Ер юзидаги барча халқларнинг тиллари, уларда миллионлаб одам гаплашадими ёки атиги бир-икки минг киши сўзлашадими, бундан қатъи назар, ўзлари учун азиз ва кераклидир. Тилни кам сонли элат гаплашар экан деб камситиб ёки бошқа бир тилни кўп сонли миллатнинг тили экан, деб улуғлаб ҳам бўлмайди. Лекин дунёда жуда тараққий этган, бой жаҳоний тиллар ҳам бор, лекин энди тетапоя қилаётган тиллар ҳам йўқ эмас. Бу ўша тилларнинг соҳиби бўлмиш миллат ёки элатларнинг тадрижий равнақи, босиб ўтган тарихий йўли, иқтисоди, маданияти, фани ва маънавияти каби кўпгина омилларга боғлиқдир.
Бугунги кунда она тилимиз давлат тили мақомида юртимизда барча соҳаларда эмин-эркин қўлланмоқда. Тилимизнинг ўз юртида қонуний ҳуқуқини тиклашга осонликча эришилмади, балки курашиб қўлга киритилди. Биз ярим асрдан ортиқ умрини мустамлакачилик шароитида кечирган катта авлод вакиллари учун мустақил давлатнинг фуқароси бўлиш — ўз тили ва ёзувига эга бўлишдан ортиқроқ бахт йўқ. Зеро, миллий уйғониш она тилимиз давлат мақомига эга бўлишдан бошланиб, миллий тикланишга олиб келган маънавий омилларидан бири бўлди.
Лотин ёзуви — жаҳоний ёзув. Дунёдаги энг тараққий этган АҚШ, Англия, Германия, Франция, Италия, Канада каби мамлакатларда лотин ёзувига асосланган алифболар қўлланилади. Дунёдаги бошқа кўпгина давлатларда ҳам бу ёзувдан иккинчи ёзув сифатида фойдаланилади. Давлатлараро ёзишмаларда, айниқса, банк, савдо-тижорат доираларида хизмат қилувчилар ўртасида бу ёзувни билмайдиган ва фойдаланмайдиган киши йўқ ҳисоби.
Инсоният тараққиёти билан бир сафда бўлиш ва халқаро ҳамжамиятга дадил қадамлар билан кириб бориш учун мамлакатимизда лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси танланди.
Бинобарин, юртимизда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини турмушга жорий қилиш, тил маданиятимизни юксалтиришга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди. 1993 йил 2 сентябрда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. 1995 йил 21 декабрда “Давлат тили ҳақида” (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон этилди. Бу қонунларнинг моддалари босқичма-босқич бажарилмоқда. Ўқувчиларимиз янги ёзувимизда саводхон бўлишлари билан бирга халқаро тиллар — инглиз, француз, немис ва испан тилларини ўрганишлари осонлашди. Улар мактабда рус тилини дарс сифатида ўқиётганликлари туфайли кирилл алифбосини ҳам ўрганмоқдалар. Ўзбеклар учун кўп тилларни ва ёзувларни билиш азалий ва анъанавий удумдир. Тил билган — эл билади, жаҳонгашта бўлади, дейди доно халқимиз.
Маълумотларга қараганда, мамлакатимизда бир йилда ўртача 2 мингдан зиёд номда 40 миллиондан ортиқ ададда китоб нашр қилинмоқда. Мактаб ва коллежларга мўлжалланган барча дарслик ва ўқув қўлланмалари лотин алифбосига асосланган ёзувда чоп этилмоқда. “Тонг юлдузи” газетаси, “Ғунча” ва “Гулхан” журналлари лотин ёзувида чиқмоқда.
Нашриётларимиз ҳам лотин ёзувида тобора кўпроқ адабиётлар чоп этмоқда. Масалан, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида 2012–2013 йилларда лотин алифбосида Алишер Навоийнинг 10 жилддан иборат тўла асарлар тўплами, Г.Флобер, А.Қаҳҳорнинг айрим асарлари, ҳинд эпоси “Калила ва Димна” ва шу каби бир қатор мумтоз асарлар чоп этилди. Бу нашриёт бундан илгари Алишер Навоийнинг “Хамса”сини лотин алифбосида сифатли чоп этиб, халқаро танловда биринчи ўринни эгаллаган эди.
Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 2013 йилда лотин алифбосида бадиий, болалар адабиётлари ҳамда мактаб, касб-ҳунар таълими йўналишида бир қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари нашрдан чиқди. Айниқса, болаларга мўлжалланган кўпгина ўзбек халқ эртаклари ўқувчиларга ушбу алифбода тақдим этилди.
“Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан ҳам 2013 йилда ўнлаб китоблар лотин алифбосида босилди. Нашриёт ва босмахоналаримизда лотин алифбосида асарларни чоп этиш тобора юксалиб, такомиллашиб бормоқда.
Ёшларимизнинг лотин ёзувини билишлари уларнинг чет тилларини, шу жумладан, инглиз тилини ўрганишларида қўл келмоқда. Маълумки, Ер юзидаги мавжуд 200 га яқин мустақил ва суверен давлат аъзо бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тиллари — инглиз, француз, испан, рус ва хитой тиллари бўлиб, инглиз, француз, испан тилларида иш юритилади. Булар орасида энг кенг тарқалгани ва энг кўп қўлланиладигани инглиз тилидир. Агар ҳозирги кунда Ер юзида 7 миллиард аҳоли яшаётган бўлса, шундан 1 миллиарди инглиз тилида муомала юритади. Инглиз, француз ва испан тилларида ҳам лотин алифбосига асосланган ёзув жорийдир. Ўзбекистонда лотин алифбосига асосланган ёзув жорий этила бошлагани ҳамда чет тилларни, шу жумладан, инглиз тилини ўрганиш ва ўргатишга давлат миқёсида эътибор қаратилаётганининг туб сабаби ана шундадир. Бундан мақсад халқимизнинг дунёдаги энг илғор халқлар билан бир сафда бўлиши, мамлакатимиз тараққий этган давлатлар қаторида юриши учун замин ярата боришдир.
Бинобарин, мамлакатимизда тил соҳасида режали тарзда узоқни кўзлаб иш юритиб келинмоқда. Юртбошимиз томонидан имзо чекилган тарихий ҳужжат — “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга бир йилдан ошди. Ўзбекистон фуқаролари жаҳон тилларини эгаллашлари, уларни умуминсоний қадриятлардан баҳраманд қилиш, жаҳон цивилизацияси ютуқларидан фойдаланишда тил тўсиқларини бартараф этиш, кенгайиб бораётган халқаро алоқаларни юқори малакали таржимон ва мутахассислар билан муттасил таъминлай бориш замон талабидир. Мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб хорижий тилларни чуқур ўрганиш йўлга қўйилди. Бу эса, албатта, фарзандларимизнинг дунё илм-фани ва маданияти ютуқларини эгаллаши, малакали мутахассис бўлиб етиши учун янги имкониятлар очиб бериши шубҳасиз.
Бугун таржимонлик соҳасини ривожлантириш, ёшларимизнинг чет тилларини пухта ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўзбек тилидаги асарларни чет тилига, хорижий тилдаги асарларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Масалан, Алишер Навоий, Бобурнинг асарлари Ғарб мамлакатларининг бир неча тилларига таржима қилинди. Қолаверса, Чўлпоннинг “Халқ“ шеъри 14 хорижий тилга, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари“ хитой тилига, Саид Аҳмад ҳикоялари турк, ўзбек ҳикояларининг турк, хитой-япон тилларига ўгирилиши таржимонлик соҳасида эришаётган ютуқларимиздир. Қувонарлиси аслиятдан таржима изга тушаётир. Демак, бугун таржимонларга ҳар қачонгидан ҳам талаб катта. Айтишади-ку: “Бир тилни билган, бир шаҳарни билганга тенг“ деб. Зеро, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бир аср муқаддам: “Икки эмас, тўрт тил керак”, деган даъвати бугун ҳам долзарбдир.
Абдуқаҳҳор Иброҳимов,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 7-сон