Жаббор Раззоқов. Китоб мўъжизалар яратишга қодир

Ижод ва истеъдод ҳақида кўп ўйлайман. Бу ноёб хислатлар замирида жуда катта маъно, бир тоифа одамларнинггина эмас, балки бутун инсониятнинг тақдири мужассам эканлигини ҳис қиламан. Истеъдодли инсонларнинг бутун бир халқ, мамлакат ҳаётини ўзгартириб юборганлари тарихдан яхши маълум.

Халқимиз, Ватанимиз тарихида Абу Райҳон Беруний, Мусо Муҳаммад Хоразмий, Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Аҳмад Фарғоний сингари алломалар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардаларни жаҳон аҳли яхши билади. Уларнинг ҳар бири дунё тараққиётида ёрқин из қолдирган буюк алломалардир.

Бу улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижоди, оламшумул ихтиро ва кашфиётлари бизга моҳир ҳаттотлар томонидан кўчирилган қадимий қўлёзма китоблар орқали етиб келган. Агар ана шу ноёб қадриятлар бўлмаганида, табиийки, биз бой тарихимиз, бебаҳо меросимизни тасаввур ҳам қилолмасдик.

Китоб — кўнгил ойнаси. У орқали одамлар чексиз илм дунёсига кириб борадилар, келажакка ва, аксинча, мозийга сайр қиладилар. Турли халқларнинг урф-одатлари, инсонларнинг тақдирлари билан танишадилар.

http://n.ziyouz.com/images/book.jpg

Инсоният тарихида Ёзувнинг ихтиро қилиниши ва китобнинг яратилиши энг буюк кашфиётлар ҳисобланади. Буларсиз илм бўлмасди, илмсиз эса тараққиёт, бугунги нурли кунлар…

Дарҳақиқат, ҳамма замонларда илм аҳли, ижодкорлар қадрланган. Аммо бундай рутбага эришиш ҳеч қачон осон кечмаган. Бунинг учун сабр ва чидам билан китоб ўқиш, эринмай илм тўплаш лозим бўлади. Мана бу мисолга бир эътибор беринг-а. “Мен болалик чоғимданоқ, — деб ёзганди Беруний, — ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Биз яшайдиган қишлоққа бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатардим, бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим…”

Ҳа, Беруний болалигиданоқ билимга, китобга бутун вужуди билан меҳр қўйган. Чидам ва матонат билан юнон тилини ўрганиб олган. Ҳатто ўрганиш жуда мураккаб бўлган ҳинд Ёзувини ҳам мукаммал ўзлаштириб, ўзининг машҳур “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ёки сиғмайдиган таълимотларининг ҳақиқатини аниқлаш” ёки кўпчиликка “Ҳиндистон” номи билан маълум бўлган китобини яратган. Шундай улкан истеъдод эгаси ўзидан 152 та буюк асар ёзиб қолдирган. Унинг серқирра фаолиятига ҳаққоний баҳо берган америкалик фалакиёт тарихчиси Сартон ХИ асрга “Беруний асри” деб таъриф берган.

…1992 йил мамлакатимиз делегатсияси таркибида Малайзия, Жанубий Корея ва Индонезия сафарида бўлдик. Куала-Лумпур шаҳри кўчаларини айланаётиб, китоб дўконига кўзим тушиб қолди. Четлаб ўтолмадим. Тилига тушунмасам-да, бу мамлакатда китоблар қандай нашр этилар экан, деган савол қуршовида дўконга бош суқдим. Шунда нигоҳим «Имом Бухорий» сўзлари ёзилган китобга тушди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Ҳаяжонланиб, сотувчи қизга “Мен Бухоро томонданман”, дея ишора қилдим. Очиғи, у пайтларда юртимиздаги оддий одамлар Имом Бухорий ҳақида кам билишар, зиёлилар орасида Индонезия Президенти Сукарнонинг бу улуғ зот қабрини зиёрат қилиб кетгани ҳақидаги узун-юлуқ гаплар юрарди.

Дўконда Имом Бухорийнинг уч жилдлик “Ҳадислар” китоби қаторлашиб турарди. Бизда эса у пайтларда бу китоб бирор марта ҳам нашр қилинмаган эди. Уларни қўлимга олиб, бағримга босдим, муқовасига беихтиёр лабларимни теккиздим. Дўкондагилар нима бўлаётганини билолмай ҳайратда эдилар.

Дарҳақиқат, Мустақиллик бизга миллий маънавият олами эшикларини ланг очиб берди. Қадриятларимизни, машҳур алломаларимизни танидик. Аждодларимизнинг дунё кезган қадимий қўлёзмаларидан баҳраманд бўл­дик.

Истиқлолга эришилгач, тенги йўқ китоблар нашр қилинди, ҳозир ҳам чоп этилмоқда. Шу ўринда бир мулоҳазага батафсил тўхталмасликнинг иложи йўқ. Нашр қилинаётган янги китоблар улардан маънавий озиқланмоқчи бўлганларга, ўқи­тув­чи­ларга, қишлоқ зиёлиларига тўлиқ етиб бормаётгани мендай китобот иши билан машғул одамни ташвишга солади. Не-не машаққатлар билан чоп этилган китоб­лар йиллаб нашриёт ­омборларида қолиб кетмоқда. Негаки, ҳукуматимизнинг 2002 йил 3 августдаги “Республикамизда китоб савдоси тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган “Ўзкитобсавдо” давлат актсиядорлик компанияси ўз вазифасини тўла бажара олмаяпти. Жойларга муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик янги китобларни, бадиий адабиётларни етказиб беролмаяпти.

Айримлар «Ҳозир китоб ўқиш урфдан чиқди. Ёшлар компьютерга ўрганиб қолди», дейишади. Бу гапда жон бор. Аммо чинакам илм истаганлар орасида китобга ихлос йўқолиб кетишига ишонмайман. Ўзимдан, танишларим, дўстларимдан қиёс. Китобни қадрлайдиган, уни жон-дилидан севадиган инсонларнинг кўпчилиги нафақат пойтахтда балки, бошқа жойларда ҳам яшайди. Тўғри, Тошкент мамлакатимизнинг зиёлилари, шоиру адиблари, талаба-ўқувчилари энг кўп тўпланган маскан. Шу сабабли китобларга эҳтиёж катта. Лекин шаҳримизда ҳам “Шарқ зиёкори”ни ҳисобга олмаганда, замон талабларига жавоб берадиган мукаммал китоб дўконлари мавжуд эмас.

Вилоятлардаги маҳаллий раҳбарлар орасида ҳам китобга ихлосмандларни, ижодкорларни, истеъдодли инсонларни қўллаб-қувватлайдиганлар анчагина. Аммо кўпгина туманларда раҳбарлар эътиборсизлиги туфайли китоб дўконлари хусусийлаштирилиб, савдо шохобчаларига айлантириб юборилган. Ҳайронман, улар халқ маънавиятини, келажак авлод тараққиётини китобсиз қандай тасаввур қилишлари мумкин?!.

Мен китобни тенги йўқ мўъжизалар хазинаси, дегим келади. Улар инсон онгида мўъжизалар яратишга қодир, дунёни ўзгартириб юборувчи оламшумул янгиликларга бош-қош бўлади. Ҳатто энг мукаммал техника воситалари — компьютерлар ҳам ана шу китоблар орқали дунёга келган. Аммо ҳеч нима ҳеч қачон унинг ўрнини тўла босолмайди.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).