Санъат Маҳмудова. Ирода ва матонат тимсоли (Холида Аҳророва)

Таниқли таржимон, журналист Холида Аҳророва бутун умрини, билимини, ижодини биринчи навбатда “Саодат” журналига бағишлади. Бош муҳарриримиз, катта шоира, устоз Зулфияхонимга муносиб муовин бўлиб, унинг ишончини, ҳурматини қозонди. Айни вақтда Холида Аҳророва исми ўзбек ўқувчиларига моҳир таржимон сифатида ҳам яхши таниш. Унинг таржимон сифатида шаклланиши ҳақида сўз кетганда ҳаётидаги айрим лавҳаларни ёдга олиш ўринли бўлади.

Холида опа шодон кўринса-да, юраги тўла армон билан яшади. Чунки унинг отаси, шоир, адиб, дипломат Саид Аҳрорий навқирон 35 ёшида 1930 йилнинг 12 ноябрида Самарқанд молия-иқтисод техникумида дарс бериш учун чиройли табассум билан чиқиб кетиб, кечқурун уйига қайтмади… Кутиб-кутиб, излаб-излаб, изларини ҳеч ким тополмади…

Ўшанда Холида уч ёшда, Вазирахоним 25 ёшда, тўрт нафар кичкинтойи билан лолу ҳайрон қолаверди.

Кейин тоғаси Самарқандга бориб, уларни Тошкентга кўчириб келди. Бувиси бағрига олди.

Холида мактабга чиқиб, ҳарф таниган куниданоқ дадасининг ёзувларини ўқий-ўқий адабиётга меҳр қўйди. Бу орада қаттол уруш бошланди. Рўзғорнинг барча ташвиши Холиданинг елкасига тушди.

У ҳар куни ишдан қайтгач, аяси ва укаларига парвона бўлар, уларга дарс тайёрлатиб, уй юмушларини чаққон адо этар ва кеч хуфтонда қўшни аёлникига чиқарди. Ва унга лампа чироқ ёруғида китоб ўқиб берарди. Етти яшар қизчаси билан яшайдиган бу ўқимишли, китоблари кўп Дуся холанинг эри урушда кўзини вақтида даволата олмай, кўр бўлиб қолганди.

Аёл Холиданинг талаффузларини тўғрилар, рус тилидаги ҳар битта сўзнинг, ҳар битта ҳарфнинг моҳиятини эринмай тушунтирарди. Масалан, “кровь” сўзида юмшатиш белгиси бор, бу – “қон”, агар қўйилмаса, “том” бўлади, дея кўп мисолларни қулоғига қуярди.

– Бу аёл туфайли мен Достоевский, Тургенев, Лев Толстой асарларига ошно бўлдим. “Бедные люди”ни ўқиганимда икковлон ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаганмиз… – деб ҳикоя қилганди Холида опа.

Зеҳнли, зийрак ва меҳнатсевар Холидани масъул идорага иш юритувчи ва таржимонликка ўтказишди. Бу ерда у турли хатларни рус ва ўзбек тилларига ўгириб, анчагина пишди. Шунда хаёлига бир фикр келди: “Дуся холага ўқиб берган ҳикояларимни ўзбек тилига таржима қилсам-чи!”

У Борис Лавреневнинг “Момо” ҳикоясини ўзбекчага ўгириб, Ёзувчилар уюшмаси раиси Ойбек номига жўнатди. Ва тезда жавоб хати олди. Хатда уюшма маслаҳатчиси, ёзувчи Мирзакалон Исмоилийга учрашиш тавсия этилганди.

Ўшанда 1948 йилнинг баҳори эди… Ўшанда Холида… ота меҳри билан алқаган, таржима борасида йўл-йўриқ кўрсатган азиз устозлари назарига тушиб, уларнинг мурувват ва маслаҳатларидан баҳраманд бўлди.

Мирзакалон Исмоилий: “Таржимангиз ёмон эмас. Лекин сиз бадиий адабиётларни асосан рус тилида ўқиган кўринасиз. Энди асарларни кўпроқ ўзбек тилида ўқинг. Она тилимизни пухта ўрганинг. Тополсангиз, Абдулла Қодирийни, Абдулла Қаҳҳорни, Ойбекни…” деди. Холида опа эса “ўқиганман” деб юбориб, уялиб қолди.

– Бу гал бошқача ўқийсиз! – кулиб қўйди устоз. – Адиблар ишлатган сўзлар, иборалар устида бош қотиринг. Сиз билмаган сўзлар учраса, кўчириб олинг, мақол, маталларни ҳам… Уларни таржимада ишлатинг.

– Шоирлар қолиб кетмасин! – гап қўшдилар Мақсуд оға. – Ҳаммамизнинг падари бузрукворимиз Алишер Навоийдан бошланг мутолаани. Луғатларни ўрганинг. Муқимий, Фурқат, Нодирабегим… Эҳ-ҳей, қанчадан-қанча иш бор таржимонликка етгунча. Иккала тилни яхши билишдан ташқари таржимон бўламан деган одам машқ қилиб чарчамасин! Бир тилдан иккинчи тилга шунчаки кўчириш эмас, уни муаллиф даражасида қайта ижод қилсин!

– Айни шу паллада, – деб эслайди Холида опа, – хонага кўркам, очиқ чеҳра бир йигит кириб келди. У “Шарқ юлдузи” журналининг масъул котиби, шоир Шуҳрат экан. Мирзакалон домлага мурожаат қилиб, ёзувчи Ирина Гуронинг бир ҳикоясини унга узатди ва таржима қилиб беришини сўради. Шунда устоз мени таништириб: “Янги таржимон Холидахон Аҳроровага бера қолинг таржимани, – деди. – Боплаб ўгириб берадилар. Эртага эмас, бириси кун келтирадилар”.

– Худонинг хоҳишини қара-я, Мақсуд, – деди сўнг устоз. – Энди иккаламиз бу қизимизга ота ўрнида ота бўламиз. Шуҳрат шоиримиз эса оға!

– Кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди, – яйраб ҳикоя қилади Холида опа, – Ирина Гуронинг ҳикоясини ўзбек тилига ўгириб, айтилган вақтга олиб келдим. Шуҳрат ака раҳмат айтиб, ўрис тилида ёзилган яна бир очерк бердилар таржимага. Таржимонлик шу йўсин бошланди…

1948 йилнинг кузида устозлар Холидани “Ўздавнашр” раҳбари ҳузурига бошлаб бориб, у билан таништириб қўйдилар. Ва келгуси йил режасидаги асарлардан бирини таржима қилиш учун шартнома тузишни ҳам ўргатдилар. Шунда Мақсуд Шайхзода: “Бу қизнинг оладиган маоши ҳам маълум. Қарамоғида онаси ва икки укаси бор. Мана, Мирзо муҳаррир бўладилар-да, таржимани қўлёзмада таҳрир қила қоладилар. Қизимизнинг дастхатини биладилар-да. Қолаверса, Холиданинг дастхати чиройлик!” – деди. Ҳамма бу гапни маъқуллади.

Холида ниҳоятда руҳланиб, ғайрат ва завқ-шавқ билан ишлайди. Мирзакалон Исмоилий таржимани обдон таҳрир қилгач, яна Холидага беради.

– Бир бошдан синчиклаб ўрганинг қизим, – ўгит беради у самимий меҳр билан. – Сиз нима деб ағдардингизу уни мен нима, деб тузатдим. Эътибор қилинг-а?!

Устознинг ўша таҳрири Холида Аҳророва учун унутилмас сабоқ бўлди. Китоб 1949 йили Мирзакалон Исмоилий муҳаррирлигида босмадан чиқишини Холидагина эмас, устозлари ҳам байрамдай кутиб олишди.

– Буни қаранг, зўр китоб чиқибди, – деганди Мақсуд Шайхзода ҳайратланиб. – Уч юз бет келади-я, уч юз бет! Биринчи китобингиз шундай бўлса… – кафтида салмоқлайди Мақсуд оға. – Бу ёғига оқ йўл!

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Холида Аҳророва бир умр журналдаги қайноқ фаолиятидан ортиб, уйқу ҳисобига, дам олиш эвазига таржима санъатини улуғлаб яшади. Лев Толстойнинг “Севастополь ҳикоялари”ни, А.П.Чеховнинг “Каштанка”сини, А.Рыбаковнинг “Ханжар” қиссасини, К.Гамсахурдианинг “Ойнинг ўғирланиши” романини, О.Бальзакнинг “Ушалмаган орзулар”, А.Ивановнинг “Соялар чошгоҳда йўқолади” романларини, ўнлаб бадиий фильмлар матнини ўзбек тилига ўгирди.

Холида Аҳророва таржималарининг ўзига хослигини ҳамда таржимоннинг маҳоратини қуйидаги мисолларда яққол кўриш мумкин. “Колхидские горы вечерами дремлют голубым туманом” жумласи ўзбек тилига “Колхида тоғлари оқшомлари зангори туманга бурканиб мудрарди”, деб ўгирилган бўлса, “Длинные летные дни проходили один за другим” – “Ёзнинг бири биридан узун кунлари қувалашиб ўтиб борарди”, “Оказывается горько плакала над могилой матеры…” – “Онаси қабри устида аччиқ-аччиқ йиғлармиш…”, “Каролина по-детски указала пальцем” – “Каролина болаларча эркатойлик қилиб, бармоғини нуқиб кўрсатди”, “Тамар улыбнулся. Он загляделся на переливающуюся грудь птицы” – “Тамар жилмайди. Қушчанинг ранго-ранг товланган тўшини томоша қилиб, маҳлиё бўлиб қолди”, “В объятиях природы я теряюсь, всем своим телом превращаюсь в зрителя” – “Табиат қучоғида довдираб қоламан, бутун вужудим билан томошабинга айланаман”, “Он взял в руки густые волосы Тамары и приложил их к своему лицу, он обнюхивал приятный их запах, и потом он волосами обвил шею девушки”, – “У Тамарнинг қалин сочларини қўлига олиб, юзига босди, қиз сочларининг муаттар бўйларини искади, кейин сочни қизнинг бўйнига ўради” каби мисолларда таржимоннинг сўз танлашда моҳирлиги яққол кўринади.

Таниқли ёзувчи ва таржимон Мирзакалон Исмоилий қисматининг бир чети Холида Аҳроровага дахл қилиши журналхонларда қизиқиш уйғотиши табиий. Гап шундаки, кўпчилик ўзбек ижодкорлари қатори М.Исмоилий ҳам қатағон қурбонига айланган. Аммо бу ижодкорнинг ҳалол меҳнати қадрига етадиганлар ҳам йўқ эмас экан, М.Исмоилий таржимасидаги Л.Толстойнинг “Тирилиш” романи жувонмарг бўлмаслиги олдини олиб, асил таржимон ўрнига Холида Аҳророва номи қўйилиб, нашр этилган.

Нафақа ёшига етиши билан Холида опа: “Энди дам оламан, китоб ўқийман, театрларга тушаман, невара-эвараларим ёнида бўламан”, деб биз шогирдлар билан хайрлашди.

Қаёқда дейсиз. Орадан икки-уч кун ўтмаёқ тасодифан қўлига “Родина” журнали тушиб қолди. Уни беихтиёр варақлади ва бирдан дадаси ҳақидаги икки оғиз сўзга кўзи тушди. Бу икки оғиз сўз юрагини алғов-далғов қилиб юборди. Тонггача мижжа қоқмади ва ариза ёзиб, Давлат хавфсизлик қўмитасига борди. Ҳар куни бораверди. Ва ниҳоят бир варақни қўлига тутқазишди. Унда шундай ёзилган эди:

“Саид Аҳрорий советларга қарши тарғибот ва ташвиқот ишлари учун РСФСР жиноят мажмуасининг “58-4” моддасига биноан отувга ҳукм қилинди. Ҳукм 1931 йил 25 апрелда Москва шаҳрида ижро этилди. Дафн этилган жойи маълум эмас”.

Билмадим, Холида опажоним бундай ноҳақликни ўқиб, қандай ҳолга тушди экан? Ўша куни уйига қандоқ етиб борди экан? Қанчалар куйиб ёнди экан?

Холида опа бу гал ҳам ўзини қўлга олди. Қаддини тик тутди. Ҳар куни эрта билан отланиб, худди ишга бораётгандек, архивга қатнади. Рутубатли хоналарда сарғайиб кетган, саҳифалари туҳмат ва адоватга тўлиқ ҳужжатларни сатрма-сатр ўқиб-ўрганди. Бу зил-замбил меҳнат машаққатини Холида опа бир ўзи билди, бир Худо! Аввал у отаси Саид Аҳрорийнинг номи оқлангани ҳақидаги маълумотни топиб ўқиди, кўзига суртди. Шукр қилди…

Қаранг, биргина дадаси қораланган “Жиноятнома”нинг ўзи 20 жилддан иборат катта бир “рўмон” экан.

“Миллатчи” деб обдон қораланган дадаси вақти-замонида миллат фарзандлари учун мактаблар очган, газета муҳаррири бўлган.

Ўзбекистон мустақилликка эришиб, юртимиз бағрига шамол теккан 1991 йил сентябридан сўнг архивлар эшиклари ланг очилди. Холида опа муттасил ўн йил архивга қатнади. Дадасининг, нафақат дадасининг, яна ўнлаб ноҳақликка учраган ватандошларимизнинг ҳужжатларини сабр-тоқат билан ўрганди. Ва дадаси ёзганидек, “Ҳаёт оғир, сўзлаш ҳам оғир. Турмуш шундай бир чўққики, йўли ёнбағир…” замонда яшаган халқнинг Ватанни севишдан ва истиқлолга эришиш орзусидан бўлак гуноҳлари бўлмаганини яна бир бор тушуниб етди.

Дадаси ва яна ўнлаб истиқлол фидойилари ҳақида китоб чиқарди. Ёшлари етмишдан ошганда кутубхонага қатнаб, ўнлаб газета-журналлар тахламларидан дадасининг асарларини излаб топди, тўплади.

2001 йили ёзувчи Саид Аҳрорийнинг “Танланган асарлар”ини нашр эттирди. Қойил, бир фарзанд бўлса, шунчалик бўлар!

Холида Аҳророва ватанимизнинг бир муносиб фарзанди сифатида инсоний бурчини, масъулиятини тўла адо этди. У Тошкент шаҳрида қад ростлаган “Шаҳидлар хотираси” мажмуи ва музейи ташкил этилишида ташаббускор бўлди. Муносиб равишда Президентимиз фармонига биноан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

Холида опамиз 82 йил умр кўрди. Бу умр ироданинг, матонатнинг ёрқин тимсолига айланди.

Санъат Маҳмудова, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 3-сон

Ўхшаш мақолалар: