Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида Абдулла Қодирийнинг «Жинлар базми» асари тўғрисида: «…бу ҳикоя дадамнинг айтишларича, 1916 йилда ёзилган. Лекин биринчи бор 1921 йилда «Шарқ чечаги» журналида босилади», деб маълумот беради. Бу болалар журнали маориф комиссарлигига қарашли бўлиб, биринчи сони ўша йил баҳорида «Болалар дунёси» номи билан чиққан. Иккинчи сонидан журналнинг номи «Шарқ чечаги», деб аталади. Унда Санжар Сиддиқ, Элбек, Чўлпон ва бошқалар фаолият юритади (Зиё Сайд. Танланган асарлар. Т., 1974, 84-бет). Жулқунбой унда «Жинлар базми» ҳикояси билан қатнашади.
Ҳозирда биз ўқиб юрган ҳикоя адибнинг қалами чархланган, ёзувчилик маҳорати ошган даврида ёзилгандек таассурот қолдиради. Аниқроқ айтганда, китобхонлар орасида оммалашган «Жинлар базми» 1936 йилги нусха асосида нашрга тайёрланган. Ҳикоянинг 1921 йилги журнал варианти қандай? Ундаги мазмун-моҳият кейинги нашрларда тўла сақланганми? Фарқлар — киритма ёки қисқартмалар, таҳрир, ўзгартишлари йўқми?
Тўғриси, ҳикоянинг болалар журналида босилган илк нусхасини излаб топишнинг имкони бўлмади. Аммо ўша санага яқин, яъни 1923 йили Элбек томонидан тузилиб, 1925 йилда босилган “Гўзал ёзғичлар” адабий тўпламига киритилган «Жинлар базми» 1936 йилги нусха билан қиёсланганида бир қанча фарқлар кўринди.
Ҳикоя ҳажми кейинги нусхада бир оз кенгайиб, боғдорчиликка тегишли атамалар, бир қанча реалистик тасвир унсурлари билан бойитилади. 1923 йилги нусхасида тасвирлар нисбатан содда. Унда қаҳрамоннинг боғдан чиқиб кетиш ҳолатлари, боғ атрофидаги майдон ва чакалакзор, «ўткир нур шарпаси»нинг кўриниши батафсил берилмайди; «Ҳамдам хумдончининг чакалаги», «Ҳамдам хумдончининг майдони» таъбирлари ҳам учрамайди. Демак, Абдулла Қодирий бадиий тасвирни теранлаштириш, воқеликка жон бағишлаш учун чакалакзор майдонни махсус ном билан атайди.
Икки нусхада бош қаҳрамон исми икки хил берилади. Аввалги нусхадаги «Тўғонбой ака»ни адиб кейинги нусхада «Ўсар ака»га ўзгартиради. Аслида ўз қаҳрамонлари учун оригинал исмлар қўядиган, исмларни персонаж табиатига мос сўзлатадиган Қодирий танлаган ҳар икки исм ҳам эътиборга моликдир. Чунки жинларга учраган одам аллақандай бир тўғонга, ғов-тўсиққа дуч келган бўлади. Шу маънода ҳикоя қаҳрамони учун «Тўғонбой» исми жуда мос келади. Адиб бу исм зиммасидаги юкдан қониқмайди чамаси, уни кейинги нусхада «Ўсар ака»га алмаштиради. Бизнингча, бошидан ўтган ҳодисани таъсирчан сўзлаётган киши мулоҳаза қилаётган, фикрий жиҳатдан ўсаётган одамдир.
Қиёсда ҳикоянинг «Шундай жинларга йўлиқтирма», деб қўяр эдим» гапига 1936 йилги нусхасида «Мени ҳам шундай жинларга йўлиқтирма», деб Тангрига ёлбориб қўяр эдим» тарзида бир-икки сўз қўшилгани кузатилди.
Ҳикоя сюжетига кўра, янги келган меҳмон олдига дастурхон ёзишдан аввал жинлар Тўғонбой акани биргаликда базм қилишга ундашади. «Мен ҳам кўнганлигимни билдирдим». Ушбу ризолик гап кейинги нусхада: «Менинг қорним оч бўлса ҳам, меҳмонлигим важҳидан унинг фикрига қўшилишдан бошқа чорам йўқ эди» кўринишига келади.
Ҳикоянинг икки нусхаси қиёсланганда «чоқда — вақтда, оғочлик —дарахтлик, кучсиз — заиф, юрак — кўнгил, ярали — мажруҳ, куч — мажол» каби кўплаб сўзлар, шунингдек, «оғочларға понарлар осилғон — дарахт шохларига чироқлар осилган», «чолғулар тўғриландилар — созлар созландилар», «борлиғимға иссиғлиқ югурди — вужудимга ҳаёт суви югурди» каби сўз бирикмалари таҳрир қилингани маълум бўлди.
Аслида, мадраса таҳсилини кўрган Абдулла Қодирий учун ўзбек адабий тилининг таркибида жуда фаол ишлатилган форсча ва арабча сўзлар борасида муаммо йўқ эди. «Гўзал ёзғичлар»даги «Жинлар базми» ва бошқа адабий манбаларда кўпроқ ўзак-негизи соф туркий сўзларни қўллаш тамойили сезилади. Бу тамойилга мажмуани тузувчи Элбек амал қилади. Зеро, тўплам «Тузгувчи» сўзбошида «…бу китобга кўпгина материаллари билан кирмак истаган Чўлпон, Боту, Жўлқунбой ва Вадуд Маҳмудий ва Саид Алихўжа каби ўртоқлардан, бу олинган нарсаларидаги бўлган қайси бир ўзгаришлар»и учун ўзини уялтирмасликларини сўрайди. Шунингдек, танланган матнларда «болаларнинг руҳиға қараб қайси бир ўзгаришлар» қилинганини ёзади.
Эътирофига кўра, Элбек сўзларни алмаштирган, бола руҳиятини инобатга олиб, таҳрирлар ҳам киритгандир. Бироқ ҳикоядаги «Тўғонбой ака» ёки «Ҳамдам хумдончи» каби номларга унинг дахл қилиши ишончсиз кўринади.
Албатта, ҳикояда жиддий ва жузъий ўзгаришлар бор. Лекин уни маҳкам ушлаб турган ўқ илдизи, яъни Тўғонбой акани жинлар авраши, дастурхон атрофига келганида чалғитиб, фотиҳа ўқишга йўл қўймагани ҳар икки нусхада деярлик бир хилда сақланади: «Улар мени ўз ихтиёримга қўймасдан судраб, тортиб тўрга чиқардилар. Одатда мажлиска киргач, фотиҳа ўқилур эди. Бироқ уларнинг турли сўроғ ва муомалалари билан овора бўлуб фотиҳа ўқуш ҳам эсимдан чиқибдир”. Маълумки, жин ва шайтон Оллоҳ номи зикр этилган жойда ўз амалларини бажара олмай қолади. Бу тушунчага доир мўътабар манбаларни Абдулла Қодирий жуда яхши билган. Иккинчидан, аввалги нусхада: «Мен боғдан чиқғонда хуфтон бўлуб қолғон эди», деган гапга кейинги нусхада «Қош қорайиб, қоронғи тушган пайтда аранг поя ишидан қутулдим. Юз-қўлларимни ювиб, салла-чопонимни кийганимда обдон қоронғи босган эди… Мен боғдан чиқғанда хуфтон бўлмаса ҳам шунга яқинлашиб қолған эди…” деб жузъий ўзгартириш киритади. Муаллиф воқелик юз берган вақтни жиндай олдинга — шом тарафга қараб суради. Шом билан хуфтон оралиғида эса жинлар базм қилади. Шайтонлар қуёш ботгандан то тун зулмати чўккунча қўйиб юборилиши ҳақида ҳадис бор. Тасвирга олинган ҳар бир деталга, ҳар бир сўзга жиддий эътибор берадиган ҳикоянавис ўз қаҳрамонини жинларга хуфтон билан шом орасида йўлиқтиради. «Тўғонбой ака» ҳикоясини: «Қоп-қоронғи майдон. Бир ариғ ичида ётибман…”, «Ўсар ака» эса: «Қоп-қоронғи майдон, бир ариқ ичида турибман…», деб тугатади. Адиб жинларнинг базм вақтига қўшимча равишда маконини ҳам асосли кўрсатади. Чунки жинлар «ариқ ичи» каби чуқур жойларда ҳам яшайди. «Гўзал ёзғичлар»да ҳикоянинг умумматни қуйидагича якунланади: «Мен отамнинг бу воқеасини муаллим афандига сўзлаган эдим, ишонмади. Қуруқ хаёл, деди. Шундан бери бу тўғрида бошим қотди.
— Чиндан ҳам бундай иш бўлардими? Ёхуд муаллим афандининг айтганларича қуруқ хаёлми?
1936 йилги нусхада якуни бир оз бошқача кўринишга эга: «Мен отамнинг бу кўрган ҳодисасини муаллим афандига сўзлаган эдим, кулди:
— Ваҳима, хаёлот! — деди.
— Чиндан ҳам ваҳимми, ваҳим бўлса кишида қандай воқеъ бўлади? — деб сўраган эдим, афандим:
— Келаси жума болалар ўртасида бу тўғрида маълумот бераман, сен ҳам шу мажлисда ҳозир бўлсанг, ваҳимнинг қандай воқеъ бўлишини билиб оласан! — деди.
Мен, албатта, жума куни мактабга бориб, афандимиздан ваҳимнинг кишида пайдо бўлишини эшитаман. Вақтингиз бўлса жума куни сиз ҳам борингиз». Икки нусханинг охири шундай фарқли. Бироқ ҳар икковида ҳам, энг муҳими, муаллиф ҳодисанинг «қуруқ хаёл» ёки ҳақиқат экани юзасидан ҳукм бермайди, масалани ўқувчи муҳокамаси, фикрлаб изланиши учун очиқ қолдиради. Бундай оригинал хотима сабабли ўқувчи тасаввурида ҳикоянинг иккинчи умри бошланиши табиий.
«Жинлар базми»ни Абдулла Қодирий қайта ишлаганми? Қайси бир ўзгартиришлар муаллифга ва қайсилари Элбекка тегишли? Ёки ёзувчи охирги нусха (1936 йил) нашрида оралиқ нусхани (1923 йил) илк нусха (1921 йил) ҳолига қайтарганмикин?
Тўғриси, ҳозирча топишнинг иложи бўлмаган «Шарқ чечаги» журналини ўқиб, бундай саволларга тугал жавоб олиш мумкин. Аммо далил шуки, бугун қўлимизда Абдулла Қодирий «Жинлар базми» ҳикоясининг матний жиҳатдан ўзаро фарқли икки нусхаси (1923, 1936) мавжуд.
Демак, биз бугун ўқиб юрган «Жинлар базми»дан бошқа, ҳатто ҳикоянинг бош қаҳрамон номи ўзгарган нусхаси бор экан, адабий манбани қиёсий ўрганиш ва, албатта, аввалгисини вариант сифатида келгусида тайёрланадиган адибнинг мукаммал асарлари тўпламининг илова қисмига киритиш лозим.
Эскартма: Қизиқ бир тасодифни қарангки, билибми-билмайми, ўша ҳикоянавис боланинг охирги таклифини 1998 йили Берлинга борганимда Гумбольд университети муаллимаси Зигрид Клайнмихел такрорлади. У талабалари билан «Жинлар базми»ни ўқишмоқчи экан: «Вақтингиз бўлса, жума куни «Жинлар базми» муҳокамасига сиз ҳам боринг», деб машғулотига таклиф этди. Бордим. Талабалар ҳикояни ўқиб, немис тилига таржима қилиб, филологик нуқтаи назардан имконлари даражасида таҳлил қилардилар. Ора-орада «барди», «истак», «поя» каби сўзлар изоҳини мендан ҳам сўраб туришди. «Жинлар базми»нинг икки нусхасини чоғиштириш маҳали ўринлими-ўринсизми, билмадим, ўша хотирани ҳам эслаб ўтишни маъқул кўрдим. Асар дунё ҳикоячилигининг сара намуналари қаторидан ўрин олишга лойиқдир, десак адибнинг бир «гўзал ёзғичи» — ўткир қалами, маҳорати тўғри баҳоланган бўлади.
Баҳодир Карим,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 14-сон