Кадзуо 1954 йилнинг 8 ноябрь кунида таваллуд топиб, 1981 йилдан буён постмодерн йўлида, инглиз тилида ижод қилиб келаётган ёзувчидир. У асли Япониянинг Нагасаки шаҳридан. Бу шаҳарни ҳамма билади. 1945 йил, иккинчи жаҳон уруши якунига бориб, бутун дунё учун Иккинчи жаҳон уруши ҳам бир бўлди-ю, Хиросима билан Нагасакидаги атом бомбасининг портлатилиши ҳам бир бўлди. Исигуронинг отаси океаншунос бўлган. 1960 йилда уларнинг оиласи Британияга кўчиб ўтади. Унинг отасини Суррейм графлигининг маъмурий маркази бўлган Суррей шаҳрида жойлашган Миллий Океаншунослик институтига илмий ишга таклиф этишган эди.
Кадзуо Стафтондаги биринчи босқич мактабда, кейин Суррейдаги гимназияда ўқийди. Мактабни тугатгач, у АҚШ ва Канадага саёҳатга чиқади. Дарҳақиқат, унинг болаликдаги мусиқачи бўлиш орзуси орзулигича қолиб кетди, ундан дуруст мусиқачи чиқмади.
1978 йилда у Кент университетида инглиз тили ва фалсафа бакалаври дипломини олди. 1980 йилда Шарқий Англия университетида магистрлик ишини ҳимоя қилди. Университетда бир гал Малькольм Брэдбэрининг ўтган дарси унда ўзгача таассурот қолдиради. У адабиётга чексиз қизиқиш ва муҳаббат уйғотган ўша сабоқларни кўп бор эсга олишни хуш кўради. Исигуро 1983 йилда Англия фуқаролигини олган.
У жаз йўналишида куйловчи Стейси Кентнинг “Трамвайдаги нонушта” (2007 йил), “Ўзгарувчан аланга”(2013 йил) номли қўшиқларининг муаллифи эди. У ўзининг ёзган қўшиқ матнлари ҳақида хотирлар экан, “улар ўзига яраша ўта эҳтиросли, ишонувчанлик руҳида ёзилган, янаям аниқроғи, ўта шахсий ҳис-туйғуларнинг инъикоси, уларга қандайдир мавҳумлик, ноаниқлик хос”, дейди.
У 1986 йилда Лорн Макдугаллга уйланган. У Лорн билан ҳали уйсизликдан қийналиб юрган пайтларида, Лондондаги Ноттинг Хилл етимхонасида танишган эди. Ҳозирги вақтда улар қизлари Наоми билан Лондонда яшашади.
Кадзуонинг адабиётдаги парвози 1981 йилда унинг Introduction 7: Storiesby New Writers антологиясига киритилган учта ҳикоясидан кейин бошланган. 1983 йилда унинг биринчи романи босилиб чиққач, Британиянинг энг ёш ёзувчиларидан бири номинацияси учун номзоди кўрсатилади. У айнан шу муваффақиятлари учун 1993 йилда яна бир бор мазкур номинация ғолиблигини қўлга киритди.
Унинг 1982 йилдаги “Тутун қоплаган қирлар” романида Англияда яшовчи япониялик бева Эцуконинг ҳаёти қаламга олинган. Қизининг ўзини ўлдириши уни Нагасаки фожеасини бот-бот эслашига сабаб бўлади. Адибнинг тилга тушган асарларидан яна бири япон халқининг иккинчи жаҳон урушига муносабати ёритилган “Омонат дунё мусаввири” романи бўлди. Асар қаҳрамони Мацуи Оно рассом бўлиб, адиб унинг ҳарбий жараёнлар билан кечган ҳаёти орқали японияликларнинг урушга муносабатини, қарашларини тадқиқ қилади. Мазкур асар Буюк Британияда “Йилнинг энг яхши асари” дея тан олинган.
“Куннинг қолган қисми” деб номланган учинчи романда кекса инглиз қаролининг кечмишлари қаламга олинган. Унда ҳам муаллиф яқинлашиб келаётган уруш домига кириб бораётган одамлар ҳаёти мисолида халқ ҳаётини хотира монолог шаклида ҳикоя қилади.
Адибнинг ушбу романи Букер мукофотини олган. Ажабки, унинг номзоди ҳайъат аъзолари томонидан бир овоздан маъқул топилган. Адабий жамоатчилик мазкур асарни “Йигирманчи асрнинг инглизча энг яхши романи”, дея эътироф этди. Исигуро миллати япон бўла туриб, бундай юксак мақомга эга бўлгани албатта, эътирофга лойиқдир. Жозеф Конрад ва Владимир Нобаковлар ҳам ўз миллатига мансуб бўлмаган тилларда мумтоз асарлар яратиб ном қозонишган эди. Мазкур роман асосида Энтони Хопкинс ва Эмма Томпсонлар бош ролларни ижро этган ҳолда фильм ҳам суратга олинган. Бу фильм русчага “Кун поёнида” деб таржима қилинган.
1995 йилда Исигуронинг услуб жиҳатдан анчагина мураккаб бўлган “Ҳасрат чекаётганлар” романи эълон қилинди. Агар бундан аввалги асарларида воқеалар ўтмишга хос бўлган бўлса, бу романда Исигуро ҳозирги даврга мурожаат қилади, воқеалар номи қайд этилмаган Европанинг марказидаги мамлакатда бўлиб ўтади. 2000 йилда нашрдан чиққан “Бизлар етимликда бўлган даврлар” романидаги воқеалар йигирманчи асрнинг биринчи ярмида Шанхайда бўлиб ўтади. Роман қаҳрамони бундан йигирма йил муқаддам сирли равишда йўқолган ота-онасининг йўқолиши сабаблари, сирли тафсилотларини изқувар ёллаган ҳолда ўргана бошлайди. Исигуро бу романида ўзининг севимли услубини қўллаган ҳолда ўтмишга сайр этади.
Исигуро телевидение учун ҳам иккита оригинал фильм яратди. У Қироллик адабий жамиятининг аъзоси ҳисобланади.Унинг асарлари қарийб 30 дан ортиқ тилларга таржима қилинган. “Тайм” журнали тадқиқотларига кўра, унинг 2005 йилда эълон қилган “Мени қўйиб юборма” номли романи инглиз адибларининг барча замонларда яратган энг яхши романлари юзталигидан ўрин олган.
Исигуро 1989 йилда Букер мукофотини олган, 1995 йилда Британия империяси ордени, 1998 йилда Санъат ва адабиёт ордени билан мукофотланган. 2017 йилги Норвегия академиклари уни адабиёт йўналишидаги Нобель мукофотига муносиб деб топдилар.
Кадзуо Исигуронинг ҳар бир асари адабиётда ўзига хос шов-шув бўлиб келаётир. Унинг энг оммалашган “Мени қўйиб юборма” романида ўттиз ёшли Кэти Хейлшемдаги имтиёзли мактабда ўтган ҳайратомуз воқеликлар, чала ярим янгиликлар-у, сирли хавф-хатарлар ҳақида эслайди. У ўзини ўша даврдагидек ҳис этади, ўша воқеликларга қайтгандек ҳикоя қилади. Асар оддийгина муҳаббат қиссаси ёки дўстлик ва хотиралар ифодаси эмас, унда “ҳаётингни бахшида этиш фалсафасининг муайян даражада моддийлашуви”га эришилган.
Бу асар ҳозирги замон ва ўтмишнинг қалбни изтиробга солувчи воқеалари ҳақидаги роман-ҳикоятдир. Дардки, шифоси бор, бироқ асарни ўқигач, узоқ вақт сиз билан бирга қолади…
Исигуронинг “Куннинг қолган қисми” ҳамда “Мени қўйиб юборма” романларининг адади бир миллиондан ошиб кетди. “Дафн этилган баҳодир” романи ноодатий, ўқувчини гўёки сеҳрлаб қўяди. Муаллиф бизни ўрта асрлардаги Англияга олиб боради. Уруш даврларини кўз олдингизга олиб келар экан, тасаввурингизда олам талотўп, курраи заминни зулмат қоплаган, ўтган бир соатлик умр худди узоқ йил илгари яшаб ўтилган тонг каби тез хотирадан ўчади. Кекса жуфтлик Аксель ва Беатриса ўз жонажон гўшасидан чиқиб ўта хатарли йўлга отланишади, улар кўп йилдан буён кўрмаган ўғлини излаб юрт кезишади. Мана шу саёҳат жараёнида дуч келинган хотираларнинг жонланиши, уруш ва қасос, муҳаббат ва кечириш каби инсоний ҳолатлар талқинида бир хулоса келиб чиқади, “майлига, шаклга эътибор қилманг, аслида барчамиз ёлғиз эканмиз…”.
“Омонат дунё мусаввири” романи қаҳрамони урушгача бўлган даврда Япониядаги энг машҳур рассомлардан бири, ўзининг осуда ҳаётини камтарлик билан яшаб, ўз қизини орзусидагидек йигитга узатиш қайғуси билан яшайди. Аммо унинг хотиралари, ўтган кунларига қулоқ тутсангиз, эски Токионинг шовқин-суронли, шўх-шаънли кварталларига бориб қоласиз, у жойда ҳаёт жуда мўртдек, омонатдек, бўғиқ эҳтиросларнинг маҳзун олами, гўзаллик ва киши билмас эҳтиёжларга дуч келасиз. Ҳаммаси оддий одамнинг ички дунёси тадқиқига хос битиклар…
Малькольм Брэдберининг адабиётдан сабоқлари таъсирида улғайган Исигуронинг “Куннинг қолган қисми” асари қаҳрамони Эцуко Англия провинциясида яшайди. Катта қизининг ўзига суиқасд қилиб вафот этишидан сўнг унинг ҳаёти урушдан кейинги йиллардаги Нагасакида ўтган ўзининг ўсмирлик даври хотираларига қоришиб кетади. Бу хотиралар уни чулғаб олади гўё. Қашшоқлашиб қолган аристократ хоним Сатико билан танишув ва бу яқинлик билан боғлиқ ғалати, айтиш мумкин бўлса, ҳайратомуз воқеликлар қаламга олинган.
“Бизнинг етимлик йилларимиз” романи 30-йилларнинг қора прозаси ҳамда йигирманчи асрнинг охири – йигирма биринчи аср бошларида урфга кирган културологик наср жанрининг уйғунлигига эришилган.Таниқли изқувар Кристофер Бэнксни болалигидан ота-онасининг ҳалок бўлиши сабабларини билиш орзуси қийнаб келади ва ниҳоят, бу ишга киришади. Аммо Лондондан Шанхайга жуда таҳликали вақтда йўлга чиққан Крис- тофернинг бу сафари бугунги кун воқелигидан тарихга, шафқатсиз ҳаёт реалликларига юриш юриш бўлади.
2017 йилнинг адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти Япониянинг Нагасаки шаҳрида туғилиб, ўзининг онгли ҳаётини Англияда яшаб келаётган бетакрор истеъдод ва тафаккур соҳиби бўлган адиб Кадзуо Исигурога насиб этгани тасодиф эмас. Бу галги танловда швед академиклари адашмаган бўлсалар керак!
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон