Шайх Фаридуддин Аттор башарият адабий-илмий, маънавий-маърифий тафаккури ривожида бемисл рол ўйнаган алломалардан бири ҳисобланади. Аттор таваллуди бўйича бир тўхтамга келинмагани боис олимларимиз тадқиқотларида турфа маълумотларга дуч келамиз. У киши 1145 йиллар чамасида Нишопур биқинидаги Кадкана қишлоғида туғилган. Асли оти Муҳаммад бўлиб, отаси Абубакр ибн Иброҳимдан қолган дўконда атторлик, гоҳо табиблик ҳам қилган. Манбаларда унинг 114 йил яшагани қайд этилади. Бу маълумот манқабавий характерга эга. Аттор 1220 йилдаги мўғуллар исёни чоғида ваҳшийларча ўлдирилган. Шунда у 75 ёш атрофида умр кўрган бўлади. Профессор Нажмиддин Комилов алломанинг вафоти ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Атторнинг ўлими фожиали содир бўлган. У ўз ажали билан ўлган эмас, балки лаънати мўғуллар қўлида ҳалок бўлган. Мўғуллар бало-қазодай Эрон ерларини талайдилар, шаҳарларни ёндирадилар, китобларни куйдирадилар, уламоларни қатор қилиб сўядилар. Ҳар бир мўғул аскари қўлига тушган нарсани ўмариб кетар, истаган одамни асир қилиб, қул сифатида сотар ёки қилич билан чопиб ташлар эди.
Ривоят қиладиларким, бир мўғул аскари Атторни асир олиб, боғлаб, судраб борарди. Йўлда шоирни танийдиган бир одам учраб қолади. У шоирга раҳми келиб, мўғулга қараб, қулингни менга сот, минг динор бераман, дейди. Мўғул рози бўлиб турганда, Аттор, бу кам, сотма, мен жуда қимматман, деб айтади. Мўғул минг динорга бермай, яна судраб кетаверади. Йўлда бошқа бир одам учраб қолади. Мўғул ўз “моли”ни унга таклиф қилади. У одам: майли, розиман, бир қоп сомон бераман, дейди. Шунда Аттор мўғулга қараб, тезда рози бўлгин, мен бундан ортиққа арзимайман, деган экан. Жаҳли чиққан бадбахт мўғул шу заҳотиёқ Атторни қилич билан чопиб ташлайди… Уни Нишопурга дафн этадилар. Ўн бешинчи асрга келиб, унинг мақбараси харобага айланади, буни эшитган Алишер Навоий Атторнинг сағанасини янгидан тиклаб, салобатли мақбара қурдиради”. Мақбара ўшандан бери улуғ зиёратгоҳга айланган.
Алишер Навоийнинг устоди Атторга эҳтироми ниҳоятда баланд бўлган. Бу бежиз эмас, албатта. Одатда Навоийни Атторнинг “Мантиқут тайр” достони болалигидаёқ ром қилгани, шоир бутун умри давомида ушбу асар таъсирида бўлиб турганлиги тилга олинади. Бу фикрда жон бор. Бироқ Навоий буюк шайх қаламига мансуб бошқа асарлардан ҳам яхши хабардор бўлган, улардан ҳам катта завқ ва илоҳий рағбат олган. Шоир «Лисонут тайр» достонида Атторнинг бир неча асарларини тилга олади, баъзиларига қисқача шарҳ беради. Жумладан «Илоҳийнома” хусусида “илоҳий сирлар шарҳидин иборатдур” деган эътирофни қайд этади. Давлатшоҳ Самарқандий эса “Тазкират уш шуаро”да Атторнинг Навоий тилга олган асарларидан ташқари «Асрорнома”, “Ҳайдарнома”, “Мазҳарул ажойиб”, “Жавоҳируз зот”, “Ҳайлож”, “Мухторнома», “Хусравнома”, “Шарҳул қалб”, “Булбулнома” сингари достонлар ёзганини, назмий меросининг умумий ҳажми 250 минг байтга яқин эканлигини ёзиб қолдирган. Давлатшоҳнинг мана бу эътирофи ҳам диққатни тортади:”Аттор шариату тариқатда ягона, шавқ ва ниёзмандлик, ўртаниш-ёнишдан шамъи замона, ирфон денгизига чўмган ва ҳақиқат дарёсига шўнғиб, дурлар терган кишидур”.
Атторнинг машҳур «Илоҳийнома” асарини яқинда Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол ўзбек тилига таржима қилди. 2007 йил “Мусиқа” нашриёти мазкур таржимани нашрдан чиқарди. Таржимага нодир китобнинг эронлик шарқшунос Фуод Руҳоний томонидан форс тилида нашр этилган Теҳрон (2006) нусхаси асос бўлган. Таъкидлаш жоизки, Жамол Камол йирик ирфоний асар таржимасига киришар экан, имкон қадар аслият руҳини таъминлашга ҳаракат қилган ва бунга эришган ҳам. Гўё мутаржим ноёб асар таржимасига “бисмиллоҳ” деб киришар экан, аввало Яратгандан, ундан сўнг улуғ шайхнинг покиза арвоҳидан имдод тилайди. Афтидан таржимонни улуғ шайх ҳазратларининг руҳи поклари ҳимоятига олган, гўё олис ва машаққатли сафарга чиққан йўловчига йўл кўрсатган каби шоирни қўллаб-қувватлаб турганга ўхшайди. Бўлмаса, Аттор билан бизнинг давримизни қарийб минг йиллик тарих ажратиб туради. Шунча вақт ўтиб, улуғ шайхнинг бизга “ўзбекча сўзлагани”, гарчи бу иш замондош шоиримизнинг шахсий иқтидори ва маҳорати ҳосиласи бўлса-да, қип-қизил мўъжиза, нозик ақл ва табъ эгалари учун олий саодат деб баҳолашга арзигулик ноёб адабий ва маданий ҳодисадир.
Китоб таниқли олим Иброҳим Ҳаққулнинг “Кўнгил кимёси” номли салмоқдор мақоласи билан очилади. Унда домла буюк аллома шахсияти, шайхлик мартабаси, асарларининг, айниқса, ушбу асарнинг ирфоний назокатидан сўз очар экан, маънавиятга ташна замондошларимизни “Илоҳийнома” мутолаасига ҳозирлайди.
Атторнинг «Илоҳийнома”си инсоният ички маънавий-руҳий оламидан баҳс этувчи икки юз элликдан ортиқ нақл, ҳикоят, ривоят ва назмий қиссалардан иборат. Уни ўқиб ХI аср одамининг бадиий-ирфоний олами беҳад кенг, нақадар юксак бўлганига тасаннолар айтгингиз келади. Таржиманинг тил ва бадиий нафосати ҳақидаги мулоҳазаларни таржимашунос дўстларимизга қолдириб, биз “Илоҳийнома” таркибидаги баъзи ҳикоятлар билан сизни яқиндан таништириш истагидамиз. Зеро, бу асар ҳазрат Навоий айтмоқчи “илоҳий сирларнинг туганмас хазинаси”дан таркиб топган ноёб дурдона асардир.
Кўришни кўрдан ўрган
“Илоҳийнома”да саховат, ҳиммат ва жасорат ишқий камолотнинг муҳим босқичларидан эканлигини кўрсатувчи бир неча ҳикоятлар бор. Шулардан бири Сулаймон алайҳиссаломнинг чумоли билан қилган ўзаро мулоқоти хусусида.
Бир куни Сулаймон алайҳиссалом қаергадир шошиб бораётган экан, йўлда бир гала чумолига дуч келибди. Чумолилар жам бўлиб пайғамбарга таъзим қилишибди. Пайғамбар қараса, минглаб чумоли унга пешвоз чиққан, улар орасида фақат биттаси унга эътибор бермай, катта бир тепаликни қўлига сиққанча олиб, мисқоллаб ташир, уни ер билан бир текис қилишга уринарди. Буни кўрган пайғамбар: “Агар сенда Нуҳнинг умри, Аюбнинг сабри бўлганда ҳам бу ишни уддалай олмас эдинг. Шундай экан, беҳуда уринишнинг маъниси нима?” деб сўраса, чумоли: “Сен менинг фитнат (ўзига тортиш, уриниш)имга эътибор берма, ниятимга боқ. Ният холис ва тўкис бўлса, Худонинг ўзи мадад беради. Менинг ниятим шу тепаликни ер ила яксон қилиш. Чунки мен бир чумолини севиб қолдим, у эса менга тегиш учун шу шартни қўйди. Мен бу йўлда қурбон бўлсам ҳам ниятимдан чекинмайман”, деган экан. Сўнг Аттор қиссадан ҳисса сифатида ўқувчига мурожаат қилади:
Азизим, ишқни сен шу мўрдан ўрган,
Кўришни кўзи ожиз, кўрдан ўрган.
Шаҳзодага ошиқ бир аёл
“Илоҳийнома” да Аттор аёл кишининг шахсий феъл-атворидан баҳс этувчи ҳикоятларга кўп ўрин ажратади. Кўпинча оқила ва фозила аёлларнинг ақлу заковатига таҳсинлар ўқийди, уларни ҳатто эркакларга ҳам ибрат қилиб тасвирлайди. Бир юрт подшоҳининг ғоят ақлли ва кўркам ўғли бўлган экан. Уни шу юрт аёлларидан бири севиб қолибди:
Ёниб ул ишқ аро саргашта бўлди,
Куйиб жону тани оташда бўлди.
Шаҳзода қаерга борса, аёл ҳам ўша ерга чопар, ҳатто уни сўраб саройга боришдан ҳам ҳайиқмас экан. Ниҳоят, шаҳзода отасига: «Мени бу бедаводан қутқаринг”, деб шикоят қилибди. Шоҳ амр этибдики, аёлни отнинг думига боғлаб, судрасинлар, токи бу каби енгилтаклик бошқа аёлларга ибрат бўлсин. Ҳукм ижроси чоғида ҳамма йиғилган, аёл эса:
Менга, эй подшоҳ, бир ҳиммат айла,
Сочимни севгилим отига бойла.
Унинг оти оёғи остида жон
Берар бўлсам, дилимда қолмас армон.
Унинг йўлида ўлмоқ менга пеша,
Унинг кўйида қолгаймен ҳамиша…
– дея нола қилибди. Бу сўздан шоҳнинг дили юмшаб, ўғли билан ўша аёл ўртасидаги никоҳга розилик берган экан.
Ҳикоятда шоир аёл эмас, балки унинг покиза муҳаббати ва уни ҳимоя қилишдаги жасорати ҳақида сўзламоқда.
Таъмагирлик – ёмон иллат
Бир одам ибодат қилиш учун хуфтон чоғида масжидга борибди. Қоронғу тушгач, энди кетаман деб турса, масжидга кимдир киргандек бир шарпа сезибди. Хаёлидан кечибдики, келган киши тақводор ё шариат пешволаридан бўлса керак, шунинг учун ибодатни давом эттирганим маъқул. Шу ўй билан ҳалиги одам кўзини юмганча туни билан ибодат қилибди. Тонг ёришгач:
Очиб кўз, боқди ул атрофга уйғоқ,
Чу кўрди ит эди бир четда ухлоқ.
Тушиб жонига ўт, жисмини ёқди,
Кўзидин қатра-қатра ёши оқди.
Хижолат оташида ёнди жони,
Дили ўртанди, чун куйди забони.
Ҳикоятда аллома Аллоҳдан бўлак бирор зотнинг эътиборини қозонишга уриниш ва бу йўлдаги ҳар қандай юмуш – таъма, бунинг эвазига бандадан нимадир умид қилиш тамаъгирликдир, деган ғояни илгари сурган.
Матонатнинг дилрабо қўшиғи
“Илоҳийнома” таркибида ишқ ва ошиқлик сифатларини улуғловчи катта-кичик ҳикоятлар бисёр. Улар орасида “Покиза аёл садоқати” номли бир асар борки, у ҳажман ва мазмунан жуда салмоқдор бўлгани боис тадқиқотчилар уни “аёл садоқатининг бетимсол дурдонаси” дея юқори баҳолайдилар. Чиндан ҳам Атторнинг ушбу ҳикоятини аёл кишининг сабру бардоши, вафодорлик фазилатини тараннум этувчи ноёб асарлардан бири деса бўлади. Алқисса, соҳибжамол аёллардан бирининг эри ҳажга кетаётиб, аёлини ёт кўзлардан ҳимоя қилишни укасидан илтимос қилади. Укаси эса, афсус, омонатга садоқат кўрсатолмайди. Янгасига сийму зарлар инъом этиб, “уйланмоқчи” бўлади. Аёл таклифга рози бўлмайди. Йигит эса янгасини зинокорликда айблаб, қозига шикоят қилади. Уни саҳрога чиқариб, тошбўрон қиладилар. Жони узилмаган аёлни бир араб сайёҳи олиб кетади ва даволайди. Кўрса, бу топиб олинган аёл чунонам чиройли эканки, эси бор эркак унга ошиқ бўлиб қолиши тайин экан. Бироқ аёл шаръий эри борлигини айтиб, унинг таклифини ҳам инкор қилади. Улар ака-сингил тутинадилар. Аммо араб сайёҳининг бир қули бор эди. У ҳам покиза аёл билан ҳеч бўлмаса бир маротаба бирга бўлишни жуда истаб қолади. Таклифи рад этилган қул тун палласида арабнинг бешикда ётган чақалоғини пичоқлайди ва қонли яроғни бегуноҳ аёлнинг ёстиғи остига қўяди. Араб эса қотилликни бу аёл қилмаганини, шунга қарамай, уни уйида олиб туриш ножоизлигини билиб, қўлига уч юз дирҳам беради ва тонг қоронғусида кузатиб қўяди. Аёл бир манзилга етиб, қараса, кўп одам йиғилган, ўртада дор, одамлар кимнидир осишга ҳозирлик кўришяпти. Аёл суриштирса, бир одам бож тўламаган, юрт эгаси бошқаларга туртки бўлсин учун шундай жазо қўллаётган экан. Аёл унинг божини тўлаб, ўзини олиб кетади. Энди унинг йўлида навбатдаги ошиқ пайдо бўлган эди. Гуноҳкор йигит “сенга мубтало бўлиб, етолмагандан кўра боя осилиб ўлиб кетганим яхши эди” деб гина қилади. Сўнг йўлда тўғри келган савдогарларга аёлни сотиб юборади. Савдогарлар бир денгиздан ўтишлари лозим эди. Улар кемада сузаётиб, покиза аёл билан навбатма навбат ишрат қилмоқчи бўладилар. Аёл эса: эй Худо, мени бу кўргуликлардан ўзинг қутқар, нажоткорим ёлғиз Сенсан, дея Яратганга илтижо қилади. Шунда кутилмаган қиёмат қўпади. Аввал тўфон, сўнг аланга пайдо бўлади. Савдогарлар шу алангада ёниб кул бўладилар. Аёл кемадаги барча буюмларни олиб, эркаклар либосида юрт подшосининг ҳузурига боради ва ундан ибодатхона қуриб беришини илтимос қилади. Энди у ибодат қилиш билан бирга табиблик ҳам қила бошлайди. Иттифоқо аёлнинг эри ҳаждан қайтса, укасининг кўзи кўр, оёқ-қўли шол бўлиб ётган эмиш. Ҳожи укасини даволатиш учун қўшни юртлардан бирида овозаси чиққан табибга олиб боради. Қараса, табиб ҳузурида шунга ўхшаган дардга йўлиққан уч-тўрт бемор бор эмиш. Табиб уларни чорлаб, қилган гуноҳлари ҳақида суриштирибди. Касаллар ўз айбларини бўйниларига олишга мажбур бўлибдилар ва табиб олдида Аллоҳга тавба-тазарру қилибдилар. Худди шу пайтларда юрт подшоҳининг қазоси етиб, васият қилган эканки, ўрнимга табиб йигитни подшоҳ этиб сайланглар. Энди аёлнинг “сир”ни ошкор этишдан ўзга чораси қолмайди. Эрини подшоҳ қилиб кўтаради, уч юз дирҳам бериб, кузатиб қўйган араб акасини вазир қилиб сайлайди. Ўзи эса ибодатни давом эттиради.
Атторнинг бу каби ҳикоятларининг илдизи фольклордан озуқ олган ва бу ҳақда олимларимизнинг эътирофлари оз эмас. Бироқ Аттор тайёр асарни шунчаки баён қилмайди, уни бўяб, безайди, пардозлайди, бадиий-мантиқий жиҳатдан такомилига етказади. Шоирнинг бош мақсади аёл кишининг севгиси ва садоқатини улуғлашга қаратилгани кўриниб турибди. Бироқ мутафаккир аёл садоқати ҳақидаги фикрини шунчаки баён қилиб қўя қолмайди, балки покиза ва дилбар аёлни бир эмас, бир неча жисмоний ва руҳий қийноқларга гирифтор қилади. Бу эса ишқ йўлидаги синов босқичлари эди. Бу босқичларнинг рамзий-тафсилий воситасини таъминлаш учун Атторга ҳаётий замин зарур эди. Худди шу заминни таъминламоқ учун шоир бир неча эркакларнинг нафсга тобелигини, бу эса уларни кутилмаган кўргиликларга етаклаши мумкинлигини бадиий тасвирлаб беради. Бундоқ қараганда чиройли аёлнинг ошиғи кўп бўлади. Аттор буни инкор қилмайди. Бироқ Атторнинг суюкли қаҳрамони бировнинг шаръий хотини. Унга кўз олайтириш эса шаҳвоний ҳирсни жиловлай олмаслик, бу эса катта гуноҳдир. Шу билан бирга ожизага бир эмас, бир неча кишининг шаҳвоний ҳирс ила ёндошишга ҳаракат қилиши умуман кечириб бўлмашдиган катта гуноҳ экан. Шунинг учун ҳам кемадаги савдогарлар Аллоҳнинг қудрати билан куйиб кул бўладилар. Бинобарин Аттор тараннум этган ишқ такомилига етган, энди илоҳий қудрат касб этган эди.
Шундай қилиб Атторнинг ушбу ҳикояти аёл кишининг ишқи, садоқати, жасорати ва матонатини яққол намойиш этувчи кўзгу, мардлик мадҳияси, матонатнинг дилрабо қўшиғи сифатида мудом қалбларга фараҳ бағишлаб келмоқда.
Атторни англаш машаққатли жараён. Унинг мутолаасига киришиш ё шунга интилиш киши қалбида тозаришга, покликка майл қўйишнинг ибтидосидир. Аллома асарларида, айниқса, “Илоҳийнома” бағрида ирфоний ва илоҳий ҳақиқатлар машъаласи тинимсиз порлаб туради. Бироқ бу нур тафти савияси ночор, дунёқараши танг, фикру ўйи бойлик тўплаш, шахсий манфаатга қаратилган худбин ва ғофил бандаларнинг тошга айланган юрагини илитмайди. Уни ўқиш, ўрганиш, ўзгаларга тарғиб қилиш учун киши қалбида Аттор шахсиятига чинакам ихлос туйғуси, соф муҳаббат ҳисси бўлиши керак. Шунда Аттор назарда тутган сирлар хазинаси нозиктабъ ўқувчиларга оз бўлса-да юз кўрсатади. Аттор асарларини ўқиш, уқиш, ҳаётда унга сидқидилдан амал қилиш маънавий-руҳий камолотнинг муҳим, таянч белгиларидан бири бўлиб, бунга эришмоқ биз ва биздан кейинги авлод учун чинакам омад, олий саодатдир.
“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 1-сон.