Исмоил Бекжон. Муҳаббат фалсафаси

Мутафаккир шоирлар шеърларига ўз замонаси ва кейинги асрларда ҳам кўплаб шарҳлар битилган. Зеро, бундай мўъжаз, аммо олам-олам маъно ва сўз санъатининг турфа сирларини ўз бағрига олган асарлар мазмун-мағзини чақиш барча учун бир хил осон эмас. Шу боис, уларнинг кишини ўйлантирувчи нуқталарини англаш мақсадида таҳлил ва тушунтириш зарурати туғилган.

Алишер Навоийнинг “Қаро кўзум…” сўзлари билан бошланувчи ғазали ана шундай асрлар оша кўпчиликнинг диққатини тортиб, куйлар басталанган ва шарҳлар битиб келинаётган шеърлардан саналади. Айниқса, унга кейинги пайтлари олимларимиз томонидан ёзилган шарҳлар улуғ шоир ижодини яқиндан ўрганиш борасидаги навбатдаги қадамлардан бири бўлди, десак янглишмаймиз. Қуйидаги изланишимизга ҳам мўъжизакор бу ғазалнинг санъаткорона ифодаланган мазмунини тушуниш йўлидаги бир уриниш сифатида қаралишини истардик.
Алишер Навоий “олам биноси бўлгандан бери туганмаган ғариб бир қисса эрмиш” ишқни ғазаллари ва достонларида тараннум этаркан, маъшуқа сабаб вужудга келувчи нозни ўз севган қаҳрамонлари — “Лайли-ю Ширин зулму кини” деб атайди. Улар ишқида не-не кўйларга тушган “Мажнун била Фарҳод ишқни мендин ўрганмаги керак”, дейди. Инсоннинг азалий одати гўзалликни ёқтириб, уни қўлга киритишга интилишидир. Бу интилишни — ишқ ва ёр висолига нисбатан эҳтиёжни ниёз дейдилар. Гўзаллик эгасининг ўзини керакли қилиши эса ноз деб аталади. Маъшуқанинг нози ортгани сайин ошиқ ниёзи — оҳу зори кучаяверади. Аммо, “Қаро кўзум…”да лирик қаҳрамон бошқа ғазаллардаги каби, ёрга ялиниш, “мен”лигидан айрилишга маҳкум эмас. Шу сабабли бу ғазалда, ошиқнинг ўз дардини ёрга изҳор этиши тасвири шоирдан ўзгачароқ ўхшатиш, тимсоллар қўллашни тақозо қилган:

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Навоий оддий инсонларга хос одат, қоида ва хислатларни ўз асарларида мардумлуғ, одамийлиғ, одамийвашлиғ, инсоният ва мардумдорлиғ сўзлари билан англатади. Форсча мардум сўзи одамлар, халқ дегани. Фан қилмоқ эса ҳунар-касб, усул, қоида ва одатга айлантирмоқ маъноларини беради. Иккинчи мисрадаги кўз қароси икки маънога эга. Биринчиси, кўз қорачиғи бўлиб, унинг форсча муқобили саводи дида, саводи чашм ва арабчаси саводил-айн(арабча савод — қора, айн — кўз)дир. Кўз қаросининг иккинчи маъноси кўзнинг ичи, теграси, ҳудуди демакдир. Зеро, арабча савод ва ўзбекча қора сўзлари жой, макон, ҳудуд маъносини ҳам англатади; форсча мардум одамлар, халқдан ташқари, кўз қорачиғини ҳам билдиради.
Кўз қорачиғи тимсолини ёрга етиш воситаси ўрнида ишлатиш Навоийдан олдинги ва кейинги шоирлар учун ҳам расм бўлган. Масалан, бир шоир одамлардан ёрини рашк этаркан, барча одамларнинг кўз қорачиғига айланиб, севгилисини фақат ўзи кўришни истайди. Ёрнинг кўзда ватан тутишини шоирлар Юсуфнинг отаси кўзидан бошқа ерда жой олмаслиги ва шу каби жуда кўп ўринларда ишлатадилар. Масалан, Лутфий ўз кўзида ватан тутмаган ёрдан хафа бўлмайди ва қизиқ бир баҳона келтириб, вазиятдан қутулади: шоир кўзидан доимо ёр ишқида дарёдек кўз ёши оқади, сув тошиб оқувчи ерда эса тураржой ясаб бўлмайди: Гар ватан Лутфий кўзида тутмадинг, йўқтур ажаб, Уй қўпормоғлиғ эрур душвор Жайҳун устина. Навоий эса, ошиқ кўзида ёр жой тутиб қолиши мумкинлигини таъкидлаб, бошқа бир ўхшатиш топади. Тўғри, Навоий кўз ёшларидан ҳам денгиз ҳосил бўлади, лекин кўзлари шу денгиз ичра кемадек қалқиб қолибди, деган таъриф олади: Чун Навоий ашки баҳр ўлди, чекиб ранжу тааб, Кемаликдин кўзлари ул баҳр аро топти лақаб. Кўзида, тонг йўқ, агар тутгунг мақом, эй нўшлаб, Чун кирар эл кемага қилмоқ учун айшу тараб.
Ошиқ — Навоий “Қаро кўзум…”нинг биринчи байтида ёрга кибру ҳаво билан ўзингни баланд тутма, инсонларга ярашувчи хислат, одатларга риоя қилиб, сал пастга туш мазмунидаги киноялар орқали суюклигини кўриш жавҳари ҳисобланган кўз қорачиғи ўнгида намоён бўлишга ундаяпти. Лирик қаҳрамон қоракўзлигига шу йўл билан ўз кўзида ватан туттирмоқчи. Иккинчи мисрадаги шакли бир, маъноси ҳар хил сўзларга қараганда, сўз санъаткори ёрнинг кўз ичида доимо муқим турувчи ана шу кўз қорачиқларидек ватан тутишини ҳам истаётгани маълум бўлади:

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
(Кўзим қорачиғида одамлар каби ватан тут.)

Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
(Кўзим ичида кўз қорачиғи каби ватан тут.)

(Ҳилолий ҳам шу маъноларда ёзади: Дида жойи туст, биншин, аз назар ғойиб машав. Мардумий кун чун миёни мардумон жон кардаи. — Сенинг жойинг кўзимдир, кел ўтир, назаримдан йироқ тушма, Одамгарчилик қил, чунки одамлар (ёки қорачиқлар) орасида турибсан ахир.)

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Ёр юзини гул, кўнглини равза(боғ), суюкли қаддини ниҳолга, жонни бир гулшанга қиёс этувчи ошиқ — шоир бу ўхшатишлардан энди бошқа мақсадда, ўзгача усулларда фойдаланиб, ўша гулга ўзига қарашли боғни гулшан, ниҳолга гулшанини чаман (майсазор) қилиб кўрсатаяпти, бундай ташбеҳлар орқали шоир уларнинг муқобили — аслини қўлга киритиш ниятида эканини англатмоқда.

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Учинчи байтдаги сўзларнинг луғавий маъносидан ташқари истилоҳий мазмуни қуйидагича: форсча таковар сўзи “так(таг) овардан — ҳамла қилмоқ” қўшма феъли сўз бирикмаларидан ташкил топган (“Фарҳанги Донишгар” изоҳли луғати, Қум; ҳозирги форс ҳарбий терминологиясида таковар ҳамла қилувчи аскар маъносида ишлатилади; “Шоҳнома”дан: Фуру монд аспони жангий зи таг, Ки гўфтй ба танишон нажўнбид раг. — Жанг отлари ҳамла қилишдан тўхтаб қолдилар, гўё баданларида қимирламасди томирлари; Таки сармо шикаст — Совуқ ҳамласи шикаст еди, яъни совуқ шиддати пасайди; ғамзада — тилимизда ҳам мавжуд арабча “ғам” ҳамда форсча “задан” — урмоқ феълидан ясалиб, ғам-ғуссада эзилган маъносини беради; ришта — ип толалари; расан — арқон; бўйинбоғ. (Ўзимиз билган ҳинони одатда қизлар ҳайит байрамларида қип-қизил қилиб қўл-оёққа қўйишларини ҳам олдиндан эслатиб ўтайлик.)
Навоий бошқа шоирлар каби ёрни от устида ҳам кўради. Чунки ўша давр ҳаётидаги бу воқелик баёнга кўчиши билан бирга ошиқ наздида ёрнинг доимо унга қўл етмас баландлик, яъни отда юриши, устига-устак, бу отларнинг рахш (Рустами Достон оти), абраш, аблақ (қашқа, ранг-баранг тусли чиройли отлар), тавсан (ўжар от), саманд (учқур от) кабилар бўлиши маъшуқа нозининг янада қаттиқ, кинли эканини англатади. Буюк шоир бу ғазалида от минган ёрига ниёзини янада кучлироқ ва ҳаётийроқ ифода этиш учун ўша даврдаги бой оила қизлари ёлғиз чиққанда миниши оддий ҳол бўлган таковар устидаги гўзалга мурожаат қилади. Кўз олдимизда беихтиёр Лайли ва у минган таковар гавдаланади. Таковарлар махсус ўргатилган жанговар отлар бўлиб, уруш майдонига кирганда олд оёқлари билан рақибнинг юзи, кўкрагига тепиб ва уни йиқитиб, оёғи остида эзғилаб, туёқларини қонга ботирмагунча жанггоҳдан чиқмаган. Лайли кабилар эса, тинч даврда ўзларини ғаним қабила одамлари ёки ўғри ва шу каби касларнинг туйқус ҳамласидан сақлаш учун бундай таковарлар минишган. Лирик қаҳрамон ёрга мурожаат этаркан, агар сен бу нозинг орқали юрагим қонини истаётган бўлсанг, таковаринг олдига чиқай, туёқлари билан тепиб, кўксимни ёрсин ва уларни юрак-бағрим қонидан қўлга қўйилган ҳино каби қип-қизил қилиб, ўз вазифасини адо этсин, менинг ўлимим иккалангиз учун ҳам байрам бўлсин; жононсиз жонни нима ҳам қиламан, ол, ғам остида эзилиб, жул-жул титилган жоним ипи торларидан ясалган арқонни атрофингда сени қўриқлаб келаётган итингга бўйинбоқ қилиб боғла. Улар фақат шунга ярайди ва сўнг қанча истасанг, қаёққа хоҳласанг, тортқилайвер, дейди.

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб яна ул тоғда Кўҳкан қилғил.

Қалам аҳли одатда одам бошига тушадиган фироқ, ҳижрон каби айрилиқ туйғусини ҳаддан ортиқ катта мусибат, кучли дард ё оғир ғам даражасида кўрсатиш учун уларни тоғ, дашт, денгиз, осмон, тун сифатларига қиёс қилади. Ундан ташқари, шоирлар тарихий илдизга эга подшоҳ Парвиз ва малика Ширин қиссасидаги тоғ йўнувчи Фарҳоднинг Ширин ишқи билан Беҳистун тоғида ҳалок бўлганига ишора тарзида бу тоғни фироқ тоғи ҳам дейдилар. Чарх, яъни айланувчи осмон дейишдан мақсад “азалий тақдир, Яратувчи”дир. Форсча кўҳкан атамаси тоғ тошларини қўпорувчи, тоғ қазувчи, тоғ тошини йўнувчи, тоққа тасвир, хат ўйиб ёзувчи маъноларини беради ва одатда уни ҳам афсонадаги Фарҳоднинг касбу корига нисбатан ишлатадилар. Форсча хамир кардан (хамир қилмоқ) муқобилидаги хамир этмоқ эски ўзбек тилида ўзимиз билган хамирдан ташқари лой қормоқ ўрнида ҳам ишлатилган. Бу байтда хамир этмоқнинг фақат ана шу лой қориш маъноси кўзда тутилмоқда.
Диний таълимотларда “одам зоти Ер куррасининг муайян жойидан олинган бир сиқим тупроқ лойидан ясалган” ва “инсон бу дунёга қайта тирилиб келади” деган ақидалар илгари сурилади. Ана шу ақидалар мазмунига суянган ошиқ — шоир ёр олдида ишқ йўлидан сира қайтмаслиги, шу сабабли маъшуқанинг бу нозлари беҳуда эканини уқтириш мақсадида азалий қудратдан “фалак гардиши айланиб, яна тирилиш имкони бўлса, ўзининг айрилиқ тоғида қолиб кетган суяклари хокидан лой қорилиб, зуваласидан ўша Беҳистун тоғида ўлган Кўҳкан — Фарҳодсифат ошиқ мақомида яратилишини” илтижо қилади ва бу билан ёр ишқида неча бор ўлиб-тирилиш имкони бўлса, бунга сўзсиз тайёр эканини англатмоқчи бўлади.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни боштин-аёғ чин ила шикан қилғил.

Навоий бу байтда ёр юзи висолига етишни ошиқ юракнинг ҳам уни кўра олиши, ҳам хаёлотлар оламида бу лаззатли онларни қўлга киритиши маъносида талқин этмоқда. Байтда ҳозирги ўқувчи учун қийин сўзлар фақат форсча чин ва шикан синонимлари бўлиб, улар ҳалқа-ҳалқа, тоблаб эшилган маъноларини беради. Ёр агар сочларини бошдан-оёқ ҳалқа-ҳалқа қилиб эшса, бу ҳолат ошиқнинг ёр юзи висолига етишида қандай аҳамият касб этади?
Бир неча гўзалликни мужассам қилган ёр юзи висолига ета олмаган ошиқ бетоб, беҳол, беқарорлик ҳолатларини бошидан кечиради. Атрофдагилар таънасига қолади. Аммо бу иштиёқ борган сари кучайиб, жунун — телбалик ҳолатига етади. Лайлига ишқининг тобора кучайгани сабабли телбага айланган Қайснинг бўйнига занжир солинди. Аммо у шу занжир воситасида кампир етаклаган ҳолатда Лайлининг уйигача кела олди ва, бир лаҳза бўлса-да, ёри жамолини кўришга эришди. Ёки инсоннинг Худога, яъни барча гўзалликлар бекаму кўст ҳолда мужассам бўлган Яратувчи жамолига ошиқлиги хусусида таълим берувчи сўфийлар ривоятига кўра, Мансури Ҳаллож дор тагидаёқ “чинакам ёр жамолини энди топдим”, деган экан. Шоирлар Қайснинг севгилисига етишишда восита бўлган занжир ва Мансурни Ҳақ жамолига етказган дор арқонини ифодалаш учун гоҳида ёрнинг ҳалқа-ҳалқа эшилган сочига мурожаат қилиб, сопини ўзидан чиқарадилар. Занжир, арқон демоқчи бўлсалар дарров ёдларига суюклининг сочи тушади. Ёр сочи “айрилиқнинг қора туни”, “ошиқни маъшуққа чирмагувчи тоблиғ соч”, “бўйинга солинган икки қулоч каманд”, “Юсуфни қудуқдан чиқарувчи арқон”, “юз ганжинасини сақловчи илон”, “телба бўйнига тушувчи занжир” ва бошқа таърифларга ҳам эга.
Навоий, аҳли жунун қайди ёр зулфи эмиш, Хирад танобини уз, банд агар бу силсиладур (хирад — ақл; силсила — занжир); Ҳалқа-ҳалқа бўйнума солмиш таноби зулфини, Журми ишқимға магар ҳукм айлади дилдор дор (журм — айб, гуноҳ, жиноят). Юзин истарсан, Навоий, қочма зулфи фикридин, Ким сен истар айшнинг уммиди бу қайғуда бор(таъкид бизники — И.Б; Эй Навоий, ёр юзини истасанг унинг занжир, дор ва айрилиқ тунини эслатувчи сочи ҳақида ўйлашдан қочма, чунки сен ёр юзи сабабли етмоқчи бўлган ўша лаззат, дор, ҳижрон кабилар келтирувчи қайғули дамлардадир).
Нажмиддин Кубронинг шогирди Маждуддин Бағдодий ҳам шундай ёзган экан: Занжири сари зулфи ту дар гардани туст, Бар гардани банда неҳ ки девона манам. — Бошингдаги сочинг занжири бўйнингда турибди, уни менинг бўйнимга ташла, ахир жинни мен-ку!) Ҳатто, ёр зулфи Юсуфни қудуқдан қутқарувчи нажоткор каманд — арқон ўрнида келганида ҳам, уни кўрган ошиқ кўз олдида ошиқлар бўйнига тушувчи банд — занжир гавдаланади: Ҳам занахдонида юз минг жон асир, Чоҳида юз Юсуфи Канъон асир. Зулфидин солса чиқорурға каманд, Кўпрак айлаб бу каманд ул элни банд… Демак, ёр юзи висолига етиш учун занжир керак, дор лозим! Агар севгили сочини ҳалқа-ҳалқа қилса, бас, Мансур осилган дордан ва Мажнун бўйнига солинган занжирдан бир нечаси тайёр, ёр юзи висоли эса нақд.

Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас монеъ,
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Бу байтдаги сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари қуйидагича: хазон — куз фасли; сипоҳ — лашкар, қўшин. Бу ўринда том ҳарбий истилоҳ, шоир ташбеҳига кўра, қалъа деворининг қўшин ҳужумидан ҳимоя қилувчи буржу бори, истеҳком минораси сифатида келмоқда (Тўш-тўшидин бори югуруштилар, Қалъанинг томиға ёпуштилар, Ёпушиб томни кўп ковладилар, Зўр этиб томға кўп ҳовладилар).
Шоир ўз муддаосини боғ аҳволини яхши билувчи боғбонга айтиш ва, куз фасли хусусиятини ҳамма билгани ҳолда, унга бостириб келувчи лашкар, боғнинг тикан тўсиқли деворига қалъа истеҳкоми маъносини юклаб, уруш манзарасини ҳам чизиш орқали нималарни кўзда тутган? Маъшуқанинг ошиқни куйдирадиган нозларидан бири — унинг ўз ҳуснига бино қўйиши, гўзаллик фаслининг ҳам интиҳоси борлигини англамаслиги ёки, англаса-да, қўлида бор пайти ошиқни қийнаб қолишга уринишидир. Шунча азоб чеккан ошиқ бунга ҳам чидаши мумкин. Лекин у бу ҳақиқатни суюклиги эсига солиб қўйиш баҳонасида дардини тўкиб солмоқчи. Ошиқ гоҳ файласуфга айланиб, табиат қонуниятларидан, умрнинг заволидан гапиради: куз келиб, боғда яшнаб турган гулу дарахтлар япроғини сарғайтириб, сўлдириши, ширин мевалардан асар ҳам қолмаслиги, боғ ўз файзу тароватини қўлдан беражаги каби вақт ҳар қандай гўзалликка нисбатан ўз зуғумини ўтказиши, уни ҳеч қандай йўл, восита билан сақлаб қолиш мумкин эмаслигини уқтириш орқали маъшуқани бу дамларни ғанимат билишга чақиради. Шоир ўз фикрини бўрттириб, ваҳимали кўрсатиш учун хазонли куз келиш манзарасини қаҳрли душман лашкарининг шаҳар қалъасига бостириб келиб, истеҳкомларини вайрон, аҳолисини талон-торож қилиш воқеаси, зириҳ кийимли сарбозларнинг пўлат қиличига темир тўсиқ ҳам дош бера олмаслиги жараёнига ўхшатади.

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Одатдагидек, дастлаб, байтдаги сўз ва иборалар маъносини чақишга уринамиз. Рафиқ — ўртоқ, дўст; гулоб — гул барглари(новдадаги яшил барг эмас)ни махсус идишларда қайнатиб, олинган ва маст қилиш хусусиятига ҳам эга суюқлик; гул барги — гулни гул этувчи қизил барглар. Шоир ёр юзида тер кўриб ўлиш, ўликни гулоб ила ювиш ва гул баргидан кафан қилиш каби ғайриоддий ҳодисаларни нимага асосланиб баён этмоқда?
Шарқ шеъриятида ёр юзида тер пайдо бўлиши маъшуқанинг ҳис-ҳаяжонга тушиши, таъсирланиши натижасида юрак уриши тезлигининг ошиш ҳолатлари билан изоҳланади. Туркий шеъриятимизда тернинг хай, арақ каби форсча, арабча муқобиллари ҳам ишлатилиб, ёр юзи, пешонасидаги тер гулга тушган жола (шудринг) ва гулоб, май қатрасига ўхшатилади. (Навоий лўли қиз ўйинидан таъсирланиб ёзади: Борму ўюн ҳароратидин чеҳрасида тер, Ё равза гулистонида ҳар сори жоладур. Мир Ҳайдар Сабуҳийдан: Хай аст бар рухи ту ё гулоб: аз ин ду кадом аст? — Юзингдаги терми ё гулобми? Бу иккисидан қай бири?)
Терни нега шароб, май, ароқ, гулобга ўхшатадилар? Тер ва ичимлик ароқ маъноларини берадиган арабча “арақ” сўзи ўзи аслида тер томчисини англатади. Мева, гул ва дон-дун каби хомашёларни қайнатиш йўли билан маст қилувчи ичимликлар тайёрланади. Гулоб олиш учун юқорида айтганимиз гул барги махсус қозонда қайнатилади ва унинг буғи шиша найлар орқали катта идишларга ўтаркан, томчилар ҳосил бўлиб, уларни арабчасига “арақ” (тер) дейилган. Навоий ёзади: Не арақдурким, ичинда ғарқадур нозук танинг, Барги гулдекким, гулоб ичра чўмар сар то қадам. Ишқ изҳори ёки ошиқнинг ёр кўзи олдида намоён бўлиши маъшуқага таъсир этиб, юзида тер пайдо қилолса, буни кўрган бахтли ошиқнинг қувончдан юраги тарс ёрилиши, бу тер ошиқ қалбида “фитна қўзғаб” бечорани беҳол, бетоб, бетоқату беқарор этиб, ҳатто ўлдириши ҳам ҳеч гапмас. Навоий ёзади: Қатра хайлар ичра ул оразни кўрдум, эй рафиқ. Ўлмагим эрмас ажабким, сувга тушмиш ахтарим; Терлаган юз қатрасидинким юзим қонин юдунг, Ваҳ, не дейким, ишқ аро топтим не янглиғ обрў; Юзида тер фитнасидан бўлсам, ажаб эмастурки, марқадеда, Ушоқ тош ўрнида хайли анжум, ой анда шамъи мазор бўлғай(марқад — қабр; анжум — юлдузлар).
“Қаро кўзум…”нинг бу байтида гўзал юзидаги “тер фитнаси сабаб” ҳалокатга маҳкум ошиқ ўлгач, жасадининг қозонда қайнаётган “гулоб ичра бошдан-оёқ чўмилаётган гулбарг” мисол “нозик тани ғарқа тер” ёр каби гулоб ичра туришини ва қайнагач, ширасидан ажраб, матодек бўшашган ўша гулбарг оғушида бўлишини истайди… Тез бузилмаслиги учун мурдага кофур, гулоб ва бошқа хушбўй дориворлар суркаб, устига обчин ёки булғорий деб аталувчи юмшоқ мато ёпганлар ва у адабиётда кафан муқобилида келади. Эсланг, Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достонида Ширин суюкли ёри Парвизнинг қонли жасадини гулоб, кофур ва анбар билан ювади. Фирдавсий эса қуйидагича ёзади: Надорам ба марг обчину кафан. — Йўқдир ўлимимга обчин — кафан. Ошиқ бу ерда ёрга ўз мақсадини дўстига васият қилиш орқали изҳор этмоқда.

Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

Анжумани шавқнинг луғавий маъноси ўйин-кулгу, шоду хуррамлик ўтириши, демакдир. Уни жон аро тузиш эса бу зиёфатни кўнгилда барпо этиш ҳамда жонни бир сабаб билан хатарга қўйиш, яъни жон билан ўйнашиш маъноларини англатади. Бошоғлиғ — ўзбек тилидаги нумератив сўз бўлиб, бошоқланган, бир бошоқ қилиб ўралган дегани ва бу ерда садоқдаги бир ўрам ўқ назарда тутилмоқда.
Ошиқни ёрга етиш иштиёқи чексиз изтиробларга солди. Уларни бирпас унутиш учун эса ўйин-кулги базмини тузиш лозим. Ошиқ бундай ўтиришни фақат ўз қалби, жони ичра тузиши мумкин. Чунки ошиқ тафтини фақат ишқ дардини тортгангина олиши, унинг хуморини аччиқ шароб эмас, севги заҳар-заққумлардан ҳосил бўлган зардобгина дафъ қилиши мумкин. Улар эса, ошиқ жони аро яраланган дил, аччиқ хотира шаклида муҳайё. Бу ўтиришни ёритиш, унга равшанлик бағишлаш эса одатдаги йиғин — анжуманларда ишлатиладиган оддий шамнинг қўлидан келмайди. Жон — қалб аро тузилган майлу истак, иштиёқ, яъни шавқ ўтириши қоқ ўртасига фақат ёр садоғидаги ўқ қадалсагина ошиқ қалбида яна ёрга етиш умидини учқунлантириши, қоронғулик сари юз тутган кўнгил кўзларига ишонч нурини таратиши мумкин…
Ҳажр ўтидин қони кўнглумнинг қурубтур, гар ул ўт, Зор кўнглумни қизитмайдур, недур пайкон қизил (пайкон — ўқ; ўқнинг учи). Зеро, ёр ўқи, пайкони ҳар ҳолда тағин ёрни эсга солади ва қалбдаги шавқни алангалатиб, жон аро тузилган ўтиришни ёруғроқ қилади: Гоҳ кўнглум ғунчасин истар, гаҳи пайконини, Ким, кўнгул бордур муносиб ғунчаға, пайконға ҳам… Ғунчалар эрмас тиконлар ичраким, ушшоқдек Чархдин кўргузди ул ҳам неча пайконлиғ кўнгул (ушшоқ — ошиқлар; пайконлиғ кўнгул — ўқ қадалган юрак)…
Навоий сўз санъаткори сифатида “Қаро кўзум…”даги жон аро тузилган ўтириш учун ҳаётий зиёфатдаги каби шамдек шуъла сочувчи ўқни ҳам кўзда тутади: Ламъаи пайконидинму кўнглум ичра тушти ўт, Йўқса, кўнглумдин ўқиға тушти ўт, пайконға ҳам(ламъа — шуъла). Наврўз тантанасида дастурхонга “син” ҳарфи билан бошланувчи етти хил нарса ва олтин-кумуш буюмлар қўйилади. Илгари дастаси марварид, гавҳар каби қимматбаҳо тошлар билан безатилган ханжар ва найза, ўқ учлари ҳам ўртадан жой олган. Айниқса, Дамашқ пўлатидан ясалиб, жавҳар суви юритилган пайкон (ўқ учи) ва “сарнайзаи жавҳарий” деб аталган найза учи ўтиришни ўзининг кўзни қамаштирувчи шуъласи билан безаб турган. Шоир кўнгул аро қурмоқчи йиғинига ҳам ёр садоғидаги ялтироқ учли ўқлардан бир дастасини қўймоқчи. Ошиқ ўз қалбида жой бериши учун истаган ўқлардан ҳам “кўнгли бир неча пайконлиғ” бўлса, шу бошоғлиғ (бошоқланган) ўқ шавқ ўтиришидан жой олиб, уни янада ёруғроқ қилса нақадар яхши!
Хулоса қилиб айтганда, ҳазрат Алишер Навоий ошиқнинг гўзалликка интилиш туйғуси, яъни ишқни теран маъно, чиройли ўхшатишлар орқали тараннум этиб, сўз санъатининг “Қаро кўзум…”дек гўзал намунасини яратган экан, бизнинг “Қаро кўзум…”да мужассам ана шу шеърий гўзалликка интилишимиз ундаги тафаккур меваси мағзини чақиш, сўз санъати сеҳрини англаш машаққати ва лаззатидан иборатдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 50-сонидан олинди.