(“Дафтар ҳошиясидаги битиклар” мисолида)
Ижодий жараёнда илмий изланишлар олиб борилмаган, ва айни пайтда, қатъий хулосалар қилинмаган мавзулар кўп. Бунинг боиси, ҳар бир шахснинг ўзига хос ва такрорланмас олам эканлиги бўлса, ажаб эмас. Шундай қизиқарли, кўп қиррали, мураккаб муаммолардан бири – истеъдод ва талант масаласидир.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “Истеъдод – ижодий қобилият, лаёқат, талант”; “Талант – катта қобилият, истеъдод” деб таърифланган. “Қобилият” – “бирор ишга қобиллик, яроқлилик лаёқат” ва иккинчи маъноси “истеъдод, талант” тарзида қайд қилинган. Демак, “Қобилият” ҳам, “Истеъдод” ҳам, “Талант” ҳам бир-бирига маънодош сўзлар қабилида тушунтирилган, деярли фарқланмаган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳам “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида талант ва истеъдодни бир хил мазмундаги тушунчалар сифатида ишлатади.
У “Ҳаётнинг бошқалар кўрмаган томонини кўриш – талант. Ҳақиқий истеъдод бошқалар кўрмаган нарсани топади ва ўша “нарса” инсонни, халқни, борингки, жамиятни қаёққа бошлаши мумкинлигини тасвирлаб беради”, деб ёзади. Иккинчи бир ўринда “талант” тушунчасини шундай “тирилтиради”:
“Нўноқ ҳайкалтарош тирик одамни шоҳсупагача чиқариб қўйса ҳам ўликка ўхшайди.
Ҳақиқий ҳайкалтарош ўлик жондан ясаган ҳайкал тирикка ўхшайди.
Талант дегани шу!”
Демак, Ўткир Ҳошимов талант ва истеъдод деганда, асар қаҳрамонларига “жон ато этиш”, яъни уларни чинакам тирик инсонларга айлантиришни тушунади. Бу “тирик инсон” бошқаларга ўхшамаган тарзда кашф қилинган бўлиши ва ўзининг мазмуни билан китобхонни эзгуликка етаклаши лозимлигини асосли таъкидлайди.
Хўш, истеъдод туғма бўладими ёки у ҳаётий фаолият давомида қўлга киритиладими? деган саволга Ўткир Ҳошимов ишонч билан “… Ижодкор бўлиш учун энг аввало истеъдод керак. Истеъдодни эса ёлғиз Аллоҳ беради” дейди. Бу мулоҳазани эсда қоладиган тарздаги ривоят билан асослайди:
“Чекка қишлоқлардан бирида икки қадрдон дўст бўлган экан. Икковлари бир кўрпада тепкилашиб, бир адирда мол боқиб вояга етибди. Йигит ёшига кирганда икковлари пойи-пиёда, чориғни судраб, катта шаҳарга йўл олибди. Катта ўқишга кирибди. Тақдир тақозосини қарангки, икковлари соҳибжамол бир қизни севиб қолибди. Тақдир тақозоси билан дўстлардан бири каттагина амалдор, бири эса шоир бўлиб етишибди. Тақдир тақозосини қарангки, қиз амалдорни танлабди.
Шоир ҳижрон аламида ёниб, шеърлар битибди. Довруғи олис-олисларга кетибди.
Шоир барибир шоир-да! Тили ўткир, сўзи кескир бўлади. Собиқ дўсти-ю, собиқ севгилиси келиб қолган давраларда “дўст”ни чандишдан ўзини тиёлмас экан. Кунлардан бирида аёл бундай камситишларга чидолмай, айтибди:
– Менга, қара! Сени шоир қилган мен бўламан! Менга бўлган муҳаббатинг сени шоир қилди. Агар мен бўлмасам, сен шоир бўлмас эдинг! Қачонгача эримни калака қиласан?
Шоир жавоб қилибди:
– Тўғри, мен сенга бағишлаб кўп шеърлар ёздим. Аммо сенинг муҳаббатинг ҳаммани шоир қилишга қодир бўлса, нега ёнингда ўтирган тўнка шу пайтгача шоир бўлмади?
…Айтишларича, бу улуғ Озарбайжон шоири Самад Вурғун экан”.
Бу фикрлар билан Ў.Ҳошимов истеъдоднинг ёмби олтиндек яхлитлашиши ва ўткир (кескир)лигига асос берадиган меҳнатни тамоман рад этмайди; балки “чинакам ижодкор бўлиш учун одамда истеъдод”дан ташқари “билим, меҳнат, ҳаёт тажрибаси, изланиш ва албатта… Виждон бўлиши керак…”лигини таъкид қилади. Истеъдод эгасининг “Қалби қоғоздек оппоқ, қоғоздек ловиллаб ёнадиган одамдангина чинакам адиб чиқиши”ни уқтиради.
Истеъдоддек бепоён тушунчани яна баъзи қирраларини очар экан, ёзувчи истеъдодли ва истеъдодсизларни солиштириш орқали изтиробли ва зарур орзуларини баён этади:
“Истеъдодлилар ҳадеганда қовуша қолмайди. Улар юлдузга ўхшайди. Ҳар бир юлдузнинг ўз меҳвари бўлади. Юлдузлар бир-бирини инкор этмайди. Аммо бир-бирининг меҳварига кирмайди ҳам. Истеъдодсизлар эса бир замбил шағалдек гап. Дарров тўдалашади. Тўда бўлиб жим ётса-ку, майли. Барака топгурлар истеъдодлиларга тош отавериб безор қилгани чатоқ…
Модомики, талантсизлар ёвуз ниятда бир-бири билан тил топишар экан, талантлилар ҳам яхши ниятда бирлашмоғи керак”.
Бу мулоҳазалардан ташқари яна бир муҳим гапни, яъни истеъдоднинг ҳамма яратганларидан мамнун бўлиб қолмасликка, балки истеъдод ўнлаб йиллар давомида эришган мукаммалликдан, мутаносибликдан паст кетмасликка, дастлабки яратилган “уйғун бир бутунлик”ка бўйсинмаган асарларни нашр этишдан сақланишга чақиради. Ҳар қанча қийин бўлишига қарамай, ана шу оқилона сабоққа амал қилишга чорлайди:
“Истеъдодли адиб ҳаётида икки марта хатарли босқичдан ўтади. Биринчиси – нимаики ёзмасин чиқариши мушкул бўлган палла. Иккинчиси – нимаики ёзмасин, чиқариши осон бўлган палла. У биринчи босқичдан эсон-омон ўтади. Аммо иккинчи босқичдан ўтиши оғир, жуда оғир…”.
Ёзувчи ўзининг ҳаётий тажрибасига, талантига суянган ҳолда гапиради, истеъдодли шахсларнинг ички имкониятларини юзага чиқариш йўлларини кўрсатишга интилади ва айни пайтда, баъзи истеъдодли одамлардаги манманлик, худбинлик, бошқаларни назар-писанд қилмаслик каби “ғурурланиш” ноўринлигини кўрсатади. Истеъдод қудратининг бепоёнлигини аёнлаштиради:
“Катта истеъдод аввал халқ эътиборини, кейин халқ муҳаббатини ва ниҳоят халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар биттаси бир умрга тенг”.
“Дафтар ҳошиясидаги битиклар”да талантга нисбатан, бизнинг назаримизда, сал ноўринроқ мулоҳазаларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, ёзувчи “Талантсиз ёзувчи товуққа ўхшайди! Ёнғоқдек тухум туғади-да, қақоғлаб оламни бузади” дейди. Немислар айтганидек, “Ҳар бир ўхшатишда бир камчилик бўлади” экан-да!
Дарвоқе, талантсиз одам “тухум”дек нарса ҳам ярата олмайди. У тухум туққан бошқа товуққа қўшилиб “қақоғлаши” ва “оламни бузиши” мумкиндир. Нафсиламбирини айтганда, товуқдан “ёнғоқдек тухум” туғилиши – янги бир оламнинг дунёга келганидир, “қақоғлаш” эса – дунёни хабардор этишга интилишнинг завқи оқибатидир. Шундай экан, бу ўхшатишнинг мантиғи, моҳиятидан келиб чиқиб “Талантсиз ёзувчи тухум туққан товуққа тақлидан қақоғлаб оламни бузадиган макиёнга ўхшайди” дейилса, бизнингча, фикр аниқлашган, теранлашган бўларди; “талантсиз ёзувчи”нинг қиёфаси борича яққоллашарди.
Ушбу китобнинг таъсири беқиёски, бевосита сизни ҳам янги фикр-мулоҳазаларга етаклайди. ҚОБИЛИЯТ – ИСТЕЪДОД – ТАЛАНТ – ДАҲО каби тушунчаларга чуқурроқ ёндошишга ва англашга даъват этади. Ўйлашимизча, бу тушунчаларни фарқлашнинг, ҳар бирига хосликларини аниқлашнинг вақти келганга ўхшайди.
“Қобилият” – “бирор ишни бажара олиш лаёқати” маъносидаги сўздир. Ҳамма инсон ҳам муайян бир қобилиятга дахлдор бўлиб дунёга келади. Ўсиш жараёнида у ёки бу ҳунарга, касбга қизиқиши ортади ва унга уқуви келаётганини сезади, шу соҳани уддалашга лаёқати етишини англайди. Қобилият ўқув, тажриба ва малакани эгаллаш жараёнида мукаммаллик касб эта бошлайди, ҳаётий таълим ва тарбия асосида етуклик босқичига киради. Кўпнинг диққатини ўзига тортади. Миллионлаб одамларга хос бўлган бу хислат ўзини “фақат фаолиятда намоён этади”.
“Истеъдод” қобилиятлар йиғиндисидан иборат бўлади ва унинг эгаси, муайян соҳанинг устаси, комил “пири” даражасига кўтарилади. Соҳанинг ҳар қандай қийинчилигини илм ва тафаккур билан ҳал этади; бугунги ҳолати ва даражасини янада яхшилайди, бойитади. Жамиятнинг талабига мувофиқлашади, бошқалар томонидан очилган дунёнинг сифатига амал қилади ва шунинг шукронаси билан яшайди. Миллатнинг эътиборини ўзига қаратади. Минглаб одамларга хос хислатни ўзида ташийди.
“Талант” грекча сўз бўлиб, “табиий, туғма истеъдод” маъносини билдиради. Талантли инсон деб, юқори даражадаги истеъдодга эга бўлган, у ёки бу ишни “хамирдан қил суғургандек” осон бажарадиган, муайян соҳани бойитувчи кашфлар яратадиган, чуқур ҳис ва идрок орқали анъаналарни қўрқмасдан бузувчи, танлаган соҳасини қисмати даражасига кўтарган Шахсга айтилади. Уларни жамият яратади ва талантлар яратган жамиятларининг руҳини акс эттирадилар. Улар халқ муҳаббатини қозонадилар. Миллат ва халқнинг мулки саналадилар. Бу А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Зулфия, Ғ.Ғулом, О.Ёқубов, П.Қодиров, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, Т.Мурод каби юзлаб ижодкорларнинг насибасидир.
“Даҳо” – “фавқулодда зеҳн ва заковот, ижодий талант” эгаси. Бу хислат унинг пешонасига ёзилган азалий тақдирдир. Унинг учун макон ҳам, вақт ҳам, давр ҳам аҳамиятга эга эмас. У ҳаммага тўғри келаверади, барча авлодларга янгилик бераверади, лекин ҳеч ким унга тенг бўлолмайди. У ўз давридан узиб кетади, асрларга ва оламга татийдиган янгилик бунёд этади, соҳасида инқилоб яратади ва унинг сардорига айланади. Умумбашарнинг эътиқодини қозонади. Башариятнинг мулкига айланади. Бу одамзоднинг Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби ўнлаб фарзандларига насиб этгани ҳам далилдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қобилият ҳам, истеъдод ҳам, талант ҳам, даҳолик ҳам Аллоҳнинг иноятидир. Шу хислат эгаларининг меҳнатларига яраша яратилган мўъжизакорликдир.
Хулосамиз тушунарли бўлиши учун, математик амаллар ёрдамида изоҳламоқчимиз. Яъни, Аллоҳнинг берганини узлуксиз ва кундалик меҳнатга қўшсак (5+5=10) – қобилият, кўпайтирсак (5х5=25) – истеъдод туғилади. Меҳнат ва яна меҳнат заруратга айланади.
Яратганнинг берганини ва ижодий, зўр меҳнатни даражага кўтарсак (5²х5=125) – талант, даражасини даражага кўтарсак (5²)²=625) – даҳо туғилади. Шу сабабдан улар титанларга хос меҳнат ва машаққат чекадилар.
Худо берган қобилият, истеъдод, талант ва даҳолик хислатлари билан меҳнатнинг нисбати эликка эллик ёки бирга тўқсон тўққиз фоиз бўлади, деган хулосадан узоқмиз. Улар ўртасидаги диалектика ўта сирли, мураккаб ва серқиррадир. Нисбатларнинг ўзаро уйғунлаши ҳам турличадир, балким ҳар бир ижодкорнинг ўзлигига хос ва мос, унгагина аталган ўлчамдир… Лекин энг қизиғи шундаки, бу икки нисбат қандай ва қай тарзда бўлишидан қатъи назар, бири-бирисиз яратиш хислатига эга бўлмайди, шу боис, бири иккинчисини заруратга айлантиради. Улар бири-бирига мухолиф ҳам бўлмайди, балки ўзаро чатишиб яхлитликни, аниқликни, ягона бирликни воқе қиладилар. Ана шундагина табиий гўзаллик яралади.
Хуллас, қобилиятли ва истеъдодли инсонларсиз, талант ва даҳоларсиз жамият ҳам, инсоният ҳам истиқболини ярата олмайди. Истиқлолимизнинг камолоти ҳам, халқимизнинг бахт ва омади ҳам ана шундай одамларга, уларнинг кўплаб етишувига боғлиқдир.
Ҳотам Умуров,
филология фанлари доктори, СамДУ профессори.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 8-сон