Ҳофиз Хоразмий ижодининг Туркияда ўрганилиши

Алишер Навоийга қадар ўзбек тилида ижод қилган шоирлар орасида XIV аср охири, XV асрнинг биринчи ярмида яшаган Ҳофиз  Хоразмий ўзининг сермаҳсул ва салмоқли адабий мероси билан ажралиб туради. У ўзбек мумтоз адабиёти тарихида маълум бўлган жанрлардан  тўққизтасида баракали ижод қилган. Агар шоир девони қўлёзмасининг охирги саҳифалари йўқолганлигини эътиборга олсак, бошқа жанрлардаги намуналар ҳам бўлиши мумкин, деб тахмин қила оламиз.

Ҳофиз  Хоразмий ижодий меросида биргина ғазал жанрида ёзилган 1052 та шеърнинг мавжудлиги ҳам шоирнинг истеъдодли ижодкор эканлигидан далолат беради. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, шоир замондошлари томонидан ёзилган ва бизга қадар маълум бўлган ғазал жанридаги намуналарнинг ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганимизда ҳам Ҳофиз Хоразмий ғазаллари салмоқли бўлар эди.

Шоирнинг ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида 1975 йилгача, яъни девони Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг музейидан топилгунга қадар илм аҳли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган. Дастлаб шу девонни аниқлаган ва юртимизга фотонусхасини олиб келган профессор Ҳамид Сулаймон шоир ҳақида бир неча оммавий нашрларда мақолалар эълон қилди[1] ва шоир асарларидан намуналарни чоп эттирди[2]. 1980 йилда шоирнинг шеърлари “Ҳофиз Хоразмий шеъриятидан” номи билан биринчи марта китоб ҳолида чоп этилди[3].  Бу нашрга шоирнинг ғазал, рубоий, қитъа, қасида, таржеъбанд, мухаммас, мустаҳзод жанрларида ёзган шеърларидан намуналар киритилган. 1981 йилда эса айнан шу тўпламга киритилган шеърлар рус тилида нашр этилди[4].  Тўпламга кирган шеърлар рус тилига Сергей Иванов томонидан таржима қилинган. Шуни таъкидлаш керакки, Алишер Навоий асарларини муваффақиятли таржима қилиб, катта тажрибага эга бўлган Сергей Ивановнинг бу таржималари у қадар муваффақиятли чиқмаган.

Шоир девони 1981 йилда Тошкентда иккита китоб ҳолида нашр қилинди[5].Аммо мазкур нашрни кўриш Ҳамид Сулаймонга насиб этмади[6]. Девон наш­рини олимнинг рафиқаси Фозила Сулаймонова ҳамда  шогирдлари амалга оширдилар.

Девоннинг бу нашри ҳақида матбуотда атоқли адабиётшунос олимлар иштирокида қизғин баҳс-мунозара бўлиб ўтди. Нашрнинг ютуқ ва камчиликлари тўғрисида асосли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

1988 йилда “Ўзбек адабиёти бўстони“ туркумида чоп этилган “Ҳаёт васфи” тўпламига ҳам шоир лирикасининг асосий қисми  киритилди.[7]

Ҳофиз Хоразмий ижодини хорижлик адабиётшунослар ҳам жуда катта қизиқиш билан жиддий ўрганишмоқда. Жумладан, шоир девонининг Туркияда, аниқроғи, Анқара шаҳрида чоп этилиши ана шундай хайрли ишлардан бири ҳисобланади.[8]

Ҳофиз Хоразмий девонининг мазкур нашри профессор Режеп Топарли томонидан амалга оширилган. Ушбу нашрни тайёрлашда олим дўсти доктор Явуз Акпинар ёрдамида олган қўлёзма девоннинг оригинал фотонусхасидан ва Ҳамид Сулаймон нашридан фойдаланган. Шу ўринда Режеп Топарли Ҳофиз Хоразмий ҳаёти ва адабий меросига оид бир неча мақола эълон қилиб, туркиялик китобхонларни ўзбек шоири ҳақидаги маълумотлар билан батафсил таништирганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, деб ҳисоблаймиз.[9]

Олим 1994 йилда “Турк классиклари серияси”да “Ҳофиз Хоразмий девонидан сочмалар” номи билан шоир шеърларидан намуналарни нашр қилдирган.[10] Шунингдек, Режеп Топарли Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султон вафотига бағишлаб ёзган марсия ҳақида ҳам алоҳида мақола чоп эттирганлиги диққатга сазовордир.[11]

Анқара нашрининг энг муҳим жиҳатларидан бири, шубҳасиз,  шоир лирик меросининг тўлиқ ҳолда, қисқартирилмай чоп этилганлигидир. Зеро, 1981 йилда ўзбек тилида иккита китоб ҳолида чоп этилган нашрга қасидалар, олтита форсча ғазал, айрим рубоий ва қитъалар, Иброҳим Султон вафотига бағишланган марсия кирмай қолган эди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, олим Ҳофиз Хоразмий девони қўлёзмасидаги шеърларнинг жойлашув тартибини айнан сақлаган. Шарқда анъанага кўра девон тартиблаш қасидалар билан бошланган. Ҳофиз Хоразмий ҳам шу анъанага амал қилган ва девонини қасидалар билан бошлаган.

Қўлёзмадаги ягона марсиядан шоирнинг 1435 йилда ҳаёт бўлганлигини билиб оламиз. Шу йили Форс ўлкасининг ҳукмдори Шоҳрух Мирзонинг иккинчи ўғли, Улуғбек мирзонинг иниси Иброҳим Султон вафот этган. Ҳофиз Хоразмий унинг вафотига бағишлаб марсия ёзган.[12] Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, 1409 йилда Шоҳруҳ Мирзо Форс ўлкасини бошқариш учун кичик ўғли Искандар Султонни Шероз шаҳрига ҳукмдор қилиб тайинлайди. У бир неча йил (1409-1414) Шероз шаҳрида ҳукмдорлик қилиб, 1414 йилда вафот этади. Ўрнига эса иниси Иброҳим Султон Шероз шаҳрида ҳукмдор бўлади. Унинг даврида илм-фан, санъат ва адабиётга эътибор жуда кучаяди.

Марсияда қуйидаги байтлардан шоир Иброҳим Султон вафотидан жуда қаттиқ қайғурганлиги яққол кўриниб турибди:

Фатҳу нусратлиғ ул Иброҳим Султон қандадур,
Ким фироқи заҳмидин ҳоли жигарлар қандадур.

Қуррат ул-айни шаҳаншоҳ Шоҳрух  хоқон қани,
Молики мулки Сулаймон соҳиби фармон қани?[13]

Шунингдек, Ҳофиз Хоразмий бошқа бир неча ғазалларида ҳам Иброҳим Султонни мадҳ этганлигининг гувоҳи бўламиз. Масалан, девондаги 183-ғазал матласи ва мақтаси қуйидагича:

Гулустон юзли, эй соқий, сенинг ишқинг менга жондур,
Ичалим боданиким  даври Иброҳими Султондур…

Саноу ҳамд айтадур Яратқан биру боринға,
Ўшул султон замонинда бу Ҳофизким ғазалхондур.[14] 

Бу байтлардан сезилиб турибдики, Ҳофиз Хоразмий маълум вақт Иброҳим Султон саройида яшаб ижод қилган ва ундан яхшиликлар кўрган.

Профессор Ҳамид Сулаймоннинг фикрига кўра, марсия кейинроқ бошқа дастхат билан кўчирилган ва девонга қўшилган.[15] Бу фактни Режеп Топарли ҳам тасдиқлайди ва девон XIV–XV асарларга оид Эрон китобатчилигига хос насх хатида, марсия эса настаълиқ хатида ёзилганлигини таъкидлайди.[16] Юқоридаги фикрлар шоирнинг девони 1435 йилга қадар тартиб берилганини ва бу пайтда Ҳофиз Хоразмий ҳаёт бўлганини  билдиради.[17]

Адабиётшунос олим Жалолиддин Жўраев “Шарқшунослик” журналининг 2015 йил 2-3-сонида “Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султонга марсияси” номли мақоласида шоирнинг бу асари ҳақида атрофлича маълумот берган, Иброҳим Султоннинг Шерозда олиб борган маърифатпарварлик ишларини кенг ёритган, шунингдек, марсия матнини ҳам эълон қилган[18]. Олимнинг бу мавзудаги яна бир мақоласи “Ўзбек адабиётидаги илк марсия” сарлавҳаси билан “Шарқ юлдузи” журналининг 2015 йил 6-сонида чоп этилган.[19]

Девондаги қасидаларда шоир таржимаи ҳолига оид қимматли маълумотлар ҳам учрайди. Олтинчи ва еттинчи қасидаларда шоирнинг тахаллуси билан бирга нисбаси ҳам келтирилган. Олтинчи қасидада қуйидаги байт мавжуд:

Валоёту каромоту карам ўзиндин издаю,
Бўлубдур Ҳофизи Хоразмий жони била Кирмоний.[20]

Еттинчи қасиданинг 59-байти қуйидагичадир:

Иноят бирла сўз бобинда ёрий кўргузур бўлса,
Ошурғай Ҳофизи Хоразмий шеърин фарқи шуародин.[21]

Девондаги олтита форсча ғазал ва 199-ўзбекча ғазалдан шоирнинг исми Раҳим ёки Абдураҳим бўлганлигини англашимиз мумкин:

Хос ўз қулиға лутф этиб раҳм қилса ёр,
Мухлис қадимий қул анга Абдурраҳим эрур.[22]

Девоннинг Анқара нашрига қўлёзманинг факсимилеи ҳам илова қилинган бўлиб, бу, албатта, нашрнинг катта ютуқларидан бири ҳисобланади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, шарқ адабиётида Алишер Навоийга қадар девонларни қасидалар билан бошлаш анъана эди. Улуғ шоир ўз девонларини мумтоз шеъриятнинг етакчи жанри бўлмиш ғазаллар билан бошлаб, бу соҳада янгилик яратди.  Ҳофиз Хоразмий девони қўлёзмасидан маълум бўладики, шоир ўз девонини қасидалар билан бошлаган. Фақат олтинчи ва еттинчи қасидалар орасидан битта таркиббанд жой олган. Анқара нашрида ана шу аслият сақланиб қолган, яъни дастлаб қасидалар, улардан кейин эса бошқа жанрлардаги шеърлар: таркиббанд, таржеъбандлар, мухаммас, марсия, ғазаллар, қитъалар ва рубоийлар жой олган.

Хоразмлик Ҳофизнинг девонида  мустаҳзод жанрига мансуб иккита шеър ҳам мавжуд бўлиб, Тошкент нашрида алоҳида жанр сифатида кўрсатилган[23], Режеп Топарли уларни жанр сифатида фарқлаган, аммо ажратмаган, 1044-ғазалнинг таркибига киритиб юборган.[24]

Туркиялик олим бу китобга ёзган мухтасар сўзбошида олдинги нашрларда йўл қўйилган айрим камчиликларни кўрсатиб ўтган.[25] Бу камчиликлар, асосан, сўз ва ибораларнинг ўқилиши ҳамда вазн талабига кўра сўзларнинг ёзилишига оиддир.

Режеп Топарли нашрининг аҳамиятли томонларидан яна бири шундаки, ҳар бир шеърнинг остидан вазнини алоҳида кўрсатиб ўтган. Бундан ташқари, шоир ижодида қўллаган аруз вазнидаги ўнта баҳрнинг ҳар бирида жами нечта шеър борлигини (13-бет) ҳам қавс ичида келтирган.[26] Шоир ғазаллари ҳақида ёзар экан, бу жанрдаги шеърларнинг ҳажмига диққатини қаратган ва байтлар миқдорига кўра ғазаллар сонини аниқлаган. (24-бет). Шоир ғазаллари асосан 7 ва 9 байтли бўлганлигини кўрамиз.

Ҳофиз Хоразмий девонининг Анқара нашри шоир асарларининг ўзбек тилидаги нашрлари билан  қиёслаб ўрганишни тақозо қилади. Чунки юқорида келтирилган ижобий жиҳатлари билан бирга Ҳофиз Хоразмий девонининг Анқара нашрида айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Масалан, Режеп Топарли шоирнинг қуйидаги байтини таҳлил қилар экан, хуффош (кўршапалак) сўзини “бойўғли” деб таржима қилган:

Муддаий ҳеч кўра билмади Ҳофиз сўзини,
Тонг эмас кўрмаса хуршид юзини хаффош.[27]

“Навоий асарлари луғати”да эса хуффош “кўршапалак” деб берилган.[28] Юқорида мисол учун келтирилган 183-ғазалнинг матласидаги “эй” сўзи нашрда тушиб қолган бўлса, шу ғазалнинг мақтасида “ўшал” сўзи “ўшўл” шаклида ёзилган.

Жалолиддин Жўраев Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султон вафотига бағишлаб ёзган марсиясини нашрга тайёрлашда Режеп Топарли йўл қўйган ўнга яқин камчиликларни кўрсатиб ўтган. Масалан,

Форс мулкининг шоҳи, ул форси майдондин,
Борди эрса, ондин ўзга подшони издаманг.[29]

Ушбу байтдаги “майдондин” сўзини Режеп Топарли “майдони дин” деб ўқиган.

Ҳар қандай катта ишда хато ва камчиликларнинг учраши табиий бўлганидек, Ҳофиз Хоразмий девонининг Анқара нашри ҳам  ана шундай камчиликлардан холи эмас. Лекин бу ҳол нашрнинг қимматини пасайтирмайди.

Хулоса қилиб айтганда, мумтоз адабиётимиз намуналарининг чет элларда ўрганилиши, жумладан, Туркияда тўлиқ ҳолда қўлёзма факсимилеси билан нашр этилиши маънавий ва маданий меросимизга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганлигидан далолат беради.

       Мўминжон Сулаймонов,  филология фанлари номзоди

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 8-сон

_______________

[1] Сулаймон Ҳ. Ўзбек шоири Ҳофиз Хоразмий ва унинг Ҳайдарободдан топилган девони. //Адабий мерос: –1976. 6.-Б.34 43.

[2] Хоразмий, Ҳофиз. Шеъриятидан намуналар. //Адабий мерос, 1978. NЗ. – Б.23-44.

[3] Хоразмий, Ҳофиз. Шеъриятидан. –Тошкент: Ўз КПМК нашрёти, 1980. – Б.120.

[4] Хорезми, Хафиз. Избранное. Пер. С.Иванов. – Т.: Изд. ЦК КУ, 1981. – 144с.

[5] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-2 китоб. –Тошкент: Ўз КПМК нашриёти, 1981.

[6] Ҳамид Сулаймон 1979 йил июль ойида вафот этган.

[7] “Ҳаёт васфи” Ўзбек адабиёти бўстони. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988. 13-226-бетлар.

[8] Harezmli  Hafiz’in divani. – Ankara: Turk Dil Kurumu, 1998. – 775, – 586 bet.

[9] TOPARLI. Dr. Reecep, Cagatay Sairi. Hafiz Harezmi. Turk Dunyasi Arastirmalari Degresi, Subat 1984, s, 1-32.

[10] TOPARLI. Dr. Reecep, Harezmli  Hafiz Divanindan Secmeler. Ankara. 1994.  Kultur Bakanligi yayinlari 1600, Turk Klasikleri Dizisi 31. X+317 s.

[11] TOPARLI. Dr. Reecep,  Hafiz Harezmi’nin Sultan Ibrahim”in Olumu Uzerine Yazdigi Mersiye (Trakya Universitesi Fen-Adebiyat Fakultesi Dergisi Prof. Necmettin HACIEMINOGLU Ozel Sayisi’nda yayimlanacak)

[12] Юқоридаги манба. 121-127-бет.

[13] Ҳофиз Хоразмий. Девон қўлёзмаси факсимили, 28-бет..

[14] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. – Тошкент: Ўз КПМК нашриёти, 1988, 112-бет.

[15] Сулаймонов Ҳ. Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. –Тошкент: Ўз КПМК нашриёти, 1981,10-бет.

[16] Harezmli  Hafiz’in divani, – Ankara: Turk Dil Kurumu, 1998, 18-bet.

[17] Сулаймонов Ҳ. Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1-китоб. – Тошкент: Ўз КПМК нашриёти, 1981, 10-бет.

[18] Жўраев Ж. Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султонга марсияси.// Sharqshunoslik. 2015. 3-4-сон. 216-226-бетлар.

[19] Жўраев Ж. Ўзбек адабиётидаги илк марсия.// “Шарқ юлдузи” журнали. 2015. 6-сон. 10-21-б.

[20] Harezmli  Hafiz’in divani, – Ankara: Turk Dil Kurumu, 1998, 78-bet.

[21] Юқоридаги нашр,  82-бет.

[22] Хоразмий, Ҳофиз. Девон. 1- китоб. –Тошкент: Ўз КПМК нашриёти, 1981, 121-бет.

[23] Юқоридаги нашр, 263-264-бетлар

[24] Harezmli  Hafiz’in divani, –Ankara: Turk Dil Kurumu, 1998, 750-751-bet.

[25] Юқоридаги манба. 3-бет.

[26] Юқоридаги манба. 13-bet.

[27] Harezmli  Hafiz’in divani, – Ankara: Turk Dil Kurumu, 1998, 10-bet.

[28] Навоий асарлари луғати. www.ziyouz.com kutubxonasi. 669

[29] Жўраев Ж. “Ҳофиз Хоразмийнинг Иброҳим Султонга марсияси” // Sharqshunoslik. 2015. 3-4-сон. 221-бет.