Ҳусан Карвонли. Бобурни йиғлатган қовун Андижондан келтирилганмиди?

Ўзбек адабиёти тарихида кўп ғалати машҳур ҳодисалар бор. Мисол учун, ҳазрат Навойи тахаллуси “Навоий” эмас, асли “Навойи” эканлиги ҳақида дастлаб Ҳамид Сулаймон, сўнгра Нусратулло Жумахўжа домла кўп ёзган. Шунингдек, “Амир Темир” қачон “Темур”га, “Бобир” “Бобур”га айлангани, асли қайси тўғри эканлиги ҳам пухта ўрганишга муҳтож.

Шундай ҳодисалардан яна бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда пайти гўё Андижондан (Фарғонадан) келтирилган қовунни еб, Ватан соғинчи таъсирида йиғлагани ҳақидаги гап. Ўтган аср 80-йилларида ўқувчилик пайтим адабиёт муаллимимиздан эшит­ганман илк бор. Ҳатто мактаб дарсликларига ҳам кири­тилган бу ҳақдаги ривоят (“Ҳиди, тилими ва мазасидан”, 4-синф ўқиш китоби. Муаллифлар: С.Матчонов, А.Шожалилов, Х.Ғуломова, Ш.Сариев, З.Долимов, 2017, 182-183-бетлар). Бу ривоят ҳақиқатан халқ оғзаки ижоди маҳсулими ёки дарслик муаллифлари қаламига мансубми – бу ҳам ўрганилиши зарур. Чунки тили халқ оғзаки ижоди тилига мос эмас, жуда таҳрирталаб. Бир мисол: “ – Алдаган бўлсам, билганингизни қилинг, шоҳим. Бу қовун “Боғи Бобурий”да битган, – дебди боғбон сўзидан қайтмай”. Боғбоннинг шундай жасоратга эга бўлиши ишонарли эмас.

Ҳатто таниқли адабиётшунос Султонмурод Олим ҳам, эътиборсизлик сабабми, бу ғалати машҳур ривоят­намо тўқима гап таъсирида ёзади: “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонга юриш қилишидан бош мақсади ҳам, куч тўплаб, қайтиб келиб, қўлдан бой берилган Ватанни эгаллаш эди. Ватан – бир бутун тушунча. Лекин юрт соғинчини унинг лаззатли қовуни-ю узуми хумори билан ҳам ифодалаш мумкин: “Биз­нинг эҳтимомимиз ул (яъни Мовароуннаҳр – С.О.) сорилар бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндистон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқким, бу оранинг иши Тенгри таоло инояти била бот саранжом топқай. Бу иш забтидин сўнг бетаваққуф, Тенгри еткурса, мутаважжиҳ бўлғумдур (юзланаман, қайтиб бораман – С.О.). Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай?! Алалхусус, мундоқ тойиб ва торик бўлғонда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқаргай?!” (“Султонмурод Олим ижоди” телеграм канали, 2024 йил 9 апрель).

“Карвонли” телеграм каналида 20 май куни ўтказилган сўровда “Бобур мирзо “Бобурнома”да 1528 йил воқеалари баёнида “Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай… Бу фурсатта бир қовун келтуруб эдилар, кесиб егач, ғариб таъсир қилди. Тамом йиғлаб эдим…” деган. Савол: Қовун қаер­дан келтирилган?” деган саволга 442 ўқувчи жавоб берган: Андижон – 300, Самарқанд – 86, Кобул – 56. Энди “Бобурнома”дан айни ҳодиса келтирилган ўринни ўқиймиз: “Яна баъзи кайфият Хожа Калонға битилган хаттин маълум бўлур учун ўшал хатнинг саводини бетафовут битилди: Хожа Калонға салом дегач, сўз улким, Шамсиддин Муҳаммад Итаъваға келди. Кайфиятлар маълум бўлди. Бизнинг эҳтимомимиз ул сарилар бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндистон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқдурким, бу оранинг иши Тенгри таоло инояти била бот саранжом топғай. Бу иш забтидин сўнг бетавақ­қуф, Тенгри еткурса, мутаважжиҳ бўлғумдур. Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай. Алалхусус мундоқ тойиб ва торик бўлғанда қовун ва узумдек машруъ ҳазни киши не тавр хотирдин чиқар­ғай. Бу фурсатта бир қовун келтуруб эдилар, кесиб егач, ғариб таъсир қилди. Тамом йиғлаб эдим. Кобулнинг номарбутлуғини битилиб эди, ул бобта андиша қилиб, охир хотир мунга қарор топтиким, етти-саккиз ҳоким бир вилоятта бўлса, не тавр марбут ва мазбут бўлғусидур. Бу важҳдин эгачимни ва ҳарамларни Ҳиндустонға тиладим. Жамиъ Кобул вилояти ва қуроё­тини холиса қилдим. Ҳумоюнға ва Комронға ҳам бу мазмунни машруҳ битидим” (“Бобурнома”, Т., Шарқ, 2002. Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев ва Эйжи Мано (Япония) нашрлари асосида қайта нашрга тайёрловчи: Саидбек Ҳасанов, 249-бет).

Шамсиддин Муҳаммад – Хожа Калоннинг навкари Итаъвага Бобур подшоҳ ҳузурига келгани баёни Хожа Калонга битилган хатдан сал олдин баён этилган: “Кемада эдимки, Султон Муҳаммад бахши Хожа Калоннинг навкари Шамсиддин Муҳаммадни олиб келди. Хатларидин ва тақриридин Кобулдағи кайфият ва ҳолат мушаххас ва маълум бўлди”.

Бобур мирзо Ҳиндистонни 1526 йили фатҳ этган. Икки йилдан буён бу ерда салтанат тахтини мустаҳкамлаш ишлари билан банд эди. Кобулдек хушҳаво жойлардан “хейли иссиқ” Ҳиндистонга тақдир тақозоси билан келган “хейли эл боди самумнинг таъсиридин ҳар замонда йиқилиб-йиқилиб, ўла кириштильар. Бу жиҳатлардин аксар беклар ва ўбдон-ўбдон йигитлар кўнгул солиб эдилар. Ҳиндустонда турмоққа рози эмас эдилар, балки кетарга юз қўюб эдилар” (211-бет). Ана шундай вазиятда “ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай?” деганда Бобур подшоҳ Кобулни назарда тутган. Ҳиндистон табиати, ҳайвонот ва наботот олами, географияси ва ҳ.к. масалаларни ёритаётганда ҳам “бизнинг вилоятларға” (201-бет), “Кобулға” (202), “бизнинг вилоятнинг” (204), “ул вилоятларда” (207), “ул ерлар­нинг” (231), “Кобул тоши била”, “Кобулнинг ярим сери” (245) дея Кобул билан солиштирган. Мана бу ўринда ҳам “ватандин” деганда Кобул назарда тутилган: “Черик эли баъзи хейли мутараддид ва мутаваҳҳим эдилар. Тараддуд ва таваҳҳум бетақрибдур. Неким азалда Тенгри тақдир қилибтур, ондин ўзга бўлмас. Агарчи аларни ҳам айб қилиб бўлмас, ҳақ алар жониби эди. Не учунким, ватандин икки-уч ойчалиқ йўл келилиб эди. Ғариб қавме била элнинг иши тушуб эди. Не биз алар­нинг тилларини билур эдик, не алар бизнинг тилимизни” (192-бет).

Хуллас, қовун воқеаси Ҳиндистон фатҳ этилганига 2 йил, Кобул эгалланганига 25 йил бўлганида рўй бермоқда. “Бизнинг эҳтимомимиз ул сарилар бормоққа беҳад ва беғояттур” гапида “ул сарилар” деганда Кобул назарда тутилмоқда, Мовароуннаҳр ёки Фарғона (Андижон) эмас. Бобур мирзонинг Кобулга меҳри бўлакча эканлигининг бир сабаби Ҳумоюнга битган мактубида баён этилган: “Яна мунча фатҳ ва зафарлар Кобулда эканда бўлди, Кобулни шугун тутубтурмен, ани холиса қилдим. Ҳеч қайсингиз таъма қилмағайсиз” (244).

Энди қовун воқеасига Андижон (Фарғона), Мовароуннаҳр қандай боғланиб қолгани масаласига келсак, бу саволнинг аниқ жавоби топилмади. Ҳатто, Султонмурод Олимдек зукко адабиётшунос олим ҳам бу тўқима, ғалати машҳур қараш таъсирига тушиб қолганлигини инобатга олсак, бунинг илдизи чуқурга ўхшайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурни зўр бериб “андижонийлаштириш” (қаранг: “Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур…”, Тоҳиржон Қозоқов, “Маърифат”, 2023 йил 4 октябрь; “Бобуршуносликка ҳақли танқидий муносабат”, Нусратулло Жумахўжа, “Маърифат”, 2023 йил 1 ноябрь, “Матнни матншунос бузса…”, Нусратулло Жумахўжа, “Маърифат”, 2023 йил 1 ноябрь; “Бобур­нинг ватани бир Андижонми?”, Зуҳриддин Исомиддинов, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2023 йил 9 июнь)га уриниш ҳодисаси билан боғлиқдир балки.

Бобур ҳеч қачон Андижон ё Самарқанд, ёки Кобул билангина чегараланиб қоладиган ҳукмдор бўлмаган. Ўз таъбири билан айтганда, “дағдаға”си, иддаоси жуда баланд бўлган: “Чун ҳамиша Ҳиндустон олмоқ хотирда эди, бу бир неча вилоятларким, Бҳира ва Хушоб ва Чаноб ва Чанут бўлғай, неча маҳал турк тасарруфида эди, буларни худ мулкимиздек тасаввур қилур эдук” (166). Яъни, бир пайтлар улуғ бобоси Темурбек тасарруфида бўлган ҳудудларни қайта эгаллаш нияти ҳамиша бўлган. Жумладан, Мовароуннаҳрни ҳам. Демак, Андижон, Самарқанд, Кобул, Ҳирот, Деҳли ҳудудлари, Бобур сўзлари билан айтганда, “Темурбекнинг юрти” эди. Хуллас, келтирилган қовун Андижон ё Кобулдан бўлсин, “Темурбекнинг юрти”дан эди. Хулоса шулки, асли аждоди Шаҳрисабздан бўлган, Андижонда туғилган, Самарқанд тахтига интилган, Кобулда кучли давлат тузган, Ҳиндистонни фатҳ этган буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур биргина вилоят билан боғлаб, “маҳаллийлаштириш”дан жуда юксак турадиган бетакрор Шахсдир.