ёки Навоий ижодида шибҳи иштиқоқ санъати
Алишер Навоийнинг ўзигача бўлган Шарқ бадиият илмини чуқур ўзлаштириб, теран фалсафий фикр, руҳий ҳолат ва пок инсоний кечинмалар тасвирида мавжуд бадиий санъатлардан кенг ва баракали фойдалангани маълум. Улуғ шоир асарларида араб, форс-тожик ва туркий халқлар адабиёти учун хос бўлган юзлаб маънавий ва лафзий санъатларнинг бемисл даражадаги мукаммал намуналарини учратиш мумкин. Ёшлик даврларидаёқ бир кунда “хосса маъно” ва “ийҳом” каби мураккаб санъатлар билан безалган юз байт айтиш, улуғ шоирнинг ўзи фахр билан қайд этганидек, ҳалво ейиш билан баробар бўлган. Шу билан бирга, улуғ шоир ниҳоятда мушкул ва мураккаб бўлгани туфайли салафларининг эътиборидан четда қолган кўплаб тасвирий воситаларни ҳам ўз асарларида муваффақият билан қўллаб, атоқли навоийшунос Ё.Исҳоқов ҳақли равишда таъкидлаганидек, “…элементар ҳолдаги усулларни тўлиқ шакллантириб, уларни туркий шеъриятнинг қонуний усулларига айлантирди”.
Навоийга қадар “элементар ҳол”да бўлиб, Навоий ижодида “туркий шеъриятнинг қонуний усулига айланган” шеърий санъатлардан бири иштиқоқ. Иштиқоқ байтда ўзакдош сўзлардан фойдаланиш санъатидир (11, 83). Иштиқоқ учун ўзакдош сўзларнинг қайси тилга мансуб бўлишининг аҳамияти йўқ: улар арабча, форсча ёки ўзбекча бўлиши мумкин. Бироқ, шундай бўлса ҳам, иштиқоқ кўпроқ арабча сўзлар воситасида юзага келган. Бунга, афтидан, арабча сўзларнинг ўзига хос тузилиши сабаб бўлган: форсча ва ўзбекча сўзлардан фарқли ўлароқ, арабча сўзлар ўзаги кўпинча уч ундошдан иборат бўлиб, ўзакдош сўзларда ўзак ҳарфлар сақланиб қолгани ҳолда, унли товушлар ўзгариб кетади ва ўзакдош сўзлар мустақил сўзлардек тасаввур уйғотади. Бу ҳол, албатта, сўзнинг тасвирий имкониятларини оширган.
Қуйидаги байт улуғ шоир ижодидаги иштиқоқ санъатига бир мисолдир:
Қилса зулм ул золим, элни қилмағил, ё Раб, забун,
Чун тазаллумдур ишим доим, мени мазлум қил.
Комил инсонга хос пок ва юксак туйғулар ифодаси бўлган ушбу байтда шоир ошиқнинг не чоғли мустаҳкам садоқат эгаси эканлигини намойиш қилиш учун ўзакдош сўзларни сатрларга маржондай тизади: зулм, золим (зулм қилувчи), тазаллум (зулмдан дод-фарёд чекиш), мазлум (зулм чекувчи). Бу сўзларнинг ҳаммаси учун умумий ўзак – злм. Зулм ва золим сўзлари маъшуқа, тазаллум ва мазлум сўзлари эса ошиқнинг руҳий оламига тааллуқли бўлиб, улар ёрдамида шоир маъшуқанинг жафокорлиги ва ошиқнинг вафодорлиги ҳақида ғоят ёрқин ва пурмаъно бир лавҳа яратган. Зеро, лирик қаҳрамон илтижо қилиб айтадики: Эй Парвардигор, золим маъшуқанинг зулмига ўзгаларни эмас, балки мени дучор қил, чунки ишим (қисматим) маъшуқанинг зулмини чекиш, шунинг учун доимо мени унинг зулмини чекувчи қил!
Мумтоз бадиият илмида иштиқоқнинг яна бир тури бор: у шибҳи иштиқоқ, яъни иштиқоққа ўхшаш санъат деб аталади. Шибҳи иштиқоқ шунинг учун ҳам иштиқоққа ўхшаш санъат деб аталадики, шибҳи иштиқоқ бўлиб келувчи сўзларнинг ўзак ҳарфлари ҳам, иштиқоқдаги каби, бир хил бўлади. Бироқ, иштиқоқдан фарқли ўлароқ, сўзларнинг ўзи ўзакдош бўлмаслиги, яъни бошқа-бошқа ўзакка мансуб бўлиши лозим. Шибҳи иштиқоқ маълум даражада тажнис санъатига ҳам ўхшаб кетади, аммо тўла шаклдошликка асосланган тажнисдан фарқли ўлароқ, шибҳи иштиқоқ бўлиб келувчи сўзлар ўзак ҳарфлардагина шаклдош бўладилар, холос. Шибҳи иштиқоқ ўта мураккаб санъат бўлиб, ижодкордан сўзларнинг шаклию маъно нозикликлари, келиб чиқишию тузилишидан тўла хабардор бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам шибҳи иштиқоқ Навоийгача бўлган туркий шеъриятда деярли учрамайди.
Алишер Навоий шибҳи иштиқоқ санъатига алоҳида эътибор билан қараган. Шоир девонида ушбу санъатнинг ҳам кўплаб етук намуналарини учратиш мумкин.
Қуйидаги байтнинг мазмун ва бадииятида ҳам шибҳи иштиқоқнинг тутган ўрни беқиёс:
Недин юз гул очар ишқ ўтидин булбул киби Вомиқ,
Юзунгдин гар узори боғида гул очмади Узро.
Байтда улуғ шоирнинг илоҳий тажаллиёт ҳақидаги фалсафий фикрлари юксак бадиият билан баён этилган. Ушбу фалсафага кўра, олам – илоҳий ҳусн жилвагоҳи. Ҳамма нарса: еру кўк, сув, тоғу тош, гуллар ва ўсимликлар, жумладан, оламнинг гултожи бўлган инсон ҳусну жамолида, қуёш нурлари кўзгуга тушиб, унда қандай жилва қилса, Оллоҳ жамоли ҳам шундай жилваланиб туради. Улуғ шоир ўз шеърларида ушбу фикрни турли бадиий тимсоллар воситасида қайта-қайта таъкидлайди: булбулнинг гул ишқида самандардек кулга ботиши ҳам, Мажнуннинг Лайли иштиёқида кўзгу аксидек беором бўлиши ҳам, Фарҳоднинг Ширин дардида тошларни қип-қизил лаълга айлантириши ҳам шундан. Вомиқ ва Узронинг ишқий саргузаштларига ишора қилинган мазкур байтда ҳам тажаллиёт ғояси зуҳур этган: (Эй Оллоҳ!), – деб ёзади файласуф шоир, – агар Узро узори боғида юзингдан гул очмаган бўлса, нега Вомиқ ишқ ўтидан булбул каби юз гул очади?!
Байт улуғ шоирга хос бетакрор бадиият билан йўғрилган бўлиб, ундаги ҳар бир сўз рангин маънолар билан жилваланиб туради. Шоирнинг ҳайратомуз маҳорати шундаки, байтдаги юз сўзи икки хил маъно англатиб, ҳар икки ҳолатда ҳам гул очмоқ ибораси билан боғланган: юз гул очмоқ – юзингдин гул очмоқ. Бундан ҳам ҳайратланарлиси шуки, гул очмоқ иборасининг ўзи ҳам икки маънода келган. Биринчи мисрадаги гул очмоқ булбул ишқи ҳақидаги тасаввурлар билан боғлиқ бўлиб, афсоналарда айтилишича, булбул ғунчанинг очилишини кутиб тун билан унинг бошида афғон чекар, булбулнинг нолалари асар қилиб, тонг пайти ғунча очилар эмиш. Гул очмоқ нола-афғонлар билан боғлиқ бўлгани учун бу ибора нола-афғон чекмоқ маъносини ҳам англатади. Шунинг учун юз гул очмоқ иборасини гулни юз бор очмоқ деб ҳам, юз нола-афғон чекмоқ деб ҳам тушуниш мумкин. Байтда юз гул очмоқ иборасининг ҳар икки маъноси ҳам кўзда тутилган. Юзингдан гул очмоқ иборасига келадиган бўлсак, юз бу ўринда илоҳий ҳусннинг, гул эса маъшуқа ҳуснининг истиоравий ифодасидир. Юзингдин гул очмоқ ибораси ҳуснингдан ҳусн олмоқ, ҳуснингдан ҳусн пайдо қилмоқ деган маънони англатади. Айтилганлардан келиб чиқиб, байтнинг мазмунини қуйидагича ифодалаш мумкин: (Эй Оллоҳ,) агар Узро Сенинг ҳуснингдан узори боғида ҳусн гули пайдо қилмаган бўлса, нега Вомиқ ишқ ўтидан (Узронинг ҳусн гули иштиёқида) булбул каби юз нола-афғон чекади?!
Шундай қилиб, Узро узори боғида очилган гул илоҳий ҳусн гулидир. Байтда ушбу фикр биргина сўз эмас, балки бутун бир сўзлар силсиласи билан ифодаланган: юз, узор, гул. Юз – тушунарли сўз. Узорнинг маъноси – ёноқ. Гул деганда эса шоир ёноқнинг қизиллигини назарда тутган. Шоир маънодош сўзларни бекорга кетма-кет келтирган эмас. Юз, узор ва гул сўзлари бир-бирининг маъносини тўлдириб, ғоявий мазмуннинг қайта-қайта, аммо ҳар сафар ўзгача нозиклик билан таъкидланишига хизмат қилган: Узронинг юзи – илоҳий ҳусн жилвагоҳи! Ёноғи – илоҳий ҳусн жилвагоҳи!! Ёноғининг гули – илоҳий ҳусн жилвагоҳи!!! Бироқ улуғ шоир учун сўзларнинг фақат маъновий боғланишларигина кифоя эмас, улар шаклан ҳам мазмуннинг инкишофига хизмат қилмоғи лозим. Дарҳақиқат, байтдаги сўзлар орасида фақат мазмун жиҳатидан эмас, шакл жиҳатидан ҳам ажойиб алоқадорлик мавжуд. Байт илоҳий ҳусн жилвагоҳи бўлган юз ҳақида, юз эса Узронинг юзи. Шоир Узронинг юзини таърифлар экан, Узро юзининг маънодоши сифатида узор сўзини келтиради. Албатта, бу тасодифий эмас. Узор сўзи Узро билан шаклдош бўлиб, гарчи уларнинг маънолари бошқа-бошқа бўлса ҳам (Узро – бокира қиз дегани, 8, 35), ўзак ҳарфлари бир хил: узор – Узро, яъни узр (айн-зол-ро). Узро узор билан шибҳи иштиқоқ ҳосил қилиб, узор билан ўзакдошдек ва юз, гул, узор сўзлари билан маънодошдек таассурот туғдиради: юз, гул, узор, Узро*. Узронинг узор билан бундай сохта ўзакдошлиги ва юз, гул ва узор сўзлари билан сохта маънодошлиги натижасида байтнинг мазмуни яна ҳам чуқурлашган: Узронинг юзи, ёноғи, ёноғининг гулигина эмас, ўзи ҳам бошдан-оёқ илоҳий ҳусн жилвагоҳидир!!! Шундай экан, Вомиқ нечун Узро узорининг шавқида булбул каби юз нола-фиғон чекмасин?!
Қуйидаги байтда ҳам шоир шибҳи иштиқоқ бобида беқиёс санъаткорлик кўрсатган:
Кўзларинг бирла лабинг андоқки урди дин йўлин,
Не балолардин Билол ўткай, не саҳбодин Суҳайб.
Байтнинг асосий ғояси шундай: маъшуқанинг ишвакор кўз ва лаблари дин аҳлларини йўлдан уришда тенгсиз. Шоир маъшуқа кўз ва лабларини васф этар экан, Билол ва Суҳайб саргузаштларига ишора қилиб, талмеҳ санъати ёрдамида ёрқин бир лавҳа яратган. Ҳикоя қилишларича, Билол ҳам, Суҳайб ҳам қул бўлганлари ҳолда, исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган илк саҳобалардан эди. Ўз қулларининг мусулмон бўлганлигидан хабар топган мушриклар уларни Оллоҳ йўлидан қайтаришга ҳаракат қилишади. Улар кўнмагач, жуда қаттиқ азоблашади. Жумладан, Билолнинг хожаси Умайя унинг бўйнига арқон солиб, болаларига ўйинчоқ қилиб беради. Бу хўрлашлар унга кор қилмаганини кўргач, ғоят даҳшатли азоблар ўйлаб топади: у ёзнинг жазирама кунларида Билолни қайнаб турган чўлга олиб борарди. Пешин чоғи чўлда ерга оёқ босиб бўлмас, товондан ўтган иссиқ миядан тутун чиқарарди. Шундай иссиқда Умайя Билолни қумга чалқанча ётқизиб, устига баҳайбат тошлар бостирар ва Оллоҳдан қайтиб, санамларимизга сиғинмасанг, мана шундай азобда ўлиб кетасан, деб қўрқитар эди. Бироқ қанчалик қийналмасин, Билол оғишмай: “Оллоҳ бир, Оллоҳ бир”, дея жавоб қайтарарди.
Дин душманлари Суҳайбни ҳам жуда қаттиқ қийнашади. Таъқиб ва тазйиқлар Суҳайб катта мол-дунё эвазига қулликдан озод қилингандан кейин ҳам тўхтамайди. Мушриклар ҳатто Мадинага ҳижрат қилиш учун рухсат ҳам беришмайди. Суҳайбнинг сафарга отланганидан дарак топгач, унга шундай дейдилар: “Эй Суҳайб, сен ўз элингдан бизга келганингда қул эдинг, Хожа бўлиб обрўйинг ошди. Энди бизга қарши чиққанинг устига, мунча кўп мол билан душманларимиз ерига кетмоқчимисан?!” Суҳайб бор дунёсини уларга бериб, жонини зўрға асраб қолади.
Билол ва Суҳайб не-не азоб-уқубатларга дучор бўлмасин, бошларига не-не балолар ёғилмасин, иймон-эътиқоддан заррача ҳам чекинмаган дин аҳлларининг рамзига айланиб кетган. Бироқ, байтда айтилишича, ўз аҳдларида қанчалик мустаҳкам бўлишмасин, Билол ҳам, Суҳайб ҳам маъшуқа кўз ва лабларининг қудратига тоб беришга қодир эмас: Кўзларинг билан лабинг дин йўлидан шундай урадиган бўлдики, – дейди шоир, – на балолардин Билол ўта олгай, на саҳбодин Суҳайб!
Байтда талмеҳ санъати таносуб санъати билан қўшилиб кетган: кўз билан бало, лаб билан саҳбо ва ўз навбатида кўз ва бало Билол, лаб ва саҳбо эса Суҳайб билан боғланиб, таносуб санъатининг ғоят рангин ва сержило намунасини юзага келтирган. Маълумки, кўзнинг ранги қаро. Шунинг учун у – қаро кўз. Қаро кўзнинг бир қатор анъанавий сифатлари бор. Шулардан бири бало. Қаро кўз билан боғлиқ бўлганлиги учун у ҳам – қаро бало. Қаро кўз ва унинг қаро бало сифати Навоийнинг қуйидаги машҳур байтида ёрқин акс этган:
Кўзинг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонға қаро бало бўлубтур.
Кўз ва бало бир-бири ҳамда қаро ранг билан мазмуний алоқага киришиб, тасвирга анчагина аниқлик киритган, яъни: На қаро кўзнинг қаро балоларидан Билол ўта олгай!
Бугина эмас. Кўз ва бало билан Билол ўртасида ҳам кучли алоқадорлик бор: Билолнинг ҳабаш бўлганлиги маълум. Ҳабашлар эса рангининг қоралиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам, гарчи шоир айтмаса-да, кўз ва бало билан бир қаторда келганлиги учун Билол ҳам – қаро Билол. Билолнинг ҳам кўз ва бало сингари қаролиги жумланинг мазмунини яна ҳам қуюқлаштирган: На қаро кўзнинг қаро балоларидан қаро Билол ўта олгай!
Энди, ранглар уйғунлигидан келиб чиқиб, байтнинг мазмунини шундай ифодалаш мумкин: Кўзларинг билан лабинг дин йўлидан шундай урадиган бўлдики, На қаро кўзнинг қаро балоларидан қаро Билол, на қизил лабнинг қизил майидан қизил Суҳайб ўта олгай!
Шоир ижодининг ҳайратбахш томони шундаки, унинг мўъжизакор санъати лирик шеърларида ҳам, эпик достонларида ҳам, ва ҳатто насрий асарларида ҳам бирдек намоён бўлган.
Навоий насрининг ўзига хос намуналаридан бири “Хамса”даги насрий сарлавҳалардир. Улуғ шоир асарнинг ҳар бир бобига махсус сарлавҳалар қўйган бўлиб, улар, гарчи наср билан ёзилган бўлса ҳам, шоирнинг лирик шеърлари сингари, юксак бадиияти билан ажралиб туради. Жумладан, улуғ шоир “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳоднинг Қорандан тошйўнарлик, Монийдан рассомлик сирларини ўрганиши ҳикоя қилинган ХVI бобга шундай сарлавҳа қўйган: “Фарҳоднинг Қоран била хоро йўнарда муқорин бўлуб, балки ул Ойнинг бу Зуҳал била қирон қилмоғи ва бу фанда анга соҳибқиронлиқ эшиги очилмоғи ва Моний қалам мўйидин тасвир фанин қалам-бақалам, балки мў-бамў билмоғи ва жамии санойиъ ва ҳунар дақойиқи анинг илгига келмоғи…”.
Насрий сарлавҳа ташбеҳ, истиора, шибҳи иштиқоқ каби юксак санъатлар тилсими бўлиб, бу тилсимнинг калити – Қоран ва Моний. Бироқ Қоран ва Моний зимнига жо бўлган санъатлар нафосатини тўлиқ ҳис қилмоқ учун аввал Фарҳодга аталган тўрт боғ ва тўрт қаср қурилиши тасвирланган ХVI бобнинг сарлавҳаси билан танишмоқ лозим. ХVI боб сарлавҳаси: “Мулкоронинг тўрт равзаи Эрам монанд била тўрт қасри фалак пайванд иморатин тўрт айириб, ҳар бирига Зуҳалваш саркор ва Аторудсон меъмор таъйин қилиб, рубъи маскундек ободлиғига машғул бўлғони ва Фарҳоднинг иш тамошосиға келиб, аҳли ҳунар санъатини тамошо қилиб, Қорани сангтарош ишига етишгач, ғаробатидин фаҳми тешаси ул иш идроки хорасидин кунд бўлуб, қуёш мағриб тоғига майл этгондек анинг хораси устига тушуб, метин тилидин сўз сўруб, хоро садосидин жавоб топиб, ул иш майли мумдек кўнглига “Кан-нақши фил ҳажар” бўлғони”.
Насрий сарлавҳада вазир Мулкоронинг Фарҳод учун гўзалликда Эрам монанд тўрт боғ ва баландликда фалак пайванд тўрт қаср қурилишини бошлаб, уларнинг ҳар бирига Зуҳалваш саркор ва Аторудваш меъмор таъйинлаб, Фарҳоднинг ҳунар аҳли санъатини тамошо қилиб, тошйўнар Қоран маҳоратидан ҳайратга келиб, сангтарошлик сирларини ўрганиш иштиёқи кўнглида тошга ўйилган нақшдек ўрнашиши ҳикоя қилинган.
Шоир боғ ва қасрлар таърифига киришар экан, ташбеҳлар занжирини кетма-кет тиза бошлайди: боғлар Эрам монанд, қасрлар эса фалак пайванд, Эрам монанд боғ саркорлари Зуҳалваш, фалак пайванд қаср меъморлари Аторудсифат. Боғ ва қаср тасвирига мувофиқ ташбеҳлар занжири ҳам жуфт-жуфт: 1) боғ – Эрам қ қаср – фалак; 2) саркор – Зуҳал қ меъмор – Аторуд.
Эрам, ривоятларда айтилишича, Однинг ўғли Шаддод қурдирган афсонавий боғ. Шаддод Оллоҳга иймон келтиришни истамай, ер юзида жаннатмисол бир боғ бино қилишга киришади. Бу боғ шундай гўзал эдики, “ҳеч ким оламда андоғ боғ иморат қилмаб эди: дарахтлари олтиндин, шохлари кумушдин, барглари зумраддин, мевалари лаъл ва ёқутдин. Ариқларида сув ўрниға асалдин шароб оқизиб қўйди, туфроғ ўрниға мушк ва анбар қўйғон эрди”, “баландлиғи уч юз газ эрди”. Шаддод ана шу жаннатмисол боққа Эрам деб ном беради. Фарҳод учун қурилаётган тўрт боғ ҳам боғ эмас, “тўрт равзаи Эрам монанд” – Эраммисол тўрт жаннат боғи! Қасрлар “тўрт қасри фалак пайванд”, бироқ фалакнинг ҳам етти қавати бор. Зуҳал номининг тилга олинишидан ўйлаш мумкинки, “тўрт қасри фалак пайванд” еттинчи осмондек баланд!
Тўрт боғнинг “Эрам монанд”, тўрт қасрнинг “фалак пайванд” эканлиги тушунарли. Аммо саркор билан Зуҳал, меъмор билан Аторуд ўртасида қандай алоқадорлик бор? Улуғ шоир нечук Эрам монанд боғ саркорларини Зуҳалга, фалак пайванд қаср меъморларини Аторудга ўхшатди экан? Меъмор ва Аторуд ўртасидаги ўхшашлик маълумдек туюлади: фалак баланд, Аторуд фалакдан ҳам баланд – у иккинчи фалакдаги сайёра, қасрлар баландликда ҳам фалакка, ҳам Аторудга ташбеҳ қилинган: ҳам фалак пайванд, ҳам Аторудсифат. Фалак пайванд қаср меъморларининг эса Аторудсифат бўлиши табиий. Аммо бу фикрга ишониш учун бир иштибоҳ монелик қилади: Ташбеҳлар жуфт-жуфт экан, Аторуднинг жуфти бўлган Зуҳал билан саркор ўртасида ҳам шундай алоқадорлик бўлиши лозим. Бироқ қанчалик қидирмайлик, меъморлар ва Аторудни бир-бирига боғлаб турувчи ришталар йўқ. Демак, бу фикрлар қанчалик тўғри бўлмасин, ташбеҳнинг асл сабаби эмас.
Ана энди жавоб излаб дастлабки сарлавҳага қайтамиз. Айтилган эдики, сарлавҳа, балки сарлавҳалар бадиияти тилсимининг калити – Қоран ва Моний. Қоран ва Моний калитларини ташбеҳлар занжирига солиб кўрамиз: 1) саркор Зуҳал – Қоран; 2) меъмор – Аторуд – Моний.
Зуҳал ва Қоран, Аторуд ва Моний! Зуҳал ва Аторуд – сайёра, Қоран – тошйўнар уста, Моний – рассом. Самодаги сайёралар билан оддий тошйўнар ёки рассом ўртасида қандай алоқадорлик бўлиши мумкин? Ҳақиқатан ҳам, Зуҳал билан Қоран, Аторуд билан Моний орасидаги фарқ том маънода ер билан осмонча! Бироқ улуғ шоирнинг беқиёс истеъдод ва тафаккурининг қудрати шундаки, у бир-биридан беҳад узоқ тушунчалар орасидан ҳам мустаҳкам ришталар топиш ва уларни бир-бири билан занжирдек боғлашга қодир. Аввало, Аторуд ва Моний ҳақида. Аторуд, осмоннинг иккинчи қаватидан жой олиш билан бирга, бир қатор одат ва сифатларга ҳам эга. Чунончи, у ғоят билимдон, айни чоғда, найрангбоз сайёра, нилуфар ранг соҳиби, фалак котиби, кенг маънода эса қалам аҳли: шоир, рассом ва меъморларнинг пири. Демак, Аторуд ва Монийнинг ёнма-ён қўйилиши бежиз эмас: Моний рассом бўлса, Аторуд мўйқалам соҳибларининг пири. Фалакпайванд қаср иморатига таъйин қилинган Аторудсон меъмор ҳам Моний. Зеро, меъморгина эмас, меъморлик санъатининг Аторудсифат пири ҳам!
Зуҳал ва Қоран ришталарини топиш учун Зуҳал тавсифномасини кўздан кечирамиз: еттинчи осмон сайёраси, ланг, яъни чўлоқ: жуда секин юради, тақводор обид, шу билан бирга, наҳс – бадбахт: бахтсизлик келтирувчи юлдуз, қора ранг соҳиби. Аторуд рассомлар пири эди, бироқ, кўриниб турибдики, Зуҳалнинг ҳеч бир сифати тошйўнарлик билан боғлиқ эмас, Зуҳал ва Қоран орасида на маъно ва на шакл жиҳатидан кўзга ташланиб турувчи алоқадорлик бор. Эътиборни Қоранга қаратамиз, бироқ мавжуд манбаларда унинг тошйўнар уста эканлигидан ташқари ҳеч нарса дейилмаган. Лекин… дейилиши ҳам мумкин эмас, чунки Қоран тимсоли ҳам, Қоран исми ҳам, унга сингдирилган маънолар ҳам улуғ шоирнинг ўз ихтироси. Шунинг учун муаммонинг ечимини шоир қаҳрамонининг ўзидан излаш лозим. Ҳақиқатан ҳам, Қоран сўзига яхшироқ эътибор берилса, унинг икки қисмдан иборат эканлигини сезиш мумкин: қора+н. Демак, Қораннинг ўзаги қора, “н” эса унга қўшилган қўшимча! Қоран, худди Тўлан каби (Тўла+н), қора сўзига “-н” қўшимчасини қўшиб ясалган ўзбекча исм!
Маълум бўладики, улуғ шоир етти сайёра ичидан Зуҳални бежиз танлаган эмас. Қоран – аслан қора. Шундай экан, бадиий тасвир учун Зуҳалдан кўра мосроқ тимсол бўлиши мумкинми: Зуҳал ҳам Қорандек қора, чунки у қора ранг соҳиби! Ташбеҳи измор, яъни яширин ташбеҳ Қоран ва ҳатто Зуҳал фазилатларига фазилат қўшган: Қоран Зуҳалваш: моҳир сангтарош, шу билан бирга, Зуҳалдек улкан ва қудратли! Зуҳал эса Қоранваш: энг катта сайёра, шу билан бирга, Қорандек сангтарошлар пири!
Қора ранг фақат Қоран ва Зуҳал тимсолларидагина эмас, насрий сарлавҳанинг Фарҳоднинг Қоран маҳоратидан ҳайрати тасвирланган иккинчи қисмида ҳам сезилиб туради: Фарҳоднинг иш тамошосиға келиб, аҳли ҳунар санъатини тамошо қилиб, Қорани сангтарош ишига етишгач, ғаробатидин фаҳми тешаси ул иш идроки хорасидин кунд бўлуб, қуёш мағриб тоғига майл этгондек анинг хораси устига тушуб, метин тилидин сўз сўруб, хоро садосидин жавоб топиб, ул иш майли мумдек кўнглига “Кан-нақши фил ҳажар” бўлғони. Жумлада тушунарсиз сўзлар нисбатан кўпроқ: сангтарош – тошйўнар, ғаробат – ажойиблик, хора ёки хоро – тош, кунд – ўтмас, метин – тош кесадиган асбоб, чўкич. “Кан-нақши фил ҳажар” иборасининг маъноси эса “тошга ўйилган нақшдек”. Шоир Қоран ҳақида сўзлар экан, ҳамма нарсани Қоран рангига бўяйди: теша (темир) қора, тош қора, тоғ (тош) қора, чўкич қора, мум қора. “Кан-нақши фил – ҳажар” ибораси эса машҳур “ҳажар ул-асвад” – қора тошга тўғридан-тўғри ишора!
Қоран ва қора ранг, Қоран ва Зуҳал алоқаси кейинги сарлавҳада ҳадди аълога кўтарилган: Фарҳоднинг Қоран била хоро йўнарда муқорин бўлуб, балки ул Ойнинг бу Зуҳал била қирон қилмоғи ва бу фанда анга соҳибқиронлиқ эшиги очилмоғи.
Мазкур парча уч жумладан иборат бўлиб, илк жумлада Фарҳоднинг тошйўнарлик ҳунарини ўрганиш учун Қоран билан юзма-юз бўлиши тасвирланган: Фарҳоднинг Қоран била хоро йўнарда муқорин* бўлуб. Иккинчи жумлада шоир ружуъ санъатини қўллаб, ўз фикрини рад этади: Йўқ, – дейди улуғ шоир, – Фарҳоднинг Қоран билан эмас, балки ўша Ойнинг бу Зуҳал билан юзма-юз бўлмоғи: балки ул Ой**нинг бу Зуҳал била қирон қилмоғи. Учинчи жумлада тасвирланишича, Қоран билан юзма-юз бўлган Фарҳодга тошйўнарлик фанида соҳибқиронлик эшиги очилган: ва бу фанда анга соҳибқиронлиқ эшиги очилмоғи.
Кўриниб турибдики, агар шоир аввалги сарлавҳада Қоранни Зуҳалга яширин ташбеҳ қилиш билан кифояланган бўлса, энди истиора санъатини қўллаб, уни тўғридан-тўғри Зуҳал деб атайди: Фарҳод Ой бўлса, Қоран – Зуҳал! Бироқ, шу билан бирга, Қоран сўзининг ўзгача талқини ҳам мавжуд: Қоран – қора билан эмас, балки қирон билан ўзакдош – унинг ўзаги қирон, муқорин, соҳибқирон сўзлари каби қрн ! Бинобарин, Қораннинг маъноси қора эмас, балки қирон каби яқинлик! Шоир сўз ясаш маҳоратининг яна бир мўъжизаси: Бало ва Билол каби, Қорандаги “-н” ўзак ҳарфга айланган!
Қоранни қирон қилган шоир энди поэтик нигоҳини шу томон – Қоран, қирон, муқорин ва соҳибқирон сўзлари ҳамда бу сўзлар ўзида жо қилган маънолар томон қаратади. Навоий давридаги тушунчаларга кўра, осмон етти қават бўлиб, унинг ҳар бир қаватида биттадан сайёра бор. Гарчи етти сайёра самода бурждан буржга кўчиб, тинимсиз айланиб турса ҳам, икки сайёранинг бир пайтда бир бурж остида учрашиб қолиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Бундай учрашув илми нужум – юлдузлар ҳақидаги илмда қирон, қирон пайтида дунёга келган кишилар эса соҳибқирон дейилган (10, 3). Соҳибқиронлик улуғ бахт бўлиб, инсоният тарихида фақат уч киши: Искандар Зулқарнайн, Муҳаммад алайҳиссалом ҳамда Амир Темургина соҳибқиронлик бахтига мушарраф бўлган, холос.
Жумладаги самовий тушунчалар икки маъно: ҳам ўз, ҳам кўчма маънода ишлатилиб, Фарҳоднинг тошйўнарлик касбида камолот касб этишини баланд пардаларда ифодаловчи ажойиб тамсилга айланган: Ой Зуҳал билан қирон қилганидек, Фарҳод Қоран билан муқорин (юзма-юз) бўлган; Ой Зуҳал билан қирон қилганда, самода соҳибқиронлик эшиги очилганидек, Фарҳод Қоран билан муқорин бўлганда, тошйўнарлик фанида соҳибқиронлик эшиги очилган. Соҳибқиронлик эшигининг очилиши тасвирнинг авж нуқтаси. Бу сўзнинг “қирон эгаси”дан ташқари яна бир маъноси бор: етти иқлим, яъни бутун ер юзини эгаллаган подшоҳлар ҳам соҳибқирон дейилган. Демак, Фарҳод Қоран билан муқорин бўлиб, бутун ер юзини эгаллаган подшоҳлардек, “жамии санойиъ ва ҳунар дақойиқин” эгаллаб, сангтарошлик фанида соҳибқиронлик даражасига кўтарилган:
Анингдек қилди хоро йўнмағин вирд,
Ки юз Қоран қошида бўлди шогирд!
Фарҳоднинг Қорандан сангтарошлик сирларини ўрганиб, бу фанда соҳибқиронлик даражасига кўтарилиши шибҳи иштиқоқ воситаси билан яна бир карра тасдиқланган: Фарҳод – Қоран – қирон – муқорин – соҳибқирон. Яъни улуғ шоир демоқчи бўладики, Фарҳод Қоран билан, Ой Зуҳал билан қирон қилгандек, муқорин бўлар экан, унга соҳибқиронлик эшигининг очилиши табиий, чунки Қораннинг ўзи соҳиби қирондир!
Алишер Навоий ҳайратбахш, мўъжизакор маҳорат соҳибидир. У сўзни афсунгардай ўйнатади. Сирни асрор, Узрони узор, Билол ва Суҳайбни ҳам кўз, ҳам бало; ҳам лаб, ҳам саҳбо, Қоранни ҳам қора, ҳам қирон билан боғлаш, ҳам талмеҳ, ҳам таносуб, ҳам шибҳи иштиқоқ яратиш, айни чоғда, ҳам маъно, ҳам шакл, ҳам ранглар уйғунлигига эришиш улуғ шоир ижодининг, ҳақиқатан ҳам, ҳайратбахш мўъжизаларидир.
Келтирилган байт ва сарлавҳалар таҳлили кўрсатиб турибдики, улуғ шоир асарлари услубига хос бўлган шундай бир фазилат бор: бу фазилатни юксак таносуб ёки занжирсимон алоқадорлик деб айтиш мумкин. Занжирсимон алоқадорлик ўзига хос тарзда юзага келади. Шеърий байт ёки насрий жумлада бир ёки икки марказий сўз бўлиб, матндаги барча сўз ва тасвирий воситалар марказий сўз билан бирор жиҳатдан: ё мазмун, ё шакл, ё ранг, ё ҳид, ё маза, ё таъсир, ё макон, ё замон, ё бошқа жиҳатдан алоқадор бўлиши лозим. Занжирсимон алоқадорлик усулларидан бири сохта ўзакдошлик – шибҳи иштиқоқ санъати бўлиб, унинг вазифаси сўзларнинг маънодошлиги билан асосланган фикр ёки кечинмани шаклий муносабатлар орқали янада ишончлироқ ва жозибалироқ тасдиқлашдан иборат.
Абдулҳамид Қурбонов,
НамДУнинг катта ўқитувчиси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон