Ўз салтанатида ободончилик ишларини бошлаб юборган Бобур подшоҳ салафлари изидан бориб, ҳаммомлар қурилишига алоҳида эътибор беради. Чунки Ҳиндистонда “ҳаммом йўқ” (“Бобурнома”, Тошкент, 1989) эди. Бу юртда ҳаммом маданиятини Бобур подшоҳ жорий этган, деб иккиланмай айтиш мумкин. “Ҳиндустоннинг яна уч ишидан мутазаррир эрдук: бир иссиғидин, яна бир гардидин, яна бир тунд елидин. Ҳаммом ҳар учаласининг дафии эрмиш”, “…намози шом намози хуфтон орасида Дўлпур қўрғонига кириб, чароғ била Абдулфатҳ солғон ҳаммомни сайр қилиб…”, деб ёзади Бобур. Яна “Бобурнома”да ўқиймиз: “Панжшанба куни жумодил-аввал ойининг учида боғнинг жанубий тарафида (яъни Дўлпурдаги Нилуфар боғида — Х.Б.) ҳаммомға ер тайин қилиб, ҳаммом ерини тузаттилар. Буюрдумким, бу тузалган ерда ҳаммомнинг курсисини қўпорғондан сўнг, ҳаммом тархини солғайлар. Бу ҳаммомнинг бир уйида даҳрдардаҳ ҳавз буюрдум”.
“Бобурнома”дан бу мазмундаги иқтибосларни кўплаб келтириш мумкин. Аслида, гап бунда эмас. Бизни ҳаммом поэтик тимсолининг буюк устозлар бадиий ижодидаги инъикоси қизиқтиради. Ҳазрат Алишер Навоий ва Бобур мирзонинг давлат арбоби ҳамда ҳукм-фармон сифатида ҳаммомлар қурилишига алоҳида эътибор берганлари бежиз эмас эди, албатта. Алишер Навоийнинг кичик замондоши Ғиёсиддин Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” китобида: “…каромат эгаси Амир мансабдорлик кунларида …ҳаммомлар қурган”, деб ёзади. “Ҳаммомларнинг саноғи қуйидагича: “Шифоия” ёнидаги ҳаммом; Зиёратгоҳ ҳаммоми; Тарноб ҳаммоми; Дарраи Занги ҳаммоми; Тувучи ҳаммоми; Чиҳлдухтарон ҳаммоми; Панждеҳ ҳаммоми; Файзобод ҳаммоми; Саидобод ҳаммоми”, дея Хондамир уларни бир-бир санаб кўрсатади. Бу далилни Бобур мирзо ҳам ўзининг “Бобурнома” асарида тасдиқлайди. Чунончи, Самарқанд қалъаси баёнида Бобур мирзо: “Улуғбек мирзонинг иморатларидин… Яна ушбу мадраса ва хонақоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур”, дея қайд этади.
Ҳаммом тарифидаги шеърлар ўтмишда ҳаммомнома ёки ҳаммомия, деб номланган. Бундай шеърлар дастлаб форс адабиётида пайдо бўлиб, XIV асрдан сўнг туркий тилда ижод қилган шоирлар томонидан ҳам яратилган. Туркиялик адабиётшунос Искандар Полонинг ёзишича, “Ҳаммомномалар кўпроқ қасида шаклида яратилган. Лекин ғазал, қитъа, маснавий, рубоий шаклларида битилганлари ҳам бор… Ҳаммомномаларнинг аксариятида ҳодиса шоирнинг ҳаммомга келиши билан бошланиб, севимли маҳбубга учрашиш, ҳайратга тушиб шу гўзални мадҳ қилиш билан давом топади”. Искандар Поло ҳаммом мавзуида қалам тебратган шоирлар ҳақида сўзларкан, Муҳаммад Фузулийнинг ушбу байтини мисол келтиради:
Қилди у сарв саҳар ноз ила ҳаммомга хиром,
Шамъи рухсори ила бўлди мунаввар ҳаммом.
Ҳаммом поэтик детал ёхуд поэтик тимсол сифатида буюк зотларнинг ижодида ҳам ўз аксини топган. Ҳаммом тимсоли тилга олинганда, дафъатан ҳазрат Навоийнинг ҳаммамизга маълум ва машҳур қитъаси ёдга келади:
Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайиҳ
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.
Устод ёруғ дунёга келган ҳар бир кишининг комилик касб этмоғи эҳтиёж даражасидаги зарурат, дея уқтиряпти. Қитъада қиёсий ташбеҳ усулидан фойдаланилган. Ҳаммом ўзида фоний дунё тимсолини инъикос этган.
Ҳаммомға азм айлагач ул шўхи ситамгар,
Ҳаммом юзи акси била бўлди мунаввар.
Мавлоно Лутфий мана шу матлаъ билан бошланувчи ҳаммом ҳақида олти байтли, тасвирга бой, воқебанд ғазал битганки, ғазални ўқиш давомида байтма байт ҳаммом тасвири кўз олдингизда намоён бўлади.
Гулдек танидин чунки арақ бўлди равона,
Ҳаммом гулоб иси била бўлди муаттар.
Алишер Навоий “Мажолис ун нафоис”да Лутфийнинг маҳоратига таҳсин айтиб, “…замон шуароси борча татаббуъ қилдилар”, дейди. Навоийнинг бу фикрлари бежиз эмас. Бобур шеъриятидаги ҳаммомга бағишланган асарлар Лутфийнинг мана шу биргина ғазалида жамлангандек таассурот уйғотади.
Сув ғайратидинким таниға тегди дамодам,
Жоним бори сув бўлди ю ҳолим дағи абтар.
Эй кошки, мен бўлғай эдим олида ходим,
То васл туни бўлғай эди бизга муяссар.
Кавсар суйи, жаннат гули олтун тароғ олғоч,
Ҳурлар келур эрдилар анга бўлғоли чокар.
Ҳаммомдаги ўту сувга Лутфийнинг оҳию кўз ёши бас кела олмайди. Бу тасвир Бобур рубоийсида айнан такрорланади:
Бу Лутфининг оҳию ўти кўз ёшидандур,
Ҳаммомнинг ўтию суйи, тушмас анга бовар.
Бобур ўзигагина хос бўлган ростгўйлик билан ёзади:
Ҳаммомки, арк ичинда пайдо қилдим,
Соғинмаки, суддин табарро қилдим.
Суд ушбу эмасмуким, тадбир била
Покиза баданларни тамошо қилдим.
Аркда, яъни ҳукмдорлар ошиёнида ҳаммом қурдирдим, бундан фойда топиб бойимоқчи, деб ўйлама. Покдамон бокира вужудларни бу тадбир билан тамоша қилиш фойда эмасми, ахир, демоқчи бу рубоийда шоир.
Ҳаммомки, қилдим кўрунгизким, айём,
Ўхшатти анинг бори иши манга тамом.
Кўз ёшию кўнгул ўти бирла мендин,
Гулчеҳралар истабон юрийдур ҳаммом.
Бобур айтмоқчики, ўз давримда ҳаммом бунёд этдим, унинг фаолияти менинг худди ишу коримга ўхшайди. Менинг қалбим ёнади-ю, кўзим ёш тўкади. Гулчеҳралар шунинг учун айнан ҳаммом истайдилар. Шоир бу рубоийда ўзининг ҳолу ҳолатини ҳаммомнинг фаолиятига нисбат берган. Дарвоқе, қалб ўртанса, кўз ёшланади. Ҳаммом ҳам ўту сув билан ишлайди. Шоирнинг ҳолу ҳолати билан ҳаммом фаолияти орасида ички нозик боғланиш бор.
Бобур мирзонинг яна бир рубоийсини кўздан кечирайлик:
Ҳаммомки, то маскани жонона эмиш,
Анда парилар ҳусниға девона эмиш.
Ул худ паридур борча мулозимлари ҳам,
Алқиссаки, ҳаммом парихона эмиш!
Рубоийда нотаниш сўз ва бирикмалар ҳам, мураккаб тушунча ҳам йўқ. Рубоий халқимиз орасида кенг тарқалган тасаввур асосида битилган. Яъни ҳаммомда инсу жинслар маскан қурадилар, деган миш-мишлар мавжуд. Мана шу тасаввурдан бохабар ўқувчи шеър мазмунига тушунади.
Хулоса қилиб айтганда, Бобур мирзо бу ижод намуналари орқали ўзбек шеъриятидаги поэтик тимсол — ҳаммом образидан унумли фойдаланган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 7-сонидан олинди.