Асрор Мўмин. Оқ чўққилар доим уйғоқдир

Болқор халқининг таниқли шоири Қайсин Қулиев халқимизнинг катта дўсти, юртимиз ва адабиётимизнинг шайдоси эди. У юртимизда ўтказиладиган халқаро маданий тадбирларда мунтазам равишда қатнашарди. Чунки халқимизнинг бой маданий меросини чуқур қадрларди.
— Самарқандда, халқ даҳоси яратган меъморчилик дурдоналарини томоша қилар эканман, бир нарсадан хижолат бўлдим ва ўкиндим, — деган эди у илк бор қадимий шаҳримизни кўриб қайтгандан сўнг. — Дунёда олтмиш йилча яшаган туркий тилда ёзувчи шоир ҳалигача Самарқандни кўрмаган бўлса, кечириш мумкинми, ахир. Йўқ. Регистон майдони, Гўри Амир, Шоҳизинда, Бибихоним мадрасаси каби санъат ва меъморчилик обидалари қайси мамлакатда бор? Мен Тожмаҳални, Қизил Фротни кўрганман, дунёдаги бошқа архитектура ёдгорликларини томоша қилганман. Лекин Самарқанддаги обидалар ҳаммасидан зиёда.
У адабиётимизни ҳамма жойда ибрат намунаси сифатида кенг тарғиб қиларди.
– Ўзбек шеърияти — жаҳон аҳамиятига молик шеърият. Улуғ Алишер Навоий ижоди фикримнинг ёрқин исботидир, — деган эди Қайсин оға бир учрашувда.
Ҳа, Қайсин Қулиев ҳар сафар Алишер Навоий даҳоси олдида таъзим қиларди, унинг асарларини жаҳон маданиятининг дурдоналари деб биларди. Ўзига замондош ўзбек адиблари — Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Шукрулло, Абдулла Орипов билан дўстлик алоқаларини ўрнатганди. У адибларимизнинг асарларини аслиятдан ўқиш ниятида ўзбек тилини мустақил равишда бир қадар ўрганганди. Умуман олганда, у барча шоирларни оға-инисидай, туғишганидай яхши кўрарди. Таниқли ёзувчи Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, Қайсин Қулиев юрагида Пушкин, Лермонтов, Есенин, Низомий, Фузулий, Пастернак, Верхари… яшарди. Ҳамиша у дунё шоирлари билан ва ўзининг ҳам шоир эканлигидан фахрланарди.
– Инсон ўзининг тилида яратилаётган адабий ютуқларидангина эмас, балки бошқа тилларда сўзлашувчи қаламкаш дўстларининг муваффақиятларидан ҳам қувониши лозимдир. Буни мен ажиб фазилатлардан бири ҳисоблайман, — дея ўз адабий дунёқарашини ифодалаганди шоир. Шундай ажиб фазилат эгаси бўлган юртдошларимиз Қайсин Қулиев ижоди билан таниш ва унинг шеър-достонларини севиб мутолаа қиладилар.

Аёлни мадҳ этди Шарқнинг шоири,
Умумбашар бундан яхши хабардор.
У шаҳло кўзларнинг бўлиб асири,
Оҳу кўзларига менгзади илк бор.

Мен улуғ Ҳофизнинг ўзи билан ҳам,
Нафис мушоира бошлардим рўй-рост.
Агарда севгилим, қачондир топсам,
Сенинг кўзларингга муносиб қиёс.

Қайсин Қулиев Россия Федерациясининг Кабардин-Болқор Республикасидаги Чегем туманида 1917 йил 1 ноябрь куни дунёга келди. Унинг шоирлик иқтидори камол топишида болқор халқ шоири Козим Мечиевнинг сезиларли ҳиссаси бор. Чунки Қайсин ўспиринлик даврида кекса шоир хонадонига тез-тез келар ва ундан маслаҳатлар олиб турарди. Бунинг самараси ўлароқ, Қайсиннинг биринчи шеърлар китоби 1940 йилда «Ассалом, тонг» номи билан болқор тилида босилиб чиқди. Айниқса, унинг 1942 йилда ёзган «Тоғлик эканимдан доим кўксим тоғ» деб номланган шеъри адабиёт ихлосмандлари даврасидагина эмас, окопларда аскарлар томонидан ҳам қўлма-қўл ўқилди. Шу боис Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатов «Мен шеъриятда эндигина қадам ташлаётган давримдаёқ Қайсин Қулиев буюк шоирлардан бири эди» деганда айни ҳақиқатни айтганди.
– Шеърият икки карра кучлидир, агар у ижодкорнинг шахсий намунаси билан мустаҳкамланган ва юрак қони билан суғорилган бўлса, — деган эди Қайсин Қулиев. — Шоир она-Ватани учун оғир дамларда олдинги сафларда бўлиши керак. Қўрқоқлик ва лоқайдлик шоирларга ёт хислатдир.
Сўзи билан иши бир Қайсин Қулиев Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан она-Ватан ҳимояси учун кўнгиллилар қаторида фронтга отланди. Жангларда икки марта оғир яраланди, госпиталда даволаниши билан докторлар тақиқлашларига қарамай яна фронтга йўл олди. 1944 йилда болқор халқи асоссиз равишда ўз юртидан мажбуран кўчирилди. Шу муносабат билан Қайсин Қулиев ҳам фронтдан қайтарилди. Лекин унга ўз юртида яшашга ҳам рухсат этилди. Шоир эса, юртдошлари изидан Қирғизистон пойтахти сари йўлга тушди.

Дучор бўлса хешим, қўшним балога,
Мен ҳам тайёрдурман ўша жафога.

Халқи бошига тушган бу кулфатни шоир кейинчалик шеърларида, «Чегемда Лайлога сўйлаганларим» достони (1975) ва «Қиш эди…» насрий асарида (1985) ўкинч билан қаламга олди. Ўша вақтда эса, юртдошлари сари ошиқаётган шоир дардларини қуйидаги тўртликка жойлади:

Яраланган бўри судралар,
Ўт-ўланда қолаётир қон.
Овчи эса изма-из борар…
Мени шундай топасиз осон.

Шоир ўзи таъкидлагандай, халқи томонда туриб ижод қилди, ҳақиқат қарор топиши учун курашди. Ниҳоят, адолат тикланди. Болқорларнинг Чегем водийсига қайтишига рухсат берилди. Қайсин Қулиев учун энг азиз неъмат — Чегем водийсида осойишта ижод нашидасини сурадиган кунлар келди.

Айтсалар: «О Қайсин, тарк этгин тоғни,
Олтин қаср берамиз, даври даврон сур».
Дейман: «Не қиламан бундай чорбоғни,
Чўпонга олтин-дур қийматсиз эрур».

Майли, тоғлар аро юрайин қашшоқ,
Бой бўлгандан кўра муҳожирликда.
Ёлғиз оёқ йўлда ютай чанг-тупроқ,
Ғорда тунай, лекин яшай ҳурликда.

Шоирга шарт эмас тўкин дастурхон,
У тоғлар қўйнида туйса бас шуур.
Бургутга кўрк эмас, керак куч-осмон,
Тоғликка зар эмас, озодлик зарур.

Шоирнинг безовта қалби осойишта ижод қилишга имкон берармиди?! Она тилини куйлаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ўша даврда Қайсин Қулиев она тилига бағишланган ажойиб шеърлар ёзди, кам сонли миллатларнинг она тилларини фаол ҳимоя қилди, барча тилларни тенг ҳуқуқли асосда ривожлантириш ҳақида қайғурди.
– Ҳозир тил ҳақида гапирганлар билиб қўйсинлар, — дея нутқ сўзлади у тилшуносларнинг 20-асрнинг 60-йилларида бўлган йирик анжуманида. — Ватан учун ҳалок бўлган қаҳрамонлар сўнгги бор она тилида «Озодлик!» дея ҳайқирганлар. Бу китобий гаплар эмас, балки ботирларнинг қони билан ювилган ҳаёт фалсафаси, аччиқ ҳақиқатдир. Айримлар «Кам сонли миллатларнинг тиллари ўлади» деб гапираётганидан хабардорман. Буни одамлар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳал қилади. Она тил — ҳар биримиз учун табаррук тупроқ ва меҳрибон онамизнинг нафаси. Она тилидаги қўшиқларимиз, эртакларимиз уйимиз, отамаконимиз каби биз учун бебаҳодир.

Халқ тили қиров эмас, эриб кетмагай зумда,
У тоғлар бағридаги баланд мустаҳкам қоя.
Тил халқ билан биргадир қувончли, ғамли кунда,
Туҳматлар кўланкаси унга сололмас соя.

Тил халққа суворийдай, навкардай доим посбон,
Донишманддай, деҳқондай ҳар ишга доим дастёр.
Шу боис тил халқ каби мангуликка дахлдор,
Агар ўлса у, ҳалок бўлар мисли қаҳрамон.

Болқор халқининг суюкли шоири Қайсин Қулиев Чегем водийсида табиатни, ер-осмонни, тоғларни, дарахтларни, қушларни, тинчликни, ҳурликни, меҳнаткаш инсонни, муқаддас аёлни, боқий муҳаббатни, дунёнинг келажаги бўлган болаларни куйлади, халқи орзу-армонларини шеърий мисраларга кўчирди. Унинг қаламидан тўкилган бу шеърлар умумбашарий маданият дурдоналари қаторидан ўрин эгаллади, ўзи эса дунё халқларининг суюкли шоирига айлана борди. Айниқса, 1964 йилда «Ярадор тош» китобининг босмадан чиқиши унга катта шуҳрат келтирди. Китобга кирган шу номдаги шеъри тилдан тилга кўчди, адабиётнинг нозик билимдонларини ҳам ҳайратга солди.

ЯРАДОР ТОШ

Жанг олови тоққа ўрлаган замон,
Даҳшати тошга ҳам етказди озор.
У донг қотди, куйди, бўлди ярадор…
Тошда ўқлар изи битмаган ҳамон.

Ўша кунлар ўт ва ўқ тўфонида,
Тоғдаги сўқмоқ йўл этилди тилка.
Ўлимга тик боққан ботир ёнида,
Шу метин тош турди елкама-елка.

О, юртим тошлари! Ваҳм солиб ёвга,
Биз бирга дош бердик оғир синовга.
Бироқ яралади бизни битта ўқ,
Бағримизни ёқди битта лахча чўғ.

Ҳиндистоннинг собиқ Бош вазири Индира Ганди тинчликка бағишланган халқаро анжуманда «Шоир Қайсин Қулиев шеърида тўғри таъкидланган, жангларда отилган ўқ, аввало она юрагини тешиб ўтади» деганида зал гулдурос қарсакларга кўмилди. Бу гулдурос қарсаклар дунёдаги отишмалар овозини бир қадар пасайтирди, десак сира муболаға эмас. Йиллар ўтди, лекин бу шеър дунёдаги барча оналарнинг тинчликка даъвати сифатида турли тилларда ҳамон янграяпти.

Қайдадир, йироқда инграйди аёл,
Дардларини қўшиб айтади алла.
Дунёдаги мавжуд даҳшат ва завол,
Алла оҳангига кўчар баралла.
Жангларда отилган энг биринчи ўқ,
Она юрагини тешиб ўтади.
Сўнг жангда ким ғолиб,
бунинг фарқи йўқ,
Она қалби бир умр алам ютади.

– Мен ҳаётда ҳам, ижодда ҳам аёллардан ҳамиша миннатдорман. Тўғри, улар баъзан қалбимга озор етказишди, лекин кўпроқ шодлик бахш этишди. Буларни турли йилларда ёзган шеърларимда акс эттиришга уринганман. Аёл — инсониятни тарбиялаётган она, — дея шоир аёлларга бўлган чексиз ҳурматини изҳор этганди.
Шу ўринда Қалмиғистон халқ шоири Давид Қуғултиновнинг Қайсин Қулиев 60 йиллик тўйида сўзлаган нутқидан парча келтиришимиз жоиздир:
– Мен яқинда Японияда бўлиб қайтдим. Кунчиқар мамлакатда менга «Чўмилади аёл дарёда» шеърини ёзган шоир мамлакатидан келган меҳмон сифатида катта иззат-икром кўрсатишди. Улар шоир ҳамон ажиб донишмандлик билан, ўта нозик дид билан оналар, инсон гўзаллиги тўғрисида шеърлар ёзаётганига ишонч билдиришди. Сафардан қайтаётганимда япониялик аёллар «Чўмилади аёл дарёда» шеъри муаллифига қизғин саломларини етказишимни сўрашди ва гулдасталар тақдим этишди…

Чўмилади аёл дарёда,
Қотиб қолган қуёш самода.

Олтин қўлин оҳиста ташлаб,
Унинг кифтин силар авайлаб.

Бошин эгиб турар мажнунтол,
Сувда қалқир сояси беҳол.

Майсалар жим қарар ўтлоқда,
Тошлар жиққа ҳўлдир қирғоқда.

Сузиб борар дарёда гўзал,
Ер юзида йўқдай шум ажал.

Йўқдай офат, йўқдай бўрон, қиш,
Йўқдай зиндон, йўқдай ғам-ташвиш.

Гўё, уруш йитган дунёда…
Чўмилади аёл дарёда.

Таниқли рус шоири Михаил Дудиннинг шу шеър ҳақидаги фикри ҳам қимматлидир:
– Бу шеърда Ренуарнинг ҳам, Кустодиев, Боттичелли ва Рубенснинг ҳам ранглари қандайдир янгича товланган, ҳаёт гўзалликлари бус-бутун мужассамлашган, олижаноблик ҳам, турмуш ташвишлари ҳам ярақлаб кўзга ташланади.
Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг қуйидаги сўзларини шоирнинг ижодига, ўзига берилган энг чиройли мухтасар тавсифлар қаторига киритиш мумкин:
– Қайсин Қулиев китобларини ўқиганда ҳар қандай киши унинг шеърларига мафтун бўлиб қолади, шоирнинг шахсан ўзини таниганлар эса унинг меҳри, одамийлигига мафтун бўлиб юрадилар.
Шеър ёзиш — энг қийин иш, деб бежиз айтишмайди. Чунки шеърда Қуръони каримда эътироф этилгандай ҳикмат бўлиши керак. Бу ҳикмат эса, барча халқларга тушунарли бўлиши ва уларнинг орзу-армонларини ифодалаши лозим. Ижоди давомида энг қийин ишни шараф билан уддалаган Қайсин Қулиев шеърият, шоирлик ва ҳаёт ҳақида фикр юритар экан шундай деган эди:
– Шеърият, энг аввало инсонни ҳимоя қилиши, айни дамда қувончли ва ғамли дамларида ҳам руҳлантириши, ҳам далда бериши керак. Ўзим ҳам шоирлар тоифасидан бўлганим учун умидсизликка солувчи шеърларни тан олмайман. Шеъриятнинг вазифаси чучмал, ширин сўзлар билан эмас, балки очиқ, тўғри, ҳаққоний, лозим бўлганида аламли, изтиробли сўзлар билан инсон қалбига кириб бориш, ларзага солиш ва уни шу тариқа имони бақувват, ҳақгўй курашчи қилиб тарбиялашдан иборатдир.
Шоирнинг ўзи ҳаёти ва ижоди давомида таърифлаб берган шу мезонларига қатъий амал қилди.

Қувонганман кўрсам тўй-байрам,
Ғайирликдан ёнмади жоним.
Битта чети кемтик бўлса ҳам,
Ҳалол эди тишлаган ноним…

Интилмадим олай деб унвон
Ва кимдандир яхши яшашга.
Сўзламадим ҳеч кимга ёлғон,
Демак, ҳаққим бордир куйлашга.

Маълум сабабларга кўра, улкан истеъдод соҳиби Қайсин Қулиев ўзининг бор имкониятидан тўлиқ фойдалана олмади. Бироқ, у ҳаёт имтиҳонларидан чўчиб, осон йўллар қидирмади, мисоли қоягирдай эҳтиётлик билан тақдирига битилган сўқмоқдан олий мақсад чўққилари сари интилди.

Оқ чўққилар доим уйғоқдир,
Гоҳо булут ортида улар.
Асли ҳаёт тикка сўқмоқдир,
Эҳтиётсиз жарликка қулар.

Қор остида хатарли сўқмоқ,
Жонинг омон асра, ҳушёр юр.
Олдда порлаб турмайди маёқ,
Сўқмоқ, ҳаёт ҳамиша оғир.

Қайдан юрма кутар имтиҳон,
Осон йўлнинг ўзи йўқ, ахир.
Шу боисдан ҳар битта инсон,
Ерда юрсин мисли қоягир…

Ҳар бир шоирнинг севган мавзуси бўлади. Қолган мавзулар, ғоялар, фикрлар шу мавзу атрофида жипслашади. Шубҳасиз, Қайсин Қулиевнинг севган мавзуси — ТОҒ. Унинг «Тоғлик эканимдан доим кўксим тоғ», «Тоғлардан излайман уззукун илҳом», «Тошда ўқлар изи битмаган ҳамон», «Оқ чўққилар доим уйғоқдир» каби юзлаб мисралари фикримизни тасдиқлайди.
– Мен Кавказда кўп бўлганман, — деб ёзганди севимли шоирамиз Зулфия. — Лекин ҳар гал Қайсин Қулиев шеърларини ўқисам Кавказни, у туғилган ўлкани қайта кашф қиламан. Хаёлимда оқ чўққили Эльбрус жонланади, қулоғимга тоғ шалолаларининг шалдирашлари чалинади, мард, меҳнаткаш, оқкўнгил одамларнинг тафти ва нафаси кўксимни яйратади.
Шукурки, шоир «Тоғ — тупроқ, қум, тош, қор ва муздан иборат тепалик» деган умумий гаплардан жуда юқори туради, тоғ тушунчасидан умумбашарий фалсафаларни топади ва уларни ўлмас мисраларга сингдиради. Ҳаётда турмуш ташвишларини кўравериб қартайган кишиларнинг сочларига оқ тушади. Қайсин Қулиев наздида, тоғларнинг чўққилари дунё ташвишларини кўравериб оқарган. Шоир доим уйғоқ оқ чўққиларга қараб, огоҳ қўнғироқларини чалади. 1964 йилда ёзилган «Қояларга илтижо» шеъри ана шундай шеърлари сирасига киради. Бу шеърда ҳам дунёвий, ҳам диний фалсафа мужассам. Чунки унга Қуръони каримнинг Тоҳа сурасидаги «(Эй Муҳаммад), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур» ояти ва шу мазмундаги бошқа оятлар асос қилиб олинган.

ҚОЯЛАРГА ИЛТИЖО

Сизга ёлвораман, кулга айланманг,
Агар ёқсалар ҳам ўтда бешафқат.
Кулга айлансангиз мабодо сиз ҳам,
Биз ожизлар недан оламиз ибрат!?

Ёлвораман, бизга кўрсатинг карам,
Ёлвораман, дилга солмангиз ваҳма.
Устингиздан ўтса зоти мукаррам,
Уларга тошингиз бўлмасин дахма.

Мағрур бошингизни этмангиз нигун,
Ҳаттоки, энг мудҳиш даҳшатли онда.
Йўқса, бизга ҳурлик ва сабот учун,
Тимсол намунаси қолмас жаҳонда.

Қоялар — жим турган буюк ҳақиқат!
Бу дунёда кўпдир ташвиш ва кулфат.
Ва лекин қиёмат кунигача то,
Сиздан баланд фақат Қуёш ва Худо.

Қояларга ёндош осмонни фақат,
Чақмоқлар, бургутлар қилсин безовта.
Жонзодлар галаси кезсин ҳамма вақт,
Пойингизга туташ водий, яйловда.

Сизга ёлвораман, кулга айланманг,
Агар ёқсалар ҳам ўтда бешафқат.
Кулга айлансангиз мабодо сиз ҳам,
Биз ожизлар недан оламиз ибрат!?

«Қоялар — жим турган буюк ҳақиқат!». Улар буюк ҳақиқатни ичида сақлаб жим тураверар экан. Одамлар эса… 1985 йил 4 июнь куни Қайсин Қулиев оғир хасталикдан кейин вафот этди. Ундан юзлаб тилларга таржима қилинган юзлаб китоблар қолди. Жумладан, ўзбек тилида шоирнинг «Гул ва ханжар» (1968), «Кўзларингни севаман» (1977), «Мени ардоқлаган аёлларга» (2004) китоблари кўп нусхада нашр этилган.
Йиллар ўтаверади. Қайсин Қулиевнинг дилбар шеъриятига янги авлодлар ҳам мурожаат қилаверади. Чунки унинг шеърлари ўзи таъкидлаганидай, юрак қони билан суғорилган. Бундай шеърлар эса, мангу яшайди, оқ чўққилар каби доим уйғоқдир.
Биз эса Қайсин Қулиевни ёдга солувчи саналарда уни кўпроқ соғинамиз, шеърларини қайта варақлаймиз, дўстларининг хотираларини кўздан кечирамиз. Шундай кезларда шоирнинг узоқ йиллик дўсти, қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг хотиралари таскин беради:
– Қайсин Қулиевнинг ҳаёти ва ижоди чамбарчасдир. Бизга қолдирган ҳаёт китоби вафодор. Ишончим комил, унга шоирнинг эски ва янги дўстлари қайта-қайта мурожаат этишади, меҳру муҳаббат билан таскин излашади. Ундан мардлик, олийҳимматлик ва ор-номус дарсларини оладилар.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон