Адҳамбек Алимбеков. Халқона куйлаган шоир

Саъдулла акадаги самимийлик дўстлар кўнглидан ҳеч кетмаса керак. Мен Саъдулла ака билан 20 йиллар олдин Андижонга ижодий сафарга борганимизда яқиндан танишгандим. У вақтда устоз “Моҳият” газетасининг бош муҳаррири эди. Шундан сўнг биз кўп сафарларда бўлдик, умумий дўстларимиз билан бирга адабий давраларда кўришиб турдик. Саъдулла аканинг 60 йиллигида устоз Абдулла Орипов бошчилигида Гараша қишлоғига борганимиз, қалин қорда тоғдан ўтганимиз ҳузур қилиб эсланадиган воқеалардан бўлган эди.

Саъдулла акадаги одамохунлик доимо ўзига тортиб турарди. Шундай суҳбатлардан бирида шеъриятдаги халқчиллик ҳақида суҳбатлашгандик. Шунинг учун бугун Саъдулла Ҳаким ижодининг кенг кўламлигини таъкидлаган ҳолда, асарларидаги халқчиллик ҳақида қисқача фикр юритмоқчиман.

Саъдулла Ҳаким шеъриятининг ёрқин қирраларидан бири унинг шеърларида халқона руҳнинг устуворлиги, халқ қўшиқларига ҳамоҳанг шеърлар битганидир. “Ҳамал тонг­лари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз” каби шеърий тўпламларида бу руҳдаги шеърларни кўплаб учратасиз.

Шоир болалигини эслаб шундай ёзади: “Онам узун қиш кечалари ҳаммамизни сандал атрофига йиғиб “Орзугул”, “Равшан”, “Интизор” достонларини ўқитишни яхши кўрарди. Асосан мен ўқирдим, халқона қўшиқ йўлида”. Мана шу ўқиш­ларда халқона оҳанг шоир хотирасида бир умрга сақланиб қолади ва кейинчалик шеърларида ўз ифодасини топади.

“Ҳар ким ўз қўшиғин айтиши керак” деган халқ иборасини ўзига шиор қилиб олган шоир доимо оригиналликка интилади. Ўз қўшиғининг йўлларини кенгайтиришни, ранг-баранг қилишни истайди. Ижодкорлар фикрини таъсирчан айтиш учун халқ оғзаки ижоди, турли ривоятлардан фойдаланиш анъанаси азалдан бор. “Содиқ ит ривояти” шеърида шоир бундан усталик билан фойдаланган. “Кимнинг узуми ширин”, “Уйланиш”, “Уддабурро Сатторбой сири”, “Ражаббойнинг белгиси”, “Ривоят” каби воқеабанд шеър­лар халқ юморидан фойдаланиб ўқишли қилиб ёзилган асарлардир. “Чопоним”да эса, ёр қўли теккан вақтда чопони ичида бўлмаганидан афсусланади. Бу шеърларда муҳими – инсон тийнати бор.

Саъдулла Ҳаким латифалар, ривоятлар, афсоналар асосида шеърлар ёзаркан, шунчаки эшитганини қизиқарли қилиб сўзлаб берибгина қолмайди, ўз мушоҳадаларини, айтмоқчи бўлган фикри­ни шу тарзда ифодалаб китобхонга сингдиришга ҳаракат қилади. Халқона йўлда ёзилган бу сингари шеърларидаги яна бир жиҳат – шоирнинг ўзини тафтиш қилиши. Айниқса, “Шарҳи ҳол” шеъри характерли: “Очса юрак кўзини, Кўнглига нам келарми? Ҳар бандаси ўзининг, Кимлигини биларми?”

Саъдулла Ҳаким халқ мақол ва маталларидан таъсирланиб ўзи ҳам пурҳикмат мис­ра­лар битади.

Ечинтирган дим кўкламдан
Кийинтирган куз яхши.
Миннатли номард ошидан,
Мард берган нон-туз яхши.

( “Халқона” )

Шоирнинг халқ қўшиқлари йўлида ёзилган шеърлари ҳам анчагина. “Узум таърифида” бунга яхши намуналардан бири.

Чилги гўё қаҳрабо зар,
Ток зангини нурдай безар.
Тенгини топсам сўзгина
Эрта етилган қизгина.

Ёки “Болалик ёди” шеърини ўқиб халқ қўшиғини тинглагандек бўласиз:

Тор кўчани тўлдириб
Оқади олма иси.
Олмазордан кўчага
Тўкилар қиз кулгиси.

Ушбу мисралар, бандлардаги оҳанг ўқувчида шеър завқини уйғотади. Унинг “От ҳурмати”, “Кўҳна нақл”, “Чоштепада ёз”, “Афанди”, “Уч гулим, уч чечагим”, “Бойбичча”, “Қўшиқ” шеърлари ҳам халқона руҳнинг устуворлиги билан ажралиб туради. Умуман, бу руҳни шоирнинг ҳар бир шеърида сезиш мумкин. Чунки шоир кўнг­ли халқи билан, унинг куй-қўшиғи, борлиғи билан чамбарчас боғлиқ эди.

Саъдулла Ҳакимнинг шеърлари узоқ йиллар ўқувчилар кўнглига сурур бағиш­лашига аминман. Ўзидан гўзал асарлар мерос қолдирган устоз шоирнинг охиратлари обод бўлсин.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 17-сон