ХХ асрнинг йирик немис адиби. Интеллектуал наср асосчиларидан бири, психологик символизм устаси. Ижодида Шарқ ва Ғарбнинг фалсафий-адабий анъаналарини синтезлаштирган. 1946 йили Нобел мукофотига сазовор бўлган.
Герман Гессе том маънода китоб одами эди ва ўзини адабиётга китоб орқали келган адиб деб биларди. Бу эътирофнинг ўзига хос маъноси бор: адиб дунёни олдин оилавий кутубхона орқали англади, китоб орқали одамларни таниди, атроф-муҳит билан китоб орқалигина муносабатда бўлди. Табиатан одамови бўлган адиб болалигиданоқ китоблар дунёсида ўзини эркин, қулай ҳис қиларди. Фақат китобгина унинг озурда, таъсирчан кўнглига йўл топа олди ва китоб туфайли ўзини ўсмирликнинг хавфли, хато йўлларидан, тутқаноқ касаллигининг қайта хуружидан асраб қола билди. Бошқача айтганда, китоб билан у танасидаги дардларни ва қалбини муолажа қилди. Умуман олганда, Гесселар оиласини китобхонлар оиласи деб аташ мумкин эди. Уларнинг касб-кори, танлаган йўли бевосита ва билвосита китобга боғлиқ бўлган. Бобоси ва онаси Ҳиндистонда – Карачида бир неча йил миссионерлик билан шуғулланишди. Отаси ҳам шу йўлни танлагани учун қайнотасининг ва Мариянинг ишончини қозонди. Бутун оила китоб орқали жамият ва одамлар билан муносабатга киришар, бошқаларни ҳам китобга даъват қилишар, китоб билан, тўғрироғи, муқаддас китоблар билан дунёни, адашган одамзодни қутқариш йўлларини тарғиб этишарди. Миссионерлар оиласида дунёга келган бола ҳам ота-онаси изидан кетди. Бироқ Гессе инсониятни эзгуликка, башарий уйғунликка бошлаш учун миссионерликни эмас, адабиётни, китобни танлади. Бобосининг кутубхонасида немис ва Шарқ файласуфларининг китоблари жуда кўп эди. Ёш ўсмир учун бу туганмас хазинадек туюлди. Китоб уни тенгдошларига нисбатан тез улғайтирди. У ўн ёшида синглиси учун «Оға-ини» номли эртак ёзиб берди. Бу эса мурғак қалбига адабиёт, яратиш, ижод завқини олиб кирди ва бир умр ана шу завқ мубталоси бўлиб қолди. Адиб эсдаликларида: «Мен ўн уч ёшимда ё шоир, ё ҳеч ким бўлишимни ҳис этдим», – деб ёзганди. Шу сабабли унинг аксарият қаҳрамонлари китобга муккасидан кетган, дунёни китобий тасаввур қилган, китобий тасаввурлари билан мавжуд воқелик конфликтига киришган кишилардир. Китоб орқали тасаввур қилинган дунё билан мавжуд воқелик мос келмаслиги, бир-бирини инкор этиши Гессе асарлари фабуласининг асосий хусусиятига айланди. Китоб орқали, мусиқа орқали тасаввур қилинган дунёни тараннум этиш, одамзодни ана шу дунё сари бошлаш, унинг оғриқ, мусибат, залолат тўла қалбини ана шу дунёнинг гўзаллиги, нафосати, орзу-хаёллари билан даволаш Гессе ижодининг мақсадига, кредосига айланди. У том маънода айнан китоб кучи ва қуввати билан дунёнинг машҳур адибига айлана олган ижодкордир. Чунки Гессе на коллежни битирган, на университетни. Диний семинарияни ҳам бир йил ўқимасдан ташлаб кетганди. Унинг топгани ва ўргангани фақат китоб туфайли эди. Семинарияда ва коллежда ўқий олмаслигини билгач, ота-онаси уни китоб дўконига шогирдликка қўйишди. Ижодкор бу касбда анча йиллар ишлади, шу ишда суяги қотди, китобсиз яшолмайдиган бўлиб қолди. Ниҳоят, китоб сотувчиси мақомига ҳам эришди. Унинг фаолиятида адабиётга алоқаси бўлмаган бирдан-бир эришган даражаси ана шу «китоб сотувчиси» мақоми эди. Гессе китоблар оламида ўзини топа олди, китоблар орқали ўзини ва дунёни кашф қилди, китоб қуввати билан ХХ асрнинг улуғ ёзувчилари сафига кўтарила билди. Мактаб ва коллежда ўқиши юришмагач, Гессе ўзи мустақил маълумот олишга киришди ва ўн етти ёшидан йигирма ёшгача «Дунё адабиёти кутубхонаси» рукнида ўша пайтда нашр этилган асарларнинг деярли ярмини ўқиб битирди. Шу сабабли унинг қаҳрамонлари китоб, интеллект, мусиқа, санъатни ҳаётнинг мазмуни деб билишади, ана шу нарсаларга муносабатларига қараб одамларга баҳо беришади, муомала қилишади, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни китоб ва санъат учун кураш деб тушунишади.
Гессе шундай деган: «Биз китобни шунчаки вақт ўтказиш, зерикмаслик ва эрмак учун эмас, ҳаётимизнинг тиргаги, йўл кўрсатувчиси, маёғи ва йўлбошчимиз деб ўқишимиз керак. Биз китобни қаттиққўл ўқитувчисидан қўрққани учунгина дарс қиладиган мактаб боласи ёки кўнгилхушлик учун ичиладиган шнапс каби эмас, Алп тоғига чиқаётган чўққибардор, ғалаба учун жангга кирган аскар сифатида ёхуд кундалик ҳаётдан чалғиш учун эмас, балки уни ўзимизнинг дўстимиз, маслаҳатчимиз, ёрдамчимиз, йўл кўрсатувчимиз деб ўқишимиз керак».
Герман Гессени том маънода Ғарбда туғилган шарқлик адиб деб аташ мумкин ва бундай ёндашувда ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, унинг ижоди, дунёқараши, воқеликка эстетик муносабати Шарқ одамини ва файласуфини эслатади. Бунинг сабаблари жуда кўп. Шулардан бири онаси Мария Гундертнинг бир неча йиллар Карачи шаҳрида инглиз миссионери сифатида яшагани, ислом, буддавийлик фалсафаси билан танишлиги, бобосининг кутубхонасида кўплаб Шарқ файласуфларининг асарлари борлиги бўлса керак. Кўплаб тадқиқотчилар, ҳатто адибнинг ўзи ҳам таржимаи ҳолида оламга ва инсонга муносабати онасидан ўтганлигини алоҳида таъкидлайди. Ижодий услубидаги айнан шарқона ёндашув туфайли Гессе Европада жуда тез танилди, тан олинди, шу билан бирга, унинг фалсафий-адабий қарашлари Европа учун «эски давр руҳида ёзилган» дея бир умр танқид қилиб келинди. Фақат асарлари эмас, шахси ҳам шарқликка мос эди. У ҳар нарсага, ҳар бир ҳаракатга, ҳар бир таълимотга бани башар кўзи билан қарарди, бани башарга хос фазилатлар ва назариялар тарафида турарди. Бир даврда адабиётга кириб келишган ва бир пайтда немис адабиётининг йирик вакиллари сифатида тан олинган бўлса ҳам, Томас Манн, машҳур физик Макс Бланк каби кўплаб зиёлилар Биринчи жаҳон уруши даврида милитаризмни, урушни, бу қирғинда ўзлари мансуб давлатлар ғолиб бўлишини ёқлаб чиққанди. Герман Гессе билан Ромен Роллангина мазкур қирғинбаротни инсониятга қарши жиноят деб қоралашди, тинчлик ва инсонпарварлик тарафида туришди, айнан шу қараши учун тенгдоши, маслакдоши бўлган Томас Манн ҳам Гессени пацифист сифатида танқид остига олганди. Биринчи жаҳон уруши даврида Гессени бутун Германия матбуоти «қўрқоқ ва сотқин» дея шов-шув қилди. Бу токи 1918 йилгача давом этди. Гессе эса муҳорабанинг ҳар иккала томонидан асир тушганларга, лагерларда ётганларга хайрия кўмаги кўрсатиб турди. Энг ачинарлиси, айнан қарашлари учун адиб ўз яқинлари, дўстларидан узоқлашди, бир умр узлатда, шаҳарлардан четда, овлоқда яшашни маъқул кўрди.
Гессе шундай деган: «Ниҳоят, 1919 йил баҳорида уруш мен учун ҳам тугади: ҳаммасини эсдан чиқариш ва ҳаётимни янгидан бошлаш учун Швейцарияга, узлатга кетдим. Овлоқда хитой ва ҳинд фалсафасини чуқур ўргандим, бу фақат ҳикматларни ўрганиш эмасди, шунинг баробарида Шарқнинг тимсоллар тилини ва услубини ҳам ўргандим, айнан асарларимдаги шарқона символизм учун мени «буддист» дея айбловчилар ҳам бўлди».
Гессе ижодида ҳамиша ақл устидан ғалаба қилган қалбнинг гўзалликлари, қалбнинг тебранишлари ва товланишлари бўртиб туради. Асарларининг аксариятида совуқ ақл ва совуқ тараққиёт билан ботиний курашаётган қаҳрамонларнинг кечинмалари, изтироблари, уқубатлари асос қилиб олинади. Бу қаҳрамонлар мангу гўзалликнинг ошуфталари: улар мусиқа, поэзия, табиат ва олам гўзалликлари шайдоларидир. Гессе қаҳрамонларида Шарқ шоирлариники каби романтик идеалга, ёруғлик ва бани башар уйғунлигига, вужуд ва олам яхлитлигига интилиш яққол сезилади. Айнан шу сабабларга кўра Ғарб танқидчилари Гессени «Европанинг сўнгги романтиги» деб ҳам аташади. Асарларида шарқона фалсафа, буддизм руҳи бўртиб тургани боис адибни жодугарликда айблаб қамоққа олишган пайтлар ҳам бўлди.
Герман Гессе туйғу ва ақл, нур ва соя, ёруғлик ва зулмат, гўзаллик ва хунуклик, эзгулик ва тубанлик ўртасида инсон қалбини забт этиш учун кечадиган курашни мажозлаштирган асарлари билан дунё адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Унга «интеллектуал асарлар устаси» деб баҳо беришса-да, бадиий асарларидан ташқари публицистик эсселари ҳам совуқ интеллектнинг маҳсуллари эмас, аксинча, нафосат ва жозиба билан ёзилган, эҳтирос ва мусиқий оҳангга беланган, кўнгил ҳарорати уфуриб турган ижод намуналаридир.
Герман Гессенинг «Петер Каменцинд», «Ғилдирак остида», «Гертруда», «Демиан», «Сиддхартха», «Чўл бўриси», «Нарцисс ва Голдмунд», «Шарқ зиёрати», «Бисер ўйини» романлари ХХ аср адабиётининг улкан ютуғи сифатида эътироф этилган.
Гарчи шундай қараш мавжуд бўлса-да, Герман Гессе асарлари ўз даврининг ижтимоий ҳаётидан узилган романтизм маҳсули эмас. Адиб ҳар бир асарини ўз даврининг энг долзарб муаммоларига, қарашларига бағишлади, асарлари орқали уларга ўз муносабатини билдирди, таҳлил қилди ва фош этди. Ҳатто романтик кайфият ва ёшликнинг адабий пафоси билиниб турган дастлабки романларидан бири – «Ғилдирак остида» ҳам кайзер Германиясининг ёш авлодни маънавий майиб-мажруҳ қилишга асосланган ҳарбийлашган таълим тизимини тубдан фош этувчи асарга айланди. Романда улкан машина ғилдираги остида қолиб ўлган бола фожиаси тимсолида кайзер таълим тизимининг моҳияти очиб ташланади: кайзер таълим тизимини шундай қурганки, бу тизим тарбияси урушни, қирғинни, босқинчилик ва дунёга гегемонликни тарғиб этади, боланинг кўнглидаги табиий ва инсонпарвар туйғуларни йўқотиб, ўрнига забт этиш ва зўрвонликни киритиб қўяди. Бу таълим тизими болани босиб, ҳалок қилган улкан машинага ўхшатилади. Ёзувчининг мазкур асари ўз даврида жуда машҳур бўлиб кетди. Чунки асар чоп этилгандан сал ўтиб кайзер Германияси ўз фарзандларини Биринчи жаҳон урушига олиб кирди. Бу эса Гессе асарининг қийматини янада оширди. Умуман, уруш ва қирғинни адиб энг қабиҳ жиноят деб биларди. Айнан уруш ва қирғиндан, милитаризм, шовинизм васвасасига йўлиққан миллатдошларидан узоқроқ бўлиш учун Швейцарияга кўчиб ўтди ва бир умр урушдан узоқда яшади. Унинг қаҳрамонлари ҳам урушга нафрат билан қаровчи, ўзини ва ўзлигини ўзидан изловчи қаҳрамонлар эди. Гессе инсониятни халос қиладиган ғояларни Ғарбдан ҳам, романтик таълимотлардан ҳам, утопиялардан ҳам, шу билан бирга, Шарқдан ҳам излаб кўрди, бу таълимотлар асосида инсон моҳиятига разм солди, уни қутқарувчи, ўзлигига қайтарувчи ҳаёт мазмунини асарлари орқали излаб ўтди. Гессе назарида, ҳаётнинг мазмуни унинг ичида, ботинида, руҳида эди. Одам ўзини англамас экан, унда турли ғояларнинг, таълимотларнинг, назарияларнинг, сиёсий мафкураларнинг қули ва қуроли бўлиб қолади. Ўзини англаш эса тафаккур, қалб ва санъат орқали юз беради. Санъатсиз ақл совуқ қурол, санъатга уйғунлашган ақл қалб ва идрокнинг уйғунлиги, демак, ҳаёт ва олам уйғунлигидир. Қаердаки қалб ва ақл уйғунлиги бузилса, ўша ерда ўпирилиш, уруш, қирғин ва гуманизмдан чекиниш юз беради, шахсий, миллий ва давлат миқёсидаги худбинлик бошланади. Гессе ўз даврининг мафкуравий манзарасини «давлат миқёсидаги худбинлик» деб атайди. Бир-бирига тиш қайраб урушга кирган давлатлар ўзларича давлат миқёсидаги худбинлик ботқоғига ботиб қолишган, шу туфайли уларнинг адашиши ҳали узоқ давом этади, бундай жараён санъатни, китобни, мусиқани, гўзалликни ўлдиради.
«Чўл бўриси» романида айнан санъатнинг тубанлашиш жараёни акс этади. Гўзаллик ва санъатни сақлаб қолиш, уни инсонни халос қилувчи воситага айлантириш Гессе бир умр интилган маёқ эди. Унинг қаҳрамонлари ҳам асарларида санъат ва гўзалликни сақлаб қолиш учун совуқ тамаддун, ҳиссиётсиз, маънавиятсиз тараққиётга қарши курашга киришади. Адиб ўз қаҳрамонларини сохта санъатга, сохта маданиятга, сохта гуманизмга қарама-қарши қўяди: ана шундай муҳитда бу қаҳрамонлар ёлғиз, якка, ажралган, жамият ва оломон учун бегоналигича қолади. Улар, бир томондан, жамият ичидаги «якка бўрилар» бўлса, бошқа томондан, ўз ичидаги «бўри-одам»га қарши курашаётган қаҳрамонлардир. Мазкур қаҳрамонлар ҳам муҳитга, ҳам ўзига қарши турган, ҳам ўзи, ҳам муҳит билан зиддиятда. Бундай икки томонлама конфликтда турган қаҳрамонлар Гессенинг барча асарларига хос. Улар ҳиссиёти ва инстинктига таянадиган, табиатнинг ёввойи, бетартиб, аммо олам билан уйғунликни сақлаб қолган ақидаларига амал қиладиган, якка ҳолда юрадиган «чўл бўрилари»га ўхшашади. Айнан дунёни бошқача кўриш истагида бўлишгани учун ҳам ўзини дунёнинг ва оламнинг устунлари деб билаётган оломондан ажралиб қолган.
Адиб назарида, ХХ аср тамаддуни табиий жараёнлар асосида пайдо бўладиган тараққиёт эмас, балки инсон моҳияти ва табиатига зид равишда ривожланиш йўлидан кетяпти, айни шунинг ўзи тамаддунни жамики табиийликка ва гўзалликка қарама-қарши қилиб қўяди. Маънавиятдан йироқ, техникалашган тараққиёт инсон ва оламнинг табиий мувозанатига путур етказади, инсонни халос қилиши мумкин бўлган гўзалликдан маҳрум этади. Бундай йўлдан инсониятни қайтариш керак. Инсоният гўзаллик ва қалб билан уйғунлашган равнақ йўлини танлаши лозим, ана шунда у халос бўлади. «Чўл бўриси» романи охирида Гарри Галлернинг сўниб қолган истакларига ҳаёт бағишлаш учун юксак адабиёт ва санъат ёрдамга келади, бошқача айтганда, маънан ўлган қаҳрамонни абадий гўзаллик ва санъат даҳолари Гёте ва Моцарт ҳаётга қайтаришади: унинг кўнглини санъатга шайдо қилиб, ҳаётий қувват олиб киришади ва уни инсониятни халос қилиш учун худди қадим алплар каби одамлар ичига жўнатишади. «Чўл бўриси» романидаги ёзувчи Гарри Галлерни тадқиқотчилар кўп жиҳатдан Герман Гессенинг прототипи деб билишади ва Гаррининг романдаги барча ҳолат, кечинмалари, қараш, тушунчалари, аслида, Герман Гессенинг ўзиникидир дейишади. Гарчи бу қаҳрамонларнинг аксарияти мукаммал ишланган қудратли машинага – оммавий худбинлик ва оммавий сохталикка енгилсалар-да, уларнинг кураш жараёнидаги ишончлари, эътиқодлари, тушунчалари ўқувчида ўзига ва ақлига, кўнглига ишонч уйғотади, ҳаёт ҳақидаги қарашларини гўзаллаштиради. Герман Гессенинг асарларида ХХ асрнинг 60-йилларигача бўлган авлоднинг ўз «мен»ини, ўзлигини топиш йўлидаги изланиши ва адашиши, топиши ва йўқотиши, тараққиёти ва таназзули бор бўйи, манзараси билан намоён. Аммо негадир ўша давр авлоди адиб асарларида ўзининг маънавий-руҳий дунёси, ботиний эврилишлари манзаралари мавжудлигини инкор этди. 20-йилларга келиб адабиётда Жойс, Кафка, Пруст асарларидан сўнг бошланган янги кўтарилиш даврида Гессега ярим шарқона, ярим ғарбона руҳдаги, романтик услубга янгича интеллектуал маъно берган эски ёзувчи сифатида қарашлар бошланди. 20-йиллар охиридан то 40-йиллар бошигача Гессе деярли унутилди. Унинг асарларида бу авлод ўзини кўрмади. Уруш охири ва урушдан сўнг бирдан Гессе асарларига интилиш кучайди. Қирғинбарот даҳшатларига гувоҳ бўлган авлод Гессе асарлари орқали излаган маънавий озуқага эҳтиёж сеза бошлади. Энди бу авлод қирғин ва уруш, зулм ва зўрлик, тараққиёт ва ақл билан дунёни ўзгартириб бўлмаслигини, инсон маънавиятсиз тараққиётга қанча интилса, шунча таназзулга яқинлашиб, ўзига ва моҳиятига бегоналашиб боришини ҳис эта бошлади.
1943 йили адибнинг «Бисер ўйини» романи босилиб чиқди. Бу асар Гессе ижодининг чўққиси ва сюрреализм оқимининг мукаммал намунаси саналади. Асар бадиий романдан кўра фалсафий-бадиий эссега яқинроқ туради. Адиб ўзи яшаган даврнинг маънавий-руҳий манзарасини хаёлий-мажозий усулда тасвирлаб, хулосалаб беради.
Асар уч қисмдан, Касталия давлатининг тарихи ҳақида рисола-таҳлил, бош қаҳрамон ҳаёти-фаолияти ва бош қаҳрамон Кнехтнинг шеърлари, асарларидан иборат. Асар ровийси касталиялик тарихчи. Романдаги асосий воқеа олис келажакда, асосан, 2200 йили юз беради. Олис келажакнинг тарихчи ровийси ўз давридан туриб бош қаҳрамон Кнехт нуқтаи назаридан келиб чиқиб ўтмиш – ХХ аср маданий ҳаёти ва жамиятини илмий, фалсафий-психологик таҳлил қилади. ХХ аср – «фельетончилик», бугунги тил билан айтганда, оммавий маданият гуллаб-яшнаган давр. Бу пайтда одамларни оломончилик кайфияти ўз чангалига олган. Асар ровийси мазкур кайфиятни «фельетончилик» маданияти деб атайди. «Фельетон» немис тилида «кўнгилочар», «эрмак» деган маъноларни беради. Одамлар юксак туйғулар, юксак мақсадлар қолиб ҳаётларини эрмак ва кўнгилочар фаолият билан ўтказишади. Газеталар, оммавий матбуот, китоблар, асарлар, санъат намуналари ана шу мақсадда яратилади. Адиб истеҳзо билан ровий таҳлили орқали ўз даврининг маънавий фожиаларини кўрсатиб беради. Бу давр олимлари ҳам ҳақиқий илм билан эмас, «Фридрих Ницшенинг аёлларга муносабати», «Россинининг севимли таоми», «Бўйдоқ бўлишнинг ўзига хос фазилатлари» каби тадқиқотлар, тўғрироғи, олди-қочдилар билан шуғулланишади. Омма маишат ва эрмакка муккасидан кетган. Жамият эса уларни энг кераксиз, ҳаёт ва гўзалликка, инсоннинг моҳияти ва миссиясига зид ахборотлар билан қарам, муте қилиб туради. Бу давр одамлари бўш қолди дегунча ё олди-қочди ўқишади, ё томоша қилишади. Олис келажакдаги тарихчи ровийни ҳайратлантириб турли кроссвордлар, сканвордлар ва бошқа эрмак ўйинлар билан машғул бўлишади, санъат асари деб томоша қиладиганлари, мусиқа деб эшитадиганлари – барчаси шунчаки эрмак, кўнгилхушлик, жазава, кун ўтказиш воситалари, холос. Бу ўйинларда инсонни маънан бойитадиган, уни тозалайдиган, бани олам уйғунлигига, руҳ ва жисм бирлигига, ваҳдат ул-вужудга ундайдиган ҳеч нарса йўқ. Одамлар ўзларини иқтисодий ва сиёсий бўҳронлардан чалғитиш учун, эртанги кун олдидаги хавотир ва қўрқувларини яшириш, ўзларини алдаш учун шундай фаолият билан машғул бўлишади. Гессе ровий тилидан бундай маданият ва жамият таназзулга маҳкум деб хулоса чиқаради. Ана шундай хулосага келган юксак ақл эгалари, интеллектлар бирлашиб жамиятни таназзулдан асраб қолиш йўлларини ахтаришади. Ўзларича шундай йўлни топишади ҳам. Шу мақсадда ҳар бир ҳаракати, ҳар бир тартиби, йўлаги, ҳавоси ҳам санъат ва мусиқадан иборат бўлган санъат, ақл-идрок, мусиқа бошқарадиган Касталия давлатини барпо этишади. Асар ана шу мамлакатнинг тарихчиси тилидан ўтмишни ва Касталия давлати тартибларини ҳикоя қилиб беради. Касталияда вақт ўз моҳиятини йўқотган. Бу ердаги аҳоли эрмак ўйинларга қарама-қарши бўлган ақл, тафаккур, ботин ва зоҳир уйғунлигида пайдо бўладиган тасаввур ўйини – бисер ўйнашади. Бисер ўйини бутун мамлакатда радио ва матбоут орқали кенг ёритиб турилади. Давлатнинг бош мақсади юксак интеллект эгаларини, бюрократия, расмиятчилик, зўрлик ва зулмдан, таҳдиддан холи озод ва эркин руҳни, эркин иродани, маънавий комил инсонни тарбиялашдан иборат. Касталия мактабларида руҳ ўйини ўйналади, руҳни юксалтириш ўйинлари орқали таълим-тарбия берилади. Бу ерда ҳамма ўйнайдиган тафаккур ўйини – дин, фан, фалсафа, мусиқа, санъат яхлитлашган тарзда ўйналадиган бисер. Масалан, Бахнинг концерти математик формула тарзида ўйналади. Бисер, яъни тафаккур ўйинининг бош мақсади битта: фан, санъат, ҳар хил мушоҳадалар, турлича қараладиган, ёндашиладиган, шарҳланадиган нарсалар, жисмлар ўртасидаги уйғунликни, боғлиқликни, умумий риштани илғаш, уларнинг ўзаро мос келадиган шаклларини ва йўлларини излаб топиш. Ўйин абстракт фомулаларни айтиш билан бошланади ва шу формула асосида тасаввур, интеллект кучи билан абстракт тарзда давом эттирилади. Бу ердаги жамики ҳаёт абстрактга, хаёлга қурилган. Ўйиннинг шакли, кўриниши, қиёфаси, шартлари ҳақида аниқ маълумот асарда йўқ. Аммо ўйиннинг асосчиларидан бири сифатида «санъат ва математикани яхши кўрган базеллик ҳазилкаш» дея эслатилишига қараганда, Карл Юнг ва унинг тимсоллар таълимотига асосланган бўлиши мумкин. Демак, ўйин замирида тимсол асосида фикр қилиш, завқ олиш, мушоҳада юритиш, англаш ва идрок этиш ётади. Карл Юнг ўз назариясини «фаол тасаввур» деб баҳолаганидан келиб чиқсак, бу ўйин тасаввур ўйинидир. Ўйинни Касталияда барча ўйнайди, уларнинг биринчи даражали машғулоти ва асосий фаолияти ҳам шу ўйиндир. Бу давлат тизими Платон илгари сурган давлат назариясига том маънода қарама-қарши. Бу ерда ҳокимият олимлар, интеллект эгалари қўлида. Улар бани олам, бани коинот уйғунлиги, олам билан мувозанатда яшаш йўлларини излашади ва бани олам уйғунлигини орзу қилишади. Ана шундай жамиятнинг аслзодаси бўлган Кнехт бир пайтлар маънавий таназзулдан қочиб яратилган Касталия қонунлари ҳам бир ёқламалигини, ҳаётдан узилганини англаб етади. Касталияликлар тажрибадан, амалиётдан, фаол ҳаёт тарзидан, табиий ривожланишдан онгли равишда ажратиб қўйилган. Худди ХХ аср маданияти каби бундай бир ёқламалик ҳам Касталияни таназзулга олиб келиши мумкин. Аслида, Герман Гессе ҳам ХХ аср маданияти, ҳам Касталияга хос ҳаёт тарзини кўрсатиш орқали ўз даврининг муаммоларини таҳлил қилади, унга ўз муносабатини билдиради.
Романнинг иккинчи қисмида асар қаҳрамони Иозиф Кнехт олий мақом – магистрликдан воз кечади. У ғоялар ва китоблар дунёсида ортиқ яшашни истамайди, ҳаётни ичдан, бор қарама-қаршилиги билан ўргангиси келади. Бу йўлда дўстининг ўғлига устозлик қилиш учун Касталиядан кетади. Йўлда муз кўлда чўмилиб ҳалок бўлади. Шу билан ровийнинг ҳикояси тугаб, Кнехтнинг учта ҳикояти бошланади. Учта ҳикоят ҳам тимсолий ҳикматлардир. Бу уч воқеа, аслида, битта шахснинг, битта вужуднинг уч давр, уч замон, уч вазият, уч шароит, уч хил кўринишда ва уч хил эътиқодда пайдо бўлиши. Учта қаҳрамоннинг номи ҳам шаклан уч хил бўлса-да, битта маънони – «толиб» маъносини англатади. Гессе маънавий инқирозлар даврида шахснинг ички маданиятини, ички «мен»ини, қиёфасини сақлаб қолишнинг учта йўлини мажозий-бадиий таҳлил қилади. Биринчи йўл – узлатга чекиниш, ижтимоий муносабатлардан ўзини бекитиш, иккинчиси – ижодкорларнинг воқеликдан қочиб, «соф санъат» йўлини танлаши, учинчиси – мангу ҳақиқатлар ва мангу далдалар орқасига яшириниш, шулар билан ўзини овутиш. Ўқувчи ана шу уч ҳикматни ўқигач асарнинг ва қаҳрамоннинг олдинги қисмларда очилмаган кўпгина қирраларини очади, Кнехтнинг янги йўл танлаши ва ҳалок бўлиши, аслида, руҳий-маънавий қонуниятнинг табиий босқичи эканини англаб етади. Маънавиятни унутиш ҳам, уни эрмак қилиш ҳам, шунингдек, фақат маънавий-руҳий ҳаётдан бошқасини тан олмаслик ҳам жамиятни таназзулга олиб келади. Жамият маънавий-руҳий ва сиёсий-иқтисодий, назарий-амалий фаолиятлар мувозанатини сақласагина табиий тараққиёт йўлига киради. Қайси бир соҳада мувозанат бузилса, ўша ерда жамиятни таназзул кутади. Гарчи Касталия инсониятнинг олий ақллари орзу қилган жамият бўлса-да, бироқ фақат назария асосига қурилгани учун ҳам ҳалокатга маҳкум эди. Гессе худди тенгдоши Томас Манн каби табиат ва жамият қонунларида мувозанат сақланиши тараққиёт асоси эканидан инсониятни огоҳлантиради.
«Бисер ўйини» ўзининг шакли билангина эмас, мазмуни ва кўтарилган, муҳокама қилинган масалалари билан уруш авлодига катта таъсир этди: роман бирданига машҳур бўлиб кетди. Бу асар инсониятни ақл-идрокка, гўзалликка, назария ва амалиёт мувозанатига чақирганди. Қирғиндан чарчаган ва боши берк кўчага кириб қолган авлод бу асарда ўз бошидан кечирган фожиаларнинг сабабу оқибатларини, ботиний кечмишларини кўрди. Энди бу авлодга ҳиссиёт, кўнгил, ҳамдардлик ва гўзаллик, ўзини тиклаш учун куч-қувват, маънавий озуқа керак эди. Ана шунда яна Гессега қайтиш, уни ўқиш бошланди. Ана шу қайтишнинг намойиши ўлароқ 1946 йили Герман Гессе Нобел мукофотига муносиб топилди. Бу унинг ва тарғиб қилган ғояларининг тан олинишини билдирарди.
Дунёнинг энг олий адабий мукофоти ҳам Гессени ўз узлатидан тортиб чиқаролмади. Худди Борхес каби умрининг охирида унинг ҳам кўзлари бутунлай кўр бўлиб қолди. Аммо китобдан завқ олишдан тўхтамади. У бутун дунёдаги ихлосмандлари, санъат фидойилари билан хат ёзишиб, турли асарларга, санъатдаги эврилишларга фикр билдириб турди. Адиб умри давомида турли масалада 35 мингдан ошиқ хат ёзгани аниқланган. Герман Гессе умрининг охиригича Швейцариянинг Монтаньолла шаҳарчасида, табиат ва гўзаллик уйғунлашган овлоқ хуторда, яшади. 1962 йили 85 ёшида вафот этди.
Ўлимидан сўнг аввал Японияда, кейин АҚШда ёшлар Гессени оммавий тарзда ўқий бошладилар ва бу авлод учун адиб идеал ёзувчи даражасига кўтарилди, ўзларини қийнаган саволларнинг жавобини унинг ижодидан топишди: унинг асарлари бутун бошли авлодларнинг дарди ва кўнглига малҳам бўлди, бўлмоқда.
Назар Эшонқул