Боб Дилан. Китоб бўйинга осилган тумордай азиз… (Нобель маърузаси)

Адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилганимни илк бор эшитиб ҳайрон қолдим. Қўшиқларимнинг адабиётга қандай дахли бор экан, деб ўйладим. Эътироз билдиргим келди, чунки боғлиқликни билишни истардим ва сизга бу ҳақда сўзлашга азму қарор қилдим. Сўзимни ибтидосидан бошлайдиган бўлсам, Бадди Холлини хотирамга олишим керак. Камина ўшанда ўн саккиз баҳорни қаршилаган, Бадди эса йигирма иккига қадам қўйганди. Овозини тинглаганимдаёқ қадрдоним эканлигини англаганман. Бадди «рок-н-ролл», «ритм» ва «блюз»ни бирлаштириб, янги йўналишга асос солди. У архетип (ғайритабиийлик орқали идрокка таъсир ўтказиш) эди. Баддининг ижросини томоша қилиш учун олис йўл босиб келдим, мусофирчилик мени сира ташвишга солган эмас. Жасоратли қўшиқчининг дадиллиги яққол сезилиб турарди. Ўша кун ундан олти қадам нарида юзидан нигоҳимни узмай турардим. Йигирма икки ёшли йигитга асло ўхшамасди. Кейин кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Кўз-кўзга тушди ва нимадир этимни жунжиктириб юборди. У қўлимга «Пахта майдони» қўшиғи ёзилган Leadbelly альбомини тутқазди. Икки кундан сўнг унинг ҳалокатга учраб вафот этганини эшитдим.

Ўша альбом ҳаётимни ўзгартириб юборди ва мени буткул номаълум оламга олиб кирди. Ҳаётимдаги мазкур янгиликни портлашга менгзайман. Зулмат қаърида яшаяпман-у, қўққисдан пайдо бўлган гулхан нури умримни ёритиб юборгандай эди. Кимдир елкамни тутиб, ёзилган ўша қўшиқларни юз марталаб ижро этишим шарт-лигини уқтирарди. Унда бир талай санъаткорларнинг исми ёзилган: «Йўқолган шаҳарнинг янги дарбадарлари»: Сонни Терри ва Брауни Макки, Жан Ричи. Бу номларни илгари сира эшитмагандим. Исми альбомда қайд этилибдими, демак, тинглаш керак.

Мусиқа оламига шу даражада муккасидан кетдимки, алал-оқибат жонажон хонадонимни ташлаб, қўшиқ изига тушдим. Ўша куйлар радиодагига нисбатан таъсирлироқ ва реалроқ янграрди. Қадимий балладаю, блюзини қалбан ҳис қилишга қодир эдим, бироқ қолганини бошидан ўрганишга тўғри келди. Аввалига кичик давраларда куй чалдим. Кўча-куйда ижро этганимда тўрт-беш йўловчини айтмаса, тингловчи топилмасди. Айрим қўшиқлар самимий янграр, айримларини мухлис қалбига етказиш учун овозим борича бақирардим.

Улғайганим сари хатоларимни англай бошладим. Илк фольклор қўшиқлар қўшиқчига она тилини яхшироқ ўрганиш имконини беради. Тил ҳамма сўзларнию туйғуларни бирлаштирган. Юракдан ҳис қилиб, тасаввур доирасини кенгайтиради. Масалан, меҳнатга оид қўшиқлар, Жоржия денгиз қўшиқлари, Аппалакчия балладалари ва ковбойча тароналарни рег-тайм блюзда хиргойи қилсангиз, янги ғоялар туғилади. Нафис куйлар нафис фикрлар булоғининг отилиб чиқишини таъминлайди. Хуллас, борлиқни куйга солдим. Риторикани англадим. Илм-фан, тараққиёт, инсонияту сирли оламлар буларнинг ҳаммасини уйғунлаштириб, ўтаётган кунга боғлай олардим. Фольклор — менга луғат сифатида хизмат қилди.

Ҳиссиётларни англашни, ҳаётга ўз нигоҳим билан боқишни, инсон табиатига хос хислатларни тарозига солишни, ҳар бир ҳодисадан моҳият излашни китобдан ўрганганман. «Дон Кихот», «Айвенго», «Робинзон Крузо», «Гулливернинг саёҳатлари», «Икки шаҳар ҳақида эртак» — одатий мактаб гимназиясида таҳсил олувчи ҳар бир болакай ўқийдиган асарлар. Бироқ мен учун улар ҳаёт мазмуни. Китобларнинг ҳеч бири ҳаётимдан изсиз ўтиб кетган эмас. Ижод оламига шўнғиб, қалам тебратишни бошлаганимдаёқ асарлардаги сўзларнинг таъсирини пайқаганман. Ўқиганларим шеърларимнинг ғоясидаги қусурни англашимга ёрдам берарди.

Болалигимда бўйинга осилган тумордай азиз бўлган уч асарни жуда яхши эслайман. Булар: «Моби Дик», «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» ва «Одиссея»дир.

«Моби Дик» юқори драма ва драматик саҳналарга бой, ажойиб китоб. «Пекод» кемасининг сирли капитани — Ахав ўзининг душмани, катта оқ кит Моби Дикнинг ортидан қуваётган ясама илмоқли оёғи бор, худбин одам. Китни Атлантикадан Африканинг юқори қисми, Ҳинд океанига қадар таъқиб қилиб борарди. Уни ер юзининг ҳар икки томонидан кузатиб сира толмасди. Мақсади маънисиз эди. Мобининг изига тушган яна бир капитан Бумер бор эди. У гарчанд қўлсиз қолганига қарамай сабр қилди. Бироқ Ахавнинг қасос ўтини сира ҳазм қилолмасди. Хуллас, асар турли одамларнинг бир масалага турлича ёндашуви ҳақида. Биз юзани кўрамиз, холос. Тубда ётганларини тасаввурга сиғдиришни истамаймиз ва уни кераксиз деб ўйлаймиз. Моби капитаннинг устидан ғалаба қозонди.

«Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» китобидан даҳшатга тушганман. Йўқотилган ёшлик, инсон қалбининг дунёга боғланишию оқибатли бўлиш хусусида. Китобни мутолаа қилаётганда бош қаҳрамон билан кўплаб изтиробни бошдан кечирасиз. Зулматга михланганга ўхшайсиз. Сиз суйган жаҳон хаёлингизда минг бир бўлакка ажралиб кетади. Дунёга сиғмай қоласиз. Инсониятга ачинаётган осмон кўз ёш тўкади. Ёмғир бир маромда қуяди. Сиз эса ёлғизсиз. Фронтда отилган ўқнинг бири келиб нақ юрагингизга тегади. Сиз адойи тамомсиз. Тирикликка керагингиз йўқ. Уруш ҳақидаги роман мени гўё телбага айлантириб қўйди. Шимолий каролиналик Чарли Пуул «Нечун менга сўзламайсан?» қўшиғини айнан шу мавзуга бағишлаб куйлагани ёдимда.

Одиссей — кўплаб бастакорлар балладасига ғоявий асос. «Уй чекловлари», «Хонадоннинг ям-яшил ўти» сингари қўшиқларим шу асар таъсирида яратилган. Одиссей ғаройиб асотир. Урушда жанг қилган жасур шоҳ фақат уйи-га талпинади. Бу йўлда қанча машаққатлар, синовлар, тузоғу ғовлардан ўтди. Шўрлик умр бўйи сарсон-саргардон ҳаёт кечириши тақдирига битилган, тўғрироғи, шундай лаънатланган эди. Бир кимсасиз оролдаги девлар ғоридан омон чиқди, уйига етай деганда, шамол исканжасида қолди. Кейин қаршисидан икки йўл чиқди. Улар хавфли эди. Бирида чўкиб кетади, иккинчисида оч қолади. Пешонасига яшаш битилган экан, тағин Худо жонини сақлади. Сўнг саккиз бошли маҳлуққа учради. Тегирмонга тушса ҳам бутун чиқадиган Одиссей ўқувчисини ҳаяжонга солиб, махлуқ таъқибидан қочиб, чақмоқ қамчисига тутилди. Ҳолдан тойиб ухлаб қолганида, кулги овозидан уйғонди. Бояқишнинг аёл макридан қутулиб, уйига қайтиши осон кечмади.

Булар ҳақида бекорга сўзлаётганим йўқ. Бундай ҳодисалар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ҳам содир бўлиши мумкин. Сеҳрли сўзлар, ширали овозу ажабтовур оҳангда лаънатлангандирсиз, эҳтимол. Менга ва бошқа бастакорларга айнан шу мавзулар ўз таъсирини кўрсатган. Булар ҳар хил маъно касб этиши мумкин. Қўшиқнинг юракни ларзага солиши жуда муҳим, бунинг учун ҳар бир тингловчига таниш дард бўлиши керак. Бу дарднинг булоғи эса ҳануз фолькор адабиёт тубида мавжуд ва у ғоят нафис янграйди.

Шекспир даврида яшаган шоир-руҳоний Жон Донн-нинг шундай сўзлари бор: «Сесто ва Абидос — улар икки севишган қалб. Икки юрак эмас, ундаги муҳаббат бебаҳо». Сўзларининг маъносини изоҳлаш учун бутун кун камлик қилади. Уларни майда-чуйдасигача таҳлил қилишни билмайман ҳам. Бироқ бу сўзлар ғоят гўзал жаранглайди. Шубҳам йўқки, сиз ҳам ҳаёт қўшиғингиз нафис янграшини истайсиз…

2017 йил

Инглиз тилидан Зилола Жалолова таржимаси

“Китоб дунёси” газетаси, 2018 йил, 20 январь