Терминлар ҳар қандай илм, ҳар қандай ҳодисанинг, алоқа-коммуникацияларнинг ўзагидир. Тилшунослар ва таржимонлар яхши биладиларки, ҳар қандай терминлар ортида ҳаёт ва ҳаёт ортида терминлар қад ростлаб туради. Уларнинг миллий тил майдонига кириб келиши, ифодалайдиган маънолар доираси, тил ичида қанчалар ўзлашиши таржимонлар ва семиотикларнинг диққат-эътиборида туради. Бугунги ўзбек тили ранг-баранг халқаро терминлар билан бойиб бораётганлиги ушбу ҳужжатлардан ҳам равшан кўринади. Бу тил мангу ҳаракатдаги, инсон иродасига боғлиқ бўлмаган воқелик эканлигини яна бир карра исботлайди. Ҳужжатлардан маълум бўладики, иқтисодий шароит, эркин бозор эҳтиёжи Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонун яратилишини талаб қилди. Риэлторлик ҳодисаси кўпчилик қатори биз зиёлиларга ҳам янгилик бўлиб туюлди. В.К.Мюллернинг эътиборли луғатига мурожаат қилиб, “риэлтор” тушунчасининг маъносини ўзим учун аниқлаб олдим. Луғатга кўра, у “кўчмас мулк агенти” мазмунида қўлланади. Қонунда “агент” “воситачи”, деб олинган. Шу билан бирга бу термин эркин бозор амалиёти тақозосига кўра, яна бошқа маънолар билан ҳам бойитилган. Риэлтор терминидан келиб чиқадиган бундай коннотат маънолар Мюллерда ва бошқа луғатларда қайд этилмаган. Ҳаёт шароитидан келиб чиққан ҳолда термин ташийдиган маънолар доираси кенгайган. Ўзбек тилида бозор ва, айниқса, чорва бозори муомалаларида “даллол” тушунчаси тарихан қўллаб келинган. У келиб чиқишига кўра “далил”, “далолат” деган сўзларимизга ўзакдош. Даллол — бозор шароитида икки ўртадаги муомалани асосли далил ва далолатлар келтириб келиштирувчи, савдо-сотиққа ёрдам берувчи воситачи. Лекин шундай бўлса ҳам, “даллол” тушунчаси “риэлтор” тушунчасига муодил, яъни ҳақиқий эквивалент бўлолмайди. Унинг маъно доираси ва қўлланиш доираси эркин бозор учун торлик ва, шу билан бирга, “эскилик” қилади. Шуларни назарда тутган ҳолда қонун тузувчилар янги қонунни янги тушунча асосига қурганлар. Ҳозирги матбуотимизни синчиклаб ўқилса, юзлаб шундай иқтисодий-маърифий, бизнесология термин-тушунчаларига дуч келинади. Албатта, таржимонлар янги тушунчаларнинг ижтимоий шароитдаги бу ҳаракатидан хабардор бўлишлари ва ўз фаолиятларидан уларни яхши тушунган ҳолда қўллашлари айни муддаодир.
XX асрда таржима соҳаларида қилинган ранг-баранг ишлар тарих бўлиб қолди. Бу аср ўзбек таржимонларининг аксарияти бадиий ижодкорлик билан шуғулланувчи адиб, шоир, драматург, журналист таржимонлар эди. XX асрнинг бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий бизнинг маърифий-маданий дастуримиз сифатида Ўзбекистон ёшлари тўрт тилни билмаклари лозим. Бу бизнинг дунё замонавий маданияти ва илм-фанини эгаллашимизга, дунёда ўз ўрнимизга эга бўлишимизга, илғор миллатлар қаторидан ўрин олишимизга хизмат қилади, деган ғояни кўтариб чиқди ва бутун куч-ғайрати билан шу олижаноб ғояни амалга оширишга интилди. Бу ғоя ҳамон кун тартибида турибди. ХХ аср маданиятида ёрқин из қолдирган бизнинг адиб ва шоир таржимонларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Уйғун, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Зулфия, Сидқий Хондайлиқий, Миркарим Осим, Мирзакалон Исмоилий, Рамз Бобожон, Ҳамид Ғулом, Ваҳоб Рўзметов, Санжар Сиддиқ, Наби ва Абдураҳмон Алимуҳаммедов Беҳбудийнинг идеалига жавоб берадиган тўрт тилли таржимонлар ҳам эдилар. Бу улуғ намояндалар изидан фақат таржима ижоди билан шуғулланувчи Одил Раҳимий, Одил Шаропов, Рустам Абдураҳмонов, Мирзиёд Мирзоидов, Қодир Мирмуҳамедов, Лола Тожиева, Миад Ҳакимов, Йўлдош Шамшаров, Кибриё Қаҳҳорова, Холида Аҳророва сингари қатор-қатор профессионал таржимонлар ҳам етишиб чиқдилар. Улар дунё адабиёти улкан намояндаларининг асарларини билимдонлик билан ўзбек тилига ўгирдилар, ўзбек ўқувчиларининг дунё адабиётларини билиш йўлидаги ташналигини баҳоли имкон қондиришга муяссар бўлдилар.
Биз жуда кам тилга оламиз. Ўтган асрда Ўзбекистонда Шарқ тилларидан ўзбек тилига таржима қилувчи улкан олим, уламо таржимонлар отряди майдонга чиқиб, арабшунос, урдушунос, форсшунос, туркшунос алломалар Убайдулла Каримов, Абдуфаттоҳ Расулов, Абдуқодир Муродов, Содиқ Мирзаев, Абдусодиқ Ирисов, Абдулла Носиров, Шоислом Шомуҳамедов, Асомиддин Ўринбоев, Бўрибой Аҳмедов, Чустий, Хуршид, Анисий, Муинзода, Убайдулла Уватов, Ашраф Аҳмедов сингари фозил таржимонлар асрлар қаърида бизга сирларини очмай ётган Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Хайём, Ҳофиз, Саъдий асарлари билан ХХ асрда ўз она тилимизда танишиш имконини бердилар. Уларнинг таржималари юксак маънода илмий тадқиқот даражасига кўтарилди. Биз ўз мумтоз алломаларимизнинг илм ва ғоялар дунёлари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик. Булар ҳар қанча таҳсинга лойиқ, улуғвор таржима ва тадқиқот ишлари эди. Бу авлод файзи ва илму камолидан баҳраманд бўлган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддинов сингари адабиётимизнинг иқтидорли намояндалари Европанинг мумтоз асарларини шеъриятнинг эъжозий тили ва мафтункор усули билан ўзбек тилига ўгирдилар. Бу асарлар ўзбек тилининг беҳад бойишига, дунё адабиётининг ранг-баранг усулларини ўзлаштиришларига таъсир кўрсатди. Таржима таъсирида инсонга қарашлар ва инсон тасвири маълум даражада янгиланди.
ХХ асрда “Қуръон” ва ҳадисларнинг ўзбек тилига янги таржималари юзага чиқди. Абдулазиз Мансур, Алоуддин Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Олтинхон Тўра, Шамсиддин Бобохонов таржималари тарихий тафсирлар даражасидан анча юксакка кўтарилди ва маънолар таржимаси, деган изоҳ билан нашр этилди. Эътиқодий бўшлиқнинг ўрни тўлгандай бўлди. Шу каби намояндалар ва уларнинг таржималари ХХ аср Ўзбекистон таржимонлик мактабининг асосий хусусиятларини белгилаб бердилар. Улар ўтмиш асарларнинг таржималарига бамисли энциклопедист олимлар каби ёндошдилар. Асарларга кенг миқёсдаги илмий изоҳлар яратдилар. Уларнинг таржималари муҳаббат, фидокорлик, билимдонлик ва масъулиятнинг олий самаралари каби майдонга чиқди. ХХ аср Ўзбекистон маданияти ва илм-фанининг таг заминини фундаментал бойитди ва мустаҳкамлади.
Қодир Мирмуҳамедов дунё адабиётининг шоҳ асарларини ўзбекларга танитишда ҳаммадан ортиқроқ фидокорлик билан тер тўкди. Европа бадиий қалъаларини ўзбек cўзи билан ишғол қилди. Биз маълум бир тарихий ва ижтимоий шароитда дунё адабиёти намуналарини воситали тил орқали таржима қилиб келдик. Воситали тил орқали таржималар ҳам ўзига хос бир мактаб бўлди, тажрибалар тўпланди. Лекин қандай бўлмасин, бунда восита тилнинг ҳиди келиб туради ва бундан асло қутулиб бўлмайди. Бунда аслиятнинг образли дунёси, руҳи, миллий колорити, адиб ёки шоирнинг овози, услубини қайта бино қилишда жиддий қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келади. Лекин буларни охиригача енгиб бўлмайди. Албатта, асарнинг ўзаги ўқувчига етиб боради, аммо аслиятнинг баркамол бадиий хусусиятлари ва ўзига хос колоритини ифодалашда воситачининг йўриғига йўрғалашдан бошқа илож қолмайди. Кейинги ўн йилларда аслиятдан таржима қилишнинг бир қатор ёрқин тажрибалари кўзга ташланяпти. Шоир Шавкат Раҳмон Федерико Гарсия Лоркани аслиятдан таржима қилиш учун бир неча йил вақтини сарфлаб испанчани ўрганди ва романтик шоирни муҳаббат билан ўзбекчалаштирди. Баҳодир Эрматовнинг француз адабиётидан қилаётган таржималари ўзининг гўзал жозибаси билан ажралиб туради. Таниқли шоир Жамол Камол Шекcпирнинг бир қатор асарларини инглиз тилидан таржима қилиб, ажойиб самараларга эришди. Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор сингари Шарқ адабиётининг улкан намояндалари асарларини форс тилидан ўзбек тилига муваффақият билан ўгирди. Мирзаали Акбаров немис адабиётидан ва чунончи, Ҳерман Ҳессе асарларини гўзал аниқликда ва эҳтирос билан таржима қилди. Немис тилининг билимдон етук мутахассиси Хуррам Раҳимов немис шоирлари ва шоиралари асарлари намуналарини мафтункор фикр ва ҳиссиёт шалолаларини руҳини сақлаб бизга танитди. Худди шунингдек, Амир Файзуллонинг ҳинд ва урду тилидан амалга ошираётган катта миқёсдаги таржималари, адабиётшунос олим ва муаллим Асил Рашидовнинг Чингиз Айтматов асарларини ўзбекчалаштириши, шоир Мирпўлат Мирзонинг Россия шоирлари асарларини таржима қилиб антологиялар тузаётгани, Бегойим Холбекованинг инглиз шоирларини замонавий ўзбек тилида талқин этишга интилаётгани, турк, форс, араб, хитой, япон адабиётларидан илк аслиятдан таржималар Убайдулла Каримов, Шоислом Шомуҳамедов, Чустий, Чўлпонларнинг бу улуғ майдонларга солган йўллари узилиб қолмаганлигини, қўйилаётган қадамларда янги бир шукуҳ излари муҳрланаётганлигини кўрамиз.
Аммо шуларга қарамасдан ХХ асрнинг салмоқли таржима анъаналарини, таржимашуносликда эса улкан олим Ғайбулла Саломов анъаналарини XXI асрда ким давом эттиради ва қандай давом эттиради, деган савол ҳозир ҳам кун тартибидан тушган эмас.
Европа ва хусусан Англияда Инжил таржималари муттасил суратда янгиланиб, инглиз тилининг давр хусусиятларига мувофиқлаштириб борилади. Ҳозирги замон кишисининг бу қадим илоҳий матнларни қабул қилиш ва тушуниш қобилияти ва имконияти илмий жиҳатдан ҳисобга олиниб, янги таржималарга замон талаблари нуқтаи назаридан ёндашилади. Таржима жараёни доимий ўзгаришдаги ва доимий янгиланишдаги, доимий изланишдаги жараён.
Анъаналарни ким давом эттиради? Таржима ва таржимашунослик соҳаларига ким новаторлик олиб киради? Кейинги ўн йил ичида Жаҳон тиллари университетининг Таржимонлик факултети бир ярим мингдан ортиқроқ референтлар ва мутахассис таржимонларни етиштирди. Улар Европа, Америка, Россия, Шарқ мамлакатларида халқаро турли ташкилотлар, дипломатик хизматлар, олий ўқув юртларида муваффақият билан иш олиб бормоқдалар. Ўзбекистон давлатининг таржимага тобора ортиб бораётган кундалик эҳтиёжларини қондиришга интилмоқдалар. Университет ўқув базасини кучайтириш учун ранг-баранг дарсликлар, қўлланмалар, луғатлар нашр этишга катта эътибор қаратмоқда. Шавкат Бўтаев ва Аббос Ирисқуловнинг 70 минг сўз, иборани ўз ичига олган инглизча-ўзбекча, ўзбекча-инглизча салмоқли луғати, А.Исмоилов, Г.Боқиева, О.Мўминов, Н.Қамбаров сингари заҳматкаш олимларнинг дарсликлари талабаларга кечаю кундуз билим эгаллашларида содиқ ҳамроҳ ва мададкор бўлмоқда. Абдузуҳур Абдуазизов сингари жонкуяр олимларнинг Реформатский ва Аракинлар изидан бориб яратган тилшунослик ва фонетикага доир жиддий дарсликлари янги давр талабларига илм хазиналарига кириб боришларида ғоят қўл келмоқда. Бу ерда алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга олиб ўтиш лозимдирки, мукаррам олимимиз Қудратхон Мусаевнинг “Таржима назарияси асослари” дарслиги ва айниқса унинг 240 босма табоқдан иборат уч жилдли инглизча-русча-ўзбекча иқтисодий терминлари луғати — янги луғатлар ва янги дарсликлар авлодини юзага келтириш йўлидаги чуқур таҳсинга сазовор йирик ишлардир. Аслида ҳамкасбимиз бу луғатини ўн томдан иборат қилиб тузган ва улкан ижодий жасорат кўрсатган эди.
Хорижий тиллар мутахассисларини тайёрлашда ўқув таълим дастурлари ичига янгиланишлар олиб кириш муҳим аҳамият касб этади. ХХ асрнинг олтмишинчи йиллардан эътиборан дунёда културология, семиотика, бизнесология, дипломатия соҳаларини ўрганиш ва таржимонлик фаолиятига уларни тадбиқ этиш актуал масалалар қаторидан мустаҳкам жой олди. Таржимонлик ва таржимашуносликни културология ва семиотика билан чамбарчас боғлаб ўрганиш заруратини таъкидлаётган олимлар ҳам анчагина. Булар бежиз эмас, албатта.
Нима учун таржимонлик факултетининг талабалари семиотика ва културология, дипломатия асосларини чуқур ўрганмасликлари керак? Ахир, бу фанлар уларнинг келажак фаолиятида муваффақиятли иш кўришининг тўғридан-тўғри гарови эмасми? Cир эмаски, таржима жараёнларида биз амалиётчилар психолингвистика, паралингвистика, экстралингвистика сингари лингвистик тармоқларда олиб борилаётган тадқиқотларнинг натижаларидан ва тавсияларидан хабардор бўлишини истаймиз. Бусиз дунё адабиётини оригиналга мос савияда таржима қилиш мумкин эмас. Неча юзлаб товушларнинг товланишлари, неча минглаб ранг-баранг ҳаракатларнинг номланишлари, баёнлари, неча-неча имо-ишоралар, ранг-бўйларнинг ўзига хосликларини ҳаққоний таржима этиш учун психолингвистика ёки паралингвистиканинг ютуқлардан фойдаланмай бўладими?
Густав Флобер “Муқаддас Антонийнинг васвасаси” деган ўткир романида бир маликанинг устига илган либосини тасвирлаб, ундаги юз элликдан ортиқ деталнинг номини айтиб чиқади. Жойс, Беккет, Пруст замонавий Англия, Европа, Америка, Шарқ адибларининг асарлари — улкан инсоний-ижтимоий йўналишга эгалиги, айни пайтда улар мислсиз имо-ишоралар, мислсиз хатти-ҳаракатлар, мислсиз оҳанглар, товушлар, шовқинлар, мислсиз кийим-кечаклар, мислсиз эмоционалликларнинг тили билан яратилган. Биз таржимада бу бадиий тасвирдаги мислсизликни ўзлаштиришимизга тўғри келади. Тилимизни шунга ўргатишимиз ва мослаштиргимиз келади. Тил ўзи мислсиз имконият — бунга ҳамма вақт имконият беради. Навоий бу тилнинг имконини ўз замонида хўб топиб айтган эди “Муҳакамат ул-луғатайн”да: “…турк алфозиға дағи мулоҳазани лозим кўрулди — оламе назарға келди ўн саккиз минг оламдан ортуқ, анда зебу зийнат; ва сипеҳре табъға маълум бўлди, тўққуз фалакдин ортуқ, анда фазлу рифъат; ва махзане учради — дурлари кавокиб гавҳарларидин рахшандароқ…”.
Ҳозирги замон семиотикаси мана шу ўн саккиз минг оламнинг сирини белгили қиламиз, деб жонини жабборга бериб игна билан қудуқ қазийди. Ўн саккиз минг оламнинг ичига бирозгина таржимавий таҳлил билан бир кирсак.
Ўз соҳасида лаёқат билан ишлай оладиган таржимон мутахассислар тайёрланиб ҳаётга йўлланма олаётгани ҳолда бизнинг орзуимиз ва бизнинг идеалимиз бўлган ижодкор таржимонлар кам чиқаётгани ҳаммамизни ўйлантиради. Буни кўпроқ бадиий таржима ишининг ниҳоятда машаққатли жараён эканлигидан кўрамиз. Бунинг устига моддий манфаатдорлик замонида бадиий таржимадан келадиган моддий манфаат жуда оз даражада. У бадиий таржимага сарф қилинган оғир меҳнатнинг ҳажми ва сарф қилинган қимматли вақтларнинг ўрнини қопламайди. Ёшлар эса моддий манфаатдорлик бўлмаган ерга бормайдилар ҳисоб. Зеро, улар ўз қасрларини тиклашлари керак. Фақат маънавий-ижодий, маърифий манфаатларни бошқа ҳамма нарсалардан устун қўювчи нодир энтузиаcтларгина бу соҳага журъат билан қадам қўядилар. Юртбошимиз Ислом Каримов ибораси билан айтганда, “маънавий жасоратга” шундай фидокорлик йўлини танлаган кишиларгина кўпроқ сазовор бўладилар. Маънавий жасоратга ҳамма ҳам қодир бўлавермайди, лекин у ўлмасдир. Маданият тарихимизда бунинг мисоллари оз эмас.
Нимасини айтайликки, таржима дастлаб жуда осон бир иш бўлиб кўринади. Лекин унинг ҳамма қийинчилиги ичида. Сўз азалдан ёзувчи ва шоиргагина бўйсунади. Таржимон тилда ёзувчига тенг ёзувчи, шоирга тенг шоир бўлгандагина, аслият таржимаси аслиятга тенглашади. Лев Толстойнинг “За что?” деб номланган ўткир ҳикоясини ўқигансиз. XIX асрнинг ўттизинчи йилларидаги поляк озодлик ҳаракати ва уни мустабид Николай Палкин қандай шафқатсизлик билан бостиргани ва бу поляк ёшлари тақдирида қандай адоқсиз фожиаларга сабаб бўлгани ҳикоя қилинади. Асар воқеаларига батафсил тўхталиб ўтирилмаганда ҳам, бугунги мавзуимиз тақозосига кўра, лоақал унинг номи қандай таржима қилинганлигини андак кўриб ўтайлик. Тарихнавис адиб ва таржимон Миркарим Осим асарнинг номи устида кўп фикрлаган ва ниҳоят уни “Гуноҳимиз нима?”, деб таржима қилишга қарор қилган. Агар “Гуноҳимиз нима?”ни қайта рус тилига ўгирсак, тамомила бошқача маънодаги жумлалар ҳосил бўлади. Бу ерда Толстойнинг назарича айб ва гуноҳдан ҳам мислсиз каттароқ бир нарса борки, унинг бутун оламшумул азоби “За что?”нинг олдида ва қолгани унинг орқасидадир. Шунинг учун Толстойнинг “За что?”сининг ўзбекчага таржимаси беҳад осон ва шунингдек, беҳад қийин. Шуниси ҳам борки, уни асарнинг контекстидан ажратиб таржима қилиб бўлмайди, фақат асар контекстидагина унинг маъноси очилади. Беш товушдан иборат бу сўзни йигирмадан ортиқ йўлда ўзбекчалаштириш мумкин. Улар ичида “Нега ахир?” деган варианти аслиятга, Толстойнинг кузатган ниятига ҳам маъно, ҳам интонация, ҳам ифодавий мосликда энг мувофиқ вариант бўлиши мумкин. Миркарим Осимнинг юксак адиблик салоҳияти, унинг бехато тил маданиятини ҳисобга олганда, эҳтимол, бу вариантни ҳам назарда тутганлигини тахминлаш мумкин.
Гулдек умри ва орзулари Сибир сургунларида хазон бўлган, ёш болаларидан айрилган, эри ва ўзи мангу бахтсизлик гирдобига ташланган Албина ҳикоя сўнгида “нега ахир?”, “нима учун?”, деб фарёд чекади. Шу беш ҳарфдан иборат ундовда зулм ва адолатсизликка, инсонни таҳқирлашга қарши поёнсиз бир айбнома янграб ер юзини қоплаб олгандай бўлиб туради. Бундай ҳолларда ўзбек албатта “гуноҳимиз нима?”, деб нола чеккан бўларди. Ростданам бу нидо ўзбекча эшитилади, йигирма беш вариант таржима ичида энг мувофиғи каби қабул қилинади. Буни таржимон топган, бу унинг кашфиёти. Фақат Толстой жумласида ўқнинг қарсиллаган фарёди эшитилса, таржимон жумласида эзилган нола эшитилади. Бу маҳкумлик, гирифторликни янада кучайтиради. Агар густоҳлик дейилмаса, Толстой жумласини “Дод!” деб таржима қилиш айни муддао ва айни муодиллик бўлур эди ва бунда Толстойдан кўра ҳам ихчамликка эришиларди. Аммо “Дод!”нинг рус тилига таржимаси йўқ. Уни фақат Толстойчасига “За что?” дебгина таржима қилиш мумкин. Кўряпсизми, бир код ортидан қанчадан-қанча семантик вариантлар келиб чиқади ва улар таҳлилида фақат семиотик таҳлилгина самарали натижаларга олиб боради. Ана энди Навоийга қайтайлик. Навоий туркий тилнинг ички уммонларига чуқур кириб борганда, у кўз ўнгимда “ўн саккиз минг олам” очилди, “тўққиз фалак” намоён бўлди деяркан, бу шоирона таъриф баайни тил ҳодисаларига нисбатан муболаға, бўрттириш эмас, балки тил — азал ҳаёт, азал сир ва азал поёнсизлик эканлигини одамлар тасаввурига келтиради.
Туркий тилларнинг улуғ тармоғи бўлган ўзбек тили Навоийнинг эъжозона таърифидан келиб чиқсак, ҳар қандай таржима ва ҳар қандай ифодага қодирдир. Бу тилнинг ранг-баранг ҳодисалари ҳақида муҳокама юритганда, ҳамма вақт унинг ўн саккиз минг олами ичида турганлигимизни ва тилни тўққиз фалакнинг руҳи бошқаришини унутмасак, тил ҳам ўз оламларини бизга саховат билан очиб боради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 8-сонидан олинди.