Бугунги адабиётшунослик адабий матнга жуда яқин келди. Бу мавзудаги муҳокамалар тиниқлик ва аниқлик томон ўзгарди: энди товуш ва ранглар, структура ва семиотик белгилар, матн ва интермант устида фикрлашиш даври-мавриди бошланди. Аслида, филолог мутахассис учун бағоят муҳташам объект саналган адабий матн майда унсурлар йиғиндисидан бино бўлади.
“Алиф”ми ёки “айн”?
Аввал шеър матнига эътибор бермаган эканман. Яқинда бир жуфт хонанда ижросида Махтумқули билан Дурди шоир ўртасидаги “Хабар бер — Шундайдир” айтишувини эшитдим. Овоз яхши, мусиқа ёқимли, саволларга жавоблар ҳам маънили.
Аммо хонандалардан бирининг: “У нимадир бир-биридан аълодир?” саволига иккинчиси: “У ой-кундир бир-биридан аълодир”, деган жавоби мени ўйлантирди. Махтумқули ҳазратларининг ўзбек тилида босилган тўртта таржима китобини қўлга олиб қиёсладим. Ўтган асрнинг 60-йилларида Жуманиёз Шарипов таржимасидаги бир товуш сакталиги кейинги барча таржималарга айнан кўчиб ўтибди. Ҳолбуки…
Беихтиёр туркман тилидаги нашрларига қизиқиб, эсимни танигандан бери отамдан эшитиб юрган шеърнинг аслини изладим. Топдим: Махтумқулининг 1957 йили Ашхободда босилган китоби 398-бетида, 1992 йилда чиққан уч жилдли шеърлар китобининг 1-жилди 214-бетида, мустақиллик даврида — 2013 йили чоп этилган икки жилдли асарлари тўпламининг 1-жилди 121-122-бетларида. Ўқидим:
— О нэмедир, дервезесиз галадыр?
О нэмедир, пенжиресиз бинадыр?
О нэмедир, бир-бириден аладыр?”
Шахыр болса, шондан бизе хабар бер!
— Ол кўнгилдир, дервезесиз галадыр,
Ол габырдыр, пенжиресиз бинадыр,
Ол Ай-Гундур, бир-бириден аладыр,
Бизден салам болсун, жовап шейледир.
Мавзу муҳокамаси учун ушбу бандларнинг учинчи, яъни таржима матнидаги “У нимадир бир-биридан аълодир?” — “У ой-кундир бир-биридан аълодир” мисралар муҳим. Ой-кундан нечук аъло бўлсин? Бу “аъло”лик қандай маънога эга? Зўрма-зўраки шарҳланса, дейлик, “ой-кун бир-биридан яхши бўлади”, деган маъно чиқади ва бу маъно бир мунча мужмал. Махтумқули ўқувчи англаши қийин бўлган бундай мажҳул, пала-партиш мисралар ёзган эмас. Гап ой(месяц) ва кун(день)нинг “аъло” деган сифати устидами ёки осмондаги Ой билан Кун-Қуёшнинг бир-биридан нимадир “олиши”га доир ҳаракат хусусидами?
Бизнингча, шоир шеърида вақт маъносидаги ой-кун ёки осмондаги Ой билан Қуёшнинг бир-биридан аълолигини назарда тутаётгани йўқ. Туркманлар “маъзур”ни “магзур”, “маълумот”ни “маглумат” дейишади. “Аълодир” туркманчада “агладыр” тарзида ёзилади. Юқоридаги матнда эса сўз қурилиши бундоқ эмас.
Ушбу қиёс ва асос-далил билан ҳам кўнгил тўлмади. 1983 йилда босилган Махтумқули шеърларининг арабий имлодаги танқидий матнига қарашнинг имкони топилди. Араб тилига асосланган имлода “аълодир” ва “аладир” сўзлари таркиби “айн” ҳарфи эвазига фарқланади. Хўш, “аъло” бўлса, бу сўз “айн” иштирокида ёзилиши керак эди. Китобни варақладим. 470-бет: эски арабий ёзувдаги “аладир” ён-верида “айн” топилмади. Иккиланишлар тарқаб, ишонч қатъийлашди. Махтумқули ҳазратлари ой-куннинг бир-биридан аъло ёки яхши-ёмонлигидан баҳс юритмаётгани ойдинлашди.
Мулоҳаза шуки, ушбу мисранинг тўғри таржимаси “У Ой-Кундир бир-биридан оладир” тарзида бўлиб, бундаги тушунча вақтга эмас, осмондаги Ой ва Қуёш жисмларига оид. Фикр оқими Ойнинг Қуёшдан нур олиши томон йўналтирилса, шеърдаги маъно “аъло”лик қатнашган мавҳумликдан кўра мантиқан чуқурлашади ва мисра асл матнга мослашади.
Хуллас, янги нашрларда шоирнинг “Хабар бер — Шундайдир” шеъри таржимасидаги “аълодир” сўзи бир товуш эвазига ўнгланиши лозим. Шунда хатога йўл қўйилмайди.
“Сод”ми ёки “се”?
Маълумки, араб тилидан ўзлашган сўзлар таркибидаги айрим товушлар бугунги имлода битта ҳарф шакли билан ифода этилади. Дейлик, “зе”, “зот”, “зо” учун биргина “з” ҳарфи, “то”, “те” учун битта “т”, шунингдек, “син”, “сод”, “се” товушлари учун ёлғиз “с” ҳарфи қабул қилинган.
Арабчадан ўзлашган бундай товушлар қатнашган сўзлар изоҳида баъзан чалкашликлар келиб чиққани кузатилди. “Проза” маъносини англатувчи “наср” сўзи билан боғлиқ шундай муаммо учради. “Наср”(проза)ни изоҳлашда у “арабча сўздан олинган бўлиб, “кўмак”, “зафар”, “ёрдам” маъноларини билдириши” таъкидланибди. Атаманинг истилоҳий изоҳига эътироз йўқ, бироқ сўз луғавий тарафдан бир товуш эвазига ислоҳга муҳтож. Чунки араб тилида уч турли “с” (“сод”, “се”, “син”) билан ёзиладиган учта “наср” сўзи уч хил маънони англатади. Агар “насрун” “сод” билан ёзилса “ёрдам, кўмак”, “соқов се” билан ёзилса “сочиш, сочиб ташлаш”, агар “син” билан ёзилса “бургут” деган маъноларни билдиради. Шу сабаб “проза”га муқобил “наср”ни луғавий жиҳатдан “кўмак, ёрдам” тарзида эмас, балки “сочиш, сочилган” деб тушунтириш тўғри бўлади.
Шунингдек, изоҳли ёки энциклопедик луғатларда ўзбек тилига араб ва форс тилидан ўзлашган айрим сўзларнинг арабий имлодаги оригинал шаклини қўшиб ёзиш маъно чалкашликларини бартараф қилишга ёрдам беради.
“Ы”ми ёки “И”?
Бир магистрант яхши диссертация ёзди: ҳаммаси жойида, маъқул, бинойидек, саводли, хатосиз, талаб даражасида. Бироқ рус ва ўзбек олимларининг номлари қайд этилган саҳифадаги бир фамилия эътиборимни тортди: “Рыков”. Ўзбек алифбосида “ы” — “олтмиш бир” борми? Йўқ! Алифбода акс этмаган товуш белгиси ўзбек тилидаги матн ичида нега адашиб юрибди?..
Бизнинг “ў”, “қ”, “ғ”, “ҳ” товушлари қатнашган исм-фамилияларимизни хорижликлар ҳам айнан шундай ёзишармикан?
Радиодаги бир бошловчи қиз ҳар куни эрталаб ўз исмини ажнабийча талаффуз қилади. Шундай гўзал гуллола исмидан уяладими, қўполдан-қўпол тарзда исмини бузиб айтади. Аслида оддийгина ўзбекча талаффуз қилса, ҳаммаси гулолагул. Берлинга борганимда, бир муаллима қизнинг исмини “Айфер, Айфер” дейишди. Чин олмонча исм бўлса керак, деб ўйлаб юрдим. Кейин билсам, асли ўзимизнинг қавмдан ва исми ҳам — “Ойпари” экан.
Хорижлик бир тадқиқотчининг исм-фамилияси матбуот ва адабий нашрларимизда бир неча марта “Ынг Ёнг” тарзида ёзилди. Бу бошқа миллат вакилига ҳурматми ёки ўз тилимизга эътиборсизлик оқибатими? Оғриниб бўлса ҳам, кейингисини тасдиқлашга тўғри келади. Минглаб ўқувчилар ўша “ы”ни индамай табиий қабул қилди, шекилли. Биров лом-мим демади…
Бир товуш устида талашиб, товушларга эътиборли бўлиш кераклигидан баҳс юритишимиз бежиз эмас. Чунки биргина семиотик белги — товуш ё нуқтанинг ўзгариши “нодир”ни “нор”, “кўз”ни “кўр”, “бозор”ни “мозор”, “бўладиган”ни “ўладиган” қилади. Оқибатда адабий матн маъноси мутлақо тескари ёки бошқа томонга кетиб қолиши мумкин.
Баҳодир Карим, филология фанлари доктори
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 42-сон