Ғарб адабиёти деганда, аввало нафосат, саргузашт ва тахайюлга бой адабиёт кўз ўнгимизда гавдаланади. Айнан шу хусусиятлари билан ҳам бу адабиёт бошқа адабиётларидан ажралиб туради. Қиролича Виктория даврида (ўн тўққизинчи аср) илм-фан ва адабиётга жуда катта эътибор қаратилган, қаҳрамонимиз ана шу замоннинг забардаст ёзувчиси, довюрак адабий танқидчиси ва жасоратли журналисти Чарлз Диккенсдир. Мутахассислар унинг асарлари ўзига хослиги, янги қаҳрамон яратиш бўйича уни Шекспирдан кейинги ўринда туради деб эътироф этадилар. Адибнинг 15 та роман, 5 та новелла ва юзлаб ҳикоялари, мақолалару маърузалари бизгача етиб келган.
Чарлз Жон Ҳаффем Диккенс 1812 йилнинг 7 февраль куни Портсмут шаҳрининг Портси деган ҳудудида Жон Диккенс (1785-1851) ва Элизабет Диккенс (1789-1863) хонадонида дунёга келади. Отаси ўша пайтларда Неви Пей идорасида маълум вақт юқори лавозимда ишлайди. Чарлз туғилганидан кейин бу оила Блумсберидаги Норфолк кўчасига кўчиб кетади. Чарлзнинг болалиги сарсону саргардонликда, ёшлигининг асосий қисми эса саёҳатларда кечади. Шундай бўлса-да, у адабиётдан йироқлашиб кетмайди. У ёшлигиданоқ Тобиас Смоллет ва Ҳенри Филдингнинг саргузашт романларини севиб мутолаа қилади. Унинг болалигида кечган қайғули хотиралар ва ўзи севиб ўқиган мазкур романлар эса кейинчалик асарларидаги қаҳрамонлар сиймоси учун замин яратган бўлса ажаб эмас.
Чарлз жуда қисқа вақт хусусий мактабда таҳсил олади. Оила молиявий жиҳатдан қийинчиликларга учрагач, 1822 йилда Диккенслар Лондондаги Кемден шаҳарчасига кўчиб кетишга мажбур бўладилар. Узлуксиз давом этган бу молиявий танглик 1824 йилда Жон Диккенсни Лондондаги Маршалси қарздорлар қамоқхонасига тушишгача олиб келади.
Орадан бир неча ой ўтиб, Жон Диккенснинг бувиси Элизабет Диккенс (ота томондан) вафот этади ва унга 450 фунт-стерлинг мерос қолгани ҳақида хабар келади. У бу пуллар эвазига қамоқдан озод қилиниб, бир йўла қарзларидан ҳам қутулади. Кўкрагига бироз шамол теккан, Жон оиласи билан Маршалсини ҳам тарк этиб, Кемден шаҳарчасида яшовчи дўсти Ройленс хонимларникига кўчиб боради. Чарлз ночор аҳволда қолган пайтларида пойабзал фабрикасида ишлар, отасининг қамоқдан чиққанига қарамай, онаси унинг фабрикадан кетишига рухсат бермасди.
Бешафқат кечган болалик йилларини у “Девид Копперфилд” автобиографик романида ниҳоятда таъсирли қилиб тасвирлайди. “Менинг на маслаҳатгўйим, на насиҳатгўйим, на руҳлантирувчим, на кўнгилга таскин берувчим, на менга ёрдам берувчи ва на мени қўллаб-қувватловчи одамим бўлган, умуман, мен ҳеч кимдан мурувват кутмаганман, гўё Аршга кетаётгандек ёлғизланиб қолганман”.
1830 йилда 18 ёшли Диккенс биринчи муҳаббатини учратади. Мария Беднелл исмли бу гўзал қиз кейинчалик “Девид Копперфилд”да Дора образида намоён бўлади. Уларнинг бир-бирига бўлган илиқ муносабатидан воқиф бўлган Мариянинг ота-онаси қизини Париждаги мактабга жўнатиб юборишади.
Ёш Диккенс актёр бўлишни орзу қилар, бироқ оиладаги оғир шароит туфайли у ишлаб пул топишга мажбур эди. У стенографияни ўрганиб, газетада мухбир бўлиб ҳам ишлайди. 1833 йил декабрь ойида унинг илк “Жаноб Минс ва унинг амакиваччаси” номли очерки эълон қилинади.
Айни куч-қувватга тўлган Чарлз Диккенс 20 ёшида нафақат жисмонан, балки ижод борасида ҳам бироз улғаяди, юморга мойиллиги ортади: у келажакда ким бўлишини билмаса-да, кун келиб машҳур бўлиб кетишини ич-ичидан сезарди. У иш фаолиятини театрдан бошлайди-ю, лекин шароит тақозоси туфайли у ерда ҳам узоқ ишлолмайди. Орадан бир йил ўтгач эса унинг илк “Поплар Волкдаги тушлик” деб номланган ҳикояси “Лондон периодикал” ойлик журналида чоп этилади. Шу ҳикоя сабаб у Фурнивал меҳмонхонасида яшай бошлайди, негаки, Чарлз энди сиёсат борасида ҳам етук журналистга айланиб улгурган, парламент баҳсларида қатнашиб, Британия бўйлаб ялпи сайлов компаниялари ҳақида “Морнинг Хроникл” газетасида янгиликлар бериб борарди. У ўзининг қўлёзмаларига Боз-Боз деб имзо чекарди. Ҳолбуки, бу тахаллус аввалига Мозес бўлиб, кейинчалик бу исм оғиздан-оғизга ўтиб, Бозесга айланган, янада қисқариб, Бозга айланиб кетганди.
1836 йилдан ёш адиб “Оливер Твист” асари устида иш бошлайди. 1838 йилда бу роман унга мислсиз шон-шуҳрат келтиради ва Диккенснинг дурдона асарларидан бири сифатида тарихга муҳрланади.
1836 йил 2 апрелда 24 ёшли Чарлз “Ивнинг Хроникл” газетаси муҳаррири Жорж Хогартнинг қизи Катерин Томсон Хогартга уйланади. Орадан бироз ўтиб улар Фурнивалга қайтишади ва биринчи фарзанди Чарли туғилади. У укаси Фредерик ҳамда 17 ёшли қайинсинглиси Мэри билан Блумсбери(Лондон)га кўчиб келади. Диккенс Мэрини тобора сўлиб бораётганидан, ўзининг қўлидан ҳеч нима келмаётганидан азият чекарди. Лекин 1837 йилда Мэри оғир хасталикдан (хасталик ҳақида маълумотлар қолдирилмаган) Чарлзнинг қўлида жон беради. Мэрининг бевақт ўлими унинг руҳиятига жуда қаттиқ таъсир қилиб, анча пайтгача ўзига келолмай юради. Унинг сиймоси Диккенснинг кўз ўнгидан кетмасди. У билан боғлиқ хотираларни эса ўзининг “Кичкина катта” номли асарида Роуз Мейли тимсолида акс эттиришга эришади. Ҳатто “Оливер Твист” романини давом эттиришга ҳам қўли бормайди.
1842 йилда Чарлз Диккенс оиласи билан биринчи марта АҚШ ва Канадага сафар уюштирадилар. Сафар давомида ёзувчи жуда кўплаб муаммоларга дуч келади.
Ёзувчи 1844 йили қисқа вақт Италияда, кейин эса Швейцарияга (1846) сафар қилганди. Шу асно Диккенс ижодида жиддий ўзгариш рўй беради. “Домби ва унинг ўғли” ҳамда “Девид Копперфилд” сингари жиддий мавзудаги романларини ёзиб битиради…
1850 йилларда Диккенс ижоди янги босқичга кўтарилади. Бу даврда у “Совуқ ўт”, “Оғир дамлар”, “Икки шаҳар ҳақида қисса” романларини ёзади. Бу романларда жамиятда юз бераётган муаммолар бадиий, ёрқин бўёқларда қаламга олинади.
Диккенс ҳақида биограф Клейр Томалин анча илиқ гаплар ёзиб қолдирган. Клейр ёзувчини қаҳрамон яратиш бўйича Шекспирдан кейинги ўринда турадиган моҳир адиб эканини алоҳида таъкидлайди. Унинг қаҳрамонлари, айниқса, оригинал исмлар билан топилган образлар инглиз адабиётида абадиятга муҳрланган. Масалан, Абуназар Скруж, Ёқуб Марли, Боб Кретчит, Оливер Твист, рассом Доджер, Девид Копперфилд, Самуэл Пиквик, Урия Ҳип сингари қаҳрамонлар ҳозирда Британия маданияти намояндаларига айланган.
Виржиния Вулф унга қуйидагича таъриф беради: “Диккенсни ўқиганимизда руҳий жиҳатдан ўзимизни яна қайта поклагандек бўламиз. У аниқ ва муқаррар бўлмаган, деталларда учрамайдиган қаҳрамонларни яратди, лекин унинг ёввойи қалами ажабтовур, ўзига хос образларни кашф этдики, уларни илғамасликнинг иложи йўқ эди”.
1870 йилнинг 8 июнь куни Диккенс кун бўйи қаттиқ ишлаш жараёнида инсултдан ҳушини йўқотади ва эрталабгача ўзига келмайди. 9 июнь куни Чарлз Диккенс ўз уйида оламдан ўтади. Ўзининг васиятига кўра, уни Вестминстер Эббейдаги Шоирлар бурчагига дафн этадилар. Унинг қабрига: “1870 йилнинг 9 июнида 58 ёшида Кент шаҳридаги Рочестер яқинидаги Ҳаем қишлоғида, ўзининг қароргоҳида вафот этган Чарлз Диккенс (Англиянинг энг машҳур муаллифи) хотирасига бағишланади. У бечоралар, мазлумлар ва тушкунларнинг ҳамдарди эди, унинг вафотидан сўнг Англияда буюк ёзувчилар сафи биттага камайди…” деган сатрлар битилади.
Охирги марта қизи Жоржина ёзувчидан қаерда ухлашини сўраганда у “Ерда!” деб жавоб берганди… Бу унинг охирги иқрори эди.
Ҳозирда кўплаб музейлар Чарлз Диккенс номи билан аталади, унинг асарлари ва қаҳрамонлари акс этган байрамлар муттасил нишонланиб келинади. Портсмутда Чарлз Диккенс уй-музейи ҳам бор. 1891 йилда Филаделфияга қўшни ҳудуд бўлмиш Кларк Паркдан Франсис Эдвин Элвелл томонидан тарошланган Диккенснинг бронза ҳайкали топилади.
2012 йили эса Лондон музейида ёзувчининг 200 йиллик юбилейи зўр тантана билан нишонланди. Бу тантана халқнинг унга бўлган буюк эҳтироми ва эътирофидир.
Бобур Наби тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон