Ҳиндистон, Деҳли, 1974 йил 23 ноябр
Кўҳна санскрит мақолида шундай дейилади: «Аёл бу — оила, оила эса жамиятнинг асосидир». Биз ўзимизга рўзғор қурибгина жамиятни барпо эта оламиз. Агар уйда ҳар бир боланинг дуркун ўсиши ва камолга етиши учун зарур бўлган меҳр-муҳаббат муҳити ва энг керакли нарсалар, шу жумладан, шарт-шароит етарли бўлмаса, мамлакатда ҳам уйғунлик, ҳамжиҳатлик бўлмайди. Ҳамжиҳатлик бўлмаган жойда эса мамлакатнинг бирон-бир йўналишда тараққий этишини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Мана, нима учун хотин-қизларнинг таълим олиши ўғил болалар ва эркаклар таълимига қараганда муҳимроқ экан. Биз — мен «биз» деганда нафақат Ҳиндистон аҳолисини, балки бутун дунёдаги одамларни назарда тутаяпман — шу пайтгача хотин-қизлар таълимига эътиборсизлик билан қараб келдик. Унинг кенг тарқала бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Албатта, сиз буни эслай олмайсиз, масалан, мен ёш бола пайтим Англияда хотин-қизлар таълимига эндигина эътибор қаратиш бошланган эди. Ҳаммаси нимадан бошланганини одамлар яхши биларди.
Ҳозир бизда таълим олиш имконияти пайдо бўлган ва бутун мамлакатда ушбу таълим жамиятнинг ёки бизнинг ёшларимизнинг эҳтиёжларига мосми ё йўқми деган мавзуда баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Мен ҳамиша таълим соҳаси туб ислоҳотларга муҳтож деб билганларнинг бириман. Лекин, шу билан бирга, мен бизда таълим соҳасидаги аҳвол унчалик ёмон эмас деб ҳисоблайман. Биздаги таълим тизими сабабли, гарчи унинг бугунги аҳволи унчалик қониқарли бўлмаса ҳам, Ҳиндистонда ажойиб эркак ва аёллар, айниқса, бутун дунёда, ҳатто энг бой давлатларда ҳам танқислик сезилаётган турли соҳаларнинг жуда кўп ажойиб олим ва мутахассислари етишиб чиқмоқда. Ёшларимизнинг кўпчилиги чет давлатларда ризқини теришни ихтиёр этаяпти, чунки у диёрларда меҳнатга кўпроқ ҳақ тўлашади, шароити ҳам яхши.
Бизнинг қадимий анъаналаримиз ва боқий қадриятларимизни ҳозирги замон илм-фани ютуқлари билан уйғунлаштира олиш замонавий илмли аёлнинг асосий мажбуриятларидан бири деб биламан. Эскидан қолган нарсаларнинг ҳаммаси бирдай яхши ёки бирдай ёмон бўлмагани сингари, янги чиққан нарсаларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлавермайди. Бир марта ва бирданига, узил-кесил эмас, мунтазамлик билан, деярли ҳар ҳафта, ҳар ой дунёда бизнинг мамлакатимиз учун фойдали ва яхши нималар пайдо бўлаётганини аниқлаштириб боришимиз зарур, шунингдек, жамиятимизнинг кўҳна меросидан нималарни кўз қорачиғидай авайлаб-асрашимиз лозимлигини билишимиз шарт. Кўпчилик одамлар замонавий кўриниш учун янги урф бўлган кийимларни кийиш ёки мода бўлган сўзларни ишлатиш ёхуд муайян нарсаларга одатланиш шарт деб ўйлайди. Аммо буларнинг ўзи етарли эмас. Булар замонавий инсоннинг зоҳирий белгилари, холос.
Ҳиндистон биз орзу қилгандай жамиятга айланиши учун – қадимий анъаналаримиз ва табаррук заминимиз пойдевор бўлган замонавий, мақбул жамиятга айланиши учун фикрлайдиган одамларимиз, тафаккур қиладиган қиз-жувонларимиз бўлиши керак. Улар хориждан келадиган ҳамма нарсани кўр-кўрона қабул қилмаслиги, балки уларнинг тагига етиб, нимани олиш мумкину нимани олиб бўлмаслигини ўзлари ҳал қилишлари лозим. Мана, илм бизга нима учун керак! Илм ёшларга доимо ўзгариб турадиган дунёга мослашиш ва унинг тараққиётига ҳисса қўшиш имконини беради.
Баъзи бировлар фақат юқори лавозимларни эгаллабгина муҳим бир ишни амалга оширишинг ёки ўз юртингга хизмат қилишинг мумкин деб ўйлайди. Бироқ ҳаммамиз яхши биламизки, ҳатто битта кичкинагина мурвати кўнгилдагидек ишламаса, энг мураккаб механизмлар ҳам кераксиз матоҳга айланади. Кўраяпсизми, бу мурватчанинг аҳамияти ҳар қандай йирик деталникидан кам эмас. Давлатнинг ҳаёти ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Касбларнинг аҳамиятсизи бўлмагани каби, одамларнинг кичкинаси бўлмайди. Ҳамманинг ўз вазифаси бор. Эр ё аёл киши бўлишидан қатъи назар, ҳамма ўз ишини яхши бажарса, бутун мамлакат гуллаб-яшнайди.
Бизда қора иш, нотоза иш деган асоссиз тушунчалар бор. Масалан, кўча супуриш нотоза иш ҳисобланади. Жуда кам одамгина бу ишнинг бошидан тутади, кўпчиликнинг бунга бўйни ёр бермайди. Ҳолбуки, гўнг бугунги кунда дунёдаги энг қиммат нарсалардан биридир. Кўп давлатлар иқтисодий инқироз домига тушишининг биргина сабаби шуки, уларда ўғит етишмайди, кимёвий ўғит эмас, оддийгина гўнг, супуринди тақчил. Бошқача айтганда, илгарилари ифлос саналган нарса бугунги кунда камёб бўлиб турибди.
Ҳозир аён бўлмоқдаки, дунё шундай ажойиб яралган эканки, унда ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор, ҳамма нарса умумий механизмга туташ. Қора ишми, кичкина нарсами, ҳамма нарсанинг ўз вазифаси мавжуд.
Хуллас, илм соҳиби сифатида улкан устунликка эга бўлган юртдошларим, барчангиз нафақат ўз ишингизни, миллий манфаатларимизни бир дам ҳам ёдингиздан чиқармаган ҳолда бажарасиз, балки тотувлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик муҳитини яратишга ҳисса қўшасиз, одамларимиз ва диёримиз ҳаётига чирой бахш этасиз деб умид қиламан. Менимча, Ҳиндистон хотин-қизларининг бурчи, алоҳида вазифаси мана шу! Биз ўз юртимиз учун жуда кўп иш қилишни хоҳлаймиз, лекин ҳеч қачон Ҳиндистон ташқи оламдан узилиб қолган деб ҳисобламаганмиз. Бизнинг истагимиз дунёни яна ҳам яхшироқ қилишдир. Шу боис биз Ҳиндистоннинг муаммоларига глобал муаммолар нуқтаи назаридан баҳо беришимиз шарт.
Ҳасан Карвонли таржимаси