XX аср ўзбек адабиёти тараққиётида, жумладан, шеърият, наср ва драматургиянинг ривожланишида атоқли адибларимиз қаторида таржимонларнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Бугунги кунга келиб, жаҳон адабиётининг кўплаб дурдона асарлари она тилимизга таржима қилинганини, бир қанча улуғ сиймоларнинг кўп жилдликлари ҳам нашр этилганини ҳисобга олсак, ўзбек таржимонларининг бир неча авлоди изчиллик билан ижод машаққатини тортиб, ниҳоятда катта ишларни амалга оширганига ишонч ҳосил қиламиз. Улкан шоирларимиз, ёзувчиларимиз, драматургларимиз бетакрор ижоди билан бирга, жаҳон адабиётининг дурдоналарини таржима қилиш жараёнида ўзбек адабий тилининг ниҳоятда теран қатламлари очилди, шу пайтгача яширин қолиб келаётган имкониятлари рўёбга чиқди. Албатта, адабиётимизнинг мумтоз сиймолари бадиий таржима жабҳасида ҳам ибратли ижод қилдилар, лекин улар қаторида таржимонликни ўз умрининг мазмуни деб билган сўз заҳматкашларининг ҳам хизматларини унутиб бўлмайди. Таржимон Ваҳоб Рўзиматов шулар жумласидандир.
Ваҳоб Рўзиматовнинг таржимонлик фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, М.Шолохов, К.Симонов, К.Абэ, А.Конан-Дойл, Ж.Свифт, Л.Толстой, романлари, А.Островский, Н.Ҳикмат пьесалари, шунингдек, А.Пушкин, А.Чехов, Ф.Достоевский, М.Горький, Б.Полевой, О.Гончар, Г.Севунц, О Генри, М.Твен, Р.Тагор, Ж.Родари каби машҳур адибларнинг асарларидан намуналар ўзбек ўқувчиларига унинг илҳоми қанотларида етиб борганини эслаймиз.
Албатта, “таржимоннинг илҳоми – қанотларида” деган ибора ножоиз туйилмасин. Бадиий асар илҳом билан яратилиши қанчалик табиий бўлса, унинг таржимаси ҳам илҳом билан қайта яратилиши шунчалик зарурдир. Она тилимизда авлодлар оша жаранглаб яшаб келаётган энг яхши таржималар бунинг шаҳодати эмасми?!
Ваҳоб Рўзиматов насрий ва драматик асарларни таржима қилди. Ҳеч шубҳасиз наср ва драманинг ўзига хос ижодий қирралари мавжуд. Биламизки, ягона, яхлит адабий тил лирикада, эпосда, драмада – ҳар бир адабий турда ўзига хос равишда намоён бўлади. Шунингдек, шеърий, насрий ёки драматик асарларда ҳам адабий тилнинг (масалан, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек шеърияти ва насрий асарларида) бетакрор жилваланишини яққол ҳис қиламиз. Муайян адабий турга, жанрга мансуб асарни таржима қилар экан, таржимон бу эстетик талабларни бажармаслиги мумкин эмас. Бунинг учун эса таржимон бадиий ижод сиру синоатларидан огоҳ бўлишга, бу сиру синоатларни ўз истеъдоди сайқалига айлантиришга бурчли. У таржима қилаётган асари асл нусхада қанчалик гўзал бўлса, ўзбек тилида ҳам шунчалик бетакрор чиқишига масъул, яъни мутаржим ўз она тилини ниҳоятда яхши билиши, бошқа тилдаги нодир асарни муносиб равишда қайта яратиши, ўқувчи бу асарни она тилида ёзилган, деб қабул қилиши, таржима эканини унутиб юбориши – эстетик эҳтиёж.
Муайян ижодкорни ёзган ёки таржима қилган асарлари воситасидагина эмас, балки ҳаётда, иш жараёнида билиш ҳар бир киши, хусусан, ёшлар учун ибратлидир. “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларида Ваҳоб Рўзиматов бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган йилларда унинг мураббийлигидан баҳраманд бўлган қаламкашлардан бири сифатида айтишни истардимки, ўз ишининг фидойиси бўлган бу зот биз учун ҳақиқий устоз эди. Мавриди келганда домла (у кишига шундай деб мурожаат қилар эдик) кўнглида асраб юрган ҳикматли сўзларини мавзуга мувофиқ равишда келтириб ўтар эди, шуларнинг айримларини эслайлик:
“Чўлпоннинг таржималарини ўқисангиз, олтинни бахмал билан артиб қўйгандаги каби ярқираб туради. “Борис Годунов” таржимаси шундай”.
“Ғафур Ғулом ўргатган: “Гапириб туриб ёзинг, гапириб туриб таржима қилинг. Ана шунда асарингиз тили ўқувчига тез етиб борадиган даражада содда, табиий чиқади”.
“Тишимни уриб синдирсангиз синдиринг, тилни бузманг!”
“Сўзнинг уволидан қўрқинг”.
“Сўзнинг қарғиши ёмон бўлади”.
“Қайраб, чархлаб турмасангиз, пичоқ ҳам кесмайди”.
“Латифа оғизни очиб-юмгунча айтиб бўлиниши керак”.
“Янги ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва камол топишида атоқли адибларимиз қаторида режиссёр Маннон Уйғурнинг ҳам улуғ хизматлари бор. У адабий тилимизни театр саҳнасида бетакрор равишда рўёбга чиқарди”.
“Устозлар, дўстлар кўмагига суяниш, муайян салоҳиятга эга бўлишдан ташқари қалам аҳли учун яна бир нарса керак – у ҳам бўлса турмуш тажрибаси… Қўлига қалам тутган кишига ҳаётда кўрган, эшитган ҳар бир факти, бир кунмас-бир кун асқотар экан… Мақтанчоқлик бўлмасин, кўпгина таржималаримда 20, 30, 40 йил бурун тўқнашган фактлар, сўзлар, иборалар иш берган!”
“Эслаб кўрсам, – дер эди устозимиз М.Шолоховнинг “Очилган қўриқ” романини қандай таржима қилгани ҳақида гапирганида, – таржима қилган баъзи асарларимдаги ижобий ва салбий қаҳрамонларни эслатувчи шахсларни болалик чоғларимда учратган эканманки, иш вақтида ўшаларнинг сўзлари қулоғим остида, аъмоллари кўз ўнгимда жонланарди”.
Шу ўринда ўзаро суҳбатларимизда шоир ва таржимон Абдулла Шер айтган бир фикрни ҳам келтирай:
“Ваҳоб Рўзиматов ўзбек тилини яхши билади. Афсуски, ўзбек тилини яхши билмаган ҳолда, ўзбек тилига таржима қилишлар ҳам учраб туради. Ваҳоб Рўзиматов сўзга маънони тўғри юклайди, қисқаликка, соддаликка эришади – бу эса осон эмас. Сунъийликка йўл қўймасликка интилади, гапини чиройли чиқараман, деб, ялтир-юлтурга ёпиштирмайди”.
Бундай натижа эса осонликча қўлга киритилмайди. Таржимон ўгиришга чоғланган асарни тўла-тўкис англамоғи ва уни бутун теранлиги билан қайта бадиий яратмоғи керак. У асарнинг умумий мусиқасини яхлит қабул қилиши ва ўз она тили муҳитида мукаммал жаранглатмоғи зарур. Лев Толстойнинг “Базмдан сўнг” ҳикоясини ёдга олайлик. Ҳикоячининг хотиралари баёнига разм солсак, нозанин қизга мафтун бўлган, кўнгил берган ёш йигитнинг туйғулари ҳассослик билан тўлқинланганини, чаппар уриб гуллаган, хандон отиб кулаётган гулларга жонини фидо этгудек сабо каби елганини фаҳмлаб турамиз. Қиз ҳам йигитга ўз майлини сездиради. Ҳар иккисининг кўнгил мақсуди – севгиси уйғунликда барқ ураётгани уларнинг ушбу ҳолатида яққол сезилади.
Асл нусхада:
“– Так после ужина кадриль моя? – сказал я ей, отводя ее к месту.
– Разумеется, если меня не увезут, – сказала она, улыбаясь.
– Я не дам, – сказал я.
– Дайте же веер, – сказала она.
– Жалко отдавать, – сказал я, подавая ей белый дешевенький веер.
– Так вот вам, чтоб вы не жалели, – сказала она, оторвала перышко от веера и дала мне.
Я взял перышко и только взглядом мог выразить весь свой восторг и благодарность. Я был не только весел и доволен, я был счастлив, блажен, я был добр, я был не я, а какое-то неземное существо, не знающее зла и способное на одно добро. Я спрятал перышко в перчатку и стоял, не в силах отойти от нее.”
Энди Ваҳоб Рўзиматов таржимасида ўқиймиз:
“– Шундай қилиб, овқатдан кейинги кадрил меники-я? – дедим мен, уни жойига кузатиб қўярканман.
– Албатта, агар мени олиб кетиб қолишмаса, – деди у жилмайиб.
– Мен йўл қўймайман, – дедим.
– Елпиғичимни беринг, – деди у.
– Бергани кўзим қиймаётибди, – дедим мен, арзонгина оқ елпиғични узатарканман.
– Мана олинг, ачиниб юрмаслигингиз учун, – деди у, елпиғичидан патча юлиб олиб менга бераркан.
Мен патни олдим, бутун завқ-шавқим ва миннатдорчилигимни нигоҳим билангина изҳор қилишим мумкин эди. Мен хурсандгина, мамнунгина эмас, бахтиёр, девонавор, хушкўнгил эдим, мен – мен эмас, ёмонликдан бехабар ва яхшиликкагина қодир аллақандай самовий жон эгаси эдим. Патни қўлқопимга яшириб, ундан узоқлашишга ожиз ҳолда туриб қолдим”.
“Жалко отдавать” муқобилида “кўзим қиймаётибди” ибораси қўлланилганлиги айни муддао – шу бир оғиз гап бадиий мантиқни ўзбек ўқувчисига ниҳоятда табиий равишда етказади.
Ҳеч кутилмаганда воқеалар ривожи бошқача тусга киради, тўғрироғи, чарх тескари айлана бошлайди. Қизи билан рақсга тушганда барчанинг завқ-шавқига сабаб бўлган ота энди тамомила бошқа қиёфада кўринади. Полковникнинг шафқатсизлиги ёш йигит кўнглидаги севги сурурини, орзуларини янчиб ташлайди, шахсини барбод этади. Моҳир таржимон “Татарина гоняют за побег”ни “Қочган татарни тирқиратишаяпти” деб, “Я тебе помажу”ни “Мен сенга чалғитишни кўрсатиб қўяман” деб ўгиради – туб маънони кўз ўнгимизда яққол гавдалантиради.
Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.
Бинобарин, “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлган таржимон ва “Қандолатчалар” номли ихчам нодир китоб муаллифи – адабиётимизда янги жанр ихтирочиси Ваҳоб Рўзиматовнинг илҳоми қанотларида она тилимизда жаранглаётган жаҳон адабиёти намуналари ўз қадрини йўқотмай яшайверади, деб умид қиламиз.
Муҳаммадали Қўшмоқов
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон