг мазмуни, ғояси, қаҳрамонлари тавсифи асосан сақлангани билан янги ижрочи шахсий ҳаётий кузатишларини, тажрибалар хулосасини ифодалаш имконига эга бўлади.

Кейинги йиллардаги ижтимоий тараққиёт халқ эртакчилик анъаналарига таъсир ўтказмай қолмади. Ҳозирги кунда анъанавий эртак ижроси ва эртакчилик анъаналарининг қадимий шакллари деярли сўниб бўлди.

Бугунги эртакчилик соҳасида бир қатор муаммолар: эртакчи шахсияти, унинг ўзига хос ижрочилик санъати ҳақида кузатувларнинг камлиги; матндан ташқаридаги ҳолат, яъни эртак айтишга тайёргарлик, муҳит, аудиториянинг психологик ҳолати ва эртакчининг руҳий кайфияти кабиларни етарлича ўрганмаслик; эртак айтиш жараёнидаги турли хил анъаналар, расм-русумлар ва ирим-сиримларга амал қилмаслик; эртакчилик анъанасини давом эттирувчи устоз-шогирдлик муносабатларини йўқолиб бориши; фольклоршунослик соҳасида принципиал аҳамиятга эга бўлган профессионал эртакчиларнинг деярли йўқлиги; эртакларнинг оғзаки ижродаги товуш товланишлари билан жонли кузатиш имкониятининг йўқолганлиги кабилар юзага келган.

Филология фанлари номзоди Баҳодир Раҳмонов таъкидлаганидек, ХХ аср, айниқса унинг иккинчи ярмидаги ўзгаришлар анъанавий фольклорнинг жонли ижро ҳамда ижодни издан чиқариб юборди. 30-40-йиллардан бошлаб қишлоқда механизация воситалари кириб келди. Бу нарса меҳнат қўшиқларидаги ижодийлик ҳамда ижрочиликка чек қўйди. Қишлоқлар электрлаштирила бошланди. Қишлоқ турмушига кино, радио, ва кейинроқ телевидение кириб келди. Оқибатда достончилик, айниқса эртак ижрочилиги ва ижодкорлиги бу нарсадан маълум даражада зарба еди.

Номоддий бойлик ҳисобланган эртакларимиз ҳаётимиздан ҳамиша муносиб ўрин олишини, эртак қаҳрамонлари-ю эртакчилар мурод-мақсадларига етишишига умид қиламиз.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон

_________________

[1] А.И.Никифоров. Русские народние сказки. М.-Л. 1930. С.22

[2] Юсупов Ж. Хоразм эртакларининг генезиси, асосий хусусиятлари ва поэтикаси. Фил.ф.док.дисс.Т.,1999.

[3] А.И.Никифоров. Русские народние сказки. М.-Л. 1930. С. 25.

[4] Ўзбек фольклори очерклари. 2-том Т.: 1989. Б.133

[5] М.И.Афзалов “Ўзбек халқ эртаклари ҳақида”. Т.: 1964. Б.116

[6] Ончуков Н.Е. Северные сказки. Зап. Геогр. обш. Спб. 1908.

[7] Кулса – гул, йиғласа – дур. Т.: 1983. Б.298

[8] З.Ҳусаинова “Эл ардоқлаган эртакчи”. Фольклор архиви. Инв.- (қўшимча манба).

[9] Никофоров А.Н. народная детская сказка драматического жанра // Сказочная комиссия в 1927 году. Изд. РГО. Отд.этнографии. М., 1928. С.61.