Бора-бора тоғу тошлар чўкиши, дарёю кўллар қуриши, ям-яшил ўрмонлар ўтинлар уюмига айланиши, зўравонлик билан пайдо бўлган давлатлар емирилиши мумкин. Лекин болалик деб аталмиш ғаройиб салтанат борки, у зинҳор завол кўрмайди, синалган қонун-қоидалари асосида яшайверади. Аввало, у замон, макон, ирқ, дин, жинс танламайди. Иккинчидан, болалик салтанати махлуқоту мавжудот билан ҳамиша, кенг кўламли алоқада бўлади. Маймун, масалан, баланд дарахтнинг учига чиқиб, ердаги рақибига банан ёғдириши, она-шер, болалари қатори, ўзга махлуқот резгисини бағрига босиши, ялаб-юлқаши, ёвуз одамдан аламзада бўлган бўри ундан қасд олишга чоғланиши, илонлар ноёб хазинани зийрак посбондай қўриқлашлари, меҳрибон инсон лат еган ҳайвон, парранда, даррандани узоқ муддат даволаши мумкин. Учинчидан, ғаройиб салтанатда одам боласи айиқ, итдан ҳид олиш маҳоратини, тулкидан макр-ҳийла асрорини, шеру йўлбарсдан улуғвор тажовузкорликни; қўзидан маъсумликни, булбулдан завқ-шавқни ўрганиши мумкин. Тўртинчидан, бу ғаройиб салтанатда турли-туман алоқалар давом этаверади. Одам, хоҳласа, нариги дунёга, хоҳласа, инсу жинлар, дев-парилар маконига, хоҳласа, осмони фалакка, ўзга сайёраларга сайр қилиши табиий ҳол. Бу салтанатда дов-дарахт, махлуқот, чангалзорлар, дарёю денгизлар бир ёқадан бош чиқариб, ёвузликка қарши бош кўтариши, гўзал қизлар таъвия махлуқларга айланиб, нарса, ҳодисалар асл моҳиятидан ташқари кутилмаган вазифаларни бажариши мумкин. Чақмоқтош, сеҳрли чироқ (қалпоқча, таёқча, ковуш, сандиқ, хум), дулдул от, чақимчи чумчуқ ҳақидаги юзлаб асарлар ҳамиша диққатни жалб этиб келган. Компьютер, уяли телефонлар ғаройиб салтанатни янги мавзу, қаҳрамон, имкониятлар билан бойитди. Хуллас, бу салтанатнинг туб илдизи, мустаҳкам суянчиғи халқ оғзаки ижодидир. Муҳими, ғаройиб салтанат хаёлот дунёси кенгликларини бемалол кезиши мумкин. Унда шартлилик, рамзийлик, саёҳат, хаёлотга катта эрк берилади. Унинг ажойиботлари болалар адабиёти деб аталадиган мўъжизавий соҳада ўз ифодасини топади.
Болалар адабиёти панд-насиҳат, таълим-тарбияга оид маърифий асарлар билан узвий боғланиб кетади. Орифжон («Беш болали йигитча), Зафар («Мунгли кўзлар»), Анатой («Эрта келган турналар»), Гогия, Хатиа («Қуёшни кўряпман»), Шум бола («Шум бола»), Камол («Саратон») деярли тенгдош, дарддош, етим — ўсмирлар. Орифжон, Зафар — болалар адабиёти қаҳрамонлари. Чингиз Айтматов, Нодар Думбадзе, Ғафур Ғулом, Носир Фозилов ўсмир изтироблари, руҳияти орқали мураккаб ижтимоий-маънавий, сиёсий-руҳий масалаларни ўртага қўядилар. Бадиий асар муаммоси, ёзувчи нияти, характерларни ёритишдаги бетакрорлик болалар ва катталар адабиётидаги ўзига хосликни кўрсатади.
Ҳошимжон («Сариқ девни миниб» Х. Тўхтабоев), Бадал Армон («Капалаклар ўйини» Т. Рустамов), Ойбек, Сабоҳат («Дискотека» Ш. Ризаев)—тенгдош ўсмирлар, Х. Тўхтабоев анъанавий йўсинда, Тўхтамурод Рустамов модерн услубда, Шуҳрат Ризаев драматургик турда қаҳрамонлар характерини ёритганлар. Ёзувчилар уч йўлдан бориб, битта манзил — ўсмир руҳиятини очиб бериш нуқтасидан чиққанлар. Бадал Армон воқеликни, инсону ҳодисаларни ўзича баҳолайди. Модерн адабиёт қаҳрамон руҳиятини очувчи майдонни кенг олади: Т.Рустамов ўсмир қаҳрамонларнинг табиий эҳтиёжларини тортинмасдан тасвирлайди. «Капалаклар ўйини» қаҳрамонлари ўйнаб-куладилар, вақтихушлик қиладилар. Китобхонда шундай таассурот пайдо бўладики, роман қаҳрамонлари ўлим, хасталик, шахсий фожиа сингари тушунчаларни англаб етмайдилар. Синчков китобхон капалаклар ўйинининг ажр-гуноҳлари йиғилиб бораётганини ҳис қилади. Ш.Ризаевнинг «Дискотека»сида ҳам капалаклар ўйини кўрсатилгану, бу ўйин заминидаги фожиалар учи кўриниб-кўриниб қолади. ёшлар пулнинг қуввати, пулдорнинг ёвузлиги, худбинлиги нималигини тасодифан билиб қоладилар. Ш.Ризаев драмасида ўсмир қаҳрамонларнинг катта ҳаёт қучоғига кириб боришлари кўрсатилган. Х.Тўхтабоев яратган Ҳошимжон Рўзиев — реалистик тасвир самараси. Ёзувчи асосий қаҳрамон характерини яратиш учун кўп изланганлиги, Ҳошимжонни минг чиғириқдан ўтказиб китобхонга маъқул қилганини сезиш қийин эмас.
Х.Тўхтабоев, Т.Рустамов, Ш.Ризаев асарлари қаҳрамонлари ўсмирлар. Лекин қаҳрамоннинг ёши асарнинг болалар ёхуд катталар адабиёти намунаси эканлигини белгиламайди. Болалар адабиёти қаҳрамонларида табиий ва ижтимоий муносабатларнинг мувозанати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳошимжон, Орифжон, Акром, Зафарлар болалар адабиётининг қаҳрамонлари. Уларнинг руҳий-маънавий оламида кураш, баҳс давом этади. Зафар, Орифжон бошига унча-мунча одамни каловлатиб қўядиган ташвиш, фожиалар ёғилади. Ўсмир — қаҳрамонлар қийинчиликларни табиатларидаги болалик, ҳаётбахш руҳ билан енгиб кетмоқчи бўладилар. Ўйлаб кўрилса, Орифжон, Зафар, Ҳошимжон, Акром энг мушкул вазиятда ҳам болалик қилиб қўядилар. Болалик кўпинча уларга куч, руҳ, ишонч беради.
Болалар адабиётини кўп ўқиган киши бир хусусиятга эътибор бермаслиги мумкин эмас: болалар асарларида ўйин-кулги, ҳазил-мутойиба, ҳаётсеварлик мана ман деб кўриниб туради. Бу хусусият улардаги табиий туйғу, хислатлардан келиб чиқади. Яна ҳам аниқроғи, бола-ўсмир ҳамма нарсага ажойибот, ўйин, ҳавас деб қарайди. Мана шу табиий асос болалар адабиётининг туғи, байроғи, мадҳиясидир. Баъзи сиймолар болаларча табиийликдан умр бўйи жудо бўлмайдилар. Табиийлиги аниқ кўриниб турадиган инсон ёрқин, бетакрор характердир.
Болани азал-азалдан подшога менгзайдилар. Болалик уй бозорлигини, унда сир ётмаслигини айтадилар. Фарзанд кўришни — оиласига кичкина қуёш кириб келишини орзуламайдиган одам топилмайди. Бола — қувонч. Бола — бебаҳо неъмат. Бола — тилсим. Зийрак одамлар чақалоққа зеҳн солиб, унинг қандай инсон бўлишини билиб оладилар. Бўладиган боланинг ўнлаб белгилари илмий, бадиий адабиётда аниқ-равшан санаб берилган. Бола, мисоли, сирли қулф. Унга тушадиган калит боланинг қилиқлари, наридан-бери айтиб юрган гапларида кўриниб қолади. Синчи инсонлар эндигина туғилган «бир парча эт»нинг мазмун-моҳиятини айтиб берадилар. Раззоқ Сўфини йўргаклаган Ҳамро эна “ҳали у қадар одам кепатасига кирмаган” юзларига тикилган ва мана бу сўзлар билан эркалатганмиш:
— Айланай, меҳмон, нимадан хафа бўлиб тушдингиз? Ким озор берди сизга? Айтинг! Қовоғингизни очсангиз-чи! Ёруғ дунёга келдингиз! Шукур қилинг! Севининг! Мундоқ бир кулинг! Кулимсиранг! Илжайинг!
Ўшанда кулмаган Раззоқ сўфи кейин ҳам кулмай ўтди (Чўлпон. «Кеча ва кундуз»).
Одам туғилиши биланоқ тарбиялана боради. Демак, гўдак, барча махлуқлар сингари, табиий, ирсий белгилар қуршовида бўлади. Жаҳон адабиётида чақалоқнинг ўсмирлик палласигача тарбияланиш жараёнини кўрсатувчи минглаб асарлар бор. Америкалик ёзувчи Жон Хаббертон (1842-1921) «Элен чурвақалари» юмористик романида беш ёшли Бажи, уч ёшли Тодди тимсолларини яратади. Ўн кун давомида болаларга уларнинг тоғаси Гарри қараб туради. Болалар шу даражада шўхки, тоға бечора нақ ақлидан озай дейди. Болалар сигарани, сичқонни алдаш учун қопқонга қўйилган пишлоқни, ярага босилган томат компрессини еб қўйишади. Йигирма саккиз ёшли бўйдоқ Гарри ўн кун энагалик қилиб жони ҳиқилдоғига келади. Ёш болада қўрқув туйғуси бўлмайди. У атайин ўлим билан ўйнашади. Шундай сирли бир куч борки, у шўх болани бало-қазодан асраб юради. Гарри олов чурвақаларни опасига топширгач, ўн икки соат ўликдай қотиб ухлайди.
Жаҳон адабиётида чангалзорда, ҳайвонлару парранда-даррандалар қуршовида ўсган Маугли исмли бола машҳур. Инглиз ёзувчиси Редьяр Киплинг (1865-1936) «Ким» романи учун Нобель мукофотини олган (1907), кўплаб ҳикоя, қисса, романлар муаллифи. Аммо ёзувчига «Чангалзорлар китоби», Маугли қисмати оламшумул обрў-эътибор келтирди. Маугли ҳақида мультфильм, бадиий фильм яратилган. Киплинг чангалзорда яшайдиган ўнлаб катта-кичик ҳайвонлар тимсолини ҳаққоний яратиб берди. Жаҳон адабиётида боладай беғубор, кўрган-билганини очиқ айтадиган, таваккалчилиги, ҳамиша қилич дамида юришлиги билан тилга тушган девонаи ростгўйлар, доно дарвешлар образи бор. Қирол Лирнинг масхарабоз-эрмаги ўта содиқ, ўта фожеий характер. Шекспир бу тимсолни мангу ростгўй бола сифатида тасвирлайди: унда руҳий бир нигоҳ, одамлар моҳиятини тиниқ кўрсатадиган кўзгу бордай… Абдулла Қодирийнинг Қовоқ девонаси қанчадан-қанча китобхонларни кулдириб туриб йиғлатмаган, йиғлатиб кулдирмаган дейсиз? Бобо Кайфий («Мирзо Улуғбек» М. Шайхзода) баайни шўх-шаддод, ўт билан ўйнатаётган бола. У таваккалчилиги, ростгўй, шижоатлилиги билан Улуғбек меҳрини қозонади. Жамоа хўжалигининг барча аъзолари Раънонинг бузуқлик йўлига кириб кетганини, Умар закунчининг ўйнаши бўлганини билади, аммо «чурқ» этиб оғиз очмайди. Довдир Парчагина «Раънохоннинг кундан-кунга очилиб» бораётганини шартта айтади қўяди («Икки эшик ораси» Ў. Ҳошимов). Чор аскарлари Туркистонга бостириб кириптиларки, эмин-эркин бўлдилар: хоҳласалар, ерли халқни урдилар, сўкдилар, хоҳласалар, масжиду мадрасаларни буздилар, хоҳласалар, экин-тикинни пайҳон қилдилар. Фақат Ибодин соқовгина («Отамдан қолган далалар», Т.Мурод) ноҳақликка қарши бош кўтарди: оқ подшо башарасига ифлос қилинган қатиқни сепиб юборди. Девонанинг мана шу қилмиши кўпчиликнинг кўзини очди.
Қирол Лир масхарабози, Қовоқ девона, Қизиқлар, Бобо Кайфий, Ибодин сингарилар девона, дарвеш, ақли ноқис кишилар. Лекин улар қалбида болаликнинг бебаҳо гавҳари — табиийлик, эрк туйғуси бор. Мен катталар адабиётидаги девонаи ростгўйларни болалар адабиётининг тиниқ кўзгулари, ишончли вакиллари деб биламан.
Болалар адабиётининг етук асарларида дулдул отларникидай қирқ қулочли қанот бўлади, шекилли-да: улар юртлардан юртларга учиб юрадилар, ўнлаб тилларга таржима қилинадилар, миллионлаб қалбларни забт этадилар. Болалар адабиётининг қаҳрамони аввали-охир хаёлпараст бўлган, етти қават осмонда кезган. Катталар: «яхшидир аччиқ ҳақиқат», — десалар, болалар «лек ширин ёлғон ундан қолишмайди», — деган ишонч билан яшайдилар. Ширин ёлғон манбаи — эртакдир. Дониёлик адиб Ханс Христиан Андерсен (1805 — 1875) — моҳир эртакчи. Унинг «Чақмоқтош», «Иркит ўрдакча», «Қор маликаси», «Қиролнинг янги либоси» асарлари жаҳон болаларининг жону дили. Худойберди Тўхтабоев яратган қаҳрамонлар ҳам эртакчи. Масалан, Акром қовунчи «Бой ила хизматчи» драмаси асосида Ғофир тоға ва Жамила кеннойи ҳақидаги эртакни тўқиб ташлайди. Қуруқ аравани олиб қочишда Ҳошимжон Акромдан ўтса ўтадики, ортда қолмайди…
Рус адиби Николай Носов (1908-1976) «Витя Малеев мактабда ва уйда», «Билмасвой ва дўстларининг саргузаштлари», «Билмасвой ойда», «Билмасвой қуёш шаҳарчасида» каби асарларини ёзди. Худойберди Тўхтабоевнинг Ҳошимжон, Акром, Зафарлари ҳам, аслида, Билмасвойлар тоифасидан. Лекин улар билмасвойликларини миллий, маҳаллий бетакрорликда намоён этадилар. Ҳамма Билмасвойлар математика, алгебра сингари аниқ фанларни ёмон кўрадилар, шу «бўлмағур» дарслар ўрнига жадвалга жисмоний тарбия, футбол, бокс сингари дарсларни кўпроқ киритишни илтимос қилиб, ғаройиб аризалар ёзадилар.
Болалар адабиётининг деярли ҳамма қаҳрамонлари ҳангоматалаб, саргузашт ошиғи, саёҳат фидойиси. Худойберди Тўхтабоевнинг Ҳошимжон, Акром, Орифжони Том Сойёр (Марк Твен), Маугли (Киплинг), Чипполина (Жанни Родари), Желсомино (Жанни Родари), Гулливер (Свифт) сингари саёҳат, саргузаштларни севади.
Болалар адабиётининг ғаройиб қаҳрамонлари чақмоқтош, сеҳрли таёқча (қалпоқча, мантия, калит, бойўғли)дан унумли фойдаланадилар. Улар битта одамнинг турли моҳият, ҳолатларини кашф этадилар.
Ҳозир жаҳон болалар адабиётининг маълуму машҳур асари англиялик адиба Жон Ролинг хонимнинг, «Гарри Поттер ва ҳикматли тош», «Гарри Поттер ва яширин хона», «Гарри Поттер ва Азкабакан маҳбуси», «Гарри Поттер ва Қақнус нишони» сингари китобларидир. Поттер ҳақидаги китоблар ХХ аср охирларида яратила бошланди. 2006 йил 24 декабргача бўлган маълумотларга кўра, Гарри Поттер ҳақидаги олти китобнинг умумий адади 300 миллион нусхадан ортди. Асар дунё мамлакатларининг 63 тилига таржима қилинди.
Гарри Поттер ҳақидаги китобларнинг фазилати нимада? Биринчидан, Гарри Поттерга боғлиқ бутун воқеа-ҳодисалар катта бир стадионда рўй бераётгандай. Ёзувчи воқеаларни сеҳргарлар махсус мактаби билан боғлаб тасвирлайди. Бу мактабга, асосан, воқеа иштирокчилари — сеҳргар ўқитувчилар, бўлғувси истеъдодли ёш афсунгарлар, бир-бирига қарши курашадиган рақиб-ўқувчилар, ҳар бири ўз услуби, сеҳргарлик тарихига эга устозлар йиғилган. Сеҳргарлар мактабида «беиш» персонаж, нарса, кийим, кўршапалак, бойўғли, бузоқдай-бузоқдай итлар, заҳарли ҳашаротлар, сеҳрли қулф-калитлар йўқ. Ҳар бир махлуқ, жисм, вужуд бизга таниш томонларидан ташқари, албатта, яна бир қанча фазилат, белги, вазифалари билан намоён бўлади. Сеҳргарлар мактаби—муҳитида бетарафлик, сусткашликка ўрин йўқ. Ҳамма ўз вазифасини сидқидилдан бажаради. Сеҳргар ўқитувчилардан айримлари — Гарри Поттер ота-онасининг азалий рақиблари ёш Гаррини йўқ қилиб ташлаш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар. Аксинча, Поттернинг Гермиона, Рон сингари дўстлари, Букля лақабли бойқуши ҳамиша, ҳар қандай шароитда Гаррига ёрдам қўлларини чўзадилар.
Гарри Поттер ҳақидаги китоблар юксак санъаткорлик билан ёзилмаган. Аммо ёзувчи воқеалар аро боғлиқлик, ўсиш-ривожланишга алоҳида эътибор қаратади. Болалар адабиётида шиддат-динамика муҳим аҳамият касб этади. Ёш китобхон ҳамиша ҳаяжонда бўлиши, янги ғаройиб воқеа-ҳодиса билан учрашувга тайёр туриши керак.
Сеҳргарлар олами кишилари оддий одамларни магл дейдилар. Волан-де-Морт («Сен — Биласанми Ким?»), Макгонагалл, Снегг сингари ўқитувчиларда сеҳрлар шунча кўпки, оддий китобхон оғзи ҳайратдан ланг очилиб қолади. Гарри, масалан, кумуш муқовали китобни қўлига олиши билан ларзакор чинқириқ янгради: китоб бор овози билан қичқирарди. Гарри ҳузур бахш этадиган Узро кўзгусини топишга эришади.
Гарри Поттер ҳақидаги асарда 665 ёшга тўлган Николас Фламелни, унинг 658 ёшли хотини Пернеллани учратамиз. Адиб Роулинг фалсафа тошини мана шу қария кашф этганини ёзади. Гарри Поттер ҳақидаги китоб, гарчи болалар адабиёти намунаси бўлса-да, унинг катталарни ҳам ром этадиган томонлари талайгина: «Донишмандлар наздида ўлим навбатдаги саргузашт», «Фожиа шундаки, кўпинча одамлар ўзлари учун зиён-заҳмат етказадиган ишни танлайдилар» сингари доно фикрлар кимни бефарқ қолдиради?
Хуллас, Гарри Поттер ҳақидаги етти китобда жаҳон сеҳргарлиги нозикликлари жамланган. Уни башар болалари қизиқиб ўқишмоқда. Аммо бу асарда миллий руҳ, маҳаллий колорит сезилмайди. Худойберди Тўхтабоев романларида сеҳргарлик анжомлари, сеҳр йўсинлари миллий бетакрорликда, ўзбекона муҳитда акс эттирилади. Иккинчидан, Х.Тўхтабоевнинг «Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб» асарлари яратилганда жаҳон адабиётида Ҳошимжон сингари сеҳрли қалпоқчага эга, ўта қалтис муаммоларни зумда ҳал қилиб ташлайдиган қаҳрамон йўқ эди. «Ширин қовунлар мамлакати…»даги Акром билағонни айтмайсизми? Фольклорда, ёзма адабиётда кўз жодуси, оёқ мўъжизаси, қўллар асрори ҳақида асарлар кўп эди-ю, аммо ҳид билувчи буруннинг кароматлари ҳеч қаерда кўрсатилмаганди. Х.Тўхтабоев Акромнинг ҳид билувчи бурнидан юмор манбаи сифатида фойдаланади. Муҳими, ғаройиб фазилатли бурни туфайли қаҳрамонимиз катта бир афсонавий мамлакатнинг қаҳрамони даражасига кўтарилади. Жаҳон адабиётидаги кичик қаҳрамонларга муштарак фазилатлари туфайли ёзувчининг асарлари ўз китобхонларини тез топиб бормоқда. Ўтган йиллар ичида Х.Тўхтабоев асарлари Тошкент, Москва, Таллин, Вилнюс, Киев, Бухарест, Берлин, София, Душанбе, Ашхобод, Боку, Ереванда босилди. Унинг китоблари бугунги кунда чех, норвег, фин, француз, турк, итальян, қозоқ тилларида нашр этилди. Шу кунларда ҳам Х.Тўхтабоев асарлари жаҳон халқлари тилларига кўплаб таржима қилинмоқда.
Ёзувчи асарлари жаҳонда чоп этиляптими, демак, улар ўқилмоқда. Афсуски, ўзбек адабиётшунослигида ёзувчи рейтинги масаласига эътибор берилмайди. Ваҳоланки, рейтинг ўзига хос кўзгу, кўрсаткич: ёзувчи асарларининг умумий адади қанча; неча тилга таржима қилинган, қайси асари энг машҳуру қайси асари заифроқ, қайси қитъа, мамлакатда ёзувчи асари кўп ўқилади… Бир фикрни қатъий, ишонч билан айтиш мумкин: Худойберди Тўхтабоев асарларини ўзбекнинг уч авлод китобхони қунт, қизиқиш билан ўқиди. «Ўтган кунлар», «Сароб», «Шум бола»дан кейин «Сариқ девни миниб» энг кўп ўқилаётган асар дейиш мумкин.
Худойберди Тўхтабоев ижод қила бошлаганидан бери замон, тузум, мафкура, адабий-эстетик қараш ўзгарди. Лекин ёзувчи сал кам эллик йиллик ижоди давомида қандай роман, қисса ёзган бўлса, уларга бўлган қизиқиш сусаймади. Чунки ёзувчи ҳамиша тирик инсонни, ўз «мен»и, йўл-йўсинига эга одамни тасвирлаган эди. Тўғри, унинг фельетонлари, очерклари орасида ўз бурчини адо этиб бўлганлари ҳам топилади.
Худойберди Тўхтабоевнинг барча романлари яхши, лекин «Сариқ девни миниб»нинг фазилатлари сероб, шу асар парвози юксак бўлди, миллионлаб китобхонлар қалбига йўл топди. Жаҳон болалар адабиётининг пирларидан Жанни Родари (1920-1980) «Сариқ девни миниб» романи ҳақида тўлқинланиб гапирди. Энг муҳими, болалик салтанатининг Ғарбу Шарқдаги минг-минглаб китобсеварлари «Сариқ девни миниб» романини мижжа қоқмай, бирон марта эснамай ўқиб чиқдилар.
Одатда, машҳур асарлар ёмбидай яхлит, бирдан пайдо бўлади. Худойберди Тўхтабоев романга сўнгги нуқтани қўйиш учун кўп изланди, мисоли игна билан қудуқ қазиди. Ёзувчи тинимсиз изланди. Қидираётгани халқ оғзаки ижоди хазинасида эканлигини қалбидан ҳис этди. Достон, эртак, топишмоқларни қайта-қайта ўқиди. Бола-бола-да! У тоққа чиқмай дўланали бўлишга, кон қазимасдан хазина топишга, ўқимасдан обрў-эътибор қозонишга, ақлни пешламасдан рақибларини ер билан яксон қилишга интилади. Ҳа, бола — ўсмир сирли, сеҳрли нарсани топиши керак. «Сариқ девни миниб»да воқеалар кўп, уларни ҳикоя қилиб бериш йўсини бор. Ҳошимжон ҳам ровий, ҳам воқеалар иштирокчиси. У воқеа-ҳодисаларни маромига етказиб, ўзигагина хос тилда сўзлаб беради (ёзувчи вазифасини бажаради).
Ҳошимжон — ровийнинг турли вазият, ҳолат, ҳаракатларда гапириш оҳанги ўзгариб туради. Ҳеч қандай сабабсиз: «Ҳозир, негадир, Орифни тутиб олиб дўппослагим, биқинига, бошига роса муштлагим келиб кетди», — дейди Ҳошим. Ҳай, зўр, нега Орифни урасан, дейдиган одам йўқ. Ҳошимнинг қилмишлари, «Қўрқоқнинг кучи япалоққа етибди», — деган мақолни эслатади. Худди шундай ҳолат Ҳошимнинг бўри боласига нисбатан айтган гапида сезилади: «— Тўхта, тумшуғига бир тепай! — дедим ўрнимдан туриб. – Икковимизнинг қўлимизда ҳам калтак, лайча қочмоқчи бўлиб типирчиласа, Акром савалаб қолади, бўри ириллагудек бўлса, тумшуғига мен тушираман».
Асардаги ровий ҳикояси ҳазил-мутойиба меъёрини узлуксиз юксалтириб боради. Бора-бора китобхон Ҳошимга, унинг қилови туширилмаган гап-сўзларига маҳлиё бўлиб қолади.
«Сариқ девни миниб» романида воқеадан воқеага кўчиш қийинроқ кечади. Ҳошимнинг милицияга ишга ўтгунича Миробиддинхўжа оиласидаги аҳвол, бош қаҳрамоннинг хаёлий саргузаштлари, узун қулоқ пирим мақбарасидаги ҳодисалар, сартарош Ҳошимнинг уддабуронлиги, унинг мактабга қайтиши, аълочи бўлишга бел боғлаганлиги кўрсатилади.
«Сеҳрли қалпоқча»дан кейин Х. Тўхтабоев Ҳошимжоннинг хаёлий ва қишлоқдаги саргузаштларини «Сариқ девни миниб» номи билан чоп эттирди. Шу қисмни ёзишда ёзувчи кўп изланди, ўйланди, воқеалар ва қаҳрамонлар- аро мосликни яратиш йўлларини қидирди. Миробиддинхўжа деган номнинг топилиши, ғаройиб исмли болани тарбиялаётган оила “ичига” кириб бориш қийин кечди. Сорабиби – Миробиддинхўжанинг онаси – фолбин. Ҳийла, найранг, содда одамларни лақиллатиш аввали охир фолбинларнинг ҳаёт тарзи ҳисобланган. Ҳошимжон фолбин хола оиласидаги ёлғон, сохталикларни фош этади. Миробиддинхўжани тиз чўктиради, алдоқчи эканлигини бўйнига қўяди.
Ҳошимжоннинг уйидан қочиб кетиши, ҳаётнинг сохта дорилфунунини ўтаганлиги роман ичра алоҳида қиссадир. Қуддус Муҳаммадий: «Нимаки қилсанг тилак, барига ўқиш керак», — деб ёзган эди. Мулла Ҳошим бу мақолсифат ўгитни салгина ўзгартиради: «Нимаки қилсанг тилак, барига сеҳрли қалпоқча керак». Аввалига Ҳошимжон Полвонтоға ишончини қозониб, совхоз директори Акбар Носировга учрашади. Ишонувчан директор ёшгина йигитчани агрономликка олади. «Агроном» Ҳошимжон шундай гапларни гапирадики, китобхон қизариб-бўзариб кетаверади. Қаҳрамонимизнинг агроном сифатидаги фаолиятининг чўққиси шира тушган ғўза тупларини калтаклатиш бўлади. Ям-яшил пахтазор зумда дўл урган хароба ҳолатига келади. Одамлар ғазабидан қўрққан Ҳошим сеҳрли қалпоқча ёрдамида жуфтакни ростлайди.
Ҳошимжон шоирликни, сайёҳликни ҳавас қилади. Лекин на унисини ва на бунисини уддалай олади. Унинг муҳандис бўлиши, бу соҳадаги фаолияти баайни агрономлик фаолиятининг ўзгинаси. Фарқи шундаки, муҳандис Ҳошимжон Рўзи катта кўчанинг қоқ ўртасига эшиги, туйнук-ойнаси йўқ алланимани қўққайтириб қўяди. Ҳошимжоннинг артистлик фаолияти ҳам шармандалик билан якун топади. Лекин Ҳошимжон воқеа-ҳодисаларни қойиллатиб сўзлайдики, китобхон унинг ёлғон-яшиқ гапларидан завқланади. Мана, касалхонага тушган Ҳошимжон ҳикоясидан намуна: «Саид аканинг ўрнига узоқдан қарасангиз самоварга ўхшаб кўринадиган қўл-оёғи калта, хўппа семиз бир одамни ётқизишди. Жуда уйқучи экан, фақат овқат маҳалида уйғонади– бир қарасангиз, бўғизланган қўйдек хириллаб қолади, бир қарасангиз, бузуқ карнай чалаётганга ўхшайди, баъзан эски паровоздек пишиллаган овоз чиқаради, тонготарга яқин сурнай, доира садоларига ўхшаш ғалати овозлар янграйди». Машҳурликни излаб кетган Ҳошимжон ўнларча ғалати-ғалати одамлар билан танишади. Ҳар бир янги персонаж, унинг таърифи китобхонда қизиқиш уйғотади. Ёзувчи 60-йиллардаги «Пахтакор» командаси, ўйинчилари номини сал-пал ўзгартириб бундай тасвирлайди: «Шоликор» жамоасида Теодор Раҳимов (Биродар Абдураимов), Вильгельм Қодиров (Вильгельм Қаҳҳоров), Геннадий Супаницкий (Геннадий Красницкий), Ёқубов (Якубик) сингарилар тўп сурадилар. Хуллас, Ҳошимнинг арзон шуҳрат йўлларида адашиб-улоқишлари жонли, ровиёна усулда тасвирланади.
Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб», «Ширин қовунлар мамлакати», «Мунгли кўзлар» романларида саргузаштлар кўп. Саргузашт — инсоннинг ҳаёт гирдобида узлуксиз ҳаракат қилиши, мақсад йўлидаги курашиши. Ҳошимжон, айтилганидай, машҳурлик излаб саргузашт бошлайди. Унинг Узун қулоқ пирим зиёратгоҳидаги, милиция ходимлари билан Сариқ девни маҳв этишдаги саргузаштлари ҳам қизиқарли, ҳам мураккаб, ҳам маърифий. Акромнинг ғаройиб саргузаштлари-чи? Улар Ҳошимникидан ортиқ бўлса борки, кам эмас. Зафар муштдайлигидан ҳаёт зиддиятлари, мураккаб синовлар саргузаштини бошидан кечирди. Қаҳрамонлар саргузаштини қизиқарли, жонли тасвирлаш Х. Тўхтабоев асарларининг асосий мақсадими? Йўқ, албатта. Учта романда поэтиканинг моҳияти англашилади. Бадиий асар поэтикаси деганда воқеа-ҳодиса, қаҳрамонларнинг бадиият оламидаги ҳаёти, интилиши, кураши тушунилади. Аниғи, поэтика-бадиий асарнинг яшаш тарзи, ундаги руҳий ҳаракат, мазмун-моҳият демак. Х. Тўхтабоевнинг ёзувчи сифатидаги истеъдоди, уқуви шундаки, у матн остинигинамас, матннинг китобхон оламида жилоланадиган қиёфасини, руҳий ҳаётини, тусини, турини акс эттира олган. Мана шу контекст — матннинг бадиий инъикосини очиб бериш — ёзувчи маҳорати ҳақида фикр юритишдир. Худойберди Тўхтабоев учта романи орқали ўзбекнинг асл моҳиятини, ХХ асрнинг II ярмидаги ижтимоий-маънавий-руҳий ҳаётнинг бадиий тарихини ишонарли очиб берган. Ёзувчи Ҳошимжон, Акром, Зафарнинг дунёга келишида восита бўлган ота-она, ўзбекнинг сахий, орзу-ҳавасли, ғурурли, тўйсевар, ишонувчан, қонунни билмайдиган, оломонсифат, болажон бўлгани билан уни қандай тарбия қилиш йўриқларини англаб етмаганлиги эканлигини кўрсатади. Бадиий асарда шартлилик, рамзийлик бўлади. Ёзувчи, дейлик, Ҳошимнинг сохта агроном, муҳандис, артист бўлганини кўрсатмоқчи. Табиийки, у шартлиликдан, сеҳрли қалпоқчадан фойдаланади. Ҳошимжон биронта ривожланган юртда на муҳандис, на агроном бўла оларди. Ҳамма ерда ҳужжат (диплом) талаб қилинади. Қаранг, қоровул Полвонтоға тавсияси билан совхоз директори Ҳошимни агрономликка олади. Бу ишга жойлашишнинг «ўзбекона усули», холос. Акром («Ширин қовунлар мамлакати…») одамлар олти-етти юзта коса, ликобча, чойнак, пиёла олиб келаётганини кузатади. Бу — бор гап эди. Баъзилар катта бир тўйни ўтказишга етадиган чойнак-пиёла, коса-лаган, ҳатто гулдонларни ғамлаб қўйганлар. Бундай ғаройиб сахийликни Матмуса ўзбек қилиши мумкин, холос. Зафарнинг («Мунгли кўзлар») ота-онаси пул, олтин йиғади. Муҳими, улар бойиганлари сайин ўзларини бошқара олмай қоладилар. Бебилиска топилган пуллар оилага кулфат, бахтсизлик, фожиа олиб келди. Ёқутхон, Саидларнинг пул-бойликлари дўст-душманни таниб олишда ўзига хос маҳактош вазифасини ўтади: Ёқутхоннинг қадрдон улфатларидан Қўмондон, Қози холалар энг тубан фирибгар, муттаҳамнинг ишини қиладилар.
Х. Тўхтабоев романларини ўқиб, ёш китобхон Ҳошимнинг қизиқ-қизиқ гапларига қотиб-қотиб кулаверади, Акромнинг дирижаблдай унвон осмонига парвоз қилишидан завқланади, Зафар гоҳ мопед, гоҳ янги магнитофон, гоҳ ажнабий кийим-кечакларга ҳавас қилади. Мана шу романларнинг матн остидаги, матн руҳидаги маъноси кишини ўйга толдиради, аҳволимизга ўкинч билан қарашга ундайди. Мустақилликдан кейин ўзбек ўзини таний бошлади: қонун адолат мезони эканлигини, илм-фан инсонни улуғловчи мангу воситалигини, тилларни ўрганиш дунё билан тиллашиш қуроли эканлигини англаб етмоқда. Лекин, афсуски, ҳануз Акром, Ҳошим сингари аравани қуруқ олиб қочувчилар, Зафару Зуфардай ота-она бойлигига муте бўлиб қолганлар, муҳими, Қози, Қўмондон хола, уларнинг еб тўймас эрлари, Иблису Дев йўлдан урганлар ҳануз кўп.
Х. Тўхтабоев романларида Сариқ дев, Иблис сингари қора кучлар фаол ҳаракат қиладилар.
Худойберди Тўхтабоев романларидаги қора кучлар уюшган ҳолда, аниқ мақсад билан ҳаракат қиладилар. Ёзувчи ўта тиниқ, ёрқин тасвирланган Дев, Иблисларни қаердан топган? Ҳаётда ҳамма нарса, ҳодисалар ўзаро алоқада узвий боғлиқликда бўлади. Бадиий асар — ёзувчи ижодининг меваси. Уни ёзувчининг бошқа асарларидан ажратиб олган ҳолда талқин, таҳлил қилиб бўлмайди. Ёзувчи ижоди — ўзига хос олам, ҳамиша ўсиб-ўзгариб борадиган руҳий-маънавий жараён. Ижодкор қачонлардир, қаердадир бирон нарса, кимсани кўрган, уни ёдидан чиқарган бўлиши мумкин. Шундай вазият бўладики, ёзувчи хотирасини титади, кўрган нарса, кимсаларини излаб қолади. Бошқача айтганда, ёзувчи қалби, онги, Мақсуд Шайхзода айтганидай, артел, корхона. У ҳамиша ишлаб туради, янги-янги маҳсулотлар етиштиради. Баъзи ёзувчилар темирни қизиғида босадилар: топган материалларини шаклга тушириб, китобхонга ҳавола қиладилар. Баъзилар материални йиғиб-йиғиб бораверадилар, вақт-соати билан уни ишлатишларини биладилар. Ойбек, Худойберди Тўхтабоев асар ҳолида босилган китобларидаги воқеа, қаҳрамонларни янги асарларига киритишда моҳир бўлганлар. «Қутлуғ қон» «Ўч», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Бобом» сингари поэмаларда таниш қиёфаларни учратиб қоламиз: улар янги шароитда, янги вазифани бажараётган бўладилар.
Худойберди Тўхтабоев 300 дан ортиқ фельетон ёзган. Одатда, фельетон жамият, жамоа манфаатларига зид борганлар ҳақида ёзилади. Ҳар қандай жамиятда умумга зид борганлар, қонунни бузганларга қарши курашадиган маҳкамалар бўлади. Кўзим тушган, Х.Тўхтабоев милиция ташкилотларидан, қонун ҳимояси органларидан кўплаб ташаккурномалар, нишонлар олган. Ёзувчи «Сариқ девни миниб», «Мунгли кўзлар» романларида милиция ходимлари образини ишонарли яратган. Ўсмирларнинг қадрдон қаҳрамони Ҳошимжон Рўзиев милиция сержанти сифатида достонлардагидай ишларни амалга оширади. Демак, Х.Тўхтабоев Сариқ дев, Иблис деганда қонунбузарларни, ўғри-муттаҳамларни, товламачи-порахўрларни назарда тутган.
Эътибор беринг, Х.Тўхтабоев қайси асарида қонун ҳимоячилари ва қонунбузарлар ҳақида ёзса, қалами эркин ҳаракат қилади. Чунки ёзувчи журналистлик касби туфайли қалтис ҳолат, вазиятларни кузатган. Фельетоннавислик – қонунга суяниб иш юритиш ёзувчи табиатига сингиб кетган.
«Сариқ девни миниб» романидаги икки муҳим қонунбузарлик тарихи тасвири ҳақида тўхталамиз. Бири, Узун қулоқ пирим зиёратгоҳидаги фирибгарликлар. Иккинчиси, «Роҳат» ошхонаси директори Одил Аббосов ёхуд Одил баттол ёки Сариқ дев билан полковник Салим Отажонов, полковник Али Усмонов бошлиқ милиция ходимлари аро ҳаёт-мамот жанги. Ҳар иккала тарих детектив тарзда тасвирланади. Ёнғоқ қори, Бодом қори, Данак қорилар фирибгарлик билан халқни алдаб ётибдилар. Улар халойиқ кўзига фаришта, ҳожатбарор бўлиб кўринадилар. Аслида, улар бахил, устомон, бойликка ўч, маънавий-маиший бузуқ одамлар. Ҳошимжон сеҳрли қалпоқчани кийиб, Ёнғоқ қорини таъқиб этади. Ёнғоқ қори тоғ орасига кириб кетади. Маълум бўлишича, тоғ ичкарисидаги овлоқ жойда Ёнғоқ қорининг уйи, хотини, мол-мулки, хизматкорлари бор экан. Эл кўзига авлиё бўлиб кўринган Ёнғоқ қорининг ғирт пиёниста, бузуқлиги рўй-рост кўрсатилади. Сохтагарликда Бодом қори, Данак қорилар устозлари Ёнғоқдан қолишмайдилар. Ҳошимжон сеҳрли қалпоқчани кийиб олиб, қора кучлар ҳақидаги ақл бовар қилмайдиган ҳақиқатларни тасвирлайди. Ёзувчи Узун қулоқ пирим зиёратгоҳидаги воқеаларга Миробиддинхўжа, Зокирни ҳам аралаштиради.
«Сариқ девнинг ўлими» — роман ичидаги ўзига хос детектив романдир. Детектив адабиётда жиноятни фош этиш жараёни маълум тартиб-қоидалар асосида давом этади. Эдгар По, Артур Конан Дойл, Гилберт Честертон, Агата Кристи, Жорж Сименон сингари детективнавислар бу адабиёт қонуниятларини кўрсатиб бердилар. Детектив асарда қотиллик бўлиши (ёки унга интилиш бўлиши) шарт, курашувчи кучлар нисбати деярли тенг бўлиши лозим. Детектив асардаги конфликт расмий маҳкама томонидан бостириб ташланиши мумкин эмас, асарда кураш узлуксиз жиддийлашиб, сирлилик, ваҳималилик касб этиб боради. Х.Тўхтабоев савдо-сотиқ, ошхона, омборхоналарда рўй бераётган жиноятларнинг фош этилганлигини кўрсатади. Савдо ёхуд жиноят объекти вакиллари хилват жойлар, касалхона, жиннихонадан жон сақлаш маскани сифатида фойдаланганлар. Ҳошимжон Рўзиев махсус топшириқ билан жиннихонага жойлаштирилади. Ёзувчи жиннихонадаги воқеаларни Ҳошимжон ҳикояси орқали ўта жонли, қизиқарли тасвирлайди. Жиннихона, жиноятчиларнинг – ертўла зиёфатхонадаги шароит, муносабат, муомалалари зўр тасвирланган. Романнинг шу ўринларида матн ости, матн руҳи, қамрови аниқ кўринади. Ёки ёзувчи воқеа орқали ички, яширин ҳолатларни кўрсатади. Одил баттол гадойтопмас ертўлада ўзини ўта эркин тутади: асл қиёфаси, моҳиятини кўрсатади. Нафақат Одил баттол, Саллабодроқ амаки, ўғри Мутал, Ориф чайқовчи, пешанаси йилтироқ амаки, Омборчи ҳам яширин хонада эмин-эркин сўзлашадилар, маишат қиладилар. Ҳошим жиноятчилар орасида ҳам ўзини йўқотмайди: тутинган отаси Отажоновга, Али Усмоновга, гуруҳ бошлиғи Холиқовга маълумот етказиб туради. Жиноятчиларга тайёрланаётган овқатга наша ташлаб қўяди. «Сариқ девнинг ўлими» қисмида қизиқарли, ибратли воқеа-ҳодисалар: турфа феъл-атвор, тақдирга эга персонажлар кўп. Полковник Салим Отажонов — «Сариқ девнинг ўлими» қисмининг етакчи қаҳрамони. У ниҳоятда келишган, файзли инсон. Аммо кураша-кураша соғлиғидан айрилди, хотини вафот этди, жиноят қилган ўғлини ўзи қаматди. Салимжон ака Ҳошимжонни «Ўғлим» дейди, юрак дардларини унга айтади. Милиция соҳасида ишлаш, одатда, эркаклар иши. Х.Тўхтабоев аёл боши билан форма кийган Каромат Ҳошимова тимсолини жонли, таъсирли ёритган. Жиноят йўлига кириб қолган бева аёл Шарифанинг қилмишлари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди. Асарда оддий милиционерлар вазифасини сидқидилдан бажараётган фидойи инсонлар образи меҳр билан кўрсатилган. Жиннихонага хизмат сафарига жўнатилган Ориф ака руҳий хасталар орасида яшаб, ўз вазифасини бажаради. Толиб ака, Суръат ака, капитан Холиқовлар фидойи меҳнат қиладилар. Х.Тўхтабоев милиция ходимларининг садоқати, тартиб-интизомини ишонарли тасвирлаган.
«Сариқ девни миниб» романининг якуни халқ достон, эртаклариникига ўхшайди: Қора кучлар енгилади, адолат тантана қилади, осойишталик посбонларидан кўпчилиги юқори лавозимларга ишга ўтади. Жиноятчилар билан курашиш жараёни мураккаб, уни зинҳор шунчалик сўзлаб бериб бўлмайди. Айтганимиздай, Ҳошимжон Рўзиев воқеа-ҳодисаларни ўзига хос тарзда кўради, тасвирлайди. Мана, Ҳошимжон жиннихонада пакана милиционер қўлидан чиқди-да, боши оққан томонга қочди. Уни аввалига уч киши қувди: «Учовларига-ку, тутқич бермасдим-а, аммо кўпчилик бўлиб кетишди-да. Яна иккита врач, иккита қоровул, бешта ўзимга ўхшаган жинни қўшилди. Айниқса, жинниларнинг биттаси — мен билан тенгқури худди този итдек чопағон экан. Чопганда ҳам улоқни ёппа қилган чавандоздек: «Ҳе-ҳе-ҳее!» деб қийқириб чопади денг. Ана шунисидан ҳеч қутулолмай, охири қўлга тушдим».
«Сариқ девни миниб» романида ҳаётбахш руҳ, ҳазил-мутойиба кайфияти, жонли, ҳаракатчан қаҳрамонлар фаолияти етакчилик қилади. Улар болалар дидига, руҳий-маънавий эҳтиёжига ниҳоятда мос келган.
«Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги»ни «Сариқ девни миниб»нинг давоми дейиш мумкин. Чунки Ҳошимжон («Сариқ девни миниб») эстафета таёқчасини Акром («Ширин қовунлар мамлакати…»)га топширар экан, «Сеҳрли қалпоқчани эъзозла», «Романингга ўзинг ровийлик қил», «Устозларим Акром сартарош, Салимжон Отажоновга эргашиб» ёмон бўлмадим, сен ҳам профессор Дар Даража этагини қаттиқ тут», — дегандай бўлади. Акром дўстининг айтганларини ортиғи билан бажаради. Аниқроғи, «Сариқ девни миниб», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар» романларини ёзган Х.Тўхтабоевнинг маҳорати ортиб борди. Бу нарса «Ширин қовунлар мамлакати…»да кўзга дарҳол ташланади. Биринчидан, роман Акром билағоннинг Ҳошим, у ҳақда китоб ёзган Худойберди Тўхтабоев ҳақидаги гапи билан бошланади. Эмишки, Ҳошим ёзувчи соқолини бепул ола-ола, унга уйидан ёғли қатиқ таший-таший ўзи ҳақида китоб ёздирипти. Ҳошим ёзувчига Акром ҳақида гапириб берган шекилли, икки-уч ўринда Акромбой номи тилга олинипти, бўри боласини тутиб олгани, уни аравачага қўшишга ҳаракат қилганлиги нақ бир боб бўлибди. Романнинг бундай ғайри одатий кириш билан бошланиши кимни бефарқ қолдиради, дейсиз? Иккинчидан, гапни қойилмақом қилиб гапиришда Акром Ҳошимдан ўтса ўтадики, кам эмас. У Ғофир сувчи, Жамила кеннойи ҳақида шунақа сайрайдики, институт ўқитувчиларининг оғзи ланг очилиб қолади. «Фанга юриш»ни «Панага юриш» деб тушунган Акромнинг олиб қочишларини айтмайсизми?
Учинчидан, Акром Ҳошимни ҳурмат қилади, лекин у босиб ўтган йўлдан юришни ор деб билади. Ҳошимжон характери, саргузашт, детектив воқеаларда очилган бўлса, Акром хаёл дунёсига чуқур шўнғийди, китобхонни фантастика кенгликларига бошлайди. Ширин қовунлар мамлакати, Ҳандалак шаҳрига шўнғиб кетиши биланоқ Акром ғаройиб мамлакатни кезади. Гу Ли, Гу Ла, Ур Бон, Қур Бон, Ос Мон, Нари Бери, Хол Дор, Нор Вон, Шар Манда, Ола Кўз, Му Ти сингари ўнлаб кишилари билан учрашади. Ёзувчи ғаройиб юрт, унинг ўзига хос кишилар билан қаҳрамонини тўқнаштирар, дўстлаштирар, баҳслаштирар экан, қиёслаш йўлидан боради: хаёлий юрт, унинг кишилари ҳақида ёзади-ю, ўз мамлакати, одамлари, ижтимоий-маънавий-руҳий муаммоларни қиёслайди.
«Ширин қовунлар мамлакати…»да Акром Ҳошимнинг сеҳрли қалпоқчасидан жуда унумли фойдаланади. Сеҳрли қалпоқча Ҳошимни кўзга кўринмас қилиб қўярди, холос. Акромнинг сеҳрли қалпоқчаси ҳам доно маслаҳатгўй, ҳам сеҳр воситаси вазифасини ўтайди.
«Ширин қовунлар мамлакати…» романида ёзувчининг яна бир топқирлиги, маҳорати кўзга ташланади. Акром Ҳошим, Ориф, Зафардан фарқ қилиб, ноёб қобилият билан туғилган: ис олиш, ҳид билишда беқиёс. Қаҳрамоннинг бу қобилияти ҳазил-мутойибага манба бўлган. Туман милиция идорасидан бир ходим Акромнинг уйига келади, онаси билан учрашиб, мақсадини айтади. Туман милициясида исковучликда бемисл ит бўлган экан. У ўлиб қолибди. Шу ит ўрнига Акромни ишга олишмоқчи бўлишипти. Қишлоқда бир одамнинг уйига ўғри тушибди, латта-путта, зарур анжомларни ўғирлаб кетибди. Акром жабрланганларга ачинибди, бурнини бир ишга солган экан, йўқолган мулк ҳиди бурнига кирибди: «Ичкарида туйганим аралаш ҳидлар кўринмас ипдек чўзилиб, эшилиб-буралиб боғ томонга ўтиб кетгандек бамисоли бурнимга буровиқ солиб ўша томонга қараб тортаётгандек». Ёзувчи қаҳрамоннинг ҳид билиш, ранг фарқлаш уқувидан асар охиригача унумли фойдаланади. Аввалига Акром қонлар ҳидидан жиддий хулоса чиқаради: бузуқ, бадбўй қонлардан Иблис пайдо бўлади. Иблис — норасоликлар, бузғунчиликлар, тартиббузарликларнинг йиғма тимсоли.
Х.Тўхтабоев маҳорати ижобий ва салбий кучларни уюштира олганлигида, улар аро курашнинг боришини тасвирлашида сезилади. Шу ўринда ёзувчи тутган йўлдаги бир норасоликни кўрсатиб ўтиш жоиз. «Ширин қовунлар мамлакати…» — болалар адабиёти намунаси, етакчи болалар ёзувчисининг пишиқ асари. Болалар адабиёти, болалар романими, демак унда болалар ҳаракат қилиши, болалар руҳига яқин масалалар қўйилиши лозим. Акром Дар Даража билан Иблисга қарши курашади. Иблис катталарнинг бузуқ қонидан пайдо бўлган. Нега Акром атрофига икки-уч ўсмир қаҳрамонни қўйиш ёхуд Иблисдаги қонлар қаторига болалар оламининг иллатларини киритиш мумкин эмасди?
Иблисга қарши курашиш, бу йўлда турли воситалардан фойдаланиш Гарри Поттер ҳақидаги китобларда кўзга аниқ ташланади. Акром Иблисга қарши ақл билан курашиш йўлини танлайди, ҳар хил физикавий, кимёвий, биологик, генетик усуллардан фойдаланади. Ҳозирги ёшлар болалар адабиётидаги интеллектуал қаҳрамонларни ёқтирадилар. Гарри, Гермиона, Рон сингарилар рақибга қарши узоқни ўйлаб курашадилар. Шу нуқтаи назардан Акром ҳам ёшларнинг севимли қаҳрамони. Унда изчил мақсад, кураш усули, воситалари бор. Устига-устак Х.Тўхтабоев курашнинг ўта нозик йўлларини кўрсатиб боради. Ақллар, ҳийлалар кураши биринчи ўринга чиқади. Биз қанча китобхон билан суҳбатлашган бўлсак, Акром Х.Тўхтабоев ижодидаги пишиқ, ақл-ҳушли курашчилардан бири эканлигини айтди. Тўғри, Жамила келинойи ҳақида ёлғон тўқиб ташлаган, «Фанга юриш»ни «Панага юриш» тарзида талқин қилган Акромнинг ҳар хил асбоб-ускуналардан моҳирона фойдалана ола бошлагани орасида номутаносиблик бор. Романнинг фантастик, хаёлийлиги кўп масалаларга ўзгачароқ қарашга ундайди.
Гарри Поттер, гарчи у ҳам хаёлот оламида кезса-да, янги-янги техник воситалардан фойдаланади: унинг сеҳргарлик ускуналарининг мўъжизавий имкониятларини оча билиши ҳозирги ўсмирларда қониқиш туйғусини вужудга келтиради. Муҳими, Гарри Поттер шериклари, уларнинг рақиблари тартибга тушган осойишталикни айқаш-уйқаш қилиб юборишдан ҳузурланадилар. Яъни, Роулинг хоним бола табиатидаги бузиш-ёришга бўлган эҳтиёжни амалий ишларда кўрсатиб беради. Х.Тўхтабоевнинг Ҳошими, Акроми, Султону Зуфарида катталар ўйлаб топган, амалга оширган тартиботларга қарши аллақандай норизолик бор. Эҳтимол, ўсмирнинг беғубор кўнгли порахўрлик, тўрачилик, мунофиқлик, буқаламунлик, лаганбардорлик сингари касофатлар пайдо бўладиган муҳитни аввалдан ҳис қилар. Аслида, Х.Тўхтабоевнинг деярли барча қаҳрамонлари ёмонликка, зулмга, ноҳақликка қарши сидқидилдан курашадилар.
Яна бир гапни айтиш керак, Ҳошим, Акромлар китобхонга танилиб, Европага чиқиб борган пайтида ҳали Гарри Поттер йўқ эди. Эҳтимол, Ҳошим, Акром сингари ўт-олов қаҳрамонлар Гарриларнинг пайдо бўлишида туртки бўлгандир.
Ҳошимжон ва Акром ялакат мағиздай қаҳрамонлар. Аммо ёзувчи ҳар иккала қаҳрамонни ўзига хос йўлдан олиб ўтди. Ҳошимжон саёҳат-саргузашт орқали ўзини намоён этган бўлса, Акром катта тарвузнинг ичига шўнғиб кетди-ю, шира ичра юрган одамларни кашф этди. Акром ҳаёти икки қисмга ажралади: бири Сойқишлоқда ўтказган кунлари, жамоа хўжалигида ишлаган пайтлари, иккинчиси афсонавий юртдаги ҳаёти, улуғ олим бўлиши, уламолар қаторидан ўрин олиши… Менинг назаримда, фантастика йўли қайсидир ўринларда модернизм ҳудудидан ўтади. Ёзувчи реалликдан униб чиққан, онгдаги борлиқни кашф эта боради.
Абдуғафур Расулов, филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 6-сон