Акбарали Сабирдинов. Ойбек ва Уолт Уитмен

Америка адабиётининг пешқадам ижодкори Уолт Уитмен (1819–1892) шеъриятда ўзининг янги сўзини айта олган ҳассос шоирдир. Асарлари қатъий шеърий қолиплардан холилиги билан ажралиб турувчи бу ижодкор айни чоғда ўз даврининг долзарб ижтимоий масалаларига ҳам фаол муносабат билдиради. Табиатнинг гўзал, бетакрор манзара ва оҳангларига уйғун ҳолда Американинг шимоли ва жануби ўртасида 1861 йили бошланган уруш воқелигини ўзига хос тарзда акс эттиради.
ХХ асрнинг 20-йилларида ана шу улуғ истеъдод соҳиби асарлари билан чуқур танишган атоқли ўзбек адиби Ойбек Уитменнинг бетакрор образлари ва тасвир услубидан қаттиқ таъсирланади. Дарҳақиқат, Уолт Уитмен шеърларида бири иккинчисига ўхшамаган образлар: қулликдан қочган таъқибдаги ҳабаш, гўзал ҳинду қиз, нью-йорклик хонавайрон бўлган аравакаш, ҳунарманд ва темирчилар, мулкдор фермерлар, жасур денгизчилар бошқаларга ўхшамаган қиёфада акс этарди. Ойбек ижодидаги нозик ҳис-туйғулар замирида усталик билан ижтимоий-сиёсий масалаларни акс эттириш услуби муайян даражада Уолт Уитмен шеър­лари таъсирида юзага келган десак хато қилмаган бўламиз. Жумладан, “Чолғу товуши” (1922), “Кеча туйғуси” (1924) шеърларида вайрона юрт тасвири фонидаги маҳзун кечинмалар ифодаланади.
“Кеча туйғуси” шеърининг:

Босиқ уйлар, йиқиқ томлар устида
Гизли-гизли хаёлотлар йиғларди.
Йўқчиликнинг, йўқсилликнинг юртида
Мангу алам, мангу ҳасрат инграрди.
Эски, чурук чолдуворлар ичидан
Юксаларди кўкка тилсиз бир фарёд.
Қулоқ сезмас, кўнглим тўйди дариндан,
Шикоятлар тўла оловли бир дод, –

сатрларида йўқчилик ҳукмрон бўлган йўқсиллар юрти – шўро давлатининг босқинчилик сиёсатидан вайронага айланган мамлакат тасвири яққол кўринади. Ёки “Фарғона оқшоми” шеъридаги гўзал ува, кенг қирларга ҳузунли кўлка қўнган, уфқларга қизариб ботган қуёш, кўкда кумуш нурини сепаётган ой, харобалар – вайроналиклар устидан сўлғин боққан Фарғонанинг оҳ-фарёдга тўла манзаралари тасвирида лирик қаҳрамоннинг ана шу босқинчилик сиёсатидан норозилик кайфиятлари яққол англашилиб туради. Ойбек ижодининг билимдони профессор Ҳ.Ёқубовнинг таъкидлашича, “Қиш кечалари”, “Оқшом кўринишлари”, “Фарғона оқшоми”, “Кутганда”, “Ўтиниш”, “Кеча туйғуси”, “Онамнинг мозоринда”, “Боғбон қизи”, “Қушлар учаркан”, “Куз ва қиз” сингари шеърларида ҳам табиат кўринишлари ва муҳаббат туйғулари умидсизлик бўёқлари билан тасвирланади. Ёлғизлик ҳисси, ғамгин ташвишлар ҳар нафасда шоирнинг ярали қалбини сиқади, қонатади”. Бу бир ёқлама олиб борилаётган мустамлакачилик сиёсатидан, мустақиллик ҳақидаги орзуларнинг саробга айланаётганидан норози шоир кечинмаларининг ифодаси эди. Зеро, Фитрат ва Чўлпон сингари Ойбек бундай кечинмаларини ошкора билдирмаган бўлса-да, ич-ичидан туғилган туйғуларини ишоралар орқали аён эта бошлаганди.
“Фарғона оқшоми” шеъридаги:

Кўклам каби ўксиз тоғлар,
Руҳим каби бўш, кенг боғлар.
Ичдан сирли йиғлар эди,
Шу кўксимни тиғлар эди, –

сатрларида бу норозилик оҳанглари баралла жаранглайди. Уолт Уитмен ҳам табиатнинг чексиз ва абадийлигини акс эттирувчи фалсафий кечинмалар сингган шеърларида плантаторлар билан бўладиган жангга чорловчи (“Янгра, янгра, барабан!”) сатрларни яратган эди.
Уолт Уитмен шеърларига оддий кишилар – фермерлар, ишчилар, денгизчилар, фуқаролар уруши жангчилари, қулликка қарши курашчилар образларини олиб кирди. Шоир лирик қаҳрамони оддий халқ вакиллари номидан сўзлайди, улар кечинмаларини изҳор этади. Унинг “Май манзараси” шеъридаги:

Олма боғлар, борлиқни гулларига буркаган;
Буғдойзорлар – поёнсиз, жонли зумрад гиламлар;
Абадий ва туганмас мусаффодир ҳар тонглар;
Кечки илиқ қуёшнинг сариқ, олтин тумани;
Қизил ё оқ гулларин кўкка тутган сиренлар, –

сатрларидаги борлиқнинг абадийлиги, гўзаллиги, тонгларининг мусаффо ва туганмаслиги ҳақидаги пейзаж тасвири Ойбекнинг қуйидаги сатр­ларидаги:

Чарчаб қолган кун ётоққа йўл солди,
Боғчалардан узоқлашди қуш сози.
Бўшлиқларга титраб, секин тарқалди
Аллақайдан сўфиларнинг овози, –

яъни тўхтовсиз ҳаракатдаги борлиқ, унинг оҳанглари, рангларидаги эврилишлар, спиралсимон ҳаракатдаги мангулик тасвирига муштарак. Шунингдек, шеърнинг сўнгги:

Аравани лиқиллатиб деҳқон чол
Ёнгинамдан ўтиб кетди жимгина.
Йўллар қора… тикиларди ёш хаёл
Олтин кўзли кўк қизлари ҳуснига… –

сатрларидаги ҳаётий ифодалар, нозик чизгиларда ҳам ушбу таъсирни кўриш мумкин. Ёки Ойбекнинг 1936 йилда Чимён тоғлари бағрида олган таассуротлари асосида ёзилган “Наъматак” шеъридаги улуғворлик ва фидойилик олқишланган сатрлар ҳам Уолт Уитмен ижодига уйқашдир. Наъматак борлиққа гўзаллик, эзгулик ҳадя этмоқ учун “юксакда, шамол беланчаги”да нафис чайқалади. Шеърда ваҳший тошлар ижоди бўлган, уларга фусун берган кумуш қорларни юм-юм йиғлатган наъматакдаги матонат, маъсумлик улуғланади. Чимён тоғлари бағрида учратган гўзал, бетакрор манзара таъсирида яратилган ушбу шеърида Наъматак тимсолида минглаб бегуноҳлар қони тўкилаётган жамиятда ўзгаларга эзгулик улашаётган зиёлилар қиёфасини ҳам акс эттираётгандек бўлади шоир.
Сўнгги:

Тоғлар ҳавосининг ферузасидан
Майин товланади бутун ижоди.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд! –

сатрларида бу ҳол ойдинлашаётгандек бўлади. Ушбу шеър беихтиёр Уолт Уитменнинг “Илк момақаймоқ” асаридаги образни ҳам ёдга солади.
Шеърнинг:

Қиш қафасидан озод, оддий, барра ва нафис,
Бу оламда одатлар ҳам, сиёсатбозликлар ҳам, пул ишлари ҳам
бўлмаган каби
Қишнинг илиқ майса пучмоқларидан
Олтин шафақдек сокин, беозор
Баҳорги илк момақаймоқ
Фариштадек маъсум юзин кўрсатди, –

мисраларида қиш қафасини ёриб, маъсумлиги билан бойлигу сиёсатбозликка асосланган жамиятга қарама-қарши турган момақаймоқдаги курашчанлик, нафосат улуғланади.
Ойбек ва унинг замондошлари ўз миллатини улуғлаб, мадҳ этиш тақиқланган, миллий ғурур камситилиб, ҳақ-ҳуқулар топталган замонда яшадилар, ижод қилдилар. Лекин улар бу сиёсатдан норози бўлганлари ҳолда жамият барқарорлиги кишилардаги меҳр-муҳаббатга, оламнинг тинчлиги халқлар ўртасидаги дўстликка боғлиқ эканлигини чуқур анг­ладилар. Ушбу ғоянинг Ойбек ижодидан “ўқ томир” бўлиб ўтганининг сабаби ҳам мазкур омил билан чамбарчас боғлиқдир. Балки Уолт Уитмен ижодидаги Ойбекни ўзига жалб этган ҳамда унинг асарларига бўлган қизиқишини орттирган омиллардан бири шу бўлса, ажаб эмас.
Уолт Уитменнинг:

Қайғу ва хаёл оғушида танҳоман,
Ушбу дақиқада сезмоқдаман, ўзга юртларда ўзга кишилар ҳам
қайғу ва хаёл оғушидалар.
Сезмоқдаман, узоқдан боқмоқдалар,
Уларни Германия, Италия, Испания, Францияда кўрмоқдаман.
Ёки олисларда – Хитой, Россия, Японияда
Ўзга тилларда сўзлашмоқдалар.
Аммо сезмоқдаман, улар билан танишсам эди,
Уларга бўлган меҳрим
Ўз юртдошларимдан бўлмас эди кам,
Ҳа, менга аёнки, агар биз биродар тутинсак,
Меҳримиз ошарди ҳаддан зиёда,
Улар билан аёнки, бўлар эдим беихтиёр, –
(“Қайғу ва хаёл оғушида”)

тарзидаги халқлар ўртасидаги дўстликни улуғлаш ғоялари баланд оҳангларда тараннум этилган сатрларидан таъсирланган Ойбек “Курашчан испан халқига”, “Ҳарб ва сулҳ”, “Ҳақгўйлар”, “Покистон пойтахти”, “Муҳожирлар лагери” каби шеърларини яратди. Балки ушбу шеърларни бугунги ўқувчи қабул қилавермаслиги мумкиндир. Аммо улар ўз даври ижтимоий-сиёсий воқелиги ҳақида хабар берувчи манба сифатида аҳамиятини, бадиияти юқори бўлган сатрлари билан қимматини бугун ҳам йўқотмаганлигини вақт кўрсатиб турибди.
Уолт Уитмен ўз ижодий кредоси жамият барқарорлиги, унинг тараққиёти ва жипслиги кишилар ўртасидаги дўстликка боғлиқлигини куйлашдан иборат эканини қуйидагича ифодалайди:

Сизнингча, мен нима учун қўлга қалам оламан?
Қаршимдан ўтаётган маҳобатли ва чиройли елканли
Соқчи ҳарбий кемалар шуҳратин оламга ёймоқ учунми?
Шонли ўтган кунларгами? Келгуси тунларгами?
Ёки такаббурона ғурур ва улкан шаҳарда шуҳрат қозонмоқ учунми?
Йўқ!
Айтмоққа бу жуда оддий: икки камтар одамларни кўрмоқдаман,
Тирбанд оламон ичра, кемалар тўхтар жойда хайрлашмоқда улар;
Бири кузатар экан қизғин қучди дўстини,
Кетаётгани ҳам бағрига босди уни.

Уолт Уитмен ижодининг Ойбекка таъсирини таҳлил этишда ушбу жиҳатни ҳам назардан қочирмаслик лозимки, Ойбек шеърияти ҳар жиҳатдан Уитмен шеърлари билан бўйлашишга қодирдир. Агар тақдир тақозоси билан ер шарининг бир-биридан олис ҳудудида яшаган ушбу улуғ ижодкорлар бир даврда яшаганларида ҳамда ўша пайтда ўзбек шоирлари асарларини инглиз тилига таржима қиладиган таржимонлар бўлганида, шубҳасиз, Уитмен ҳам Ойбек асарларидан таъсирланган, маҳорат сирларини ўрганган бўлар эди. Уолт Уитмен ва Ойбек ижодидаги муштарак жиҳатларни аниқлашда Жамол Камолнинг қуйидаги сўзлари муҳим ўрин тутади: “Бизнингча, Ойбек шеъриятининг ягона пафоси, унинг индивидуал поэтик услубида бир-бирига боғлиқ бўлган икки муҳим момент белгиловчи роль ўйнайди: 1) ҳамиша ҳамма ерда нафосатни кўришга ва уни тасдиқлашга қаратилган, маълум даражада, шоирнинг “шеър – ахлоқий гўзалликдир” деган ўзига хос ақидасидан келиб чиқувчи тамойил; 2) лирик жанр доирасида эпик назарга эга бўлиш, лирик ҳолат, лирик лавҳаларни эпик назар билан кўриш, ёритиш тамойили”. Юқоридаги жиҳатларни Уолт Уитмен асарларида ҳам кўриш мумкин.
У “Мўъжиза” шеърида:

Қани ким ҳозир мўъжизага ишонар?
Мен эса ҳар нарсада мўъжизани кўраман:
Монхеттен кўчаларидан ўтганим дамлар,
Тубсиз осмон тоқига назар солган чоқ,
Тўлқинли соҳилда ялангаёқ кезиб,
Ё ўрмонда қайсидир дарахт остида,
Ё яқинлар билан кундуз, ёр билан тунлари суҳбатлашганда,
Дўстлар билан даврада базм қурган онларим,
Ёки ўтлоқзор ичра подадек кезганимда,
Ёки ажойиб ниначи, қушларга боққанимда
Ёки мўъжизакор шафақ, ё чақнаса сокин, тиниқ юлдузлар,
Баҳордаги ҳилолнинг ажиб, сокин ҳолати,
Ва уларнинг барчаси менинг учун – мўъжиза.
Муштарак ва айро ҳолда – бари-бари мўъжиза.
Ҳар бир кун ва туннинг сониялари мўъжиза,
Кенгликлар ҳар бир куб дюми мўъжиза,
Ҳар бир фазовий борлиқ квадрат ярди мўъжиза,
Ҳар бир фут ва унинг қаърида яшириндир мўъжиза,
Мен учун денгиз барча мўъжизасин очади;
Балиқлар – қоялар – тўлқинлар ҳаракати –
Кемалар – ундаги одамларнинг барчаси.
Яна сизга қандай мўъжиза керак!

тарзида тилсимотларга тўла борлиқдан олган ҳайратини ошкор этади. Муттасил ҳаракатдаги олам, поёнсиз коинот, инсоннинг мураккаб олами, табиатининг рангин жилоларидан ҳайрат туйғуси Ойбек шеърларининг ҳам асосини ташкил этади. Унинг “Табиат тўртликлари” шеърида табиат ҳодисалари, унинг фаслларидаги ранглар товланишидан ҳайратга тушган лирик қаҳрамон кечинмалари мўъжизага тўлиқ борлиқ тасвири жараёнида очила боради.

Кўркига тўймаймен – уфқда қуёш
Булутлар юзига қирмизи бўёқ
Суркаб ўтганидан қоладирман маст,
Изида хаёлга толурмен узоқ… –

Табиатнинг улуғворлиги инкор этилиб, унинг ҳар қандай мўъжизалари рад этилаётган даврларда Ойбек инсон борлиқнинг зарраси ва у билан муштарак эканлигини баралла куйлади, борлиқнинг инсон тафаккури англашга ожиз кўплаб сиру синоатлари борлигига иқрор бўлди.
Уолт Уитмен ва Ойбек ижодидаги уйғун жиҳатлардан яна бири – ҳар икки шоирнинг некбинлигидир. Уларнинг ҳаёт йўлларида ҳам бу ўхшашлик кўзга ташланади. Дарҳақиқат, умрининг сўнгги йилларида Уитмен ҳам, Ойбек ҳам фалаж ҳолатда тўшакка михланганларига қарамай ёруғ туйғулар сингган асарлар яратишда давом этдилар. Бу жиҳатдан профессор Н.Каримовнинг қуйидаги фикрлари аҳамиятлидир: “У (Ойбек – С.А.) Чўлпон ва Фитрат отилган, номларига қора бўёқ суркалган даврда яшагани сабабли ҳаётлик пайтида ҳам, кейин ҳам ўзининг муносиб баҳосини топмади. Тўғри, у ҳаётлик пайтида мафтункор ижодий фаолияти учун турли унвон ва мукофотларга сазовор бўлди. Бу унвон ва мукофотлар бошқа ҳар қандай ижодкор учун турли хуружларга қарши қалқон бўлиши мумкин эди. Аммо Ойбекка қарши кураш, уни қатағон этиш истаги юқоридан идора этиб турилгани учун жангарилар бу қалқонни парча-парча қилиб, улуғ адибни қирқ олти ёшида – ижод булоғи авжи қайнаган чоғида бир умрга тўшакбанд этдилар. Ойбек тили ва қўли қаттиқ шикастланганига қарамай, марҳум устозлари учун ҳам сўнгги нафасига қадар тинмай ижод қилди”. Ойбек бошига ҳар қандай кўргиликлар тушмасин, на жамиятдан ва на бирор кимсанинг қилғиликларидан нолиди. Балки вафотидан бир неча кун олдин ёзган шеърларида ҳам некбинлик билан тўйинган “Самонинг ярмига тушар камалак, Нақадар ижодкор, серзавқ табиат! Нашъа ва сурурга тўла бу фалак, Не деган нарса бу – ҳасрат ва кулфат!” сингари сатрларни битдики, бу унинг қалби кенглиги ҳамда тафаккуридаги самимиятдан дарак бериб туради.
Хуллас, Уолт Уитмен ва Ойбек ижодидаги муштараклик, ижодий таъсир тилсимот ва мўъжизаларга тўла борлиқ тасвирию талқинларида, улардан туғилган ҳайрат туйғусининг ўзига хос ифодаларида, ижтимоий-сиёсий масалаларни нозик кечинмалар фонида акс эттириш услубларида, лирик жанр доирасида эпик кўламдорликка эришиш ва сюжетли шеърлар орқали лиро-эпик тасвир имкониятларини намоён эта билишларида, ижтимоий-сиёсий, фалсафий-ахлоқий масалалар ҳамда табиат ҳодисалари акс этган шеърларда некбинликнинг устуворлик касб этишида кўзга ташланади.

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 7-сон