(ўзбек-қозоқ адабий алоқаларига доир)
Ўзбек-қозоқ халқларининг дўстлиги, адабиётларининг руҳий яқинлиги ҳақида гап борганида беихтиёр Ғафур Ғуломнинг “Қозоқ элининг улуғ тўйи” шеъридаги қуйидаги мисралар ёдимизга тушади:
Минг йилларга бар тутқазмас
Қардошлик тарихимиз.
Икки бошга бир манглайдай
Ярқироқ тақдиримиз.
Донишманд шоиримиз хўп топиб айтган. Зеро, аллома адибимизнинг ушбу ўхшатишида икки қондош, елкадош халқнинг азалий бирдамлигини акс эттирувчи муаззам бир достон кўламидаги маъно айтилган. Собит Муқоновнинг “Яйловда молимиз, тўшакда бошимиз қўшилган” деган сўзлари ёки Шол оқиннинг:
“Ўзбекнинг униб-ўсган ери – гул-да!
Ўзбекдан ўтадиган эл бормикан
Дўстлик, меҳр, садоқат, ширин тилда! –
каби сўзлари бу қардошликнинг яна бир тасдиғидир.
Дарёлар ирмоқлардан қувват олиб, тўлиб-тошиб теранлашганидек, адабиёт ҳам, айниқса, тили, дили бир халқларнинг адабиётлари ҳам ўзаро ҳамкорлик жараёнида бир-биридан қувват олиб, юксалиб боради. Ўзбек-қозоқ адабиётларидаги ижодий ҳамкорлик жараёнини атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов шундай таърифлаган: “ХХ аср бошларида ўзбек адиби Абдулла Қодирий яратган романлар қозоқ ёзувчилари учун ҳам адабий мактаб бўлгани ҳақида Мухтор Авезов кўп ёзган… Қозоқ адабиётидаги эпиклик, халқ оғзаки ижодиётига мойиллик каби хислатлар асосан мумтоз адабиёт анъаналари руҳида шаклланган ўзбек адабиётини янада ёрқин ранглар билан бойитишга муносиб ҳисса қўшди. Икки халқ адабиёти вакилларини бамисоли эгизакка ўхшатиш мумкин, зеро, Мухтор Авезов ва Ойбек, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов, Абдулла Тожибоев ва Миртемир, Абдулла Орипов ва Ўлжас Сулаймоновлар адабиёт майдонида бир-бирига ҳамнафас бўлиб қалам сурдилар…”
Адабий алоқаларнинг ижодий самарасини XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаган қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, буюк мутафаккир шоир Абай ижодида ёрқин намоён бўлганини кузатиш мумкин. Адиб кўп асрлик тарихга эга шарқ мумтоз адабиёти, унинг буюк намояндалари Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, шунингдек, Алишер Навоийни ўзига пир тутиб, уларнинг ижодидан руҳий мадад олганини ўн тўрт ёшидаёқ битган қуйидаги тўртлигида баён этади:
Фузулий, Шамсий, Сайқалий,
Навоий, Саъдий, Фирдавсий,
Ҳўжа Ҳофиз – бу ҳаммангиз,
Мадад беринг – қилмангиз осий.
Абай ўзининг “Нақлия”ларида ўзбек халқини кўп жиҳатдан ўрнак қилиб кўрсатади, ҳурмат билан тилга олади, ўзбеклардан чиққан алломаларни улуғлаб, халқимизнинг зироатда тенгсизлигини таъкидлайди.
Қозоқ ва ўзбек адабиётидаги ижодий ҳамкорлик, айниқса ўтган асрда юксак нуқтага етди. Адабиётшунос олим Қолдибек Сейдановнинг таъкидлашича, 1935 йилда Сакен Сайфуллин, Аҳмад Бойтурсунов, Миржақип Дулатов, Султонмаҳмуд Тўрайғиров, Собит Дўнантоев, Мағжон Жумабоев, Асқар Тўқмағанбетов каби атоқли қозоқ шоирларининг шеърлари Уйғун ва Миртемир таржимасида “Қизил яйлов” номи билан Тошкентда чоп этилади. 1938 йилда Ғайратий шеърлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари Абдулла Тожибоев томонидан қозоқ тилига ўгирилади.
1945 йили қозоқ халқининг улуғ шоири Абай таваллудининг юз йиллиги муносабати билан оқиннинг танланган асарлари Миртемир, Уйғун, Ғулом Шоди таржималарида илк бор ўзбек тилида нашр этилади. Шундан буён Абай асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, турли муаллифлар томонидан таржима қилинаётир. Абай Қўнонбоев ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича 2018 йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди. Бу ҳужжат ўзбек-қозоқ адабий алоқалари янги босқичга кўтариладиган давр келганидан далолат, дейиш мумкин.
Ўзбек-қозоқ адабий алоқаларининг мустаҳкамланишида қозоқ адабиётидан қилган кўплаб таржималари, шунингдек, қозоқ ижодкорлари билан самимий дўстона муносабатлари билан “Ўзбек-қозоқ халқининг олтин кўприги” деган фахрий эътирофга сазовор бўлган устоз адиб Носир Фозиловнинг хизматлари беқиёсдир. 1953 йилда ёш адиб Носир Фозилов атоқли қозоқ ёзувчиси Собит Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби” номли автобиографик романини, 1956 йилда эса Ғабиден Мустафиннинг “Қарағанда” романини ўзбек тилига ўгириб, нашр эттирди. Ўтган асрнинг 50-йиллари охирида Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” тетралогияси Зумрад таржимасида ўзбек тилида нашр этилишида Носир Фозиловнинг хизматлари катта бўлган, яъни у устоз Миртемир билан ҳамкорликда асар таржимасининг таҳрири устида фаол иштирок этган. 1958 йилда Қалмахон Абдуқодировнинг “Ҳожимуқон” қиссаси ҳам Носир Фозилов таржимасида ўзбек тилида нашр этилади. Афсонавий шуҳратга эга бўлган қозоқ паҳлавони Ҳожимуқон сиймоси ўзбек халқига ҳам суюкли бўлгани туфайли мазкур қисса Ўзбекистонда олти марта нашр этилди. А.Нурпеисовнинг “Қон ва тер” эпопияси ҳам ўзбек китобхонлар орасида машҳур.
1978 йилда Носир оға Собит Муқоновнинг “Чўлоқ полвон” қиссасини таржима қилди. Миллатнинг орияти, қадри учун курашда жонини қурбон қилган полвон ҳақидаги қизиқарли қисса Ўзбекистонда уч марта, Қозоғистоннинг “Мектеп” нашриётида ўзбек тилида бир марта нашр этилди. Ғабит Мусреповнинг “Қозоқ солдати”, Собит Муқоновнинг “Чўпон боласи” романлари, Абайнинг танланган асарлари Миртемир, Носир Фозилов, Саидаҳмад Худойберганов, Раззоқ Абдурашидов таржимасида ўзбек ўқувчиларига етиб борди.
Ўзбек томошабинлари қозоғистонлик адибларнинг кўплаб драматик асарларидан баҳраманд бўлишган. Жумладан, Мухтор Авезовнинг “Абай”, Ғабит Мусреповнинг “Ипак қиз”, Абдулла Тожибоевнинг “Кўтарилган гумбаз”, Шакен Аймановнинг “Абай – эл фарзанди”, Қувондиқ Шанғитбоевнинг “Жон қизлар”, Олтинсоч Жаҳонованинг “Ҳазрати аёл” драматик асарлари мамлакатимизнинг қатор театрларида саҳналаштирилган. Шунингдек, Дулат Исабековнинг “Эски уйдаги икки учрашув” драмаси, “Бир ҳайкал можароси” трагикомедияси, “Бонапартнинг уйланиши”, Софи Сматаевнинг “Бойвучча, тўқол дегандек…” комедиялари, Қалтой Муҳаммаджоновнинг “Биз фариштамизми?”, Эрсин Қўйбоқарнинг “Бола ва тиланчи”, Раҳимжон Ўтарбоевнинг “Султон Бейбарс”, “Мен сизни сотмаганман” трагедиялари ҳамда “Уйланиш осонми?”, “Қиёфадош” комедиялари ўзбек тилига таржима қилинди.
Сўнгги беш йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Чимкент шаҳридаги ўзбек театрида атоқли адиб Муҳаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро” драмаси, Сайловбой Жумағулов, Мирпўлат Мирзо ва Эркин Хушвақтовнинг пьесалари ҳам саҳналаштирилди.
Тўқсонинчи йилларда қозоқ адиби Собит Дўсановнинг “Қалбимдаги дардим менинг”, “Арвона” қисса ва ҳикоялари Носир Фозилов ва Музаффар Аҳмад таржимасида, адабиётшунос олим ва ёзувчи Қулбек Эргобекнинг Собит Муқонов ижодига бағишланган “Ёзувчи ижодхонасида” номли улкан монографияси, қозоқ шоири ва эссеисти Эсонғали Равшановнинг “Қушлар – бизнинг дўстимиз” тўплами, Собит Дўсановнинг “Қашқир улиган тун” романи Меҳмон Исломқулов таржимасида ўзбек тилида нашр этилди.
Таниқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо эллик нафар қозоқ шоирларининг шеърларини “Қозоқ шеърияти антологияси” рукнида “Сайра дўмбирам” номида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйида, қозоқ адибларининг насрий асарлари Носир Фозилов, Саидаҳмад Худойберганов, Раҳимжон Отаев, Ҳусан Рўзиматов таржимасида “Тириклик қўшиғи” номи билан “Шарқ” нашриётида босилиб чиқди. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб номланиши муносабати билан шоир ва таржимон Янгибой Қўчқоров ташаббуси билан ўзбек китобхонларига Абайдан бошлаб замонавий қозоқ шеъриятининг истеъдодли намояндалари асарларидан иборат “Кўнгилдаги қирқ қўшиқ” тўплами тақдим этилди.
2013 йилда “Жаҳон адабиёти” журналининг ўнинчи сони тўлиғича қозоқ адабиёти ва санъатдаги йирик намояндалари асарларига бағишланган эди.
Қозоқ-ўзбек адабий алоқларига катта хизмати сингган ўзбекистонлик уч нафар адибимизнинг ижодий меҳнатлари Қозоғистонда эътироф этилиб, юксак қадрланди. Атоқли адиб, заҳматкаш таржимон Носир Фозилов Қозоғистон Президентининг “Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун” мукофоти билан тақдирланди. Шоир Мирпўлат Мирзо “Алаш”, ёзувчи Меҳмон Исломқулов “Алаш” ҳамда “Арғумоқ” адабий мукофотлари билан тақдирландилар.
Қозоғистонда ҳам Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссаси Абен Сотиболдиев таржимасида, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси ва ҳикоялари Кўбей Сейдахонов таржимасида, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романлари, Уйғун, Миртемир, Зулфиянинг шеърий китоблари Қувондиқ Шанғитбоев таржимасида, Носир Фозиловнинг болалар ҳақидаги ҳикоялари, “Оқим” қиссаси Абен Сотиболдиев, “Айни ёз” қиссаси Кўпей Сейдахонов таржимасида нашр этилган.
Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” комедияси Мухтор Авезов номидаги Қозоғистон Давлат Академик драма театрида кўп йиллардан бери намойиш этиб келинмоқда. Шунингдек, шу театрда Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” асари асосида яратилган спектакл Ўзбекистон халқ артисти, истеъдодли режиссёр Олимжон Салимов томонидан муваффақият билан саҳналаштирилган.
2015 йилда “Ўзбекистон” нашриётида Абай Қунонбоевнинг 170 йиллиги муносабати билан Қолдибек Сейданов ва Музаффар Аҳмад таҳрири остида буюк шоирнинг шеър, достон ва проза асарларидан иборат “Ёрқин юлдуз” номли янги тўплами нашр этилди.
Ўзбекистонда бир миллиондан ортиқ қозоқ қардошларимиз умргузаронлик қилишади. Улар орасида кўплаб истеъдодли шоирлар, ёзувчилар, драматурглар бор. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида Қозоқ адабиёти кенгаши иш олиб бормоқда. Кенгаш фаолларидан истеъдодли шоир Маҳкамбой Ўмаров Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам аъзо, Навоий вилоятидан Ойтуар Собиров, Наврўзбой Жарбўсинов, Жарасқан Нурбоев, Ақчагул Тўлаганова, Тошкентдан Қолдибек Сейданов, Серик Усенов, Ғуломзокир Юсупов, Ахан Ташметов, Абдулла Рустамов, Лола Жунусова, Бўрон Қидиров, Ойсулув Ахан қизи, Анор Налибоева, Эргаш Абдувалитов, Турсунмат Қалбоев, Аноргул Қолдибекова, Қуттибек Башаров, Турсунали Аҳмедов, Ойдона Бозорбоева каби истеъдодли қозоқ ижодкорлари кенгаш ишида фаол иштирок этишмоқда. Ушбу кенгаш ташаббуси билан эллик олти нафар Ўзбекистонда яшаб, қалам тебратаётган шоир ва ёзувчиларнинг қозоқ тилида “Шуғлали элдинг шабити” (“Нурафшон ўлка илҳомлари”) номли Ватанимиз истиқлолига бағишланган назмий ва насрий асарлари тўплами чоп этилди. 2017 йилда эса Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари истиқлолининг 25 йиллигига бағишлаб кенгаш томонидан бир юз эллик нафар шоирнинг шеърлари жамланган “Ўзбекистонлик қозоқ шоирлари антологияси”, шоир ва носир Бўрон Қидировнинг “Замон” тарихий романи қозоқ тилида нашр этилди.
Ушбу йил ҳам ноширлар, театр санъати ижодкорлари ўзларининг янги туҳфалари билан қардош қозоқ адабиёти ва санъати мухлисларини хушнуд этадилар.
Меҳмон Исломқулов,
Адҳамбек Алимбеков
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон