Дилмурод Қуронов, Феруза Ҳабибуллаева. “Ўткан кунлар” таржимаси: таҳлил ва тавсиялар

Ислом Каримов фондининг фейсбукдаги саҳифасида қувончли бир хабар эълон қилинди. Унда айтилишича, “Фонд Ўзбекистоннинг ­ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси билан ҳамкорликда атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романининг инглиз ва француз тилларига таржимасига бош-қош бўлмоқда”. Хабарда яна “миллий маънавий бойликка” айланган ушбу роман таржимаси “хориж ўқувчисини ўзбек халқининг маънавий олами, юксак бадиий тафаккури ва умрбоқий қадрият ва анъаналарига ошно этади” деган хайрли ният ҳам баён қилинган (фонднинг фейсбукдаги саҳифасидан, 22.08.2017).

Афсуски, мазкур хушхабар қувончига жиддий бир иштибоҳ эргашиб келади. У ҳам бўлса… Йўқ, бир бошдан айтмаса, ҳеч иложи йўқ. Маълумингиз, Абдулла Қодирий номи оқланганидан сўнг, адибнинг ўлмас асарини эгаларига қайтаришга киришилар экан, уни биратўла икки тилда – ўзбек ва рус тилларида чоп этишга қарор қилинган. Эҳтимол, бу ҳам ўзига хос эҳтиёт чораси бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, 1958 йилда роман Е.Бать ва О.Смирновалар ҳамкорлигидаги таржимада рус тилида ҳам нашр қилинди. Албатта, кечагина тақиқ остидаги романнинг рус тилида ҳам эълон қилингани, русийзабон ўқувчига илк романимиз билан танишиш имкони яратилганининг ўзи, борки камчиликларидан қатъи назар, катта воқеа бўлганлиги шубҳасиз. Бироқ, сирасини айтганда, ўзбек ўқувчиси кўзига суртиб – ҳаяжонга кўмилиб ўқиган, керак бўлса бутун-бутун саҳифаларини ёд олган романни русийзабон ўқувчи ўртамиёна асар билан танишган каби маълумот учун қабул қилди, холос. Балки бу гап кимларгадир малол ҳам келар, лекин касбимиз тақозоси билан кўплаб русийзабон ўқувчилардан ўзимиз кутган жавобни олиш илинжида қайта-қайталаб таассуротини сўраганмиз-да. Ҳартугул, биз каби ўйлаган бўлса бордир, орадан ярим аср ўтгач, М.Сафаров романнинг янги таржимасини тақдим этди. Таржимани ўқиганда эътиборга тушадиган биринчи нарса – аслиятни тўла ва аниқ беришга ҳаракат қилинганидир. Тўғри, ҳамиша ҳам мақсадга эришилган эмас, шундай бўлса-да, айни ҳаракатнинг ўзи таҳсин ва ибратга лойиқ. Хуллас, агар русийзабон ўқувчи ҳам роман мутолааси чоғи кўнгилдан кечирганимизу мушоҳада этганимизнинг лоақал яримига ошно бўла олсин, десак, ҳозирча иккала таржимага ҳам тажриба деб қарашимиз керак бўлади.

“Ўткан кунлар” романини “ўзбек турмушининг қомуси” деб аташга тўла ҳақлимиз. Негаки, романда тасвирланган ҳаётий, маиший турмуш лавҳалари, урф-одат, маросим, персонажлар хатти-ҳаракатию гап-сўзлари, ўй-хаёллари, ўзаро муносабатлари – хуллас, нимаики қаламга олинган бўлса бари миллий руҳга йўғрилган. Шу боис ҳам ўзбек ўқувчиси романни ўқиб кўз олдига келтирган, англаган, ҳис этган, завқланган ҳолатларни ўзга миллат вакилининг тўла кўз олдига келтириши, англаши, ҳис этиши, завқланиши амри маҳолдир. Зеро, миллий руҳ аввало тилда яшайди, бас, ўзбек ўқувчисига биргина сўз олам-олам маъно бериши мумкин, чунки бу ҳолда ўша сўз контекстда – ўқувчининг шу миллий заминда шаклланган билими, дунёқараши, хулқ-атвори, феъл-саъжияси кабилар контекстида қабул қилинади.

Тўй саҳналари, хусусан, қутидор хонадонига куёв кириб келиши онлари тасвири ёдингизда бўлса керак. Бир жумла-бир жумладан иборат тиғиз маълумотлар ўқувчи кўз ўнгида никоҳ тўйининг жонли манзараларини гавдалантиради. Жумладан, қиз узатаётган қутидорга ажратилган тасвир: “Қутидор эшик остида қўл қовиштириб меҳмонларни кутиб оладир, ер  остидан  куявига  кўз  қирини  ташлаб,  кишига  сездирмай  ўзича  кулимсираб  қўядир”. Ўзбек ўқувчиси, айниқса, бундан атиги қирқ-эллик йиллар нарида ҳам аниқ излари сақланган урф-одатларимизни унутмаган авлод, қутидорнинг ҳолатини жуда яхши тасаввур қилади. У вақтлари янги қайнота-куёв унаштиришдан сўнг маълум вақтга қадар бир-биридан “қочиб” юрган, кейин ҳам бир-бирининг иззатини жойига қўйганлари ҳолда муносабатларида кўринмас бир чегара дахлсиз сақланган. Эътибор беринг, қутидор ҳам куёвни қучоқ очиб кутиб олаётгани йўқ, аксинча, четроқда туриб кўз остидан бир назар ташлаб қўймоқда, холос. Албатта, қизини ҳар жиҳатдан муносиб жойга узатаётгани, “хон қизига лойиқ” йигитни куёв қилаётганидан у мамнун, бироқ бу ўринда қайнотанинг мамнунлигини очиқ ифодалаши жоиз эмас-да! Шунинг учун ҳам у “кишига сездирмай”, “ўзича”, “кулимсираб қўяди” – шугина, холос. Эътибор беринг, кетма-кет мамнунлик ифодасининг жуда ожиз, сезилмас экани таъкидланмоқда. Худди шу жумла рус тилига биринчи таржимада “У калитки, встречая гостей, стоял кутидор со сложенными на груди руками; украдкой оглядев зятя, он довольно улыбнулся” шаклида ўгирилган. Хўп, бу ўринда ҳам куёвга яширинча (“украдкой”) қаралгани айтилган, лекин “довольно улыбнулся” (аслиятда “мамнунлик” умуман тилга олинмаган) дейилиши билан мамнунлик ифодасининг яширин, сезилар-сезилмаслик маъноси буткул йўқолган. Бундан ташқари, таржимадаги “оглядеть” феъли аслиятга буткул зид, чунки нарсани бошдан-оёқ, бафуржа кўриб чиқиш маъносини билдиради (Ожегов С. Словарь русского языка. – М.: Русский­ язык, 1985. – С.379, 396). Кўриб турибмизки, бу ўринда аслиятдаги миллий бўёқ туссизланган десак, ҳақимиз кетади, у буткул йўқолган.

Иккинчи таржимада айни жумлани аслиятга монанд беришга ҳаракат қилинган: “У калитки, встречая гостей, стоит кутидор со сложенными на груди руками; исподлобья, краем глаза поглядывая на своего зятя, он незаметно для окружающих улыбается”. Бир қарашдаёқ бу ерда аслиятга содиқлик тамойили яққол сезилиб турибди, лекин нотўғри сўз қўллаш аксича натижага олиб келган. Биринчидан, русча “исподлобья” сўзининг “ҳўмрайиб”, “қовоқ уюб” маънолари фаол қўлланади, “қош остидан” маъноси эса ўта пассив. Яъни бу сўз “сездирмай кулимсираш”га мутлақо зид, бунинг устига янги куёвга “қовоқ уюб” қараш ҳам ғалати. Иккинчидан, “поглядывая” феъл шакли ҳаракат қайта-қайта амалга оширилганини англатади. Ҳолбуки, нафақат куёвга, умуман, бошқа одамга қайта-қайта қарайвериш ҳам атрофдагилар эътиборини тортади, аслиятда эса қутидор бировларга сездирмаслик учун зўрғагина “кўз қирини ташлаб” олган, холос. Кўряпмизки, ҳар икки ҳолда ҳам нотўғри сўз қўллаш оқибатида миллий ўзига хослик йўқотилаётир. Дарвоқе, ҳар икки таржимада ҳам “қўл қовуштириб”ни “со сложенными на груди руками” тарзида ўгирилганки, бу ҳам миллийликка путур етказади. Зеро, ўзбек тилида “қўлини кўксига қўймоқ” билан “қўл ковуштирмоқ” амаллари фарқли: иккинчисида “қўлни, беш панжани бирин-устин кесиштирган ҳолда” киндик баробарида тутмоқ назарда тутилади. Албатта, биз кўриб ўтаётган контекстда иккиси ҳам ўринли: меҳмонларни қўлни қўксига қўйиб кутиш ҳам, қўлни қовуштириб кутиш ҳам мумкин. Лекин биринчисида ҳурмат маъноси устун бўлса, иккинчисида қуллуқ қилиш маъноси кучли, яъни қутидорнинг қўл қовуштиришида меҳмонларига хокисорлик билан хизматда эканини билдириш маъноси бор. Меҳмон атои худо дегувчи, эҳсону закотини қабул қилган кишидан миннатдор бўлишни одат қилган миллат учун, бизнингча, шу иккинчи ҳолатда меҳмон кутиш кўпроқ тўғри келади.

Кўриб ўтилган хатоларнинг асосий омили, бизнингча, миллий урф-одатларимизни етарли даражада билмасликдир. Шунинг учун ҳам мутаржимлар қутидорнинг айни пайтдаги ҳолати (мамнунлигини яширишга ҳаракат қилаётгани)ни фаҳмламаганлар ва, табиийки, таржимада буни қайта яратиш вазифасини ҳам ўз олдиларига қўймаганлар. Айтмоқчимизки, биз кўрсатган камчиликлар ҳали таржимага киришилмасидан ҳам олдин, аслиятни ўқиб ўзлаштириш жараёнидаёқ юзага келган. Яъни мутаржим таржимани бевосита амалга оширган бўлса ўзи, таг­лама асосида бўлса, табиийки, ўша тагламани тайёрлаб берувчи аслият мазмун-моҳиятини тўла англамаган. Зеро, агар аслият мазмун-моҳияти тўла англанганида эди, таржимада уни рус тили воситасида қайта яратиш мақсади усутвор бўлур эди. Ушбу мулоҳазаларимиздан табиий равишда келиб чиқадиган “нима қилмоқ керак?” саволини ҳозирча очиқ қолдирамиз-да, бошқа бир мисолга диққатингизни жалб этамиз.

Домла олти-етти қайталаб берибгина аранг жавоб ололган “Сизким Кумушбиби Мирзакарим қизи, ўзингизни тошкандлик, мусулмон Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлига бағишламоқ ваколатини амакингиз Муҳаммадраҳим Йўлдош ўғлига топширдингизми?” саволининг биринчи таржимада берилиши ҳам эътироз уйғотади: “Вы, Кумюш-биби, дочь Мирзакарима, поручили ли своему дяде Мухаммаду Рахиму, сыну Юлдаша, передать вашу любовь ташкентскому жителю, мусульманину Атабеку, сыну Юсуфбека-хаджи”. Яъни таржимада “муҳаббатингизни топширишни амакингиз зиммасига юкладингизми” деб сўраляпти[1]. Ахир Кумуш, Зиё шоҳичи айтмоқчи, шаҳардаги обрўли бир мусулмоннинг “иффат пардаси остида ўлтурган қизи” бўлса, саволнинг бу тарзда берилиши унга нисбатан ҳақорат бўлмайдими?! Тўғри, сирли ариқ бўйида учратгани нотаниш йигит ўй-хаёлини ўғирлаган, бироқ бу унинг бир ўзию бир Худога аён. Кумуш буни бировга билдиришни хаёлига ҳам келтира олмайди, тўй тадориги бошланганидан бери кўзининг ёши қуримай келаётгани шундан, бироқ ҳеч кимга ёрилмайди – қиз бу ҳисни бир умрлик армондек қабул қилган. Бироқ русийзабон ўқувчи бундан бехабар, бас, “Кумушнинг муҳаббатини Отабекка амакиси етказиши керак экан-да”, деб ўйлашга ҳақли, бу ҳолда эса у, албатта, янглишган, аниқроғи, чалкаштирилган бўлиб қолади. М.Сафаров шуни ҳис қилган, чамаси, таржимада “муҳаббат” сўзини ўзгартирган: “Вы, Кумуш-биби, дочь Мирзакарима, поручили ли своему дяде Мухаммаду Рахиму, сыну Юлдаша, передать вашу плоть ташкентскому мусульманину Атабеку, сыну Юсуфбека-хаджи”. Савол қиз болага берилаётгани эътиборга олинса, бу ўзгаришни энди мутлақо қабул қилиб бўлмайди: “бадан (жисм)ингизни … Отабекка топширишни амакингиз зиммасига юкладингизми” дейилиши ўта қўпол жаранглайди-да, ахир. Албатта, “моҳияти шу-ку” дея эътироз қилиниши мумкин, лекин миллий мулоқот одобида ҳамиша қўполни ҳам назокат билан ифодалаш қатъий қоида эмасми?!

Романда никоҳ маросими ҳам изчил ва анча муфассал тавсифланган. Хусусан, келиндан ваколат олиниши, вакиллар ўртасидаги маҳр келишуви, маҳр ҳажми белгиланиши, бунга куёвнинг розилик билдириши, ниҳоят, “Домла хутба бошлайдир. Форсийча ўқилган ҳамд, салавот ва бошқалардан сўнг хутба энг нозик бир ўринға”, яъни аксарият ўқувчилар хотирасида сақланган “қабул қилдингизми?” саволига келади. Бизни шу ўрингача бўлган қисм таржимаси қизиқтиради. Биринчи таржимада у қуйидагича ўгирилган: “… мулла перешел к совершению обряда. Он прочитал наставление о верности и преданности семье, и, наконец, заговорил о самом деликатном…” Кўриб турганимиздек, бу ерда “хутба”нинг бир қисми маъносини умумлаштириб бериш билан чекланилган. Яъни давр тақозоси билан ҳамд ва салавот умуман тушириб қолдирилган. Шукрки, чекловлар ҳозир йўқ, иккинчи таржима бу жиҳатдан аслиятга яқин: “…мулла перешел к совершению обряда “никох”. Он прочитал молитву, восхваляющую бога, и молитвы в честь пророка, “салаваты”, как это принято в исламе, и наконец, подошел к самому деликатному вопросу…”  Бироқ, афсуски, диний тушунчаларни ифодаловчи сўзлар туширилмагани билан,  уларнинг русийзабон ўқувчига тақдим этилиши эътироз уйғотади. Масалан, “ҳамд” сўзининг маъноси изоҳланган ҳолда “молитва, восхваляющая бога” бирикмасининг берилиши мантиққа зид, зеро, “молитва” худога илтижони кўзда тутади, бу ерда эса Оллоҳни мақташ –  “восхваление Аллаха” ҳақида гап кетяпти. Аслиятдаги “салавот” сўзи ҳам худди шу йўсинда берилган бўлиб, унинг “молитвы в честь пророка” дея изоҳланиши чала, чунки бу сўз билан ифодаланадиган амалда яна “приветствие, благословение” маънолари ҳам бор.

Дарвоқе, жумлага таржимон қўшган “как принято в исламе” конструкцияси бу ўринда умуман ортиқча. Чунки, агар аслият нуқтаи назаридан қарасак, ровий учун ҳам, у мурожаат этаётган ўзбек ўқувчиси учун ҳам гап одатий нарсалар ҳақида боряпти, баски, бу ерда ҳеч бир изоҳга зарурат йўқ. Таржима нуқтаи назаридан эса у ҳатто андак зарарли ҳам. Шу маънодаки, гап нима ҳақидалигини англашга ҳаракат қилаётган русийзабон ўқувчи бу калимани ўқигач, “ҳа, исломдаги бир нарса экан” дейди-да, қизиқиши сўнади. Ҳолбуки, таржима бир халқни иккинчи халққа таништириши, яъни унинг турмуш тарзи, маданияти, эътиқоди, инончлари, урф-одатлари кабилар ҳақида тасаввур бериши лозим. Албатта, бу вазифанинг уддаланиши фақат мутаржим эмас, таржиманинг ўқувчисига ҳам боғлиқ. Яъни таржиманинг ўқувчиси билишни, танишишни хоҳламоғи керак, хоҳишни эса қизиқиш пайдо қилади. Шу жиҳатдан қаралса, русийзабон ўқувчига тушунарли бўлиши учун диний реалияларни матн ичидаёқ изоҳлаб кетиш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, матнда уларни аслича қолдириб (ўқувчида “бу нима экан?” деган савол уйғотиб), сўнг муфассал изоҳлар билан таъминлаш самаралироқ бўладиган кўринади.

“Ўткан кунлар”да муаллиф асло урғуламаган, гўё шунчаки зикр этиб ўтаётган нарса, хатти-ҳаракат, ҳолат кабилар ҳам ўзида ўзбек ўқувчиси учун катта информация ташийди. Масалан, қутидор хонадонига куёв кириб келаётган пайт “Томда  куяв  кутиб  ўлтурған  хотинлар  ичидан  Офтоб  ойимнинг эгачиси ошиқиб синглиси ёниға тушди-да: “Офтоб, даррав исириқ ҳозирла, куявингни ёмон кўздан ўзи асрасин!” – деди. Аввал айни жумла етказаётган информацияни санаб ўтсак: 1) аёллар куёв келишини томдан туриб томоша қилишяпти; 2) ўзбек уйлари томига лой босилган, текис бўлган; 3) хотин-халаж тўйларда алоҳида, белгили вақтда кузатилган; 4) томдагилар куёвнинг кўркамлигини муҳокама қила бошлаган; 5) пичир-пичирларни эшитган опа жигаримнинг куёвига кўз тегмасайди деб қўрққан; 6) шунинг учун ҳовлиқиб-шошиб исириқ солмоқчи бўляпти. Саналганлардан фақат биринчисигина матнда аниқ айтилган, қолганлари анг­лашилади. Хусусан, иккинчи ва учинчи тартибдаги информация мутолаа­ пайти ўқувчи онгидаги билимлар захирасидан чақирилади, уни анг­лаш учун халқининг ўтмиши, турмуш тарзи ва урф-одатларини билиш керак. Кейинги учта рақам остидаги информация эса контекстдан англашилади. Дейлик, маҳалла эркаклари куёвнинг кўркамлигини эътироф этиб таҳсин айтишяпти, хотин-халажнинг томда – бемалол жойда туриб муҳокама қилишлари табиий; буни бироз узоқроқ контекст – Тўйбеканинг меҳмон Отабекни кўргач, айтган гаплари ҳам қувватлайди. Ёки буви-момоларининг феъл-сажияси, тутумларини унутмаган ўқувчи учун эгачи хотин-халажнинг пичир-пичирини эшитибоқ шошиб қолганини тасаввур қилиш ва тушуниш қийин эмас. Ҳолбуки, таржима ўқувчисининг буларни англаб олиши маҳол, демак, у асар жозибасига ошно бўлолмайди, баски, “Ўткан кунлар” унинг наздида биздагича қийматга эга бўлолмаслиги ҳам табиий. Бунинг устига таржима билан аслият орасида мана бу каби фарқлар бўлса: “К Офтоб-аим подошла её старшая сестра и взволнованно сказала: “Офтоб, приготовь-ка поскорее исрык! Да убережет аллах твоего зятя от дурного глаза”. Кўриб турганимиздек, таржимада “том” ҳам, “томда куяв кутган хотинлар” ҳам йўқ. Ўз-ўзидан эгачи сингилнинг олдига ҳовлиқиб-шошиб томдан тушиб келмайди, шунчаки ёнига келади (“подошла”)-да, шунга мос хотиржамлик билан (“подготовь-ка”) исириқ тайёрлашни буюради. Хуллас, биринчи таржима ўқувчиси бу жумладан юқорида саналган маъноларнинг ҳеч бирини топмайди, бироқ, афсуски, у комил ишонч билан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўқиганман, деган хаёлда қолаверади.

Холислиқ ҳаққи таъкидлаш керак, иккинчи таржима муаллифи бу камчиликни кўрган ва бартараф этишга ҳаракат қилган: “К Офтоб-аим подбежала её старшая сестра, которая до этого вместе с соседскими женщинами наблюдала с крыши за прибытием жениха: “Офтоб, приготовь-ка поскорее исрык! Да убережет Аллах твоего зятя от дурного глаза”. Кўряпмизки, бунда “томда куёв кутиб ўлтурған хотинлар” детали қолдирилган ва, албатта, бу яхши. Лекин эгачининг гапи шунга мос ўзгартирилган эмас, у ҳамон хотиржам салмоқлаб “подготовь-ка” дейишини қўймайди. Негаки, таржимада эгачи аслиятдаги каби “ошиқиб” синглиси ёнига тушмаган”, балки, ҳеч ҳовлиқмай, югурибгина (“подбежала”) ёнига келган, холос. Яна содда гапнинг қўшма гап шаклида берилгани ҳам, бизнингча, персонаж хатти-ҳаракатлари динамикасини сусайтирган. Шунингдек, аслиятдаги муаллиф гапида “томда  куяв  кутиб  ўлтурған  хотинлар  ичидан”га маъно урғуси тушган бўлса, таржимада эргаш гапга айланган ушбу бўлак (“которая до этого вместе с соседскими женщинами наблюдала с крыши за прибытием жениха”) изоҳловчи мақомига тушиб, маъно урғуси изоҳланаётган бош гапга (“К Офтоб-аим подбежала её старшая сестра”) кўчган. Маъно урғуси олган иккинчи бўлак (“ошиқиб”) эса, юқорида ҳам айтдик, умуман тушириб қолдирилган. Хуллас, аслиятдаги жумла қурилишининг ўзгариши туфайли ривоядаги фикр оқими, ахборотни узатиш тартиби ва унга ҳиссий муносабатнинг товланишлари ҳам бутунлай ўзгариб кетганки, натижада, уни аслига монанд тушуниш имконияти буткул бой берилган.

Юқоридаги мисол таҳлили кўрсатяптики, тарихий мавзудаги асарларда, худди диний реалиялар масаласида айтганимиз каби, халқимизнинг ўтмишдаги маиший турмуши билан боғлиқ реалияларни ҳам муфассал изоҳлар билан таъминлаш зарурати бор. Бунинг учун эса энг аввал мутаржимнинг ўзи бир қарашда оддийгина хабар етказаётгандек кўринувчи жумлалар замирида ётган миллий ўзига хосликларни илғай олиши, тушуниши керак бўлади. Шу жиҳатдан романдаги яна бир эпизод – Ҳасаналининг Зиё шоҳичи хонадонига маслаҳатга келишини эслаш мақсадга мувофиқ. Муҳимлиги боис асардан узунроқ парчани келтирамиз:

“Ҳасанали Зиё шоҳичининг ташқарисиға келиб кирди-да, меҳмонхона даричасига қаради. Дарича тирқишидан кўрилган ёруғлиқ меҳмонхонада киши борлиқни билдирар эди. Ҳасанали тузатиб  олди  ва  ичкарига  кирди.  Зиё  шоҳичи  намоз  ўқумоқда  бўлиб,  меҳмонхона  чет кишидан холи эди. Бу тасодуфдан Ҳасанали сўйинди  ва Зиё аканинг намозни битиришини кутиб ўлтурди. Зиё шоҳичи ёниға салом бериб жойнамоздан орқасига қараб қўйди. Фотиҳага қўл кўтарди. Фотиҳадан сўнг келиб Ҳасанали билан сўрашди”.

Аввал Ҳасаналининг келиш вақтини аниқлаб олсак. Ҳасанали шоҳичиникига бориш қасди билан кўчага чиққанида “Қош қорайиб, қоронғу тушаёзған эди”. Меҳмонининг муддаосини тинглаб, ташвишларини маъқул топган Зиё шоҳичининг қутидорникига “Ҳозир борамиз” дейишидан, ҳартугул, Ҳасанали келган пайтда у шом намозини адо этаётган эди, деган фикрга келамиз. Негаки, агар у хуфтон намозида бўлганида эди, намоздан сўнг маълум муддат Ҳасанали билан сўзлашиб ўтирганини эътиборга олсак, бировникига чақириб бориш жуда ноқулай бўлар, шоҳичи бунинг андишасини қилган бўлур эди. Демак, Ҳасанали келганида шоҳичи шом намозида эди. Шунга келишган ҳолда, матнни таҳлил қилиб кўрамиз.

Аввало, Зиё шоҳичининг ташқарисига Ҳасанали ҳеч бир овоз бермай кирганига “Ўзбекчиликда бировникига киришда овоз берилади-ку?!” дея эътироз қилиниши мумкин. Бироқ бунда ғалат йўқ: биринчидан, у ташқарига кирди, иккинчидан, шом вақти эканини билгани учун овоз бермади. Меҳмонхонада чироқ ёниб тургани, демак, у ерда кимдир бор эканини билиб ҳам овоз бермагани шундан: шом вақти тиғиз келади, бас, ичкаридаги одамнинг намозда эканлик эҳтимоли кўпроқ. Ўйидаги тўғри чиққач, Ҳасанали бир четда ўтириб, намоз тугатилишини кутди. Кўряпмизки, Ҳасаналининг бутун хатти-ҳаракатлари асар ёзилган давр одобига тўла мувофиқ. Энди Зиё шоҳичига келамиз. Келгучи сира овоз бермаса-да, Зиё шоҳичи шарпани фаҳмлайди, шу боис “ёниға салом бериб жойнамоздан орқасига қараб қўйди”. Яъни шарпани сезса ҳам юзини қибладан ўгирмади, фақат “ёнига салом бергач”, яъни намознинг асосий қисми тугагач, ўгирилиб қараб қўйди: ҳақиқатан меҳмон келганини билди. Тезгина юзига фотиҳа тортди (яъни келгучининг ҳурматидан, йўқса тасбеҳ, дуруду салавот айтиб, тиловат қилиб, дуога қўл очиб тағин маълум вақт ўтириши мумкин эди), жойнамоздан туриб келиб меҳмон билан кўришди. Кўриб турганимиздек, Зиё шоҳичининг хатти-ҳаракатлари ҳам давр одобию ибодат қоидаларига тўла мувофиқ экан. Эътиборингизни биз баён қилган маълумотлар айтилмагани, улар фақат матндаги бир-икки деталь (шом вақти, ташқари, “ёнига салом бериб жойнамоздан орқага қараш”) асосида англаб олиниши мумкинлигига қаратамиз. Демак, бу деталлар ниҳоятда муҳим. Хўш, улар таржимада қандай акс этган?

Аслиятдаги “Қош қорайиб, қоронғу тушаёзған эди” жумласи биринчи таржимада “Пока Хасанали собрался и вышел, уже стемнело” деб ўгирилган, яъни аслиятда Ҳасанали кўчага чиққанида эндигина қош қорайган (шом вақти) бўлса, таржимада “чиққунича қоронғи тушиб бўлган” (шом вақти ўтиб бўлган). Кейинги тафсилотларнинг берилиши ўринли, бироқ “ёнига салом бериш” детали тушириб қолдирилган, Зиё шоҳичи биратўла фотиҳа қилгачгина келиб кўришади. Шу икки деталнинг тушиб қолгани юқорида шарҳланган  маъноларнинг аксарияти таржимада йўқолганига далолат қилади. Сабаби эса, бизнингча, ушбу деталларнинг матндаги аҳамиятини англамаслик, уларга етарли қиммат бермаслик, матн қисмларининг мазмуний боғланишларини фаҳмлай олмаслик билан изоҳланиши керак.

Аслиятга содиқлик йўли тутилган иккинчи таржимада вақт адекват берилган: “На улице  ранние сумерки постепенно сменялись темнотой”. Шунингдек, намоз ниҳоясидаги икки ёнига салом бериш тафсилотлар билан бойитилгани ҳам кўрилади: “Зия шахичи, завершая молитву, по ритуалу поворачивался с молитвенного коврика вправо и влево от себя и произносил – “Ассалому алейкум”. Затем он воздел руки к небу, сказал заключительные слова молитвы и после этого подошел к старику поздороваться”. Бироқ, афсуски, русийзабон ўқувчининг тушуниши учун матн­ни кенгайтиргани ҳолда аслиятдаги муҳим нуқта – “ёнига салом бериб жойнамоздан орқага қараш” детали бунда ҳам тушириб қолдирилган. Иккинчидан, аслиятда тафсилотлар берилмагани учун ўзбек ўқувчиси намоз арконлари рисоладагидек бажарилган деган ўйда қолаверади, бироқ таржимани ўқиган русийзабон ўқувчи намоз арконларидан хабардор бўлса, Зиё шоҳичининг амали ноқис деган тасаввур қолиши мумкин. Негаки, биринчидан, “поворачивался с молитвенного коврика вправо и влево от себя” дейилгани салом бериш амалини тўғри тавсифламайди: мутаржим айтмоқчи, “по ритуалу” – тартибга кўра аввал бошни ўнгга буриб салом берилади, сўнг бошни чапга буриб яна салом бериладики, бу ўринда “поворачивался” феъли ўринли эмас, “поворачивая голову” дейилиши керак. Иккинчидан, “ёнига салом берди” дейилса, аслият ўқувчиси “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” калимасини тушунади, яъни тафсилли тасвирлаш ният қилинган экан, буни охиригача қилиш керак, токи русийзабон ўқувчида чала, нотўғри тасаввур қолмасин.

Умид қиламизки, гапни бошлабоқ ўртага ташлаган хулосамизга, яъни ҳозирча романнинг рус тилига қилинган иккала таржимаси ҳам “тажриба” мақомида деганимизга озми-кўпми ишонтира олдик. Дарҳақиқат, агар русийзабон ўқувчи роман мутолааси чоғи биз “кўролган” ҳаётий ҳолатларни кўз олдига келтира олмаса, кўнгилда ҳис этганимизни ҳис қилиб, мушоҳада қилолганимизни англай олмаса – таржимадан нима наф?! Хўш, нега шундай бўлди? Аслида, таҳлилларимиз шу саволга жавоб эди, яъни биз асосий сабабни аслиятдаги миллий бўёқнинг таржимада қайта яратилмаслигида деб тушунмоқдамиз.  Зеро, миллий ҳаёт шу муҳитда етишган одам нигоҳидан ўтиб, миллий тилда акс этган асарнинг миллий бўёқлари қайта яратилмас экан, таржиманинг адекватлиги ҳақида оғиз очиш ҳам ортиқча. Шу маънода таржима аслига монандлигининг бош шарти – аслиятдаги миллий бўёқларни қайта яратишдирки, токи таржима ўқувчиси олган таассурот аслият ўқувчиси таассуротига максимал даражада яқин бўлсин. Тўғри, бу талабимиз билан ўта максималист бўлиб кўринишимиз мумкин, бироқ талаб қанчалик баланд қўйилса, натижа шунга қараб юксалиб бориши ҳам аён ҳақиқатдир. Ҳолбуки, ўзбек адабиётидан рус ва ўзга тилларга қилинган таржималарда айни шу талаб оқсаганки, оқибат адабиётимизнинг нодир намуналари ҳам русийзабон ўқувчи наздида ўзига муносиб қадр топмади.

Ўз вақтида, жуда кўп асарларимиз режали тарзда рус тилига ўгирилган шўро замонида, бу хайрли ишга “кун келиб миллий тиллару миллий маданиятлар йўқолиб, ягона тил ва маданият шаклланади” қабилидаги ақида соя солиб турди. Натижада эса асарларимизнинг зоҳири ўгирилди, уларнинг руҳи, замиридаги маъно товланишларига эътиборсиз, беписанд қаралди. “Ўткан кунлар”нинг илк таржимасида шунинг таъсири сезилади, десак, хато бўлмайди. Иккинчи таржимада айнан миллий ўзига хосликни акс эттиришга ҳаракат борлиги ҳам тайин, бироқ унда ҳам кўнгилдагидек натижага келинган эмас. Яъни “Ўткан кунлар”ни русийзабон ўқувчига танитиш йўлида мутаржимларимиз ҳали кўп изланишлари керак…

Ўз-ўзидан савол туғилади: тақдир тақозоси билан бир асрдан зиёд вақт давомида оммавий тарзда ўрганиб ва фойдаланиб келаётганимиз рус тилигаки таржималар шу аҳволда бўлса, энди-энди оммавий ўрганишни бошлаганимиз ғарб тилларига таржималар қандай бўларкин? Улар жаҳон аҳлига Қодирийни, миллатимизни аслига монанд танита олармикин? Тўғри, даражасидан қатъи назар, таржима қилинишининг ўзи ютуқ – халқимиз учун оламшумул аҳамиятга молик воқеа бўлажак. Бироқ, агарки қутлуғ ишга қўл урилаётган экан, унинг пухта ва сифатли амалга оширилиши икки карра хайрлидир. Мавжуд тажрибани ўзлаштириш, йўл қўйилган камчилик ва хатоларни такрорламаслик, уларни келтириб чиқарган омилларни бартараф этиш чораларини кўриш муваффақият шарти ва гаровидир. Юқорида асосий эътиборни роман таржималаридаги камчиликларга қаратганимиз, уларни анча батафсил шарҳлаб, сабабларини изоҳлашга ҳаракат қилганимиз шундан.

Таҳлилларимиз таржима иши, айниқса, “Ўткан кунлар”дек миллийлик руҳи билан йўғрилган асарларни ўзга тилларга ўгириш – ғоят мураккаб ва машаққатли, бир киши кўнгилдагидек амалга ошириши мумкин бўлмаган иш, деган хулосага олиб келмоқда. Зеро, биринчидан, таржима қилиш учун аввал романни том маънода ўзлаштириш, матн замиридаги маъно товланишларининг барини кўра олиш даркор. Бунинг учун таржимонга бадиий сўзни теран ҳис қиладиган филолог, ўтмишимизни икир-чикирларигача жонли тасаввур эта оладиган тарихчи, урф-одатларимиздан чуқур хабардор этнограф, диний арконларни биладиган диншунос кабиларнинг маслаҳатлари мунтазам керак бўлади. Иккинчидан, таржима тилида оригинал бадиий ижод қилишга қобил ва бу борада иқтидорини намоён эта олган кишини – профессионал ёзувчини мутаржим сифатида жалб этиш зарур. Зеро, фақат шундагина роман ўзга тилда бадиий асар ўлароқ жаранг топиши мумкин. Айни чоқда, иш давомида унинг ёнида ўзбек ва инглиз тилларини мукаммал биладиган маслаҳатчи бўлиши керак, токи у муаллиф ва адабиётимиз манфаатларининг ҳимоячиси ўлароқ туриб берсин. Ниҳоят, учинчидан, романнинг ўзга тилдаги нашри анча катта ҳажмдаги муфассал изоҳ ва шарҳлар билан таъминланиши шарт, яъни таржимани чоп этиш харажатлари ҳам сезиларли даражада ортиши табиий.

Мазкур умумлашма уч шарт, аввало, биз назарда тутаётган таржима жамоавий ижод маҳсули бўлишини кўзда тутади, фақат, бамисоли театр­даги каби, ижодий жамоа меҳнати битта нигоҳ – инглиз тилида ёзувчи профессионал адиб нигоҳида бир фокусга йиғилади. Аёнки, бундай тажрибага шахсий ташаббус билан, хусусий тарзда ҳеч кимнинг қўл урмаслиги ҳам тушунарли, чунки уддасидан чиқиш мушкул. Иккинчи томондан, бундай таржимани амалга ошириш учун сарф этиладиган меҳнат ҳам, нашрнинг ўзи ҳам каттагина маблағни талаб қилади, дейлик, биргина инглиз тилида ёзадиган профессионал адибни жалб этишнинг ўзи бўладими, ахир?! Албатта, бундай таржиманинг амалга оширилиши, бу иш учун амалдаги сарфлардан бир неча ўнлаб баробар харажатни талаб қилади. “Ўткан кунлар” каби миллат юзини кўрсата оладиган асарлар эса бунга ҳар жиҳатдан арзийдики, фикримизча, уларнинг таржимаси махсус дастур асосида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Хуллас, биз тавсифлаган тартибдаги иш бадавлат саховатпеша ҳомийлигида ёки нуфузли ташкилот бошчилигидагина амалга ошиши мумкин. Сўзимиз аввалида зикр этилган хабардан беҳад қувонганимизнинг сабаби – шу, шояд мулоҳазаларимизнинг бу қутлуғ ишга оз бўлса-да нафи тегса.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 7-сон

________________

[1] Русча “поручать” феъли “поручитель” (яъни ўзганинг масъулиятини бажариш зиммасига юкланган шахс) шахс оти маъносини тўла ифодаламайди, у кўпроқ “топшириқ бермоқ”, “зиммасига юкламоқ” маъноларида қўлланади (муал.).