Асад Асил. Чақмоқдек чақнаган ҳаёт

http://n.ziyouz.com/images/sidqiy.jpg(Сидқий Хондайлиқий таваллудининг 130 йиллигига)

Кесакқўрғон мадрасасини аъло даражада имтиёзли тугаллаб, шу билим даргоҳида мударрис домланинг ёрдамчиси вазифасида олиб қолинган мулла Имомали қишлоғига ташриф буюрган эди. Устози йўқлаётганини эшитиб, Мирзоҳид ота хонадонига кириб келганда Ҳазрат домла ташқи ҳовлидаги ўриндиқда хаёлчан ва ташвишли қиёфада уни кутмоқда эди. Мулла Имомалини бағрига босиб кўришар экан, дардчил оҳангда дарҳол мақсадга ўтди Мирзоҳид ота:

– Кўпларнинг ишончу ҳурматларини қозонибман-у, болаларимга яхши ота бўлолмабман, чироғим. Онаси билан акаси вафотидан кейин Исмоил инингизни сал бўш қўйиб юборибман шекилли, кейинги она фарзандларини, айниқса Сирожиддинни унчалик чиқиштирмаётган кўринади. Бундай гапларни бировларга айтиб бўлмайди. Сиз фарзандларим қаторидасиз, тўнғич ўғлим ўрнидасиз!.. – ҳазрат домланинг овозлари титраб тинди. Мулла Имомали бир сўз дея олмай, қаттиқ изтироб ва сукут оғушида ўтирарди. Мирзоҳид ота ўзини қўлга олгач, сўзида давом этди. – Биласиз, Сирожиддин ўжар, сиздан ўзгага кўнмайди, чамамда ҳозир “Қирғизқулоқ”қа етди-ёв! Майли, борсин, фақат яхши тайёргарлик кўриб, дуои фотиҳамизни олиб ҳамда биродаримиз Шоҳмуҳйиддин Охунд домлага мактубимизни олиб борсалар дегандим…

Мулла Имомали шу заҳоти Сирожиддиннинг изига тушди. Тезлаб юриб кўрдики, Сирожиддин “Қирғизқулоқ”дан ҳам ўтиб кетиб, нақ Тўрайскага етиб қолган экан. Бу ўспирин жуссаси кичик ва нозик кўринса-да, ўзига пишиқ-пухта, чақмоқдек чақнаганлардан эди. Ҳаяжонли шу воқеалар Сирожиддин – Сидқий Хондайлиқий Тошкентдаги Кесакқўрғон мадрасасига билим олиш учун жўнаш жараёнида содир бўлганди…

Сирожиддин ибн Мирзоҳид Охунд – Сидқий Хондайлиқий Кесакқўрғон мадрасасида олган билими билан кифояланиб қолмади. У Тошкентдаги Кўкалдош ва Бекларбеги мадрасаларида ҳам таҳсил олди. Шу фурсат давомида бир йўла Шоҳмурод котибга қатнаб, ҳуснихатини такомилига етказди. Илмга чанқоқ қалб, барибир, тинчий олмасди. Мадрасалар бераётган билим доираси қаноатлантирмагач, мустақил мутолаага берилди. Довруғи достон, номи машҳур хаттот Мирзаҳошим Хўжандийдан ҳуснихатнинг барча мураккаб усулларини, муҳр ясашни, китобларга зарварақлар ва тилла ҳал ишлашни қунт билан ўрганган пайтларида Сидқий Хондайлиқий шоирлар даврасида танилиб, ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб қолган эди. Мадрасаларнинг тор доираларини ёриб чиқиб кетган Сирожиддиннинг ихлоси Ҳазрат Навоий, Жомий каби намояндалар ижодларига ғоят баландлигидан уларнинг жуда кўп ғазалларини ёд биларди.

Хондайлиқ отлиғ қишлоқнинг боғу тоғларида сайр этиб, ёшлигида ўз билгичи доирасида ғазаллар битган, шеърлар ёзган Сирожиддин Тошкентда таълим олгач, айниқса етук шоирлар даврасига қўшилгач, ўзининг назм бобидаги ожиз томонларини тезда илғаб олади ва бадиий ижодга қизғин киришиб кетади. Шоир ўзининг бу ҳақдаги самимий дил изҳорида: “Қачонки, илм ўқиш учун Тошкентга бордим, олим ва шоирларга улфат бўлиб, алардан маърифат йўлларини ва шеър ёзиш сирларини ҳам ўргандим”, деб ёзган эди.

Сирожиддин чин шеърият майдонига киргунга қадар анча адашиб юргани каби ўзига тахаллус танлашда ҳам бир неча номларни қўллагани маълум. 1913 йилга қадар шоир асосан Шавкат, Шеван тахаллуслари билан ижод қилди. Ушбу имзолар билан ёзган шеър ва ғазалларини жамлаб, “Туҳфаи Шавкат” (1913), “Савғоти Шавкат” (1914) китобларини нашр эттирди.

Шеърият майдонида жавлон ураётган, истеъдоди ғоят тез камол топиб, даврадошларидан ҳар томонлама ўзиб кетаётган Сирожиддиннинг бора-бора дунёқараши ҳам кескин ўзгара бошлади. Унинг ижодида ҳажвиёт алоҳида бир йўл бўлиб ажралиб чиқди. Давр тенгсизлиги, тузумнинг адолатсизликлари аввал юмшоқроқ юморларда, сўнг кескин масалу маталлар, шеърий қиссаларда, ниҳоят, ўткир сатираларда намоён бўла бошлади. Умр инсон учун берилган ноёб имконият эканлигини тушуниб етган салоҳиятли шоир араб ва форс тилларидаги дурдона асарларни ўз она тилига таржима қилиш йўлида шиддат билан ишлайди. Тошкентдай азим шаҳарда ҳужрама-ҳужра кўчиб, сарсону саргардон бўлиб юрган шоир қалби шу оғир ўн олти йил (1903-1919) умр давомида ҳижронга, алам-ситамларга лиммо-лим тўлди, ноҳақликлар, жабру зулмларни кўра-кўра тоқати тоқ бўлди. Аммо у эркин-эмин юрган қишлоғига қайтиб кетолмасди. 1913 йилдан сўнг танлаган тахаллуси шу тариқа туғилди. Асарларига “Сидқий Хондайлиқий” деб имзо чека бошлади. Бу ноёб топилма шоирнинг ҳижрон дардига бироз малҳам қўйгандек бўлди. Шундан сўнг шоир мазкур тахаллусда умри сўнггигача ёниб ижод қилди. Илҳоми жўшиб, она қишлоғига бағишлаб, алоҳида шеър битгани ҳам маълум. Унда қуйидаги сингари ҳаяжонли сатрлар мавжуд эди:

Ватан надир туққон ерим, турғон ерим,
Ўсиб-униб ўйнаб кулиб юрғон ерим…
Жоним Ватан, таним Ватан, кўзим Ватан,
Эсдан чиқар они кўрғоч кўрғон ерим…

Сидқий Хондайлиқий, бор-йўғи эллик йил (1884-1934) умр кўрди. Шоир қисқа умр кўришини гўё аввалдан билгандек, адабиётнинг деярли барча қиррасида шиддат билан қалам тебратарди. Ёзган шеърлари, достонлари, ҳажвий асарларини жамлаб 1913-1917 йиллар давомида тўққизта китоб нашр қилдиришга муваффақ бўлди. Араб ва форс тилларидан ўнга яқин асарни ўзбекчалаштирди. Таржимачилик бобида Сидқий бағоят улкан заҳматлар чекарди-ю, чекинмасди. Араб ва форс тилларини ўз она тилидек ўзлаштирган истеъдодли адиб, бу имконият жуда ноёб, ўзининг зўр бериб ишлаши керак эканлигини қалб-қалбидан ҳис этиб, таржима устида узлуксиз қалам тебратарди. Аммо Сидқий Хондайлиқий томонидан ўзбекчалаштирилган дурдона асарларнинг қайта нашр қилинмай, шарқшунослик институтида ҳамон қолиб келаётгани жуда ташвишли ҳолдир…

Сидқий Хондайлиқий моҳир хаттот сифатида адабиётимиз намояндаларининг ўнлаб асарларини қайта-қайта кўчирган, уларни зарҳаллар, чиройли безаклар билан безаган, устозларга бўлган чин ихлос ва садоқатини амалда исботлаганди. Зеро, ҳар бир ижодкор, адабиётшунос, бу соҳа мутахассислари ўз зиммасида катта бир масъулият – устозлар меҳнатлари мевасини юзага чиқариш, халққа етказиш вазифаси борлигини унутмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, араб имлоси билан ёзилган таржима асарларни ҳозирги имлода қайта нашр қилиш аҳволини ҳам қониқарли, деб бўлмайди.

Сидқий Хондайлиқий ўз имкониятини юқори даражада ишга солганлиги унинг серқирра ижодида аниқ кўринади. Сидқий – шоир, таржимон, ношир, хаттот. Унинг бу жиҳатлари кўпчиликка маълум; босилган ёки босилмаган ва нотамом асарлари, таржималари ва қайта-қайта кўчириб нашр эттирган китоблари ҳақида кўплаб маълумотлар берилган. Аммо Сидқий Хондайлиқийнинг ҳамон кўпчиликка номаълум қолиб келаётган ва намуналари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган ижод маҳсуллари борки, уларни ҳам китобхонлар оммасига етказиш бу соҳа мутахассисларининг муҳим бурчидир. Хусусан, Сидқий томонидан тўпланган халқ мақоллари, қадимий ўзбек сўзлари луғати, шоирлар, хаттотлар, турли кишилар билан ёзишмаларини ҳали-ҳануз қўл теккизилмаган хазиналар, дейиш мумкин…

Сидқий Хондайлиқий Тошкентга келишининг дастлабки йилларидаёқ уни элга танитган, оддий халқ ҳурматига сазовор этган, шунинг баробарида, ўз бошига катта ситам ва кулфатлар солган ҳақгўйлик ва ҳажвгўйлиги шоир ижодида алоҳида бўртиб туради. Бу йўл ғоят машаққатли эди, образли қилиб айтганда, бирон одимни ҳам ситам чекмай босиб бўлмасди. На илож, қалб даъвати шу бўлгандан кейин шоир бу соҳада қалам тебратмай туролмасди.

Шоирнинг ўзи ҳам “Ҳолати Сидқий” деб номланган таржимаи ҳолида: “Ошиқона ғазалларим кўп бўлса ҳам, аксар таъбим ҳажвиётга мойил эди”, деб очиқ-ойдин ёзган эди. Сидқий ҳажвий асарларини тўплаб, китоб ҳолида ҳам нашр эттиради.

Тўғри сўзни айтишда ҳатто отангдан тортинма, деган ақидага амал қилувчи ҳамқишлоғи, қолаверса жигаргўшаси Сирожиддиннинг Тошкентга келганига кўп ўтмасданоқ, қалам “найзаси”ни қозию мингбоши аралаш катта-катта амалдорларга аёвсиз санча бошлаганлиги мулла Имомалини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Сирожиддиннинг шамширдек ўткир сатираси бесаранжом қилиб қўйган қозию мингбошилар Тошкент амалдорлари билан тил бириктиришиб, шоирни “Сибирға сургун, овоқ турма ичра турғун” қилмоқчи бўлдилар. Амалдорлар давраси ичида ҳам шоир ижодига ихлосмандлар борлиги бу балолар олдини олишга имкон яратди. Тошкентнинг Себзор даҳаси қозиси Ғуломхон тайёрланаётган фитнадан шоир ва унинг дўстларини огоҳ этди. Васлий, Абдулла Авлоний, Ризоий, Хислат, Камий, Мискин, Муродхўжа, Асирий каби кўнгиляқин қадрдонлар маслаҳатлашиб, Сирожиддинни Тошкентдан вақтинча бош олиб кетишга кўндирдилар. Шоир таржима учун мўлжаллаган “Алиф лайло”, “Ҳикояи латифа” каби китобларни қўлтиқлаб, 1910 йилда андижонлик дўсти Мирзакарим паноҳига йўл олди. Фарғона водийсида юрган кезларида “Ҳикояи латифа“ни тўлиқ таржима қилиб Тошкентга жўнатди. “Алиф лайло“ (“Минг бир кеча“)нинг эса ярмини ўзбекчалаштиришга улгурди…

Бундан буён ҳам индамай юраверишга мулла Имомалида илож ва тоқат йўқ эди. Мирзоҳид ота юз берган ва бўлаётган воқеаларни сукут сақлаб тинглади, чуқур хаёлга толди. Ниҳоят, қаршисида бош эгиб, фаромуш ҳолда ўтирган мулла Имомалига юзланиб, шу баҳонада ўзига ҳам тасалли бера бошлади:

– Бу – Қодир Оллоҳнинг иродаси, бўтам. Кўп ташвиш чекаверманг, сизда ҳам, бизда ҳам айб йўқ. Сирожиддиннинг зуваласи ўзи шундоқ яратилган экан. Ўғлимиз қўлимиздан чиқиб, халқ фарзандига айланиб кетди. Энди тақдирида борини кўраверади. Аммо биз ҳам қараб ўтирмай, қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўрмоғимиз даркор. Оғирлик яна сизнинг зиммангизга тушади, бўтам. Бир илож айлаб, Фарғона сари бормоққа ва Сирожиддинни қайтариб олиб келмоққа жазм этасиз. Сўнгги чора сифатида биз унинг бошини икки қилиб қўйиш тадоригини кўрамиз. Шояд, шундан сўнг ўғлимиз теварагимизда айланишиб қолса.

Ҳам қайнота, ҳам устознинг бу илтимосини мулла Имомали сира оғринмай қабул этди ва зудлик билан “вагон“да Фарғона сари отланди. Сирожиддин яшаб турган ҳужрага азонда кириб борган мулла Имомали бошини хонтахтага қўйганча ухлаб қолган жафокаш шоирни ва янгигина ёзилган шеърий дуои саломни кўриб, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди. Мулла Имомали оҳиста чўкка тушиб, бежирим сатрларга кўз югуртирди:

Ғурбат ичра, сиздин эй, мағмумдурмен айрилиб,
Суҳбатингиздан ажаб маҳрумдурмен айрилиб.
Васлингиз гулзорида чу булбул эрдим нағмасанж,
Ушбу кун вайроналарда бумдурмен айрилиб.
Кўп замонлардан бери бир қадрдоним сан эдинг,
Шарбати ҳажринг тотиб масмумдурмен айрилиб.
Ҳамдамим ҳам мунисим, жону жаҳоним сан эдинг,
Бир кишим йўқ сўрғудек, мазлумдурмен айрилиб.
Борлиғимни истамангиз ким нишонимнинг мани
Сафҳаи маълумдин маъдумдурмен айрилиб.
Ҳазратингда эрканимда эрди кўп қадрим баланд,
Эмди сориғ ранг ила марсумдурмен айрилиб…

“Аддои фақир Сирожиддин махдум соҳиби Шеван. Таҳрир ўлинди, фурсат зиқ эрди, яъни кечаси соат ўн иккида эрди. Рўзи одина учинчи сафарда. Ушбунинг жавобиға мутассардирмен“.

Шеърни ўқиб, кўнгли бузилиб турган бир пайтда Сирожиддиннинг кўзлари очилди ва энг яқин қадрдонини қошида кўрди. Улар сўзсиз-садосиз қучоқлашдилар. Мулла Имомали мақсадини эшитган шоир чеҳрасида яна хомушлик пардаси пайдо бўлди.

– Боришим ҳамоно ул қози далолати бирла мени ҳибсга олурлар ва Сибирга сургун қилурлар, – деди Сирожиддин ғамга ботиб.

– Гарчи ўлимни гапирмоқ қувонч бўлмаса ҳам, ул золимнинг яқинда тобутга тортилганини сизга айтишим керак! – деди мулла Имомали Сирожиддинни юпатиб.

– Ундай бўлса, ҳозироқ йўлга чиқамиз! Ёру биродарларни, падари бузрукворимизни яна кўрар кун бор экан-да! – деди шодланиб шоир.

Сирожиддин уйланди. Аммо аввалгилари етмагандек, буёқда ҳам кулфатлар қаторлашиб турган экан: аввал дадаси, кейин умр йўлдоши, Омонулла ва Фатҳулкарим исмли ўғлонлари бирин-кетин вафот этдилар. Юрак-бағри ҳижрон азобида ўртаниб кетган Сидқий Хондайлиқий ўзини ижод билан овунтирди, мадрасаларнинг ҳужраларида, Хислатнинг меҳмонхонасида, Чорсуда, Шайхонтовурда ижарага олинган уйларда кечаю кундуз тинимсиз ижод қилди. Лекин барибир, охир-оқибат катта Тошкент ҳам унга торлик қилиб қолди… 1919 йил туғилган қишлоғи яқинидаги Паргиз деган жойда уй-жой тиклаб ҳаёт кечира бошлади.

Беаёв ўлим Сидқий Хондайлиқийни 1934 йилнинг кеч кузида олиб кетди. Таваллудига юз ўттиз йил тўлаётган шоир хотираси Мустақиллигимиз шарофати туфайли йил сайин юксак эъзоз топиб бормоқда.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 4-сон