Ўзбек миллий насри тарихида фавқулодда муҳташам адабий ҳодиса бўлган “Ўткан кунлар” романининг мукаммал матни, табдили ва тили масаласи ҳамон баҳс-мунозаралар туғдирмоқда. Боз устига асарнинг адиб ўз қўли билан битган қўлёзмаси мавжуд эмас. Бу ҳол ҳам муаммонинг долзарблигини англатади. Романдан бир парча 1923 — 1924 йилларда, 1925 йилда эса биринчи бўлими китоб ҳолида чиққани маълум. Бироқ алоҳида нашрдан Абдулла Қодирийнинг кўнгли тўлмаган.
Китоби чоп этилган вақт ёзувчининг Москвада ўқиган даврига тўғри келган. Шу боис “Ўткан кунлар”нинг илк бўлими тузатилиб, 1926 йили қайта босилган. Демак, 20-йилларда асар биринчи бўлимининг бир оз фарқланадиган учта нусхаси мавжуд эди. Иккинчи ва учинчи бўлимларининг эса биттадан варианти бор. Адибнинг кўзи тириклигида, яъни 1933 йили учта бўлим бирлаштирилиб, бир муқовага жамланган навбатдаги нашр амалга оширилади.
Маълумки, ХХ асрнинг 60 — 90-йилларида асарнинг ўзбек адабий тили қоидаларига нисбатан мосланган нусхаси ўқилди. 1992 йилда “Ўткан кунлар”ни заҳматкаш табдилчи Хондамир Қодирий 1925 — 1926 йилги нусха асосида изоҳ ва иловалари билан чоп эттирди. Бугун шу нусха оммалашган. Бироқ китоб охирида 1925 — 1926 ва 1933 йилда босилган роман матнида тегишли фарқларнинг бир қисми кўрсатилган, холос. Ҳолбуки, икки нашрга оид катта-кичик тафовутнинг сони беш юзтадан ошади. Бугунги таклифлар ва заруратдан келиб чиқиб, романнинг уйғун матнини, нафақат бу икки нусха, балки 1923 — 1924 йилги журнал нусхасидан ҳам фойдаланиб амалга ошириш керак, деб ўйлаймиз. (Қаранг: журнал нусхаси бўйича “ЎзАС”нинг 2013 йил 12-19 апрел сонларида ушбу муаллифнинг “Ўткан кунлар”га қайтиб…” номли мақоласида бир қанча мулоҳазалар айтилган —Таҳририят.)
Асос нусха масаласи
Хўш, тўлиқ босилган икки нусханинг қайси бири “Ўткан кунлар” учун асос бўлади?
Аслида манбашунослик тажрибаларига кўра, адибнинг кўзи тириклигида босилган охирги нусха барча нашрлар учун замин бўлиши лозим. Бироқ қиёслардан маълум бўлдики, “Ўткан кунлар” романининг уйғун матнини ҳозирлаш жараёни ўша қоидани истисно этади. Демоқчимизки, гарчанд 1933 йилгиси охирги нусха бўлса ҳам, романнинг тугал матни учун асос бўла олмайди. Бунинг бир қанча жиддий сабаблари бор.
Ўзбек адабий тилининг орфографик қонунлари 20 — 30-йилларда ҳам турғунлашмаган эди. Битта сўзни турлича ёзишлар, тилдаги сингармонизм ҳодисасини бор ҳолича адабий тилга тадбиқ қилувчи ва уни инкор этувчи зиёлилар гуруҳи мавжуд эди. Шу боис “Ўткан кунлар”нинг 1925 — 1926 йилги нашрига қиёсан кейинги нашри тилида жиддий ўзгаришлар кузатилди. Албатта, бундаги фонетик ўзгаришлар, айрим товушларнинг қўшилуви ёки тушириб қолдирилиши романнинг умумэстетик мазмун-моҳиятини ўзгартирган эмас. 30-йилларга келиб 20-йилларда туппа-тузук ёзилиб турган ва ҳатто бугунги адабий тилга мос тушадиган айрим сўзлар имлосида нотабиий ўзгаришлар бўлди (масалан: бери — берли, ҳамма — ҳама, Андижон — Анжан ва бошқалар).
Роман матнидаги “шундоқ”, “шундоғ”, “қандоғ” каби сўзлар ҳам юз фоиз “шундай” ва “қандай”лаштирилди. Ҳолбуки, ҳозиргача ўша сўзларнинг ҳар икки шакли ҳам оғзаки ва ёзма нутқда фаол қўлланади. Аслида, бундай сўзларни адабий матн ритми, ички сажъ, муаллиф ва қаҳрамонлар нутқига қараб ўрни-ўрни билан аралаш қўллаш ҳам мумкин. Назаримда, уйғун матн учун айнан бугунги адабий тил лексикасига мос бўлган ва, энг муҳими, романнинг ҳар учала нусхасида учрайдиган сўзлардан фойдаланиш тамойили яхши самара беради.
Масаланинг бошқа бир жиҳати шундаки, Абдулла Қодирийнинг айни нусха корректурасини ўқиганига ишониб бўлмайди. Чунки тасаввуримизча ва хотираларга кўра адиб — татбиқотига энди-энди икки-уч йил бўлган — лотин ёзувига асосланган хатни ўқишга қийналган. Ҳақиқатдан ҳам орфографик нуқсонлар 1933 йилги нусханинг бошидан охиригача минглаб сўзларда сочилиб ётибди. Яна бир жиҳати шуки, ўша пайтларда лотин ёзувида китоб босишнинг техник-ускунавий имконияти кенгроқ бўлгани учунми, ҳартугул, роман 1933 йили хорижда чоп этилган. Муаллиф назорат қила олмагани учун ҳам китоб имловий хато, қўпол стилистик камчиликлар билан босилган. Баъзида олимлар “Ўткан кунлар”нинг янгидан ҳозирланадиган нашри учун ана шу нусха асос бўла олишини айтишади… Тўғриси, 1933 йилги нусхани синчиклаб ўқиган одам бу тасаввурнинг анча нисбий ва саёз эканига амин бўлади. Чунки “Меҳробдан чаён” романи устида ишлаётган, сўнгра “Обид кетмон”ни ёзиш кайфиятида юрган Қодирийнинг биринчи романига такрор ишлов беришга фурсати бўлган эмас. Қолаверса, шеърдай қуйилиб, илҳом билан ёзилган “Ўткан кунлар”ни қайта силлиқлашга зарурат ҳам бўлмаган.
Уйғун матн учун товуш танлаш
Тўғри, асарнинг уйғун нусхасини адиб назаридан ўтган матнлар асосида нашрга тайёрлаш мақсадга мувофиқдир. Менингча, бунда 1925 — 1926 йилги нусха марказда туриши ва 1923 — 1924 ҳамда 1933 йилги нусхалардан ёрдамчи манба сифатида фойдаланиш лозим. Бундай уйғун матн учун ҳар учала нусхадаги замонавий адабий тилга мос ифодага эътибор берилади. Масалан, 1925 — 1926 йилги нусхада Отабек портрети: “Оғир табиъатлик, улуғ гавдалик, кўркам ва оқ юзлик, келишган, қора кўзлик, мутаносиб қора қошлиқ ва эндигина мурти сабз урган бир йигит” тарзида ёзилган бўлса, бу тасвир 1933 йилги нашрда қуйидаги шаклга келтирилган: “Оғир табиатли, улуғ гавдали, кўркам ва оқ юзли, келишган, қора кўзли, мутаносиб қора қошли ва эндигина мурти сабз урган бир йигит”. Демак, романнинг бошқа ўринларида ҳам “-лик”, “-лиқ” сўз ясовчи қўшимчалар юқоридаги мисолга ўхшаб, асосан “-ли” аффикси билан алмаштирилган ва талаффузи нисбатан осон ҳамда адабий тилга мувофиқ бундай ўзгариш асар ўқилишини енгиллаштиради.
Жуда кўп ўринларда “ўтишка”, “тушишка”, “ишка”, “шариатка” сингари сўзларга қўшилган жўналиш келишигининг “-ка” қўшимчаси 1933 йилги нусхада “-га” шаклига ўтказилган. Айни дамда аввалги нусхадаги кўп сўзлар таркибидаги ўзаро мослашган товушлар (масалан, 1925 — 1926 йилги нашрда: “Оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим”) кейинги нашрда “Отабекга”, “марғилонлиқға”, “бурчакга”, “сариқға”, “қаёқғадир”, “озроқғина”, “чиқған”, “тўхтамоқға” каби олдинги товушга мосланмаган (масалан, 1933 йилги нашрда: “Оқ сутимни оқға, кўк сутимни кўкга соғдим”) ҳолатга келтирилганки, албатта, бундай талаффузи қийин томонга ўзгарган товушлар асар тилини оғирлаштиради. Шу боис бундай ўринларда мосланган вариантлари қабул қилингани маъқул.
Товуш ва қўшимчаларнинг ўзгартирилишига оид яна бир муҳим мулоҳаза шуки, барча сўзларга қўшилган “-дек” ва “-дирган”, “-дирған” шакл ясовчи қўшимчаси ўрнига 1933 йилга келиб, қарийб юз фоиз “-дай” (Отабекдек — Отабекдай, ўрдадек — ўрдадай, ишонмағандек — ишонмағандай, жонланғандек — жонланғандай) ва “-турған” (“қиладирған — қила турған”, “оладирған — ола турған”, “уйлантирадирган — уйлантира турған”) шакл ясовчи қўшимчаси қўлланади. Ҳолбуки, уларни асардаги воқеалар кечими, матн руҳи ва оҳангига кўра кўпинча аввалигисини, баъзан ўзгарган шаклини ҳам қўллаш мумкин.
Тўғриси, романнинг ўзак матни, яъни муаллиф баёни-нутқи комплекс равишда уйғунлаштирилгани ҳолда адабий манба таркибида келган мактублар тили ва қаҳрамонлар нутқини ўз ҳолича қолдириш мозий колоритига мос келадигандек туюлади.
“Жонсўз”ми “жонсиз”?
Романнинг икки нашри таққосланса, кўплаб сўзлар фарқига дуч келинади. Икки хилда ёзилган сўзларнинг аксариятига лоқайдлик туфайли йўл қўйилган имловий хато, деб қараш ўринлидир. Бундай хато ёзилган сўзлар товушини ўз вақтида китобхонлар ўнглаб, махражини жойига қўйиб ўқиганлар, албатта. Гап бу ҳақда эмас…
Асарнинг кейинги нусхасида роман матнининг бадиий такомилига ёрдам берадиган бир қанча сўзлар бор. Масалан, Мирзакарим қутидорникига Зиё шоҳичи билан Ҳасанали совчи бўлиб келган кечки пайт… Бу маҳалда Тўйбеканинг ухлаётгани аввалги нусхада: “Тўйбека бўлса ўзининг ўчоқ боши ёнидаги уйчасини титратиб хуррак отар эди”, деб тасвирланади. Кейинги нусхада ушбу “титратиб” сўзи нисбатан халқона сўз бирикмаси билан алмаштирилади: “Тўйбека бўлса ўзининг ўчоқ боши ёнидаги уйчасини бошиға кўтариб хуррак отар эди”. Бошқа бир саҳифада Ўзбек ойим кайфияти баён қилинар экан, аввалги: “Бир йиллардан бери ичига йиғиб келган кинасини тўкиб берди”, гапига иккита янги сўз қўшилади: “Бир йиллардан бери ичига йиғиб келган кинасини бир варакай тўкиб берди”. Бу ўзгариш қаҳрамон табиатида кечаётган безовта руҳий ҳолатни теранроқ тасаввур қилишга ёрдам бериши табиий. Кейинги нусхада “ёниға-қотиға-қошиға”, “битта тоқчада – тоқчалардан бирида”, “буви – ача”, “ўнда-сўнда – онда-сонда” каби ўнлаб ўринли таҳрирлар мавжуд. Деярли барча эпизодларда Кумуш ва Саодатнинг кўзи тавсифида “шаҳло кўз” “оҳу кўз”га алмаштирилади. Ёзувчи маҳаллий халқ бир оз истеҳзо билан қарайдиган “шаҳло”ни кейинги нусхада ўзгартиришни маъқул топади. Бундай сўз танловлари бадиий матн фазилатини оширган, адибнинг сўз маъноларига диққатини намоён этган.
Романнинг “Эсон бўлсақ кўришармиз” номли фаслида кунлар саноғи билан боғлиқ жуда муҳим бир таҳрир бор. Марғилондан Тошкентга келган қуда меҳмонлар уйларига қайтишмоқчи… Кумушни ўзи билан олиб кетиш учун ҳар кимга бир илтижо қилиб, нияти ижобат бўлмаган Офтоб ойим маҳзун ҳолатда ўтирибди. Шу охирги кечада она-қиз ёлғиз. Суҳбат асносида Кумуш онасига қараб ўринсиз илжаяди. Бундан Офтоб ойимнинг аччиғи чиқади.
“—Маним ҳолим сенга кулгими, қизим?
— Йўқ! — деб яна кулимсиради Кумуш, — бир-икки кундан бери сиз айтадирган…
— Нима мен айтадирган?
— Ахир… — деб қизаринди Кумуш, — кўнглим айнар эди, деб айтар эдингиз-ку…”.
Хушхабардан Офтоб ойимнинг аччиғи тарқаб, бирдан юзи ёришади.”
Ушбу фасл 1925 — 1926 йилги нусхада шундай бошланади: “Тошкандга келишнинг йигирманчи кунидан Қутидор Марғилонға қайтиш фикрига тушди”. 1933 йилги нусхада бу ердаги саноққа яна йигирма кун қўшилиб, қирқ кунга етказилади: “Тошкандга келишнинг қирқинчи кунидан Қутидор Марғилонға қайтиш фикрига тушди”. Назаримизда, бундай жуда муҳим таҳрир Кумушнинг “кўнгил айниши” ҳолати, вужудида ҳомиланинг шаклланиш вақти билан боғлиқ. Шу физиологик ҳолатга монанд айни фаслнинг кейинги ўринларида ҳам адиб Ўзбек ойимнинг: “Нега мунча шошмоқ, ёв қувладими, ақалли бир ой бўлсин… Марғилон деган юртдан от-отлаб, туя қумлаб кел эмиш-да бир ойғина турмай кет эмиш!”, деган гапидаги, шунингдек, Зайнабнинг: “Қайтар эмишсизлар, деб эшитдим. Бир ой ҳам турмас экансизлар-да!”, гапидаги “бир ой”ларнинг “икки ой”га ўзгариши ҳар жиҳатдан жуда табиий ва ўринлидир. Таассуфки, романнинг ҳозиргача босилган, ҳатто энг охирги нашрларию рус ва немис тилига таржима қилинган (рус тилида: “Через двадцать дней после приезда в Ташкент кутидар стал собираться домой в Маргелан», 1984, 300-бет; немис тилида: “Zwanzig Tage nach seiner Ankunft in Taschkent begann der Kutidar zur Heimfahrt zu rusten”, 1968, 317-бет) нусхаларида ҳам бу муҳим таҳририй нуқта инобатга олинган эмас. Уйғун нусха ана шундай муҳим таҳрирлар билан бойитилади.
“Ўткан кунлар” нусхаларининг қайси бирида маъноси тўғри, бадиий жиҳатдан таъсирчан ва маъқул кўринган сўзлар бўлса, уларни уйғун матн учун қабул қилиш керак.
Адибнингқўллаган сўзлари юзасидан муҳокама юритиш оғир иш: одам истиҳола қилади ва ҳар хил андишага боради. Аслида Қодирий ишлатмаган бирор сўзни матнга киритиш ўзини оқламагани устига беадаблик ҳамдир. Юсуфбек ҳожининг ўғли билан жиддий ижтимоий мавзудаги суҳбатида: “Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланган биз итлар Яратғувчининг қаҳрига албатта йўлиқармиз!” гапидаги “тўнғизхона” сўзи 1933 йилги нашрида “оёқ ости қилишға” деб анча юмшатилади. Аслида шу икки сўздан бирини танлаш лозим. Бироқ романнинг 1980 йилги нашрида бу сўз “кофирхона қилишга” тарзида киритилганки, бундай ўйланмай қўлланган кескин ифода Абдулла Қодирий фитратига мувофиқ келмайди.
1925 — 1926 йилги нашрда “жон ўртовчи, азоб берувчи” маъносидаги “жонсўз” сўзи 1933 йилги нашрнинг барча ўринларида “жонсиз” келади. Тўғри, роман тилида “жонсиз” сўзи қўлланган. Бироқ бу икки сўз ёзилишида фарқ бор. Эски ўзбек ёзувида “жонсиз”га нисбатан “жонсўз” таркибида битта товуш орттирилади. Адиб роман бошланишида “…унинг юзини тўзғиған соч толалари ўраб олиб жонсўз бир суратга киргизди”, деб Кумуш қиёфасини тасвирлаган экан, айни сўз “жонсиз” билан алмашиб келса, бу эпизоддаги тасвир ҳам жонсизланиб, хиралашиб қолади. “Хат ҳақиқатан жонсўз эди” — бунда Кумушни ҳушидан кетказган сохта талоқ хатининг вазиятга мос хусусияти назарда тутилади.
Роман нусхаларини қиёсий ўрганиш жараёнида жуда кўп муаммолар, юзлаб фарқларга доир мулоҳазалар, жой номлари, атоқли отлар имлосида ёки оддий сўзларни ёзиш ва танлаш юзасидан бир-бирини тўлдирувчи, ўзаро тенг кучли ва ҳатто инкор қилувчи фикрлар пайдо бўлди. Бироқ бир мақола доирасида уларнинг ҳаммасини айтиш ва охирги ечимини топишнинг имкони йўқ, албатта.
Аслида, “Ўткан кунлар”дек ноёб поэтик обиданинг уйғун нусхаси жонкуяр адабиётшунос ва тилшунослардан иборат махсус ҳайъат назаридан ўтказилса, барча ўзгартиришлар баённомаларда акс эттирилиб, тарихий факт сифатида ҳужжатлаштирилса, ҳар жиҳатдан маъқул иш бўларди.
Айрим таклифлар
Нусхалар орасида романнинг композицион қурилиши, сюжети, образлар тизими ва ғоявий мотиви каби қатор масалаларда фавқулодда ўзгаришлар йўқ. Демак, жузъий ўзгаришларга жиддий қараш керак бўлади. Энг катта муаммо тилдаги сингармонизм ҳодисаси билан боғлиқ аслида. Тасаввуримизча, асар майдонга келган даврда ўзбек адабий тили орфография қоидаларида охирги тўхтамга келинмаган эди. Ҳар бир вақтли матбуот нашрлари ва нашриётларда ўз таъбига мувофиқ имлода ёзиш ва сўз қўллаш урфга кирган эди. Бу жараён ўн йилларга чўзилган экан, демак, “Ўткан кунлар” романининг янгидан тайёрланадиган уйғун нусхаси тилига 20 — 30-йиллар ўзбек адабий тили намунаси сифатида қараш ўринли бўлади. Шунга монанд роман матнидаги эски ўзбек имлосидан табдил қилинган “адим”ни “одим”га, “онгламоқ”ни “англамоқ”қа, “сиҳр”ни “сеҳр”га, “эгилик”ни “ийгилик”ка ўтказиб ўқиш ва ёзиш хато саналмайди.
Романдаги айрим фасллар учун адиб томонидан, дейлик, “Бизда ким кўб йиғлайдир?” ўрнига “Қаро кунлар”, “Унутолмаса нима қилсин” ўрнига “Саёқ йўлда” деган бошқа сарлавҳалар танланганки, албатта, бундай қайта номлаш ҳам бежиз эмас.
Қайта босиладиган уйғун нусхага “Ўткан кунлар”нинг биринчи бўлими охирига илова қилинган “Рўмон деб сизга тақдим қилинган бу нарса дунёға келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди” жумласи билан бошланувчи “Узр”ни киритиш шартмас. Чунки ўз вақтида вазифасини бажариб тугатган бу узрномани муаллиф асарининг 1926 йили тузатилиб қайта босилган биринчи бўлимига ҳам, 1933 йилги нашрига ҳам киритмаган. Адибнинг ўзи воз кечган “Узр”ни янгилик сифатида романнинг ҳозирги нашрларида берилиши ўзини оқламайди. Аммо унинг роман тадқиқотчилари учун муҳим илмий манба эканини эътибордан қочириб бўлмайди…
Хулоса қилиб айтганда, “Ўткан кунлар” романининг Абдулла Қодирий назари тушган нусхалар асосида ҳозирги адабий тилга яқин бўлган, ўқувчилар завқ-шавқ билан севиб ўқийдиган ва, тасаввуримизча, такомиллашган уйғун матнини тайёрлашга зарурат бор.
Баҳодир Карим,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 28-сон