Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давлатига хос хусусиятлардан бири аёлларга бўлган муносабат масаласидир. Зеро, аёллар ҳам улуғ мавқега эга бўлган (Бу ҳақда қаранг: Руи Де Клавихо. “Самарқандга — Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403 — 1406), “Ўзбекистон”, 2010. 154 — 190-бетлар; Низомиддин Шомий. “Зафарнома”, “Ўзбекистон”, 1996. 34, 36, 123, 190, 222, 393-бетлар; Шарафиддин Али Яздий. “Зафарнома”. “Шарқ” НМАК, 1997. 384-бет; Турғун Файзиев. “Темурий маликалар”, “Ўзбекистон”, 2012. 72-бет).
Ҳар бир “хоним” ва “бегим”ларнинг мол-мулки, қароргоҳлари, хазинадан улуши, турли хизмат турларини бажарувчи хизматкорлари бўлган. Фақиҳлар, қозилар, шайхлар, мўътабар шахслар баъзи ҳолатларда улар фикрини инобатга олишган.
Бобур “Бобурнома”да олтмишга яқин хотин-қиз образини у ёки бу даражада асар характеридан келиб чиқиб тасвирлайди. Ушбу образлар ва уларга муносабат Бобур сиймосининг баъзи жиҳатларини белгилашда ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бобур ўзи тасвирлаган хотин-қизлар образини таништиришда объектив бўлишга интилади, тарихий-қиёсий усулдан фойдаланади. Чунки улар тарихий образлар — темурий ва мўғул хонлари саройи билан боғлиқ “хоним”, “бегимлар” ва “оғача”, “ғумма”лар ҳамда 96 нафар набира соҳибаси, хотираси билан Бобурни ҳайратга солган деҳкатлик бир юз ўн бир яшар хотин, Иброҳимнинг онаси малика Буъадир. Асарда шоҳ, султон, хон, мирзаларнинг, хусусан, Умаршайх мирзо, хон додаси Юнусхон ва Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзо, Ҳусайн Бойқаролар билан боғлиқ “Авлоди” ва “Хавотин ва сарори” фаслидаги фикр-мулоҳазалар, тарихий маълумотлар берилган. Бу фаслда хотин-қизлар номма-ном санаб кўрсатилади, изоҳлар, қисқа, лўнда таҳлиллар ҳам бериладики, бу билан Бобур ўз даврининг мураккаб сарой ҳаётига ҳам аҳамият қаратган, янги гаплар айтган.
Бобур онаси Қутлуқ Нигорхонимни “Бобурнома”да ўн уч ўринда тилга олади. Асарда “менинг волидам”, “менинг онам”, “волидам”, “волидахоним”, “онам”, “онам хоним” жумлалари билан энг кўп тасвирга олган аёл образи ҳам аслида онасидир. Қутлуқ Нигорхоним ҳақида ёзилган сюжетларнинг барчаси бир нуқтага жам қилинса, қуйидагича маълумот ҳосил бўлади: “Юнусхон ва Эсон Давлатбегимнинг иккинчи қизи, Умаршайх мирзонинг хотини, Хонзодабегим ва Бобур мирзонинг волидаси, Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхон эгачиси, “Аксар қазоқликларда ва фатаратларда” ўғли Бобур билан бирга бўлган фидойи она; ўрни келганда оналари, иниларига қўшилишга интилган, аммо “ҳеч навъ риояте ва шафқате кўрмаган” заифа хоним, тахтсиз шоҳ ўғлининг ягона чодирида паноҳ ва ҳимоя топган муштипар она; ўз саъй-ҳаракати билан Бобурни яқинларининг қизлари Ойша Султонбегим, Зайнаб Султонбегимларга уйлантириб, ўғли қатори “сура-сура ташвишлар кўрган”, “хейли сазоворлиқ кўрмаган” қайин она; “замона ноҳамворлиғидин ва даврон носозкорлиғидин” беҳузур бўлиб дардлар топган Қутлуқ Нигорхоним. Кобулда, ўғли Бобур қўлида “Тенгри раҳматиға бориб” тоғ этагида донишманд подшоҳ Улуғбек Кўрагон барпо қилган боғ – “Боғи Наврўзи”да (бу боғнинг эгаларига Бобур бир минг танга бериб рози қилганлигини Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да ёзиб қолдирган) мангу макон топган раҳматли она”. Ушбу тасвирлардан Бобур шахсининг, маънавий фазилатининг бир жиҳатини кузатиш мумкин, яъни ҳар қандай ҳолатда, беқарор замонда ҳам онасига муносиб вазият топа билиши, онаси шафқатлари ҳаққини адо қилишга интилишидир. Бобурнинг бу ўзгача фазилати жуда катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.
“Бобурнома”да муаллиф улуғ онаси Эсон Давлетбегим, Шоҳбегим Бадахший, Хадичабегим, Зуҳрабегим оға, Малика Буъа образлари мисолида дипломатик имтиёз ва иммунититга эга сарой, давлат, раъият ишларида юқори мавқели аёлларни кўрсатади. Бобур берган маълумотларда бу аёлларнинг мулк, миллат ишларига, подшоҳ ва шаҳзодалар ҳаётига ижобий ёки салбий, хайрли ё хайрсиз таъсир кўрсатганини ҳам таъкидлаб ўтади.
Бобур асарида “улуғ онам” деб уч ўринда қаламга олган Эсон Давлатбегим ҳақида жуда кам учрайдиган нодир маълумотлар берилган. “Ул фурсатда сағрийча бекларнинг улуғи Шер Ҳожибек эди, анинг қизи Эсон Давлатбегимни олди”. Демак, Эсон Давлатбегим бекларнинг улуғи оиласидан чиқиши ва мўғул хонларидан Юнусхон никоҳига кириши унга сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан илғор муҳитга киришига имкон берган. “Мўғул тўраси била хонни ва Эсон Давлатбегимни бир оқ кийиз устига ўлтурғузуб хон кўтардилар” хабари эса тўра — қонун билан кафолатланган малика сиймосини намоён қилади. Улуғ онанинг ташкилотчи ва тактик сифатидаги маҳорати боис Бобур давлатига қарши курашга отланган Ҳасан Ёқуб бошчилигидаги душманлар ҳамласи барбод қилинади. Баъзи манбаларда ушбу фитна ва унинг фош этилиши билан боғлиқ таҳлилларда негадир Эсон Давлатбегим тилга олинмаган (Ўзбек адабиёти тарихи. 5 жилдлик. 3-жилд. XVI асрдан XVIII асрнинг 70-йилларигача. “Фан”, 1978. 46-бет).
Ижтимоий ҳаракатчанлик, фаоллик Бобур ҳокимиятига хайрихоҳлик, кучли индивидуализм кабилар фақат Эсон Давлатбегимга хосдир. Шу туфайли Бобур сиёсий ҳаётини бойитган улуғ онасига бўлган муҳаббати ва ҳурматини изҳор этиб “Хотунлар орасида раъй ва тадбирда менинг улуғ онам Эсон Давлатбегимча кам бўлғай эди. Бисёр оқила ва мудаббира эди. Кўпроқ иш – куч аларнинг машварати била бўлур эди” (Бобур. Бобурнома, “Шарқ” НМАК, 2002. 47-бет), деб ёзади. Бобурнинг бу фикрларига монанд ва хайрихоҳ фикрлар бошқа манбаларда ҳам учрайди (Гулбаданбегим. Ҳумоюннома. “Маънавият”, 1998. 13 — 14-бетлар; Муҳаммад Ҳайдар Мирзо. Тарихий Рашидий. “Шарқ” НМАК, 2010. 147, 148, 155, 157-бетлар; Хондамир. Буюклик хислати. “Шарқ” НМАК, 2011. 44 — 45-бетлар).
Бобур ўз тасвир ва таърифларида бирон бир хотин-қизнинг шакли-шамойили, ҳашамати, кийиниш тарзи, зебу зийнати, пардози билан боғлиқ жиҳатларига лавҳаларни бермайди, ваҳоланки лирикасида бундай бадиий тасвирларни учратишимиз мумкин. Бобур хотин-қизларнинг ақли, одоби, фаросати, ҳурмат ва эътибори, латофати, меҳру муҳаббати, идроки масаласида қатъий фикр билдиради. Ҳатто муносиблик жиҳатидан ўзига тенг бўлган аёлни топиш Бобур учун ҳам осон кечмаганидан хабардор бўламиз.
Буробия Ражабова,
ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 23-сонидан олинди.