Бу саволдан ҳайрон бўлишингиз табиий: исми бир хил кишилар адаш бўлади, бу ерда ундай нисбат йўқ-ку? Албатта, шакл жиҳатидан улуғ боболаримиз адаш эмаслиги аниқ. Лекин исмлари англатган маъноларга кўра номдошдирлар. Қанақасига дейсизми?
Аввало ҳазрат Навоийнинг исмлари келиб чиқиши — этимологиясига диққатни қаратамиз. Ўзбеклар орасида туғилган ўғил фарзандга Алижон, Алишер деб от қўйиш кўп учрайди. Умуман, Али бутун мусулмон юртларида кенг тарқалган исм. Бунинг сабаби пайғамбаримизнинг чаҳорёрларидан бири ҳазрати Али Абу Толиб ўғлига бориб тақалади. Бу зотнинг ислом тарихида алоҳида ўрни бор. Унинг баҳодирлиги, душманлар билан жангларда кўрсатган қаҳрамонликлари ўзи бир тарих. Шунингдек, маънавият борасидаги улуғлиги, жасорати ҳам тилларда достон бўлган. Шу боис, мусулмон халқлари орасида Муҳаммад алайҳиссаломнинг уни алқаб “Али — менинг шерим”, “Али — Аллоҳнинг шери”, деганлиги ҳақида нақл юради. Айрим диний манбаларда, оғзаки ривоятларда “Али — шери худо” (Али — худонинг шери) тарзида тавсиф учрайди. Ана шу тавсифнинг иккинчи қисми бўлган форсий изофа (шери худо) ихчамлашиб, туркийлар орасида жумла “Али — шер” тарзида (яъни “Али — бу шердир” маъносида) қўлланган. Кейинчалик улуғ зотнинг исми (Али) ҳамда у васф қилинган калом (шер) бирлаштирилиб, унга ҳурмат-эҳтиром ва ҳавас рамзи сифатида дунёга келган зурриётларига Алишер исмини қўйиш урфга кирган. Бу, шунингдек, халқимизнинг ҳазрати Алидек жисмонан етук, эътиқоди бут, маънавияти юксак авлод ҳақидаги орзусининг ифодаси ҳамдир. Навоийнинг ота-онаси ҳам мана шу эътиқод ва орзу ифодаси ўлароқ ўз дилбандларига Алишер, деб ном қўйган бўлсалар ажаб эмас.
Энди “Бобур”га келсак, бу сўз арабча бўлиб, “шер” деган маънони билдиради. Буюк ватандошимизга қўйилгунга қадар халқимиз орасида бу исм урф бўлмаган. Айрим мутахассислар шоирнинг асл исми Заҳириддин Муҳаммад бўлиб, ёшлигидан жасур, довюрак бўлгани учун кейинчалик унга Бобур лақаби берилган, дейдилар. Лекин тарихий манбаларга мурожаат қилинса, бу фикр унчалик тўғри эмаслиги ойдинлашади. Жумладан, Бобурнинг яқин қариндошларидан бўлган Муҳаммад Ҳайдар Кўрагоннинг “Тарихи Рашидий” асарида ёзилишича, ўғил кўрган Умаршайх мирзо ўз давридаги нақшбандийлик тариқатининг машҳур намоёндаси, улуғ пири комил Хўжа Аҳрори валийнинг ҳузурига бориб, бўлғуси тахт ворисига табаррукан исм қўйиб беришини сўрайди. Муршиди комил бир оз мушоҳада қилиб, чақалоққа Заҳириддин Муҳаммад ном бўлсин, дейди. Сўнг бошини қуйи солиб, бир муддат сукут қилади-да, оддий одамлар бу номни айтишга қийналишини андиша қилиб, халқ орасида Бобур аталиши маъқул, дейди. Бундан келиб чиқадики, саройда, зиёлилар даврасида валиаҳдни Заҳириддин Муҳаммад, халқ ичида Бобур исми билан аталиши ирода қилинган. Лекин кўп давраларда бу икки ном яхлит исм сифатида ишлатиладиган бўлиб қолди. Шоирнинг ўзи ҳам бир рубоийсида исмини шундай яхлит қўллайди:
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор,
Уз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
Хўш, бунинг Алишербекнинг исмига қандай нисбати бор?
Адабиётшунос Ваҳоб Раҳмоновнинг Андижонда ўқитувчилар билан учрашувда билдирган фикрига кўра, “Заҳириддин Муҳаммад” бизнинг тилга ўгирилганда “Муҳаммад динининг таянчи”, деган маънони англатар экан. Диннинг таянчи дейилганда эса, ўспиринликдан Муҳаммад алайҳиссаломга йўлдош, оғир кунларида қўлдош бўлган, бутун ҳаётини исломни қувватлантириш ишига бағишлаган зот — Ҳазрати Али назарда тутилади, бизнингча. Бир муборак ҳадисда айтилишича, Муҳаммад алайҳиссалом у зотга қарата шундай деганлар: “Ё Али, сен менга Мусо алайҳиссаломнинг Хорун деган акаси каби яқиндурсан. Лекин Хорун каби пайғамбар эмассан. Чунки мендан сўнгра пайғамбар чиқмас”.
Шу ўринда иштибоҳ уйғониши мумкин: Заҳриддин Муҳаммад — диннинг таянчи деганда бошқа саҳобалар ҳам тушунилиши мумкин-ку! Қолган чаҳорёрларнинг учаласи ҳам ўз вақтида динга тиргак бўлганлар, буюк хизматлар қилганлар, қолаверса, бу зотлар ҳақида ҳам юқоридаги каби уларнинг улуғлигини тасдиқловчи ҳадислар бор. Бу — тўғри мулоҳаза. Бизнинг мазкур фикрга келишимизга Хўжа Аҳрори валий ҳазратларининг ном қўйишдаги кейинги тавсияси туртки бўлди. Ўйлаб кўрайлик, замонининг шариат ва тариқат пешвоси нима учун Заҳириддин Муҳаммадга муқобил равишда бошқа эмас, айнан Бобур исмини қўйишни маъқул кўрди? Бу зотнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, сўзлари, ўй-фикрлари дин доирасидан ташқарида бўлмаганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. У ҳеч вақт бир мусулмон одамнинг фарзандига йиртқич жонзот маъносига кўра исм қўймаслиги аниқ. “Бобур” луғавий маъносига кўра “шер” экан, бу шер Муҳаммадга келтирилган диннинг таянчи Алидир. Пайғамбаримизнинг кўп сафдошлари диннинг таянчи сифатида тан олинганлар, лекин ана шу тан олинганлар ичида ёлғиз Ҳазрати Алигина Оллоҳнинг шери сифатида улуғланганлар. Демак, Бобур исмида Алишер каби айнан шу зотга иқтибос бор.
Мумтоз адабиётимизнинг яна бир йирик вакили Шермуҳаммад Мунис ҳам бир рубоийсида ўз исмининг Навоийга маънодошлигини фахр билан қайд этган эди:
Сўз ичра Навоийки жаҳонгирдурур,
Мунисға маоний йўлида пирдурур.
Йўқ ғайрат андин ўзгаким айтурлар:
— Бу Шермуҳаммад, ул Алишердурур.
Шоир сўз билан жаҳонни забт этган Навоийни “маоний йўлида” ўзига пир деб билар экан, нафақат ижодда, ҳатто исмлари ҳам ҳам ўзаро уйғун эканлигини таъкидлайди: устоз Алишер бўлса, мен Шермуҳаммадман, дейди у. Муниснинг исми форсий изофа шаклидаги “шери Муҳаммад”дан олинган бўлиб, “Муҳаммаднинг шери” деганидир. Юқорида айтилганидек, бу – Абу Толиб ўғлининг алқов лақаби. Мазкур факт ҳам билдирилган фикрларни қувватлашга хизмат қилади.
Албатта, айтилганлар ушбу мақола муаллифининг бир мулоҳазаси. Кимдир бошқача фикрдадир, кимдир эътироз билдирар. Лекин нима бўлганда ҳам бир ҳақиқат борки, бизнингча, ҳамма унга қўшилади: шеърият султони Алишер ҳам, шоҳ ва шоир Бобур ҳам ўзбек миллатининг, умуман, туркий улуснинг маънавий шерларидирлар, алиларидирлар.
Валижон Қодиров,
Андижон давлат университети докторанти
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 7-сонидан олинди.