Муҳаммаджон Холбеков. 2014 йилги Нобель мукофоти совриндори (Патрик Модиано)

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Францияда юзага келган Тўртинчи Республика (1946-1958) генерал де Голл бошқаруви даврида “умуммиллат ғояларини ўзида ифодаловчи” ички ва ташқи сиёсат бадиий адабиётни ҳам авангард оқимлар йўлини тутишга ундади. Бу давр француз адабиётида бош мавзу ахлоқий, сиёсий ва фалсафий тафаккурлар мужассами инъикоси бўлиб, унда “фуқоролик ва ватанпарварлик туйғусини ифода этувчи адабиёт” (littérature engagé) шаклланади. Дастлаб, бу хислат даврининг икки буюк романнависи Альбер Камю (1913-1960) ва Жан-Поль Сартр (1905-1980) ижодида яққол кўзга ташланади. 1957 йил Швеция академияси “Урушдан сўнгги йилларда инсоният виждони олдида турган муаммоларни асарларида бағоят жиддийлик билан ёритиб бергани учун” Камюни Нобель мукофотига лозим топган бўлса, 1964 йил Сартр “эркинлик руҳи билан суғорилган ва моҳиятни излаган ғояларга бой, давримизга улкан таъсир кўрсатган асарлари учун” бу улуғ мукофотга сазовор бўлди. Урушдан кейинги ўттиз йил давомида француз, умуман, Ғарб романчилигида яловбардорлик қилган Камю ва Сартр экзистенциализми абсурд дунёдаги инсоннинг ақлий мушоҳадалари билан йўғрилган ҳаётни тасвирлаш, шахснинг жамиятдаги қиёфасини, хулқ-атворини очиб бериш билан машғул бўлди.

Камю ва Сартр экзистенциализмидан сўнг француз прозасида “янги роман” (nouveau roman) оқими майдонга келди. Янги роман усталари Ален Роб-Грийе, Натали Саррат, Марсель Пруст анъаналарини давом эттириб, экзистенциалистлар билан ижодий баҳсга киришдилар. Университет танқидчилиги (Р.Барт, М.Фуко ва б.) билан ҳамфикр бўлган бу ёзувчилар М.Бахтиннинг “полифония” таълимотини бадиий матнга татбиқ этдилар. 1985 йили янги романнавислардан Клод Симон Нобель мукофотига сазовор бўлди. Адибга “ижодида поэтик ва мусаввирона янгиликларнинг уйғунлиги”, “давр кишисини тасвирлашдаги маҳорати” учун мукофот берилган эди.

Ўтган асрнинг 80-йилларига келиб француз адабиётида постмодернизм ғоялари шакллана бошлайди. Бу даврда ижод қилган М.Юрсенар, Ж-М. Ле Клезио, М.Дюрас, М.Турнье, П.Модиано, Ив Новар прозаси яловбардорликни қўлга олди. Масалан, ўзининг илк асари – “Баённома” романи билан шуҳрат қозонган Жан-Мари Гюстав Ле Клезио роман шакли қоидаларига амал қилмаган ҳолда, матнда тезкорлик ва ҳис-ҳаяжонга мойилликни олдинга олиб чиқди; вақти тиғиз ўқувчини олди-қочди ҳодисалар тасвири билан чалғитмасдан, лўнда ва аниқ жумлаларда воқеликни баён этишга ҳаракат қилди. Унинг тасвирда шошилиш сабабларидан бири одамларнинг мавжуд дунёдаги турли-туман ҳолатларини акс эттиришга улгурмоқдан иборат эди. Ёзувчи таърифича, инсон коинотдаги кичик бир мавжудот, гўё бир “митти чумолига ўхшайди”. Аммо барча мавжудот, яъни “чумолилар” орасида у энг қудратлиси; унинг куч-қудрати борлиқни бор ёки йўқ қилишга қодир, табиат ва мавжудот дунёсига хўжайин. Файласуф Ж.Ф.Лиотарнинг таъкидлашича, “янги роман” ва структуралистларнинг издоши бўлган Ле Клезио жамият структураси ва моддий бойликларни рад этган ҳолда, унинг динамик хаос, яъни ўзгарувчан тубсиз бўшлиқ шаклидаги тасвирини яратишга интилди. 2007 йил Ле Клезио “доимий ҳаракат куйчиси, поэтик авантюра ва эҳтиросли экстаз, амалдаги цивилизациядан ташқари ва унинг бўйсунувидаги инсон оламини асарларида тадқиқ қилгани учун” Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Ле Клезионинг тенгдоши ва маслакдоши, яна бир таниқли француз романнависи Патрик Модиано жорий йилда адабиёт йўналишида Нобель мукофотини олишга мушарраф бўлди. Швед академияси Модианони модернизм адабиётининг йирик вакили Марсель Пруст анъаналарининг давомчиси сифатида эътироф этаркан, унинг романлари Прустнинг “Йўқотилган вақтни ахтариб” эпопеяси туркумидек бир-бирини тўлдириб боради, воқелик бир-бирига уланиб кетади ва ягона мақсад – фашизм жаҳолатларини фош этишга хизмат қилади, деган аҳдда адибни мукофотга лойиқ топганини эълон қилди. Дарҳақиқат, Модианонинг ўзи ҳам буни инкор этмай: “Мен ўзимча ҳам, ўтган қирқ беш йилдан буён катта бир китобни ёзаяпман деб ўйлайман. Бир мавзу, яъни фашизм иллатлари ва унинг асоратларидан бугунги авлодни огоҳ этувчи романимни охирига етказиш учун меҳнат қилаяпман”, дейди.

Патрик Модиано 1945 йилнинг 30 июлида Париж чеккасидаги Булонь-Бианкур шаҳарчасида яшовчи тадбиркор оиласида дунёга келди. Отаси яҳудий, онаси эса фламанд эди. Бошланғич мактабни тамомлагач, Париждаги машҳур Генрих IV лицейида ўқиди. Лицейда унга таниқли адиб Райманд Кено геометрия фанидан сабоқ берди ва болакайни адабиёт оламига етаклади. Кейинчалик у Сарбонна университетининг фалсафа факультетида тил ва адабиётдан таълим олди.

Модианонинг ёшлиги ҳали уруш олови сўниб тугамаган, фашизм асоратлари парижликлар хаёлидан ўчмаган бир даврга тўғри келди. Йигирма уч ёшли навқирон ёзувчининг 1968 йил нашр этилган “Юлдуз майдони” номли илк романида фашизм бежиз қораланмаганди. Роман бирданига икки адабий мукофот – Роже Ним ва Фенеон совринларига мушарраф бўлди. Шундан сўнг адибнинг “Тунги қўриқчи” (1969), “Хиёбонлар ҳалқаси” (1972), “Қайғу қўрғони” (1975) , “Оила китоби” (1981), “Тунги дўкончалар кўчаси” (1978), “Йўқолган вақт” (1984), “Август якшанбалари” (1989), “Кичкина Бижу” (2001), “Дора Брюдер” (1997), “Бегоналар” (1999), “Асал ойи саёҳати” (1990), “Харобазор гуллари”, “Йўқотилган ёшлик қаҳвахонаси” (2007), “Сен мавзеда йўқолиб қолмаслигинг учун” (2014) романлари нашр қилинди. Улардан “Хиёбонлар ҳалқаси” романи 1972 йил француз академиясининг бош совринига, ўша йили “Тунги дўкончалар кўчаси” романи эса адабиёт соҳасидаги нуфузли Гонкур мукофотига сазовор бўлди.

 

Модиано романларининг қаҳрамонлари – ўз даври (иккинчи жаҳон уруши)нинг “йўқотилган авлод”ига мансуб одамлар ҳисобланади. Уларни ўтмиш билан боғлаб турувчи нарсанинг ўзи йўқ, улар уруш даҳшатини бошидан ўтказган, ўша ҳолатда кечган умрини элас-элас эслашади, воқеалар кўз олдида тумандек хиралашган, ҳаётга ишонч йўқ, келажак ҳам аниқ эмас. Қаҳрамон ўз хотираларига кўмилиб яшайди, урушда йўқотган ота-онаси, оила ва қариндошларини эслашга уринади. Унинг хотирасини ўтмишдан қолган суратлар, кундаликлар, сарғайган ҳужжатлар оз бўлса-да жонлантиради. Романлардаги воқеалар хронотоп тарзида кеча, бугун ва эртани бир-бирига боғлаб туради. Масалан, бу ҳолат адибнинг “Тунги дўкончалар кўчаси” романи қаҳрамони Ги Ролан қиёфасида ойдинроқ кўринади. Қаҳрамон уруш давридаги ўз асл қиёфасини тиклаш ниятида ўтмишига назар ташларкан, хотираларини уйғотишга ҳаракат қилади. Унинг кўз олдида қарийб унутилган воқеалар, саналар, сиймолар ғира-шира гавдаланади. Роман якунида қаҳрамон нимани ахтарди-ю нимага эришди, бунга унинг ўзи ҳам қониқарли жавоб тополмайди. Ёзув услуби жиҳатидан роман постмодернизм адабиёти матнига яқин келса-да, воқеалар баёни, аниқ замон ва маконда кечиши реализм анъаналарига мосроқ кўринади. Кези келганда муаллиф импрессионистик ифода тасвиридан ҳам фойдаланади: миллий колоритнинг нозик жилвалари хотираларнинг оқ ва қора ранглари билан уйғунлашиб матнга жило берса, фотосуратлар орқали хотиранинг ойдинлашуви контраст асосида ўтмиш воқеаларини қаҳрамон кўз олдида жонлантиради.

Хулоса қиладиган бўлсак, Модиано романларининг бош мавзуси инсон хотираси ва у орқали ўтмишни, ўзликни ахтаришдан иборатдир. Нобель мукофоти ёзувчининг аниқ бир романи учун эмас, балки бутун ижодини қамровчи “фашистлар тутқунида ҳудудлар ҳаётини тўлақонли акс эттиргани, инсон кечмиши ва тақдирини хотира орқали тиклаш санъатининг юксак бадиий тасвирини яратгани учун” берилди. Адабиётшунослар таърифича, адиб “хотиралар археологи” деган номга сазовор бўлди.

Патрик Модиано сценарийнавис сифатида ҳам танилган. У кинорежиссёр Луи Малем билан ҳамкорликда 1974 йил “Лаком Люсьен” фильмини яратди. Фильм ҳақида турли ижобий ва салбий тақризлар босилиб чиқди. Фильм ҳатто “Оскар” совринига номзод ҳам бўлди. 1994 йил Модианонинг “Қайғу қўрғони” романи мавзусида ёзган сценарийси асосида режиссёр Патрис Леконт суратга олган “Ивонна атри” фильми ҳам шуҳрат қозонди.

Хуллас, 2014 йил адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлган Патрик Модиано Клод Симон, Ле Клезио каби замонавий француз адабиётининг “классиги”га айланиб улгурди. Ёзувчининг асарлари жаҳоннинг 36 та тилига таржима қилинган. Умид қиламизки, ўзбек ўқувчиси ҳам яқин орада унинг романларини она тилимизда ўқийди.

Муҳаммаджон Холбеков,

 филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон