Баҳодир Саримсоқов. Абсурд маънисизликдир

Бугунги ижодкор ўз ҳақиқатини топишга, уни муқобил бадиий шаклларда ифодалашга интилмоқда. Одатда, кўнгилдаги ҳақиқатни халқ дилидаги ҳақиқат билан уйғунлаштириш, аниқроғи, ижтимоий ҳақиқат оқимидан ўз ҳақиқатини топиш ва уни бадиий-фалсафий талқин этиш тўлғоғи қийин кечади. Шу боис, турли жанрларда, айниқса, романчиликда тажрибалар қилиш бадиий ижоднинг бош тамойилига айланиб бормоқда. Бу эса яхши тамойил. Чунки ҳар бир тажриба янги бир адабий ҳодисанинг дояси бўлиши мумкин. Мана шунинг учун янги асар яратиш азоби оғир ва долғали кечади. Бугун ёзилаётган асарлар поэтик табиати, ғоявий мундарижаси билан ўқувчини ўйлантирмоқда. Бунга рамзий-фалсафий талқиннинг юксаклиги, мажозий тасвир жонлилиги, эркин хаёлот парвозининг мантиқ аталмиш шафқатсиз мезонга бўйсунмас даражада сарҳад билмаслиги яратилаётган асарларнинг турфа хил таҳлилу талқин қилинишига сабаб бўлмоқда. Бундай талқинлар баъзан кишида ҳайрат ва ифтихор туйғуларини уйғотиб, тафаккур учқунларини алангалатса, баъзан ҳафсалани пир қилади. Бу ҳам табиий ҳол. Чунки ҳаётнинг ўзи минглаб жилвалари билан инсон руҳиятига минг турли таъсир кўрсатади. Демак, адабиёт реал ҳаётга, инсон руҳиятининг энг чуқур, энг қоронғу гўшаларига илдамроқ кириб бораяпти.
Ғарб романчилиги уч аср мобайнида босиб ўтган йўлни ўзбек романчилиги бир асрда босиб ўтди, десам муболаға бўлмайди. Ҳозирги миллий романимиз мавзу кўлами, ички хиллари, тузилиши ва поэтикаси билан жанр табиатини ўзгартириб юбориш даражасига етиб бордики, ушбу муаммо жиддий ўрганилиши лозим.
Адабий жараёндаги жонланиш адабиётшуносликка ҳам таъсирини ўтказаётгани сир эмас. Кейинги йиллар ўзбек романи табиатида юз бераётган ҳар бир ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида куюнчаклик билан ёзаётган олимларимиз сафи ҳам тобора кенгаймоқда. Шу ўринда мен уларнинг олдинги сафида бораётган таниқли танқидчи-адабиётшунос Умарали Норматовнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этишни истар эдим. У Республикадаги йирик ва обрўли журнал, газеталарда кетма-кет, бир-биридан мазмунли чиқишлари билан илмий-танқидий фикр тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаяпти. Лекин менинг мақсадим домланинг айрим мақолаларидаги мулоҳазаларига ўзимнинг холис муносабатимни билдириш, ўрни келса, андак баҳслашиш.
Албатта, мен баҳслашмоқчи бўлган масалалар ҳақида умуман тўхталмаслик ҳам мумкин эди, бироқ қуйидаги икки жиҳат хусусида тўхтамасдан иложим йўқ. Биринчиси, ўзбек бадиий тафаккур тарзида У.Норматов урғу бераётган абсурд каби тушунчалар азалдан бормиди ёки энди пайдо бўлдими, ана шу ҳақиқатни аниқлаш иштиёқи. Иккинчиси, ғайриилмий талқинлар китобхонни, айниқса, адабиётшуносликдан таълим олаётган талабалар, тадқиқотлар олиб бораётган магистрант ҳамда аспиратлар онгида чалкаш тасаввур қолдирмаслиги ташвиши.
Келинг, гапни абсурд асар масаласидан бошлайлик.
“Абсурд” термини “маънисизлик” тушунчасини англатади. Унинг ўзгача талқини йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Бироқ мазкур терминнинг сиёсат ва санъатдаги, жумладан, сўз санъатидаги талқини бири-биридан кескин фарқланади. Бинобарин, ҳаётда абсурд ҳисобланган нарса санъатда, хусусан, адабиётда абсурд бўлмаслиги мумкин. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, абсурд терминининг ижтимоий-сиёсий моҳияти билан фалсафий-эстетик моҳиятини мутлақо аралаштирмаслик лозим.
Назаримда, У.Норматов ўз чиқишларида ана шу нарсага етарлича эътибор қаратмаётганга ўхшайди. Чунки ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тузумлар билан боғлиқ эврилишлар, мафкуравий алмашишлар объектив тарихий жараёнлар бўлиб, ана шу эврилишлар занжиридаги кейинги ҳалқа учун ўзидан олдингиси абсурд бўлиб туюлиши мумкин, лекин моҳият эътибори билан бунда ҳеч қандай абсурд йўқ.
Ўтмишимиз оғир кечгани аниқ ва бундай тарихий типология муайян даражада жаҳондаги барча халқлар тарихи учун ҳам хос. Шу боис, биз ўтмишимизни абсурд дея олмаймиз. Айни ана шу оғир ҳаёт бағрида аждодларимиз яшади, ёруғ келажак учун интилди, курашди, демак, яхшими-ёмонми ўтмишимизда барибир маъни бор. Мана шу мантиқдан келиб чиққан ҳолда биз профессор У.Норматовнинг адабиётдаги абсурд асар тушунчасини фақат сиёсий эврилишлар, кейинги ижтимоий ҳаётга нисбатан олдингисининг маънисизлиги маъносида қўллашига қўшила олмаймиз. Тарихий жараёндаги бундай илгариланма ҳаракатни баҳолаш мумкин. Шу маънода миллий истиқлол тарихнинг илгариланма ҳаракатидаги прогресс (тараққиёт) деб баҳоланади. Бироқ ҳар қандай илгариланма муқаррар ҳаракат ҳам прогресс бўлмаслиги абсурд эмас. Мен бу фикрни олимнинг бевосита қуйидаги сўзларидан келиб чиқиб айтмоқдаман. У ёзади: “Кейинчалик у (А.Қаҳҳор назарда тутилмоқда — Б.С), ёзувчи бўлиб етишганида, айни шу кўнглида чўкиб ётган болалигидаги оғир таассуротлар унга тинчлик бермай қоғозга туша бошлади. Оллоҳ гўё Қаҳҳорни атайин халқ ҳаётидаги айни шу маънисиз — абсурд ҳаётни бадиий кашф этиб бериш учун яратгандек туюлади” (“ЎзАС”, 2000 йил, 14 июл).
Қандоқ қилиб ҳаётдаги ҳар бир нарсадан маъни, маъно қидирадиган А.Қаҳҳордек синчков, зукко адиб болалиги кечган ўтмишга абсурд деб қарайди. Адибнинг болалиги кечган ана шу оғир кунлар, сарсон-саргардонлик ўтмишнинг маънисини тайин этиб турибди-ку?! Ўша оғир ўтмишнинг азоб-уқубатлари адиб қонида жўшқинлик, қалбида умид учқунларини алангалатувчи туй-ғуларни юзага келтирмадими?!
Олим давом этиб ёзади: “Агар шўро давридаги яккаҳоким мафкура, тоталитар адабий сиёсат тазйиқларига дуч келмаганда борми, Қаҳҳор ХХ аср жаҳон адабиётидаги абсурд адабиётининг энг машҳур намояндаларидан бири даражасига кўтарилиши мумкин эди”. Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир жамиятда мафкура яккаҳоким бўлади. Бир тузумда иккита ҳоким мафкура мавжуд бўлса, у узоққа боролмайди. Бизнингча, А.Қаҳҳорни абсурдликдан мафкура эмас, унинг бадиий-мантиқий тафаккури сақлаб қолади. Мабодо мана шу нарса бўлмаганда, ўзбек халқи реалистик адабиётимизнинг ёрқин бир юлдузидан айрилиб қолар эди.
Абсурд тушунчаси Қаҳҳордек реалист адиб учун мутлақо ёт нарса. Ахир, унинг ҳар бир асари қизғин, маънили ҳаёт бағридан саралаб олинган воқеалар, инсонлар, уларнинг реал кечинмалари маҳсули эмасми?!
Бу борада кўп тўхталишни ортиқча деб биламан. Чунки қаҳҳоршуносликда М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, П.Қодиров, Н.Владимирова, Ҳ.Абдусаматов, Н.Шодиев, ҳаттоки У.Норматовнинг қаламларига мансуб илмий изланишлар барчага маълум. Ёки адабиётшунослардан Р.Қўчқор ва М.Олимовнинг ўзаро баҳсли чиқишлари А.Қаҳҳорнинг абсурддан жуда-жуда йироқ эканлигини тасдиқлайди. Адабий мероси ва улар ҳақида яратилган залворли илмий кузатишлар мавжуд бўлган А.Қаҳҳордек санъаткорни абсурд-навис адиб деб аташни бир ўйлаб кўриш керак бўлади. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: профессор У.Норматов А.Қаҳҳорни абсурд ёзувчи деб унга обрў олиб бермоқчими ёки тескарисими, буни жиддийроқ ўйлаб кўриш керак.
Олим яна бир ўринда шундай ёзади: “Эндиликда Қаҳҳор ижодидаги соцреализм учун бегона бўлган жиҳатларни, чунончи, ХХ аср жаҳон адабиётидаги модернистик йўналиш — экзистенциализм ва абсурд адабиёти билан муштарак хусусиятларни одилона баҳолаш учун йўллар очиқ”.
Ушбу сўзлардан кейин кескинроқ бўлса-да айтишга мажбурман: А.Қаҳҳорни соцреализмдан айириб олиш учун уни бир ботқоқдан олиб, иккинчисига ташлаш шартми?! Менимча, уни маънисиз адабиётга, айниқса, субутсиз экзистенциализм фалсафаси билан мажбуран боғлагунча, соцреализм билан боғлаш ҳақиқатга яқин-ку. А.Қаҳҳордек улкан адиблар ҳар қандай “изм”лар таркибида ҳам ўзларини, аниқроғи, ўзликларини сақлаб қоладилар. Вақти келди, соцреализмдан кечдик, лекин адибнинг табаррук номи реалист бўлиб қолди-ку?! Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим: мен экзистенциализмга нисбатан “субутсиз” сифатловчисини тўла англаган ҳолда ишлатдим ва бу масалада баҳслашишга ҳамиша тайёрман.
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиқилса, У.Норматов абсурд деб ҳисобланган Ў.Ҳошимовнинг “Тушда кечган умрлар”, Ш.Холмирзаевнинг “Олабўжи”, “Динозавр”, М.Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Т.Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, Х.Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” каби романлари абсурд андозасига мутлақо тўғри келмайди. Улар муассир ўзбек реалистик романининг сара намуналари: улар реал воқелик, реал қаҳрамонлар, реал хронотоп асосида яратилган ва аниқ ғоя, эстетик баҳо ташийдилар. Уларнинг айримларидаги рамзий-мажозий тасвир бадиий-фалсафий талқинни кучайтириш мақсадида истифода этилган ва бу нарса реалистик принципларга монелик қилмайди. Умуман олганда, бадиий-эстетик ҳодисалардаги абсурд тушунчаси ижобий ҳодиса эмас. Мана шундан келиб чиқилса, Шарқ адабиётида, хусусан, ўзбек адабиётида абсурд асар, агар эндиликда яратилмаса, ҳозирча учрамайди. Чунки Шарқ адабиётида азал-азалдан маъни ва унинг уйғун бадиий шаклига биринчи даражали аҳамият берилган. Биргина мисол. Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” достонининг кириш қисмида Баҳромнинг етти рангдаги қасрларда етти иқлимдан келтирилган гўзаллардан бир кундан ҳикоя тинглашига тўхталиб, салафларининг ҳаётий-бадиий мантиқ талабларига хилоф иш тутганларини алоҳида қайд этади. Чунки уларнинг достонларида Баҳром ҳар бир қасрда тўла қадаҳларда май ичиб, кайф қилиб, ухлаб, гўзалларга ҳикоя айттиради. Навоий бу нарсани маънисизлик деб баҳолайди. Дарҳақиқат, май ичиб, кайфи ошган одамнинг ухлаши учун ҳикояга эҳтиёж борми? Алишер Навоий ўз достонида бу камчиликка, маънисизлик ва мантиқсизликка ўрин қолдирмайди. Бундай мисолларни Навоийдан ташқари Бобур, Машраб, Нодира, Фурқат каби шоирлар ижодидан ҳам келтириш мумкин.
Шарқ халқлари бадиий тафаккурида сабаб-оқибат (каузал) муносабати, асар қаҳрамонларининг хатти-ҳаракат ва кечинмаларини ижтимоий-руҳий далиллашга эстетиканинг бузиб бўлмас қонунияти сифатида қаралган. Асарнинг бадиийлик мақомини белгиловчи бадиий шартлилик қонуниятига ҳам каузал муносабат доирасида амал қилинган. Гёте, Пушкин, Толстой, Есенин каби улкан даҳоларнинг Шарқ поэзиясига муфтунлигининг бош сабаблари ҳам мана шунда. Агар биз мана шу нарсага эътибор бермай ўтмишимизга, алмашинган мафкуралар талабидан келиб чиқиб, абсурд тамғасини босадиган бўлсак, адабиётимизнинг бутун тарихи абсурд асарлардан иборат бўлиб қолади-ку?!
Абсурд асар жамиятда ана шу асарга умуман эстетик талаб бўлмаган пайтда, ижодкорда эса “эҳтиёж фарзанди” (А.Орипов) туғилмаганда ёзилади. Аниқроғи, абсурд асар ижтимоий-эстетик жиҳатдан арзийдиган ғоя ташимайди. Абсурд фалсафасининг йирик намояндаларидан бири А.Камю “Бегона”, “Сизиф ҳақида миф” каби асарларида абсурд адабиётнинг ёрқин намуналарини яратдики, булар ҳақида алоҳида баҳс юритиш мумкин.
Абсурд асар маънавий-ахлоқий концепциясиз, муайян ғоя ташимайдиган, ҳаётга лоқайд ва маънисиз муносабатни ифодалайди. Бу —унинг белгиловчи мезони. Абсурд туйғу — маънисизлик туйғуси. У ҳаётдан безган, ундан қўлини ювиб қўлтиққа урган, барча нарсага маънисизлик, лоқайдлик нигоҳи билан боқувчи туйғу. Абсурд — инсонинг ўзи яшаётган жамиятга, муҳитга, ўз-ўзига, ҳаттоки, яратувчига бегоналик туйғуси. Ҳар бир инсон, кўксида озгина инсонийлик туйғуси уриб турган юраги бўлса, абсурдона ҳаёт тарзини кечира олмайди. Чунки унинг яшашдан мақсади, аъмоли ўзи учун мақбул нарсалардан ажралиб қолган тақдирда ҳам, шахс сифатидаги сийратини ёлғиз ўзигагина хос истеъдод ва ахлоқ даражаси билан сақлаб қолади. Мана шундан келиб чиқилса, ҳар бир шахс сийратидаги маънилиликни уч нарса барқарор сақлаб қолади. Булар: ўзига яраша истеъдод ва саъй-ҳаракат, инсоний бурч ва жамият олдидаги масъуллик ҳисси. Мана шу уч нарса ҳар бир шахсда муайян даражада сақланар экан, унинг ҳаёти, фаолияти маънисизлик ёбонида сарсон кезмайди, руҳи бегоналик туйғуси билан безовталанмайди. Шундагина у ўзи яшаётган давр, муҳит, жамият, энг муҳими, инсон ва унинг ахлоқ меъёрларига маънисизлик нигоҳи билан боқолмайди. Албатта, истеъдод, одамийлик, инсоният олдидаги масъуллик ҳисси ҳар бир шахсда ўзига хос даражада намоён бўлади. Муҳими шундаки, ана шу саналганларнинг ушоқ заррасидан улкан доҳиёна даражасига қадар мавжудлиги инсонни абсурдлик туйғусидан қутқаради.
Абсурд туйғу ҳар бир инсон ҳаётида муайян лаҳзаларда уч бериши мумкин, лекин у тезда сўнади. Унинг алангаланишига шахсдаги инсоний бурч, масъуллик ҳисси йўл бермайди. Абсурд лаҳзалар моҳияти А.Ориповнинг “Ҳолат” номли шеърида теран очилган. Унда ушбу лаҳза билан боғлиқ туйғу нозик фалсафий-поэтик талқин этилган. Инсон қуёшга, денгизга, юзларини силаб эсаётган шамолга, оёғи остидаги заминга, атрофидаги одамларга, ҳаттоки ўзига шунчаки қарай олмайди. Заррача одамийлиги бўлган, озгина ҳис ва ақлга эга шахс уларнинг барчасига лоқайд муносабатда бўлмайди. Шунчаки қараш фақат абсурд туйғуси устун бўлган шахсларгагина хос.
Шеърда лирик қаҳрамон тилидан алоҳида таъкидланган “бир нафас”, “бир зум” каби вақт бирликлари ҳар бир инсон руҳиятида кечиши мумкин бўлган абсурд ҳолатнинг воқе бўлиш муддати. Абсурд ҳолат инсон руҳиятида ҳар замон-ҳар замонда, кўпроқ юраги дард-аламга тўлган, дунё ташвишларидан тўйиб кетган, руҳи тушкинлик ва умидсизлик билан хира тортган лаҳзалардагина рўй беради. Бу туйғу руҳиятни қандай тезлик билан чулғаб олса, шундай тезлик билан тарк этади. Чунки ҳақиқий инсон ҳеч қачон ўзи яшаётган жамиятга, ўзини ўраб турган муҳит, коинот, наботот ва ҳайвонот оламига лоқайд боқа олмайди. У ана шуларнинг барчасига ўзининг ҳис-туйғуси, дарди-қувончи, нафрати ва шукронаси билан қарайди. Унинг руҳиятини, онгини чулғаб олган олам ва одам ташвиши барча нарсаларнинг сифатини лоқайд туйишдан халос этади. Инсоннинг табиийликни ҳис этишдан маҳрум бўлиши даҳшатли ҳолат, унинг борлиққа ҳиссий муносабатда бўлиши эса лоқайдлик балосидан — абсурддан қутқаради.
Модомики, абсурд ўз оти билан маънисизлик экан, унга сиёсий нуқтаи назардан маъно юклаб, ғоявий-бадиий жиҳатдан эъзозлашга лойиқ асарларни абсурд деб баҳолаш тўғри бўлмайди. Акс ҳолда, адабиёт ихлосмандларини нотўғри йўналишга, уларнинг онгини ғалат тушунчалар билан тўлдиришга сабабчи бўлиб қоламиз. Сохта ва хато тушунчалар инсон онгига тез ўрнашиб олади, уларни онгдан қувиш эса жуда қийин кечади. Шунинг учун адабиёт ва санъатдаги абсурд ҳақида гапириш учун терминнинг фалсафий-эстетик маъносини, абсурд туйғунинг моҳиятини теран идрок этиш зарур. Шу ўринда адабиётшунос Д. Қуроновнинг: “Х. Дўстмуҳаммад талқинидаги “Бозор”нинг абсурддан бошқа нарса эмаслиги кўзга ташланди. Сирасини айтса, бу абсурднинг шарқона, ўзбекона талқини эмасми” (“Жаҳон адабиёти”, 2001, 9-сон) каби хулосаси кишини таажжублантиради. Аммо ана шу хулосадан сал қуйироқдаги таҳлили орқали у ўзининг хулосасини мантиқан йўққа чиқаради. Мантиқан қаралса, романда мажозий тасвир орқали “жамиятнинг мўъжаз макети”га (Д. Қуронов) рамзий ишорат мавжуд экан, асар қандай қилиб ўзбекона абсурд намунаси бўлсин? Ахир, ана шу “мўъжаз макет” маъни эмасми?! Асар абсурд асар эмас ва абсурднинг ўзбекона намунаси ҳам эмас. Менимча, абсурд барча замон ва маконларда маънисизлик бўлиб қолаверади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 27-сонидан олинди.