Рустам Жабборов. “Афсунгар”нинг афсонавий отаси (Жон Роберт Фаулз)

Инглиз постмодерн адабиётида Жон Роберт Фаулзнинг ўзига хос ўрни бор. У айниқса, ўзининг “Коллекционер”, “Афсунгар”, “Француз зобитининг хотини”, “Дэниэль Мартин”, “Мантисса” сингари роман ва қиссаларида воқеаликни ноанъанавий усулда, ўткир ва теран нигоҳда ёритишга ҳаракат қилган.

Жон Роберт Фаулз 1926 йилнинг 31 мартида Буюк Британиянинг Эссекс графлигига қарашли Лионси қасабасида дунёга келади. Унинг отаси Роберт Фаулз тамаки савдоси билан шуғулланар, онаси Глэдис эса, уй бекаси бўлса-да, маърифатпарвар инглиз аёлларидан эди. Фаулз ўз эсдаликларида онаси айтиб берган қадимий афсоналар, эртаклар унинг қалбида адабиётга нисбатан қизиқиш уйғотганини ёзади.

Жон Бедфорддаги ўрта мактабда ўқиган пайтларида ҳам ўзининг ташаббускорлиги, жамоат ишларида фаоллиги билан ажралиб турарди. У барча фанларни пухта ўзлаштириш баробарида спортга, айниқса, крикетга жуда ҳам қизиқарди.

Жон мактабни битиргач, бир муддат ҳарбий тайёргарликни ўтаб, Қироллик денгиз пиёдалари флотига қабул қилинади. У дастлаб шу соҳада қолишни режалаштирганди. Бироқ, икки йиллик хизматдан сўнг, флотни тарк этди ва Оксфорд университетига ўқишга киради. Бу ерда у немис ва француз тилларини чуқур ўрганади.

Олий даргоҳ дипломи қўлига тегиши билан у Францияга йўл олади ва 1950-1963 йилларда педагогик фаолият олиб боради. У дастлаб Франциянинг Пуатье университетида, кейин эса Грециянинг Спецесс оролидаги гимназияда, сўнг Лондондаги Авлиё Годрик коллежида ёшларга сабоқ беради. Айнан мазкур оролда унинг машҳур “Афсунгар” романини яратиш ғояси туғилади. Роман воқеалари ҳам айнан шу оролда бўлиб ўтади.

Кейинчалик бу роман унга катта шон-шуҳрат олиб келди. Мазкур асар бош қаҳрамони Николас Эрфенинг прототипи муаллифнинг ўзидир. Асарда ўз қобиғидан зерикиб, саргузашт истаб, она юртидан бош олиб чиқиб кетган, кейин ўзи истагандек реал воқеликдан йироқ, хаёлот оламига тушиб қолган, охир-оқибат ўзининг дастлабки ҳаёт тарзига қайтган инсон қисмати ҳикоя қилинади. Инсон истакларининг чексизлиги, тақдир эса, ҳар бир инсоннинг имкониятлари даражасидаги ҳаёт тарзини инъом этиши мазкур асарнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Ушбу асар ўз имкониятимиздан ташқари рўёларга интилиб эмас, ҳаёт бизга тақдим этган неъматлардан тўғри фойдаланиб, умрнинг ҳар лаҳзасидан завқ олиб яшаш лозимлигини уқтиради гўё.

Асарни ўқиш асносида унда Гомернинг “Илиада” ва “Одиссея”си, Шекспирнинг бир қатор драмалари таъсирини яққол илғагандек бўласиз.

Жон бўлажак умр йўлдошини ҳам айнан Спецесс оролида учратган эди. У Элизабет Кристи билан 1956 йилда оила қуради. Элизабет ёзувчи билан кечган 35 йиллик ҳаёти давомида ижодига сезиларли таъсир ўтказади. Муаллифнинг кўплаб романлари қаҳрамонида айнан Элизабетнинг қиёфаси, сажъияси, феъл-атворини учратиш мумкин. Буни ёзувчининг ўзи ҳам кўп бор эътироф этган.

Фаулзнинг 1963 йилда нашр қилинган “Коллекционер” романи ҳам адабиёт майдонида кутилмаган ҳодиса бўлди. Қисқа фурсатда роман қўлма-қўл бўлиб кетди. 1965 йили роман режиссёр Уильям Уайлер томонидан экранлаштирилди.

Мазкур асар икки асосий қаҳрамон – Клегг ва Миранда тилидан ҳикоя қилинади. Капалак коллекцияси билан шуғулланувчи Фредерик Клегг санъат билим юрти талабаси Миранда Грейни ёқтириб қолади. Бироқ қизнинг унда кўнгли бор-йўқлиги билан қизиқиб ҳам кўрмайди. Кутилмаганда катта бойликка эга бўлган Клегг қизни ўғирлаб келади ва ўз қасрининг ертўласида сақлайди. Қиз бир неча бор унинг қасридан қочиб чиқишга уринади, аммо бунинг уддасидан чиқа олмайди. Охир-оқибат қиз тутқунликда зотилжам хасталигига учраб, вафот этади.

Йигит аввал бу айрилиқдан сўнг ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади. Бироқ қизнинг кундалиги қўлига тушиб қолгач, қиз ундан қанчалик нафратланганини англаб етади.

Мазкур романда муаллиф бойлик ва куч билан инсон қалбини забт этиш имконсизлигини ёрқин ва ишонарли тарзда тасвирлай олган.

Шундан сўнг ёзувчининг “Аристос” номли публицистик тўплами дунё юзини кўради. Бу тўпламда у ўзининг жамиятдаги турли-туман муаммоларга нисбатан муносабатини билдириб, ҳар бир муаммонинг ижтимоий ва психологик жиҳатларини таҳлил қилишга уринади. Муаллиф ўзи яшаб турган ижтимоий табақалашув, ижтимоий тенгсизликни қаттиқ танқид остига олади.

1968 йили Фаулз ўз оиласи билан Англия жанубидаги Лайм-Реджис шаҳарчасига кўчиб ўтади. У умрининг катта қисмини денгиз бўйидаги ана шу мўъжаз кулбасида ўтказди ва бу ерда ҳам баракали ижод қилди. “Француз зобитининг хотини” романи ана шу ерда дунёга келган. Бу асар адибга наинки катта шон-шуҳрат, балки энг кўп даромад олиб келган китоб бўлиб қолди. Адибнинг эътирофича, бу асарда аввалги ёзувчилар “унутиб қолдирган” мавзуни эмас, балки ёзишга журъат этолмаган жиҳатларни қамраб олишга интилган.

Воқеалар XIX асрда бўлиб ўтган бўлса-да, у асардаги воқеликка ХХ аср кишиси кўзи билан боқади ва унинг нуқтаи назаридан баҳо беради. Мазкур асар режиссёр Карел Рейша томонидан экранлаштирилади.

Фаулз ҳали Оксфордда ўқиб юрган кезларидаёқ француз экзис­тенциялистлари – Камю ва Сартр ижодига қизиқиб қолганди. Улар асарларида илгари сурилган дунёнинг номукаммаллиги, инсон эрки сингари ғоялар Фаулзнинг кўпгина асарларига ҳам кўчиб ўтди. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида яратилган асарларида айнан хаёл ва ҳаёт ўртасидаги зиддиятли ҳолатлар ҳикоя қилинади.

Етмишинчи йилларга келиб, Фаулз ўз ҳаётий қарашларини ўзгартиради. Бу ўзгаришлар “Қора ёғочдан қурилган минора” (1974 йил) қиссасида яққол кўзга ташланади. Ушбу асар қаҳрамони узоқ муддат экзистенциал озодлик ва одатий ҳаёт тарзидан қай бирини танлаш ҳақида узоқ ўйлайди ва ниҳоят иккинчисини танлайди. “Дэниэлл Мартин” асари эса, унинг машҳур “Афсунгар” романининг мантиқий давоми ўлароқ юзага келади.

Адиб умрининг сўнгги йилларида юрак хасталиги туфайли қаттиқ азият чекди. Турмуш ўртоғи Элизабетнинг вафотидан сўнг у ўзини руҳан ёлғизланиб қолгандек ҳис этарди. Кейинги йилларда у деярли ижод қилмай қўйди. Узоқ давом этган хасталикдан сўнг 2005 йилнинг 5 ноябрида Лайм-Режисда вафот этди. Унинг “Афсунгар” асари инглиз адабиётидаги энг машҳур юзта асар қаторидан жой олган.

Рустам Жабборов тайёрлади

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 5-сон