Шўро даврининг мудҳиш қатағони кўплаб зиёлиларимизнинг бошига етди, осон қутулганлари сарсон-саргардонликка маҳкум этилдилар. Шулардан бири ёзувчи, шоир, драматург ва адабиётшунос олим Шукур Ёлқиндир.
Шукур Ёлқин ҳақида Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултети кутубхонасида сақланаётган, араб алифбосига асосланган уйғур тилида “Шинжон халқ нашриёти”да 2005 йили босилган, Хитойдаги Миллатлар университетида ўзбек адабиётидан диссертация ёқлаган олим Ҳикматжон Фикрат ва Қодир Акбар ҳаммуаллифлигида ёзилган “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида тегишли маълумотлар баён этилган. Китобда ёзилишича Абдушукур Муҳиддин ўғли Ёлқин 1918 йил 8 ноябрда Тошкентда, маърифатпарвар табиб оиласида туғилган. Отаси Муҳиддин ҳожи араб, форс, урду тилларини яхши билар, уйида тез-тез адабий кечалар ташкил қилиб турар эди. Оила муҳити ёш Абдушукурда адабиётга қизиқишни кучайтиради, у араб имлосидан лотин имлосига ўтиш давридаги мунозараларда фаол қатнашиб, бир мақола эълон қилади. Абдушукурнинг Ориф Айюби исмли зиёли қариндоши бу мақолани ўқиб: “Сен бир ўт-ёлқин экансан-ку, бундан кейин тахаллусинг “Ёлқин” бўлсин”, дейди.
Абдушукур отасининг таъсирида Навоий, Фузулий, Абдураҳмон Жомий, Сўфи Оллоёр ижодига ошно тутинади. Шу билан бирга, ўз даврининг ёзувчи ва адиблари ижоди ҳам уни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, унинг Абдулла Қодирий ижодига ихлоси баланд эди. Хотираларида шоир шундай ёзади: “1932 йил бўлса керак, Тошкентнинг обод бозори — Чорсуда бизнинг бир туққанимиз (қариндошимиз — Д.У.) газет-журнал сотарди. Бир куни шу туққанимизнинг қошларига боргандим, Абдулла Қодирий билан учрашиб қолдик. Биз у вақтларда адибнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларини талошиб-тортишиб ўқурдик. Уларни ёддан билардик, десам муболаға бўлмас… Мен адибга: “Биз сизнинг китобларингизни кўп ўқиймиз, лекин бирор китоб бермадингиз”, дедим. Абдулла Қодирий: “Рост, шундоғ бўлди, ҳа”, деганича сумкасини ахтариб: “Мен таҳрирлаган китобни берсам бўладими?”, деди. Мен: “Майли, майли, қандоқ китоб бўлса ҳам бўлаверади”, дедим. Адиб сумкасидан ҳажми онча чўнг (катта — Д.У.) бўлмаган бир китобни олиб, ичига кирондош-қалам билан: “Укамиз Абдушукурга тақдим, Абдулла Қодирий”, деп ёзип берди. Қарасам, бу франция ёзғувчиси Фердинанд Дюшьенинг “Тамилла” номли рўмони экан. Бу асарни ўзбекчага Ўзбекистонда яшаб ижод қиладиган Зариф Баширий деган татар ёзғувчиси таржима қилғон бўлуп, таҳрирлигини Абдулла Қодирий қилғонакан. Бу рўмон 1928 йили, Тошкентта кўҳна ўзбек ёзуқида нашр қилинғониди”. Шукур Ёлқин адиб совға қилган, ўзи учун жуда қадрли бу китобни доимо ёнида олиб юрган. Хотираларида ушбу китобни йўқотиб қўйиб, орадан 50 йил ўтгач, 1986 йили Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрига келганда тасодифан топиб олганини ёзади. Афсуски, Абдулла Қодирийнинг табаррук дастхати битилган саҳифа адиб номи қораланган вақтларда йиртиб ташланган экан.
Абдушукур мактабни битиргач, Москвадаги Педагогика институтига ўқиб, рус ва жаҳон адабиёти намояндалари ижоди билан танишади. Бу орада собиқ шўро тузуми халқ зиёлиларини қатағонга дучор эта бошлаган эди. Илмли, маърифатпарвар Муҳиддин ҳожи ҳам бу “насиба”дан бебаҳра қолмайди. У оиласи билан Шинжонгга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Шукур Ёлқин ҳам Москвадан Тошкентга эмас, Шинжонгга келади ва бу ерда “Ҳилоли Аҳмар” (“Қизил ой”) жамиятида котиб бўлиб ишлай бошлайди. Тоғаси Мирюсуф Мирзоҳидов илмли инсон бўлиб, унинг форс, турк, ўзбек, рус адабиёти намуналари жамланган беш мингга яқин китобдан иборат кутубхонаси бор эди. Шукур Ёлқин ана шу китобларни чанқоқлик билан ўқишга киришган бир пайтда отаси ва тоғаси қамоққа олиниб, қатл этиладилар, китоблар мусодара қилинади. Шундан сўнг у Ғўлжага кетади ва оиласини боқиш учун савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлайди. 1944 йили ноҳақ айб билан ҳибсга олиниб, Урумчи қамоқхонасида 11 ой ётади ва гуноҳсиз топилиб озод қилинади. Шукур Ёлқин 1945 – 1955 йилларда Шинжон Педагогика институтида ўқитувчи, Шинжон халқ нашриётида муҳаррир, 1957 йилдан Шинжон Ёзувчилар уюшмасининг поэзия ва драматургия бўлими мудири бўлиб ишлайди. 1957 йили яна туҳматга учраб, қамалади. Бироқ ҳақиқат кеч бўлса-да қарор топиб, озодликка чиқади. “Бу воқитта адибнинг ёши 60 тин ошқониди”, деб ёзади Ҳ.Фикрат ва Қ.Акбар. “2002 йил 10 декабр Шинжонг Уйғур районлик дехтирхонасида тақдирнинг турлик бурон-чопқинлари қаддини буколмаган хизрсипат бир оқсоқол бу поний дунё билан мангуликка хушлашди”.
Адиб ҳаёти ва ижоди, у яратган асарлар ўрганишга, тадқиқ этишга арзигуликдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 51-сонидан олинди.